1445 йил 7 зулҳижжа | 2024 йил 13 июнь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф: Бозордан чўчишнинг ҳожати йўқ (иккинчи мақола)

16:25 / 14 май 912 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Чорвачиликни жадал ривожлантириш керак. Бир вақтлар одамларнинг қўлидаги ҳайвонлар тортиб олинди. Товуқ боқмоқчи бўлганларга ҳам солиқ солинди. Жамоа чорвачилиги эса тузилганидан буён зиёнкор соҳа бўлиб келмоқда. Аввал айтганимиздек, бу жабҳада ҳам катта узилиш рўй берди, кишиларда малака, тажриба қолмади. Ҳатто шу даражага бориб етдики, болаларга қўй билан эчкининг фарқини англатиш учун мол бозорига олиб бориб тушунтиришга тўғри келди. Ҳозир республика раҳбарлари зотдор чорва молларини келтириб аҳолига сотишни йўлга қўймоқчилар, бу жуда яхши иш. Шу билан бирга яйлов ем-хашак ва бошқа муаммоларни ҳам биргаликда, яъни мутаносиб равишда ҳал қилиб бориш керак.

Халқ ҳунармандчилиги – майда корхоналарни ҳам ривожлантириш мақсадга мувофиқдир. Модомики халққа керак экан, бешикми, сандиқми, обдастами ёки бошқа нарсами – чиқаравериш лозим. Нима керагу нима керак эмаслигини бозорнинг ўзи ҳал қилиб олади.

Турли-туман тақиқлар халқимизнинг тафаккурини, ижодий қобилиятини ва янгиликка интилиш ҳиссини сиқиб қўяди. Ҳасадгўйлик, бир-бирини кўра олмаслик уя қўйди. Ким яхшироқ нарсага эга бўлса, ундан шубҳаланиш, кетидан пойлаш авж олди. Оқибат маълум – ҳаммадан орқада қолдик. Хусусий уйлар, давлат уйларини кўринг, ҳаммаси бир-бирига ўхшаш ноқулай, яшаш шароитлари мукаммал эмас. Бу юқорида тавсифланган номаъқул сиёсатнинг самараси эмасми, ахир!

Яна бир мисол. Қўлда тўқилган атлас дастгоҳдан чиққанидан афзал эканини ёшу қари яхши билади. Лекин қўлда тўқиш ман қилинган. Халқда талаб кучли бўлганидан ҳунармандлар махфий равишда атлас тўқийдилар. Албатта, биринчи харидор – ман қилганларнинг хотинларию келин-қизлари. Орада баъзи бир устамон фирибгарлар бойлик орттирадилар. Оддий тўқувчи ҳеч қачон молини ўзи пуллай олмайди. Бирор корхонага номи қоровул деб ёзиб қўйилган чайқовчи эса хоҳлаган пулига сотади, унинг танишлари бор, қўлга ҳам тушмайди, биров мушугини пишт ҳам демайди. Шундоқ қилиб, «қоровуллик»дан юз минг сўмлаб пул топиб, босар-тусарини билмай юраверади. Шунинг ўрнига ҳунармандни эркин қўйиб, шароит яратиб бериб, фойдасига давлат шерик бўлса яхши эмасми. Булардан бошқа ички имкониятлар ҳам кўп, фақат ҳаммасидан фойдаланиш керак, холос.

Янги иқтисодий алоқаларга ўтиш, хусусан бозор иқтисоди муносабати билан чет эллар ила алоқа зарурлиги тўғрисида қачондан буён тинмай сўз юритилмоқда. Лекин дурустроқ бир иш қилинган эмас, яқин орада қилинишидан дарак ҳам йўқ. Хориж билан қандоқ алоқа боғлаш ҳақида қонун-қоидалар йўлга қўйилмаган. Шахсан ўзим бу масалада чет элликлар билан кўп гаплашдим. Улар тўғридан-тўғри келиб, мол-мулкини ташлаб кетадиган одамлар эмас. Шароитни, ўрганиб, бошқа жойларга нисбатан кўпроқ фойда чиқишига, ҳақ-ҳуқуқларининг кафолати юз фоиз бўлишига ишонч ҳосил қилгандан сўнггина иш бошлайдилар. Саудиялик биродаримиз, катта бойлардан бири Муҳаммад Ториқ ибн Лодин бизнинг таклифимизга биноан юртимизга икки марта келдилар. Шароитни ўргандилар, суҳбатлар ўтказдилар. Имом Термизийнинг 1200 йиллик анжуманларида сўзга чиқиб, диний идорага ёрдам бериш, Ислом осорларини ислоҳ қилиш ва Ислом давлатлари ишбилармонларининг эътиборини тортиб, Ўрта Осиёда ишлашга чорлаш учун халқаро жамият тузишни таклиф қилдилар. Суҳбатлашиб ўтириб, ҳурматли Ториқ жаноблари, мана келдингиз, энди қачон иш бошлайсиз десам, муфтий ҳазрат, мен бир эшикдан кирсам, йигирма эшикдан чиқиб кетишим керак. Сизларда эса қайтиб чиқадиган битта ҳам эшик кўрмаяпман, дедилар.

Ҳа, чет элликлар билан ҳамкорлик қилишга аҳд этган бўлсак, уларнинг чиқадиган эшикларини ҳам тайёрлашимиз лозим.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» ҳафтаномасининг бу йилги биринчи сонида Нурали Қобил Саудия фуқаролари Абдулғаффор Hyp ва Аҳмад Али оғалар билан биргаликда «ал-Барака» банки очиш тўғрисидаги уринишлари қандай тўсиқларга учраганини куюниб ёзган. Ҳурматли Абдуғаффор Hyp оғамиз билан Саудияда учрашганман, қўплаб таклифлар айтганлар. Кейин у кишидан хат олдим ва имом Термизийнинг тўйларига таклифнома юбордим. Кечикиброқ келдилар. Мен бир гуруҳ анжуман иштирокчиларини М. С. Горбачев ҳузурига олиб киришим зарурлиги туфайли Москвага жўнаб кетишга мажбур бўлдим. Қолгани Нурали Қобил ёзгандек бўлибди.

Олмаотада Ислом банки очган Солиҳ Комил жаноблари ҳам бизнинг танишимиз. Яқинда Саудия Арабистони, Кувайт ва Бирлашган Араб Амирликлари СССРга 4 миллиард доллар қарз беришди. Бизнинг диёримизга ундан қанча тегади, ҳеч ким билмайди.

Шу йилнинг бошида турк жумҳурияти раиси Турғун Озалнинг акаси, Ислом ривожланиш банки раёсати аъзоси Коргут Озал бошчилигидаги биродарлар гуруҳи диний идорамиз меҳмони бўлдилар. 3 январь куни музокаралар давомида меҳмонларга Тошкентда банк очишни таклиф қилдим. Улар розилик билдирдилар. Масъул ходимларга сим қоқдим. Биттаси айнан шу иш билан шуғулланувчиларга айтишини ваъда қилди, иккинчиси вице президентимиз Шукрулло Мирсаидовга ўзингиз айтинг, деди. Шукрулло ака Москвага кетган эканлар. Қолганлари кун бўйи маслаҳат қилишди. Кейин билсак, Ислом банки нималигини билмай ҳайрон бўлишибди. Хуллас калом, эртасига бир киши меҳмонларнинг икки нафари билан учрашди. Нима гап бўлганидан хабарим йўқ. Лекин меҳмонлар самолётга чиққанларидан сўнг етиб боришиб, баъзиларини ерга тушириб, раҳбаримиз рози бўлишди, банк очсак майли экан, тузукроқ гаплашайлик, дейишганда меҳмонлар узр айтишибди, Эшитишимча, мабодо ишлар юришиб қолса деб банк учун жой ҳам ажратилган эмиш.

Мазкур меҳмонлар гуруҳи билан музокаралар пайтида 10-15 толиби илмни чет ўлкаларда тиб ва ҳандасага ўқитиб беришни таклиф қилишди. Мен тибу ҳандаса қуллиётлари ўзимизда ҳам борлигини айтиб иқтисод ва идора бўйича ўқитиб беришларини сўрадим. Шунда Коргут Озал жаноблари, муфтий афандим, майли, сиз айтганни ҳам амалга оширишга ҳаракат қиламиз, лекин тиб ва ҳандаса ҳам бўлаверсин, ёшларнинг дунё кўргани яхши, дедилар. Унга ҳам келишдик. Дунё кўриб, ижобий тажриба ўрганиш албатта фойда келтиради.

Ҳозир одамларни бозор иқтисоди билан қўрқитиш одат бўлиб қолди. Ундоқ бўлади, бундоқ бўлади, нарх ошади, нарса камаяди ва ҳоказо. Оқибатда бозорга «тайёргарлик» кўриб, керак бўлса ҳам, бўлмаса ҳам қўлга кирган нарсани тўплашга киришиб кетилди. Танқислик бошланди, кераксиз жун кийим-кечакка куя тушди, бузилган озиқ-овқат маҳсулотларни ахлатхонага ташлаш бошланди. Бемалол ўйлаб кўрсак, биз аллақачон бозор иқтисодига қисман ўтиб бўлганмиз. Дастурхонга бир назар ташланг, давлат нархида сотиб олинган нарсалар кўпми ёки бозор нархидагисими? Халқимиз меҳнаткашлиги туфайли давлатнинг берганига қараб турмай, ўзи доим ҳаракат қилиб келган. Бошқа жумҳуриятлардагилар қўрқсалар бўлади, чунки улар ҳамма нарсада давлатга қарам бўлиб қолишган. Нон ёпиш, қўй боқиш, боғ қилиш ёки том солиш қандоқ бўлишини унутишган.

Бозор иқтисодига ўтилса, кишилар табақаларга бўлинадилар: бойлару ўта бойлар, камбағаллар ўта камбағаллар юзага чиқишади, дейишади баъзилар.

Ҳозир-чи, ҳозир барча бараварми? Йўқ, ҳозир ҳам худди шундоқ. Лекин эътироф қилинмаган бойлар ва ўта бойлар одатда қонунбузарлик билан дунё тўплашгани учун ўзларини ошкор қилмайдилар, холос. Бунинг устига, ўта бойларнинг бир қисми қамалиб кетди. Энди бозор иқтисоди бўлса, ҳамма нарса ўз номи билан аталади, холос.

Ҳалол йўл билан бой бўлиш яхши нарса. Ислом камбағалликка қарши. Бойлар эса доимо камбағалларга ёрдам беришлари зарур. Шариатда бойлиги нисобга (маълум миқдорга) етган киши йилига ўз бойлигининг 2,5 фоизини камбағалларга бериши фарз. Акс ҳолда катта гуноҳ қилган бўлади, камбағалларнинг ҳақини еган ҳисобланиб, ҳамма моли ҳаромга чиқади ва қиёмат куни бўйнига улкан илон бўлиб ўралади. Закотнинг тафсилоти алоҳида бир мақола бўлиши керак, шунинг учун бу ерда гапни чўзиб ўтирмаймиз.

Шунингдек, хайр-эҳсон, муҳтожларга ёрдам ишлари кенг йўлга қўйилиши шарт. Жамиятнинг ҳеч бир аъзоси қаровсиз қолмаслиги керак. Бу – барчанинг вазифаси. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Гарчи бир хурмонинг ярми билан бўлса ҳам ўзингизни дўзахдан сақланг» деганлар. Яъни, арзимаган нарса бўлса ҳам муҳтожларга беринг, деганлари бу. Бир куни пайғамбар алайҳиссалом: «Аллоҳга қасамки мўъмин эмас, Аллоҳга қасамки мўъмин эмас, Аллоҳга қасамки мўъмин змас», деганларида, саҳобалар: «Ким эй, Аллоҳнинг расули?» - дедилар. Шунда у зот: «Кимки қўшниси оч эканини билиб туриб, ўзи тўйиб уйқуга ётса», - дедилар. Бу борада ҳам алоҳида боблар бор.

Бозор иқтисодига тайёргарлик кўриш жараёнида меҳр-шафқат, ҳайр-эҳсон маъноларини ҳам онгларига сингдириб бормоқ лозим. Чунки бу маънолар бизда деярли йўқ бўлиб кетган.

Ислом таълимоти бўйича мазкур ишлар ҳар қайси диёрда фаровонлик, ободончилик ва серобликнинг шартларидандир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз ҳадиси шарифларидан бирида: «Силаи раҳм (қариндошларга яхшилик қилмоқ) ва қўшниларга яхшилик қилмоқ диёрларни обод ва умрларини зиёда этади» деганлар. Демак, хайр-эҳсондан фақат уни олувчи эмас, балки берувчи ҳам ва қолаверса, жамиятнинг барча аъзолари, диёрнинг ўзи ҳам баҳраманд бўлар экан.

Фаровон турмушнинг шартларидан яна бири Аллоҳнинг берганига шукр қилиш, ҳаддан ошмаслик, туғёнга кетмаслик ва исрофгарчиликка йўл қўймасликдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: «Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар, албатта. У (Аллоҳ) исрофгарчиликни ёқтирмайди», деган. Ҳозирги етишмовчилик даврида ҳам бизда исроф ҳаддан ташқари эканини гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Етиштирилган ҳосилнинг тўртдан бири исроф этилса турли маросимлардаги исрофгарчиликлар, оддий ҳаётдаги исроф, ҳаммаси тўпланиб келиб улкан зарар эканини ҳар биримиз яхши тушуниб етмоғимиз керак.

