1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом

Зикр ва зокирлар фазли ҳақида

22:36 / 27.04.2017 5472 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд ‎этинглар», деган («Аҳзоб» сураси, 41-42-оятлар).

Аллоҳни зикр қилиш қалбни Унга боғлаш, У мени кузатиб турибди, деган доимий эътиборда туриш, Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай амалга ошириб боришдир.

Ҳа, мўминларнинг Аллоҳни кўп зикр қилишлари матлуб амалдир. Аллоҳ кўп зикр қилингандагина турли ёлғон, бўҳтон, иғво, ғийбат, чақимчилик каби гуноҳ гап-сўзлар биздан узоқлашади.

Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида беҳуда гапларга, сўкинишларга, кишига обрў келтирмайдиган ҳолатларга жой қолмайди.

Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида дунёнинг, унинг матоҳларининг зикрига жой қолмайди.

Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида турли кўнгилхушликларга, инсон зеҳнини чалғитувчи маишатларга жой қолмайди.

Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбига Аллоҳнинг муҳаббатидан бошқа муҳаббат сиғмайди.

Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг тилига аввало Аллоҳнинг исми жо бўлади. Сўнгра бу муборак исм аста-секин унинг ҳалқумига, кўксига ва қалбига етиб боради. Бундай инсон тили билан Аллоҳнинг исмини айтмаса ҳам, қалби «Аллоҳ, Аллоҳ» деб туради. Ниҳоят, бутун вужуди шу ҳолатга етади. Ана шунда зокирлик мақомига эришади.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади:

«Расулуллоҳнинг ҳузурларига икки аъробий келди. Улардан бири:

«Эй Аллоҳнинг Расули, энг яхши одам ким?» деб сўради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимнинг умри узоқ бўлиб, амали яхши бўлса, ўша», дедилар.

Иккинчиси эса:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Исломнинг таклифлари кўпайди. Менга бир ишни амр қилингки, уни маҳкам тутай», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Доимо тилинг Аллоҳнинг зикри ила ҳўл бўлсин», дедилар.

Ҳа, Аллоҳнинг зикрини кўп қилиш мўмин бандани олий мақомларга эриштиради.

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Роббингиз: «Модомики, бандамнинг лаблари Мени зикр этиб қимирлар экан, Мен у билан биргаман», дейди», деганлар.

«Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар».

Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам дунёда катта ўзгаришлар рўй беради. Шунинг учун ҳам бу икки вақтда Аллоҳни поклаб ёд этиш алоҳида таъкидланмоқда.

Агар бандалар Аллоҳ таолони кўп зикр қилиб, Уни эртаю кеч пок, деб ёд этсалар, мукофоти нима бўлиши келаси оятда айтилмоқда:

«У – сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун Ўзи ҳам, фаришталари ҳам саловот ‎‎айтадиган Зотдир. Мўминларга ўта раҳмлидир» («Аҳзоб» сураси, 43-оят).

Аллоҳ таолонинг бандага саловот айтиши У Зотнинг бандага бўлган раҳматини билдиради. Фаришталарнинг саловот айтиши эса бандага Аллоҳнинг раҳмати ёғилишини тилаб, дуо қилишларини англатади.

«Мўминларга ўта раҳмлидир».

Шунинг учун Аллоҳ таоло бандаларининг зикрига муҳтож бўлмаса ҳам, бандалар Уни ўз фойдалари учун зикр қилсалар ҳам, Ўзини кўп зикр қилган, эртаю кеч поклаб ёд этган бандаларига Ўзи саловот айтиб, фаришталарига ҳам саловот айттирмоқда. Бундан ортиқ яна қандай меҳрибонлик бўлиши мумкин?!

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло «Ким Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан, ким Мени жамоат ичида зикр қилса, Мен ҳам уни унинг жамоатидан яхшироқ жамоат ичида зикр қиламан», дейди», деганлар.

Бу «Фаришталар ичида зикр қиламан», деганидир.

«У Зотга йўлиқадиган кундаги сўрашишлари саломдир. Ва уларга гўзал ажрни ‎‎тайёрлаб қўйгандир» («Аҳзоб» сураси, 44-оят).

Аллоҳни кўп зикр қиладиган, эртаю кеч Уни поклаб ёд этадиган ана шу бандаларга Аллоҳ таолонинг Ўзи ва фаришталари саловот айтиши билан бирга уларнинг:

«У Зотга йўлиқадиган кундаги сўрашишлари саломдир».

Аллоҳга йўлиқадиган ўша мўминларнинг қиёмат кунида ҳол-аҳвол сўрашлари саломдан иборатдир. Аввало, мўминлар салом бериб кутиб олинади, қолаверса, уларга барча хафву хатардан, қиёмат кунининг даҳшатларидан ва дўзах азобидан саломатлик ато этилади.

«Ва уларга гўзал ажрни тайёрлаб қўйгандир».

Ва Аллоҳ таолонинг Ўзи бундай зокир бандаларга гўзал ажрни – жаннатни тайёрлаб қўйгандир.

Аллоҳ таоло яна:

«Бас, Мени эсланг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг», деган («Бақара» сураси, 152-оят).

Ушбу оят ўзи қисқа бўлишига қарамай, олам-олам маъноларни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло Ўзи яратган, ҳаёт, ризқ ҳамда бошқа керакли нарсаларни берган бандаларига:

«Мени эслангиз», демоқда.

Хўш, Аллоҳ бу ожиз бандаларининг эслашига муҳтожми? Йўқ, У беҳожат Зот. Ҳамма муҳтожлик бандаларда. Лекин бу амр бандаларга яхшилик етиши учундир. Улар Аллоҳни зикр қилишлари, эслашлари билан Аллоҳ таолонинг уларни зикр қилишига, эслашига эришадилар. Аммо зикр билан зикрнинг фарқи бор, албатта. Ҳеч нарсага арзимайдиган ожиз банданинг эслаши қайда-ю, оламларнинг Парвардигори бўлган Аллоҳ таолонинг эслаши қайда! Банда қандай, қачон ва қаерда эслайди? Аллоҳ-чи?

Имом Бухорий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло:

«Эй одам боласи! Агар Мени ўзинг эсласанг, Мен ҳам сени Ўзим эслайман, агар кўпчилик ичида эсласанг, Мен сени фаришталар ичида эслайман», деган.

«Ва Менга шукр қилинг, куфр қилманг».

Шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан бўлади. Аммо тили билан «Шукр», деса-ю, амали билан Аллоҳнинг айтганидан бошқани қилса, куфрони неъмат қилган бўлади. Мўмин-мусулмон киши доимо Аллоҳни зикр этиб, Унга шукр қилгандагина иши олға босади.

Аллоҳ таоло яна:

«Аллоҳни кўп зикр ‎қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар – Аллоҳ ‎‎ўшаларга ‎мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир», деган («Аҳзоб» сураси, 35-оят).

Аллоҳни кўп зикр қилиш барча олиймақом инсоний сифатларнинг юзага келиши ва бардавом бўлиши учун асосий омилдир. Аллоҳни кўп зикр қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун зарурий амаллардандир.

Ибн Абу Ҳотим Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачонки эр киши кечаси хотинини уйғотса ва икковлари икки ракъатдан намоз ўқисалар, ўша кеча Аллоҳни зикр қилган эркаклардан ва зокира аёллардан бўладилар», деганлар.

Ҳа, зокирлик даражаси олий мартаба. Зокирлик мақоми олий мақомдир. Ҳар бир мусулмон эркак зокирлик сифатини эгаллаши лозим. Ҳар бир муслима зокира сифатига эга бўлиши керак.

«...Аллоҳ ўшаларга мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир».

Яъни Аллоҳ таоло бу дунёда мазкур сифатларга эга бўлган ҳар бир эркак ва ҳар бир аёлнинг гуноҳларини кечиришга тайёр, у дунёда эса ажр қилиб, жаннатни шай этиб қўйган.

