274 12.01.2017

Зинога яқинлашманг (7-қисм)

Исломда ҳаром қилинган жинсий яқинлик қилишнинг яна бир кўриниши бу орқага яқинлик қилишдир.

Улуғ Аллоҳ айтади: “Сен:…Агар пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг. Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади”, деб айт. Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаганингизча келинг. Ўзингиз учун (яхшилик) тақдим қилинг. Ва Аллоҳга тақво қилинг ҳамда, билингки, албатта, Унга рўбарў келувчисиз. Мўминларга башорат бер”.  (Бақара сураси, 222, 223‑оятлар).

Ушбу оятлардаги “уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг жумласидан аёлларнинг фақат олд тарафига, яъни фаржига яқинлик қилиш ҳалол бўлиши ва уларнинг орқасига яқинлик қилиш ҳаром эканлиги маълум бўлади. Шунингдек “Аёлларингиз экинзорларингиздир. Бас, экинзорингизга хоҳлаганингизча келинг” жумласидан аёлларнинг олдига, яъни фаржига яқинлик қилинганда олд тарафдан ҳам, орқа тарафдан ҳам келиш жоизлиги билинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Хотинининг орқасига яқинлик қилган одам лаънатлангандир” деб айтганлар (Абу Довуд ривояти).

Ўз орқасига яқинлик қилинишига йўл қўйиб берган аёллар ҳам ушбу лаънат остига кирадилар.

 

ЖИНСИЙ ЯҚИНЛИККА ОИД ҲУКМЛАР ВА ОДОБЛАР 

Ислом шахс ва жамият ҳаётининг ҳар бир соҳасида энг тўғри кўрсатмаларни бергани каби эр‑хотин орасидаги жинсий яқинликка оид кўрсатмаларни ҳам берган. Ушбу кўрсатмаларни уламоларимиз Қуръон ва Суннатдан олиб биз умматларга баён қилиб берганлар.

Жинсий яқинликка оид ҳукмлар ва одоблар қуйидагилардан иборат:

– Аввало инсон ҳожати бўлмаса яланғоч ҳолатда бўлмаслиги керак. Олдида ҳеч ким бўлмаган тақдирда ҳам у Аллоҳдан ҳаё қилиши лозимдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олдида ҳеч ким бўлмаганда яланғоч бўлиш ҳақида сўралганда: “Аллоҳ ҳаммадан ҳам кўра кўпроқ ҳаё қилинишга лойиқроқ Зотдир” деганлар. (Термизий ривояти).

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Яланғоч бўлишдан сақланинглар. Зеро қазои‑ҳожат ва эр ўз аёлига қўшиладиган вақтдан бошқа вақтларда сизлардан ажралмайдиганлар бор. Улардан ҳаё қилинглар ва икром этинглар” деганлар (Термизий ривояти).

– Жинсий яқинлик олдидан эр‑хотин қуйидаги ҳадисда келган дуони ўқишлари мустаҳабдир: "Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Бирортангиз ўз аёлига яқинлик қилишни ирода қилганда: “Бисмиллаҳи, Аллоҳумма жаннибнаш шайтона, ва жаннибиш шайтона маа розақтанаа” деса, ўша қўшилишдан Аллоҳ уларга фарзанд насиб қилган бўлса, ўша фарзандга шайтон ҳеч қачон зарар бера олмайди” (Бухорий ривояти).

(Дуонинг маъноси: “Аллоҳнинг номи ила. Аллоҳим биздан ва бизга ато этадиган фарзанддан шайтонни четта қилгин).

– Жинсий яқинлик вақтида эр‑хотин ўзлари холи қолишлари, олдиларида ҳеч ким бўлмаслиги шарт. Уларнинг олдиларида фарзандлари ҳам бўлмаслиги ва овозлари эшитилмайдиган бўлиши зарур.

– Бирдан жинсий яқинликка ўтмасдан ўзаро эркалатиш ила даражама‑даража киришиб бориш керак.

– Исломда зўрлаш мумкин эмас. Жинсий алоқа вақтида ҳам қўполлик қилиш, тан жароҳати етказиш каби ишлар жоиз эмас.

– Аёл кишини эри тўшакка чақирганда ҳар қандай ҳолатда бўлмасин ижобат этиши лозим. (Рўзадор бўлган ҳолати бўндан мустасно, бунда рўзадор эканлигини эслатиб узр сўраб қўяди).

– Аёл ҳам, эр ҳам бир‑бирлари учун зийнатланишлари, хушбўйлик ишлатишлари Исломда гўзал саналган амаллардандир.

– Эр‑хотин бир‑бирларининг жинсий аъзоларига иложи борича қарамасликлари зарур.

– Қайта жинсий алоқага киришишдан олдин таҳорат олиш мақталган ишлардандир.

– Уламолар Исломда “азл” қилиш маълум ҳолатларда жоизлигини айтганлар. “Азл” – эркак ўз уруғлигини аёлининг бачадонидан бошқа ерга тўкишидир. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида “азл” қилар эдик. Буни у кишига етказилганда бизни бу ишдан қайтармаганлар” (Имом Бухорий ривояти).

– Уламолар: “Аёл ҳомиладор бўлган ҳолатида унга жинсий яқинлик қилиш жоиз”, деганлар.

– Жинсий алоқадан кейин эр ҳам, аёл ҳам албатта ғусл қилишлари фарздир. Зеро жунуб (жинсий яқинликдан кейин ғусл қилмаган) одамга ғусл қилмагунча намоз ўқиш ва бошқа ибодатларни амалга ошириш мумкин бўлмайди.

– Эр‑хотин бир‑бирларининг жинсий аъзоларига оғизлари билан тегишлари, ўпишлари жоиз эмас. Бундан бошқа тана қисмларини ўпишнинг ҳечқиси йўқ.

– Эр‑хотин бир‑бирларининг тўшакдаги сирларини бошқаларга айтмасликлари, бир‑бирларининг тана тузилишларини бошқаларга васфламасликлари шартдир.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Қиёмат кунида Аллоҳ ҳузурида мартаба жиҳатидан одамларнинг энг ёмони аёли билан, аёли у билан яқинлик қилгандан кейин аёлининг сирини ошкора қилиб юрадиган одамдир” (Имом Муслим ривояти).

– Исломда ҳаром қилинган ҳайз ва нифос вақтида яқинлик қилиш, орқага яқинлик қилиш, истимно каби ишларни қилиш жоиз эмас. Булар ҳақида юқорида гапирилди.

 

ЖИНСИЙ ЙЎЛ ИЛА ЮҚУВЧИ КАСАЛЛИКЛАР

Охирги вақтларда жинсий йўл ила юқувчи касалликлар дунё бўйича бошқа касалликлар қатори инсониятни хавфга солиб келаётган муаммолардан бирига айланди. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг ҳисоботига кўра ҳар йили 250 миллиондан ортиқроқ киши “гонорея” касаллигига ва 50 миллиондан ортиқ киши “сифилис” касаллигига чалинади. Тадқиқотлар бўйича охирги 35 йил ичида тиббиётга маълум бўлмаган кўплаб жинсий йўл ила юқувчи касалликлар пайдо бўлган.

Ислом олимлари эса бу муаммоларнинг ечими динимизда мукаммал тарзда баён қилиб берганини таъкидлайдилар. Динимизда ҳам моддий, ҳам маънавий поклик иймоннинг бир қисми даражасида эътибор қилинган. Қуръон оятлари, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида мусулмонларни шахсий покликка буюрилган ва турли хил инсон табиатига зид бўлган амаллардан қайтарилган. Мусулмонлар ўз вақтида бунга амал қилганлар ва дунёни тебратганлар. Бунга тарих гувоҳдир! Ҳозир ҳам ўз динининг кўрсатмаларига амал қилаётган мўминлар икки дунё бахтига эриштирувчи йўлдадирлар.

Фаҳшга берилган, ўз шаҳватларини тўғри бошқара олмаган, оила муқаддаслиги ва насл‑насаб поклигини фаҳмламайдиган инсонлар яшайдиган жамиятда бундай касалликлар албатта илдиз отади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қайси бир халқда фаҳш тарқалса, ҳатто уни очиқча қилсалар, уларда ота‑боболарида бўлмаган ўлат (инфекцион) ва юқумли касалликлар  тарқалади” (Ибн Можжа ва Ҳоким ривоятлари).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам биргина ҳадис билан бутун дунёни ташвишга солиб турган касалликларнинг келиб чиқиш сабабини ва унинг ечимини айтиб бермоқдалар. Ушбу касалликларнинг сабаби: жамиятда фаҳш тарқалиши ва очиқ бўлишидир. Унинг ечими: жамиятда фаҳш тарқалишини, очиқча бўлишини олдини олиш.

Қисқача қилиб айтсак, ўз жинсий ҳаётини Аллоҳ кўрсатмаларига асосан ташкиллаштириш.

Маълумки Исломда бировга зарар келтириш ҳаром. Шунингдек, билиб туриб ўзига зарар келтириш ҳам ҳаром ишдир. Бунга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари далолат қилади: “Исломда зарар бериш ва зарарланиш йўқдир” (Имом Молик ривояти).

Демак юқумли жинсий касаллиги бор инсон ўз никоҳидаги жуфтига токи касалидан тўлиқ тузалиб олмагунча жинсий яқинлик қилмаслиги шарт. Шунингдек ўзининг никоҳидаги жуфтида юқумли жинсий касаллик борлигини билган инсон учун у билан жинсий муносабатга киришиши мумкин эмас.

Биз қуйида бир қанча жинсий йўл ила юқувчи касалликларнинг энг тарқалганларини санаб ўтамиз. Буни санаб ўтишимиздан мақсад - жинсий йўл ила юқувчи касаллик ила касалланиш баъзи одамлар ўйлаганидек узоқ нарса эмаслиги ва жинсий касаллик нафақат ўзининг эгасига балки унинг турмуш ўртоғи ва бўлажак фарзандларига ҳам зарар келтиришини ҳар бир мусулмон билишидир:

 

1. Гонорея.

2. Носпецефик бўлган олат инфекциялари.

3. Сифилис (орттирилган сифилис), (туғма сифилис).

4. Трихомониаз

5. Олат кандидози.

6. Баланопостит; баланит.

7. Проктит.

8. Юмшоқ шанкр (Мягкий шанкр).

9. Венерик лимфогранулема.

10. Чотораси гранулемаси (Паховая гранулема).

11. Олат лишайи (Генитальный лишай).

12. Олат ўсимталари (Генитальные наросты).

13. ОИТС (СПИД).

 

Ушбу касалликларга жинсий ҳаётини бетартиб олиб борадиган, Аллоҳдан қўрқмайдиган, оила муқаддаслигини билмайдиган, аёл ва эркак зотини ҳайвон даражасида кўрадиган, нафсини қондиришдан бошқа мақсади бўлмаган одамлар чалинадилар.  

Ислом – тўлиқ ва барча нарсаларни ўзига қамраб олган ҳаёт йўлидир. Исломда ҳаётнинг ҳар бир соҳасида тўғриликда тенги йўқ кўрсатмалари бор. Ислом дини – инсон ҳаётининг бир қисми эмас, балки инсон ҳаёти Исломнинг бир қисмидир.

Шу жиҳатдан соғлиқни сақлаш, касалликларга қарши курашиш, шахсий гигиена ва тиббиётнинг бошқа жабҳаларида Исломнинг ўз кўрсатмалари бор. Исломнинг ушбу кўрсатмаларига амал қилган ҳар бир эркак ва аёлнинг жинсий ҳаёти тўлақонли бўлади.

 

islom.uz

Афзал Аброр таржимаси