1445 йил 7 зулқаъда | 2024 йил 15 май, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Жамият

Чорага муҳтож «дард»

15:55 / 26 апрель 666 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ раҳматига олсин, устоз Аҳмад Муҳаммад Турсун бир куни суҳбат асносида ўзлари бевосита иштирок этган араб диёрларидан биридаги бадавлат бир хонадонда ўтказилган никоҳ тўйи ҳақида қуйидагиларни ҳикоя қилиб берган эдилар:

«Иккита залга алоҳида-алоҳида элликтача эркак ва яна шунча аёл тўпланган. Зиёфатда ярим косадан суюқ, биттадан ликопчада палов тортилди. Дастурхонда нон, пўртахол, банан ва бир турдаги мева шарбатидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Кимгадир бу муболағадек туюлар, лекин ҳақиқатдан ҳам тўй зиёфати дастурхонида бундан бошқа ҳеч нарса йўқ эди! Осмон узилиб тушгани ҳам йўқ, нега бундай камтарона тўй қилдинг, деб ҳеч ким уни юртидан қувиб чиқаргани ҳам йўқ! Ваҳоланки, тўй эгаси икки-уч корхонанинг, бир неча катта дўконнинг эгаси бўлган йирик сармоядор эди. Истаса, тўйни хориждаги бирор оролними, қасрними ижарага олиб, ўша ерда шоҳона қилиб ўтказишга ҳам қурби етарди. Камчиқимлигининг сабабини сўрасам, «Бизлар қизини узатганда дастурхонга арпа нони, хурмо ва бироз гўштдан бошқа нарса қўймаган Пайғамбарнинг умматимиз!» деб жавоб қилган эди».

Биз-чи, биз бугун кимларга тақлид қиляпмизу, кимларга эргашяпмиз?! Миллатимизнинг бутун ҳаракати, салоҳияти, куч ва имкониятлари, машаққат билан топаётган пул-бойлиги бир кунда ўтиб кетадиган, тўй эгалари ва яқинларининг бир-икки кун оғиз тўлдириб мақтанишидан бошқа ҳеч қандай фойда келтирмайдиган тўйларга қурбон бўлиб кетмаяптими? Бу ҳақда қанчалаб мақолалар ёзилди, ҳукуматнинг қарорлари чиқди, мусулмонлар идорасининг фатволари эълон қилинди. Ҳатто айни мавзуда журналда ҳам мақолалар берилди. Аммо ҳашаматли, дабдабали, исроф ва кимўзарга «мусобақалашадиган» тўйларнинг охири кўринмаяпти. Фалончи писмадон нарса қилибди, мен ундан қоламанми, манманлик қабилидаги қилинаётган «расм-русум»лар ортса ортяптики, камаймаяпти.

Балки кимдир «Фарзанди улғайган ҳар бир одамнинг уни уйлаш-жойлаш учун ҳаракат қилиши Аллоҳнинг амри, динимиз талаб қилган ишлардан. Алоҳида зиёфат ташкил қилиб, икки ёшнинг никоҳини эълон қилиш Пайғамбаримизнинг суннатларидан», дея эътироз билдирар. Тўғри, бу ҳақиқатни инкор қилиш асло ярамайди. Бу ўринда гап инсонларнинг ана шу маросимни ташкил қилишда ҳаддан ошаётгани, бу ишда қаттиқ исрофга бораётгани, тўй ўтказишни ҳаёт-мамот масаласига айлантириб қўяётгани, фарзандларини бахтли қиламан деб ўзини абгор ва бадбахт қилиб юбораётгани ҳақида кетяпти.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурраҳмон ибн Авфда суфра (одатга келин-куёвлар ишлатган сариқ рангли хушбўйлик) изини кўриб, «Бу нима?» дедилар. У: «Данак оғирлигича тилла (маҳр) эвазига бир аёлга уйланган эдим», деди. Шунда у зот: «Аллоҳ сенга барака берсин! Битта қўй сўйиб бўлса ҳам валийма қилгин», дедилар».

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривояти.

Ҳадиси шарифда баён қилинганидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳуда куёвлик белгиси бўлган сариқ ранг аломатини кўриб, бунинг сабабини сўрадилар. Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳу уйланганини айтди. Савол берувчи оламларнинг Сарвари соллаллоҳу алайҳи васаллам, жавоб берувчи эса уммат ичида бой саҳобалардан бири. Расули акрам шунча бойликка эга Абдурроҳман ибн Авф никоҳидан бехабарлар. Биз эса муносиб умматликка даъвогармизу, лекин одамлар овоза қилсин, ҳамма гапирсин, деб дабдабабозликдан воз кечолмаймиз. Энг ачинарлиси, ана шу ўринсиз харажатларни қоплаш учун пул топиш, топганда ҳам кўпроқ топиш васвасасига тушиб қолганимизни сезмаймиз. Баъзилар ҳатто кўпроқ пул топиш мақсадида бошқа бир миллатдошини шилиш, чўнтагини қоқлаш, ризқидан юлиш билан овора... Пул топиш васвасаси туппа-тузук мусулмонларни ёлғон қасам ичиш, бошқаларни алдаш, бировнинг ҳаққига хиёнат қилиш, ваъдасини бажармаслик, катта қарзлар олиб, уларни бермай юриш, ҳаромдан эҳтиёт бўлмаслик каби кулфатларга гирифтор қиляпти. Беҳуда орзу-ҳавас дарди одамларни китоб ўқиш, билим олиш, маърифатини ошириш, маънавиятини бойитиш каби энг зарур ишлардан узиб қўймоқда, буларга ажратилиши керак бўлган вақтни кемирмоқда. Агар бу дардга вақтида чора топмай, даволанмас экан, бу оғир оқибатларга олиб келиши ҳеч гап эмас.

Жамиятнинг ичига қуртдек кириб, уни кемираётган бу иллат бугун пайдо бўлган эмас. Ўтган асрнинг бошларида миллат ойдинларидан бири Абдулла Авлонийнинг айтган қуйидаги сўзлари ҳам ҳануз долзарблигини йўқотмаган:

«Оналаримиз билим ва тарбия ўрниға эрлари ила урушиб-талашиб қизлариға мол қилмакни яхши кўрурлар. Оталаримиз болалариға ўқутмак ва таълим бермак ўрниға «Ўғлум, эмди каттакон йигит бўлдинг, шунча ўқуганинг етар, пул топ!» деб ҳаммоллик қилдиришни яхши кўрурлар... Болаларимиз оталаримизнинг илм қадрини билмагани, илм учун пулни кўзлари қиймаганлиги сабабли ўқумоқ ва ўрганмоқ ўрнига «Оҳ пул, жоним пул» деб ҳаммолликни яхши кўрурлар».

«Ҳилол» журнали 10(55) сон

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Фарзанд ва она ўртасидаги муносабатларнинг бардавом бўлиши учун нима тавсиялар бера оласизndash Бардавом муносабатга эришишнинг бир неча йўллари борndash Фарзанд давоми...

1949 09:00 / 28.05.2021
Аллоҳ таоло жин ва инсонларни яратишдаги мақсадни баён этиб, шундай марҳамат қилади.Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим, Зарийат сураси, давоми...

5431 18:08 / 01.07.2017
Журналист титаник конструктори Томас Эндрюсдан кеманинг қуввати ва хавфсизлиги ҳақида сўраганида Эндрюс .Бу кема чўкмайдиган кема. Ҳатто Яратган ҳам буни давоми...

1943 19:00 / 09.01.2022
Бир йигитнинг ҳасратли ҳикояси. Шу йилгача онам соғлом эди. Тўғрироғи мен шундай деб ўйлаган эканман. Чунки онам намозларни тик туриб адо қиладиган, рамазон давоми...

6087 18:14 / 21.05.2018
Аудиолар

121404 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

42901 14:35 / 11.08.2021