1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Зоҳидхон Қодиров Отахон ўғли

15:20 / 17.01.2018 6754 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Зиёрат” рукнидаги туркум суҳбатларнинг навбатдаги сонида Зоҳидхон Қодиров отахон ўғлининг уйларига ташриф буюрдик.




Зоҳидхон Қодиров Отахон ўғли

ТАҚДИМ

Зоҳидхон Қодиров Отахон ўғли 1951 йил 28 декабрда Чимкент вилоятининг Сайрам қишлоғида туғилган. 1967 йили ўрта мактабни тугатиб, 1973 йили Бухородаги Мир Араб мадрасасини, 1979 йили Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом маъҳадини, 1982 йили эса Ливиядаги Ислом даъвати факультетини имтиёзли диплом билан тамомлаган. Шундан кейин 1982-1990 йилларда Ислом маъҳадида устоз, мудир ноиби (проректор), мудир (ректор) вазифаларида ишлади. 1990-1993 йиллари Тошкентдаги Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг таълим ва халқаро алоқалар бўйича ноиби бўлиб хизмат қилди. 1993-1994 йиллари яна Ислом маъҳади мудири (ректори), 1995-1996 йиллари Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада халқаро бўлим бошлиғи, 1996-2002 йилларда Ўзбекистон – Саудия Арабистони қўшма корхонаси бўлмиш “Дорус-салом” ширкати директори бўлди. 2002 йилдан буён Қувайт давлатининг Ўзбекистон Республикаси элчихонасида таржимон ва консуллик вазифаларида ишлаб келяпти. Бир неча илмий-маърифий китоблар муаллифи.

 


Зоҳидхон Қодиров ҳозирда қўшни Қозоғистонга қарашли Чимкент (Жанубий Қозоғистон) вилоятининг Сайрам қишлоғида туғилиб, вояга етган. Бошланғич диний таълимни Иброҳим ота маҳалласида яшаган бобоси Сиддиқхон домладан олган. Бу маҳалла машҳур тасаввуф шоири Аҳмад Яссавийнинг отаси Иброҳим эшон ва бобоси Маҳмудхон ота шу ерда дафн этилгани учун шу ном билан аталган, Яссавийнинг онаси Қорасоч ойимнинг қабри эса Сайрам марказидаги жомеъ масжиди яқинида.

Сиддиқхон домла замонасининг олим ва фозил кишиларидан бўлиб, собиқ шўро тузумининг таъқиқ-тазйиқларига қарамай, қариндошлар ва маҳалла болаларига диний таълим берар, уларнинг Қуръон саводини чиқаргач, араб тили сарфу наҳвидан “Шифоҳия” ва фиқҳ илмидан “Фиқҳи Кайдоний”ни ўқитар эди. Қишлоқ ҳокимияти томонидан ҳар сафарги  огоҳлантиришлар ва жарима солишлардан кейин ҳам домла бола ўқитишни янгидан бошлаб юборар эди. Сиддиқхон домланинг асл касби дурадгорлик бўлгани учун қўлида таҳсил олаётган болаларга диний таълимдан ташқари ҳунарини ҳам ўргатиб борарди. Ҳозирда унда ўқиган кўплаб кишилар устозларидан ҳунар ҳам ўрганганларини фахрланиб гапириб юришади. Домланинг завжалари Биби Оиша ҳам саводхон аёл бўлганлари учун Зоҳидхонга туркий китоблардан, хусусан Сўфи Оллоҳёр асарларидан сабоқ берарди.

Зоҳидхон Қуръон саводини чиқаргач, беш ёшидаёқ акасига эргашиб мактабга чиқиб кетади. Закийлиги, иқтидорини кўрган муаллимлар истисно тарзида уни мактабга қабул қилишади. Раҳматли волидасининг кейинчалик сўзлаб беришига қараганда, мактабда муаллимлик қиладиган қўшнилари Тожихон ака қор қалин ёққан пайтларда кичкина Зоҳидхонни мактабга кўтариб олиб кетар экан.

Бобоси Сиддиқхон домла илмни ва илм аҳлини ниҳоятда севгани учун набирасининг ҳам олим бўлишини орзу қиларди. Домла Тошкентга келиб, диний идора раҳбарларини зиёрат қилар, гоҳо уларни ўз уйига қимизхўрликка чорлаш баҳонасида илм мажлислари ташкил қиларди. Унинг энг олий орзуси набирасини Иттифоқдаги ягона Бухоронинг Мир Араб мадрасасида ўқитиш эди. Аммо Зоҳидхон мактабни эрта битиргани учун мадрасага ёши етмай қолди. Диний идора раиси муфтий Зиёуддинхон қори Эшон Бобохон шунда Сиддиқхон домлага яхши маслаҳат берди: “Набирангиз ёши етгунича Тошкент домлаларидан сабоқ олиб турсин, кейин яна ўйлаб кўрамиз”. Шу тариқа Зоҳидхон Тошкентдаги қариндошлариникида яшаб, устозлардан илм олишни бошлаб юборди.