Юқорида зикр этилган олиймақом сифатлар соҳиби бўлган ҳар бир мўмин ва мўмина Аллоҳ таолонинг ҳар қандай амрини сўзсиз бажаришга доимо тайёр туради.

Аллоҳ таоло «Ҳадид» сурасида:

«Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари ‎‎юмшаш, айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб ‎‎қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!‎» деган (16-оят).

Инсон қалби тез ўзгарувчан нарсадир. Араб тилида «қалб» сўзи ўзгариш, айланиш каби маъноларни ҳам англатади. Қуръони Карим қалбнинг тез ўзгарувчанлигини тез-тез эслатиб туради. Ушбу оят ҳам шундай эслатмалардан биридир. Инсон тез-тез Аллоҳнинг зикрини қилиб турса, қалби юмшайди, мулойим бўлади, ҳис қилиш малакаси ошади.

«Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш…»

Оятдаги «нозил бўлган ҳақ» Қуръони Каримдир. Демак, уни тиловат қилиш, ёдлаш, ўрганиш, унга амал қилиш инсон қалбини юмшатади.

Агар Аллоҳ тез-тез эслаб турилмаса, Қуръон ва шариатдан, дин таълимотларидан узоқлашилса, инсон қалбини моғор босади, унинг бағри тошга айланади, унга Аллоҳнинг зикри ҳам, диний таълимотлар ҳам таъсир қилмайдиган бўлиб қолади.

Аввал Таврот ва Инжил каби илоҳий китоблар берилган яҳудий ва насронийларнинг қалблари вақт ўтиши билан оятда тасвирланганидек, моғор босиб, қаттиқ бўлиб қолган. Уларнинг кўплари фосиқлардир.

«…олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан ‎қалблари қотиб ‎‎қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ‎ўхшамаслик вақти келмадими?!»

Лекин қотиб қолган қалблардан умид узмаслик керак. Аллоҳнинг Ўзига ҳамма нарса осон. У худди қуриб-қақшаган ерни жонлантирганидек, моғор босиб, қотиб кетган қалбни ҳам юмшата олади.

Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида:

«Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган, уларга оятлари ‎тиловат ‎этилса, иймонларини зиёда қиладиган ва Роббиларига таваккул ‎қиладиганларгина ‎мўминлардир», деган (2-оят).

Бу ояти каримада мўминларнинг бир неча сифатлари зикр қилинган. Оятнинг «Албатта» деган таъкид билан бошланаётгани диққатни тортади.

«Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган»лар мўминлардир.

Демак, мўминни ажратиш учун Аллоҳни зикр қилиш керак экан. Аллоҳ зикр қилинганда қалбини титроқ босиб, Ундан қўрқиб турган одам мўмин бўлади. Яъни бирон ишни Аллоҳ буюрган, қилиш керак, дейилса, Аллоҳдан қўрқиб, ўша ишни бажаришга киришган одам мўмин бўлади. Аллоҳ зикр қилингандан кейин ҳам қўрқмай, эшитиб туриб, бу ишдан бўйин товлаган одам мўмин эмас.

Мисол учун, «Аллоҳ намоз ўқишни фарз қилган, Унинг амрини бажариш ҳар бир мусулмонга фарздир», дейилса, қалбини титроқ босиб, дарҳол намоз ўқишни бошлаган одам мўмин бўлади. Мазкур ҳукмни эшитиб, яна ўқимай кетаверадиганлар эса мўмин эмасдир.

Шунингдек, «Аллоҳ ароқ ичишни ҳаром қилган, ким уни ичса, гуноҳкор бўлади», дейилса, Аллоҳдан қўрқиб, ароқ ичмай қўйган одам мўминдир. Аллоҳдан қўрқмай, яна ичаверган одам эса мўмин эмас. Ушбу мисолни бошқа ҳар бир амрга ва қайтариққа солиштириб олаверинг.

