1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Жаннат табақалари, эшиклари ва даражалари

18:16 / 02.12.2016 21760 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Албатта, иймон келтирганлар ва яхши амаллар қилганларни Роббилари иймонлари сабабли ҳидоятга бошлайдир. Наъим жаннатларидалар, остларидан анҳорлар оқиб турадир», деган.

Иймон ўз соҳибини яхшиликларга бошлаши зарур. Соҳибини яхшиликларга бошлаган иймонгина иймон ҳисобланади. Бошқаси иймон эмас. Иймонга келиб, яхши амаллар қилганларни эса, Аллоҳ таолонинг Ўзи доимо ҳидоятга йўллаб туради.
«Албатта, иймон келтирганлар ва яхши амаллар қилганларни Роббилари иймонлари сабабли ҳидоятга бошлайдир».
Улар ана ўша ҳидоят, иймон ва яхшиликлари туфайли жаннатга кирадилар.
«Нацим жаннатларидалар, остларидан анҳорлар оқиб турадир».

Аллоҳ таоло: «Аллоҳ тинчлик диёрига даъват қилур ва Ўзи хоҳлаганларни сироти мустақимга ҳидоят қилур», деган.
Аллоҳ бандаларини икки дунёда ҳам саодатли бўлишларини хоҳлайди. Уларни тинчлик диёрида, омонликда, бахт-саодат ва фароғатда бўлишга чақиради. Кимки Аллоҳнинг чақириғига лаббай деб жавоб берса, У зотнинг айтганларини қилса, барча яхшиликларга етишади. Тўғри йўлда–сироти мустақимда барқарор туради. Доимо яхшиликларга соҳиб бўлади.

Аллоҳ таоло: «Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Фирдавс жаннати манзил бўлгандир. Унда абадий қолурлар ва ундан кўчишни истамаслар», деган.
Иймон ва амали солиҳ банданинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги қадр-қийматини оширади. Охиратда эса, жаннатга тушишига сабаб бўлади. Жаннатга тушганда ҳам, у ерда абадий қоладилар. У ерда шундай қадр-қиймат, роҳат-фароғат топадиларки, бошқа жойга кўчишни зинҳор истамайдилар.
Шунингдек, «Мўминун» сурасида ҳам «Фирдавс» жаннати зикри келган.
Аллоҳ таоло:
«Улар (жаннати) Фирдавсни мерос олурлар, улар унда абадий қолгувчилардир», деган.
Зарур сифатларга эга бўлган мўминлар иймонлари ва солиҳ амаллари учун Фирдавс жаннатига ҳақдор бўладилар.

Аллоҳ таоло: «Сидратул мунтаҳо-(тугаш дарахти) олдида. Унинг ҳузурида мацво жаннати бор», деган.
Сидра-дарахт, мунтаҳа-интиҳо, тугаш демакдир. Бу дарахтнинг тугаш дарахти деб номланишининг сабаби бор. Осмонда фаришталар ўша дарахт олдигача бора олар эканлар, холос, ундан нарига ўта олмас эканлар. Ундан нариги томонда нима борлигини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмас экан.
«Унинг ҳузурида маъво жаннати бор».
Яъни, тугаш дарахтининг олдида. Жаннати маъво исмли, тақводорларга ваъда қилинган жаннат бор.

