1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тасвирда ҳикматлар

Овқатланиш одоблари

15:31 / 11.02.2019 8674 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломда инсоннинг фақат руҳига эмас, балки жисмига ҳам ўзига яраша алоҳида аҳамият берилган. Инсон жисмига берилган бу аҳамиятни Ислом унга ўз ҳаётини сақлаш ва ўзидан ҳалокатни даф қилиш учун зарур бўлган таом ва шаробни истеъмол қилишни вожибга айлантирганида кўрамиз. Зарур бўлган миқдордаги таом ва шаробни исроф даражасига етказмай тановул қилиш мубоҳ саналади. Исрофгарчилик билан истеъмол қилинган таом ва шароб жисм учун зарарли ва хатарли бўлгани учун таомнинг керагидан ортиқчаси ҳаромдир.

Барча нарсалардаги каби еб-ичишда ҳам Ислом мўътадилликни тавсия этади. Албатта, гап фақат Аллоҳ таоло ҳалол қилган таом ва шароблар ҳақида бормоқда.

Инсон тановул қиладиган таомлар ўз аслига қараб иккига: наботот ва ҳайвонот таомларига бўлинади.

Набототдан бўлган таомлар нажас, зарарли ва маст қилувчи бўлмаса, барчаси ҳалолдир. Набототлардан турли мева ва дон маҳсулотларига ўхшаш зарар етказмайдиган нарсалар ҳалол қилинган.

Нажас таом ёки нажас аралашган таом ҳаром бўлади. «Нажас» деганда ифлос нарса тушунилади. Мисол учун, чўчқа гўшти ва ёғи, ўлимтик каби нарсалар нажасдир. Сичқон тушиб қолган суюқ ёғ ҳам нажас аралашгани учун, ҳаромга айланади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бу ҳолатда ёғни тўкиб ташлашга амр қилганлар. Агар сичқон тушиши билан ёғ ҳаром бўлмаса, уни тўкиб ташлашга амр қилмас эдилар.

Маст қилувчи нарсаларнинг ҳаромлиги ҳаммага маълум, буни такрорлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ. Шунингдек, заҳар, мишиқ, маний, тупроқ, тош каби еса, инсонга зарар етказадиган нарсалар ҳам шариатимизда ҳаром қилинган.

Ҳайвонлар уч қисмга тақсимланади: сув ҳайвонлари, қуруқлик ҳайвонлари ва сув ҳамда қуруқликда яшовчи ҳайвонлар. Сув ҳайвонларининг барчаси жумҳур уламо наздида ҳалолдир. Ҳанафийлар эса сув ҳайвонларидан фақат балиқ ҳалол, дейишган.

Қуруқлик ҳайвонларига келганда улардан ўзи ўлиб қолгани, оққан қон, чўчқа гўшти ва Аллоҳнинг номи айтиб сўйилмаганини еб бўлмайди, буларнинг барчаси ҳаромдир.

Бўғилиб ўлган, сузилиб ўлган, уриб ўлдирилган, юқоридан йиқилиб ўлган, йиртқич ҳайвон ёриб кетган ҳайвонларни жони бор вақтида сўйиб олса, ҳалол бўлади, агар сўйишга улгурилмаса, ҳаромдир.

Қуш ва ҳайвонлардан бўри, шер, йўлбарс, бургут, лочин, қирғий каби йиртқичлар ҳаромдир. Уй ҳайвонларидан ит, эшак ва хачирлар ҳам ҳаром саналади.

Ер юзида юрадиган чаён, илон, сичқон, чумоли, суварак, ўргимчак, ари каби ҳашаротларни ейиш ҳаромдир.

Ҳалол ва ҳаром ҳайвоннинг қўшилишидан туғилган ҳайвонлар ҳам ҳаром ҳисобланади. Мисол учун, от ва эшакнинг қўшилишидан туғилган хачир ҳаромдир. Шофеъий, ҳанбалий ва ҳанафийлардан икки имомнинг наздида от ҳалолдир.

Ҳанафийлар наздида зобб, чиябўри, тулки каби ҳайвонлар ҳам ҳаромдир.

Жумҳур уламо чорва ҳайвонларидан туя, сигир, қўй, эчкилар ҳалоллигини айтишган. Шунингдек, қўтос, жирафа, зебралар ҳам ҳалолдир.

Йиртқич бўлмаган кабутар, мусича, чумчуқ, бедана, ўрдак, ғоз, товуқ, туяқуш, булбул каби қушлар ҳалол саналади, шунингдек, йиртқич бўлмаган кийик, тоғ эчкиси, буғу, қуён каби ёввойи ҳайвонлар ҳам ҳалол.

Меваларга, донларга, таомга ва сиркага тушган қуртлар ҳам ҳалолдир. Қурт тушган егуликларни емасдан ташлаб юборилмайди.

Ҳам қуруқликда, ҳам сувда яшайдиган тимсоҳ ва бақага ўхшаш ҳайвонлар ҳаром. Бир сўз билан Қуръон ва Суннатда ҳаромлиги баён қилинган ҳайвонларнинг барчаси ҳаром, ҳалоллиги баён қилинганларининг барчаси ҳалол ҳисобланади.

Қуръон ва Суннатда ҳалол ёки ҳаромлиги ҳақида бирор нарса дейилмаган ҳайвонлар ҳақида ўтмишдаги уламолар: «Ақли расо кишилар пок деб юрганлари ҳалол, нопок деб юрганлари ҳаром», дейишган.

Аммо замондош уламолар: «Қуръон ва Суннатда ҳалол ёки ҳаромлиги ҳақида бирор нарса дейилмаган ҳайвонлар ҳалол-ҳаромлиги баён қилинган ҳайвонларга солиштириб кўрилади, агар ҳалол ҳайвонларда бор сифатлари бўлса, ҳалол, ҳаром ҳайвонларда бўладиган сифатлари бўлса, ҳаром», дейишган.

Энг муҳими, мусулмонлар ўзларининг ҳар бир луқма таомлари, ҳар бир томчи шароблари ҳалол меҳнат ила топилиши фарз эканини тушуниб етишлари зарур. Яъни озиқ-овқатнинг жисми ҳалол бўлиши билан бирга, улар ишлаб топилган касб ҳам ҳалол бўлиши шарт. Қароқчилик, ўғрилик, порахўрлик, зўравонлик, алдамчилик каби шариат ҳаром қилган йўллар билан топилган пулга сотиб олинган озиқ-овқатларнинг барчаси айни ҳаромдир.

Бундан келиб чиқадики, ҳаром икки хил – моддий ва маънавий бўлади. Мусулмон инсон ҳар икки ҳаромдан, ҳам моддий ҳаромдан, ҳам маънавий ҳаромдан ўзини сақлаши фарздир.

«Ҳаром» сўзи луғатда ман қилишни англатади. Шариатда эса, ҳеч қандай шубҳасиз, очиқ-ойдин равишда ман қилинган нарса ҳаромдир. Буни билиб олиш учун алоҳида тайёргарлик кўришнинг кераги йўқ. Ароқ ҳамда бошқа маст қилувчи ва нажосат тушган сув каби ичимликлар, чўчқа гўшти, Ал-лоҳнинг исми айтилмай сўйилган ҳайвонлар гўшти кабилар ҳаромдир.

Шу билан бирга, ўзи ҳалол бўлган нарсаларга шариатда ман қилинган йўл билан эга бўлса, улар ҳам ҳаромга айланиб қолади. Мисол учун, зулм, ўғрилик, рибохўрлик, алдамчилик, порахўрлик йўли билан топилган ҳар бир нарса, ўзи қанчалик пок бўлса ҳам, топувчига ҳаромдир. Шунинг учун ҳам уламоларимиз мутлақ ҳаромни ўзида ҳаромлик сифати бор ёки ман қилинган йўл билан топилган нарсадир, деб таъриф қилишади.

Илмий равишда собит бўлишига қараганда, Ислом шариатида ҳаром қилинган нарсаларни таом сифатида тановул қилган одам хасталикка чалинади. Чунки Ислом зарарли нарсаларни ҳаром қилган. Ҳаром нарса истеъмол қилингандан сўнг танада қонга айланади. Юрак эса қон ҳайдайдиган аъзодир. Зарарли нарсалардан пайдо бўлган зарарли қон юракнинг хасталанишига сабаб бўлиши эса илмий ҳақиқатдир. Юрак хаста бўлганидан кейин эса, ҳадиси шарифда айтилганидек, жисмнинг ҳаммаси бузилади, хасталанади.

Худди шу ҳолатни ботиний қалбга нисбатан ҳам қўллаш мумкин. Ўғрилик, порахўрлик, рибохўрлик, алдамчилик, босқинчилик каби ҳаром йўллар билан ўзига мол-мулк топган одамлар гуноҳкор бўлишади. Мазкур гуноҳларнинг зарари эса уларнинг ботиний қалбларини хаста қилади. Ҳаром­хўрлик давом этаверса, маънавий хасталик бора-бора маънавий ҳалокатга айланади.

Шунинг учун ҳам қалб жисмга нисбатан подшоҳ кабидир, дейилади. Подшоҳдан яхши фармон чиқса, фуқароларга яхши бўлганидек, юракдан яхши ниятлар чиқса, жисмнинг бошқа аъзоларига яхши бўлади.

Ҳар доим бўлганидек, ҳозирда ҳам ушбу буюк ҳақиқатни яхшилаб тушунишга, унга яхши амал қилишга жуда муҳтожмиз. Ҳалол нима эканини билиб олиб, доимо ҳалолга етишиш учун ҳаракат қилишимиз керак. Ҳаром нима эканини яхшилаб билиб олиб, доимо ундан ҳазар қилишимиз лозим.

Исломий таълимотларда айтилишича, мўмин-мусулмон инсон яшаш учун ейди, ейиш учун яшамайди. Ким овқатланиш масаласида мўътадил бўлса, одоб-ахлоқли бўлса, таомни яшаш эҳтиёжларидан бири деб билса, мусулмонларнинг бу борадаги сифатини ўзида мужассамлаштирган бўлади.

«Ижтимоий одоблар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Цивилизациялар энциклопедиясиrdquo муаллифи Вилл Дюрант айтади .Агар биз нуфузли шахсиятларнинг буюклигини унинг одамларга бўлган таъсирига қараб баҳолайдиган давоми...

6523 08:00 / 19.10.2022
Ҳақиқатан, ҳар бир отаона фарзандига тарбияодоб берар экан, энг аввало, саломлашишни ўргатади. Жаҳонда одобнинг бу жиҳатига эътибор бермайдиган бирор миллат ёки давоми...

76917 14:11 / 05.02.2019
.Қўшни, деганда уйимаскани, боғи ёки дўкони яқин кишилар кўзда тутилади. Яъни, ҳовли қўшни, боғ қўшни ва дўкон қўшни ҳамда бошқа ҳолатлар бўлиши мумкин. Исломда давоми...

3778 15:22 / 15 март
Йўл кўпчиликка хизмат қиладиган тармоқлардан биридир. Ундан барча баробар фойдаланади. Йўлда инсон ҳам, ҳайвон ҳам, турли нақлиёт воситалари ҳам юради. Шунинг давоми...

4254 14:00 / 25.02.2019