«…уларга оятлари ‎тиловат ‎этилса, иймонларини зиёда ‎қиладиган‎»лар мўминлардир.

Яъни Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинганда иймони зиёда бўладиган инсон мўминдир. Қалбига Қуръон таъсир этадиган, иймонини бақувват қиладиган инсон мўминдир. Аммо Қуръони Карим оятлари қанчалик тиловат қилинса ҳам, иймони зиёда бўлмай тураверадиган инсон мўмин эмасдир.

«...Роббиларига таваккул ‎қиладиганларгина ‎‎мўминлардир».

Яъни фақат Аллоҳ таологагина қайтадиган, Унигина кўзлайдиган, Ундангина паноҳ тилайдиган, Ундангина ҳожатларини раво қилишини сўрайдиган, Унгагина рағбат қиладиган, У хоҳласа, бўлади, хоҳламаса, бўлмайди, деб эътиқод қиладиган кишиларгина мўминлардир.

Бу дегани, дунёдаги ишларга аралашмай, сабабини ахтармай туравериш керак, дегани эмас. Мўмин ҳар бир ишни режага солиб, пухта ўйлаб, турли сабабларни топиб, кейин қилади. Лекин ўша тадбирларнинг ўзигагина суяниб қолмайди. Фикр, режа ва тадбирлар натижа берди, демайди ҳам. Балки Аллоҳга суянади. Натижани Аллоҳдан деб билади. Шундай тушунчага эга бўлмаган одам мўмин эмас.

Мулоҳаза қилинса, Қуръонда одамлар мўминлар ва мўмин эмасларга ажратилган. Баъзилар айтаётганидек, «ҳақиқий мўмин, оддий мўмин ва мўмин бўлмаганларга» эмас. Мазкур сифатларга эга бўлганларгина мўминдир, бошқалари мўмин эмас. Учинчи тоифа йўқ. Агар бўлса, Аллоҳ айтар эди.

Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида:

«Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила ‎қалблари ором топганлардир. Огоҳ ‎бўлингким, ‎Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топур‎», деган (28-оят).

Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки бу қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканликларини ҳис этадилар. Чунки бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканини яхши биладилар. Аллоҳдан ўзганинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини, бу дунёю у дунёнинг саодати Аллоҳнинг ихтиёрида эканини ҳам яхши биладилар. Шундай бўлганидан кейин нега Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасин?!

«Огоҳ ‎бўлингким, ‎Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором ‎топур».

Бу оромнинг нелигини уни тотиб кўрганларгина биладилар. Иймонсизлар қалб ороми нима эканидан бутунлай бехабардирлар. Улар ер юзидаги энг бадбахт одамлардир. Дунёдаги энг бахтли одамлар эса Аллоҳ томон йўналганлар, ҳидоят топганлар, иймон келтирганлар ва қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топганлардир.

Аллоҳ таоло «Оли Имрон» сурасида марҳамат қилади:

«Улар Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдилар ва ‎осмонлару ернинг ‎яратилиши ҳақида тафаккур қиладиларки: «Роббимиз! Буни бекорга ‎яратганинг йўқ, Ўзинг ‎поксан, бизни дўзах азобидан сақлагин!» (191-оят).

Ушбу ояти каримадан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг биру борлиги ҳамда чексиз қудрати ва бошқа комил сифатларини тўла англаб етиш учун ибодат, зикр ва тафаккур лозим экан.

Бири бўлиб, иккинчиси бўлмаса ҳам иш битмас экан. Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолда зикр қилиш даражаси улуғ даража бўлиб, инсон ибодатда олий мақомга эришгандагина ушбу даражага кўтарилади.

«...Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида ‎эслайдилар ва ‎осмонлару ернинг ‎яратилиши ҳақида ‎тафаккур қиладилар…»

Шундай даражада тафаккур қилган одамнинг қалби соф ҳолга келади ва дуо қилса, ижобат бўладиган мақомга етади.