Аллоҳ таоло: «Албатта, иймон келтирганлар ва солиҳ амалларни қилганлар, ана ўшалар, халойиқнинг энг яхшисидир. Уларнинг мукофотлари Роббилари ҳузуридаги остидан анҳорлар оқиб турган жаннат «адн»дир. У ерда абадул абад қолурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Бу-Роббисидан қўрққанлар учундир», деган.
Чунки, дунёда иймон ва амали солиҳдан кўра яхшироқ ҳеч бир иш йўқ.
Қуръони Карим доимо иймондан сўнг амали солиҳни келтиради. Чунки ҳақиқий иймон қалбда тасдиқ топиб, амал билан тасдиқланганидир. Амали солиҳ эса Аллоҳ буюрган яхши ишлардан иборатдир.
«Уларнинг мукофотлари Роббилари ҳузуридаги остидан анҳорлар оқиб турган жаннат «адн»дир. У ерда абадул абад қолурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Бу-Роббисидан қўрққанлар учундир.
Яъни, иймон келтиргач, солиҳ амаллар қилиб, халойиқнинг энг яхшиси унвонига мушарраф бўлган аброр бандаларнинг у дунёдаги мукофотлари Роббилари ҳузуридаги остидан анҳорлар оқиб турадиган жаннати «адн»дир. «Адн» дегани «доимий иқомат жойи» маъносини англатади.
«У ерда абадул абад қолурлар».
Яъни, улар мазкур жаннати «адн»да доимий қоладилар. У ердан чиқмайдилар ҳам, у ерда ўлмайдилар ҳам. Балки, доимий ҳузур-ҳаловат, нозу неъматда бардавом бўладилар.
«Аллоҳ улардан рози бўлди».
Яъни, Аллоҳ улардан бу дунёда қилган иймон-эътиқод ва тоат-ибодатларидан рози бўлди.
«улар ҳам Ундан рози бўлдилар».
Яъни, мўмин бандалар ҳам ўзларига берилган олий мартабалар ва яхшиликлар учун Аллоҳ таолодан рози бўлдилар.
«Бу-Роббисидан қўрққанлар учундир».
Аллоҳ таоло барчамизни Роббисидан қўққанлардан қилсин. Омин!
Бошқа бир қанча оятларда ҳам «Адн» жаннати зикр қилинган. Баъзи мисолларни келтиришга ижозат бергайсиз.
Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида:
«Адн жаннатларидир. Унга улар ва уларнинг оталари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан солиҳ бўлганлари кирарлар. Сўнгра уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: «Сабр қилганингиз учун сизларга Салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандай ҳам яхши!» (дерлар)», деган.
«Адн» жаннатнинг номларидан бўлиб, луғатда «истиқомат жойи, истиқрор ўрни» маъноларини англатади. Демак, мазкур ақл эгалари–мўмин-мусулмонлар ўша сифатларни ўзларида мужассам этиб, бу дунёда уларга амал қилиб яшаб ўтганлари учун қиёматда Адн жаннатларига кирадилар.
«Унга улар ва уларнинг оталари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан солиҳ бўлганлари кирарлар».
Мазкур жаннатга ҳузур-ҳаловатлари янада тўлиқ бўлсин учун ота-оналари, эр ёки хотинлари ва ўғил-қизлари ҳам қўшилиб кирадилар. Аммо шарти бор. Ўша ота-оналар, жуфти ҳалоллар ва зурриётлар аҳли солиҳ бўлишлари керак. Аҳли солиҳ бўлмасалар, кира олмайдилар. Адн жаннатлари катта неъмат, унга кирганлар улуғ мақомга эришадилар. Унда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган неъматлардан баҳраманд бўладилар.
Бунинг устига:
«уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: «Сабр қилганингиз учун сизларга Салом бўлсин! Бу оқибат диёри қандоқ ҳам яхши!» (дерлар)».
Бу эса, уларнинг ҳузурларини янада зиёда қилади. Инсон бу дунёда ҳам бирор неъматга эришса, ҳузурланади. Аммо яқин кишилар уни ўша неъмат ила муборакбод этсалар, ҳузур янгиланади ва янада зиёда бўлади.
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида:
«У адн жаннатидир. Унга кирганларида остидан анҳорлар оқиб турар, улар учун у ерда истаган нарсалари бор. Аллоҳ тақводорларни ана шундай мукофотлар», деган.
Аввалги оятлар тафсирида айтиб ўтганимиздек, «адн» сўзи «иқомат» (муқим туриш) маъносини англатиб, жаннатнинг сифатига ўхшаб қолган сўздир.
«У Адн жаннатидир», дейилганда, муқим туриладиган жаннат тушунилади. Тақводорларнинг охиратдаги диёрлари ўша адн жаннати бўлади. Улар:
«Унга кирганларида остидан анҳорлар оқиб турар».
Бу унинг роҳат-фароғат жойи эканлигига ишорадир.
«...улар учун у ерда истаган нарсалари бор».
Тақводорлар жаннатда нимани истасалар, муҳайё бўлади.
«Аллоҳ тақводорларни ана шундай мукофотлар».
Юқорида зикр қилиб ўтилган ояти карималарда жаннатнинг «Наъийм», «Дорус салом», «Фирдавс», «Маъво» ва «Адн» деб номланадиган табақаларни ҳақида сўз кетди. Шунингдек, жаннатнинг шайх Али Мансур Носиф зикр қилмаган бошқа табақалари ҳам бор. Улардан бири «Жаннатул хулди»-мангулик жаннатидир.
Аллоҳ таоло «Фурқон» сурасида:
«Бу яхшими ёки тақводорларга тайёрлаб қўйилган хулд-мангулик жаннати яхшими?» У (жаннат) улар учун мукофот ва қайтиш жойидир», деган.
Қани, солиштириб кўрилсин-чи?! Дўзах ва ундаги даҳшатли азоблар яхшими ёки мангулик жаннати яхшими? Нозу неъматларга тўла жаннатларда абадий қолиш яхшими?
Мушрик ва кофиру осийларга даҳшатли азобларга тўла дўзахни тайёрлаб қўйган Аллоҳ мўмин-мусулмон ва тақводор бандаларига мангулик жаннатини ҳам тайёрлаб қўйган.
«У (жаннат) улар учун мукофот ва қайтиш жойидир».
Жаннат уларнинг иймонлари, яхши амаллари ва тақволари учун мукофотдир, жаннат уларнинг охир-оқибат қарор топадиган қайтиш жойидир.

