Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (20-дарс). Аҳкоми вақф китоблари (давоми)

16:10 / 13.02.2019 5354 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Қозилик китоблари» деганимизда одамлар орасида ҳукм чиқаришнинг фиқҳий ечимларини ўз ичига олган китобларни тушунамиз. Бу йўналишдаги китоблар ҳам фиқҳий мазҳаблар асосида бўлган. Улардан баъзилари билан қисқача танишиб чиқамиз.

1. «Муъийнул ҳукком фий маа ятараддаду байнал хасмайни минал аҳком».

Бу китоб ҳанафий мазҳабига оид бўлиб, унинг муаллифи Алоуддин Абулҳасан Али ибн Халил Тораблусийдир.

«Муъийнул ҳукком фий маа ятараддаду байнал хасмайни минал аҳком»ни мусанниф ҳанафий мазҳабидаги турли китоблардан қон тўкишнинг олдини олиш, ҳаром қилинган жинсий алоқалардан сақланиш, мубоҳларини таниш, молиявий ва бошқа муомалаларни билдириш мақсадида жамлаган. Бу китоб уч қисмдан иборат:

1. Ҳукм чиқаришга оид илмнинг муқаддималари.

2. Ҳукм чиқариш учун лозим бўладиган далил ва ҳужжатлар ҳамда уларнинг ўрнига ишлатиладиган нарсалар ҳақида.

3. Шаръий сиёсат ҳукмлари ҳақида.

Алоуддин Абулҳасан Али ибн Халил Тораблусий ўзининг китобида масалаларни савол-жавоб тариқасида келтирган. У ҳар бир масалани алоҳида зикр қилиб туриб, кейин унга жавоб беради. Мазкур масала бўйича ўз мазҳаби имомларининг гапларини келтириб, ўша гаплар ичида қай бири кучли эканини баён қилади. Гоҳида бошқа мазҳабларнинг фикрларини ҳам келтиради.

2. «Дурарул ҳукком шарҳу мажаллатил аҳком».

Бу китоб ҳам ҳанафий мазҳабига оид бўлиб, унинг мусаннифи Али Ҳайдар раҳматуллоҳи алайҳидир.

Усмонийлар давлати ҳанафий мазҳаби асосида фуқаролик қонунини яратиш мақсадида ўша вақтнинг пешқадам уламоларидан бир илмий гуруҳ ташкил қилди. Бундан маҳкамалар орасидаги ихтилофларга барҳам бериш ҳам кўзда тутилган эди. Мазкур уламолар гуруҳига адлия вазири Аҳмад Жавдат поша раислик қилди. Кейин «Мажаллатул аҳком адлийя» ижод қилинди. Ушбу мажалла Усмонийлар давлатининг энг улуғ иши ҳисобланади.

Ўша вақтдаги фақиҳ, қози ва олимларнинг фахри бўлган ҳуқуқ куллиясининг «Мажалла» бўйича мударриси Али Ҳайдар афанди уни ажойиб услубда шарҳ қилди.

Али Ҳайдар афанди ўз шарҳининг аввалида ҳанафий мазҳабидаги умумий қоидаларни келтирган. Китобнинг тартиби одатдаги фиқҳий тартибга мос эмас. У аввал савдо китобини, кейин ижарани келтириб, сўнг шу тариқа давом эттирган. У моддаларни тартиб рақами бўйича келтиради. Ўз мазҳабидаги кучли фикрни баён қилади. Бошқа мазҳабларнинг фикрини ва далилларини келтирмайди.

3. «Эъламул муваққиъийн ар-Роббил аламийн».

Бу китобнинг мусаннифи ҳанбалий мазҳабидаги Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Айюб ибн Қайюм Жавзийядир.

«Эъламул муваққиъийн ар-Роббил аламийн» фиқҳ, усулул фиқҳ, шариат мақсадлари, шариат ҳукмлари тарихи ва шаръий сиёсатга оид маълумотларни ўзида жамлаган китобдир. Муаллиф Набий алайҳиссаломга эргашишга тарғиб қилгандан кейин, шариат аҳкомлари манбалари ҳақидаги маълумотларни келтиради. Сўнг ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг Абу Мусо Ашъарий раҳматуллоҳи алайҳига қозилик ҳақида ёзган мактубини шарҳ қилади.

«Эъламул муваққиъийн ар-Роббил аламийн» муаллифи рибо, ҳийла, қиёс, таъвил, муфтийлик шартлари ва фатво одоблари каби бир қанча масалаларни фиқҳ ва усулул фиқҳ юзасидан таҳлил қилади. Китобнинг охирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг фатволари фиқҳий боблар тартибида келтирилиб, кенг, чуқур ва батафсил баён қилинади.

4. «Табсиратул ҳуккам фий усулил ақзийяти ва маноҳижил аҳком».

