1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Жидду жаҳдда инсон ботинининг аҳамияти

15:35 / 01.10.2017 3789 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яхши амалларда жидду жаҳд қилганларнинг етишмаганини ва ўшанчалик жаҳд қилмаганларнинг етишганини кўрганинг ҳақида айтибсан.

Анави ботини соғлом бўлгани учун етишди. Жидду жаҳд қилган эса ботини бузуқ бўлгани учун етишмади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига назар сол:

«Умматимнинг абдоллари[1] жаннатга намоз ва рўзаларининг кўплиги билан етганлари, кирганлари йўқ. Улар унга фақатгина Аллоҳнинг раҳмати, кўксларнинг саломатлиги, нафсларнинг сахийлиги, Аллоҳ таоло учун насиҳат қилиш ва барча мусулмонларга раҳм-шафқат қилиш ҳамда Аллоҳ азза ва жаллага тақво қилиш билан кирганлар»[2].

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда у зот дедилар:

«Одамлар маъданлардир. Уларнинг жоҳилиятдаги яхшилари Исломда ҳам яхшиларидир, агар фақиҳ бўлсалар»[3].

Яъни ким жоҳилият даврида яхши хулқли, бағрикенг, юмшоқ қалбли, меҳрибон, раҳмдил ва сахий бўлган бўлса, сўнг у Исломни яхши тушуниб, фаҳмласа, у Исломда ҳам одамларнинг яхшиси бўлади.

Одамларнинг асли тупроқдандир. Тупроқнинг баъзиси кумуш маъдани, баъзиси олтин маъдани, баъзиси темир маъдани, баъзиси қалай, сурма, маргимуш ва шунга ўхшаш бошқа маъданлар бўлади. Улар ер жинсидан яратилганлар. Қачонки унга руҳ пуфланса, барча ўз аслига – тупроғига ва маъданига қайтади.

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам яна демишлар:

«Албатта, одамлар худди ичида уловликка арзигулиги топилмайдиган юзта туяга ўхшайди»[4].

Туяларнинг роҳиласи – минишга ва юк ортишга яроқлиси энг яхшиси бўлади. Туялар кўп, лекин яхшилари оздир. Наслдор туя юрса, тўғри ва мўътадил ҳолда юриб боради. Агар унга юк ортилса, наслдор бўлгани учун оғир юкларни ҳам бемалол кўтаради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда худди туяларнинг ичида уловликка арзигулиги оз бўлгани каби, Аллоҳ таоло томон хотиржам, тўғри юрадиган, бандалик юки ва машаққатларини кўтарадиган одамлар ҳам озлигини билдирмоқдалар, чунки уловликка арзигулик туя ҳам юришга, ҳам минишга яроқлидир. Бошқа туялар оғир, улар фақат юк кўтаришга ярайдилар, холос.

Заиф ва чалкаш ахлоқлар билан жидду жаҳд қилувчилар нафсларига риёзат чектирмаганлардир. Агар улар жидду жаҳдларида содиқ бўлсалар, мукофотлари жаннат бўлади.

Нафсларига риёзат чектирганлар ва уларга одоб бериб, карамли ахлоқлар билан хулқланганларнинг мукофоти эса қурбат – Аллоҳга яқин бўлишдир. Аллоҳ таоло уларнинг қалбларида Ўзига йўл очди. Ҳаттоки уларнинг кўксларида нур порлади. Улар Аллоҳдан жидду жаҳд қилувчилар билмаган нарсани билдилар. Олимлар билан жоҳиллар баробар бўлмаслар. Юриш ва масофаларни кесиб ўтишда отлиқлар билан эшак минганлар баробар бўлмаслар.

У Зот Танзилида демиш:

«Биз учун жидду жаҳд қилганларни Ўз йўлларимизга ҳидоят этурмиз...»[5]

Ким ёмон ахлоқларини йўқотиш учун нафсига қарши курашиб, уларни тарк қилса, У Зот уни Ўз йўлига ҳидоят қилади. Яъни унинг қалбида Ўзи томон йўл очади, чунки ана ўша (ёмон) ахлоқлар уни Аллоҳ таолодан тўсиб турган эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган ҳадисда у зот демишлар:

«Умматимдан бир кишининг икки тиззасига чўкиб ўтирганини кўрдим. Ҳусни хулқи келиб, уни Аллоҳнинг ҳузурига киритди»[6].

Бу ҳадисда у зот сенга ёмон хулқ қалбни Аллоҳ таолодан тўсиши ҳақида хабар бермоқдалар. Шунинг учун ҳам у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Салама ибн Вардоннинг ҳадисида дедилар:

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Ким ботил ёлғонни тарк қилса, унга жаннатнинг пастида қаср қурилади. Ким ҳақ бўла туриб, тортишувни тарк қилса, унга унинг ўртасидан қаср қурилади. Ким хулқини гўзал қилса, унга унинг юқорисидан қаср қурилади»[7].

