1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Закотни қуйидагиларга бериб бўлмайди

05:00 / 16.01.2017 10421 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Орасида туғиш ва эри хотинлик алоқаси борларга. Ўзининг қулига. Баъзисини озод қилган қулга. Бойга. Унинг қулига ва кичик ёшдаги боласига. Бани Ҳошимга. Уларнинг мавлоларига. Зиммийга. Унга закотдан бошқани берса бўлади.


Ушбу матнда закотни бериб бўлмайдиган бир неча тоифалар зикр қилинмоқда.

1. Орасида туғиш ва эри хотинлик алоқаси борларга.
Бунда кишини туққанлари, яъни, ота-онаси, бобо-момолари неча поғана юқори бўлсалар ҳам киради. Ана ўшаларга мазкур киши закотини бериши мумкин эмас.
Яна кишидан туғилганлар, яъни, ўғил-қизлари ва уларнинг ҳам ўғил қизлари неча поғана паст бўлсалар ҳам унинг закотини олишлари мумкин эмас.
Демак,Закотни болаларга, хотинга бериш мумкин эмас. Шунингдек, ота-онага ҳам бериш мумкин эмас. Чунки, боланинг моли-мулки ота-онаники ҳисобланади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир фарзандга, сен ҳам, молинг ҳам отангга мулксизлар, деганлар.
Бой-бадавлат хотин ўзининг камбағал эрига Закотини берса бўладими? деган саволга баъзи мазҳаблар «бўлади», деб  жавоб берганлар.
Ҳужжат маъносида, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг хотинлари Зайнаб розияллоҳу анҳо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб, Закотимни эримга берсам бўладими? деб сўраганида «бўлади», деб жавоб берганларин келтирадилар.
Ҳанафий мазҳаби уламолари эса, Зайнаб розияллоҳу анҳонинг ҳодисаси хусусий, деб биладилар ва хотин ўз эрига Закотини бериши дуруст эмас, чунки, эр уни олиб яна хотиннинг ўзига ишлатади, дейдилар.
Бошқа қариндошларга Закотини берса бўладими? деган саволга баъзи уламолар уларнинг нафақаси лозим бўлса, бўлмайди, нафақа ўрнига Закот бериш ила ўзи фойда топади, дейишган.
Аммо, Ҳанафий мазҳаби уламолари, бўлади, дейишган. Чунки нафақа ўзига яраша шартлар билан вожиб бўлади. Аммо, яқин қариндошлар билан ота-болага ўхшаб мулки бирлашиб кетиши йўқ. Яқин қариндошга берилганда мулк Закот берувчидан Закот олувчига кўчади. Бу эса Закот бериш мумкин эканлиги гаровидир, дейшади.

2. Ўзининг қулига. Баъзисини озод қилган қулга. 
Қул хожанинг мулки бўлади. Киши ўз мулкига закотини бериши дуруст эмас.


3.Бойга. Унинг қулига ва кичик ёшдаги боласига.
Ато ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Садақа бойга ҳалол бўлмайди. Магар беш кишига:-Аллоҳ йўлида ғозийлик қилувчига, у (садақа) учун омилга, қарздорга, ўз моли ила у (садақа)ни сотиб олган одамга ёки бир одамнинг мискин қўшниси бўлса-ю, мискинга берилган садақасини бойга ҳадя қилса, бўлади», дедилар».
Абу Довуд, Аҳмад ва ал-Ҳоким саҳиҳ ҳадис сифатида ривоят қилишган.
Бойга Закот фақат беш ҳолатда ҳалол бўлади:
1. Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқса.
Албатта, жиҳодга ўз молидан сарфласа жуда яхши бўлади. Аммо фаразан Закот молидан сарфласа ҳам ҳаром бўлмайди.
2. Садақага омил бўлса, яъни Закотчи бўлиб ишласа, иш ҳаққи маошини бой бўлатуриб Закотдан олиши жоиз. Чунки Аллоҳ таоло Ўзи бунга рухсат берган.
3. Қарздорга.
Ўзи бой бўлиб, аммо кўпчилик фойдаси учун бирор каттароқ сарфни бўйнига олиб қарзга ботган одам ҳам Закотдан олиб қарзига берса жоиз.
4. Бир камбағалга, мисол учун, Закотдан бир дона қўй тегди. Уни бой одам ўз пулига камбағалдан сотиб олди. Бу, албатта, жоиз. Лекин Закотни сотиб олиш ҳам дуруст эмас экан, деган тушунча чиқмаслиги учун ҳадисда баён қилинган.
5. Камбағал ўзига Закотдан теккан нарсадан бойга ҳадя қилса, бой олиши жоиз. Бу ҳам олдингига ўхшаб, бойга Закот бўлган нарса ҳадя шаклида келса ҳам ҳаром, деган фикр чиқмаслиги учун айтилган. Закот камбағалнинг мулкига айланади, демак, ўзи қандай хоҳласа, шундай тасарруф қилади.
Аслида бойлар Закот беришлари керак. Бинобарин, уларнинг Закот олишлари мутлақо мумкин бўлмайди.
Баъзи бир кишилар ўзларидан бошқаларнинг бойлиги туфайли ҳам бой ҳисобланадилар ва Закот олишлари дуруст бўлмайди. Мисол учун балоғатга етмаган ёш бола отасининг бойлиги туфайли бой ҳисобланади. Шунингдек, фақир аёл эрининг бойлиги ила бой ҳисобланади. Чунки, унинг нафақаси эрига вожиб бўлади.
Бу масалада: «Нафақаси бойга вожиб бўлган кишиларга, унинг болалари, хотини, ота-онаси ва шунга ўхшаш яқинларига Закот олиш ҳаромдир, дейилган.