«Роббимиз! Буни бекорга ‎яратганинг йўқ...»

Албатта, ибодат қилиб, осмонлару ернинг яратилиши ҳақида фикр юритган одам Аллоҳ таоло бу нарсаларни бекорга яратмаганини тушуниб етади ва уни «Ўзинг поксан», деб тасбеҳ айтиб, ёдга олади. Ушбу борлиқнинг яратилиши, ундаги нарсаларнинг ҳақиқатини тушуниб етиш буларни қилишда тадбиркорлик, ҳикмат ва мақсад борлигини англаб етишга олиб боради.

Шундай бўлса, инсон бу дунёда яшаётган кишилар учун адолат ҳам зарурлигини тушуниб етади. Демак, охиратда одамлар қилган ишларнинг ҳисоб-китоби ҳам бўлади. Ҳисоб-китоб бу дунёда эмас, у дунёда амалга оширилади. Шу боисдан охират умидида дуо қилиш бошланади:

«...бизни дўзах азобидан сақлагин».

Дўзахда куйишдан ҳамма ҳам қўрқади. Хусусан, ибодатли, иймонли, тафаккурли кишилар бу ҳақиқатни тўлиқ ҳис этадилар.

Аллоҳ таоло «Нур» сурасида:

«‎(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр ‎қилинишига ‎изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбиҳ айтурлар.‎ Бир кишиларки, ‎уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, ‎намозни тўкис адо этишдан ‎ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва ‎кўзлар изтиробга тушадиган ‎кундан қўрқарлар‎», деган (36-37-оятлар).

Аллоҳнинг нури, нурли чироқ, иймон нури

«‎(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига‎...» изн берган.

Яъни бу уйларнинг моддий ва маънавий жиҳатдан юқори даражада бўлишига Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилган, уларни баланд қилиб қуришга изн берган.

«...ва уларда Ўз исми зикр ‎қилинишига ‎изн бергандир».

Яъни ўша баланд қилиб қурилган уйларнинг даражасини янада баландлатиш учун уларда Ўзининг исмини зикр этишни буюрган. Шу маъноларни эътиборга олиб, уламоларимизнинг кўплари «Бу уйлардан мурод масжидлардир», деганлар.

Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосдан «Масжидлар Аллоҳнинг ердаги уйларидир», деган гап ҳам нақл қилинган.

Ушбу оятнинг тафсирида Ҳофиз ибн Касийр масжид қуришга тарғиб қилувчи, масжид одобларини ўргатувчи ҳадислар билан бир қаторда масжидга зеб беришдан қайтарувчи ҳадисларни ҳам келтирганлар.

Масжидларнинг ҳақиқий ободлиги уларда Аллоҳга ибодат қилиш билан бўлади. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида ва кейинги оятда айнан шу нарса зикр қилинмоқда.

«Уларда Унга эртаю кеч тасбиҳ айтурлар. Бир кишиларки…‎»

Яъни у уйларда шундай кишилар Аллоҳга эртаю кеч тасбеҳ айтурлар – Аллоҳни поклаб ёд этурларки, «уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг ‎зикридан, ‎намозни тўкис адо этишдан ‎ва закот ‎беришдан машғул қила олмас».

Бу ерда Аллоҳнинг нурини идрок этишга ва унинг файзидан баҳраманд бўлишга ҳақли кишиларнинг сифатлари келтирилмоқда. Аллоҳ таоло Ўзининг неъматини, нурини кўринганга ато қилавермайди, албатта. Балки, маълум сифатларга эга бўлган зотларгагина ато этади.

Ана ўша инсонларнинг сифатларидан бири Аллоҳ таолони эртаю кеч поклаб ёд этиш – тасбеҳ айтиш бўлса, яна бир сифатлари тижоратга ҳам, олди-сотдига ҳам машғул бўлмасдан, Аллоҳни зикр этишларидир.

