1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Рамазон-1438

“Закот − Исломнинг кўпригидир”

17:41 / 15.06.2017 7136 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Закот Исломнинг беш устунларидан биридир. Унинг муҳимлилик даражасини Қуръони Каримда закот намоз билан бирга келганидан ҳам билишимиз мумкин:

«Намозни тўкис адо этинг, закот беринг, Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Албатта, Аллоҳ сиздан кирликни кетказиб, бутунлай поклашни ирода қилади, эй аҳли байт!» (Аҳзоб сураси, 33-оят).

Ижтимоий адолат ва мискину муҳтожларга нисбатан саховат Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг инсониятга етказган муждаларининг энг муҳим қисмларидан биридир. Шундан ҳам, нима учун закот намоз ва рўза қаторида аввалги умматларга пайғамбарлар орқали етказилганини тушуниб олиш қийин эмас.

«…Уларга яхшиликлар қилишни, намозни тўкис адо этишни ва закот беришни ваҳий қилдик. Улар Бизга ибодат қилувчи бўлдилар» (Анбиё сураси, 73-оят).

Закот тўлашнинг афзалликлари:

Закот мулкни тозалайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан. Уларнинг ҳаққига дуо қил. Албатта, дуоинг улар учун таскиндир. Аллоҳ ўта эшитувчидир, ўта билувчидир» (Тавба сураси, 103-оят).

2. Закот берувчини пулга муҳаббатдан, бахиллик каби қалб касалликларидан асрайди. Закот инсонни пулга ҳирс қўйишдан ҳимоя қилиб, ҳар бир яхшилик Аллоҳ таолодан эканини тушунишига сабаб бўлади. Закот бандага манфаат келтиради.

3. Закот бериш билан бевалар, етимлар, ногиронлар ва муҳтожларга  ғамхўрлик қилинади. У инсонлар ўртасида алоқаларни яхшилаб, бойлар ва камбағаллар ўртасидаги кўприк бўлади.

4. Закот камбағаллар ва муҳтожларга моддий кўмакдир. Уларга ҳаётдан мақсадларини аниқлаб олишга ва кундалик эҳтиёжларини қондириб, қашшоқликдан чиқишларига ёрдам беради.

5. Жамиятни судхўрликдан халос этади.

6. Аллоҳ таоло муҳтожнинг мулкини ҳимоя қилишга ва кўпайтиришга ваъда беради.

7. Закот мискинлар ҳаққидир. Закот бойларнинг камбағалларга кўрсатган саховати эмас. Бу камбағал ва муҳтожларнинг бойларнинг мол-мулкидан олинадиган ҳақларидир. Аллоҳ таоло айтади: «Уларнинг мол-мулкларида маълум ҳақ бордир. Сўровчи ва бечоралар учундир» «Маъориж» «Маъориж»(Маориж сураси, 24−25 - оятлар). Шунинг учун ҳам закот муҳтожларга бериладиган садақа ҳукмида эмас. Закотни бермаслик муҳтожларнинг ҳақларидан маҳрум қилишлик билан баробардир. Закот берувчи камбағаллар ҳақларини адо этиш билан мулкини тозалаб олади.

8. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам “Закот − Исломнинг кўпригидир” деганлар. Бир киши Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган эканлар: “Мени жаннатга тушишимга сабаб бўладиган бир амални айтинг”. Одамлар: “Нима бўлди? Нима бўлди?” деб сўрай бошлаганларида, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “У ўзига кераклисини билмоқчи! Аллоҳдан бошқага ибодат қилма, намозни тўла адо эт, закотни бер ва силаи раҳм қил”, деб марҳамат қилганлар.

 

                                                           Етти хил усул

Аллоҳ таоло бандаларини бойлик бериб синайди. Мусулмон бу синовдан муваффақиятли ўтиши фақат унинг ўзига боғлиқ. Лекин дунё ҳаётида тўкинлик насиб қилмаганлар билан ўз бойлигини баҳам кўриш воситасида Аллоҳ таоло розилигига эришишнинг етти  хил усули бор.

