1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Муслималар саҳифаси

Зийнатнинг ҳам ўз меъёри, ўз ҳадди бор!

18:05 / 15.02.2019 4373 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўрта мактабда ўқийдиган бир қиз ўз хотираларини шундай ҳикоя қилади:

«Эндигина мактабга борган кезларим… Бир куни ўқитувчимнинг қовоғи кўкарганини кўриб, ачиниб кетдим. Унга қараб, хаёл сура бошладим:

«Бечора ўқитувчи! Уни ким урди экан? Эри ёки ўғли урдимикан? Балки, устига бирор нарса тушиб кетгандир?...»

Хаёлим қочиб, чуқур ўйга толиб ўтирганимни сезган ўқитувчимиз бирдан мени турғизиб:

«Қани, менга айт-чи, зарра нима экан?» деб қолди.

«Зарра – бу кичик мавжудот», дедим.

«Яна-чи?» деди у.

«Икки оёқлаб юради», дедим.

«Кичкина мавжудот дегин? Яна икки оёғи ҳам бор эканми? Ўтир!» деди жаҳл билан…»

Ўқитувчисининг қовоқларидаги кўк ранг «тень» деб аталадиган бўёқ эканлигини у қиз кейинроқ билиб олди.

Зеб-зийнатга ўчлик, гўзалликни севиш аёл кишининг табиатида бор.

«Зебу зийнат ичида ўстириладиган ва хусумат пайтида очиқ-ойдин бўла олмайдиган кимсаними?!» (Зухруф сураси, 18-оят.)

Меъёрида бўлган гўзаллик ҳар бир аёлга зарурдир, бу нарса ҳеч қачон қораланмаган. Муслима аёл замонавий кийимларни киймасин, дейилмаган. Шу билан бирга, ундан кийиниш борасида ҳам ўртача меъёр талаб қилинади. Ислом шон-шуҳрат учун кийинишни тақиқлайди. Шуҳрат қозониш учун камтарона юриш ёки ўта юпун кийиниш ҳам шу тақиқ остига киради.

Шариат кўрсатмаларига мос равишда, тақво асосида кийиниш билан ўзига ярашадиган кийимларни кийиб, ташқи кўринишга, кийиладиган кийимларга эътиборли бўлиш орасида ҳеч қандай зиддият йўқ.

Ҳисоб-китобларга қараганда битта ўртача майдонга эга бўлган, иқтисодий-моддий жиҳатдан ўзига тўқ шаҳарда яшовчи аёллар томонидан ясаниш ва гўзалликнинг ўзига 1,7 миллиард доллар сарфланар экан. Бу фақат косметик воситалар сотиб олиш учун ишлатилган маблағдир.

Ушбу маблағ ёрдамида бир мусулмон юртни, мисол учун Бангладеш ёки Фаластин халқини бир неча ой очликдан сақлаб қолиш мумкин. Ёки мана шу маблағ ёрдамида Ислом оламида кўплаб муассаса, мактаб, институт ва илмий тадқиқот марказларини барпо этиш, равнақ топтириш мумкин.

Ҳозирги кунда ҳамма жойда зийнатланиш, пардозандоз қилишни тарғиб қилувчи ҳайқириқлар янграмоқда. Уларни телеканаллар ва бошқа воситалар орқали қабул қилаётган ёш қизлар кўпинча жуда ёмон ҳолатларга тушишмоқда, кўр-кўрона тақлид қилишга ўтишмоқда. Мисол учун:

Қулоқларни тештириш. Бир марта эмас, бир нечта жойидан, турли кўринишда тештириш. Шунингдек, лабни ёки қошни, ҳатто киндикни ва ниҳоят, тилни худди калтакесакнинг тилидек айри қилиб тештиришгача боришди.

Бундай бемаъни ишлар осон пул топиш мақсадида ҳеч нарсадан тоймайдиган айрим гўзаллик салонларининг, шунингдек, баъзи поликлиникаларнинг ишчи-ходимлари томонидан яширинча амалга оширилмоқда.

