1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Дуода сабрли бўлиш кучли ирода эгасига хос

11:00 / 16.02.2019 3805 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Инсон табиатан шошқалоқликдир. Баъзан фитратидаги бу шошқалоқлик юзага чиққанда, хатти-ҳаракатларининг оқибатини ўйламасдан иш тутади. Ҳар нарсани нозик жиҳатларигача билувчи Роббимиз Ўзининг китобида шундай марҳамат қилган:

«Инсон шошқалоқ ўлароқ яратилгандир. Мен, албатта, сизларга Ўз оят-аломатларимни кўрсатурман. Бас, мени шошилтирманглар» (Анбиё, 37-оят).

Инсон табиатидаги шошқалоқлик, асосан дунёвий неъматларни қўлга киритишда янада кўпроқ юзага чиқади. Албатта, ҳар бир одам Аллоҳнинг неъматлари ва жаннатига рағбати кучли. Жаннат неъматларига ўхшаш баъзи неъматларнинг бу дунёда ҳам мавжудлиги, жаннатнинг қандай маскан эканлигини тасаввур қилиш ва унга бўлган рағбатни янада кучайтириб солиҳ амаллар қилишга чақиришдир. Бу неъматларга бўлган кучли истак ҳамда шошқалоқлик туфайли киши уларни тезроқ қўлга киритишни хоҳлайди. Бу шошқалоқлик дуоларда ҳам ўз аксини топади. Дуо қилгандан сўнг уни тезроқ қабул бўлишини истайди. Дуонинг қабули кечикса «Дуо қиляпман, лекин қабул бўлмаяпти», деган нотўғри хаёлларга боришади. Шошқалоқлик, сабрсизлик вақти-вақти билан ноумид бўлишга, ҳатто дуо қилмай қўйишгача олиб келади. Аслида мўмин ўзи учун нима яхши ва нима ёмон эканлигини жуда яхши билувчи Аллоҳ эканини эсда тутиши лозим. Бу ҳақиқатни Аллоҳ шундай билдирган:

«...Шоядки, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ биладир, сиз билмассиз» (Бақара, 216-оят). Шу сабабли банда Аллоҳдан бир нарса истаган вақт унинг оқибатини Аллоҳга ҳавола этиши ва сабр қилиши лозим. Балки дуо қилиб истаган нарсасида унинг учун яхшилик йўқдир. Балки дуо қилган нарсасига эришиш учун маънавий комилликка етишиш, бунинг учун маълум муддат ўтиши зарурдир. Балки Аллоҳ унга сўраганидан ҳам яхшироғини ато этиш учун сабрини синаётгандир. Шу сабабли мўмин у ишни Аллоҳга ҳавола этиши, Ундан хайрли оқибатларни сўраб дуо қилиши зарур. Бу йўлда фақат сабр керак.

Қуръон каримда барча ибодатлар каби дуода ҳам азму қарорли бўлиш мақталган. Чунки дуода сабрли бўлиш мўминни янада комиллаштиради, кучли ирода эгаси қилади. Сабр билан дуо қилиш унда исталган эҳтиёжлар, муаммоларнинг ечими билан бирга энг муҳим нарса Аллоҳга бўлган яқинликни тақозо этади. Дуода сабрли бўлган мўмин дуо қилиб истаган нарсасидан ҳам афзал нарса – кучли маънавий озуқа топади.

Пайғамбарларнинг баъзилари талабларини йиллар давомида дуо орқали Аллоҳдан истаб келишган. Аллоҳ эса уларнинг баъзиларининг истагини тез, баъзилариникини эса йиллар ўтганидан сўнг берган. Ёқуб алайҳиссаломнинг ўғли Юсуф алайҳиссалом билан дийдорлашиши, Юсуф алайҳиссаломнинг йиллар давомида ётган зиндондан чиқиб мулк эгаси бўлиши, Айюб алайҳиссалом етган зарардан раҳмлиларнинг раҳмлиги бўлган Аллоҳга қилган дуолари кўп йиллар ўтгандан сўнггина қабул бўлган. Иброҳим алайҳиссалом зурриётларидан мусулмон уммат чиқишини, Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юборишни сўраб қилган дуосини эса Аллоҳ кўп асрлардан сўнг ижобат қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборган. Бундан кўриниб турибдики, чин дилдан қилинган дуо албатта қабул бўлади, лекин қабул қилувчи Зот қачон хоҳласа, ўшанда қабул қилади.

Албатта, Қуръондан келган бундай мисолларда буюк сабр намунасини кўриш мумкин. Аллоҳ солиҳ бандаларининг дуоларини маълум вақт ўтгандан сўнг қабул қилиш билан уларга хайр истаган. Бу муддат ичида улар янада комиллашган, тарбияланган, садоқат ва ихлослари янада мустаҳкамлашган, жаннатга лойиқ кишилар қаторидан ўрин олганлар. Кўриниб турибдики дуонинг натижасини кўриш учун шошилиш мўминга асло хос эмас. Мўминнинг ягона вазифаси Яратувчисига итоат этиш, ўзи учун аталган тақдирга рози бўлишдир. Ана, мўмин кишининг дуосини Аллоҳ ўз вазифасининг бир қисми сифатида адо этади.

“Қуръони каримга кўра дуо” китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо дедилар .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтдилар ва .Албатта, бу иккови азобланяпти. Катта нарса учун давоми...

1767 09:00 / 18.08.2021
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитдим .Аллоҳ таоло .Намозни Ўзим билан бандам давоми...

2434 09:00 / 30.08.2021
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Ҳузайфа ибн Усайд алҒифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ўнта белгини давоми...

3016 15:30 / 16.06.2020
Раҳмли бўлиш сиқилишни муолажа қиладиМазкур ўрганиш орқали тадқиқотчилар раҳмдил инсонлар бошқаларга нисбатан сиқилиш, тушкунликдан анча узоқда бўлишлари давоми...

1344 17:00 / 05.12.2020