«Тоҳо» сурасида Аллоҳ таоло: «Сизларга ризқ қилиб берилган нарсаларнинг покларидан енг ва туғёнга кетманг) ҳаддингиздан ошманг) (агар шундай бўлса) сизларга ғазабим тушишига сабаб бўлади», дейди. Ҳа, ношукрлик, ҳаддан ошиш, тўс-тўполонлар Аллоҳнинг ғазабига дучор этади. Узоққа боришнинг кераги йўқ, ҳозирги кунимизга назар солайлик: ношукрлик ва тўполон марказларида зилзила, бошқа табиий офатлар, маркабларнинг тўқнашувлари, ҳалокатга учрашлари ва ҳоказолар тинмай рўй бериб турибди. Аллоҳ таоло ўшандоқ жойлардан ҳеч бўлмаса баракани кўтариб қўяди. Буни Москва шаҳри мисолида кўриш мумкин – одамлар очкўз бўлиб қолишган, барака йўқ, ейди-ю тўймайди. Бошқа жойларда ҳам барака кўтарилса, аввал бир тишлам нонга тўядиган одам икки-уч бурда нон ейдиган бўлиб қолади. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг «Наҳл» сурасида шундай дейилади: «Аллоҳ бир тинч-омон, хотиржам диёрни мисол келтиради, у (диёр) нинг ризқи тўкис бўлиб, турли маконлардан келиб туради. Бас Аллоҳнинг неъматларига у (диёр) куфрон (ношукрлик) қилди. Шу сабабли Аллоҳ таоло уларга очлик ва хавф-хатар либосини кийгазди». Бундоқ ҳолатлардан барчамизни Аллоҳ таолонинг ўзи сақласин!

Кишиларни бозор иқтисоди, қимматчилик ва бошқа қийинчиликлар билан қўрқитмаслик, балки уларни бундай ҳолатларда ўзини қандоқ тутишга ўргатиш керак. Аллоҳнинг хазинаси катта, неъматлари кўп, «Иброҳим» сурасида: «Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангиз, ҳисобига ета олмайсиз», дейилган. Лекин Аллоҳ таоло бандаларининг ҳолатига қараб ризқ беради. Кишилар инсофу тавфиқда юрсалар, баракали ризқ улашади, туғёнга кетиб, ношукрлик қилсалар, ризқни ҳам тортиб қўяди.

«Аъроф» сурасида шундай дейилади: «Агар диёр аҳолиси иймонли ва тақволи бўлса, биз уларга осмонлару ердан барака (эшигини) очиб қўямиз…» «Шўро» сурасида эса: «Агар Аллоҳ ўз бандаларига ризқни жуда кенг берса, улар ер юзида бузғунчилик қиладилар. Лекин (Аллоҳ) ўз хоҳишича ўлчовли ризқ туширади. Албатта, У ўз бандаларининг барча ишларидан хабардор ва уларни кўриб турувчидир».

Хулоса қилиб айтганимизда, ноумид шайтон, тушкунликка тушмаслик керак, ғайрат-шижоат билан ҳаракат қилиш зарурки, бозор иқтисоди шароитида меҳнатни, ақл-идрокни, ҳисоб-китобни, инсофу диёнатни, саховату сабр-тоқатни ихтиёр этсак, иншооллоҳ, фаровонлик, буст-бутунлик, тўқликни Аллоҳи карим дариғ тутмайди. Омин!

(Тамом)

«Халқ сўзи», 1991 йил 28 февраль.

 

Мавзуга оид мақолалар
Зиёратrdquo рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Зоҳидхон Қодиров отахон ўғлининг уйларига ташриф буюрдик.Зоҳидхон Қодиров Отахон давоми...

6416 15:20 / 17.01.2018
Замонавий дунёда дин билан бирбирига қарши, динга эътиқод қилувчилар илмфан соҳасида катта ютуққа эриша олмайди деган тушунча кенг тарқалган. Бу тарихга давоми...

2018 14:00 / 02.02.2023
Мулла Абдулҳошим мулла Муҳаммад Юсуф афанди ўғли Ҳошимжон қори 1904 йили Наманган шаҳри, Сардоба даҳаси ҳозирги Марғилон кўчасида зиёли, савдогар хонадонида давоми...

2013 17:00 / 17.02.2022
Ғавсул аъзам пиримиз сулуклари ҳам хуфя, ҳам жаҳрийядир.Ҳар иккала пиримизни зикрлари .Лаа илаҳа иллаллоҳ,дир.Унда 6 калимаи динни ўқилади.Диннинг 8 томири, яъни давоми...

1518 12:30 / 25.11.2021
Аудиолар

122869 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7137 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

44117 14:35 / 11.08.2021