Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Очиқ-сочиқ кийиниш, айримлар даъво қилаётгандек, эркинлик ёки тараққиётни англатмайди. Балки бу қолоқликнинг, маданиятсизликнинг белгисидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
«Илгариги жоҳилиятнинг очиқ-сочиқлиги каби очиқ-сочиқ юрманг» (Аҳзоб сураси, 33-оят).
«Эй Одам болалари! Шайтон ота-онангизни авратларини ўзларига кўрсатиш учун устиларидан либосларини ечиб, жаннатдан чиқарганидек, сизни ҳам фитнага солмасин. Албатта, у ва унинг тўдаси сизни сиз кўрмайдиган томондан кўради. Биз, албатта, шайтонларни иймон келтирмайдиганларга дўст қилганмиз. Қачон бирор фаҳш иш қилсалар: «Ота-боболаримизни шунинг устида топдик ва буни бизга Аллоҳ буюрган», дерлар» (Аъроф сураси, 27 28-оятлар).
Албатта, аёл кишининг ташқи кўриниши муҳим аҳамиятга эга, яъни гўзал бўлиши лозим, зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: «Албатта, Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни севади». Лекин бу ички олам гўзаллигига, ахлоқий зийнатга ҳамоҳанг кечиши даркор.
Аллоҳ таоло аёлларга зийнатни ҳаром қилмаган:
«Сен: «Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!» деб айт. Сен: «Улар дунё ҳаётида иймон келтирганларга, қиёмат кунида эса фақат ўзларига хосдир», деб айт» (Аъроф сураси, 32-оят).
Бироқ шуниси аниқки, қиз боланинг эгнидаги либос унинг шахсияти, маънавияти ва ички дунёсининг инъикосидир. «Қалбим пок бўлса бўлди-да», деган даъво билан яримяланғоч кийиниб юриш қуруқ даъво, ўз-ўзини алдашдан бошқа нарса эмас.
Аёл кишига инсоний хусусиятлари, руҳий ва ахлоқий гўзалликлари, шахсияти, ҳатто либоси ҳам бир четда қолиб, фақат қуруқ ҳузурбахш жисмдан иборат деб қараш, у билан шу асосда муомалада бўлиш уни таҳқирлашдан ўзга нарса эмас.
Мода борасидаги хатарли жиҳатлар:
Биринчи: Тақлид.
Ҳозирги кунда кўплаб хотин-қизларимиз ўз миллий кийимларимиздан воз кечиб, кийинган-кийинмаганининг, ҳатто эркак ёки аёллигининг ҳам фарқига бориб бўлмайдиган ярим-яланғочларга эргашиб кетишмоқда.
Иккинчи: Ҳойҳавас, исроф ва совуриш.
Ҳар бир мавсумга хос кийимлар, ранг-баранг ва турли кўринишдаги моделлар, урфдаги либосларни намойиш этувчи телеканаллар, бошқа кўпгина телеканаллардаги либослар рекламаси билан шуғулланувчи кўрсатув ва дастурлар, электрон сайтлар – буларнинг барчаси аслида исрофнинг бир кўринишидир. Мисол учун, «Стил» номли биргина сайт дунёдаги 250 та мода уйини ўз ичига олган. Ушбу сайтнинг асосий мақсади – базм либосидан тортиб, чўмилиш либосигача, кийиниш усулларини, яъни аёлларнинг ташқи кўринишларини бошқаришдир.
Биз, ҳар соҳада Европага тақлид қилишга, мода кетидан қувишга ўрганиб қолган халқлар эса мазкур мода уйларидан нима улоқтирилса, ўшани шавқу завқ билан, кўзимизга суртиб сотиб олмоқдамиз. Чунки одамлар бизни қолоқ, маданиятсиз деб «айблашларини», шарманда бўлишни хоҳламаймизда. Биз истеъмолчи қора бозор вакиллари бўлганимиз учун мода уйлари ўз ишлаб чиқарган маҳсулотларини бир чеккадан бозорларимизга, дўконларимизга тўкиб ташлайди. Биз эса, гўёки уларни сотиб олишга мажбурмиз. Кийинишга бўлган бундай кўр-кўрона муносабат моддий имкониятларимизни, молдунёмизни совурмоқда. Бу ҳол ортиқча сарф-харажат, исрофгарчилик, кибр каби салбий оқибатларни келтириб чиқармоқда. Ҳатто қизларимиз бир марта кийган либосини бошқа муносабат билан иккинчи марта кийишдан уяладиган бўлиб қолишди. Тўйлар, байрам кечалари, турли йиғинлар либослар кўргазмасига айланиб улгурди.
Учинчи: Суратпарастлик.
Биз яшаётган ушбу асрда компьютер технологиялари соҳасида, идора қилиш услубида, турли-туман маълумотлар тўплашда, илм-маърифат соҳасида фойдали янгиликлар ниҳоятда кўпайди. Бироқ ташқи кўринишда кўр-кўрона тақлид қилиш аср билан ҳамнафас бўлиш дегани эмас. Балки ҳамнафаслик давр руҳиятини тушуниш, унинг энг олис қирраларинида билиш, ҳақиқий, фойдали, илмий, асос нарсаларга эҳтимом бериш билан бўлади, юзакилик, шаклу шамоилни ўзлаштириш билан битмайди.
Биз мусулмон бўлмаган халқларнинг ўз миллатига хос либос ва кийимларга алоҳида эътибор беришларини кўрамиз. Ҳатто сафарда ҳам, бошқа юртларга кўчиб борсалар ҳам, ўзларининг миллий кийимларини тарк этишмайди. Улар, айниқса кийиниш борасида бошқаларга тақлид қилишни ёқтирмайдилар, ўз маданий ва ижтимоий хусусиятларини муҳофаза қиладилар. Аммо мусулмонларга нима бўлганки, қадимдан бобо-момоларидан мерос бўлиб келаётган миллий либосларни фақатгина фестивалларда, миллий байрамларда кийиладиган кийимларга айлантириб олишган.
Тўғри, бу билан биз қиз бола момосининг кийимини кийиши шарт, демоқчи эмасмиз. Ислом маълум бир рангни ёки махсус бир либосни кийишни фарз қилмайди. Бироқ у кийимда маълум сифатлар бўлишини шарт қилади ва ўз тобеларидан онгли бўлишни талаб қилади.
Либос инсон танасини иссиқ ва совуқдан тўсадиган бўлиши, аврат саналадиган аъзоларни беркитадиган бўлиши, шаҳватни қўзғатишга сабаб бўлмаслиги шарт.
«Батаҳқиқ, сизларга авратингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини нозил қилдик. Тақво либоси – ана ўша яхшидир» (Аъроф сураси, 26-оят).
Исломда либос қарши жинсдагиларнинг жинсий майлини қўзғатмайдиган, баданнинг шаклини, рангини билдириб турмайдиган, танадаги аъзоларни бўрттириб кўрсатмайдиган бўлиши лозим. Акс ҳолда кийимдан кўзланган асосий мақсад – авратларни тўсиш рўёбга чиқмайди. Фақат ётоқхонада кийиладиган кийимларга бу каби шартлар қўйилмайди. Зотан, либос ҳаёга, иффатга, эркак ва аёл ўртасидаги алоқаларнинг соф инсоний суратда кечишига ундаши керак. Шунинг учун ҳам иффат асосида кийиниш бахтсаодат руҳини акс эттиради.