594 06.11.2017

Муайян вақтда Аллоҳ зоҳир қилган нарсадан бошқани пайдо қилишни ирода қилган кимса жоҳилликдан ҳеч нарсани тарк қилмаган бўлади.

– Жоҳиллик илмнинг тескариси, мақсадни билмасликдир. Жоҳиллик икки қисмдан иборат бўлади. Оддий ва мутлақ. Оддийсида жоҳил инсон ўзининг жоҳиллигини билади. Мутлақ жоҳилликда инсон жоҳил бўла туриб, ўзининг жоҳиллигини билмайди. Энг катта жоҳиллик Аллоҳ таоло ҳақидаги жоҳилликдир, У Зотни билмаслик ва инкор қилишдир.

– Вақт – Аллоҳ таоло одамларнинг фаолиятлари ва амаллари зоҳир бўлишини ирода қилган замон.

Инсонни яратган Аллоҳ уни икки дунё саодатига эриштирувчи йўлни ҳам билади. Шунинг учун бандаларига диний кўрсатмалар юбориб, уларни тўғри йўлга солиб туради. Аллоҳ таолонинг охирги, баркамол ва бутун инсониятга қиёмат кунигача саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини Исломдир. Бу динда Аллоҳ таоло бандаларини саодатга элтувчи ишларга амр қилган, бахтсизликка элтувчи ишлардан қайтарган. Бандаларидан шариат кўрсатмалари асосида яшашни талаб қилган. Ушбу нарса барча одамлар, барча замонлар ва маконлар учун муштарак нарсадир.

Мазкур барчага баробар бўлган диний кўрсатмаларга амал қилиш билан бирга, ҳамманинг ўз ихтиёри ила ҳаёт кечиришига қўйиб қўйилган. Кимдир илм йўлини, кимдир тижоратни, кимдир деҳқончиликни, кимдир ҳунармандчиликни, кимдир ихтирочиликни, кимдир яна бошқа нарсани танлаб, фаолият кўрсатади. Шу тариқа одамлар бир-бирларига фойда берадилар ва бир-бирларидан фойда оладилар. Ҳаёт шу билан обод бўлади.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида марҳамат қилади:

«У сизни ердан пайдо қилди ва уни обод қилишингизни талаб қилди» (61-оят).

Аллоҳ одамларни аввал бошда ер жинсидан яратди. Сўнгра ўша ерни обод қилишлари учун уларни унда қолдирди. Демак, инсоннинг ер юзидаги вазифаларидан бири уни обод қилишдир.

Аслида инсон Одам Ато ва Момо Ҳаво ҳамда уларнинг фарзандларидан иборат бир уммат эди. Бир оиланинг аъзолари эдилар. Улар аста-секин кўпайиб бордилар. Кўпайишлари билан бирга, фикр-мулоҳазалари ҳам, ихтилофлари ҳам кўпая борди. Чунки ҳар кимнинг ўз табиати бор, ўз ақли бор, ўз қизиқиши бор. Ҳар ким ўз шароити ва ҳолатидан келиб чиқиб, фикр баён қилади. Бу ҳар кимнинг фитратидаги хусусиятдир. Чунки ер юзининг ободлигини Аллоҳ шу турли-туманлик, шу тортишувларга боғлиқ қилиб қўйган. Ҳамманинг фикри, табиати, истаги бир хил бўлса, ер юзи обод бўлмас эди...

Мазкур ер юзини обод қилиш уни обод қилувчи одамларнинг турли фаолиятлари ва уринишлари ила юзага чиқишини Аллоҳ таолонинг Ўзи ирода қилган. Бу ишда барча бир хил бўлишининг имкони йўқ. Зотан, ер юзини обод қилиш иши турли савиядаги ва турли ҳажмдаги ҳамда турли кўринишдаги хизматларни талаб қилади. Аллоҳ таоло Ўз ҳикмати ила бандаларининг кўнглига турли нарсаларга қизиқишни солиб қўйган. Биров олим бўлгиси келади ва бунга эришиш йўлида ҳар қанча қийинчиликни кўтаришга тайёр. Кимдир деҳқончиликка қизиқади. Бандалар уни бу йўлдан қайтара олишлари амри маҳол. Ўша одам нима қилиб бўлса ҳам ўзи севган деҳқончиликни қойиллатиб қилишдан ҳузур топади. Учинчи банданинг кўнглига Аллоҳ таоло сартарошликни солиб қўйган. Ушбу касбдан унга барака берган. Мазкур банда шу касбни қилса, кўнгли тўлади, хурсанд бўлади, фахрланиб юради ва ҳоказо. Дунё шу тарзда обод бўлади.