Инсон танасида ортиқча тешиклар пайдо қилиш диний уламолар томонидан ҳам, тиббиёт соҳаси мутахассислари томонидан ҳам бирдек қораланади. Бундай амалиётлар кўп ҳолларда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши кузатилади. Бу ўз ўрнида ОИТС касаллиги тарқалишининг энг қисқа йўли ҳамдир. Шунингдек, бундай амалиётлар юқумли касалликларни тарқатувчи жигар яллиғланиши ва унинг ишдан чиқиши ёки тери касалликларининг келиб чиқишига ҳам сабаб бўлади.

Бу каби ишларни қилиш шахсиятнинг заифлиги, ўзликнинг тамом бўлгани, руҳий бўшлиқнинг ифодасидир.

Вашм. Яъни тананинг бирор жойига игна ёки бошқа восита билан расм ёки сўзни ўйиб, нақш солиш (татуировка), хол қўйиш, қош ёки қовоқни шу йўл билан бўяш. Бу ҳам шариатимиз ҳаром қилган яна бир одатдир. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда шундай дейилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вашм қилувчи ва вашм қилдирувчи аёлни лаънатладилар».

Лаънат ўта оғир гап, Аллоҳнинг раҳматидан маҳрумлик дегани. Аллоҳнинг Расулидан лаънат олиш эса ўзини билган киши учун жуда ҳам даҳшатли ҳолатдир.

Жоҳилият даврида вашм қилиш ниҳоятда авж олган эди. Аёллар сохта чирой иштиёқида ўзларининг соғ баданларини игна билан тештириб, қон чиқариб, жароҳат ўрнига сурма ёки шунга ўхшаш бирорта модда сепиб, ясама хол ёки турли белгилар қилар эдилар. Бу ишни амалга оширадиган уста аёллар бор эди. Ким вашм қилдирмоқчи бўлса, ўшаларга мурожаат этарди.

Сўнгги пайтларда бу одат ўзининг турли кўринишлари билан янада кенгроқ тарқалди. Кишилар таналарининг елка ёки бел қисмига, сонларига, юзларига, қўлларига, хуллас, дуч келган жойига ўчиб кетмайдиган қилиб расм солдириб, кўз-кўз қилиб, бу хунук одатни кенг оммага тарғиб қилмоқдалар.

Европа соғлиқни сақлаш қўмитаси вашмда заҳарли кимёвий моддалар ишлатилгани учун ундан огоҳлантирган.

Ишончли расмий хабарларда вашм ОИТС хасталигининг, шунингдек, жигар яллиғланиши, тери саратони каби бедаво касалликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётгани таъкидланмоқда. Зийнат учун вашм қилдириш ёки танадаги маълум аъзоларнинг бир нечта жойини тештириш сабабли ўлим ҳолатлари ҳам кузатилгани ҳақида хабар берилган.

Қош териш. Ҳа, қалбаки гўзалликлардан яна бири – аёллар ўртасида кенг тарқалган қош териш одатидир. Бу ҳам шариатимиз ҳаром қилган амаллардандир. Бу алдаш, қалбакилик ва ношукрликдир. Аммо бадандаги (мисол учун, оёқ, қўл ва юздаги) бошқа тукларни териш, тозалаш жоиз, ҳатто саҳиҳ қавлга кўра аёл киши учун бу мубоҳ ишдир.

Тафлиж. Яъни тишларнинг орасини очиш ёки уларни қириш. Бу асосан катта ёшдаги аёллар томонидан ёш кўриниш учун қилинадиган ишлардан бўлиб, бу ҳам ҳаромдир. Бу одат бизнинг юртимизда кенг тарқалмаганини айтиб ўтишимиз лозим.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Аллоҳ ҳусн учун вашм қилувчи аёлларни, вашм қилдирувчи аёлларни, мўйчинак ила терувчи аёлларни, мўйчинак ила тердирувчи аёлларни ва тиш орасини очувчиларни – Аллоҳнинг яратганини ўзгартирувчиларни лаънатласин», деди. Бу гап Бану Асадлик Қуръон қироат қиладиган Умму Яъқуб исмли аёлга етди. У келиб, бу ҳақда сўради. Шунда у: «Нима учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаган кимсани лаънатламас эканман?! Ҳолбуки, бу Аллоҳнинг Китобида бор», деди. «Батаҳқиқ, Мусҳафнинг икки муқоваси ичидаги нарсани ўқидим. Лекин буни топмадим», деди аёл. «Агар яхшироқ ўқиганингда уни топар эдинг. Аллоҳ таоло: «Расул сизга нимани берса, олингиз ва У сизни нимадан қайтарса, қайтингиз» (Ҳашр сураси, 7­оят), деган», деди у.

Лекин тишни даволашга эҳтиёж бўлса, масалан, тиш қийшиқ бўлса ёки узун, ёки бўртиб чиқиб қолган бўлса, у ҳолда бундай муолажага рухсат бор.

Сочни кесиш. Аёл-қизлар ўртасида кенг тарқалган хунук одатлардан яна бири сочни кесиш ёки бутунлай қириб ташлашдир.

Сочни қириш, рожиҳ сўзга кўра, бунга эҳтиёж бўлмаганлиги учун аёллар учун жоиз эмас. Аммо сочни кесиб, қисқартириш ихтилофли масала. Рожиҳ сўзга кўра, аёллар сочларини кесишлари ва уни зийнатлашлари жоиздир. Шарт шуки, эркакларнинг сочига ўхшаб қолмаслиги, яъни ўта калта бўлмаслиги ва ажнабийларга тақлид учун бўлмаслиги керак. Шу билан бирга, аёл кишининг сочи аврат эканлигини ҳеч қачон эсдан чиқармаслик лозим.

«Саҳиҳи Муслим»да келишича, мўминларнинг оналари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан кейин зийнатни тарк этиш мақсадида сочларини қисқартиришган. Лекин бу масалада ҳам мода ортидан қувиб, бошқаларга тақлид қилиб кетишдан йироқ бўлиш керак.

Сочни бўяшга келсак, бу ҳам зийнатга тааллуқли масалалардан бўлиб, аслида у жоиздир. Фақат бунда баъзи шартлар бор. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳиҳ ҳадисда: «Манави оқ сочларни бир нарса билан ўзгартиринглар», яна бошқа бир ривоятда: «Уни ўзгартиринглар. Қора рангдан четланинглар», деганлар («Саҳиҳи Муслим»). Шу боис, баъзи фуқаҳолар қора рангга бўяшни ман қилганлар. Бу бир қавлдир. Бошқа бир қавлга кўра, қорага бўяш макруҳдир. Бундан қорага бўяш ҳаромлигини эмас, балки одоб-ахлоққа зид эканлигини тушуниш мумкин. Ихтиёр қилинган қавл шудир.

«Қизларжон...» китобидан

Муаллиф
Одинахон Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақолаУмму Салама онамизнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга турмушга чиқиб, у зотнинг азвожи мутоҳҳараларидан бири бўлишларининг ўзи катта шараф давоми...

1808 16:10 / 22.08.2019
Гўзал ва чиройли Ҳожар муборак Миср ерида бундан 4000 йил аввал дунёга келган эдилар. Фақир бир оилада униб ўсдилар. Гўзалликлари, зукко ва одобли эканликлари давоми...

2778 15:00 / 02.12.2020
Ҳафса онамиз розияллоҳу анҳо Қуръони каримни тўлиқ ёд олганлар ва унинг тафсирини ҳам яхши билар эдилар. У кишининг бу даражага етишларига биринчи устозлари давоми...

2668 12:00 / 30.03.2019
Воҳада таваллуд топиб улғайдим. Эсимда, онам биз фарзандларига мени, акамукамни, отамонамни, ҳаттоки бобобувим, еру осмон, юлдузу ойларни, ҳамда оёғим остида дон давоми...

1554 11:09 / 18.12.2023
Аудиолар

135084 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55361 14:35 / 11.08.2021