196 20.04.2017

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Замонавий фандаги Қуръон ҳақиқатлари

Дин билан дунёни, дунё билан динни ўрганамиз.
И.А.Каримов.

Алҳамдулиллаҳ. Вас солату вас соламу ъала Росуулиллаҳ.
Аллоҳга чексиз ҳамду санолар бўлсинки, У Қодир зотнинг хоҳиши, мустақиллигимизнинг шарофати ила озод ва обод ватанимизнинг тинч, мовий осмони остида, муқаддас ва мусаффо динимизнинг мунаввар нурларидан эзгуликка ташна қалбларимиз баҳраманд бўла бошлади.
Заҳматкаш халқимизнинг илмга чанқоқ фарзандлари, Она Ватанимизнинг порлоқ келажагини қуришда ўз ҳиссаларини қўшиш, улуғ бобокалонларимиз орзуларини руёбга чиқариш, миллий ва диний қадриятларимизни жаҳон афкор оммасига танитишлик учун ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни ғайрат билан ўқиб ўрганмоқдалар.

Ҳурматли юртбошимиз, И.А.Каримовнинг динни фақат бир ёқлама эмас, балки уни дунёвий фанлар билан уйғунлашган ҳолда ўрганиш лозимлиги ҳақида ўз нутқларида таъкидлашлари бежиз эмас албатта. Бунинг замирида Ислом динининг муътабар манбалари моҳиятини дунёвий фанлар асосида англаш, идрок этиш заруриятини англамоқдамиз.
Ҳозирги шиддатли тараққиёт даврида, фан, техника ва ишлаб чиқаришнинг интеграцияси туфайли, мисли кўрилмаган ўзгаришлар, янгиликлар рўй бермоқдаки, бу жараёнларни фақатгина Қуръони Каримнинг мўъжизавий ояти карималари асосида тушуниш мумкинлиги эътироф этилмоқда.
Олимларнинг фикрича, ХХI асрда физика фани билан диннинг интеграцияси вужудга келади. Бу дегани табиатда содир бўладиган физикавий ҳодисаларни Қуръони Каримнинг ояти карималари асосида тушунтириш демакдир. Маълумки, шу пайтгача фан ва дин бир-бирига қарама-қарши қўйилиб келинган эди. Бундай қарама-қаршиликлар оқибатида инсоният жуда кўп нарса ютқазди. Дин инсоннинг ахлоқий нормалари, инсоннинг бахт-саодати ҳақидаги таълимот эканлигини унутиб қўйганлигимиз натижасида сайёрамиз ахлоқий-экологик инқирозга юз тутмоқда.
«Ф.Капро «Дао физика» китобида ислом диншунослиги билан ҳозирги замон элементар зарралар физикаси ўртасида жуда кўп, чуқур ўхшашликлар бор эканлиги ҳақида ёзади» .
Туркиялик олим Х. Нурбоқий ўз китобларида Қуръони Каримнинг муборак оятлари, ҳозирги замон табиий фанлари томонидан аниқланган илмий кашфиётларни тасдиқлаётганлиги ҳақида кўплаб далиллар келтирган.
Машҳур тадқиқотчи олим Кусто ҳам Улуғ Яратгувчининг илоҳий мўъжизасига иймон келтирган ҳолда мусулмон бўлди. Бундай илоҳий мўъжизалар Ҳорун Яхё асарларида батафсил ёритилган.
Мисол тариқасида «Оламни яралиши» хусусида айтилган қуйидаги фикрларни диний ва дунёвий далиллар асосида муқояса қилган ҳолда кўриб чиқамиз.
Олам дастлаб, газ ҳолатда бўлиб, кейин ҳарорат пасайиши натижасида бирлашиб, бир бутун яхлит ҳолатга келган. Кучли портлаш натижасида бўлакларга бўлиниб, юлдузлар ва планеталар пайдо бўлган. Сўнгра маълум бир масофалар оралиғида, Қуёш атрофида айланаётган ҳозирги кундаги ҳолатда жойлашиб қолган. Ушбу планеталар ўз фазовий орбиталарида доимий ҳаракатда. Биз истиқомат қилаётган Она Еримиз, ҳам ўз ўқи атрофида, ҳам Қуёш атрофида маълум бир тезликда айланмоқда.
Албатта бу фикрлар дарс пайтида батафсил ҳолатда тушунтирилади. Энди юқоридаги фикрларни навбат билан шарҳлашга ўтамиз.
1.Олам дастлаб, газ ҳолатда бўлиб, кейин ҳарорат пасайиши натижасида бирлашиб, бир бутун яхлит ҳолатга келган.
Бу ҳақда астроном олим Сэр Жеймс Жинс шундай дейди: «Борлиқ яралишидан аввал ундаги моддалар газдан иборат бўлган ва шу газларнинг ўзаро бирикиши натижасида сайёралар келиб чиққан» .
Доктор Жаму ҳам бу борада ўз фикрини шундай билдиради: «Дунё вужудга келаётган вақтда, у тартибли тарқоқ газдан иборат бўлган. Унинг қалинлигини ва ҳароратини тасаввур қилиб бўлмайди ва шу газда турли моддаларнинг аралашуви натижасида атом парчаланиши вужудга келди. Мана шу ҳаддан ташқари иссиқ газга қаттиқ босимнинг таъсири натижасида борлиқ вужудга кела бошлади».
Энди айрим муфассир алломаларимизнинг фикрларини баён этсам.
Абул Барокат Насафий ўзининг «Мадорик ат танзил» номли тафсирларида ибн Аббос (р.а.) дан қуйидаги ривоятни келтиради. «Аллоҳ Таоло аввал бир жавҳарни яратди. Унинг узунлиги минг йиллик, кенглиги 10 минг йиллик масофага тенг бўлган. Сўнгра Аллоҳ Таоло унга ҳайбат билан назар ташлади. Жавҳар титраб, эрий бошлади. Сўнгра у аланга олиб, ундан тутун қўзғалди. Тутун юқорига кўтарилиб, унинг ўрнига кўпик йиғилиб қолди. Шунда Аллоҳ Таоло кўпикни Ер, тутунни осмон қилди» .
Шайх Азизиддин Насафий (1226 – 1306) ҳазратлари «Зубдатул ҳақойиқ» номли китобларида ёзишларича Аллоҳ (ж.ж) мулк ва малакут оламини яратишни ирода этди ва илк дафъа бир жавҳарни яратди. Унга нигоҳ ташлаши билан у қайнаб кўпириб, газ ҳолатга келган. Шаффоф қисмидан малакут оламини, қуйқасидан мулк, жисм оламини яратди.
Шайх Фаридиддин Аттор ва Рабғузий ҳазратлари ҳам юқоридаги фикрларни ёзиб қолдиришган. Демак борлиқ аввалда яхлит бир жавҳар кўринишда бўлиб, сўнгра газ ҳолатда бўлган экан.
Аллоҳ таоло бу ёруғ дунёни қандай яратганлиги ҳақида муборак китобининг “Фуссилат”сурасида шундай баён қилади:
9. Сен: «Сизлар, ҳақиқатдан ҳам, ерни икки кунда яратган Зотга куфр келтиряпсизми ва Унга тенгдошлар қўшяпсизми?! Ахир, У зот оламларнинг Робби-ку!
10. У зот ўша(ер)нинг устида тоғларни қилди, уни баракотли қилди ва унинг (аҳли) ризқини тўрт кунда ўлчовли этиб тақдир қилди. Бу, сўровчилар учундир», деб айт.
11. Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва ерга: «Икковингиз ихтиёр қилган ҳолингизда ёки мажбур бўлган ҳолингизда келинг!» - деди. Икковлари: «Ихтиёр қилган ҳолимизда келдик», дедилар.
12. Бас, икки кунда етти осмонни барпо этди ва ҳар бир осмонга ишини ваҳий қилди. Биз дунё осмонини чироқлар-ла зийнатладик ва қўридик. Бу азийзу ўта илмли Зотнинг ўлчовидир .
Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таоло ушбу ояти карималари орқали биз яшаб турган ерни икки кунда яратганлигини, тўртинчи кунгача эса барча мавжудот, махлуқот, ўсимликлар-у паррандаларни, ҳашоратлар-у қурт қумусқаларни ризқ рўзисини тақсимлаб, тоғларни ҳам барпо этганини, ниҳоят икки кунда эса етти қават осмонни яратиб, бизнинг дунё осмонимизни юлдузлар билан безаб қуйганлигини баён этмоқда. Аллоҳ шу тариқа бу оламни йўқдан бор этган экан. Мана билиб қуйинг, мулоҳаза юритинг, тафаккур қилинг дунё қандай яралган экан?
Шу ерда ушбу «Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб,» - деб марҳамат қилинаётган ояти каримага эътибор берсак.
Аллоҳ Таоло пайғамбаримиз замонидаги одамлар тушунишлиги осон бўлишлиги учун тутун демоқда. Замонамиз олимлари эса газ деб номлашди. Аслида тутун ҳам, газ ҳам, физик жиҳатдан бир ҳолатни англатади.
Шу ерда юлдузлар ҳақида батафсилроқ тўхталиб ўтсам. Аллоҳ « Биз дунё осмонини чироқлар-ла зийнатладик ва қўридик» деб марҳамат қилмоқда. Ҳақиқатдан ҳам тепамиздаги мовий осмонимизни кечалари чақноқ юлдузлар безаб туради. Оқшомлар фусункор бўлиб кишини маҳлиё қилиб қўйишига сабаб ҳам шудир. Шунингдек, дунё осмонидаги фаришталар ўзаро суҳбатлашаётганда, уларни гапларини ўғринча тинглаб, фолчи малайларига етказишга уринадиган жинлардан муҳофаза қилингани ҳам таъкидланмоқда. Уларни учар юлдузлар етиб, ҳалок этади. Ҳақиқатдан ҳам, кечалари баъзан ёрқин из қолдириб юлдуз учганини кўриб қоламиз . Улар юлдузлардан ажралган бир парча бўлиб, жинларни ҳалок этиш учун отилар экан.Бус-бутун турган юлдуздан ўз ҳолича бирор бўлак ажралиб, ихтиёрий равишда хохлаган томонга қараб йўл олмаса керак ? Аслида бу нарсалар қудратли зот бўлмиш Аллоҳнинг иродаси ила содир бўлар экан.
«Мулк» сурасининг 5-ояти каримасида шундай марҳамат қилинади: «Ва дарҳақиқат Биз яқин осмонни чироқлар билан зийнатлаб қўйдик ва у (чироқ)ларни шайтонларга отиладиган нарса ҳам қилиб қўйдик» .
Ушбу мазмундаги муборак оятлар яна «Ҳижр» сурасида ҳам таъкидланиб келади: 17.«Уни ҳар бир қувилган шайтондан муҳофаза қилдик».
18. «Магар бирортаси ўғирликча қулоқ осса, равшан олов унинг ортидан тушар» .
Демак кечалари юлдузларнинг учиши тасодифий ҳол эмас экан. Шунингдек, юлдузларни биз бандалар учун яна қандай хизмат қилишлиги ҳақида «Анъом» сурасининг 97 ояти каримасида шундай марҳамат қилинади: «У сизларга қуруқлик ва денгиз зулматларида йўл топишингиз учун юлдузларни қилиб қуйган Зотдир. Биладиган қавмлар учун оят-белгиларни батафсил қилиб қўйганмиз» .
Ҳа, Аллоҳ Таоло фақат биладиган, ибрат оладиган, тафаккур қиладиган қавмлар учун ҳар бир оятларни батафсил баён қилмоқда. Тафаккур юритмаймизми ?
Ушбу ояти карималар орқали дунё осмонидаги юлдузлар бежизга яратилмаганлигини билиб олдик . Улар:
1. Осмонимизни безаб, кечаларимизни фусункор қилади.
2. Қоронғу кечаларда бизга йўл ва манзил учун белги.
3. Малоикаларни гапларини ўғирлаш учун борган жинларни қувиб, ҳалок этади.
Худди шу маънода Аллоҳ Таоло «Анбиё» сурасининг 16 ояти каримасида бизларга уқтирадики:
«Биз осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни ўйин учун яратганимиз йўқ !»
Навбатдаги фикрни шарҳлашга давом этамиз.
2.Кучли портлаш натижасида бўлакларга бўлиниб, юлдузлар ва планеталар пайдо бўлган.
Замоновий космология асосларига кўра бутун коинотнинг энг кўп массасини галактиклар ва юлдузлар ташкил этади.
15-18 млд йил илгари унинг барча моддаси дастлаб қиёслаш қийин бўлган ўта зич ҳолатда бўлган.Бу ўта зич ва ўта юқори ҳолатли темпратурали ҳолатни физика фани ҳам умуман ишлаб чиқмаган.Кузатувларга таяниб, бу ҳолатни «ўта кучли» ва «катта» портлаш рўй берган ва вақт ўтиши билан унинг зичлиги ва темпратураси пасайиб борган деб хулоса қилинган.
Эйнштейннинг фикрича, борлиқ миллиардлаб Қуёш системаси каби системалардан иборат. Ҳар бир системада эса юз минглаб юлдуз ва сайёралар мавжуд эканлигини фан тасдиқламоқда. Мана шу ёритқичларнинг ҳаммаси аслида битта бўлиб, кучли портлаш натижасида турли туман планеталарга ажралган. Кимё фанига маълум бўлган кимёвий элементларни Ерда ҳам, осмон жисмларида ҳам учрашишлиги, улар аввалда яхлит ҳолатда бўлганлигидан далолатдир.
Бу ҳақда Аллоҳ Таоло «Анбиё» сурасининг 30-ояти каримасида шундай марҳамат қилади: «Куфр келтирганлар осмонлару ер битишган бўлган эканини, бас, Биз уларни очганимизни ва сувдан ҳар бир тирик нарсани қилганимизни билмасларми? Иймон келтирмасларми?»
Демак, Ер ва осмон бир бутун бўлган-у, кейин эса ажралган экан. Албатта бунинг учун жуда катта энергия талаб қилинади. Бундай улуғ иш фақат Қудрат эгаси бўлмиш Аллоҳгагина хосдир.
Физика фанидан маълумки, агар бирор жисмга тезланиш берилса, ўша унга бериладиган таъсир кучи тўхтатилса ҳам, у ўз инерцияси бўйича ҳаракатини давом эттираверади. Инерция қонуни ( лотинча inertia - ҳаракатсизлик) Ньютон динамикасининг биринчи қонуни. Унга кўра ҳар қандай жисмга бошқа жисмлар таъсир этмаса, жисм ўзининг тинч ҳолатини сақлайди ёки текис тўғри чизиқли ҳаракатни давом эттиради.
Ушбу қонуниятга асосан, Ер ва осмон жисмлари катта куч (портлаш) натижасида ажралган экан, улар шу йўналиш бўйича, ўз ҳаракатларини давом эттираётган бўлишлари лозим. Бу дегани, коинот муттасил кенгайишда давом этмоқда деганидир.
Ушбу ўринда мен, «Наутака» газетасида эълон қилинган қуйидаги мақоламни келтиришликни лозим деб топдим.
«Тепамизда чарақлаб турган қуёш ҳамда бепоён осмонимизни безаб турган юлдузлар, биз яшаб турган Ер ва шунга ўхшаш барча планеталар «Сомон йўли» аталмиш галактикада ҳаракатланади.
Галактикамизни кўндаланг диаметрининг катталиги 100000 ёруғлик йилига тенгдир. Буни шундай тушуниш керак. Ёруғлик нури бир секундда 300000 км йўл босади. Демак, галактикамизнинг кўндаланг кесими ёруғлик нурининг 100000 йил мобайнида босиб ўтган масофасига тенг экан. Буни ҳатто тасаввур этиш ҳам қийин. Биз яшаётган бу галактикадан бир неча баробар катта бўлган минг-минглаб галактикаларни коинотда мавжудлиги ҳозирда аниқланган. Кейинги йилларда галактикалар ва улар тўдаларининг фазода жойлашиши ва ҳаракатланиши маълум бир қонуниятга буйсунган ҳолда кенгаяётганлиги аниқланди. Бу ҳолатни сабабини тушуниб етиш учун Қуръони Каримга мурожаат қиламиз.

Аллоҳ таоло «Ваз-Заарият» сурасининг 47-ояти каримасида шундай марҳамат қилади: «Осмонни Ўз қўлимизда (қудратимиз) ила бино қилдик. Албатта, Биз уни яна кенгайтирувчимиз» .
Ояти каримада марҳамат қилинаётганидек, ҳақиқатдан ҳам коинотнинг кенгайишини ва галактикаларнинг бир-биридан узоқлашаётганини А.А.Фридман деган олим аниқлади, кейинроқ эса Америкалик астроном Э.Хаббл галактикаларнинг спектрларидаги қора чизиқлар спектрларнинг қизил ранг томонга силжишини аниқлади.
Агар ҳар қандай ёритгич ва галактиканинг спектридаги қора чизиғи қизил ранг томон ҳаракатланса ўша объектлар узоқлашаётганини англатади ва бу ҳолат фанда «Коинотнинг кенгайиши» деб аталади. Ажабо олимлар томонидан аниқланган ушбу ҳодисани бир минг тўрт юз йилдан аввалроқ Қуръони Карим томонидан хабар қилиниши илоҳий мўъжиза эмасми?
Қуйидаги расмларда галактикаларнинг спектиридаги параллел чизиқларнинг қизилга томон катта тезлик остида силжишини кўриб турибмиз.
Демак, коинот муттасил кенгайишда.

1. Қуёш спектири.
2. Водород спектири.
3. Гелий спектири.
4. Сириус (Оқ юлдуз) спектири.
5. Орионнинг α си (қизил юлдуз) спектири.

Оқ ёруғлик аслида турфа ранглар қоришмасидан иборатдир. Уни шиша призиа ёрдамида ажратганимизда камалак ранг ҳосил бўлади. Ушбу камалак ранг фанда спектр деб аталади. Бу ҳодиса таҳлили ҳақидаги фикримизни Аллоҳ хохласа, келгуси саҳифаларда батафсил баён этамиз. Спектрда турли ранглар ҳосил бўлиши билан бирга, кўплаб параллел чизиқлар ҳам мавжуд бўлар экан. Бу чизиқларни Фраунгофер деган олим аниқлагани учун, «Фраунгофер чизиқлари» дейилади.
Олимлар шу нарсани аниқлашдики, газ ёки буғ ҳолатдаги ҳар бир кимёвий элемент спектирида бошқа бир кимёвий элементнинг спектиридан фарқ қиладиган ўз «Қорамтир чизиғига » эга экан. Табиатда учрайдиган ҳар бир кимёвий элемент ўз «имзо» сига эга эканлиги, ҳеч бўлмаса бирорта кимёвий элементнинг «Қорамтир чизиғи» ўхшаш бўлмаганлиги сизни ажаблантирмаяптими?
Ушбу муборак китоб ҳақиқатдан ҳам Аллоҳ таоло томонидан нозил бўлганига далил эмасми?
Олимлар кимёвий элементнинг спектр чизиқлари ҳолатини, ҳарорат ўзгартириши мумкинлигини аниқлашди. Демак энди биздан миллиардлаб км узоқликда бўлган юлдузларнинг «ички кечинмалари» ва уларнинг ҳаракати ҳақида кўп нарсаларни айтиб бериш мумкин. Агар юлдуз биздан узоқлашаётган бўлса, ўша қора чизиқлар спектрнинг қизил ранги томон силжиб боради. Олимлар ранглар ўзгаришига қараб, баъзи юлдузлар фазода секундига 150 мил тезлик билан ҳаракат қилишини ҳисоблаб чиқишди. Хулоса шуки, аниқ бир ўлчов ва ҳисоб билан яратилган ҳар бир кимёвий элемент, ўзига хос спектр чизиқларига яъни «имзо»сига эга экан.
Ҳозирги кунда ҳар бир инсоннинг бармоқ излари бир биридан фарқ қилишлиги ҳаммага маълум. Бу мўъжиза ҳам бир минг тўрт юз йил аввлроқ «Қуръони Карим » да баён қилинган эди. Бу каби нарсалар ўз-ўзидан, ўз ҳолича бу даражадаги аниқликда ва тартибда пайдо бўлиб қолиши мумкинми? Йўқ албатта.
Аллоҳ Таоло бутун борлиқни ҳар бир заррачасигача аниқ ўлчов билан яратганлиги ҳақида «Қамар» сурасининг 49 ояти каримасида марҳамат қилади: «Албатта, Биз ҳар нарсани ўлчов билан яратдик» .
Ва яна шунингдек, Аллоҳ таоло «Жосия» сурасининг 3-ояти каримасида
«Албатта, осмонлару ерда мўминлар учун оят(белги)лар бордир» - деб сизу бизни тафаккур қилишимизга чорламоқда.
Нима учун? Шунинг учунки, биз Аллоҳни янада яхшироқ танишлигимиз, ул зотнинг илмини, қудратини, сифатларини, янада чуқурроқ англаб олишлигимиз учун!»
3.Сўнгра маълум бир масофалар оралиғида, Қуёш атрофида айланаётган ҳозирги кундаги ҳолатда жойлашиб қолган. Ушбу планеталар ўз фазовий орбиталарида доимий ҳаракатда.
Албатта барча планеталар ўз орбиталари бўйлаб, маълум бир тезликда айланаётганликларини ҳозирги кунда ҳамма ҳам яхши билади. Улар:

1.Бир-бирига тортилиб, тўқнашиб ҳам кетмайди.
2.Бир-биридан узоқлашиб ҳам кетмайди.

Бир-бирларига яқинлашмаслигига сабаб, улар муттасил орбитавий ҳаракатда бўлганлари учун,марказдан қочирма куч остида узоқлашишга ҳаракат қилишади. Аммо узоқлашиб ҳам кета олмайди. Бу ҳолатни машҳур физик олим И. Ньютон «Бутун олам тортишиш қонуни» деб аталувчи қонунида қуйидагича ифода этади: F=G
Яъни, икки жисм орасидаги ўзаро тортишиш кучи, уларнинг массалари кўпайтмасига тўғри пропорционал ва улар орасидаги масофалар квадратига тескари пропорционалдир. Демак, барча планеталар орасида шундай бир ўзаро тортишиш кучи ва марказдан қочирма куч мавжудки, улар ана шу куч остида бир бирларидан узоқлашиб ҳам кета олмайдилар яқинлашиб ҳам қолмайдилар. Борлиқ ўзаро жуфт, аммо бир бирига қарама-қарши бўлган куч остида мувозанатдадирлар.
Планеталарнинг коинотда жойлашишлиги ҳам, ҳаракатлари ҳам, тафаккур эгалари учун бир аломатдир. Ахир кучли портлаш натижасида ушбу планеталар бошқача ҳолатда жойлашиши ҳам мумкин эди-ку! Масалан: Ой Ернинг эмас, бошқа планетанинг йўлдоши бўлиши мумкин эди ёки бошқа планеталарнинг бир неча йўлдошлари мавжуд бўлган ҳолда, Она Еримизнинг атрофида биргина Ой айланмоқда-ки, бунинг ҳикмати ҳақида келгуси фаслларда сўз юритамиз, иншааллоҳ. Осмонни Ўз қудрати ила яратган Қодир зот, шу коинотда юлдузлар учун ҳам, Қуёш учун ҳам, барча планеталар, кометалар, астероидлар учун ҳам, маълум бир макон ва аниқ бир йўлни белгилаб қуйгандир.
Бу ҳақда Аллоҳ Таоло «Ясин» сурасининг 40-ояти каримасида шундай марҳамат қилади: «На қуёшнинг ойга етиб олмоғи дуруст бўлар ва на кеча кундуздан ўзиб кетар. Ҳар бири фалакда сузиб юрар» .
Ҳақиқатдан ҳам бутун борлиқ, коинот пайдо бўлганидан буён, қуёш ва ой ўз фалакларида бир маромда сузмоқдаки, бири иккинчисига етиб олгани ҳам йўқ, ёки ундан ўтиб кетгани ҳам йўқ. Нафақат бу иккиси, балки галактикамиздаги барча юлдузлар, сайёралар, уларнинг юлдошлари, кометалар, астероидлар ҳамма-ҳаммалари маълум бир қонуният, аниқ бир ўлчов, белгиланган бир тезлик остида Аллоҳнинг ўзи белгилаб берган манзил маконларида ҳаракатланмоқдалар. Демак, шунинг учун ҳам улар, улуғ Яратгувчининг изни-иродаси ила ўзаро уйғун бир мувозанатлашган ҳолда, худди бир жисм аъзоларидек, ўз фалаклари (орбиталари)да сузмоқдалар-ки, «На қуёшнинг ойга етиб олмоғи дуруст бўлар ва на кеча кундуздан ўзиб кетар». Ваҳоланки осмондаги ҳисоб-китобсиз юлдузлардан ташқари, биргина Юпитернинг ўзини 16 та йўлдоши бор экан. Астроном олимлар 1000 га яқин кометаларни, 100000 дан зиёд астероидларни ҳисобга олишган. Буларнинг ҳар бирига аниқ бир манзил ва йўналиш берган ким?! Саноғи йўқ, улкан, маҳобатли осмон жисмларининг бир маромдаги ҳаракатларини кимдир назорат этмаса, тинч, давомли ҳаракатлар бўлиши мумкинми?! Бандаси ясаган механизмлар, соатлар адашади, хато қилиши мумкин. Аммо Улуғ яратгувчимиз Аллоҳ Таолонинг назорати остида ҳаракат қилаётган миллион-миллион осмон жисмлари хато ҳам қилмайди, тўхтаб ҳам қолмайди. Ушбу ҳолатни илоҳий бир мўъжиза эканлигини англаб етиш фурсати келмадимикан?
Шу ерда табиатдаги жуфтлик қонунияти ҳақида бир оз фикр юритсак Шу нарсани таъкидламоқлиқни жоиз деб билдимки, физика фанидан яхшигина хабардор бўлган иймонлик киши, табиатдаги физикавий ҳодисаларни моҳиятини, қонуниятларини муборак ояти карималар асосида тушуниб олишлиги ҳамда Қуръони Каримнинг илмий мўжизалари олдида лол қолиши аниқдир. Физика, математика, химия ва бошқа фан соҳаларида олимлар томонидан амалга оширилган барча кашфиётлар ҳақида аслида бир ярим минг йилча олдинроқ Аллоҳ ҳақ субҳанаҳу ва таоло томонидан Ўз муборак каломида баён қилинган экан. Сўзимизнинг исботи сифатида энг муҳим физик қонуниятлар ичидан жуфтлик қонунияти ҳақида фикр юритсак. Ҳақиқатдан ҳам бу ёруғ дунёда жуфтлик қонунияти устивордир. Инсонлар, ҳайвонлар ва барча организмлар жуфт ҳолда ҳаёт кечириши ҳаммага маълум. Шунингдек, инсонларга хос бўлган хислатлар ҳақида, масалан яхшилик-ёмонлик, сахийлик-хасислик, жасурлик-қўрқоқлик ва шунга ўхшаш бошқа бир қанча хислатлар ҳақида руҳшунос олимларимиз кўплаб асарлар ёзганлар. Ёки кеча ва кундуз, нур ва соя, шовқин ва сукунат каби бир-бирига зид бўлган жуфтликларни ҳам мисол тариқасида келтиришимиз мумкин.
Электр бўлимига оид мусбат ва манфий зарядлар, мусбат ва манфий ионлар, ўзгарувчан ва ўзгармас токлар мавжуддир. Худди шунингдек электромагнит тўлқинлар ҳам элекр ва магнит майдонлари натижасида пайдо бўлиб тарқалади. Бирисиз иккинчиси пайдо бўлмайди. Бу ерда ҳам жуфтлик қонуниятининг гувоҳимиз. Яна ўзимиз яшаётган она заминимиз ҳам икки қутбдан, яъни шимолий ва жанубий қутблардан иборат экан. Олам ўқининг бир учи шимолий қутбда бўлса, бир учи жанубий қутбда бўлади.
Ва яна энергиянинг ҳам бир-бирига зид бўлган икки тури мавжуддир. Булар потенциал ва кинетик энергиялардир. Жисм юқорига отилганда потенциал энергияси ортиб бориб, кинетик энергияси камайиб боради. Жисм қайтиб пастга тушаётганда унинг энергияси аксинча бўлади. Энг кичик зарра ҳисобланмиш атом ҳам нейтрон ва протондан ташкил топган.
Машҳур физик олим Карл Давид Андерсонинг позитрон (мусбат электрон) ни кашф этгани физика фанининг энг муҳим ютиқларидан бири бўлди.
Фурсатдан фойдаланиб, заррачалардаги мавжуд бўлган зид, антизарралар оламига ҳам саёҳат этсак.
« Антизарралар –массаси, спини, изатопик спини, жуфт – тоқлиги ўзининг « эгизак» заррасининг мос параметрларига ўзаро тенг бўлиб, бир – биридан фақат электр ва нуклон зарядлари, ажиблиги, магнит моментларининг ишоралари билан фарқ қиладиган элементар зарралардир.
Зарралар ва антизарраларга мисоллар:

Электрон ва позитрон,
Протон - антипротон
Нейтрон – антинейтрон
Нейтроно – антинейтроно
mҲ - m-- мезонлар
pҲ - p-- мезонлар
kҲ - k- мезонлар

Бундан кўринадики, антизарра барча зарядли зарраларда ҳам, электр жиҳатдан нейтрал (зарядсиз) зарраларда ҳам мавжуддир.
Антипротон протонга нисбатан антизаррадир. Унинг массаси, спини, заряди ҳатто магнит моментининг мутлоқ қийматлари, протоннинг тегишли физик параметрларига тенг. Фақат заряди ва магнит моментининг ишораси билан протондан фарқ қилади
Зарра ва антизарра жуфтининг алоҳида хоссаси – уларнинг бир – бири билан учрашганда аннигиляцияланиб, материянинг бошқа шаклига айланиши» . «Аннигиляция» (лотинча «annihilatio» - йўқолиш)- зарранинг антизарра билан тўқнашиши натижасида бошқа заррага айланиш жараёни. Ҳозирги замон физикасида кўплаб топилаётган элементар зарралар, улардан баъзиларининг йўқолиб кетиши ва бошқаларинг пайдо бўлиши, материянинг чексиз хилма- хиллигини, матеря шакилларининг ўзаро бирлигини, материянинг бир шаклдан иккинчи шаклга айланишини ифодалайди» .
Энди, модда ва антимоддалар хусусида.
«Антимодда - антизарралардан ташкил топган материя тизими. Антинуклонлар антиядрони, антиядро билан антиэлектронлар (позитронлар) антиатомни, антиатомлар антимолекулани ҳосил қилади ва ҳакозо. Шу равишда антизарралардан ҳосил бўлган турлича антижисмлар, антиюлдузлар, антигалактикалар мавжуд бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Антиэлектрон, антипратон, антинейтрон ва бошқа айрим антизарралар кўплаб тажрибаларда аниқланди. ...Материянинг антимодда шаклида яшаши фақат ХХ асрдагина аниқланди.Ер юзаси ёки космос миқёсида модда билан антимодданинг ўзаро таъсири, жумладан уларнинг аннигиляцияси натижасида рўй бериши мумкин бўлган катта энергияли турли ҳодисаларни ўрганиш, келажак физикасининг муҳим масалаларидандир. Атом ва антиатом тўқнашишда жуфт электрон-позитронларнинг, шунингдек, нуклон ва антинуклонларнинг шиддатли жараёнлари юз беради.Барча мазкур жараёнлар натижасида катта миқдорда энергия ажралиб чиқади» .
Аннигиляциянинг барча энергиясидан тўлиқ фойдаланиш имконини берадиган илмий кашфиётлар ихтиро қилиниб, улар амалга ошадиган бўлса, инсон ғоят битмас – туганмас энергия манбаига эга бўлади. Масалан: 1 кг модда ва антимодданинг тўлиқ ўзаро таъсирлашиши, яъни, аннигиляцияси натижасида ажралиб чиқадиган энергия 3 миллиард тонна тошкўмир ёнганида олинадиган энергиядан ҳам 3 миллиард марта зиёд бўлар экан.
Ҳа, ота-боболаримиз билмаган, кўрмаган қанчадан-қанча янгиликларни гувоҳи бўлиб турибмиз. Ажаб эмас, яқин келажакда модда ва антимодда аннигиляцияси натижасида ажралиб чиқадиган энергиясидан саноатда, фан- техникада фойдаланиш йўлларини ишлаб чиқиш, Аллоҳ берган ақл идрок билан амалга ошса. Тараққиёт давом этар экан, Аллоҳ инсониятни ўз даврига мос равишда ақл-идрок бериб, яратган неъматларини тасарруф этмоқлигимизни насиб этган экан, улардан фойдаланишда исрофгарликка, зулм, зўравонликка берилмай шукроналик ила истиқомат қилмоқлигимиз лозим бўлади. Ваҳолани, ҳали электр лампочкаларнинг Эдисон томонидан 1867- йилда кашф этилмасдан аввал, кишиларга бир неча минг шамчироқ ёруғлигидан бир дона қилдек симчанинг ёруғлиги бир неча минг ҳисса кучли бўлади деганида, бу хусусда тортишишни ҳам лозим топмай, сизни хаёлпарастликда айблаб, кулибгина қўя қолиши мумкин эди. Ваҳоланки, ҳозирги кунларимиздаги турли кучланишдаги чироқларимиз-у прожекторларимизнинг ёритиш қуввати ҳаммамизга маълумдир. Ёки, ўз вақтида атом реакцияларини бошқариш, унинг энергиясидан фойдаланишда инсон ожизлик қилган бўлса, ҳозирги даврга келиб, АЭСлар, атом муз ёрар кемалари ва бошқа атом қурилмалари инсониятга хизмат қилмоқда. Ажаб эмаски, неча тонналик ёқилғи билан коинотга учаётган космик ракеталаримиз, бир чунтакка жо бўладиган модда ва антимодда аннигиляцияси энергияси воситасида узоқ сайёраларга парвоз этса.

Ёки машиналаримизни ҳаракатга келтириш учун, тугмачадек нарсанинг энергияси кифоя қилса.Шуни таъкидлашни лозим деб биламанки, бу кучли энергиялар фақат инсон манфаатларига хизмат қилиши лозим. Акс ҳолда истиқомат қилаётган она заминимизни парча-парчалаб, ҳалокатга юз тутишимиз мумкин.
Коинотдаги улкан планеталар, ёритқичлардан тортиб энг кичик зарра ҳам, ўзаро зид бўлмиш жуфт кучлар таъсири остида тўхтовсиз айланма ҳаракатда эканлигини юқорида Ньютон формуласи асосида кўриб чиққан эдик. Яаъни, улар қуйидаги кучлар эди:

1. Ўзаро тортишув кучи.
2. Марказдан қочирма куч.

Мана шу иккита бир-бирига зид бўлган жуфт кучлар таъсири остида бутун борлиқ мувозанатдадир. Оламнинг бу даражада аниқ ҳисоб-китоб билан яратган ва идора этган Аллоҳ буюкдир. Демак табиатдаги ҳар бир нарсага ибрат назари, тафаккур кўзи билан қарамоқлигимиз лозим бўлади-ки, бунинг натижасида бу олам беҳуда, ҳисоб-китобсиз эмас, балки аниқ бир қонуният остида яратилганлигини англаб етамиз.
Бутун табиат баҳраманд бўладиган ёруғлик нурининг ўзига ҳам Аллоҳ таоло икки хил хусусият ато этибди:

1.Ёруғлик-тўлқин каби тарқалиш хусусиятига эга. Бу назария Ньютон ва унинг издошларига тегишли.
2.Ёруғлик – худди заррачалар оқими каби сочилиш хусусиятига ҳам эга. Бу назария эса Гюйгенс ва унинг издошларига тегишлидир.

Биз нафас оладиган кислороднинг ҳам таркибида «Мусбат аэроионлар» ва «Манфий аэроионлар» мавжуд экан. Ана шу «Манфий аэроионлар»нинг ҳаёт учун бағоят муҳимлигини машҳур биофизик олим Александр Чиживески ХХ асрнинг йигирманчи йилларида биринчи бўлиб исботлаб берди. Табиатдаги жуфтлик ҳақидаги сўзимизни шу ерда мухтасар қилсакда, бу жуфтликни ҳикмат билан яратган буюк яратгувчини муборак каломига мурожаат этсак.
Бу ҳақда «Ваз-заариёт» сурасининг 49 оятида шундай марҳамат қилинади:
«Ва Биз ҳар бир нарсани жуфт яратдик. Шоядки эсласангизлар» .
Ҳа, биз ибрат, эслатма олишлигимиз учун ҳар бир нарса ўз жуфти билан яратилган экан.
Юқорида ёзилган гапимизни давомини шарҳлашда давом этамиз.