4. Бани Ҳошимга. Уларнинг мавлоларига. 
ПАЙҒАМБАР СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ОЛИ БАЙТЛАРИГА ВА УЛАРНИНГ МАВОЛИЙЛАРИГА САДАҚА ҲАЛОЛ ЭМАС

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумо садақанинг хурмосидан бир дона олиб оғзига солди. Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиҳ-қиҳ! деб ташлатмоқчи бўлдилар. Сўнгра:
«Биз садақа емаслигимизни сезмовдингми?» дедилар».
Икки Шайх ривоят қилишган.
Муслимнинг ривоятида:
«Бизга садақа ҳалол эмаслигини билмабмидинг?!‌» дедилар», дейилган.
Бундан Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам оли байти садақа емоғи мумкин эмаслиги келиб чиқмоқда.
Имом Муслимнинг ривоятида емоқми, бошқами-барибир Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оли байтларига садақа ҳаром экани маълум бўлмоқда. Шунинг учун Закот уларга ҳаром эканида ҳеч шубҳа қолмайди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам йўлда кетаётиб хурмо ёнидан ўтдилар ва:
«Агар садақа бўлмаганида, уни еган бўлар эдим», дедилар».
Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз шахсларига ҳам садақани ҳаром қилгандир.

Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Махзумдан бир кишини Закот тўплагани юбордилар. Бас, у Абу Рофеъга мен билан бирга юр, сенга, у(Закот)дан насиба бор, деди. У «Олдин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраб олай», деди ва бориб сўради. Бас, у зот:
«Бир қавмнинг мавлоси улардандир. Албатта, бизга садақа ҳалол эмас», дедилар».
Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган ва «саҳиҳ» деганлар.
«Мавло» дегани озод қилинган қулдир. Абу Рофеъ ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мавлоларидан эди. Шунинг учун ҳам унга садақа ҳалол бўлмайди.
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оли байтлари ким?» дейилганда;
Шофеъий мазҳаби «Бани Ҳошим ва Бани Муталлиблар», дейди.
Абу Ҳанифа ва Моликлар эса, фақат «Бани Ҳошим», дейдилар. «Бани Ҳошим» эса, Алининг авлодлари, Ақийлнинг, Жаъфарнинг, Аббоснинг, ал-Ҳорснинг авлодларидир, деганлар уламоларимиз.
Бу ҳукмда катта ҳикмат ўз аксини топган. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам садақа олмасликлари, оли байтларига ҳам садақа олишга рухсат бермасликлари билан, нафсларини покиза тутиб, иффатли ҳолда туришда бошқаларга ўрнак бўлишни ирода қилганлар. Нима бўлганда ҳам кишиларнинг садақасини олганлар уларнинг миннатларига ҳам қоладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини ҳам, ўз оли байтларини ҳам ўшандоқ миннатга қолишларини хоҳламаганлар.
Иккинчидан, Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари садақа олсалар ва оли байтларига садақа олишга рухсат берсалар турли-туман ноҳақ гумон ва гап-сўзлар келиб чиқиши мумкин эди. Баъзи бир оғзига кучи етмаганлар, худодан умиди йўқлар. Пайғамбар  Закот ва ихтиёрий садақаларни ўзи ва оли байтининг манфаатини кўзлаб шариатга киритган, дейишлари ҳам мумкин эди.

