1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Гуноҳи кабиралар

Ҳаром ейиш ва ҳаромдан топиш

14:00 / 07.02.2019 4475 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло айтади:

«Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ – ҳаром йўллар билан емангиз!..» (Бақара сураси, 188-оят).

Яъни, бир-бирингизнинг молингизни – ҳаққингизни емангиз.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: «Яъни, ноҳақ, ёлғон қасам билан киши биродарининг молини ўзиники қилиб олишдан қайтарди».

Бировнинг ҳақини ейиш икки хил бўлади: зулм орқали – тортиб олиш, хиёнат, ўғрилик, ҳазил ва ўйин орқали – қимор ва бошқа бекорчи эрмаклар каби.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Айрим кишилар Аллоҳнинг молига ноҳақ шўнғийдилар. Қиёмат кунида уларга дўзах бўлур» (Бухорий ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам яна айтганлар: «Бир киши узоқ сафар қилади, сочи тўзғиб, уст-боши чанг бўлади. Қўлларини осмонга чўзиб: «Эй Раббим, эй Раббим», дейди. Ҳолбуки, егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром ва ҳаромдан озиқланган. Бас, унинг дуоси қандай ижобат бўлсин» (Муслим ривояти).

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Албатта, Аллоҳ ўртангизда ризқларингизни тақсимлаганидек, хулқларингизни ҳам тақсимлагандир. Албатта, Аллоҳ дунёни яхши кўрган ва яхши кўрмаган бандаларига бераверади, динни эса фақат яхши кўрган бандасига беради. Аллоҳ кимга динни ато этган бўлса, ҳақиқатда уни яхши кўрибди. Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, дили ва тили мусулмон бўлмагунча ҳеч бир банда мусулмон бўлмайди, то қўшниси «бавоиқ»идан омонда бўлмагунича иймонли бўлмайди». «Бавоиқ» нима?» дея сўрашган эди, «Алдов ва зулм», дедилар-да, давом этдилар: «Қайси бир банда ҳаромдан мол топиб уни садақа қилса, қабул қилинмайди, инфоқ-эҳсон қилса, баракаси бўлмайди, ўзидан кейин қолдирса, дўзах учун ҳозирлаган озуқаси бўлади. Аниқки, Аллоҳ ёмонликни ёмонлик билан ўчирмайди, билъакс, ёмонликни яхшилик ила ўчиради. Шубҳасиз, нопок нопокни ўчирмайди» (Имом Аҳмад ва бошқалар ривояти).

Каъб ибн Ужра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Эй Каъб ибн Ужра, ноҳақ – ҳаромдан ўсган гўшт (жасад) жаннатга кирмайди» (Ибн Ҳиббон ривояти).

Оиша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг хирож тўлайдиган ғуломи – қули бор эди. Абу Бакр унинг хирожидан тановул қилар эдилар. Бир куни у зот қули томонидан олиб келинган таомни тановул қила бошладилар. Ғулом Абу Бакрдан сўради: «Бу нималигини биласизми?» «Йўқ, у нима?» «Жоҳилиятда бир кишига фол очган эдим. Фолбинлик яхши бўлмаган, мен уни алдаган эдим. Ҳалиги киши йўлиқиб, ўша ишим учун менга мана шу сиз еган нарсани берди», деган эди, Абу Бакр қўлларини оғизларига тиқиб, қоринларидаги бор нарсани қайт қилиб ташладилар» (Бухорий ривояти).

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ҳаромдан озиқланган ҳеч бир жасад жаннатга кирмайди» (Абу Яъло, Баззор ва бошқалар ривояти).

Ривоят қилинадики, дунё ҳаловатли, ям-яшил маскандир. Кимки унда ҳалол мол топса ва ўрнига сарфласа, бу иши учун Аллоҳ уни мукофотлайди, жаннатига киритади. Кимки дунёда ҳаромдан мол топса ва ноўрин жойга сарфласа, Аллоҳ уни дўзахга туширади. Аллоҳ ва Расулининг молига тажовуз қилганлар қиёмат кунида дўзахга маҳкум бўлади.

Яна бир ривоятда келадики: «Кимда-ким қаердан мол топаётганига эътибор бермаса, Аллоҳ ҳам уни дўзахнинг қайси эшигидан киришига эътибор бермайди». Шунингдек, кимки ўн дирҳамга кийим сотиб олса ва пулнинг бир дирҳами ҳаромдан топилган бўлса, модомики, ўша кийим эгнида экан, Аллоҳ унинг намозини қабул қилмаслиги ривоят қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: «Сизлардан ҳар бир киши оғзига тупроқ солиши ҳаром луқма солишидан кўра хайрлироқдир».

Юсуф ибн Асбот розияллоҳу анҳу айтганлар: «Агар биронта йигит ибодатга берилса, шайтон ўз ёрдамчиларига: «Қаранглар-чи, таоми қандай экан?» дейди. Агар таоми ёмон (ҳаром) бўлса, шайтон: «Уни ўз ҳолига қўйинглар, қийналиб ҳаракат қилаверсин. Сизларга нафси кифоя қилади. Ҳаром еб туриб қилаётган хатти-ҳаракати унга фойда бермайди», дейди».

