Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 24 зулқаъда | 2024 йил 01 июнь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Исломда яхшилик маъноси ўнг томонга боғлаб қўйилган | Ҳадис дарслари (243-дарс)

19:00 / 17.08.2023 1571 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: إِنْ كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لَيُحِبُّ التَّيَمُّنَ فِي طُهُورِهِ إِذَا تَطَهَّرَ، وَفِي تَرَجُّلِهِ إِذَا تَرَجَّلَ، وَفِي انْتِعَالِهِ إِذَا انْتَعَلَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам поклансалар, покланишларида ҳам, тарансалар, таранишларида ҳам ва кавуш кийсалар, кавуш кийишларида ҳам доимо ўнгдан бошлашни жуда яхши кўрар эдилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Ҳадисда яхшилик, покликка доир ишларни ўнг тарафдан бошлаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жуда яхши кўрган, доимо қилиб юрган иш эканлигини айтиш билан сиз билан биз, умматлар ҳам шу ишга эргашишимиз кераклигига тарғиб қилинмоқда.

Демак, ғусл қилишда ҳамма аъзоларни ювишни ўнгдан бошлаш керак.

Таҳоратда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам сочларини тарасалар ҳам бошларининг ўнг томонини тарашдан, оёқ кийимини кийсалар, ўнг пойини кийишдан бошлар эдилар.

Ушбу ҳадиснинг Имом Бухорий қилган ривоятида:

«Барча ишларида ўнгдан бошлашни яхши кўрар эдилар», дейилган.

Чиндан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам барча яхшилик, эҳтиром, хайр маъносидаги бир нарсани олиш ёки бериш, ичиш, ейиш, кийиш, ювиш каби ишларни ўнг қўл билан қилар ва ўнгдан бошлар эдилар.

Умуман, Исломда яхшилик маъноси ўнг томонга боғлаб қўйилган. Аҳли жаннатлар ўнг томон соҳиблари, дейилади. Бу дунёда яхши ўтган кишиларнинг номаи аъмоллари қиёмат куни ўнг томондан берилади. Ҳатто намоздаги сафда имомнинг ўнг томонида туриш афзал ҳисобланади.

Қолаверса, ҳадисда зикр қилинганидек, ҳар бир шарафли, яхшилик, поклик ва зийнат ишларини ўнг қўл билан қилиб, ўнгдан бошлашга тар­ғиб этилади.

Аксинча, чап тараф нохуш, нопок ишларга хос қилинган.

Аҳли дўзахлар чап томон соҳиблари дейилади.

Бу дунёда ёмон ўтган кишиларнинг номаи аъмоллари у дунёда чап қўлларидан берилади.

Нопокликдан тозаланиш, масалан, истинжо, аъзолардаги нопокликни кетказиш, бурунни қоқиш каби ишлар чап қўл билан қилинади.

Бу кўрсатмаларга риоя қилиш Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига риоя қилишдир, Ислом маданиятининг рамзларидандир. Кўпчилигимиз бу нарсаларнинг фарқига бормаймиз. Ҳамма нарсани аралаш-қуралаш қилаверамиз. Бу билан аввало Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига, исломий одобларга хилоф иш қилган бўламиз. Қолаверса, Ислом маданиятидан хабардор кишилар ҳузурида ким эканлигимизни ошкор қилиб қўямиз.

Бу ҳадисни ўқиганимиздан кейин зудлик билан унга оғишмай амал қилишга ўтишимиз керак бўлади. Ўзимиз унга амал қилишимиз билан бирга, фарзандларимиз, оила аъзоларимиз, яқин кишиларимизни ҳам шунга даъват қилишимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 18 февралдаги 03-07/1102-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ, соллаллоҳу алайҳи васаллам.Жинларнинг кўзи билан одам боласининг аврати ўртасидаги тўсиқ давоми...

2921 19:00 / 25.01.2023
. . Маймуна розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга сув қўйиб қўйдим ва тўсиб турдим. У киши ғусл қилдилар,. Муслим ривоят давоми...

1836 19:00 / 12.07.2023
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўтирган ҳолда қўлларидаги чўп билан чизар эдилар. Бас, у зот бошларини давоми...

3822 13:09 / 24.06.2020
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . ..Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан, модомики, гапирмасалар ёки давоми...

4309 14:00 / 04.03.2020