251 13.03.2017

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни етти нарсага амр қилдилар, етти нарсадан қайтардилар. Бизни жанозаларга эргашишга, беморни кўришга, чақириқ(зиёфат)қа жавоб беришга, мазлумга ёрдам беришга, қасамни амалга оширишга, саломга алик олишга ва акса урганда соғлик тилашга амр қилдилар. У зот бизни: кумуш идишлардан, тилла узукдан, ипакдан, дебож-юпқа ипак-дан ва ипак тўқималардан қайтардилар». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо яхши ва фойдали нарсаларга амр қилиб, ёмон ва зарарли нарсалардан қайтарганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдаги амр қилинган нарсаларни ҳам, наҳий қилинган нарсаларни ҳам бирма-бир ўрганиб чиқсак ушбу ҳолатни кўрамиз. Аввало амр қилинган нарсалар ривоят қилинади...

1. «Жанозага эргашиш».
Яъни, биров ўлганда жанозасида қатнишиб, намозини ўқиб, дафнида иштирок қилиш. Бу иш билан инсон мусулмон биродарининг ўзида бўлган ҳаққини адо этади. Ўлим ўзига яраша оғир мусийбат. Ўлган мусулмонни ҳурмат-эҳтиром билан жойига қўйиш тирик мусулмонларга фарзи кифоя. Ҳар кимнинг бошида ҳам ўлим бор. Ким бошқа кишиларнинг ўлимида ҳурмат эҳтиром кўрсатса ўзи ҳам бошқалардан ҳурмат эҳтиром кўради.
Шунингдек ўлганнинг яқин кишилар, қариндош уруғларининг ҳурмати, эътибори ҳам бор. Қайғули пайтда кўрсатилган одамгарчилик ижтимоий алоқаларни яхшиланишига сабаб ҳам бўлади. Қолаверса, жанозада иштирок этган инсон ўзи учун кўпгина ваъз-насийҳатлар, ибратлар олади. Ўлимни эслайди. Ўзини ўнглаб юриш кераклигини хаёлига олади.
Ҳозирги ўрганаётган фаслимиз эътиборидан биз учун ҳадиснинг айнан шу бўлими алоҳида эътиборга молик. Бошқа зикр қилинган нарсалар ўз фаслида келади.
2. «Бемор кўриш».
Бу ҳам мусулмон кишининг ўз дин қардоши олдидаги бурчи. Бу иш дуо ва яхши тилакларга сабаб бўлиши, савоб олишга восита бўлиши билан бирга ўзаро муҳаббат ва ижтимоий алоқаларни мустаҳкамланишига ҳамда яна бошқа кўпгина яхшиликларга сабаб бўлади.
3. «Чақириққа жавоб бериш».
Яъни, шариятга мувофиқ зиёфат, тўй ва маросимларга чақирилганда бориш. Бу ҳам ўзаро дўстлик, муҳаббат ва алоқаларни мустаҳкамланишига сабаб бўладиган иш.
4. «Мазлумга ёрдам бериш».
Зулм Ислом дини наздида мункар ва ҳаром иш. Ер юзида зулм қолмаслиги керак. Мусулмонлар доимо зулмга қарши курашмоқлари керак. Жумладан, мазлумга ёрдам бермоқлари лозим. Ҳар ким имконига қараб кимдир гап-сўз билан, кимдир амал билан мазлумдан зулмни кўтаришга уриниш керак.
5. «Қасамни амалга ошириш».
Яъни, биров бир нарса хусусида қасам ичиб қўйган. Бошқа бир мусулмоннинг ўша қасамни амалга оширишда ёрдам беришига имкони бор. У қасам ичган одамга ёрдам бериши лозим.
6. «Саломга алик олиш».
Салом бериши суннат, алик олиш вожиб, дейилгани ҳам шу сабабдан. Чунки, саломга алик олинмаса, орада адоват, уриш-жанжал ва мусулмонлар ўртасида турли келишмовчиликлар чиқади.
7. «Акса урганга, соғлик тилаш».
Бу ҳам мусулмонлик бурчи. Ўзаро алоқаларни яхшилаш омилларидан бири.
Энди қайтарилган нарсалар ҳақида:
1. «Кумуш идишлар».
Эркак бўлсин, аёл бўлсин мусулмон одамга кумуш идиш ишлатиш ҳаром. Тилло эса турган гап. Чунки, бу нарсаларни таом учун ишлатишда ортиқча зебу-зийнат, фахр, бошқаларнинг кўнглини синдириш каби кўпгина Ислом дини қарши бўлган омиллар бор.
2. «Тилло узук».
Мусулмон эркакларга тилло узук ва бошқа тақинчоқлар тақиш, ишлатиш ҳаром. Чунки бу нарсалар эркаклик хусусиятини йўқотишга, ортиқча фахр ва зебу зийнатга сабаб бўлади.
3-4-5-6-7–Ипак, дебож-юпқа ипак, қассий-ёмон ипак, истаброқ-қалин ипак ва ипак тўқим».
Бу нарсалар ҳам мусулмон эркакларга ҳаром. Аввалги мулоҳазаларга кўра Аллоҳ хоҳласа ушбу масалалар ўз ўрнида муфассал ўрганилади.
Биз эса ушбу ҳадисга амал қилишга ўтишимиз керак. Амал қилиб юрганлар эса, Аллоҳ берган тавфиққа шукр қилиб бошқаларни ҳам ўзлари каби бахтдан баҳраманд бўлиш учун ҳаракат қилишлари лозим.
Хусусан, ўрганаётган фаслимиз ҳақида гап юритадиган бўлсак, жанозаларда фаол қатнашиб, ихлос ва иймон билан намози жанозаларни ўқиб, дафнларда иштирок этмоғимиз керак.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умарларни жаноза олдида юриб бораётганларини кўрдим». Сунан эгалари, Аҳмад, Ибн Ҳиббон ривоят қилган ва, саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Мазкур зотларнинг йўлидан юрган аҳли тақво ва солиҳ кишилар жанозанинг олдидан юриб бориши яхши, чунки жанозани кузатиб борувчилар шафоатчилар бўлади, шафоатчи эса ўзлари шафоат берадиган кишиларнинг олдидан борганлари афзал, дейдилар уламоларимиз.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Улов минган жанозанинг ортидан юради, пиёда эса ортидан, олдидан, ўнгидан, чапидан унга яқин бўлиб юради», дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган. Ал-Ҳоким, саҳиҳ, деган.
Шарҳ: Улов минган одамнинг ўзига қулай бўлиши билан бошқаларга ноқулайлик туғдириш эътиборидан унинг жанозасининг орқасидан юриши тўғри ҳисобланади.
Бу маънодаги ҳадис олдин ҳам ўтган эди.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ибн ал-Даҳдоҳнинг жанозасидан қайтаётганларида У зотга яйдоқ от келтирилди. У зот уни миниб олдилар. Биз атрофларида юриб кетдик». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Демак Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам жанозани олиб кетишда пиёда кетганлар. Бу ҳам юксак одобнинг намунаси. Ўлган мусулмоннинг ҳурматидан У зот боришда пиёда юриб борганлар. Қ?айтишда эса устида ҳеч нарса йўқ, яйдоқ отга минишлари ҳам камтарликларидан.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жанозани тезлатинглар. Агар аҳли солиҳ бўлса, яхши. Уни (яхшиликка) тақдим қиласизлар. Агар ундан бошқача бўлса, ёмон. Уни елкангиздан (тезроқ) қўясиз», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан нима учун жанозани кўтариб тез юрилишининг ҳикмати чиқади. Бу ишда фақат яхшилик кўзда тутилган. Агар маййит аҳли солиҳ, тақводор, яхши одам бўлса унга ўлими пайтида у дунёдаги жойи ва бўладиган неъматлар, иззат икром кўрсатилган бўлади. Маййит ўша ўзи учун тайёрланган яхшиликларга тезроқ етишишга интиқ бўлиб ошиқиб туради. Шунинг учун уни тезроқ олиб бориб жойига қўйиш керак.
Агар худо кўрсатмасин, маййит ёмон одам бўлса, унинг касофати ҳаммага уради. Унинг касофатидан қутилиш учун уни тезроқ обориб кўмиш керак бўлади.