Ривоят қилинадики: «Ҳар кеча-кундуз Байтул Мақдисда бир фаришта: «Ким ҳаром нарса еса, Аллоҳ ундан нафл ибодатларни ҳам, фарз ибодатларни ҳам қабул қилмайди», деб нидо қилади».

Абдуллоҳ ибн Муборак айтганлар: «Шубҳали бир дирҳамни тарк этишим юз минг дирҳам садақа қилишимдан кўра афзалроқдир».

Ваҳб ибн Вард айтадилар: «Гарчи устундек қоим бўлсанг ҳам, то қорнингга ҳалолми ёки ҳаромми – нима кираётганига қарамас экансан, фойдаси йўқ».

Ибн Аббоснинг бу хусусидаги сўзларига қулоқ тутинг: «Аллоҳ таолога тавба қилмагунича, қорнида ҳаром луқмаси бўлган кишининг намозини Аллоҳ қабул қилмайди».

Суфёни Саврий розияллоҳу анҳу айтганларки: «Кимда-ким тоат учун ҳаром нарсани инфоқ-эҳсон қилса, худди кийимни бавл ила ювгандек бўлади. Кийимни фақатгина сув поклайди. Гуноҳ эса фақатгина ҳалол сабаб ювилади».

Умар розияллоҳу анҳу дейдилар: «Биз ҳаром иш қилишдан қўрқиб, ўнта ҳалолдан тўққизтасини тарк қилардик».

Ривоят қилинишича, ким ҳаром мол-дунё билан ҳаж қилса ва «лаббайка» деса, бир фаришта: «Сенга «лаббайка» бўлмасин, ҳажинг мардуддир (яъни мақбул эмас)», дейди.

Солиҳлардан бири вафот этгандан сўнг, бир киши уни тушида кўриб: «Аллоҳ сизга қандай муомала қилди?» деб сўраган экан, у киши: «Яхши. Бироқ, мен бировдан қарзга игна олиб, қайтармаган эдим. Шу игна туфайли жаннатга киролмай турибман», деб жавоб берибди.

Уламолар фатволарида қуйидаги сўзлар бор: «Хоин, алдоқчи, ўғри, баттол, фоиз олувчи (судхўр) ва берувчи, етим молини еювчи, ёлғон гувоҳлик берувчи, қарзга бирон нарса олиб, ундан тонувчи, порахўр, ўлчов ва тарозидан уриб қолувчи, молининг айбини яшириб сотувчи, қиморбоз, сеҳргар, мунажжим, фоҳиша, дод солиб йиғловчи, сотувчидан сўрамай ҳақини олиб қолувчи даллол ва ҳур-озод одамни сотиб пулини еювчи кимсалар ҳам бошқаларнинг ҳақини ноҳақ еювчилар сирасига киради».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Қиёмат кунида айрим кишиларни олиб келишади. Уларнинг Туҳома тоғича келадиган яхшиликлари бўлади. Улар келтирилгач, Аллоҳ уларнинг яхшиликларини тўзғиган ғуборга айлантириб қўяди-да, ўзлари дўзахга улоқтирилади». «Ё Расулуллоҳ, бундай бўлишининг боиси недур?» дея сўрашган эди: «Улар намоз ўқир, рўза тутар ва ҳаж қилар эдилар. Бироқ, улар бирон-бир ҳаром нарсага дуч келсалар, уни олишар эди. Шу боис, Аллоҳ уларнинг амалларини беҳуда қилади», деб жавоб бердилар» (Табароний ривояти).

Аллоҳ таолодан афв, офият ва Ўзи суйган, рози бўлган ишларга муваффақ қилишини тилаймиз. Албатта, У саховатли, марҳаматли, меҳрибон ва раҳмли зотдир.

«Гуноҳи кабиралар» китобидан

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Риё mdash иш ва ҳаракатларни кўрсатмоқ, бир яхшиликни ёки амални Аллоҳнинг розилиги учун эмас балки, инсонларнинг мақтови учун қилишдир. Бу ҳаракатларни амалга давоми...

6367 19:00 / 01.08.2021
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Зино қилувчи зино қилаётган вақтида мўмин бўлмайди, деб огоҳ қилганлар. Саҳиҳи Бухорий. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ давоми...

924 14:07 / 18 декабрь
Аллоҳ таоло марҳамат қилади .Болдир очиладиган яъни, оғир ҳисобкитобга чоғланиладиган ва улар кофирлар кўзлари қуйига эгилган, хорлик уларни давоми...

4726 15:15 / 24.12.2018
Зино ниҳоятда оғир гуноҳдир. Барча самовий шариатлар бу гуноҳнинг ёмонлиги ва оғирлигига иттифоқ қилган. Яҳудий, Насроний ва Ислом шариатининг таълимоти бу давоми...

1731 09:03 / 21 ноябрь