Саҳл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жаннатнинг саккиз эшиги бўлиб, улардан бир эшик Райён деб номланур. Ундан фақатгина рўзадорлар кирурлар», дедилар».
Икки Шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда охиратда Рўза ибодатининг фазли бошқа ибодатлардан кўра қандоқ намоён бўлиши баён қилинмоқда. Қиёмат куни рўзадорларни жаннатга киришлари учун алоҳида «Райён» исмли эшик очилар экан.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умматимнинг жаннатга кирадиган эшигининг кенглиги учқур от минган одамнинг уч кунлик масофасичаликдир. Сўнгра улар ундан елкалари узилиб кетай деб сиқилиб ўтарлар», дедилар».
Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, жаннатнинг турли эшиклари бўлар экан. Баъзиларининг алоҳида номлари бўлиб махсус ибодатларга бағишланган бўлар экан. Шунингдек, баъзи умматга алоҳида ажратилган эшиклар ҳам бор экан.

Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Жаннатда юзта даража бордир. Икки даражанинг ораси осмон билан ерчаликдир. Фирдавс унинг энг олий даражасижир. Ундан жаннатнинг тўрт анҳори отилиб чиқадир. Унинг устида Арш бўлади. Агар Аллоҳдан сўрайдиган бўлсангиз, Фирдавсни сўранг», дедилар».
Термизий ва Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Аллоҳим! Ўзинг бизга Фирдавсни ато қилгин! Омин!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Жаннатда юзта даража бордир. Икки даражанинг ораси юз йиллик йўлдир», дедилар».

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Жаннатда юзта даража бордир. Агар оламлар жам бўлсалар, улардан биттаси уларни ўзига сиғдиради», дедилар».

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
«Аллоҳнинг «Ва баланд тўшаклар» деган қавли ҳақида «Уларнинг баландлиги осмон билан ер орасича, беш юз йиллик йўлча», дедилар».
Учовини Термизий ривоят қилган.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозирда араб тилидаги .нубувват, ва .рисолат, сўзларининг ўрнига бизнинг араб бўлмаган тилларда бир сўз ndash .пайғамбарлик, сўзи ишлатиладиган бўлиб қолган. давоми...

2682 17:31 / 17.01.2022
Ўша даврда ботинийлар ҳам ўз фикр ва таълимотлари ила кўпчиликнинг эътиборини қозонган эди. Хусусан, ёшлар ва толиби илмлар ботиний таълимот ва гапларга кўп давоми...

4742 15:04 / 30.09.2019
Абдуллоҳ ибн Муғаффал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам .Саҳобаларим ҳақида Аллоҳдан қўрқинглар Аллоҳдан қўрқинглар давоми...

3846 23:07 / 02.12.2016
Пайғамбар башардан бўлиши таъкидланди. Энди пайғамбар башар бўлганда ҳам, оддий башар эканини таъкидлаш лозим бўлади. Чунки баъзи тушунмаганлар пайғамбар башар давоми...

2750 16:50 / 07.02.2022
Аудиолар

118798 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40748 14:35 / 11.08.2021