Уяйна ибн Абдурроҳман розияллоҳу анҳудан, у ўз отасидан ривоят қилади: «У (отаси) Усмон ибн Абул Осснинг жанозасида бўлган: «Секин юриб борар эдик. Орқамиздан Абу Бакра етиб келди ва овозини кўтариб: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бўлганимизда тезлаб-шитоб билан юрар эдик!» деди». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ровий Уяйна ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Уяйна ибн Абдурраҳмон ибн Жувшан Ғатафоний ал-Басрий, кунялари Абу Молик.
Ҳадисларни оталаридан ва Ибн Абу Рубуйъа ибн Жувшан, Ибн Умарни қуллари Нофеъ, Айюб ибн Мусо, Али ибн Зайд ибн Жудъонлардан ривоят қилдилар.
Бу кишидан Ибн Муборак, Ийсо ибн Юнус, Холид ибн Ҳорис, Абу Убайда, Абу Осим, Абу Абдурраҳмон Мунқарийлар ривоят қилишди.
Ушбу ривоятдан жанозани кўтариб секин, иммиллаб юриб бўлмаслиги чиқади. Бундоқ қилиш бошқа миллатларнинг одати.
Шу билан бу ҳукмни билган одамлар билмаганларга ўргатиб туриши керак.

Умму Атияя розияллоҳу анҳодан ривоят: «Биз жанозаларга эргашишдан наҳий қилиндик, бизга азм қилинмади». Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Муслима аёлларнинг мастураликларига футур етмаслиги учун, аёл киши нозик қалб ва ўта куюнчак бўлгани учун қийналиб қолишини эътибордан жанозага эргашишдан наҳий қилинган. Бунинг устига аёл кишининг ўзига хос ҳолатлари эътибори ҳам бор.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жаноза (тобутга) қўйилиб, уни эркаклар елкаларига кўтарганларида, агар у аҳли солиҳ бўлса, мени тезроқ олиб борингилар, дейди. Агар у аҳли солиҳ бўлмаса, вой, шўрим қурусин, қаёққа олиб кетмоқдасизлар?» дейди. Унинг овозини инсондан бошқа ҳамма нарса эшитади. Агар у эшитганида, албатта, қулар эди», дедилар». Бухорий ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, ўлик ҳам ўзига яраша тил билан чақирилади, унинг гапини дунёдаги ҳамма нарса эшитади. Фақат инсонгина эшитмайди. Ўлган одам қиёмат бўлмасдан олдин, қабрга қўйилмасдан олдин ўз оқибати нима бўлганини билади.
Бу дунёда иймон-Ислом, тоат-ибодат, тақво ва поклик билан ўтган одам тобутдаёқ қўйилган иззат-икромларга шошилади.
Бу дунёда фосиқ-фожир, ибодатсиз, гуноҳкор бўлиб ўтган одам ҳам тобутда турганидаёқ ўз ҳолидан хабардор бўлади ва ўзини кўтариб кетаётганларга, вой шўрим мени қаёққа олиб кетмоқдасизлар?-дейди.
Аллоҳ Ўзи саломат қилсин!