Яъни улар иш вақтида ҳам Аллоҳни унутмайдилар. Тижорат ва олди-сотди билан машғул бўлиб, намозни, хусусан, жамоат намозини ва зикрни қолдирмайдилар. «Ўзим тижорат қилиб, зўрға топдим-ку», деб закот беришдан ҳам қочмайдилар. Чунки:

«Улар қалблар ва ‎кўзлар изтиробга тушадиган ‎кундан ‎қўрқарлар».

Яъни улар қиёмат кунидан қўрқадилар. У кунда тижорат билан, олди-сотди билан машғул бўлиб, Аллоҳнинг зикрини, намозни тўкис адо этишни, закот беришни унутганларнинг қалблари ва кўзлари қўрқинчдан изтиробга тушади.

Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида:

«Роббингни эртаю кеч ичингда тазарруъ-ла, қўрқиб, овоз чиқариб гапирмай зикр қил ва ‎‎ғофиллардан бўлма», деган (205-оят).

Яъни «Аллоҳни доимо зикр қилиб юр. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани эшитиб турувчи Зотдир. Унга қарата баланд овозда дуо ёки зикр қилишнинг ҳожати йўқ. Энг муҳими, зикр бардавом бўлиши ва дилдан чиққан, тазарруъли бўлиши шарт. Акс ҳолда инсон ғофиллардан бўлиб қолади».

Аллоҳ таоло «Муззаммил» сурасида:

«Ва Роббингнинг исмини зикр эт ва Унинг ибодатига бутунлай ажралиб чиқ», деган (8-оят).

Яъни «Ўз ишингда Аллоҳни доимо зикр қилиш ила ёрдам сўра. У Зотга томон тамомила ажраб чиқиб, фақат Унинг Ўзига суян, ўз ишларингдан бирортасида Аллоҳдан ўзгага суянма».

Аллоҳ таоло «Тоҳа» сурасида шундай марҳамат қилади:

«...Ким Менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга тор ҳаёт бўлур ва қиёмат куни уни кўр ‎‎ҳолида тирилтирурмиз», деди» (124-оят).

Қайси бир инсон Аллоҳни унутса, Уни эсламаса, зикрини қилмаса, Унинг ҳидоятига эргашмаса, ўзига зулм қилади. Аввало, ундай одам бу дунёда танглик-торликда ҳаёт кечиради. Иймонсизлиги туфайли ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймайдиган бўлиб қолади. Молу дунё, айшу ишрат ичида кўмилиб ётса ҳам, унга оздай кўринаверади. Улардан ажраб қолишдан қўрқаверади. Иймонсизлиги туфайли кетма-кет муаммолар келиб чиқаверади.

«...ва қиёмат куни уни кўр ‎‎ҳолида тирилтирурмиз‎».

Бу ҳам иймонсизнинг ҳаёти дунёда қилган қилмишига муносиб жазодир. Лекин унинг ўзи нима учун кўр ҳолда тирилтирилганлигини тушуна олмайди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф  

(Ҳадис ва Ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қурбонликнинг фазилати буюк савоби улуғ бўлгани учун ҳали зиммасига қурбонлик қилиш вожиб бўлмаган кишилар ҳам уни қилишга ҳаракат қилишлари, савобидан давоми...

2563 09:00 / 13.06.2023
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар .Одамлар олтин ва кумуш маъданлари каби маъдандирлар. давоми...

694 11:00 / 18.05.2023
Роббана ва лакал ҳамду ҳамдан касийрон тоййибан мубарокан фийҳи.Маъноси .Эй Раббимиз Сенга кўп, пок ва муборак ҳамду сано бўлсин,.Имом Бухорий ривоят қилган давоми...

2310 09:00 / 17.01.2023
.Эй инсон, бу оламдаги жунбиш ва дабдабага алданма. Уйқуда кўрган тушингда вужудинг қиймақийма бўлса ҳам қўрқма. Зеро, бу дунё бир уйқудан иборатдир,. Ҳазрати давоми...

1197 22:57 / 12.11.2022
Аудиолар

120327 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41966 14:35 / 11.08.2021