Зоҳидхон Қодировнинг ўзи шундай ҳикоя қилади: “Тошкентнинг Бешёғочида яшайдиган асли марғилонлик Муҳаммадамин домладан “Кофия”дан, Самарқанд дарвозада турадиган Сирожиддин домладан (Лазгин домла) сарф илмидан сабоқ ола бошладим. Қорасаройда яшайдиган Убайдуллоҳ қори акадан эса Қуръон қироатидан дарс олардим. Шунингдек, қозоғистонлик Зокирхон эшон бобонинг ўғли Убайдуллоҳ билан бирга Себзорда истиқомат қиладиган Алихонтўра Соғуний наҳв илмидан бизга сабоқ берардилар. Бухоро мадрасасига ўқишга киргунга қадар номлари тилга олинган устозлардан илм таҳсили қилиб турдим (Барчаларини Аллоҳ Ўз раҳмати билан ўраб-чулғаб олсин)”.

Ниҳоят 1968 йили Зоҳидхон Мир Араб мадрасасига ўқишга қабул қилинди. У мадрасада тиришқоқлик билан, бошқалардан анча ўзиб таҳсил олди. Бунда унга Тошкентдаги устозлардан олган билимлари кўп асқотди. Бухорода ўқиб юрганида дўстлашган, бир хонада яшаган ҳамфикр тенгдошлари кейинчалик дин хизматига камарбаста, фидойи олимлар бўлиб етишишди. Ниҳоятда камтар, ўта хушмуомала инсон бўлмиш тожикистонлик Муроджон Собитов билан шунақанги яқинлашиб кетишдики, ёши анча улуғлигига қарамай Зоҳидхон армия хизматида бўлганида Қарағанда вилоятидаги ҳарбий қисмга икки марта уни кўргани борган эди. У кўп йиллар Қўрғонтепа шаҳрининг бош имом-хатиби бўлиб ишлади (Аллоҳ раҳмат қилсин). Зоҳидхоннинг яна бир ҳужрадоши туркманистонлик Насруллоҳ Ибодуллоев кейинчалик Мисрдаги ал-Азҳар дорулфунунини битириб, Туркманистон мусулмонлари идорасига раҳбарлик қилди: аввал қози, кейин муфтий сифатида хизмат қилди. Ҳозирда Туркманистон ҳукумати қошида диний маслаҳатчи бўлиб ишлаяпти.

1975 йили армия хизматидан бўшаб келган Зоҳидхон Тошкентдаги Ислом маъҳадига ўқишга киришга муваффақ бўлди. Ўша ерда таҳсил олаётганида юқори курс талабаларидан яхши ўқиётганлар чет элга ўқишга юбориладиган бўлди ва у Ливия Араб жумҳуриятидаги “Ислом даъвати” куллиясига (факультетига) ўқишга кирди. Ливиядаги таҳсили ҳақида Зоҳидхон Қодиров шундай ҳикоя қилади: “1979 йили Ливиянинг Тароблус шаҳрига ўқишга борганимда у ерда шайх Муҳаммад Содиқ ушбу факультетнинг юқори курсида ўқиётган эканлар. Менга у киши билан икки йил бирга таҳсил олиш насиб этди. Шайх билан ўқиб юрган кезларимизда ўша пайтда Тошкент Ислом институти ректори бўлиб ишлаб турган Шамсуддин Бобохонов (муфтий Зиёуддинхон қорининг тўнғич ўғиллари) Ливияга бориб қолдилар. Шайх Муҳаммад Содиқнинг Ливия Исломга даъват қилиш жамияти раҳбарлари билан муносабатлари яхши бўлгани учун Шамсуддинхон акани жамият раҳбарлари билан учрашишини ташкил қилдилар ва сафар охиригача у кишига ҳамроҳлик қилиб юрдилар. Шамсуддинхон ака палов қилишга ишқибоз, пазанда киши эдилар. Ўз одатларига кўра Ливияда юрган танишларига ош дамлаб, уйларида меҳмон қиладиган бўлдилар. Шайх Муҳаммад Содиқни ва мени ҳам таклиф қилдилар. Ўша кунги суҳбатда Шамсуддинхон ака икковимизга ўқишни битирибоқ Тошкентга бориб, албатта Ислом институтида дарс беришимиз кераклигини таъкидладилар. Ана шу таклифга кўра ўқишни битирганимиздан сўнг икковимиз ҳам бир-икки йил фарқ билан маъҳадда дарс беришни бошладик”. Ҳақиқатан, 1982 йили Ливиядан қайтган Зоҳидхонни Шамсуддин Бобохонов ўзи диний бошқарма раиси муфтий Зиёуддинхон Эшон Бобохон ҳузурларига бошлаб кириб, Ислом маъҳадига устоз қилиб тайинлаш ҳақида фармон чиқартирган эди. У маъҳадда фидойилик кўрсатиб хизмат қилди ва 1987 йили мудир ўринбосари (проректор), 1989 йили эса мудири (ректори) вазифаларига тайинланди. Зоҳидхон Қодиров ана шу йиллари маъҳадда дарс савиясини яхшилаш, диний фанлар салмоғини кўпайтириш, маъҳаднинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашда катта ишлар қилди.