4.Биз истиқомат қилаётган Она-Еримиз, ҳам ўз ўқи атрофида, ҳам Қуёш атрофида маълум бир тезликда айланмоқда.
Она заминимизни ўз ўқи атрофида айланиши натижасида кеча, кундузга алмашинишлиги, Қуёш атрофида айланишлиги натижасида эса, фасллар ва йил алмашинуви содир бўлишлигини, бобокалон алломаларимиз томонидан аниқланганлигини мактабда ўқиб юрган пайтларимиздаёқ билиб олганмиз ва машҳур алломаларимиз билан фахрланганмиз, албатта. Лекин бу ҳолатлар кимнинг изни-иродаси остида содир бўлаётганлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган эканмиз. Чунки, бу каби ҳодисалар, материалистик дунёқарашга асосланган мафкура остида табиат кучлари ва қонуниятлари натижасида содир бўлади деб тушунтирилар эди.
Ҳақиқатда эса, бундай ҳодисалар Улуғ Яратгувчи, Аллоҳ Таолонинг иродаси ила амалга ошишлигини қуйидаги ояти карималар асосида билиб олишимиз мумкин.
«Юнус» сурасида шундай марҳамат қилинади:

5. «У қуёшни зиё ва ойни нур қилган ҳамда сизлар йилларнинг ададини ва ҳисобни билишингиз учун унинг манзилларини ўлчовли қилган Зотдир. Аллоҳ ўшани фақат ҳақ ила яратди. У биладиган қавмлар учун оятларни батафсил баён қиладир» .
Ҳа улуғ яратгувчимиз қуёшни она заминимизга зиё сочишлиги, барча мавжудот унинг нуридан баҳраманд бўлишилиги ва қоронғу кечаларимизни ёритиб, фусункор айлаётган ой ёрдамида вақтни, ой ва йил ҳисобини билишлигимиз учун уни турли манзил ва буржларга бўлиб, белгилаб қўйибди экан. Ернинг Қуёш атрофида айланиши йил, Ернинг ўз ўқи атрофида айланиши сутка деб атаймиз.
Худди шу маънода Аллоҳ Таоло «Анбиё» сурасининг 16 ояти каримасида бизларга уқтирадики: «Биз осмонлару ерни ва уларнинг орасидаги нарсаларни ўйин учун яратганимиз йўқ !»
Ушбу ояти карима коинотни, бутун бир борлиқни аниқ бир ҳикмат, ҳақ бир қонуният ила яратган Аллоҳнинг нақадар буюк зот эканлигига далолат этмаяптими? Ер қуёш атрофини тўла 365 унда бир маротаба айланиб чиқади ва буни биз бир йил деб ҳисоб қиламиз. Мўъжиза шундаки, кун сўзи ҳам Қуръони каримда роппа-роса 365 маротаба такрорланган экан. Ой ҳам ўз навбатида Ер атрофини ўртача 30 кунда айланиб чиқар эканки, кунлар сўзи ҳам муборак китобда 30 маротба такрорлнган экан. Бу даражадаги аниқлик ва узвий боғлиқлик ўз-ўзидан бўлиб қолмайди-ку. Шунингдек «Ясин» сурасининг 39- ояти каримасида марҳамат қилинади: «Ойни эса, токи эски (хурмо) шингили (ҳолига) қайтгунга қадар манзилларини бичиб қўйганмиз» .
Ҳақиқатдан ҳам Ой Ер атрофини ҳар суткада шарққа томон яъни кун чиқиш томонга қараб, 13 градусга силжиган ҳолда бир ой давомида айланиб чиқади. Ой ҳар куни 13 градусга силжиб кўринар экан, бизга худди янги манзилдан чиққандек бўлиб кўринади. Ойнинг фазалар даврийлиги янги ой чиқиши билан бошланади сўнгра ойнинг Ерга қоронғу томонига қуёш нури туша бошлайди. Қуёш нури тушган жой янги ойнинг ингичга ва энсиз қисми бўлиб кўринади. Хуллас ойнинг қуёш нури тушган қисми катталаша боради ва ярим доира шаклига келади. Сўнгра тўлишиб яна кичрая бошлайди «токи эски (хурмо) шингили» кўринишга келгунича. Эътибор берайлиг-а, ерда-ю кўкда, ҳамма жойда, ҳамма-ҳамма нарса биз учун, бизнинг манфаатимиз учун яратилган экан. Шукр қилгувчилардан бўлмаймизми ?
Ушбу мазмундаги муборак ояти карималар «Анъом» сурасининг 96 ояти каримасида ҳам марҳамат қилинади:
«У, субҳни ёритгувчи Зотдир. У, тунни сукунат, қуёш ва ойни ҳисоб қилиб қўйди. Бу эса, ғолиб ва яхши билгувчи Зотнинг ўлчовидир» .
Биз кечқурун қуёш ботгандан сўнг, албатта тонг отишига ишонамиз ва бунга кўникиб ҳам қолганмиз. Тонг отмай қолишлигини хаёлимизга келтирмаймиз ҳам ва бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаймиз. Кундалик ташвиш ва орзу умидлар, ҳаваслар гирдобига ғарқ бўлганмиз. Ваҳоланки, Аллоҳ тонг оттиргувчидир. Агар У зот хохламаса тонг ҳам отмайди, ҳаёт ҳам тўхтайди.
Тунни эса биз дам олишлигимиз учун, сукунат, оромгоҳ қилиб қуйибди экан. Қуёш ва ой биз учун ҳисоб белгилари экан.
Ва яна «Ҳижр» сурасида ҳам таъкидланиб келади: 16. «Батаҳқиқ, Биз осмонларда буржлар қилиб қўйдик ва уни назар солувчилар учун зийнатлаб қўйдик».
Ҳақиқатдан ҳам Қуръони каримда таъкидланаётганидек ҳозирги замонда олимларимиз коинотни 12 буржга бўлиб ўрганишади. Улар қуйидагилардир:

1. Ҳамал – қўй.
2. Савр – сигир.
3. Жавзо – эгизаклар.
4. Саратон – қисқичбақа.
5. Асад – арслон.
6. Сунбула – бошоқ.
7. Мезон – торозу.
8. Ақраб – чаён.
9. Қавс — Ёй.
10. Жадий – тоғ эчкиси.
11. Далв – қовға.
12. Ҳут –балиқ.

Осмоннинг ушбу 12 буржини Қуёш 3650 (даража) билан бир йил давомида кесиб ўтади. Ва яна шунингдек «Тавба» сурасида ҳам Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: 36.«Албатта, Аллоҳнинг китобида ойларнинг сони Аллоҳнинг ҳузурида осмонлару ерни яратган куни ўн икки ой қилиб белгиланган. Улардан тўрттаси (уруш қилиш) ҳаром (ойлар)дир. Мана шу тўғри диндир. У (ой)ларда ўзингизга зулм қилманг. Мушрикларга қарши жам бўлиб, улар сизга қарши урушаётгандек, уруш қилинг. Ва билингки, албатта, Аллоҳ тақводорлар биландир».
Демак, биз ушбу кунда ҳисоб учун фойдаланаётган 12 ойни аслида Аллоҳ Ер ва осмонни яратган вақтидаёқ белгилаб қўйган экан. Фақат биз буни Аллоҳ берган ақл-заковат ёрдамидагина ҳисоблаб чиқардик холос. Ана шу ойлардан тўрттасини уруш қилиш ҳаром қилинган ой эканлигини Аллоҳ таъкидламоқда. Бу ойлар Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойлари кириши билан уруш қилаётган қабилалар жанг қилишни тўхтатишган. Албатта бунинг ҳикматини, ижтимоий аҳамиятини қанчалик таърифласак ҳам камдир.
«Ясин» сурасининг 38 ояти каримасида марҳамат қилинади: «Қуёш ўз истиқрори учун жараён этар. Бу азийзу ўта билгувчи Зотнинг тақдир қилганидир».
Бизнинг тасаввуримизда қуёш гуё ер атрофида айланмоқда. Аслида уни 1секундда 20 км лик тезлик билан Лира ва Геркулис юлдуз туркумлари томон ҳаракатланаётганлигини олимлар аниқлашди. Сайёралар эса ўз орбиталари бўйлаб, Қуёш атрофида айланган ҳолда унга эргашишмоқда. Ва яна шу нарса маълум бўлмоқдаки, Қуёш қачондир ўз қароргоҳига, манзилига етиб келгай. Албатта «Бу азийзу ўта билгувчи Зотнинг тақдир қилганидир».
Бизга маълумки Ер бошқа планеталар каби Қуёш атрофида ҳаракатланади. Ушбу ҳаракат тезлиги бир секундга 30 кмга тенг экан. Бир минутда эса она еримиз билан биргаликда 1800 км йўл босиб қўяр эканмиз.
Бундай катта тезликда ҳаракатланаёиган Ер сиртидаги жамики мавжудотлар океан ва денгиз сувлари қандай сақланиб турибди? Улар бу катта тезлик натижасида ва марказдан қочирма куч натижасида Ер сиртидан коинот қаърига отилиб, сочилиб кетиши керак эдику. Бу мисли кўрилмаган тезлик остида ҳам барча жисмлар сув ва мавжудотларни Ерга сақланиб туришлигига сабаб нима? Ҳақиқатни англамоқ учун яна Қуръони Каримга мурожаат қиламиз. Бу хусусда «Мурсалаат» сурасининг 25-26 ояти карималарида шундай марҳамат қилинади: 25. « Ерни ўзига тортгувчи қилиб қўймадикми?! »
26. « Тирикларни ва ўликларни ».
Демак ҳар бир яратадиган нарсасини ҳолатини яратмасдан аввал ҳам билгувчи Қодиру баркамол зот, Ерни ўзига ўликларни ҳам тирикларни ҳам тортиб туришлик хусусияти ила яратган экан. Шунинг учун ҳам на «тириклар» на «ўликлар» коинот бўшлиғига отилиб ҳам сочилиб ҳам кетмас экан. Бу ерда тириклар барча мавжудот ва махлуқотлар ўликлар эса тоғу тош, сув, ҳаво ва ҳакозалар. Аллоҳ табиатдаги барча жисм ва предметларни жонли ва жонсизларини қисқача қилиб, тириклар ва ўликлар деб атамоқда. Шу ўринда яна савол туғулиши мумкин ер бу қадар катта тезликда ҳаракатланар экан, нега унинг бу ҳаракатини ҳам силкиниши ёки титрашини ҳам сезмаймиз? Ҳар қандай ихтирочи муҳандис ўзи кашф этаётган бирор бир машина ёки механизмни бекаму кўст бўлишига интилади.
Бу соҳада ҳам Қудратли яратгувчимизни ҳамма нарсани ҳикмат билан яратгувчи ягона зот эканлигини ушбу «Набаъ» сурасининг 7-ояти каримасидан билиб олишимиз мумкин.

7.« Ва тоғларни қозиқ (қилиб қўймадикми?)».
Демак тоғлар ҳам бежизга яратилмаган экан. Секундига 30км тезликда ҳаракатланаётган ерни тоғлар ўз оғирлиги билан равонлаштириб, вазминаштириб турар экан. Бизга маълумки ички ёнув двигателларидаги тирсакли вални айланма ҳаракатини равонлаштириш мақсадида оғир қилиб ясалган маховик ўрнатилади. Шунингдек енгил автомабилларни балонларини ҳам балансировкаси қаттиқ назорат қилинади. Булар оддий машина механизми-ку. Шунчалик улкан ерни катта тезланиши тоғлар билан мувозанатга солиниб вазминлаштирилиб турилиш бежиз эмаслигини англагандирсиз.
Бу хусусда «Наҳл» сурасининг 15 ояти каримасида ҳам шундай марҳамат қилинади: «У Зот ер сизларни тебратиб юбормаслиги учун унинг устига баланд тоғларни ташлаб қўйди. Анҳорлару йўлларни ҳам. Шоядки, тўғри йўл топсангиз ».
Кўзимизни яшнатаётган бу пурвиқор тоғлар, бизнинг тасаввуримизда худди Ер устига ўрнатилгандек. Ҳозирги замон фани шу нарсани аниқладики, тоғлар аслида Ерга қозиқ каби қоқилгандек, яъни, тоғнинг бизга кўринадиган қисмидан, Ер остидаги бизга кўринмайдиган қисми каттароқ экан.
«Мурсалаат» сурасининг 27 ояти каримасида ҳам шундай марҳамат қилинади: « Ва Биз унда юксак тоғлар қилдик ва сизларни зилол сув билан суғордик ».
Биз ушбу ояти карима орқали тоғларни зилол ва чучук сув манбаи ҳам эканлигини билиб олмоқдамиз. Ҳақиқатдан ҳам, баланд –баланд тоғлардаги оппоқ қорлар, абадий музликлар ўзининг зилол ва ширин сувлари билан, ўзимизга ҳам, ҳайвонларимизга ҳам, экин-текинларимизга ҳам ҳаёт бағишлаб туради. Улуғ ҳикмат эгаси бўлмиш Аллоҳ Таоло тоғларни яратди-ки, осмонўпар чуққилардаги қорлар ёз ойлари давомида бир маромда эриб, дарёларимизни чучук сув билан таъминлаб турибди. Аллоҳ ҳеч бир нарсани ҳикматсиз яратмас.

Демак, тоғлар бежизга яратилмаганлиги, уларга ҳозирча бизга маълум бўлган қуйидаги вазифалар юклатилганлиги маълум бўлмоқда:

1.Ер ҳаракати давомида тебранмаслиги.
2.Чучук сув манбаи.
3.Турли ҳайвонлар учун бошпана ва озуқа маскани
4.Турфа хил дов-дарахтлар ва ўсимликлар ўсишлиги
5.Қазилма бойликлар олишлигимиз ва ҳакозалардир.

Ҳақиқатдан ҳам,тоғлар бағридаги қазилма бойликлар, халқ хўжалиги саноати учун зарур хом ашё эканлиги ҳақида ҳам кўпдан кўп сўз юритишимиз мумкин.
Ҳаммамизга яхши маълумки, барча планеталар шу жумладан Ер ҳам шар шаклидадир. Бу ҳақда Улуғ Роббимиз «Наазиъаат» сурасининг 30-ояти каримасида шундай марҳамат қилади:
« Ва ундан сўнг ерни тухум шаклида қилди».
Ушбу ояти карима орқали Ерни тухум шаклида эканлигини билиб олмоқдамиз. Демак Аллоҳ Ерни тухумсимон шаклда текислаб, ёйиб, кенг қилиб қуйган экан. Ернинг шакли тўғрисидаги аниқ жавобни градуслаб ўлчаш, яъни Ер сиртининг турли жойларидаги 10 (градус)га тенг бўлган ёйлар узунлигини километрлар ҳисобида ўлчаш натижасида аниқлаш мумкин. Олимлар томонидан олиб борилган ўлчашлар шуни кўрсатдики, меридианнинг километрда ифодаланган 10 узунлиги қутбга яқин жойларда энг катта, яъни 111.7 км. бўлса, экваторда эса, энг қисқа 110.6 км эканлигини кўрсатди. Демак, Ер сиртининг экватордаги қавариқлиги, қутблардагига қараганда анча катта эканлиги Ернинг шар шаклида эмаслигидан далолат қилмоқда. Ернинг экваториал радиуси қутб радиусидан 21.4 км. катта экан.Олимларимиз томонидан олиб борилган бу ўлчаш ишларнинг натижасида Ернинг айнан шар шаклида эмаслигини Қуръони карим орқали хабар қилиниши Яратгувчи зотнинг ҳақ эканлигига далолат эмасми?
Машҳур олим И. Ньютон ҳам 1680 йилда бутун олам тортишиш қонунига асосланиб, Ер шар шаклида эмас, эллипсоид шаклида деган ғояни илгари суради. ХIХ аср бошларида турли мамлакатларда бажарилган астраномик-геофизик ишлар Ернинг шакли эллипсоиддан бир оз фарқ қилишини кўрсатди. Масалан француз олими П.С. Лаплас меридиан ёйининг қиймати, экватордан қутбга тамон бир хилда камаймаслигини аниқлади ва Ер мураккаб шаклда деган хулосага келди.
1873 йилда немис физиги И.В. Листинг Ернинг бундай шаклини геоид деб аташни таклиф этди.
Умуман, истиқомат қилаётган Она Еримиз ҳақида батафсилроқ маълумотлар билан танишсак.
«Ер – массаси 5976´1021кг. ...Қуёш атрофида доирадан жуда оз фарқ қиладиган эллиптик орбита бўйлаб айланади. ...Ер билан Қуёш орасидаги масофа йил давомида147,117 млн км. дан (перигелийда), 152,083 млн км. гача (афелийда) ўзгариб туради. ...Ернинг орбита бўйлаб қиладиган ҳаракат тезлиги, 30,27 км/с дан (перигелийда) 29,27 км/с гача (афелийда) ўзгариб туради.Ер Қуёш билан бирга галактика маркази атрофида ҳам айланади, галактик айланиш даври 200 миллион йилга яқин вақтга тенг, ҳаракатнинг ўртача тезлиги 250 км/с». Қуёш ўз тизимига тегишли барча планеталари билан биргаликда Геркулес юлдузлар туркимига тамон 20 км/с тезликда ҳаракат қилади. «Ясин» сурасининг 38 ояти каримасида марҳамат қилинганидек:
«Қуёш ўз истиқрори учун жараён этар. Бу азийзу ўта билгувчи Зотнинг тақдир қилганидир».
Бир қанча илмий амалий масалаларни ҳал қилиш учун Ер шаклининг эллипсоид юзасини Ер шакли деб қабул қилинган.

«Ернинг марказидан экваторгача 6378,160 км.
Марказидан қутбгача 6356,777 км.
Экватор айланаси узунлиги 40075, 696 км.
Юзаси – 510,2´106 км2.

Ернинг айланиш ўқи эклиптика текислигига туширилган перпендикулярдан 23026,5¢- оғишгандир. Ҳозир бу бурчак йилига 0,47² дан кенгайиб бормоқда».
Биз истиқомат қилаётган шар шаклидаги она заминимизнинг устида ҳам, остида ҳам, ёнларида ҳам одамлар яшайди. Биз Ернинг қайси нўқтасига бормайлик, албатта Ернинг устида бўламиз. Ернинг ёнида ёки остида деган тушунчани ҳис этмаймиз. Баъзилар бу ҳолатни Ер жуда улканлиги учун деб тушунтиради. Аммо бизда ҳис этиш, идрок этиш қобилияти борку. Ҳар қандай жойда ҳам Ерга нисбатан вазиятимиз ўзгарса, албатта бизга бу ҳолатни сезиш туйғуларимиз билдиради.
Ва яна шунингдек, «Ҳижр» сурасининг 19 ояти каримасида марҳамат қилинади: «Биз ерни ёйиб, устига баланд тоғларни ташлаб қўйдик ва унда ўлчанган турли нарсаларни ўстириб қўйдик ».
Ушбу ояти карима орқали Она Еримизни кенг ва бепаён бўлишлиги, унда тоғларнинг мавжуд бўлишлиги ҳамда ҳар бир минтақанинг ўзига мос ўсимликлар-у, мевали ва мевасиз дарахтларнинг униб ўсишлиги ўз-ўзича, тасодифан яралиб қолмай, балки, Улуғ яратгувчи зот томонидан ҳикмат ила яратилганлигини англаб олмоқдамиз.
Биология фанидан бизга яхши маълумки, ўсимликлар ёруғликка бўлган талабига кўра ёруғсевар, соясевар, сояга чидамлиларга бўлинади.Шунингдек, сувга чидамлилигига кўра ўсимликлар қуйидаги гуруҳларга бўлинади:

«1.Гидрофитлар—сувда ўсадиган ўсимликлар;
2.Гигрофитлар—нам шароитда ўсувчи ўсимликлар;
3.Мезофитлар—нормал намлик шароитида ўсувчи ўсимликлар;
4.Ксерофитлар—намлик етишмайдиган шароитда ўсувчи ўсимликлар» .

Хўш, мана шу турли туман хусусиятларга эга бўлмиш бу ўсимликлар ўзларига мос бўлган иқлимни ўзлари танлаб олишлари мумкинми? Чўл ўсимликлари ўрмон ичида ўса олмаганидек, қамишлар ҳам ўз-ўзидан сув ичида кўкариб қолмаган албатта! Ваҳоланки, Яратгувчи зотнинг Ўзи «ўлчанган турли нарсаларни ўстириб қўйдик» дея марҳамат этмоқда-ки, она сайёрамиздаги мавжуд барча ўсимликларнинг сувга чидамлилиги, иссиқ иқлимга бардошлилиги ва шунга ўхшаш хусусиятлари-ю, шакл-у шамойиллари яшаш маконларига мос ҳолда бўлишлиги тасодиф эмаслигини англамоқ лозим бўлади.
Ўсимликларнинг ўзига хос бўлган жиҳатларидан бири, уларнинг яшил рангда бўлишлигидир. Мана шу яшил модда хлорофилл дейилади. Хлорофилл қуёш нури таъсирида, илдизлардан келаётган озуқани ва атмосферадаги карбонад ангдрид газини шимиб олиб, қанд, крахмал ҳосил қилади ва барча жонли мавжудотлар учун ҳаёт манбаи бўлган кислородни ажратиб чиқаради. Мўъжиза ! Аввало хлорофиллни заҳарли газдан яъни, карбонат ангдриддан озуқа манбаи бўлмиш қанд ва крахмални ҳосил қилишини ўзи бир мўъжиза. Яна ўша заҳарли газни ютиб, атмосферамизни тозалаши-ю ва бизга ҳаётбахш кислородни ҳадя этиши яна бир муъжизадир. Нега айнан шундай? Бошқача бўлиши ҳам мумкин эдику. Нега бўлмади?
Худди шунингдек, ташқи шароит омиллари ўзгармайдиган, яъни, доимо бир хил муҳитда яшовчи организмлар мавжудки, бу организмлар фан тилида стенобионтлар (юнонча «Stenos»— тор ва «bios»— яшовчи) деб аталади. Улар стенобионтлик хусусиятига қараб қуйидаги турларга бўлинади:
«Ҳароратга нисбатан стенобионтлик стенотерм, шўрланишга нисбатан — стеногалин, гидростатик босимга нисбатан— стенобат дейилади».
1.Стенотерм фақат бир хил ҳароратга мослашганлик яъни, шундай организмлар мавжудки, улар ҳарорати ўзгармайдиган шароитдагина яшаб кўпая олади.
2.Стеногалин—шўрланишга нисбатан стенобионтлик бўлиб, фақат шўрланган муҳитгагина яшашга мослашувликдир.
3.Стенобат—гидростатик босимга нисбатан стенобионтлик, яъни, фақат бир хил босим остида яшашга мослашувлик.
Ўта шўрланган муҳитда яшайдиган организмлар Галофиллар дейилади. (Юнонча «Hals»— туз). Сув ҳавзаларининг шўрланиш даражаси 300‰ гача бўлган ҳолатларида ҳам яшай олишга мослашган организмлар мавжуд экан. Худди шунингдек, ўта шўрланган тупроқларда ўсадиган ўсимликлар Галофитлар (Юнонча «Hals»—туз, «hyuton»—ўсимлик) деб аталади-ки, ушбу Галофитлар тупроқларнинг шўрланиш даражаси 0.3-20‰ гача бўлган ҳолларда ҳам бемалол ўса олади. Бундай организмларга масалан, фақат океаннинг муайян чуқурлигида ёки, ғорларда ва нам тропик ўрмонларда, ҳамда шўрхок жойларда яшайдиган организмлар киради.
Шунингдек, доимий юқори темпратурали муҳитда яшашга мослашган организмлар ҳам бор-ки, улар—термофил организмлар деб аталади. (Юнонча «Termos»— иссиқ, ва «philo»—севаман.) «Термофил микроорганизмлар табиатда қайноқ булоқларда, ўз-ўзидан қизиб кетадиган субстратлар-нам хашак ва дон тўплами, гунг ва тупроқнинг қуёш тафтида кучли қизийдиган юза қатламларида кенг тарқалган. 450 дан юқори ҳароратда кўпаяди ва ўсади».
Ҳайратланарли жойи шунда-ки, океан тубидаги гейзерлар атрофида бир неча минг тонна сув босими остида чувалчангсимон организмлар яшайди. Лава ва вулқонлар ёриқларида қисқичбақасимонлар ҳаёт кечиришади. Гейзерлар қувуридаги ҳарорат +4000 С атрофида бўлади. «Алвен»кемаси тадқиқотчилари гейзерлар атрофида 300 га яқин организмлар яшашлигини аниқлашди. «Қоябарс» деб номланган чувалчанг Ер остидан ажралиб чиқаётган, сероводородга ўхшаш ўта заҳарли газ билан кун кечиради. Мутлоқ зулмат қўйнида, ўта баланд ҳароратда ва кучли босим остида кун кечирадиган бу организмлар бундай «жаннатмакон»жойларни ўзлари истаб, йўл топиб бордиларми? Ёки Буюк Яратувчиними ҳикматли низоми сабаблими?
Ваҳоланки, эволюцион назарияга кўра, аввало кимёвий реакциялар натижасида оддий органик бирикмалар ҳосил бўлган. Сўнгра моддалар алмашиниши содир бўлган. Ундан кейин эса ўз-ўзини ҳосил қилиш механизмлари пайдо бўлган.Бундан эса, Ер юзасидаги дастлабки тирик мавжудотлар жонсиз, ўлик табиатдан пайдо бўлган-у, ундан эса, дарахтлар-у ўсимликлар дунёси, бутун ҳайвонотлар, қушлар ва ниҳоят одамзот пайдо бўлган, деган хулоса келиб чиқади.
Энг асосийси, руҳ, жон қандай пайдо бўлганлиги тушунтирилмайди. Ерда, ҳавода, сувда, турфа хил шароитда, турли хил таркибда, турли хил макон ва иқлимда кун кечираётган тирик мавжудотлар ва наботот олами аслида «биргина жонсиз заррачадан келиб чиққан» деган бу назарияга ишонувчилар афсуски, ҳали орамизда топилади.
«Жосия» сурасининг 3- ояти каримасида марҳамат қилинадики:
« Албатта, осмонлару ерда мўъминлар учун оят(белги)лар бордир».
Ушбу ояти каримага мувофиқ, табиатдаги тирик организмларнинг ҳаёт кечиришига тафаккур назаримиз билан қарасак, қуйидаги боғланишни кўришимиз мумкин.

1. Бир жойда яшайдиган организмлар бир-бирига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди;
2. Бир жойда яшайдиган организмларнинг биттаси ёки иккаласи ҳам салбий таъсир остида бўлади; (Паразитлик, йиртқичлик).
3. Бир жойда яшайдиган организмларнинг биттаси ёки иккаласи ҳам фойда олади.

Учинчи ҳолат бўйича фикр юритсак. Бир жойда яшаш иккала организм учун ҳам фойдали бўлиш ҳолати «Мутуализм» (Лотинча- «Mutus»—ўзаро) дейилади. Масалан: Микориза замбуруғлари ўсимликларнинг илдизларига яшай туриб, уларнинг илдизларига фосфор ва минерал моддаларни етказиб беради. Ўз навбатида замбуруғлар ҳам, илдизлардан углерод ва бошқа органик моддаларни олади. Ўрмонларда ёғоч қипиқлари билан озиқланиб яшайдиган чумолиларнинг(Термит) айримларининг ичида бир ҳужайрали хивчинли содда ҳайвонлар яшайди. Ушбу чумолилар организмида ўша ёғоч қипиқларини парчаловчи ферментлар йўқлиги сабабли, бу вазифани бир ҳужайрали хивчинлилар бажаради. Яъни ёғоч қипиқларини парчаловчи ферментларни хивчинлилар ажратади. Чумолиларнинг хивчинлиларсиз яшай олмаслиги-ю, хивчинлиларнинг ҳам, фақат ўша чумолиларнинг ичагида яшашга «маҳкумлиги» ҳақида нима дейишимиз мумкин? Бундай ҳолатни Улуғ ва ҳикматли Яратгувчининг хоҳиши ва изни иродасисиз юзага келиши, мутлоқа мумкин эмаслигини ҳар қандай инсофли одам яхши англайди.
Беда илдизида истиқомат қиладиган махсус бактериялар озиқланиши натижасида, боғланмаган азот ўғитга айланади. Демак, бактерияларнинг ўз “нафсини қондириши” яшил ўсимликларнинг яшашига, яшнашига энг муҳим омил ҳисобланади.
Инсонни тафаккурга чорлайдиган аломатлардан бири—чучук сувда кун кечирадиган айрим балиқлар тухумларини икки паллали юмшоқ танли—тишсизнинг мантия бўшлиғига қўяр экан. Балиқ тухумлари чиғонақ ҳимоясида бўлиб, унга ҳеч қандай зарар келтирмайди. Улар бу юмшоқ танлидан фақат яшаш жой сифатида фойдаланадилар. Ажабо! Бу балиқларга бундай антиқа усулда тухумларини “ижарага” қўйишни ким ургатди экан?
Шунингдек, денгиз бодрингларининг тана бўшлиғида, Карпус балиғининг яшашини қандай изоҳлаш мумкин? Бу балиқлар денгиз бодрингидан яшаш ва ҳимоя жой сифатида фойдаланишлари мумкинлигини кимдан ўрганди экан?
Акулалар ҳам тишларини антиқа усулда тозалашар экан.Уларнинг ўлжаларини еб бўлгандан сўнг, сув юзасига чиқиб, оғзини очишларини ҳикмати шунда эканки, тишларидаги овқат қолдиқларини Лойхўраклар «иштаҳа билан» тозалаб қуйишар экан.
Бундай услубдаги овқатланишни Лойхўраклар кимдан ўргана қолибди?
«Ҳуд» сурасининг 6 ояти каримасида марҳамат қилинади: «Ер юзида ўрмалаган нарса борки, уларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир.У уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам, билур. Ҳаммаси очиқ-ойдин китобдадир».
Ушбу ояти каримадан билиб олмоқдамизки, Ер юзидаги барча жониворларнинг ризқи, шу жониворларни яратиб қўйган Аллоҳ Таолонинг зиммасида экан. Яратиб қўйган Зот, ризқини ҳам беришлигини Ўз зиммасига олмоқда. Бошқа ким ҳам зиммасига ололарди? Бу Аллоҳ Таолонинг нақадар қудратли зот эканлигига далолатдир. Бизга маълум ва номаълум барча организмларни яшаш шакли, емиши ва бошқа ҳолатлари ақл бовар қилмайдиган даражада турлича, хилма-хил бўлиши ҳам тафаккур эгаларига ибрат эмасми? Ваҳоланки, океан тубида, +4000 ли қайноқ гейзер сувида яшаётган, ўта заҳарли газларни истеъмол қилаётган организмларнинг, галофиллар, галофитлар, стенобионтлар-у, термофил организмларнинг ва шунингдек, барча турдаги жониворларнинг, «турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам», фақат Унинг Ўзигина белгилайди ва У барча нарсага қодирдир.
Биз бу ишларнинг ҳаммаси Аллоҳнинг иродасига боғлиқ эканлигини, У зот ҳали бирорта мавжудотни яратмасдан олдин, то қиёматгача яратиладиган нарсаларни, уларнинг ҳолатини, таркибини, тартибини Лавҳул-Маҳфузда ёзиб қўйганлигини, барча нарсаларни ҳикмат билан яратгувчи Зотнинг улуғ каломи орқали билиб олмоқдамиз.
Ёки мана бу мўъжизавий, тафаккур қилишга чорлагувчи ҳолатга диққат қилинг. Аниқланишича, бутун Африкада иккита тамомила бир хил жирафани топиш мумкин эмас экан. Бир қараганда бу ҳайвонлар бир-биридан деярли фарқланмайди.

Лекин Кениядаги қўриқхона ходимлари томонидан турли мамлакатларда ўтказилган кўплаб тадқиқотлар натижасида равшан бўлдики, ҳар бир жирафанинг бўйнида фақат ўзига хос бўлган доғлар мавжуд бўлиб, уларнинг нақши бошқасида такрорланмас экан. Жирафага хос бўлган бу мўъжизавий ҳолни, олимлар ҳали изоҳлаб беролмаган ҳодиса – одамларнинг бир бирига мутлақо ўхшамайдиган бармоқ изларига ўхшатса бўлади. Зеро Аллоҳ Таоло “Раъд” сурасининг 4- ояти каримасининг охирида: «...Бунда, албатта, ақл ишлатувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир» деб марҳамат қилмоқда. Аммо биз қачон тафаккур юритамиз-у, қачон бу аломатларни англаб етамиз?!
Бу аломатларни англаб олмоғимиз учун эса, диний фанлар билан бир қаторда, албатта дунёвий фанларни ҳам яхши ўқиб ўрганмоғимиз лозим бўлади. Аслида Ислом динида илмни диний ва дунёвий деб ажратилмайди.
Ёки какку қушнинг қуйидаги айёрона ишларини қандай тушунишимиз мумкин? Руминиядаги Орадия шаҳрида жаҳоннинг 78 мамлакатидан келтирилган 750 қуш турининг 10 мингдан зиёд тухумини ўзида мужассам этган антиқа музей мавжуд. Мисол учун ушбу коллекцияда каккунинг тахминан 150 га яқин хилма-хил тухуми бор.Ажабо, биргина қуш турли туман тухум қўйиши мумкинми? Ниҳоят зоологик ҳақиқат аниқланди: Энг муҳими шундаки, какку тухум қўйишдан олдин, қораялоқ, жиблажибон, малиновка,сойка ва шулар сингари қушларнинг инларидаги тухумларни кўриб, айнан уларнинг тухумларига ўхшаш тухумини бемалол ташлаб кетаверар экан-ки, бу тухумларни угай ота-оналар парваришлаб, вояга етказар экан.

Демак, мўъмин кишигина, тафаккур қиладиган қавмгина ерда ҳам, осмонда ҳам, ҳатто ўзида ҳам Аллоҳнинг буюк, қудратли яратувчи зот эканлигига далолат қилгувчи аломатларни кўриши мумкин. Аллоҳнинг ҳидоятидан маҳрум, ғафлатда юрган кишилар учун эса, бу мўжизаларнинг ҳаммаси бўлиши мумкин бўлган оддий оддий бир ҳолдир. Худди шундай бўлиши лозимдек. Улар ўзларича мўъжиза кутишади, мўъжиза талаб қилишади. Аслида, табиатнинг ўзи, борлиқдаги барча мавжудотлар, уларнинг яшаши, ҳаракати, аниқ бир қонуният асосида бошқарилиши мўъжиза эмасми?
Қутб оқ айиғи ҳеч қачон саҳрога яшашга интиқ бўлмаганидек, жазирама чўлнинг камтаргина хизматчиси бўлмиш туя ҳам, қаҳратон муз қояларига бориб яшашга орзуманд бўлмаслиги ҳақиқатдир.
Ҳайвонот оламида кишиларни лол қолдирадиган аломатлар фақат бугина эмас. Қимматли вақтингизни олган ҳолда, айримлари ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Аксарият ҳолларда, ҳайвонларнинг, паррандаларнинг ёки ҳашоратларнинг ташқи ранги, шакли ўзи яшаётган муҳитга ўхшаш бўлади. Бешиктерватар, ниначилар, яшил чигирткалар ва шунга ўхшаш ҳашоратлар яшил япроқлар орасида яшаганидек, бошқа жониворларнинг ҳам, ўз ранглари ёки кўринишларига мос жой топганликлари уларнинг фаросатларига далолатми, ёки Яратгувчи Зотнинг ҳикматигами? Куропаткин деган қушнинг ёз фаслида бошқа, қишда бошқача “либос” кийишини қандай изоҳлаш мумкин?
Тирик организмларга хос бўлган, инстинкт борасида ҳам озроқ фикр мулоҳазаларимни билдириб ўтсам. Инстинкт ( лотинча “Instinctus” - уйғониш, қўзғалиш.) -муайян шароитда ҳайвонларнинг битта тури учун хос бўлган мураккаб ирсий ҳатти ҳаракатлар мажмуи Инстинкт ташқи ва ички қўзғалишларга жавоб тариқасида пайдо бўлади. У биологик моҳиятига кўра қуйидаги гуруҳларга ажратилади:
1.Озиқланиш инстинкти. Қушлар нима учун айнан қурт-қумурсқалар билан, ҳайвонлар эса майсалар билан озиқланади? Янги туғилган бузоқча, қўзича ва шу каби бошқа сут эмизувчи ҳайвонларнинг болалари, ўз оналарини эмиб, очликларини қондириш мумкинлигини қандай билдилар? Митти жонивор қумурсқага қиш фасли учун озиқ ғамлаши лозимлигини ким таълим берди?
2. Хавфли вазиятда ўзини тутиш инстинкти. Баъзи жониворларга тегинилса, қимирламасдан, қотиб қолишлик ҳолатлари содир бўлади. Баъзилари эса қочиб қолишга, яширинишга ҳаракат қилади.
3. Насл қолдириш истаги, болаларининг парваришига жонбозлик кўрсатиши, фидойилиги кимнинг таълими натижаси экан? Балиқларнинг увилдириқ ташлаш жойига миграцияси ҳам, эволюциянинг тасодифий ҳодисасими ёки Яратгувчининг бетакрор мўъжизасими?
Шу ўринда “Ёшлар” телеканали орқали намойиш этилаётган илмий-маърифий кўрсатувнинг 2-октябрь кунидаги сонида , Масалан, пингвинларнинг урғочиси тухумларини эркакларига ишониб топшириб, бир қанча вақт озиқланиб, куч-қувватга тўлишлари учун сафарга чиқишлари ҳақида маълумот берилди. Бу вақтда ота пингвинлар тухумларини оёқлари орасида, совуқдан сақлаб турадилар. Бу онгсиз махлуқдан ибрат олишимиз лозим бўлган жиҳатлари ҳам борки, кучли қор-бўронли совуқларда ҳам, йиртқич қушлар ҳужум қилганда ҳам, тухумларини ташлаб кетишни хаёлларига келтирмайдилар. ( Ҳаётда ўз жигаргўшаларини кўча-куйда ташлаб кетаётган кимсалар ҳақида эшитиб қоламиз). Улар бу совуқда жон сақлашлари учун тўдалашиб, бир–бирига жипслашиб оладилар. Тўданинг ташқарисидагилар билан ичкарисидагилар вақти–вақти билан ўрин алмашишади. Иссиққина жойини бировга бериш ҳатто ҳазрати инсонга ҳам малол келса-да, лекин бу ҳайвонлар бундай ишга олийжаноблик ила, виждонан ёндашадилар.
Ўрмонда яшаётган маймунлар турли-туман дарахтларнинг аччиқ баргларини истеъмол қилиши натижасида, ошқозонлари оғриб қолганида, одамлар тайёрлаб, ғамлаб қўйган ёғоч кўмирни ўғирлаб қочар экан. Табобатдан бехабар бу маймунлар, ана шу ёғоч кўмир, ошқозон оғриғи учун даво эканлигини қачон, кимдан ўрганибди экан?
Касал бўлиб қолган қарғалар, печканинг мўрисидан чиқаётган тутунга ўзларини урганликларини боиси шунда эканки, улар, бир муддат шу тутун ичида бўлишса, касалликларидан асорат ҳам қолмас экан. Ёки, ўша ўрмон қарғалари, чумолиларни уясига туриб, уларни ғашига тегади. Жаҳли чиққан чумолилар қарғага ёпирилиб, унга ўзларидан чумоли кислотасини сепишади. Бу фурсатда қарға ҳузур билан ҳатто қанотларини ҳам ёйиб юборади. Чумоли кислатаси қарғадаги турли паразит ва бактерияларни қириб ташлайди. Ажабо! Биз онгсиз деб ҳисоблаган бу қушлар, қайси табобат билим юртида таҳсил олишган экан?
Ҳайвонларнинг, қушларнинг турли-туман шаклдаги уя, ин қуриб олишлари ҳам, яшаш турмуш тарзи ҳам, табиатнинг тасодифий ҳодисаси бўлмай, билъакс, Яратгувчининг иродаси эканлигини англамоғимиз фурсати келди.
Биз инсонлар эътибор бермайдиган яна бир мўъжизавий ҳолатга диққатингизни жалб қилмоқчиман. Ҳаммамизга маълумки, инсонлар ва ҳайвонлар танасида тинмай қон айланади. Бундай масъулиятли ишни тиним билмай ишлайдиган «ақлли насос» юрак амалга оширади. Энди, ўсимлик ёки дарахт илдизлари ердан озуқаларни қанақа насос билан ва қандай қилиб сўриб олади? Ўша дарахт ёки ўсимликнинг қандай ишчи органи борки, қаттиқ ер қатламидан ўзига зарур бўлган озуқаларни сўриб олса. Ваҳоланки, илдизлардаги озуқани япроқларгача кўтаргувчи куч қаерда?
Биз борлиққа ибрат назари билан қарашимизга чақирадиган ояти карималарга мурожаат қиламиз. Улуғ Роббимиз « Наҳл» сурасининг 5,6,7 ва 8 оятларида марҳамат қилади:
5.«У чорва ҳайвонларини ҳам яратди. Уларда сиз учун иссиқлик, манфаатлар бор ва улардан ейсизлар ҳам».
6.«Ва сиз учун уларда кечки пайт (ўтлоқдан) қайтаётганларида ва эрталаб (ўтлоққа) кетаётганида жамол бор».
7.«Ва улар юкларингизни сиз жон машаққатисиз ета олмайдиган юртларгача кўтариб боради. Албатта, Роббингиз меҳрибон ва раҳмлидир».
8.«Отлар, хачирлар ва эшакларни минишингиз ва зийнат учун (яратди) ва сиз билмайдиган нарсаларни яратур».
Аллоҳ Таоло бандасига шунчалик меҳрибонки, бандасининг ҳар қандай эҳтиёжи учун ҳамма нарсаларни мукаммал тарзда муҳайё қилиб қўйибди экан. Юқоридаги ояти карималар орқали ризқланишлигимиз учун, иссиққина кийим кечак кийиб юришлигимиз ва бошқа манфаатлар кўришлигимиз учун чорва молларини, керакли манзилларга юкларимизни ортиб бормоқлигимиз учун, ҳамда миниб зийнатланишлигимиз учун туялар, отлар, хачирлар ва эшакларни йўқдан бор қилинганлигини билиб олмоқдамиз.Яна ҳали бизлар билмайдиган нарсаларни ҳам яратишлиги таъкидланмоқда.
«Ва сиз учун уларда кечки пайт (ўтлоқдан) қайтаётганларида ва эрталаб (ўтлоққа) кетаётганида жамол бор».
Кечқурун қуёш уфққа бош қуйиш арафасида, дала даштдан қайтаётган пода, қўй қузиларнинг маърашлари аралаш ёш болаларнинг шовқини, қишлоқ ҳаётининг энг гўзал манзараларидан биридир. Худди шунингдек, эрта тонгда, қўй-қузиларни шудринг оралаб ҳайдаётганингизда, қалбингизда уйғонган ширин, тотли ҳис туйғулар бежизга эмас албатта. Бундай илҳомбахш манзаралар Улуғ яратгувчининг «ижоди» экан.
Ушбу «Наҳл» сурасининг навбатдаги ояти карималарини ўқиймиз.
10. «У осмондан сувни туширган Зотдир. Сизга унда шароб ва (чорваларингизни) ўтлатадиган дарахт бордир».
11. «У ўша (сув) ила сизга экинларни, зайтунни, хурмоларни, узумларни ва турли меваларни ўстирур. Албатта, бунда тафаккур қиладиган қавмлар учун оят-белгилар бордир».
Аллоҳ Таоло осмондан тушадиган сув билан бизлар баҳраманд бўлишлигимиз учун, барча меваларни ундириб қуйганлигини марҳамат қилар экан, буни фақат тафаккур қиладиганларгина англаши мумкинлигини таъкидламоқда. Ушбу сурани ўқишда давом этамиз.
12. «У сизга кечанию кундузни, қуёшнию ойни хизматкор қилди. Юлдузлар Унинг амри ила хизматкордир. Албатта, бунда ақл юритгувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир ».
14. «У денгизни сиз ундан тоза гўшт ейишингиз, ундан тақадиган тақинчоқлар чиқариб олишингиз учун, унда (сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрасан, ҳамда Унинг фазлини талаб қилишингиз учун хизматкор қилди. Шоядки, шукр келтирсангиз».
Ушбу ояти каримада марҳамат қилинаётганидек, денгизлардан, океанлардан ҳар куни неча тонналаб балиқлар овланиб, истеъмолга чиқарилмоқда, ўша уммонлар қўйнидан маржонлар, зийнатланиш учун бошқа қимматбаҳо, нодир металлар, тақинчоқлар олинмоқда. Ушбу улуғ каломлар нозил бўлаётган даврда башорат қилинган, сувни ёриб кетаётган улкан кемаларни кўрмоқдамизки, бунинг учун шукр қилмоғимиз лозим бўлар экан. «Нур» сурасининг қўйидаги ояти карималарида марҳамат қилинади-ки:
43. «Аллоҳ булутларни ҳайдашини, сўнгра бирга тўплашини, сўнгра уйиб қўйишини кўрмаяпсанми?! Бас, унинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсан. У зот осмондан, ундаги тоғлардан дўл тушириб, у билан Ўзи хоҳлаган кишиларга мусийбат етказур ва уни Ўзи хоҳлаган кишилардан буриб юборур.Унинг чақмоғининг ярқираши кўзларни кетказгудек бўлур» .
Демак осмонда булутларнинг сузиши ҳам Аллоҳнинг изни-иродаси билан бўлар экан. Аллоҳ бу булутларни фақат Ўзи хоҳлаган томонгагина ҳайдаши мумкин. Аллоҳ хоҳламаган жойга булутни бориши мумкин эмаслигини англаб олмоғимиз лозим бўлади. Бир хил ишорада зарядланиши натижасида кучли кучланишга эга бўлиб қолган булутлар бир биридан итарилади. Ана шунда кучли шамол ёрдамида бу булутлар уйилиб бирлаштирилади. Беҳисоб сув томчиларидан иборат бир булут Ерни заряди билан қарама-қарши зарядга эга бўлиши мумкин.Ҳар бир қатламдаги булутлар орасида жуда катта кучланишдаги ток кучи пайдо бўлади. Булутлар ўзаро зичлашгани сайин, кучланиш ҳам орта бошлайди. Улар ўртасидаги электр кучланиши ҳаво изоляциясини енгиб ўтиши билан электр разряди юз беради. Ниҳоят, кучли чақмоқ чақнайди.У ўзига булут қатламлари орасидан энг кам қаршилик йўли бўйлаб йўл топиб ҳаракатланиб, эгри-бугри из қолдирганича Ерга ўтиб кетади.Ҳақиқатдан ҳам, ушбу чақмоғининг ярқираши кўзларни кетказгудек бўлади. Нам ҳаво электрни яхши ўтказганлиги учун, ёмғир ёға бошлаши билан чақмоқ ҳам тўхтайди. Энди электр зарядлари шовқинсиз ҳаракатлана бошлайди.Аллоҳ осмондаги тоғдек-тоғдек қора булутлардан дўл ёғдириб, хоҳлаган кишиларга етказишлиги, ва хоҳлаган кишилардан эса буриб юборишлигини ҳам хабар бермоқда. Албатта дўл экин-текинларга катта талофат етказишлигини яхши биламиз. Бундай офатлар ҳам, кимга тегиб, ким омонда қолишлиги Яратгувчи зотнинг ихтиёрида эканлигини яхшигина англаб олмоқлигимиз лозимдир.
Шунингдек, «Ҳижр» сурасининг 22-ояти каримасида марҳамат қилинади:
«Биз шамолларни урчитувчилар этиб юбордик. Бас, осмондан сув тушириб, у ила сизларни сероб қилдик».

Демак, осмонга чиққан ҳар қандай булутлардан ҳам, ёмғир ёғавермас экан. Қачонки, Аллоҳ Таоло ёмғир ёғишини ирода этса, булутларда сув томчилари пайдо бўлиш ҳолатини таъминловчи, яъни, «урчитувчи» шамолларни юборар экан. Баҳор, куз ёки қиш кунларида осмонимизни бир неча кунлаб булутлар карвони қоплаб олсада, ҳеч қандай ёғингарчилик бўлмаганлигини, дашт жойлардаги экинларимизга ҳам ёмғир ёғишини ҳар қанча истамайлик, бир томчи ҳам ёғмай ўтиб кетганига кўп гувоҳ бўлганмиз.
Шу нарсани эътироф этиш лозим бўладики, бугунги кунда ҳам булут қатламлари орасида ёмғир томчиларининг ҳосил бўлиш назарияси мавҳум бўлиб қолмоқда. Бу ҳақда машҳур олим Марк Андерсоннинг эътироф этишича, атмосфера физикаси, метеорология, иқлимшунослик ва бошқа кўпгина соҳаларда қўлга киритилган маълумотлар, ёмғир ҳосил бўлиши учун булутлар ичида кечадиган жараёнларни моҳиятини тўла-тўкис очиб бера олмас экан.
Демак, Аллоҳнинг изнисиз ёмғир ҳам ёғмаслигини англаб олдик.
Аллоҳ Таоло «Воқеа» сурасининг қўйидаги ояти карималарида шундай марҳамат қилади:
68. «Ўзингиз ичадиган сувни ўйлаб кўринг-а!»
69. «Уни булутлардан сиз туширасизми ёки Биз туширувчимизми?»
70. «Агар хоҳласак, Биз уни шўр қилиб қўямиз. Шукр қилсангизчи!»
Ҳа. Бизлар ўзимиз ичаётган зилол сувлар ҳақида ўйлаб кўрдикми? Йўқ албатта. Ҳатто хаёлимизга ҳам келтирмабмиз. Ўша сувни булутлардан ким ёғдирди? Ёки ўша сув нега шўр ёки аччиқ бўлиб қолмади. Бўлиши ҳам мумкин экан агар Аллоҳ хоҳласа. Шукр қилгувчилардан бўлмаймизми?
Сура-и муборакни ўқишда давом этамиз.
71. «Ўзингиз ёқадиган оловни ўйлаб кўринг-а!»
72. «Унинг дарахтини сиз яратгансизми ёки Биз яратувчимизми?»
73. «Биз у)олов)ни эслатма ва йўловчилар учун манфаат қилиб қўйдик».
Демак, биз ҳатто турмушимизда фойдаланадиган олов ҳақида ҳам фикр юритишимиз лозим экан. Араб ўлкаларида машҳур бўлган Марх ва Афор дарахтининг ҳўл новдаларини синдириб олинса ва уларни бир бирига ишқалса олов чиқар экан. Ўша икки хил ҳўл дарахт навдасини бир-бирига ишқаланиши натижасида, олов пайдо бўлишлиги ҳам оддий тасодифми ёки Улуғ Яратгувчини бандалари учун мурувватими?! Нега ҳўл дарахтлар таркибидаги, одатда оловни ўчирувчи сув, бу ерда оловни ўчирмайди. Ўша дарахтларни икки хил хусусиятга эга эканлиги, демак бу бизга маълум бўлган ўзаро зид жуфтликка мисол эмасми? Ушбу ояти каримада бу олов одамлар ва йўловчилар учун фойдаланиладиган бир восита бўлиши билан бирга, жаҳаннам оташи сифатида бир эслатма ва насиҳат эканлиги ҳам марҳамат қилинмоқда.
Аллоҳ Таоло «Нур» сурасининг 40 ояти каримасида марҳамат қиладики:
«Ёки худди қаърсиз денгиздаги зулматларга ўхшар.Унинг устидан мавж қоплангандир, у (мавж)нинг ҳам устидан мавж ва уни эса, булут (қоплагандир). Бир-бирининг устидаги зулматлардир. У қўлини чиқарса, кўра олмас. Кимгаки Аллоҳ нур бермаса, унинг учун нур бўлмас».
Денгиз ва океанлардаги устма-уст тўлқин, яъни, йўналиши жиҳатдан ҳар хил бўлган оқим қатламлари борлиги ҳақида, уларнинг кемалар қатновига жиддий ховф солганлиги ҳақида китобларда ёзилган.Хўш, сувнинг бундай қатламлари қандай пайдо бўлади ва қандай характерга эга?
«Дрейф оқим – (голландча drijveh – сузиш, ҳайдаш)- шамол ва оқим таъсирида океан ва денгиз суви устки қатламининг ўзига хос ҳаракатга келиши. Ишқаланиш таъсирида сув денгиз тагига тамон туша боради. Дрейф оқим назариясини Ф.Нансен аниқлаган. Бу назарияни швед геофизиги ва океанографи В. Экман 1906 йилда математик йўл билан исбот қилган.
Ернинг айланиши натижасида Дрейф оқим денгиз юзасида шимолий ярим шарда 450 ўнга, жанубий ярим шарда 450 чапга бурилади. Денгиз тагига чуқурлашган сари оқим кўпроқ бурила боради ва муайян чуқурлик (200 м) да оқим сув юзасидагига нисбатан бошқача йўналишда оқади» .
«Кромвель оқими – Тинч океаннинг шарқий қисмидаги юза оқим остидаги экваториал терс оқим. Шарққа томон Жанубий Пассат оқими остидан 154°-150° ғарбий узунликдан Галапагос ороллари томон тахминан 2° шимолий кенглик ва 2° жанубий кенглик оралиғида ҳаракатланади.
Кромвель оқими 6500 км дан ортиқ масофага чўзилган, кенглиги 300 км чамасида, 100 ва 400 м чуқурлик оралиғида жойлашган бўлиб, шимолий ва жанубий чеккаларида ва шарқда юқорига кўтарилиб боради ва қалинлиги ҳам камаяди. Тезлиги 70-150 см /сек. ...АҚШ экспедициясига қарашли «Х.М. Смит» кемасида океанолог Т. Кромвель томонидан аниқланган ва унинг номи билан аталган» .
Денгиз ва океанларда сув қатламининг бу тарзда айланма (циркуляция) ҳаракат қилишида ҳам катта ҳикмат бор экан. Денгиз ва океанларнинг юза қисмидаги кислородга туйинган сув қатлами, юқорида қайд қилинган, Аллоҳнинг иродасига кўра пайдо бўлган оқим натижасида, сув тубидаги ҳайвонот ва ўсимликлар дунёсига ҳаёт манбаи сифатида етиб боради. Арабистоннинг қумлик саҳро чўлларида нозил бўлган Қуръони Каримнинг океанлардаги тўлқин қатламлари ҳақида хабар бериши Яратгувчи Аллоҳнинг каломи ҳақ эканлигига далолат эмасми ?!
Энди, шамол хусусида ҳам бир оз фикрлашсак. Майингина шабодалардан қанчалик ҳузур ила роҳатланишлигимиз маълум. Шунингдек, кучли шамол, довул, иссиқ гаремселларга, ҳеч бир мавжудот орзуманд эмаслиги ҳам аниқ. Она сайёрамизни эса секундига ўртача 30 км.лик тезлик билан учиб кетаётганлигини астраномия фанидан яхши биламиз. Маълум бир йўналишда, шу даражада тез учиб кетаётган Ернинг ўзида турли-туман йўналишларда, турлича тезликларда, шамолларнинг пайдо бўлишлиги илоҳий мўъжиза бўлиб, улуғ бир ҳикмат ила яратилганлиги, тафаккур эгалари учун бир аломатдир.
Улуғ яратгувчининг муборак каломларини ўқишда давом этамиз. «Нур» сурасининг 45 - ояти каримасида марҳамат қилинади:
«Аллоҳ ҳамма жониворни сувдан яратди. Бас, улардан баъзилари қорни билан юрадир, баъзилари икки оёқ билан юрадир, ва баъзилари тўрт (оёқ) билан. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир!».
Ушбу ояти карима орқали Ч. Дарвин таълимотида айтилганидек барча жониворларнинг келиб чиқиши, тарқалиши, қандай пайдо бўлганлиги ва унга қай усулда жон пайдо бўлганлиги номаълум бўлган битта организмга бориб тақалмасдан, балки барча жониворлар Аллоҳ томонидан сувдан яратилганлигини билиб олмоқдамиз. Ушбу яратилган жониворларнинг ичида қорни билан судралиб юрадиганлари (илон, тошбақа, калтакесак,…), икки оёқда юрадиганлари ( туяқуш ва бошқа паррандалар), тўрт оёқда юрадиганлари (сут эмизувчи ҳайвонлар) ҳам бор экан. Аллоҳ, ўзи хоҳлаган нарсасини яратишлигини, У барча нарсага қодир зот эканлигини таъкидламоқда.
Аллоҳнинг улуғ ҳикмат соҳиби эканлигига далолат қилгувчи ояти карималар ҳақида фикр юритишда давом этамиз. Биз истиқомат қилаётган она заминимиз атрофини қуйидаги уч қатламдан иборат атмосфера қатлами ўраб туради:
1.Тропосфера – бу ҳаво қатламининг энг зич жойлашган ерга яқин қисмидир.
2.Стротосфера – бу ҳаво қатламида ҳаво анча сийрак бўлиб, азон қатлами жойлашган.
3. Ионосфера – ионлашган газ қатлами бўлиб, нафас олишимиз учун зарур бўлган кислород учрамайди. Ҳозирги кунда баландликка кўтарилган сари ҳаво сийраклашиб нафас олиши оғирлашиб ўпкамиз сиқилишини ҳамма билади. Худди шу хусусида Қуръони каримнинг «Анъом» сурасиниг 125 ояти каримасида шундай марҳамат қилинади:
«Кимни Аллоҳ ҳидоят қилмоқчи бўлса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир. Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандек, тор ва танг қилиб қўядир. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло иймон келтирмайдиганларга азобни дучор қилур».
Шу ўринда мен «Тафсири Ҳилол»дан иқтибос келтиришликни лозим деб топдим.
«Аллоҳ таоло бандаларидан кимга ҳидоятни раво кўрса, ўша банданинг кўксини кенг қилиб қўяди. У банда иймон ва Исломни кенг қалб ила қабул қилади. Унинг учун ҳамма нарса кулиб боқаётгандек, ҳамма нарса осон ва қулайдек туюлади.
«Кимни Аллоҳ ҳидоят қилмоқчи бўлса, унинг кўксини Исломга очиб қўядир.»
Аксинча, Аллоҳ таоло кимга залолат ва куфрни раво кўрса, унинг қалбини тор ва танг қилиб қўяди.
«Кимни залолатга кетказишни ирода қилса, унинг кўксини худди осмонга кўтарилаётгандек, тор ва танг қилиб қўядир».
Иймон ва Ислом ҳақида бирор гап эшитса, сиқилаверади. Бирор кишининг намоз ўқиганини кўрса ёки эшитса ҳам, унга худди дунё тор бўлиб қолгандек, бошқаларнинг динга юргани унинг зиддига бўлаётгандек туюлаверади. Дин қанчалик ривож топса, ҳалиги кофирнинг юраги шу қадар сиқилади ва ўзини нохуш ҳис этади. Кўнглининг тор ва танглигининг зўрайиши диннинг ривожига муносиб равишда бўлади: дин қанчалик ривожланса, унинг кўкси шунча сиқилади, динда қанчалик тушкунлик рўй берса, унинг кўкси шунчалик кенгаяди.
Бунда ҳам унинг ҳоли худди осмонга кўтарилаётган одам кўксининг сиқилишига ўхшайди. Қанчалик юқорироқ кўтарилса, шу қадар сиқилади, аксинча, қанчалик пастга тушса, шунчалик кенгаяди.
«Шундай қилиб, Аллоҳ таоло иймон келтирмайдиганларга азобни дучор қилур».
Илм Қуръони Каримнинг ушбу ўхшатиши катта илмий мўъжизалигини тасдиқлади» . Иқтибос тугади.
Германиянинг Регенсбург шаҳрида 1654 йилда Отто фон Герике император бошчилигидаги князлар ва кўп сонли томошабинларга антиқа тажрибасини намойиш этади. Мисдан ясалган ташқи томонида халқаси бор бўлган иккита ярим шарни бирлаштириб, ичидан ҳавосини сўриб олади. Ушбу шарни ажратиш учун, 8 тадан 16 та от шарни халқаларидан арқонлар билан ҳарчанд тортишса ҳам ажрата олмайди.Ярим шарларни бу қадар катта куч билан бир-бирига сиқиб турган куч атмосфера босими эканлигини ҳозирги кунда ҳамма ҳам яхши англай олади.Атмосфера босимини аниқлаш борасида машҳур физик олим Торичелли тажрибалари-ю, атмосфера босимини ўлчайдиган асбоб барометр (юнонча “baros” –оғирлик, metr -ўлчамоқ) нималигини мактаб боласи ҳам жуда яхши тушунади.
Шунга эътибор берайликки, мана шу Қуръони Карим нозил бўлаётган даврда атмосфера қатлами ва унинг босим кучи тўғрисида ҳеч ким бирор тушунчага эга эмас эди.
Улуғ ҳикмат соҳиби бўлмиш Аллоҳ Таоло, табиатни қандай сир-синоату, қандай ҳикматлар асосида барпо этганлиги ҳақида Ўзи бизга таълим бермоқда. Ҳақиқатдан ҳам биз баландликка кўтарилганимиз сайин, атмосфера босими камайиши натижасида нафас олишимиз оғирлашиб, юрагимиз сиқилишини яхши биламиз.
Ҳозирги кунда олимларимизни ташвишга солаётган глобал муаммолардан бири, бу ёқилғи маҳсулотлари заҳирасини камайиб бораётганлигидир. Ҳақиқатдан ҳам саноатимиз учун, машиналаримиз ва кундалик эҳтиёжларимиз учун зарур ҳисобланган хом-ашёларимиз бўлмиш, нефт ва нефт маҳсулотларини камайиши ачинарли ҳол албатта. Инсон манфаати учун зарур бўлган бу маҳсулотларни қай тарзда пайдо бўлишлиги хусусида «Аълаа» сурасининг 4-5 ояти карималарида шундай марҳамат қилинади:
4.«У, ўт-ўланни чиқарган Зотдир».
5. «Бас, уни қорайган хашак қилган Зотдир».
Ушбу ояти карималар орқали барча ўт-ўланларни чиқарган ҳам, яшнатган ва ниҳоят уларни қуритиб, қора хазон қилиб қўйган ҳам, Қодир-у баркамол Зот Аллоҳ Таоло эканлигини англамоқдамиз. Шунинг баробарида, бу дунё ўткинчи эканлигини, инсонлар ҳам туғилиши, вояга етиши ва ниҳоят албатта вафот этажакларини ва бундай ишлар «ўт-ўланни чиқарган» ҳамда «қорайган хашак қилган» Зотга осон эканлигини, ушбу ибратли ояти карима орқали англаб олмоғимиз лозим бўлади.
Яна шунингдек, «баъзи олимлар бу оятдаги «ғусоъ» сўзини нефт деб таъвил қиладилар ва у сел кўпикларига қоришган чирик япроқ хазонларининг қуйқасидан ҳосил бўлади, деб изоҳлайдилар». Ушбу ёқилғи маҳсулотлари манбаи Ернинг остки қатламида қолиб кетган ўсимликлар ва дов-дарахтлар эканлигини география фанидан, шунингдек археологик қазишмалар натижаси орқали яхши биламиз. Улар Ер қатламида кучли босим остида узоқ ётишлиги натижасида тошкўмир ёки нефтга айланади. Фанда бу нарса каустобиолитлар ёки лигнитлар деб аталади.
«Каустобиолитлар» ( юнонча “«кayltos» ” – ёнувчи “«litos» ” -тош)- органик моддалардан ҳосил бўлган ёнувчи фойдали қазилмалар.Геологик – геокимёвий омиллар таъсирида ўсимлик ҳайвонот организмларининг қайта ўзгаришидан вужудга келади. 2 гуруҳга: Кўмир (торф, қазилма кўмир, ёнувчи сланецлар) ва нефть ва нафтоид (нефть, асфальт ва б.)га бўлинади. Каустобиолитлар терминини фанга немис олими Г. Потонье киритган (1888) .
«Лигнит» (лот. «lignum» -ёғоч, дарахт )—ёнувчи фойдали қазилма. Қўнғир кўмир қатламларида дарахт тўқимаси тузилишини ўзига сақлаган кам кўмирлашган ёғоч» .
Ҳайратланарлиси шуки, Аллоҳнинг яратганлари ичида чиқинди деган нарсалар йўқ. Улар ҳам қайси бир кўринишда бўлмасин, инсон хизматига, манфаатига мослаштирилган экан.
Аллоҳ Таоло «Анъом» сурасининг 95 ояти каримасида марҳамат қилади: «Албатта, Аллоҳ донни ҳам, данакни ҳам ёрувчи Зотдир. У, ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқаргувчидир. Ана шундай Аллоҳдир. Сиз қаёққа бурилиб кетаяпсиз?!»
Яна шунингдек, «Рум» сурасининг 19 ояти каримасида ҳам марҳамат қилинадики: « У ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ва ерни ўлимидан кейин тирилтирур. Шунга ўхшаш, сиз ҳам чиқарилурсиз ».
Ҳақиқатдан ҳам биз Ерга нима экмоқчи бўлсак, бу уруғ ва донларни ҳаммаси ўлик ҳолатда бўлади. Мана шу ҳолатдаги уруғларни Ерга қадасак, улардан албатта ўзимиз ва чорва ҳайвонлари учун ноз-неъматлар дунёси ўниб чиқади. Булардан эса яна ўз навбатида, «ўлик» ҳолдаги дон-дунларни йиғиштириб оламиз.

Ёки, «ўлик» ҳолатдаги тухумлардан паррандалар дунёси пайдо бўлиб, ўша паррандалардан «ўлик» тухумлар дунёга келишини билмаймизми? Ваҳоланки, ўликдан тирик, тирикдан эса ўлик пайдо бўлмоқда.Тафаккур юритишимиз лозим бўлган бу муъжизавий ҳақиқатни 1400 йилдан аввалроқ Аллоҳ Таоло бандаларига билдирган эди.Баҳор фаслида майсалар қандай ўниб, ўсиб чиқса,бизлар ҳам қиёматда ана шундай ҳолатда тирилиб, тупроқдан чиқаришлигимиз ҳақида ҳам огоҳлантирмоқда.
Энди, «Луқмон» сурасининг 29 ояти каримасини ўқиймиз.
«Аллоҳ кечани кундузга киритишини ва кундузни кечага киритишини, қуёш ва ойни беминнат хизматкор қилиб қўйганини, уларнинг ҳар бири белгиланган муддат томон юришини ва, албатта, Аллоҳ нима амал қилаётганингиздан хабардор эканини кўрмадингизми?!» .
Баҳор келганда кунларни узайиб боришини, тунларни эса аксинча қисқариб боришини яхши биламиз. Бу нарса кундузни кечага киритилиши билан боғлиқ экан. Ёки қиш пайтлари кундуз қисқа, тунлар эса узун бўлади. Бу эса кечани кундузга киритилиши натижасидир. Демак, кунларни узайиши ёки қисқариши, фасллар ўзгариши бу табиат кучлари ёки табиат қонуниятларига асосан эмас, балки яратган Улуғ зотнинг борлиқни йўқдан бор қилган вақтидаги иродасига бўйинсунган ҳолда «белгиланган муддатгача» давом этади. Кун ва тунларни ўзгаришлари тасодифий ҳол эмаслигини билдик. Бунинг ҳикмати шундаки, ёзнинг узун ва иссиқ кунларида ҳаммамиз учун зарур бўлган озуқаларимиз пишиб етилиши керак. Қиш кунларининг қисқа бўлиши бу Аллоҳнинг бандасига қилган яна бир меҳрибончилигидир. Аллоҳ Таоло қуёшни ҳам, ойни ҳам белгиланган муддат томон юришини ва уларни бандаларига беминнат хизматкор қилиб қўйганини, ҳамда қилаётган барча амалларимиздан огоҳ эканлиги ҳақида билдирмоқда. Ҳа, белгиланган муддатгача. Бу муддатни эса фақат Яратгувчининг ўзи билади. Ўзига аён. Кейин эса … ҳисоб-китоб бошланажак!
Тафаккурга далолат қилгувчи ояти карималарни ўқишда давом этамиз. «Нур» сурасининг 35 ояти каримасида шундай марҳамат қилинади: «Аллоҳ осмонлар ва Ернинг нуридир. Унинг нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичига чироқ қўйилган, чироқ эса, шиша ичида, шиша эса, гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир. Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейдир. (Бу) нур устига нурдир. Аллоҳ хоҳлаган одамни Ўз нурига ҳидоят қилур. Аллоҳ одамларга мисолларни келтирур. Аллоҳ ҳар бир нарсани билгувчидир» .
Ушбу ояти каримада Аллоҳ Таоло Ўзини осмонлар ва Ернинг «нури» эканлигини ва бу қандай нур эканлигини мисол келтириш орқали бизга англатмоқда. Лекин бу «нур»ни биз кундалик ҳаётимизда кўриб юрган нурдек деб тушунмоғимиз, унга тенглаштирмоғимиз мумкин эмас. Бу нурлар у «нур»га асло тенг бўлолмас.
«Унинг нурининг мисоли худди бир токча, унинг ичига чироқ қўйилган, чироқ эса, шиша ичида, шиша эса, гўё дурдан бўлган бир юлдуз бўлиб, шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқиладир».
Ушбу муборак каломдаги рамзий ишорани англаган Эдисон йигирма минг марталаб ўтказган тажрибалари асносида, ниҳоят, электр лампочкасини ихтиро этишга муваффақ бўлди.Кўриб турганимиздек бир токча яъни, шундай бир токчаки, нурни ўзидан ўтказмай фақат олдинга йўналтирадиган ва нур кучлироқ тарқалиши учун ичи чуқурроқ бўлган токча мисоли ( биз бу нарсани бугунги кунда лампочкани патрони ёки прожектор қуттиси деб атаймиз)нарса ичидаги бир чироқ, бу чироқ албатта бир шиша ичида, у шиша эса мисоли бир дурдан яралган юлдузга ўхшайди. Ушбу ўхшатишлар электр лампочкасига хос эмасми? Ҳақиқатдан ҳам кучли ёритиш чироғи бўлмиш прожекторлар токча мисоли ичи чуқурроқ ҳолда ясалгандир.Демак чироғи маълум миқдорда ичкарироқ ўрнатилган лампочкалар бошқаларидан кучлироқ, узоқроқ жойни ёритар экан. Ушбу чироқ шарқий ҳам, ғарбий ҳам бўлмаган муборак зайтун дарахтидан ёқилар экан. Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейди. Гарчи волфрам толасига ҳеч қандай олов тегмаса ҳам, бутун теварак атрофимизни нурафшон қилмоқдаку.
«Унинг мойи ўзига олов тегмаса ҳам, ёритиб юборай дейдир» мазмунидаги ояти кариманинг абжад ҳисоби ҳижрий 1284, мелодий 1867 санага тенг бўлиб, электр энергиясини кашф этилган йилга тўғри келар экан. Ушбу электр лампасини кашф этган Эдисон вафот этганида, юқорида келтирилган ояти карималар унинг иш столидан топилишлигидан нималарни англашимиз мумкин?
Энди, бутун табиат баҳраманд бўладиган ёруғлик нури ҳақида фикр юритсак.XVII асрда ёруғлик нури тўғрисида икки хил назария мавжуд эди:
1.Буюк физик олим Ньютон бошчилигида ёруғликнинг корпускуляр (заррача) назариясига кўра ёруғлик манбадан ҳар тарафга тарқалувчи заррачалар оқимидан иборат.
2. Машҳур олим Гюйгенснинг ва унинг тарафдорларининг фикрича, ёруғлик бутун фазони тўлдириб тарқалувчи ва жисмларга сингувчи тўлқиндан иборат.
Бизга маълумки, иккита ёруғлик дастасини ўзаро кесиштирганимизда бу ёруғлик дасталари кесишган нўқталарида тўқнашиб сочилиб кетмайди. Бу ҳолни корпускуляр назарияси тарафдорлари изоҳлаб бериша олмайди. “Тўлқин” назариячилари эса осон тушунтириб беришади. Масалан, сув тўлқинлари ёки товуш тўлқинлари ҳар қандай ҳолда ҳам учрашганида, улар бир-бирига таъсир этмайди. Лекин ёруғликнинг тўғри чизиқ бўйлаб тарқалишини ва бунинг натижасида аниқ соялар ҳосил бўлиш сабабини “Тўлқин” назариячилари тушунтириб бера олишмасди.
Хуллас, фан ҳозирда шу нарсани исботладики:
1.Ёруғлик—тўлқин каби тарқалиш хусусиятига ҳам эга;
2.Ёруғлик—худди заррачалар оқими каби сочилиш хусусиятига ҳам эга экан.Демак биргина ёруғлик нури тарқалишининг ўзида икки хил хусусият намоён бўлмоқда. Биз бу ҳақда ўтган саҳифаларда жуфтлик қонунияти ҳақида фикр юритганимизда озроқ тушунча бериб ўтган эдик. Ушбу ёруғлик нури хусусида мушоҳада юритишни давом эттирамиз. Аллоҳ Таоло, бу ёруғлик нурига яна бошқа мўъжизалар ҳам ато этибди. Яъни, бизнинг тасаввуримиздаги оқ ёруғлик, аслида бирнеча хил ранглар қоришмасидан иборат экан.
Инглиз физиги И.Ньютон шиша призма ёрдамида шу оқ ёруғликни етти хил рангга ажрата олди.У фанда Ньютон “спектри” деб аталади. У қоронғи хонага кичкина туйнукчадан тушаётган қуёш нури йўлига шиша призма қўяди. Нур призмада синиб деворда осилган экранга етти хил ранг тасвирини, яъни бинафша,кўк, ҳаво ранг, яшил, оч сариқ, сариқ ва қизил рангни ҳосил қилади. Мана шундай турфа хил ранглар қоришмасидан, оппоқ нурафшон нурнинг ҳосил бўлишининг ўзи мўъжиза эмасми?
Энди савол тўғилади. Нима учун етти хил рангга ажралди? Сабаб шуки ушбу рангларнинг ҳар бирининг тарқалиш тезлиги ҳам ҳар хил экан. Қизил рангни муҳитдаги тезлиги энг катта бўлганлиги учун ҳам, кичик бурчак остида синиб тарқалади. Бинафша рангни муҳитдаги тезлиги энг кичик бўлар экан-ки, шунинг учун ҳам у катта бурчак остида синар экан. Қизил ёруғликнинг тўлқин узунлиги lқ=8х10-7м, Бинафша ёруғликнинг тўлқин узунлиги эса lб=4х10-7м эканлиги ўлчаб аниқланди. Қолган ранглар эса шу икки хил ранг тезликлари оралиғида, тезликлари тартиби бўйича жойлашар экан. Бу етти хил ранг бир-биридан тарқалиш тезлиги, тўлқин узунликлари ва ҳатто синдириш кўрсатгичлари билан ҳам кескин фарқ қилар экан. Ёруқлик нури мана шундай хислатга эга бўлганлиги натижасида биз баҳор фаслида пайдо бўладиган камалакни севиб томоша қиламиз. Камалак – ёруғликнинг атмосферадаги ёмғир томчиларига синиши, қайтиши, дифракциясинатижасида юз берадиган осмон гумбазидаги ранг- баранг ёй. Ёмғир ёғиб ўтгач, Қуёшга қарама- қарши тамонда ҳосил бўлади.
Қуёш уфққа қанча яқин бўлса, камалак шунча катта кўринади.Ташқи қисми қизил ички қисми бинафша рангда бўлиб, қолган ранглар тўлқин узунлигига биноан жойлашади.
Ажабо, нурларнинг тарқалиш тезлигидаги бундай ўлчовни-ю тартибни ким жорий этган? Ўз-ўзидан ёки тасодифан шундай бўлиб қолиш мумкинми? -Йўқ, асло бутун борлиқни, буюк ҳикмат билан яратгувчи Аллоҳ, ҳатто ёруғлик нуридаги турли хил рангларнинг ҳар бирига ҳам, алоҳида-алоҳида тезлик ва ўлчов ато этибди. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг "Фурқон" сурасининг иккинчи ояти каримасида шундай марҳамат қилинади: « У, осмонлару ернинг мулки Унга хос бўлган, Ўзига фарзанд тутмаган, мулкида шериги бўлмаган, ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган зотдир» .
Демак, барча нарсани аниқ ўлчов билан ўлчаб, яратиб қўйган зот Аллоҳ экан.
Юқоридаги ояти каримани такрор ўқийликда мулоҳаза юритайлик. Албатта осмонлар-у Ернинг якка-ю ягона яратгувчиси ўзидир. Яратувчанликда ҳеч қандай шериги йўқдир. У Аллоҳ ягонадир ва барча нарсани яратгувчидир. Яратганда ҳам аниқ ўлчов билан ўлчаб, яратиб қўйган зотдир. Диққат билан мулоҳаза юритсак , бу бутун борлиқ, ер,осмон ва галактикалар ўз-ўзидан бу қадар аниқлик билан пайдо бўлиб қолганлигига асло ишонгимиз келмайди. Аллоҳ бизни тафаккур қилишимизга чорлайди. Аллоҳ Таоло бутун борлиқни ҳар бир заррачасигача аниқ ўлчов билан яратганлиги ҳақида «Қамар» сурасининг 49 ояти каримасида марҳамат қилади:

«Албатта, Биз ҳар нарсани ўлчов билан яратдик» .
Демак, барча нарсани аниқ ўлчов билан ўлчаб, яратиб қўйган зот Аллоҳ экан.
“Раъд” сурасининг 4- ояти каримасининг охирида :
«... Бунда, албатта, ақл ишлатувчи қавмлар учун оят-белгилар бордир"-деб марҳамат қилинмоқда. Аммо биз қачон тафаккур юритамиз-у, қачон бу аломатларни англаб етамиз?!» .
Теварак атрофимиздаги табиат ҳодисаларидан яна кўплаб бундай ҳолатларни Аллоҳ Таоло буюк бир ҳикмат ва аниқ ўлчов остида яратганига далолат қилгувчи аломатларига мурожаат қиламиз.
Юқорида кўриб ўтдикки, оқ ёруқлик етти хил ранг қоришмасидан иборат экан. Шу ўринда шафақнинг нега қизил рангда кўринишлиги хусусда фикр юритсак.
Шафақ рангига қуёш нури ўтаётган ҳаво қатлами таъсир кўрсатар экан. Қуёш қанчалик пастга оғса, унинг нурлари шунчалик кўп ҳаво қатлами орасидан ўтиши лозим бўлади. Шу ерда атмосферада жуда кўплаб чанг зарралари, буғлар ва бошқа аралашмалар борлигини эсга олайлик. Нур мана шу қатлам орқали ўтаётганида, бу аралашмалар тўлқин узунликлари кичик бўлган бинафша, кўк ва яшил рангларни атмосферага тарқалиб ёйилиб кетишига сабаб бўлади. Натижада асосан қизил ва сариқ ранглардан иборат бўлиб қолган уфқ, қип-қизил шафақ кўринишида бўлиб қолади. Бу ҳолатнинг ажойиб ва бетакрор, гўзал бир манзара эканлиги, одамларни диққатини ўзига тортиб маҳлиё этишлиги, умуман инсон руҳиятига ажиб бир ҳолда таъсир этганлиги учун ҳам, Улуғ парвардигоримиз «Иншиқоқ» сурасининг 16-ояти каримасида Ўзи кашф этган « Шафақ» номи билан қасам ичади.
« Шафақ билан қасамки » .
Аллоҳ қасам ичмоқда. Барча мавжудотлар ичида азиз ва мукаррам қилиб яратган, тўғри йўлга ҳидоят этишлиги учун фақат ўзигагина ибодат қилишлик учун бу ўткинчи дунёда ҳалол кун кечиришлиги, қиёматда ҳисоб-китобни қаттиқ бўлишлиги ва кофирларга дузах азоби-ю, мўминларга жаннатни мукофот қилиб беришлиги айни ҳақиқат эканлиги ҳақида қасам ичмоқда.
Аммо биз ҳали ҳам ғафлат уйқусидан ўйғонганимизча йўқ.
Нурлар ҳақидаги мулоҳазаларимизни давом эттирамиз. Аллоҳ Таоло турли ранглар қоришмасидан иборат бўлган ёруғлик тўлқинларини бизниниг кўзимизга кўринадиган қилиб яратди. Аммо булардан ташқари бизнинг кўзимизга кўринмайдиган, тўғрироғи кўриниши шарт бўлмаган, тўлқин узунлиги энг узун бўлган радиотўлқинлар ва тўлқин узунлиги энг қисқа бўлган альфа, бетта ва гамма нурлари ҳам кашф этилдики, булар ҳам ҳар бири ўзига хос хусусиятга эга экан. Ва яна инфра қизил, ультра бинафша, рентген, лазер нурлари ҳам кашф этилдики, улар ҳам аниқ бир ўлчов билан яратилган экан. Ҳа, Аллоҳ барча нарсаларни аниқ ўлчов ила ўлчаб, яратиб қўйган зотдир.
Фан шуни аниқладики, ҳатто ҳар бир радиоактив модда учун аниқ вақт чегараси мавжуд бўлиб шу вақт ичида активлик икки марта камаяр экан. Мана шу вақт фанда ярим емирилиш даври дейилади. Масалан: Уранни ярим емирилиш даври 4,5 миллиард йилга тенг. Радийники 1600 йилга тенг. Радонни радиоктивлиги эса 1 минутда икки марта камаяр экан. Эътибор берсак, бу ерда ҳам, ўзига хос аниқ ўлчов жорийдир. Демак оламда ўлчовсиз яратилган нарсани ўзи йўқ экан. Аллоҳ уларни яратди, яратганда ҳам, аниқ бир ҳисоб, аниқ бир ўлчов билан яратибди. Бу борлиқ олам ўз-ўзидан бу даражада аниқ ўлчов билан яралиши, пайдо бўлиши мумкин эмас.
Оддий бир буюм ёки асбоб ясамоқчи бўлсак, ҳар бир ишчи органини бир-бирига мувофиқ келишлиги учун неча марта ўлчаб ҳисоб-китоб қиламиз. Биз юқорида фикр юритган нарсалар нақадар оламшумул даражада аниқ ўлчов остида яратилганига яна бир бор мулоҳаза юритинг. Зора бутун олам ягона Аллоҳни измида эканлигига қалбингизда ишонч пайдо бўлса.
Энди радиотўлқинлар тўғрисида ҳам бироз тўхталиб ўтсак. Ҳаётимизда алоқа воситаси сифатида катта аҳамиятга эга бўлиб, ўзига хос тўлқин узунликларига эга бўлган радиотўлқинлар ҳам, уч хил турга бўлинади:
1.Қисқа тўлқинлар. Бизга маълумки, Ер юзасидан 100, 300 км баландликда ионосфера қатлами бор. Худди шу ионосфера қатлами Аллоҳнинг иродаси билан радиотўлқинларни худди металл пластинка каби қайтаради.
Айнан мана шу ҳолат бизнинг турмушимизга асқотади. Яъни қисқа тўлқинлар ионосферадан ва ер сиртидан кўп марта қайтиб деярли ер шарини айланиб ўтади. Шунинг натижасида биз ер шарининг исталган нуқтаси билан алоқа боғлаш имкониятига эга бўламиз.
2.Узун тўлқинлар. Улар эса Ер усти бўйлаб "сирпанади". Бу радиотўлқинлардан биз махсус чекланган масофалар орасидаги алоқада фойдаланамиз.
3.Ультра қисқа радио тўлқинлар ҳатто ионосферадан ҳам ўтиб кетади. Шу сабабли ундай тўлқинлардан космик кемалар билан алоқа боғлашда фойдаланамиз.
Эътибор беринг-а, Аллоҳ Таоло ҳамма нарсани, ҳатто радиотўлқинларни ҳам, биз учун, бизнинг манфаатимиз, бизнинг эҳтиёжимиз учун яратибди. Ҳозирги кунда уйимизда туриб ҳам, дунёнинг турли нўқтасидаги кишилар билан суҳбатлашиш имконига эгамиз.

Биз шу ерда физикавий ҳодисалар ҳақида гапимизни мухтасар қилсакда, кимё фанини ҳам бир-бир варақласак. Агар тафаккур юритсак бу соҳада ҳам бутун оламни ва барча нарсаларни аниқ бир ўлчов ва қонуният остида Аллоҳ Таоло томонидан яратилганлигига гувоҳ бўламиз.
Бизга маълумки, ҳозирги вақтда кимёвий элеминтларнинг 114 тури фанга маълум. Мана шу кимёвий элементларнинг бир биридан даврийлиги ва маълум бир қонуниятга бўйсунишлиги аниқ бўлиб қолди. Ана шуларга асосланган рус кимё олими Д.И.Менделеев кимёвий элементларнинг даврий системасини кашф этди. Ушбу даврий системадаги элементлар бир-биридан атомларининг массаси, моляр массаси, валентлиги, энергетик поғонасидагидаги электронлар сони ва уларнинг тартиби каби бир қатор катталиклари билан даврий равишда, маълум бир қонуният остида фарқ қилар экан. Албатта, кимёвий элеменлар ўз-ўзидан, бу қадар аниқ ўлчов остида пайдо бўлиб қолмайди-ку!
Ҳозирги кунда Менделеев даврий системасига 109 та кимёвий элемент, 7 та давр ва 8 та гуруҳга бўлиниб жойлаштирилган. 1-даврда фақат 2 та элемент жойлаштирилган, чунки бу кўринишдаги жойлашишни уларга Аллоҳ томонидан берилган хоссалари тақозо этади. 2 ва 3- даврларда элементлар хоссаларидаги даврийлик 8 та элементдан кейин такрорланади, Биринчи давр элементларида электрон поғона битта. Иккинчи давр элементларида электрон поғона иккита, учинчи давр элементларида учта ва ҳоказо шундай давом этади.
Демак ҳар бир даврда биттадан электрон поғона қўшилиб бориши ҳам ўз-ўзидан жорий бўлиб қолганми ?
Биринчи катакда жойлашган водороднинг битта электрон поғонасида ва Гелейнинг электрон поғонасида иккита электрон поғона жойлашган.
Иккинчи даврда жойлашган Литийда иккита электрон поғона бўлиб, биринчи электрон поғонада иккита, иккинчи электрон поғонада битта электрон жойлашган. Шу даврдаги кейинги элементлар ядро зарядлари ортиб бориши билан иккинчи электрон поғона саккизта электронли бўлгунича тўлиб бораверади ва шу даврни биринчи электрон поғонасида иккита, иккинчи электрон поғонасида саккизта бўлиб тўлган Неон гази якунлайди.
Учинчи давр бошида Натрий жойлашган бўлиб, биринчи электрон поғонада иккита, иккинчи электрон поғонада саккизта ва учинчи электрон поғонада битта электрон жойлашган. Навбатдаги элементларнинг ташқи электрон поғонасидаги электронлар сони ортиб бориши натижасида, бу даврни ташқи электрон поғонасида саккизта электрон жойлашган Аргон гази якунлайди. Хуллас бу даврий системадаги ҳар бир кимёвий элемент бир-биридан электрон поғоналари-ю, уларда жойлашган электронларнинг тартиб ила даврий равишда ортиб бориш тартибидаги хусусиятга эга эканлиги, наҳотки, ўз-ўзидан бўлиб қоладиган ҳодиса бўлса. Ушбу элементларнинг ҳатто атомлари радиусларининг ўлчамлари ҳам бир-бирига ўхшамаслиги ва тенг эмаслиги илоҳий мўъжиза эмасми ?
Моддалар эса ушбу модда молекуласи таркибини қайси кимёвий элементнинг нечтадан атомлари бирикишига боғлиқ экан. Масалан, Водороднинг иккита атоми, кислороднинг битта атоми билан бирикиб, биз учун ҳаётбахш сув ҳосил қилар экан. Ёки углероднинг битта атоми, кислороднинг иккита атоми билан бирикса, ҳаётимиз учун хавфли карбонат ангидрид гази пайдо бўлар экан. Водороднинг иккита, кислороднинг тўртта ва олтингугуртнинг битта атомларининг бирикмаси бу сулфат кислотаси демакдир.
Ҳа, Аллоҳ Субҳонаҳу ва Таоло ўзининг муборак китобида марҳамат қилганидек:
« Ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган зотдир».
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, табиатдаги нафақат ўлкан нарсалар, балки микроорганизм ва ҳужайралардаги кимёвий бирикмалар ҳам аниқ ўлчов остида яратилгандир. Масалан: Жонли организмларнинг кимёвий таркиби қўйидагича экан:

1.Водород-60,3 %,
2. Кислород-25,5 %,
3.Углерод-10,5 %,
4. Азот- 2,42 %,
5. Натрий-0,73 % ва ҳоказо... .

Эътибор берайлиг-а, булар ҳаммаси бир хил миқдорга тенг булиши мумкинмиди ? , нега шундай бўлмади?, бундай бўлишлигини Аллоҳ хоҳлаган эди. Оғирлиги 70 кг бўлган одам организмидаги кимёвий бирикмаларнинг миқдорлари қўйидагича экан:

1.Сув - 42кг ёки 60%
2.Тузлар-3,5 кг ёки 5%
3.Оқсил-14,6кг ёки20%
4.Ёғлар-10,5кг ёки!5%
5.Углевод -0,7 кг ёки 1 %
6. Нуклеин кислоталар- 0.7 кг ёки 1% ва ҳоказо.

Демак, инсон организмида кимёвий бирикмалар шу миқдорлар атрофида бўлиши лозим экан. Ушбу миқдорлар агар кўпайса ёки камайса, албатта инсон саломатлигига путур етиши аниқдир. Ҳатто танамиз ҳарорати-ю, қон босимларимиз ҳам Яратувчимиз томонидан белгиланган ўлчовдан ошмаслиги ёки камаймаслиги лозим. Акс ҳолда нималар содир бўлишлигини тасаввур қилиш қийин эмас.
Шуни айтиб ўтиш жоизки, бизким онгли мавжудот ҳисоб-китобсиз яшамоқдамиз. Истаганимизча еймиз, ичамиз. Аллоҳ биз учун яратиб қўйган табиатни ҳам, ноз-неъматларни ҳам, ҳисобсиз исроф этмоқдамиз. Оқибатини ўйлашга вақтимиз йўқ. Ваҳоланки, Аллоҳ Таоло «Аъроф» сурасининг 31 ояти каримасида:

«Эй, Одам болалари, ҳар бир ибодат чоғида ўз зийнатингизни олинг. Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки, У исроф қилувчиларни севмас» -деб бизга танбеҳ бермоқда.
Бу каби илоҳий қийматга эга бўлган илмий мўъжизаларни қисқагина келтирдик холос. Бундан ташқари фанга маълум бўлган ва маълум бўлмаган, очилиши келажак авлодларга насиб этажак илоҳий муъжизалар Қуръони каримда беҳисобдир. Бу ҳақда «Йаасийн» сурасининг 36 оятида шундай дейилган:

«Ер ўстирадиган нарсалардан, уларнинг ўзларидан ва улар билмайдиган нарсалардан, барчасидан жуфтларни яратган Зот пок бўлди».
Инсоният борлиқдаги жисмлар атом, электрон, протон каби кичик заррачалардан ташкил топганлигини билмаган эди, билди. Зарядлар ҳақида тушунчага эга эмас эди, тушунди. Учишни орзу қилган эди, Ойдан-да узоқларга қадами етиб борди. Марҳамат қилинаётганидек, ҳали яна бизлар билмайдиган, аммо Аллоҳга тасбеҳ айтиш ила машғул шундай нарсалар мавжудки, фан-техникаларнинг тараққий этиши натижасида, улар ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлиб қолармиз, иншаоллоҳ.
Энди Дарвин назарияси ҳақидаги фикрлар хусусида мулоҳаза юритишини давом эттирамиз. Кўпчиликка маълумки, молекуляр биология фани ҳозирги кунда ҳар-хил турларга мансуб бўлган организмлар ДНК (Дезоксирибонуклеин кислота)сидаги оқсил молекуласидаги аминокислаталар жойлашиши, улар орасидаги ўхшашлик ва фарқлар даражасини аниқлаб бериши мумкин. Фанга маълумки, гемоглобин оқсили қизил қон таначалари- эритроцитларига бўлади.
«Одам эритроцитларидаги гемоглобин оқсили ўзаро ўхшаш 2 та α (алфа) ва 2 та β (бетта) занжиридан ташкил топган. α нинг ҳар бир занжири 141 та, β нинг ҳар бир занжири 145 та аминокислаталардан иборат. Гемоглобиннинг α ва β занжирлари ўзаро фарқ қилса ҳам, улардаги аминокислаталарнинг жойлашиш зичлиги бир-бирига ўхшаш. Одам ва бошқа ҳайвонлар гемоглобин занжиридаги аминокислаталар таркибидаги фарқ. (В. Грант бўйича).

№ Турлар Фарқлар сони
α занжир β занжир
1 Одам – шимпанзе 0 0
2 Одам – горилла 1 1
3 Одам – от 18 25
4 Одам – эчки 20-21 28-33
5 Одам – сичқон 16-19 25
6 Одам – қуён 25 14

Жадвалда келтирилган маълумотлардан кўриниб турибдики, одам ва одамсимон маймунлар гемоглобин аминокислаталар изчиллиги бўйича деярли ўхшаш, лекин одам билан сут эмизувчи ҳайвонларнинг бошқа туркумлари орасидаги фарқ жуда катта бўлиб, 14-33 га тенг» .
Эволюцион назарияси тарафдорлари ўз фикрларининг тўғрилигини исботлаш мақсадида мана шунга ўхшаш изланишлар натижаларидан хулоса чиқариб, одам маймундан пайдо бўлган дея таълим беради. Ҳақиқатда эса улар гоҳида қаллобликка ҳам қўл уриб турган эканлар. Машҳур музейларнинг бирида сақланган “одамсимон маймун”нинг бош склети диққат билан ўрганилганда, у маймун ва одамнинг бош суягидан қўшиб “ясалган”лиги маълум бўлди.
Маймундан одам пайдо бўлишлигини кўриш умидида ўтказилган узоқ давомли тажрибаларда ҳам ва бошқа ҳолатларда ҳам, бирорта маймун одамга айланмаган бўлса-да, одамнинг маймундан пайдо бўлганлиги тўғрисидаги ғоя одамлар онгига сингдирилиб келинди. Мактабларда ҳам ўқувчиларга шундай тушунтирилди. Хўш, илмий жиҳатдан аниқланган юқоридаги жадвал натижаларига нима дейишимиз мумкин? Ҳақиқатдан ҳам одам маймундан пайдо бўлганми ?
Ҳақиқатни Ҳақнинг ҳақ каломи бўлмиш Қуръони Каримдан ахтарамиз. Аллоҳ Субҳонаҳу ва Таоло ўзининг муборак китобининг «Аъроф» сурасида шундай марҳамат қилади: 163. «Улардан денгиз соҳилида бўлган қишлоқ ҳақида, шанба кунида ҳаддан ошганлари, шанбалик кунларида балиқлари очиқ келиб, шанбалик қилмаган кунлари келмагани ҳақида сўра. Қилган фосиқликлари туфайли уларни шундай синаймиз ».
165. «Бас, улар ўзларига эслатма бўлган нарсани унутганларида, ёмонликдан қайтараётганларга нажот бердик ва зулм қилганларни қилган фосиқликлари туфайли шиддатли азоб ила тутдик ».
166. « Бас, улар ўзлари қайтарилган нарсадан қайтмай, такаббурлик қилганларида, уларга: «Хўрланган маймунларга айланинг!»,-дедик» .
Шанба куни воқеасининг қисқача мазмуни шундан иборатки, «Денгиз соҳилида жойлашган бир қишлоқ бўлган экан. Уни яҳудийларнинг ўзлари яхши биладилар. Ўша соҳил бўйидаги қишлоқда яҳудийлар жамоаси яшар эдилар. Бани Исроилнинг талабларига биноан ҳафтанинг шанба куни улар учун байрам, дам олиш куни қилиб белгиланди. Бу кун уларга ишлаш ва тирикчиликка уриниш ҳаром қилинди. Соҳил бўйидаги мазкур қишлоқда яҳудийлар учун катта синов бўлди. Шанба куни балиқлар соҳилга келиб очиқ-ойдин кўриниб, кўзларини ўйнатиб юрар эди. Шанба кунидан бошқа куни эса ҳеч бир балиқ кўринмасди.
«Қилган фосиқликлари туфайли уларни шундай синаймиз ».
Шунда, Бани Исроилдан баъзилари чидаб тура олмай ман қилинган амрни буздилар. Ривоятларда келишича, улар шанба куни алоҳида тўсиқлар ташлаб, соҳилга келган балиқларни қайтиб кета олмайдиган қилиб қўйишар ва якшанба куни йиғиб олишар, шу билан бирга биз Аллоҳнинг амрини бузганимиз йўқ, шанба куни дам олдик, ов қилганимиз йўқ, дер эдилар... Аллоҳ таоло уларни қайтарган нарсадан қайтмадилар. Солиҳ қавмлар ваъз қилиб қайтарсалар ҳам, қайтмадилар. Мутакббирлик қилдилар. Шунда:
«уларга: «Хўрланган маймунларга айланинг!»,-дедик» ва улар «хўрланган маймунларга» айландилар. Чунки, Аллоҳ таолонинг «Бўл» деган амри бўлмасдан қолмайди. Бу гал ҳам шундай бўлди.» .
«Уларнинг ёшлари маймунларга, кексалари чўчқага айлангандан уч кун кейин ҳаммаси ўлиб кетган. Улар ўлмаган, балки яшаб насл ҳам қолдирганлар, деган ривоят ҳам бор (Мадорикут танзил.) .
Ҳақиқатда бўлиб ўтган воқеалар мана шундан иборат. Демак аслида одам маймундан эмас, балки ҳаддидан ошган кимсалар маймунга айлантирилган экан. Биолог олимлар ўзлари билмаган ҳолда «Қуръони Карим» ояти карималарини тажрибалар асосида илмий жиҳатдан тасдиқлаб туришибди.
Ва яна шунингдек «Бақара» сурасида ҳам ушбу воқеа хусусида шундай баён қилинади:

65. «Батаҳқиқ сизлардан шанба куни тажовузкорлик қилганларни билдингиз. Биз уларга: «Қувилган, хор-зор маймунга айланинг »,-дедик».
66. «Биз бу(ҳодиса)ни унинг олдидагиларга ва кейинидагиларга ва тақводорларга мавъиза қилдик».
Мана сизга айни ҳақиқат! Аллоҳга итоат этмай, ҳийлакорликлари учун маймунга айлантирилиб жазоланган бу бадбахтлар воқеасини Роббимиз, ўша ва кейинги даврлар учун ибрат ва насиҳат демоқда.
Демак одам ва маймун гемоглобинидаги альфа ва бетта занжирининг ўхшашлигидан, Дарвин назарияси тарафдорлари айтганидек, одам маймундан пайдо бўлганлигини эмас, балки аслида ҳаддан ошган баъзи қавмлар маймунларга айлантирилганлиги ҳақ эканлигини билиб олдик.
Демак, инсон чексиз қудрат ва билим соҳиби бўлган Аллоҳ таоло томонидан бенамуна ва ўта мукаммал, ўта гўзал тарзда яратилган. Жирканч ҳайвонлардан пайдо бўлган эмас.
4.“Батаҳқиқ, Биз инсонни энг яхши сувратда яратдик”
Бу каби воқеалар «Қуръони Каримнинг» ҳақиқатда Аллоҳ томонидан нозил қилинган илоҳий, мўъжизавий китоб эканлигига далил эмасми? !
Энди, Одамни яралиши хусусидаги ояти карималарга тўхталиб, бу мавзуга тегишли айни ҳақиқатларни билиб олсак. Аллоҳ бу ҳақда ҳам, кўпгина ояти карималар нозил қилган. «Фотир» сурасининг 11-ояти каримасида марҳамат қилинади:
«Аллоҳ сизларни тупроқдан, сўнгра нутфадан яратиб, кейин жуфт-жуфт қилиб қўйди. Қайси бир урғочи нимага ҳомиладор бўлса, нимани туғса, фақат Унинг илми билан бўлур. Ҳар бир умр кўргувчига умр берилиши ёки унинг умрининг қисқартирилиши албатта Китобда бордир. Албатта, бу Аллоҳга осондир.»
Ушбу ояти каримадан билиб оляпмизки:
1.Аллоҳ Одам Атони тупроқдан яратган. Бу ҳақда бир минг беш юз йилга яқинроқ вақтдан аввалроқ хабар қилинаётган бўлсада, Ерда учрайдиган кимёвий элементлар, одам организмида ҳам учрашлиги аниқланганлиги, бу борада катта кашфиёт бўлди.
2.Аллоҳ Одам наслини нутфадан яратди ва эркак-аёл қилиб жуфт ҳолда яшашлигимизни ирода этди.
3. Ҳар бир аёлнинг ўғил ёки қиз болага ҳомиладор бўлиши ва кўзи ёриши фақат Унинг илми ва Унинг хоҳиш-иродаси билан бўлади. Бу борада айрим эркакларнинг ўз жуфти ҳалолларига саводсизлик, жоҳиллик ила зулм кўрсатишлари кечирилмас бир ҳолдир.
4. Бирор узоқ умр кўрувчининг умри узайтирилган бўлиши мумкин ёки умридан камайтирилган бўлиши мумкин. Аммо бу ҳақда албатта, у Китобда битилган бўлар экан. Албатта, бундай ишлар Аллоҳга осондир.
Шунингдек, «Ҳужурот» сурасининг 13- ояти каримасида ҳам марҳамат қилинади:
«Эй, одамлар! Биз сизларни бир эркак ва аёлдан яратдик ва сизларни ўзаро танишишингиз учун халқлар ва қабилалар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлилингиз энг тақводорингиздир. Албатта, Аллоҳ таоло билувчи ва хабардор зотдир».
Демак, аслида бир ота ва бир онадан яратилган инсонларни Аллоҳ Таоло, бир-бирлари билан танишиб олишликлари, ўзаро дўст, биродар бўлишликлари учун турли-туман миллат ва элатлар қилиб яратибди. Урушиш ,талашиш учун эмас.
«Шууро» сурасининг 49-50-ояти карималарида ҳам марҳамат қилинади:
49.«Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсани яратур. У зот хоҳлаган кишига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур».
50. «Ёки уларни жуфтлаб - ўғил - қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир ».
Демак, осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги фақат Аллоҳгагина хос экан.Ўзи яратгандан кейин, ҳукмронлик ҳам Унинг Ўзигада. Албатта У Ўзи хоҳлаган нарсани яратади. Бу борада ҳеч ким маслаҳат бера олмайди.
Оналарнинг қиз ёки ўғил фарзанд кўришликлари, ёки бира тўла ўғил ва қиз, яъни, эгиз фарзанд кўришликлари ҳам Аллоҳнинг хоҳиши билан амалга ошади. Ҳеч бир ота-она айрим кишилардек қиз фарзанд учун аҳли аёлига зуғм ўтказиб, ношкурчилик қилиб, ҳақорат этмаслиги лозим. Ваҳоланки, Аллоҳ Таолонинг Ўзи огоҳлантираётганидек, хоҳлаган кишини туғмас (бепушт) қилиб ҳам қўйиши мумкин. «Албатта, У зот ўта билгувчи ва ўта қодирдир».
Айниқса «Муъминун» сурасининг ушбу ояти карималарида одам ва унинг зурриёдларининг яралиш ва шаклланиниш жараёнлари жуда батафсил баён этилган.
12.«Қасамки, батаҳқиқ, инсонни лой сулоласидан яратдик».
Биз инсонларни отамиз бўлмиш Одам Атони лойнинг сарасидан яратганлиги ҳақида Улуғ Яратгувчимиз Аллоҳ Таоло қасам ичиб таъкидламоқда. Тафаккур юритмаймизми?
13.«Сўнгра уни мустаҳкам қароргоҳда нутфа қилдик».
14. «Сўнгра нутфадан алақа яратдик, алақадан чайналган гўшт яратдик, чайналган парча гўштдан суяк яратдик, бас, суякка гўшт қопладик, сўнгра уни бошқа бир жонзот этиб пайдо қилдик. Бас, яратгувчиларнинг энг яхшиси Аллоҳ баракотли ва буюкдир».
15. «Сўнгра, албатта, сизлар бундан кейин, ўлгувчилардирсиз».
16. «Сўнгра, албатта, сизлар қиёмат куни қайта тирилтирилурсиз».
Одамзот аввало лойнинг сарасидан яратилганлигини Аллоҳ Таоло қасам ила баён қилмоқдаки, биз бунинг аҳамиятини англаб олмоғимиз лозим бўлади. Ушбу ояти каримада одамзотнинг наслини, она қорнидаги ҳомиланинг нутфалик(маний) ҳолатидан бошлаб ривожланиш жараёнлари, босқичма-босқич баён қилинмоқда. Нутфадан пайдо бўладиган лахта қон араб тилида «алақ» дейилади. Ушбу алақнинг маъноси зулук шаклидаги қотган лахта қондир. Ана шу зулуксимон лахта қон она раҳмида ёпишиб, ундан ўзига керакли озуқани олишлиги, у кейин бир парча гуштга айланишлиги ва ниҳоят росмана чақалоқ кўринишига келишлиги, ғарб давлатларининг етук олимлари томонидан тан олинди. Энг замонавий ва мураккаб бўлган асбоблар билан ўтказилган тадқиқотлар натижаси, ушбу ояти карималарнинг ҳақлигига иқрор бўлди. Қуръони Карим ҳақиқатдан ҳам, Ҳақнинг улуғ китоби эканлигига далил эмасми?
Кейинги ояти карималарда эса албатта вафот этишлигимиз, қиёматда яна қайта тирилишлигимиз хабари ила огоҳлантирилмоқдамиз. Тафаккур юритмаймизми?

ХУЛОСА

Маълумки, Қуръони карим инсониятга ҳидоят ва нур қилиб нозил қилинган ва у икки дунё саодатини кафолатлайди. Унинг ўзи ҳам биз учун энг катта мўъжизадир. Шу билан бирга бу илоҳий китобда турли замонавий фанларнинг мавзуларига ишоралар бор. Ушбу улуғ илоҳий китобдаги айрим ояти карималарни ожиз ақлимиз етгунича, табиат ҳодисалари билан қандай ҳамоҳанг, бир-бирига уйғун эканлиги, борлиқда содир бўладиган барча табиий ҳодисалар аслида Қодир Аллоҳ Таолонинг измида эканлиги таҳлил қилдик. Улар фақат Аллоҳнинг изни, қудрати билан содир бўлишлиги ва бу ҳақда Яратгувчи зотнинг Ўзи муборак каломида аниқ хабарлар келтирганлиги ҳақида ожизона фикр юритдик. Яна ҳам Аллоҳ билгувчи зотдир.

Фойдаланилган адабиётлар.

1.Абул Барокат Насафий. Мадорик ат-танзил. 2-жуз.
2. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Тафсири Ҳилол». Тошкент. “Шарқ” 2008.
3. Шайх Абдулазиз Мансур. «Қуръони Карим маъноларининг таржимаси». Тошкент ислом университети. 2001 йил.
4. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. «Иймон». Тошкент “Шарқ” 2006 йил.
5.Ўзбекистон миллий энциклопедияси. Давлат илмий нашриёти. Тошкент 2002.
6. Физика. А.Г. Ғаниев, А.К. Авлиёқулов ва бошқалар. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун.Т. “Ўқитувчи” 2007
7. Астрономия. М.Мамадазимов. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун. Т.“Ўқитувчи” 2004
8. Биология. А.Г.Ғофуров, К. Нишонбоев ва бошқалар. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун. Т.“Шарқ” , 2007.
9.Кимё. С.Машарипов, И. Тиркашев. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари учун. Т. “Ўқитувчи” 2002
10.Б.Т.Қўйлиев. “Табиатнинг физик хоссалари битмас- туганмасдир” Қарши-2005.