Жаннатнинг юқориси муқаррабларнинг манзилларидир.

Бизнинг наздимизда, ҳусни хулқ уч даражадан иборатдир.

Биринчи даража – У Зотнинг амри ва наҳийси билан хулқини гўзал қилишдир. Қачон амрига бўйсунса ва наҳий қилган нарсасидан тийилса, батаҳқиқ, биринчи даражага эришган бўлади.

Сўнгра У Зотнинг барча яратганлари – одамлар ва жонзотларга нисбатан хулқини гўзал қилади. Улар билан муросаи мадора қилади. Ўзаро чиройли муносабатда бўлади. Бу ўрта даражадир.

Сўнгра Аллоҳнинг ерида У Зотга нисбатан хулқини гўзал қилади. Бу олий даражадир.

Ким ушбу учинчи даражага эришса, батаҳқиқ, камолотга етади ва унга жаннатларнинг энг олийси вожиб бўлади. Бунинг тасдиғи У Зотнинг қуйидаги қавлидир:

«Бас, ана ўшаларга олий даражалар – остларидан анҳорлар оқиб турган адн жаннатлари бор. Унда мангу қолувчидирлар. Ана ўша покланганларнинг мукофотидир»[8].

Поклик қалбда, ўсиш эса кўксда бўлади.

Савол: Қандай қилиб Аллоҳга нисбатан хулқини гўзал қилади?

Жавоб: Аллоҳ унга ва ундан бошқа бандаларига Ўз ерида жорий қилган ҳолатлардан қаноатланади, рози бўлади ва икки қўлини кўтариб таслим бўлади. Бир киши сафарда бир ерга тушса-ю, шунда Аллоҳ бандаларини, юртларини ва ҳайвонотларини суғориш учун, ерини тирилтириш учун, сонининг адоғига етиб бўлмайдиган умматларнинг маоши учун Ўз раҳматини (ёмғирни) ёғдирганда ёқтирмаган, У Зотнинг тадбири оғир ботган, ундан бош тортган ва юраги сиқилган банданинг хулқи гўзал бўлиши мумкинми? Албатта, унинг бу қилмиши ундаги хоҳиш туфайлидир. У фақат ўз истагини қондиришни ирода қилади, холос. Бу одам Аллоҳ азза ва жаллага нисбатан бадхулқдир. У нафси учун тадбир қилади. Аллоҳ таолонинг Арш, Курсий, Лавҳ ва Қаламни яратишдан олдин қилган тадбирига назар солмайди. Ҳолбуки, ўша тақдирлар кунидир. Агар ўзи учун қилган тадбири бузилса, юраги сиқилади, қўл силтайди ва кунлари тунларга айланади.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Сарахс аҳли сўраган масалалар китобидан)


_________________________________________________
[1] «Абдол» сўзи алмашувчилар деган маънони англатади. Уларнинг сони баъзи ривоятларда қирқта дейилган. Улардан бири вафот этса, ўрнига янги аъзо алмаштирилади. Абдоллар ҳақидаги тушунча ихтилофлидир.

[2] Имом Аҳмад бу ҳадисни «мункар» деган. Бу маънода бир қанча ривоятлар келган бўлиб, улар бир-бирини қувватлайди, деганлар ҳам бор.

[3] Бу маънодаги ҳадисни имом Бухорий «Саҳиҳ»ида келтирган.

[4] Бу ҳадисни Бухорий, Муслим ва Аҳмад ҳам ривоят қилишган.

[5] Анкабут сураси, 69-оят.

[6] Бу ривоятни Ибн Бушрон «Амолий»сида келтирган.

[7] Бу ҳадисни Ибн Можа ва Термизий ҳам ривоят қилишган.

[8] Тоҳо сураси, 75−76-оятлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Ҳужурот сурасида марҳамат қилади.Эй иймон келтирганлар Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан, бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, давоми...

5628 19:16 / 11.07.2017
Албатта, У Зот сенга воридни у ила Ўзига етишишинг учунгина етказди.ndash Ворид ndash қалбга етган илоҳий туртки бўлиб, у қалбни одатдаги ҳолидан қўзғатади ва роббоний давоми...

4154 17:55 / 25.02.2018
Қуръонда Аллоҳ таолонинг зикри ҳақида икки хил ривоят келган. Кўпинча, айрим дўстларимиз ушбу икки ривоятни бир бирига қарамақарши деб ўйлайдилар. Баъзида улар бу давоми...

4202 17:37 / 30.11.2017
Йигирма иккинчи зарар ғийбатни эшитгандан кейин нафрат пайдо бўлиши.Одамларнинг олдида бировни ғийбат қилсангиз, хоҳлайсизмихоҳламайсизми, уларнинг қалбида давоми...

3057 14:48 / 28.04.2018
Аудиолар

118756 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40715 14:35 / 11.08.2021