1989 йили шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси раиси, муфтий этиб сайланганидан кейин кўп ўтмай Зоҳидхон Қодиров идорага ишга таклиф қилинди. У муфтийнинг таълим ва халқаро алоқалар бўйича ноиби этиб тайинланди. Иккови сафдошнинг диний идорадаги ўта мураккаб бир даврда, диний ихтилофлар ва муросасизликлар авжга минган замонларда кечди. Аммо улар буларга қарамай, мусулмонлар манфаатини ҳимоя қилиш, турли ихтилоф ва келишмовчиликларга барҳам бериш, мусулмонларнинг билими ва маърифатини ошириш йўлида асрларга татигулик ишларни амалга оширишди. Илк марта оммавий ҳаж ва умра зиёрати йўлга қўйилди, кўплаб янги масжидлар ва мадрасалар очилди, диний адабиётлар чоп қилина бошлади, бошқа давлатларнинг диндошлари билан халқаро алоқалар йўлга қўйилди.

1993 йили шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф маълум сабабларга кўра хорижга ҳижрат қилганларидан сўнг Зоҳидхон Қодиров яна Тошкент Ислом маъҳадига ректор қилиб ўтказилди. 1995 йили у Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада халқаро бўлим мудири вазифасида иш бошлади. 1996-2002 йиллар мобайнида у Ўзбекистон – Саудия Арабистон қўшма корхонаси бўлмиш “Дорус-салом” ширкати директори этиб тайинланди. Зоҳидхон Қодиров 2002 йилдан бошлаб ўн беш йил мобайнида Қувайт давлатининг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонасида таржимон ва консуллик ишлари вазифасида хизмат қилиб келяпти.

Зоҳидхон Қодиров мусулмонларнинг диний маърифатини оширишга хизмат қиладиган бир неча китоблар муаллифидир. Унинг қаламига мансуб “Пайғамбарлар қиссаси”, “Имом Аъзам – Абу Ҳанифа” китоблари мамлакатимиз нашриётларида чоп қилиниб, ўқувчиларга манзур бўлди. Бундан ташқари, у араб олими Муҳаммад Маҳмуд ас-Саввофнинг “Пайғамбаримизнинг жуфти ҳалоллари” китобини ўзбек тилига ўгириб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг сийратларини ўрганишга ўз ҳиссасини қўшган.

Зоҳидхон Қодировнинг тўрт фарзанди ҳам ота изидан бориб, дин олимлари, Қуръон муҳиблари бўлиб етишишди. Унинг ўғиллари Муҳаммад Башир ва Муҳаммад Зокир, қизлари Мухлисахон ва Муслимахонлар Мисрнинг ал-Азҳар жомеъасини битиришган, Қуръон ҳофизлари ва қорилари бўлишган.

Мовароуннаҳрнинг улуғ олими Абдуллоҳ ибн Муборакдан: "Инсонлар кимлар?" деб сўрашганда: "Уламолар" деб жавоб қилган эканлар. "Подшоҳлар кимлар?" дейишганида эса, "Зоҳидлар" деган эканлар. Қаҳрамонимиз ўз исмига муносиб равишда дунё ҳашаматларига ва фитналарига этак силккан ҳолда, зоҳидона умргузаронлик қиляпти. Дин олими сифатида эса улуғ хизматлари билан ўзининг чин инсонлигини намойиш этяпти. Мўмин киши учун бундан ҳам ортиқ саодат борми?  

 

Аҳмад МУҲАММАД

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
20 асрнинг машҳур олими ва фозили, таниқли уламо Мулла Фатҳиддин Абдуллоҳ махдум ўғли 1904 йил Наманган вилояти, Чортоқ тумани, .Кўшан, қишлоғида таваллуд топди.Отаси давоми...

3257 17:00 / 20.03.2022
Шайх аллома Муҳаммад Лутфий Файюмий раҳимаҳуллоҳ бомдоддан бир ярим соат олдин уйғонар эди. Нафл намозлар, улардан тасбеҳ намозини адо этарди. Сўнгра, қиблага давоми...

2889 11:00 / 28.01.2023
Ёфиъий ўзининг .Миръотил жанон, китобида келтиради .Халифа Валид ибн Абдулмалик вафот қилганидан сўнг унинг ўрнига укаси Сулаймон халифаликка ўтирди. Сулаймон давоми...

2251 10:14 / 02.01.2023
Қуръони Карим ходими, фазилатли шайх, доктор Аҳмад Исо Ҳасан Маъсаровий ҳазратлари 1953 йил 1 март куни Миср Араб Республикасининг Дақаҳлия вилояти Фотиҳ Морис давоми...

788 22:00 / 28 август
Аудиолар

135390 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7490 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55633 14:35 / 11.08.2021