Бу китобнинг муаллифи моликий мазҳабидаги уламолардан Бурҳонуддин Иброҳим ибн Али ибн Фарҳун Яъмурийдир.

«Табсиратул ҳуккам фий усулил ақзийяти ва маноҳижил аҳком»да қозилик ва ишни қозига ошириш одоблари ва ушбу мавзуга тегишли бошқа масалалар ҳақида сўз юритилади.

Бурҳонуддин Иброҳим ибн Али ибн Фарҳун Яъмурий ўзининг бу китобини уч қисмга бўлган:

1. Қозилик низоми, унинг фазли ва арконлари ҳамда қозиларни тайинлаш ва унинг шартлари.

2. Ҳукм чиқаришда керак бўладиган далилу ҳужжатлар ва уларнинг ўрнига ўтадиган нарсалар. Бу қисм етмиш бобдан иборат.

3. Шаръий сиёсат аҳкомлари. Улар қандай қилиб шариатга кирган, ҳолатлари қандай бўлади, туҳматга оид нарсалар, кафиллик, уқубатлар ва бошқалар.

Бурҳонуддин Иброҳим ибн Али ибн Фарҳун Яъмурийнинг «Табсиратул ҳуккам фий усулил ақзийяти ва маноҳижил аҳком» номли китоби ўзининг тартиби, мавзуси, тили ва бошқа жиҳатлари ила Ислом фиқҳида ёзилган энг яхши китоблардан бири ҳисобланади.

Қози Мужоҳидул Ислом Қосимий «Синвонул қазо ва унвонул фатво» китоби нашрига ёзган муқаддимасида қозилик ва адабул қози мавзусида ёзилган китобларнинг рўйхатини келтиради. Мазкур рўйхатда ҳанафий мазҳаби уламоларининг йигирма иккита китоби, шофеъий мазҳаби уламоларининг йигирма тўрт китоби, моликий мазҳаби уламоларининг ўн иккита китоби ва ҳанбалий мазҳаби ҳамда бошқа мазҳаб уламоларининг бир қанча китоблари зикр қилинган.

Қози Мужоҳидул Ислом Қосимий ҳанафий мазҳаби уламоларидан имом Абу Бакр Аҳмад ибн Амр Хассофнинг «Адабул қози» китобига ёзилган шарҳлардан ўнтасининг рўйхатини ҳам келтиради. Шунинг ўзи бу мавзу бўйича ёзилган китоблар қанчалар кўплигига далилдир.

Энди Мовароуннаҳр диёрида яшаб ўтган уламоларнинг ушбу мавзу бўйича китоб ёзганларидан баъзиларини зикр қилиб ўтишга изожат бергайсиз.

1. Имом Шамсул Аимма Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсий.

2. Шайхулислом Али ибн Ҳусайн Сўғдий.

3. Имом Умар ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза Абу Муҳаммад Ҳисомуддин Содруш-Шаҳид.

4. Имом Абу Бакр Муҳаммад Хоҳарзода.

5. Фахруддин Ҳасан ибн Мансур Ўзгандий Қозихон.

6. Имом Муҳаммад ибн Аҳмад Қосимий Хўжандий.

7. Абу Ҳомид Аҳмад ибн Бишр Марвазий.

8. Умар ибн Шамсул Аимма Бакр ибн Муҳаммад ибн Али Заринжарий Имодуддин Абу Бакр Бухорий.

9. Абул Фатҳ Абдурроҳийм ибн Абу Бакр ибн Абдулжалил Марғиноний. Бу зотнинг китоби «Фусулул аҳкам ли усулил аҳкам» деб номланган.

10. Имом Абдулазиз ибн Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ Ҳалвоний Бухорий.

11. Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Қаффол Шоший (шофеъий мазҳабида).

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Араб тилида .қоида, сўзи асл ва асос маъноларини билдиради. Араблар уйнинг пойдеворини ҳам .қоида, дейишади. Фиқҳ уламолари истилоҳида .қоида, жузъий нарсаларнинг давоми...

5441 12:10 / 13.03.2019
. ,. . Рофеъ ибн Хадийж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бомдодни тонг оқарганда ўқинглар,, дедилар,. Имом Насоий давоми...

3477 17:30 / 03.06.2021
. Беш фарз ва витр орасида уларнинг ҳаммаси ёки баъзиси ўтиб кетганда тартибга риоя қилиш фарздир. Илло, вақт тор бўлиб қолса ёки унутса, ёхуд олтитадан давоми...

2324 19:00 / 25.05.2023
давомиМадинаи мунаввара мадрасасиМадинаи Мунаввара Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратгоҳлари бўлди, бу пок шаҳарда Қуръони каримнинг фиқҳий давоми...

5680 09:06 / 19.11.2018