5. Зиммийга. Унга закотдан бошқани берса бўлади. 
Ислом давлати соясида яшаётган «аҳли зимма» деб аталувчи бошқа дин вакилларига Закотдан бериб бўлмайди. Чунки, Закот мусулмонлардан олиниб, мусулмонларга берилиши шарт.
Аммо аҳли зиммага нафл садақалардан, садақаи фитрдан берса бўлади. Чунки, аввал айтилганидек, Закот молиявий ибодат бўлиб, уни бериш учун ҳам, олиш учун ҳам мусулмон бўлиш керак.
Фосиқларга Закот бериб бўладими?
«Фосиқ», деб баъзи гуноҳ ишларни қилиб номи чиққан одамга айтилади. Мусулмон одаму, лекин гуноҳ ишлар ҳам қилган бўлади. Қадимги уламоларимиз, бундоқ одамларга Закот берса, бўлади, деганлар. Шу билан бирга Закотни олгандан кейин уни фисқ ва гуноҳ ишларга сарфламаслиги аниқ бўлиши керак, деган шартни қўйганлар. Балки, уни Закот бериш асносида уни фисқни тарк қилиб, тақво йўлини лозим тутишга даъват қилинади. Лекин фисқи ила мусулмон жамиятига, динга ва дин аҳлига ёмонлик қилган одамга Закот берилмайди.
Бенамозлиги билан фосиқ бўлган одамга Закот бериши ҳақидаги саволга, баъзи уламоларимиз «уни намоз ўқишга чақирилади. Агар намоз ўқишга ваъда берса берилади, бўлмаса йўқ», деганлар.
Албатта, бу мулоҳазалар қадимги вақт ўлчови билан фосиқ саналган кишилар ҳақида. Ўша вақтларда бир марта маст бўлгани собит одам ҳам, бир марта намоз ўқимаган одам ҳам, бир марта ёлғони собит бўлган одам ҳам фосиқ ҳисобланган.
Йигирманчи мелодий аср бошлари, ўн тўртинчи ҳижрий аср охирларида яшаган машҳур уламолардан баъзилари эса бу ҳақда қуйидагича фатво берадилар:
«Мулҳид(динсиз)лар бунга ўхшаш юртларда турлича бўладилар.
Баъзилари Аллоҳга очиқ-ойдин куфр келтирадилар. Бу-Холиқни инкор этиш ёки Унинг сифатларидан баъзиларини таътил қилиш (амалдан қолдириш) ёки Унинг ибодатига ширк келтириш билан бўлиши мумкин.
Улардан баъзилари ваҳийни, пайғамбарларни инкор қилиш ёки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, Қуръон, ўлгандан кейин тирилиш каби ишлардан бирортасига шубҳа, таъна қилиш билан бўлади.
Улардан яна баъзилари Исломни сиёсий маънода даъво қиладилар. Бундайлар «Мен мусулмонман», дейди. Лекин ўзи ароқни ичаверади, зинони қилаверади, намоз ўқимайди, рўза тутмайди, Закот бермайди, қудрати етиб туриб ҳаж қилмайди. Ана ўшандоқларнинг жуғрофий Исломи эътиборга олинмайди. Улардан бирортасига Закот бериш мумкин эмас».
6. Кучли, бирор касбга қодир кишилар.
Жумҳур уламолар, бу тоифадаги кишиларга Закот олиш жоиз эмас, десалар ҳам, Ҳанафий уламолар, моли нисобга етмаган бўлса олса бўлаверади, дейдилар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Сотиб олинган ҳар бир нарса ҳам тижорат моли бўлавермайди, чунки уларнинг орасида шахсий ва оилавий фойдаланиш учун ҳам бўлади. Фақатгина сотиш, фойда олиш давоми...

3655 16:22 / 06.06.2018
Закотнинг тиллодан нисоби 85 грамм бўлиб, бугунги кунда 585 пробали 1 грамм тиллонинг ўртача нархи 420 000 тўрт юз йигирма минг сўм экани эътиборидан, бу йилги закот давоми...

4646 17:26 / 24.03.2023
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Абу Бакр уни Баҳрайнга юборганда ушбу мактубни ёзган эди .Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Ушбу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи давоми...

8047 09:00 / 30.04.2021
Абу Саъийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким бир увқийя қийматида моли бўла туриб, сўраса, хиралик қилган бўлади, бошқа давоми...

2673 17:00 / 03 апрель
Аудиолар

120070 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41735 14:35 / 11.08.2021