Закот ёрдамида қалбингизни ва мулкингизни покланг.

Закот тўламаган йилларингиз учун ҳам уни адо қилишни унутманг.

Нисобни тўғри ҳисобланг (йил давомида ишлаб топганларингиз ва улардан закот тўланадиганлари).

Яқин-атрофингиздагиларга ёрдам беришни унутманг.

Қариндошларингизни унутманг!

Закот берилувчи кимсаларнинг имкон қадар кўпроғига ёрдам қўлини чўзинг.

Закотни Ийд ал-Фитр намозидан олдин тўлашни унутманг.

Закот ҳақида олти муҳим савол

 

1. Қайси турдаги мол-мулкдан закот берилади?

Закот олтин, кумуш, шунингдек, пул маблағларидан ва 85 грамм олтин қийматига тенг бўлган мулкдан, чорвадан, асал ва бошқа турли бошоқли экинлардан берилади.

2. Закот тўлаш миқдори қанча?

Бир килограмм асалдан 100 грамм закот тўланади. Бошоқли экинлардан эса (гречиха, буғдой, гуруч), йиғилган ҳосилнинг ўндан бир қисми муҳтожларга берилади. Ҳосилнинг ўндан бирини тўлашлик ушр садақаси дейилади. Барча ҳолатларда ҳам айни ўндан бир қисми тўланмайди. Агар ҳосилни ўзингиз суғорган бўлсангиз,  йигирмадан бир қисми қисми тўланади. Агар ҳосил ёмғир сувлари билан етишган бўлса,  ўндан бир қисми тўланиши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олтиннинг закот нисобини чиқариб, 20 мисқол, яъни 85 грамм тилла ва ундан ортиғи деб белгилаб берганлар. 85 грамм олтин ва унинг пул кўринишидаги муқобилидан (15725000 сўм) қирқдан бир ҳиссаси ёки 2.5 фоизи тўланади. Кумушнинг закот нисоби эса 596 грамм бўлиб, ундан ҳам 2.5 фоиз ҳисобида закот тўланиши керак. Агар бир одамнинг уйида ёки ҳисоб рақамида бир йил давомида 85 грамм тилланинг қийматига тенг бўлган маблағи бўлса, улардан ҳам 2.5 фоиз миқдори закотга ажратилади. Бу ўлчов бошқа буюмларга ҳам тегишли бўлиб, олтин қийматини мўлжал қилиб олинади. Буюмлар сотувдаги нархлари бўйича ҳисобланиб нисобга етса, ундан ҳам 2.5 фоиз миқдоридаги закот буюм ёки пул кўринишида берилишига мумкин.

3. Йирик шохли чорвадан закот қандай тўланади?

Шуни айтиб ўтиш жоизки, закотни йирик шохли ва майда чорва ҳайвонларидан тўлаш керак. Масалан, агар сизда 30 бош сигир ёки буқа бўлса ва улар энг камида ярим йил ўтлоқларда юриб, шу вақт давомида уларнинг сони 30 тадан камаймаса, уларнинг закоти бир ёшга тўлган ғунажин ва агар ҳайвонлар сони 40 тадан ошган бўлса, закот сифатида битта икки ёшли буқа ёки ғунажин берилади. Лекин чорва ҳайвонлари ўтлоқларда ярим йилдан кам вақт мобайнида юрган бўлса, закот бериш шарт эмас. Закот кичик чорва ҳайвонлари бўлмиш эчки ва қўйлардан ҳам олинади. Уларнинг нисоби 40 бош бўлишидир. Закот сифатида 40 та қўйдан биттаси ёки ўша қўйнинг бозордаги нархига тенг қиймати пул кўринишида берилиши керак. Ғозлар, куркалар ва отлардан закот тўлаш шарт эмас. Агар бир инсоннинг отлари кўп бўлса, бизнинг ҳанафий мазҳабимизга кўра, отларнинг ҳар биридан закот тўланади.

4. Машина ёки уй-жойдан закот тўланадими?

Мазҳабимизга кўра машина, уй-жой ва бошқа турдаги кўчмас мулклардан закот тўланмайди.

5. Закот қандай тақсимланади?

Закотни тақсимлаш борасида алоҳида талаблар бор. Аллоҳ таоло бу ҳақида Тавба сурасининг 60-оятида хабар беради. Оятда закотни қандай инсонларга тақсимлаш мумкинлиги санаб ўтилган. Уларнинг сони саккизтадир:

1. Мискинлар   − эҳтиёжлари учун ишлаб даромад қила олмайдиганлар: етимлар, тул аёллар ва ишсизлар;

2. Муҳтожлар −  кунларини базўр ўтказувчи кимсалар;

3. Закотни йиғиш ва уни тақсимлаш билан шуғулланувчилар (маош сифатида);

4. Эътиқоди ҳали жуда заиф бўлганлар ва яқинда мусулмон бўлганлар;

5. Қулни сотиб олиш ва уни озод қилиш учун (ҳозирда бу ўз аҳамиятини йўқотган);

6. Вазият туфайли − табиий офатлар, ҳалокатлар, касалликлар, оила харажатлари, уйланиш, яшаш учун уй-жой сотиб олиш оқибатида қийин вазиятда қолган қарздорлар;

7. Аллоҳ йўлида илм билан банд бўлган ва Ислом нурини ёйишга бел боғлаган мусулмонлар. Бу уларнинг яшаш учун харажатларини қоплаш ва илм йўлида бардавом бўлишлари учун ишлатилади. Кўп ҳолларда бундай инсонлар талабалар ва муаллимлар бўлади;

8. Ўзга юртларда қийинчиликка дучор бўлган ва она юртига қайтишда кўмакка муҳтож бўлган мусофирлар;

Закот фақатгина юқорида кўрсатиб ўтилган инсонларга берилиши керак.

6. Бошқа эътиқоддагилар ҳам закот олса бўладими?

Закот фақатгина мусулмонлар орасида тақсимланади. Бу ҳақида Қуръони Каримда қатъий белгилаб берилган. Лекин мусулмон бўлмаганларга ҳайр-садақа бериш мумкин. Масалан, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ойша розияллоҳу анҳо яҳудий аёлни таомлантирганлар. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларининг бу ишларини садақа сифатида баҳолаганлар.

 

Закот тўламаган инсон нима қилади?

 

С: Закот кимлар учун фарз?

Ж: Закот ҳар бир ақли расо, балоғатга етган ва мол-мулки нисобга етган мусулмонга фарздир.

С: Нисоб нима?

Ж: Маълум белгиланган миқдордаги мол-мулкка эга бўлишлик, нисобга етишлик дейилади. Йил якунида бу қиймат ўзгариши мумкин, шунинг учун мулк эгаси, эгалигидаги мол-мулклар закот тўлаш учун нисобга етган ёки етмаганлигини ҳисоблаши керак.

С: Закот нималардан тўланади?

Ж: Закот барча турдаги пул бирликлари, олтин ва кумушдан тўланади.

С: Нисобнинг миқдори қанча?

Ж: Нисоб миқдори олтинда 84.8 грамм ёки кумушда 612.36 граммдир.

С: Закот қанча миқдорда тўланади?

Ж: Нисобга етган мол-мулкнинг 2.5 фоизи миқдорида тўланади.

С: Агар мол-мулкнинг миқдори йил давомида ўзгариб турсачи?

Ж: Йил давомида миқдор ортиши ёки камайишининг аҳамияти йўқ. Агар инсон закот тўлашга қодир бўлмай қолсагина нисоб вақти тугайди.

С: Уй ёки машинадан ҳам закот тўланадими?

Ж: Машина ва уй каби мулклардан закот тўланмайди. Яшаш учун керак бўладиган воситалар − озиқ-овқат, кийим-кечак, уй, ошхона анжомлари, жиҳозлар ва машинадан закот тўланмайди.

С: Эр аёли учун закот тўласа бўладими?

Ж: Бошқа киши номидан закот тўлашга рухсат берилган, фақат  ўша одам бундан хабардор бўлиши ва розилигини бериши керак.

С: Олтин ва кумушдан закот тўланадими?

Ж: Мусулмон тасарруфидаги олтин ва кумушдан закот тўлайди.

С: Закотни нақд пул кўринишида тўлаш керакми ёки пластик картага ўтказиб берса ҳам бўладими?

Ж: Иккиси ҳам жоиз.

С: Кечилган қарз закот ҳисобига ўтадими?

Ж: Агар бир киши бошқа бировга қарз берса ва у қарздорнинг қарзидан кечса, кечилган қарз закот ҳисобига ўтмайди. Лекин, агар бир киши ўз мулкидан қарздорга закот берса ва қарздор уни қарзни тўлалигича ёки қисман тўлаш учун қайтарса, мана шу закот ҳисобига ўтаверади.

С: Менинг қарзларим бор, закот ҳисоблаётган пайтимда уларни ҳисобдан чиқариб юборишим керакми?

Ж: Агар қарзлар 12 ой давомида қопланадиган бўлса, улар умумий мулк ҳисобидан чиқариб юборилади. Агар қарзларни тўламасангиз, унда улар умумий мулклар қийматидан чиқариб юборилмайди.

С: Акциялардан закот тўланадими?

Ж: Сотиш учун харид қилинган акцияларнинг нархидан закот тўланади.

С: Мен буюмлар ишлаб чиқариш билан шуғулланаман.  Бу буюмлардан закот тўлашим керакми?

Ж: Ҳа. Закот миқдори буюмларнинг сотиладиган нархлари ва тайёр бўлмаган буюмларнинг бозордаги нархидан келиб чиқиб ҳисобланади.

С:  Йиллар давомида закот тўламаганман. Нима қилишим керак?

Ж: Агар бир киши бир неча йил давомида закот тўламаган бўлса, унда у неча йил тўламаганини аниқлаштириши ва шу йиллар давомида мулки қанча бўлганини ҳисоблаши керак. Шунга асосан закот тўлаши даркор.

С: Закот кимларга берилади?

Ж: Закот мулки нисобга етмайдиган муҳтожларга, фақирларга берилади. Закот отага, онага, бувига, бобога, фарзандларга, набираларга, эрга ёки хотинга, шунингдек, ўзига тўқ кишиларга берилмайди.

 

Абдулатиф Иргашев 

таржимаси

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Рўзадор одам тили ва бошқа аъзоларини ҳаром ишлардан, гуноҳлардан тийиши лозим. Ана шунда рўзанинг асл маъноси бўлмиш тийилишни амалга оширган бўлади.Икки давоми...

3627 16:10 / 31.05.2017
Рўзанинг мақсади қалбни тарбиялаш, уни поклаш ва шукрга ундашдир. Пайғамбар алайҳиссалом Рўза minus омонатдир, шундай экан, ҳар бирингиз ўз омонатини эҳтиёт давоми...

4427 19:25 / 08.06.2017
Рамазон аксарият учун ўзининг маънавий аҳамиятини йўқотиб, ибодат ўрнига шунчаки жисмоний машқ кўринишини олган. Баъзилар атрофдагилар рўза тутганлари учунгини давоми...

7346 11:54 / 02.06.2017
Имом Муслим ва Абу Довудлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилишади.Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига фатво сўраб келди. Мен эшик ортидан давоми...

21562 16:45 / 01.06.2017
Аудиолар

120125 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41791 14:35 / 11.08.2021