Аллоҳ таоло берган вақтни Аллоҳ таоло тақдир қилган меҳнати ила ўтказиб, Аллоҳ таолонинг шариатига амал қилиб яшаб юрган одамни маломат қилган кимса Аллоҳ таоло вақтда зоҳир қилишни ирода қилган нарсага янги ўзгартириш киришини истаган бўлади ва бу мутлақо нотўғридир. Шунинг учун ҳам Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳ айтадики:

«Муайян вақтда Аллоҳ зоҳир қилган нарсадан бошқани пайдо қилишни ирода қилган кимса жоҳилликдан бирор нарсани тарк қилмаган бўлади».

Яъни бу ишни қилган одам дунёдаги энг жоҳил одам бўлади. Ўшандай жоҳил одам бўлмаслигимиз учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саодат давридаги мусулмон жамиятининг ҳаётига бир назар солайлик.

Саодат замонида яшаган саҳобаи киромларнинг ҳар бири турли иш ва фаолиятларни олиб борганлар. Улар ўзларига фарз ва вожиб бўлган ибодатларни ўз вақтида тўла-тўкис адо этиш билан бирга, тирикчиликлари учун керак бўлган касбларни ҳам қилганлар. Уларнинг ичида Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуга ўхшаш катта савдогарлар ҳам, Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуга ўхшаш дину диёнат, эл-юрт ҳимоясига шай бўлиб турган ҳарбийлар ҳам, аҳли суффага ўхшаш маишатнинг энг озига сабр қилиб, ўзини ибодатга бағишлаганлар ҳам, масжидни супуриб юрадиган қора танли саҳобияга ўхшаш фаррошлар ҳам, рўза тутиб олиб, боғида ишлаб, ҳушидан кетиб қолган саҳобий розияллоҳу анҳуга ўхшаш боғбонлар ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга уч поғонали минбар ясаб берган саҳобий розияллоҳу анҳуга ўхшаш дурадгорлар ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари Иброҳимнинг сут онасининг эри Абу Қойн розияллоҳу анҳуга ўхшаш темирчилар ҳам, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга ўхшаш ўзини илмга урганлар ҳам бор эди. Шунингдек, жамият учун керак бўлган барча илм ва ҳунар соҳиблари бўлганлар. Мабодо уларнинг ичидан бирор касб ёки ҳунар бўйича мутахассис топилмаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша камчиликни тўлдириш учун чора кўрганлар. Мисол учун, жамиятга таржимон керак бўлганида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳуга таржимонликни ўрганишни амр қилганлар.

Абу Яъло ва Ибн Асокир Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида мени у зотнинг ҳузурларига олиб бордилар ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мана бу Бану нажжорлик бир бола. Сизга нозил қилинган нарсадан ўн еттита сурани ёд олган», дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга ўқиб берган эдим, маъқул бўлди. У зот менга:

«Эй Зайд, мен учун яҳудийларнинг ёзувини ўрганасанми? Мен уларга ўз мактубимни унча ишонмайман», дедилар.

Ярим ой ўтмасдан, у тилни яхшилаб ўрганиб олдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларга мактуб ёзадиган бўлсалар, мен ёзар эдим. Улар у зотга ёзсалар, мен ўқиб берар эдим».

Абу Яъло ва Ибн Асокир ва Ибн Абу Довудлар Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Сурёнчани биласанми? Менга мактублар келади», дедилар.

«Йўқ», дедим.

«Ундай бўлса, ўрган», дедилар.

Мен уни ўн етти кунда ўргандим».

Албатта, мўмин банда бу дунёда яшар экан, касбини, ҳунарини ишга солиб ёки бошқа йўллар билан меҳнат қилиб, ҳалол ризқ топишга уриниши турган гап. Ёки ишга тайёргарлик кўриш мақсадида ўқиш-ўрганиш, тажриба орттириш ишларида қатнашиши ҳам мумкин.

Мўмин банда қандай ишда бўлмасин, энг яхши ишчи, энг яхши косиб, яхши деҳқон, яхши муҳандис, яхши хизматчи, яхши табиб, яхши ўқитувчи ва бошқалар бўлишга ҳаракат қилиши лозим.

