Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
IV
Аллоҳ таолонинг изни ила Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳижрат қилганларида Савда бинти Замъа онамиз ҳам у зотнинг ортларидан қизларни олиб, ҳижрат қилдилар. У киши бу ерда ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хонадонларини бошқариб турдилар.
Бадр жанги мусулмонларнинг буюк ғалабаси ила тугади. Бадрда асирга тушган мушриклар ичида Савда бинти Замъа онамизнинг қариндоши Суҳайл ибн Амр Омирий ҳам бор эди.
Уни Молик ибн Дахшам асирга олган эди. Музаффар Ислом лашкари Мадинаи Мунавварага қайта бошлади. Улар Мадинага яқинлашиб қолганларида Суҳайл ибн Амр Молик ибн Дахшамга:
«Қўйиб тур, қазои ҳожат қилиб олай», деди.
Молик уни қўйвориб, қараб турган эди.
«Уяламан, нарироқ бориб тур», деди.
Молик нари кетди. Суҳайл четга ўтиб, қўлини бўшатди ва жуфтакни ростлади. Унинг қочганини билган Молик ибн Дахшам одамлардан ёрдам сўраб, бақирди. Ҳамма Суҳайлни излашга тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уни ахтара бошладилар ва:
«Ким уни топса, қатл қилсин», дедилар.
Ҳамма уловларига миниб олиб, уни қидиришда давом этди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг изига тушиб қолдилар. Ортидан бориб, дарахтлар орасида яшириниб турганини кўрдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг олдига борганларида у қимир этмай турар эди. У ўзини бутунлай йўқотиб қўйган эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Суҳайлни тутдилар ва қайтариб олиб келдилар. У зотнинг амрлари ила одамлар унинг қўлларини бўйнига боғлаб, ўзини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уловларига тиркаб қўйишди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг олдида ўзларининг машҳур туялари Қасвони миниб борар эдилар. Қўллари бўйнига боғланган Суҳайл ибн Амр у туянинг ортидан юриб келарди. Уни асирга олган Молик ибн Дахшам эса бўлган ҳодисани байтга солиб, айтиб келар эди. Шу ҳолда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар ўзларига нусрат берган Аллоҳ таолога ҳамдлар айтиб, шаҳарга кириб келишди.
Ўша пайтда Савда бинти Замъа онамиз бир тўп аёл билан ўғиллари Авф ва Муъаввизга аза очган Афра розияллоҳу анҳога таъзия билдиргани кетган эдилар. Ўша ерга мусулмонларнинг асирларни олиб келганлари ҳақида хабар етди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келганларида кутиб қолмасликлари учун Савда бинти Замъа онамиз ўз уйлари томон шошилдилар. У киши кириб борсалар, ҳужрада қўллари бошига боғланган Суҳайл ибн Амр турибди. Савда бинти Замъа онамиз уни бу ҳолда кўриб, ўзлари сезмаган ҳолда:
«Ҳа, Абу Язийд, ўзингиз таслим бўлдиларингми? Қўлларингизни тутиб бердиларингми? Бундан кўра ўлганларинг яхши эмасмиди?» дедилар.
У кишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг овозлари чўчитиб юборди:
«Эй Савда, Роббингга ва Унинг Расулига қарши тарғибот қиляпсанми?» дедилар.
Савда бинти Замъа онамиз уялиб кетдилар ва ўзларига хос соддалик билан:
«Эй Аллоҳнинг Расули! Абу Язийдни қўли бўйнига боғланган ҳолда кўриб, ўзимни тута олмай, шундай дебман», дедилар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг бу гапларидан табассум қилдилар ва асирларга яхшилик бўлиши ҳақида ваъда бердилар. У зот Савда бинти Замъа онамизнинг узрларини қабул қилдилар. Чунки у зот Савда бинти Замъа онамизнинг мақсади бошқа эканини яхши билар эдилар.
Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Асирларга яхшилик қилинглар», дедилар.
Бу гапни эшитган мусулмонлар асирларга ўз таомларидан берадиган бўлдилар.
Савда бинти Замъа онамизнинг ўз қариндошларига соддалик ила қилган меҳрибонликлари ҳаммага фойда келтирадиган шаръий қоиданинг амалга киришига сабаб бўлди.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан