33 12.01.2017

БЕОДОБ ЭРКАК ВА АЁЛЛАР БИЛАН ДЎСТЛАШИШ ВА ФАҲШ БОР ЖОЙЛАРГА БОРИШ:

Беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашиш ҳам зинога олиб борувчи йўллардандир. Бундай инсонлар билан муносабат қуриш, улар билан дўст бўлиш гуноҳ ишларга бошлайдиган омил бўлганлиги учун ҲАРОМдир.
Аллоҳ таоло ўз бандаларини Ўзига итоат қиладиган ҳақгўйлар билан бирга бўлишга буюрган: “Эй иймон келтирганлар, Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар ила бирга бўлинглар” (Тавба сураси, 119 оят).
Инсон табиати шундайки, у ўз атроф муҳитидан катта таъсир олади. Ён атрофидаги инсонларга хоҳласа хоҳламаса ўхшаб кетади. Шундай экан, оятда келганидек банда нафақат ўзи Аллоҳга тақвода бўлиши, балки иймонида сидқидил бўлган инсонлар билан доимо бирга бўлиши, нопок ва Аллоҳ бандаларига белгилаб қўйган чегараларни бузувчи одамлардан узоқ бўлиши, уларни яхшиликка буюриб ёмонликдан қайтариши лозимдир. Фаҳшга аралашган эркак ва аёллар шубҳасиз Аллоҳ бандаларига белгилаб қўйган чегараларни бузувчи одамлар тоифасига киради.
Яхши дўст ва ёмон дўстнинг васфини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам гўзал суратда баён қилиб берганлар: “Яхши ҳамроҳ ва ёмон ҳамроҳнинг мисоли хушбўй атир сотувчи ва темирга дам урувчи кабидир. Хушбўй атир сотувчи ё сенга хушбўйлик суртиб қўяди ё ундан хушбўйлик сотиб оласан ё ундан келаётган хушбўй ҳиддан баҳра оласан. Темирга дам урувчи эса ё киймингни бир четини куйдириб қўйиши мумкин ё ундан қўланса ҳид келиб туради”. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Абу Довуд ва Термизий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Киши ким билан қалин дўст бўлса, у ўшанинг динида бўлади. Ҳар бирингиз ким билан қалин дўст бўлаётганига назар солсин”.
Ёмон инсонлар билан бирга улфат бўлиш манаман деган инсонларни ҳам бадном қилган. Бунга тарихдан ва ҳозирги кунимиздан сон–саноқсиз мисоллар келтириш мумкин. Бундай одамлар беайб инсонларни нафақат фаҳш кўчасига балки бошқа ҳалокат кўчаларига ҳам етаклаб кетадилар. Бундан сақланиш ва ўз атрофидагиларни сақлаш ҳар бир мўминга фарздир.
Инсонни фаҳшга олиб борувчи йўллардан яна бири фаҳш бор жойларга боришдир. Кўмир конига кирган одамнинг кийими ва бадани қора бўлиб чиққанидек, бундай жойларга борган одам албатта гуноҳкор бўлиб чиқади. Бу эса мутлақо ҲАРОМ. Шунингдек фаҳш жойларни ташкил этиш, ундай жойларни ишлашига тўсқинлик қилмаслик ҳам ҲАРОМ.
Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади: “Ва зинога яқинлашманглар. Албатта, у фоҳиша иш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят).
Фаҳш бор жойларга бориш зинога бевосита яқинлашишдир. Банда зинога бирданига тушиб қолмайди. Балки даражама-даража, зинога яқинлашиб боради ва охири зинога қўл уради. Шундай экан зинонинг ўзи ва унга етакловчи барча нарса, хусусан фаҳш бор жойларга бориш ва бошқаларни у ерга боришга ундаш, бошқаларни у ерга олиб бориш Аллоҳ таоло буткул ҳаром қилган ишлардандир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Одам боласига зинодан бўлган насибаси ёзиб қўйилгандир. У бунга хоҳласа |хоҳламаса йўлиқади. Икки кўз зиноси назар солиш, икки қулоқ зиноси эшитиш, тилнинг зиноси гапириш, қўл зиноси ушлаш, оёқлар зиноси юриб боришдир. Қалб истайди ва орзу қилади. Фарж эса буни рўёбга чиқаради ёки ёлғонга чиқаради” (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Ҳадисдан билинадики, инсоннинг фаҳш бор жойга юриб бориши оёқлар зиноси экан.
Энди беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашиш ва фаҳш бор жойларга боришга боғлиқ ҳукмлар билан танишиб чиқсак:
-    Беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашиш, яқин бўлиш - ҳаром.
-    Беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашмаса ҳам улар билан фаҳш ишларни гаплашиш, сўраш - ҳаром.
-    Ўз оила аъзоларини ва атрофидаги яқинларини беодоб эркак ва аёллар билан дўстлашишдан қайтариш - вожиб.
-    Фаҳш содир бўлиши мумкин бўлган турли ҳил тадбирлар, бир-бирига номаҳрам эркак ва аёллар аралашадиган йиғинлар, туғилган кун ва шуларга ўхшаш жойларга бориш мўмин инсон учун жоиз эмас.
-    Фаҳш содир бўлиши мумкин бўлган турли хил тадбирларни ташкиллаштириш - ҳаром.
-    Аёл киши бир ўзи сафарга чиқиши - ҳаром, агар маҳрамлари рози бўлса ҳам, буюрса ҳам.



ИМКОНИЯТИ БЎЛА ТУРИБ УЙЛАНМАЙ ЁКИ ТУРМУШ ҚУРМАЙ ЮРИШ:


Имконияти бўла туриб уйланмай ёки турмушга чиқишни рад этиб юриш ҳам инсонни зинога олиб бориши мумкин бўлган йўллардандир. Бу ишга баъзи ҳолларда ота-оналар тарафидан ҳам рағбат қилинади. Бунга сабаб қилиб улар: “Болам ёшлигида ўйнаб қолсин”, дейдилар ёки шунга ўхшаш асоссиз баҳоналарни айтадилар. Ёшлар ҳам “ёшлик қайтиб келмайди, кейин эслаб юраман” қабилидаги гапларни гапирадилар. Исломда эса никоҳ ёшига етган ёшлар имконият бўлиши билан никоҳланишлари мақталган ишлардандир.
       Улуғ Аллоҳ айтади: “Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ (фазли) кенг, ўта билгувчи зотдир. Никоҳ (имкони)ни топа олмаганлар, то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилгунича иффатларини сақласинлар” (Нур сураси, 32-33-оятлар).
  Никоҳ имконини топгач никоҳлаш ва никоҳланиш катталар ва ёшларнинг бурчидир.
  Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидагича марҳамат қилганлар:
“Эй ёшлар жамоаси! Сиздан ким уйланишга имкони бўлса уйлансин. Албатта уйланиш кўзни (номаҳрамлардан) қуйи қилувчироқ ва фаржни (фаҳш ишлардан) сақловчироқдир. Кимнинг имкони бўлмаса, у рўзани ўзига лозим тутсин. Албатта рўза тутиш у учун бичилишдир” (Имом Бухорий ривояти).  
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “уйланишга имкони бўлса” деганлари ҳар тарафлама, яъни жисмоний, моддий, маънавий-руҳий тарафлама тайёр бўлиш тушунилади.
Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Албатта уйланиш кўзни (номаҳрамлардан) қуйи қилувчироқ ва фаржни (фаҳш ишлардан) сақловчироқдир” деганларидан никоҳдан ўтганлар никоҳдан ўтмаганлардан кўра фаҳшга кўпроқ йўлиқишлари мумкин эканлигини билдирмоқда. Фаҳшнинг энг каттаси эса зинодир.
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига: “Эй Али, уч нарсани ортга сурмагин: намозни вақти кирганда, жаноза ҳозир қилинганда, эрсиз аёлнинг ўз тенги топилганда” деб айтдилар (Термизий ривояти).
 Намоз вақтида ўқилиши фарз, маййитни иложи борича тезроқ кўмиш шарт. Ушбу зарурий, кечиктириб бўлмайдиган ишлар орасида аёлнинг ўз тенги чиқиб турганида узатиш ҳам санаб ўтилиши бу ишнинг ўта муҳим, кечиктириб бўлмайдиган иш эканлигига далолат қилади.
         Яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Никоҳ суннатимдир, ким суннатимдан юз бурса мендан эмасдир” деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
         Энди имконияти бўла туриб уйланмай ёки узатилмай юришга боғлиқ ҳукмлар билан танишиб чиқсак:
-    Исломда никоҳ суннати муаккада амаллардандир, яъни бажарилиши таъкидланган суннатдир. Аммо, никоҳланишнинг ҳукми ҳолатга қараб фарз, суннат, макруҳ ва ҳаромга ўзгариб туради.
-    Зино ва фаҳш ишлардан ўзини тўхта олмаслигига кўзи етган никоҳланмаган инсон учун уйланиш ёки турмушга чиқиш фарз бўлади. Шундай ҳолатда ҳам уйланмай ёки турмушга чиқмай юрса ҳаром ишни қилган бўлиб, қаттиқ гуноҳкор бўлади.
-     Эрлик вазифасини ёки хотинлик вазифасини бажара олмаслигини билган инсонга уйланиш ёки турмушга чиқиш ҳаром бўлади. “Эрлик вазифасини ёки хотинлик вазифасини бажара олмаслик” дейилганда қуйидагилар тушунилади:
1. Жинсий ожиз бўлган ҳолда билдирмасдан соғлом инсон билан оила қуриш.
2. Жинсий ёки бошқа хавфли юқумли касали бўла туриб билдирмасдан соғлом инсон билан оила қуриш.
3. Руҳий ҳасталиги ёки руҳий камчилиги сабабли турмуш ўртоғига жисмоний, моддий ва маънавий-руҳий зарар келтириши мумкин бўлганда оила қуриш.
4. Никоҳланаётганлардан бири никоҳга рози бўлмаган ҳолда, мажбурланаётгани учун оила қураётганини билган иккинчи тараф учун оила қуриш ҳам ҳаром бўлади. Исломда мажбурлаб никоҳлаш йўқ.
5. Жинсини ўзгартирган одамга никоҳланиш мутлақо жоиз эмас.

ЭР АЁЛИНИ, АЁЛ ЭРИНИ РАШК ҚИЛМАСЛИГИ:

Зинога олиб борувчи йўллардан яна бири бу рашк қилмасликдир. Яқин одами номаҳрамлар билан шариат белгилаб берган чегараларни бузиб муомала қилганида уни бундан қайтармаслик, рашк қилмаслик фаҳшга олиб бориши мумкин бўлгани учун ҲАРОМдир. Эр аёлини, аёл эрини, ота қизини, ака ва ука ўзининг опа ва синглисини рашк қилиши, шунингдек она ўғлини, опа ва сингил ўзининг ака ва укасини рашк қилиши, бундан қайтариши, Аллоҳни эслатиши зарурдир.
Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳлларингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар” (Таҳрим сураси, 6-оят).
Аллоҳ ушбу ояти каримада бандаларини ўзларини ва қўл остиларидаги оилаларини жаҳаннамдан сақлашга буюрмоқда. Ҳўш, ўз аҳли оиласини жаҳаннамдан сақлаш қандай бўлади? Бу нарса уларга Аллоҳ ва Расулини танитиш, дин асосларини ўргатиш, ҳалол ҳаромни билдириш ва уларни Аллоҳга итоат қилмоқдаларми, Аллоҳга маъсият қилмаяптиларми текшириш ва бу нарсада уларни тергаб туришдир. Хусусан, улар фаҳшга йўлиқмасликлари учун уларни рашк қилиш ва уларга эътиборли бўлиш ҳам ўз аҳли оиласини жаҳаннамдан сақлашга киради.
Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар: “Ҳеч ким Аллоҳ бандасининг (хоҳ эркак бўлсин хоҳ аёл бўлсин) зино қилаётганини кўрган ҳолидагидан рашклироқ эмас.
Эй Муҳаммад уммати! Агар мен билган нарсаларни билганингизда, албатта, оз кулиб, кўп йиғлаган бўлар эдингиз” (Имом Бухорий ривояти).
Демак ўз яқинини нафақат инсон балки Аллоҳ ҳам рашк қилар экан. Аллоҳдан кўра ҳеч ким кучлироқ рашк қилмас экан. Фаҳшга қўл урган инсон аввало Аллоҳдан ҳаё қилмоғи шарт экан. Бошқа ҳадисда келишича: “Аллоҳнинг рашки – мўмин банданинг Аллоҳ унга ҳаром қилган нарсасини қилганидан бўлади”.
        Демак Аллоҳ нафақат бандаси фаҳш иш қилганда, балки умуман ҳаромга қўл урганда ҳам рашк қилар экан.
       Бир кун Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу: “Агар ҳотиним билан бегона эркакни кўрсам, уни қиличнинг тиғидан ўтказар эдим” деди. Шунда Набий соолаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Саъднинг рашкидан ажабланяпсизларми? Мен ундан ҳам рашклироқман. Аллоҳ мендан ҳам рашклироқдир. Аллоҳ ўз рашки сабабидан фоҳиша ишларнинг ошкорасини ҳам, махфийсини ҳам ҳаром қилди. Аллоҳдан кўра рашкчироқ ҳеч қандай зот йўқ. Шунинг учун Аллоҳ Расулларни башорат берувчилар ва огоҳлантирувчилар этиб юборди. Аллоҳдан кўра мадҳни яхши кўрувчироқ зот йўқ. Шунинг учун Аллоҳ жаннатни ваъда қилди” (Имом Муслим ривояти).
Бу ерда Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу рашклари кучли эканлигини билдирмоқчи бўлганлар. Ўша саҳобий қанчалар рашкли бўлмасин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан кўра рашклироқ эканлар, Аллоҳ эса энг рашкли Зот экан. Ким бўлмасин ҳеч ким эри қилич билан чопиб ташлаши мумкин бўлган аёлга яқинлаша кўрмайди. Лекин Аллоҳнинг рашки ундан ҳам кучлироқ, ғазаби ундан ҳам қаттиқроқ, азоби ундан ҳам шиддатлироқ эмасми?!

 Манба: islom.uz
Афзал Аброр таржимаси.