Умумий қоида эса – ҳаракат бандадан, бериш Аллоҳ таолодан. Дунёнинг ва унда яшаб турган бандаларнинг барча ҳолатлари Аллоҳ таолодан. Уларни ўзича ўзгартиришга уриниш, мавжуд ҳолатдан норози бўлиш ҳеч бир бандаги мутлақо тўғри келмайди. Модомики, Аллоҳ таолонинг таълимотларига ва шариатига зид иш бўлмас экан, бор ҳолатга банда рози бўлиши керак.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларига Аллоҳ таолонинг Қуръони Каримини етказар, ўзларининг суннатларини кўрсатар, керакли таълимотларни берар, уларнинг шариат таълимотларини ҳаётга татбиқ қилишдаги хатоларини тўғрилар эдилар. Аммо маишатларидаги касблари, ҳунарлари ва ўзларининг табиатларига мос ҳаракатларини тасдиқлар ва ўзгартиришга ҳаракат қилмас, иложи борича мақтар эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларга бу борада қилган тарғибларининг сирини тушунмаган одамлар ушбу ҳадисларда бир-бирига хилоф гаплар бор, деб ўйлашлари ҳам мумкин. Ҳақиқатда эса ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зикр ҳақидаги ҳадисларига назар солган одам бундан афзал нарса йўқ деб ўйлайди. У зотнинг илмнинг фазли ҳақидаги ҳадисларига назар солган одам илмдан яхши нарса йўқ деб ўйлайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг зуҳд ва дунё муҳаббатидан юз ўгириш ҳақидаги ҳадисларига назар солган одам шуниси ҳаммасидан афзал деб ўйлайди. Шунингдек, касб ва аҳли аёл хизмати борасидаги ҳадисларга назар солган одам бундан афзали йўқ деб ўйлайди. Аслида эса Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ҳолат ва фаолият аҳлини ўз касбига ва ҳолига қизиқтириш, тарғиб қилишни йўлга қўйганлар. Ҳақиқатда ҳам ҳар бир иш ва ҳолат ўз соҳиби учун энг афзали бўлади. У зот алайҳиссалом уларни алмаштириш, бошқа тарафга буриш ва ноумид қилишни ўзларига асло эп кўрмаганлар. Модомики, шариат доирасида турилибдими, қолгани Аллоҳ таоло раво кўрган нарса деб қабул қилганлар.

Муайян вақтда Аллоҳ зоҳир қилган нарсадан бошқани пайдо қилишни ирода қилиш икки хил бўлиши мумкин.

Биринчиси – шахснинг ўзига ўзи Аллоҳ зоҳир қилган нарсадан бошқани пайдо қилишни ирода қилишидир.

Инсон ўз касбига меҳр қўймагунча, бирор яхши натижага эришмаслигини тажриба такрор-такрор кўрсатган. Аксинча, касби-ҳунарига меҳр қўйган ва уни ўзига лозим тутганлар баракага сазовор бўлганларини ҳам кўпчилик яхши билади.

Убайддан ривоят қилинади:

«Нофеъ менга хабар берди: «Шом ва Мисрга (тижорат моли) юборар эдим. Аллоҳ кўп яхшиликни ризқ қилиб берар эди. Ироққа юбордим. (Фойда тугул) сармоям ҳам қайтмади. Оишанинг ҳузурига кирган эдим, «Ҳой болам! Тижоратингни лозим тут. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бирингизга бир эшикдан ризқ очилса, ўшани лозим тутсин», деганларини эшитганман», деди».

Байҳақий ривоят қилган.

Ҳа, мусулмон инсон ўзига ризқ келиб турган эшикни ёпиб, бошқа эшикка ўзини уришга шошилмайди. Бир ҳунардан иккинчисига ўтавермайди. Ўзига ризқ келишига сабаб бўлаётган ишга меҳр қўяди, ихлос қилади ва барака топади.

Уламоларимиз: «Бир нарсага уч марта уриниб, фойда кўрмаган одам бошқа ишга уринса бўлади», деганлар.

Иккинчиси – бир одам Аллоҳ бошқа одам ёки одамларга зоҳир қилган нарсадан бошқани пайдо қилишни ирода қилишидир.

Бунга шариат кўрсатмаларига амал қилиш билан бирга, дунё ободлиги ила машғул бўлганларни танқид қилувчилар ҳам, ўзи дунёга берилиб юриб, динни маҳкам тутганларни танқид қилувчилар ҳам киради.

Баъзи одамлар шариат кўрсатмаларини эмас, ўзининг мижозини меъёр қилиб олган бўладилар. Ўзининг мижозига тўғри келмаган ишларни танқид қилишдан, ёмонлашдан тийилмайдилар. Ана ўшалар жоҳилликдан бирор нарсани тарк қилмаган бўладилар.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло Ўз бандаларига турли вазифаларни тақсимлаб қўйган ва одамларни ўша вазифаларга йўллаб қўйгандир. Уларнинг ичида ҳикмати ошкор бўлиб турадигани ҳам, ошкор бўлмайдигани ҳам бор. Мўмин банда шариат таълимотларига тўғри бўлган нарсалар ҳақида сукут сақлаши лозимдир.

Аллоҳ таоло барчамизни У Зот вақтда зоҳир қилган нарсадан бошқани пайдо қилишни ирода қилиб, жоҳилликдан бирор нарсани тарк қилмаган кимса бўлиб қолишимиздан асрасин!


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан)