1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Закот

Закот берувчи ва олувчининг одоблари

13:00 / 10.05.2021 7971 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир ибн Атийкдан, у отасидан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Келажакда ҳузурингизга ёмон кўрилган жамоатлар келадилар. Бас, қачонки улар сизга келсалар, уларни табрик ила кутиб олинглар. Улар билан талаб қилган нарсалари орасини очиб қўйинглар. Агар адолатли бўлсалар, ўзларига фойда. Агар зулм қилсалар, зарари ҳам ўзларига. Уларни рози қилинглар. Албатта, сизнинг закотингизнинг тугал бўлиши уларнинг ризосига боғлиқ. Улар сизнинг ҳақингизга дуо қилсинлар», дедилар
». 

Абу Довуд ривоят қилган.


Шарҳ: ҳадиси шарифдаги «ёмон кўрилган жамоатлар»дан мурод, закот йиққани келадиган закотчилардир. 

Закотчиларнинг закот йиққани келишлари ҳаммага ҳам ёқавермайди. Лекин закот берувчи кишилар одобли бўлишлари керак. Закот олгани келган закотчининг муомаласини яхшилаш учун закот берувчи қуйидаги одобларга риоя қилиши керак:

1. Закотчини очиқ чеҳра билан, табрик сўзлари ила кутиб олиши лозим.

2. Закотчига закотни осонлик билан, тўғри ҳолда ҳисоб-китоб қилиб олишига шароит яратиб бериш керак.

3. Закотчини шариат кўрсатмаси бўйича рози қилишга ҳаракат қилиши керак.

4. Закотчи қайтиб кетаётиб, «ҳақиқий мусулмон экансан, қани энди бошқа закот берадиганлар ҳам сенга ўхшаган бўлса эди», деб дуо қиладиган муомала қилиш керак.

Шу билан бирга, ҳадисда закотчилар риоя қилиши лозим бўлган энг муҳим нарса – адолатли бўлиш ҳақида ҳам таъкидланган. Чунки адолат қилса, закотчининг ўзига фойда, зулм қилса, ўзига зарар!


Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Аъробийлар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилиб:
«Садақачилардан баъзи одамлар келиб бизга зулм қиладилар», дейишди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Садақачиларингизни рози қилингиз!» дедилар.
Жарир:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан буни эшитганимдан бошлаб мендан садақачи фақат рози бўлиб қайтди», деди
». 

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Термизийнинг лафзида:

«Қачон олдингизга садақачи келса, фақат рози бўлиб қайтсин», дейилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятдан садақачининг устидан шикоят қилиб борган одамларга раҳбар киши насиҳат қилиб туриши кераклиги маълум бўлади. 

Закот берувчилар эса, ўзларининг қизғанчиқлик ёки бошқа номаъқул одатлари билан садақа йиққани келган кишиларни хафа қилишлари керак эмас. ҳамма Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳуга ўхшаб, садақачи рози бўлиб қайтишига ҳаракат қилгани маъқул.


Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, отаси бобоси розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Олиб келиш ҳам йўқ, четга чиқиш ҳам йўқ. Садақалари фақатгина ҳовлиларида олинади», дедилар
». 

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисда закотчининг одоблари ҳақида сўз кетмоқда. У мол эгасини қийнаб, «молингни олдимга жам қилиб кел, шу ерда санаб закотини оламан», дейиши керак эмас. Шунингдек, ўзи четроқ жойга чиқиб олиб, шу ерга кел, деб мол эгасини чақирмаслиги керак. Аксинча, унинг моли қаерда бўлса, ўша ерга бориб, закотини олмоғи лозим.


Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Отам дарахт соҳибларидан эди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон у зотга бирор қавм ўз садақасини олиб келса:
«Эй бор Худоё, Оли фалонга саловот юборгин», дер эдилар. Бас, отам у зотга садақасини олиб келди. У зот:  
«Эй Аллоҳ, Оли Абу Авфога саловот юбор», дедилар
».

Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган. 

Унинг ва Абу Довуднинг ривоятида: 

«Садақада тажовузкорлик қилувчи худди уни ман қилувчи кабидир», дейилган.

Шарҳ: Ровийнинг «отам дарахт соҳибларидан эди» дейиши улуғ бир мақомга ишорадир. 

ҳудайбия сулҳи ҳодисасида Макка мушриклари ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳуни ўлдиришибди, деган миш-миш тарқалганида Пайғамбар алайҳиссалом кишилардан фидокорлик учун байъат олганлар. Ўша байъатни дарахт остида олганлар. Шунинг учун мазкур байъат «дарахт байъати» номи билан машҳур бўлган. Ўша дарахт остида Пайғамбар алайҳиссаломга байъат қилган саҳобалар «дарахт соҳиблари» деб аталади. 

Аллоҳ оят нозил қилиб, дарахт остида Пайғамбар алайҳиссаломга байъат қилганлар у зотга эмас, Аллоҳга байъат қилганликлари, улардан байъат олган қўл Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг қўллари эмас, Аллоҳнинг «қўли» эканини баён қилган. Шу билан бирга, Аллоҳ улардан рози эканини ҳам баён қилган. Шунинг учун мазкур байъат «ризвон байъати» ҳам деб аталади. У ҳодиса иштирокчилари энг улуғ одамлардан ҳисобланадилар. 

Абу Авфонинг исмлари Алқама ибн Холид ал-Асламий бўлиб, у киши билан бирга ушбу ҳадис ровийи бўлмиш ўғиллари Абдуллоҳ ҳам мазкур улуғ байъатда қатнашганлар. Улар бу билан ҳар қанча фахрлансалар арзийди.

Ушбу ривоятдан мол эгаси закотини ўзи олиб келса ҳам мумкинлиги чиқади. Ана ўша пайтда закотни қабул қилиб олувчи масъул киши закот берувчининг ҳақига дуо қилмоғи лозим экан. 

Пайғамбар алайҳиссаломнинг бировга саловот айтмоқлари унга Аллоҳнинг раҳматини сўраб дуо қилишларидир.


Рофеъ ибн Хадийж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Садақада ҳақ ила омил бўлган одам то уйига қайтиб келгунича Аллоҳнинг йўлидаги ғозийдекдир», дедилар
». 

Термизий ривоят қилган ва «яхши» деган.

Шарҳ: Тўғри садақачи бўлиб ишлаш жуда ҳам савобли иш эканини шу ҳадиси шарифдан билиб оламиз. 

Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилиш қанчалик улуғ экани ҳаммага маълум. ўозий Аллоҳга ва Унинг Расулига тоат қилган бўлади. Садақачи ҳам ўз ишини ҳақ ила адо этса, у ҳам Аллоҳ ва Унинг Расулига тоат қилган бўлади. 

Садақачи Ислом ҳукмлари ички томондан устун бўлиши учун курашади. У бева-бечора, мискин-фақирларнинг ҳақларини жойига қарор топдиради. Шунга ўхшаш ишлар кўп. Шунинг учун бу жанжалли, бойларга ёмон кўринадиган иш, деб садақачи бўлишдан қочмаслик керак.

Биз ўрганган ривоятларда садақачи билан закот берувчи мол эгаси орасидаги муносабатлар, уларнинг одоблари ҳақида сўз кетди. Шу билан бирга, закот берувчи бой билан закотнинг ҳақдори бўлган камбағалнинг ўзига яраша одоблари ҳам бор. Уларга риоя қилиниши лозим. Энди оят ва ҳадислардан олинган, салафи солиҳлар томонидан амал қилинган ушбу одоблар аҳли сулуклар талқинида қандай бўлиши билан танишиб чиқайлик.


ЗАКОТ БЕРУВЧИ ОДОБЛАРИ


Билингки, бандага закотида бажариши лозим бўлган қуйидаги вазифалар бор:

1. Закотдан мурод нималигини фаҳмлаш керак. 

У уч нарсадан иборат: 

Аллоҳнинг муҳаббатини даъво қилувчининг ўзи муҳаббат қўйган нарсасини закотга чиқариш билан синаш. 

ҳалокатга олиб борувчи бахилликдан покланиш. 

Мол неъматига шукр қилиш.

2. Риёкорликдан холи бўлиш учун закотни сир тутиш. 

Уни изҳор қилишда фақирни хорлаш бор. Агар закотни бермади, деган туҳматдан қўрқса, бефарқ фақирларга жамоат ичида очиқ беради. Бошқаларга биров билиб, биров билмайдиган тарзда беради.

3. Закотини миннат ва озор бериш ила бузмайди. 

Чунки инсон ўзини фақирга эҳсон қилган ҳолда кўрса, унда мазкур нарса ҳосил бўлиши мумкин. Аслида эса, у ишга ҳақиқат назари ила қараса, фақир ундан Аллоҳнинг ҳақини қабул қилиш ила унга яхшилик қилган бўлади. Бу иш уни поклайди. Закот берувчи яхшироқ ўйлаб кўрса, унинг закот чиқариши мол неъматига шукрдир. У билан фақир ўртасидаги муомала эмас. Шунинг учун фақир фақирлиги учун ҳақоратланмаслиги керак. Чунки фазл молда ёки молнинг йўқлигида эмас.

4. Бераётган нарсасини кичик санаши лозим. 

Чунки бу ишни катта санаган одам у билан фахр¬ланади. Айтилишича, яхши иш уч нарса билан – уни кичик санаш, тезлатиш ва сир тутиш ила тугал бўлади.

5. Закот берувчи молидан энг ҳалолини, энг яхшисини ва ўзига энг маҳбубини чиқарсин. 

ҳалолига келсак, Аллоҳ таоло покдир, покдан бош¬қани қабул қилмас. Яхшисига келсак, Аллоҳ таоло «Ёмонини қасд қилиб, ундан инфоқ қилманг», деган. 

Бу маънода икки нарсани мулоҳаза қилиш керак: 

Биринчиси, Аллоҳ таолонинг ҳақини. Бу эса У зотни улуғлаш ила бўлади. У Зот улуғлашга энг ҳақли Зотдир. Ахир инсон ўз меҳмонига ёмон таом бермайди-ку! Қандай қилиб ёмон молини закотга – Аллоҳга беради?! 

Иккинчиси, ўзининг ҳақини мулоҳаза қилсин. Чунки берган закоти қиёмат куни ўзига учрайди. Шунинг учун ўзига энг яхши молни танлаб олиши керак. Аммо ўзи учун энг маҳбуб молни закотга чиқаришига келсак, Аллоҳ таоло: 

«Муҳаббат қилган нарсаларингиздан инфоқ қилмагунингизча яхшиликка ҳеч ноил бўла олмайсиз», деган. 

Ибн Умар розияллоҳу анҳу қачон молидан бирор нарсага муҳаббати кучайса, ўшани Аллоҳ учун қурбон қилар эди. Ривоят қилинишича, у киши бир куни балиқ егиси келаётганини айтибди. Излаб-излаб биттагина балиқ топиб келишибди. Хотини уни пишириб, тақдим қилибди. Шу пайт бир мискин келиб қолибди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу унга балиқни тутиб «ол», дебди. Шунда унинг аҳли: 

«Субҳаналлоҳ! Бизни қийнаб келтирган нарсани берасизми, бошқа нарса ҳам бор-ку!» дейишди: Шунда ул зот:

«Абдуллоҳнинг муҳаббати шунга тушган эди», деган экан.

Ривоят қилинишича, Робийъ ибн ҳайсам раҳматуллоҳи алайҳининг эшигини бир тиланчи қоқибди. 

Хонадон эгаси: «Унга қанд беринглар!» дебди.

Аҳллари: «Унга нон берсак, фойдалироқ бўлармиди?» дебдилар. 

«Шўри қуриганлар! Унга қанд беринглар! Робийъ қандни яхши кўради», деган экан Робийъ ибн ҳайсам.

6. Садақасини беришга лойиқ одам топиш. 

Уларнинг қуйидаги сифатлари бўлиши керак:

Биринчиси, тақво. Садақасини тақводорларга берсин. Закот берувчи бу билан уларнинг Аллоҳга бўлган ҳимматларини орттиради. 

Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр обидларнинг сажда қилиб турган пайтларини танлар эди. Халтага солинган динор ва дирҳамларни олиб келиб, ўзини билдирмасдан ҳамёнини уларнинг кавушлари олдига қўйганини сездирар эди, холос. Унга: «Уларга садақани шундоқ юбораверишингга нима монелик қилади», дейилганда, «Улар мени ёки вакилимни кўрганда юзлари бужмайишини хоҳламайман», деган экан.

Иккинчиси, илм. Чунки олимга мол беришда илм¬га ва дин тарқатишга ёрдам бор. Бу эса шариатни қувватли қилишдир.

Учинчиси, «неъмат бериш ёлғиз Аллоҳнинг Ўзидан бўлади», деб эътиқод қиладиган одам бўлиш керак. Ризққа сабаб бўлган нарсаларга илтифот қилмаслик маъқул. Чунки бир нарсани олганда мадҳ қилишга одатланган киши ололмай қолганида ёмонлаши турган гап.

Тўртинчиси, фақирлигини яширадиган, ҳожатини беркитадиган ва шикоятини очиб ташламайдиган бўлиш. 

Аллоҳ таоло: «Билмаган уларни иффатидан бойлар, деб ҳисоблайдилар» деганга ўхшаш бўлмоқ лозим.

Бешинчиси, оилали ва қарз ёки беморликка мубтало кишилар бўлсин.

Олтинчиси, қариндош-уруғлардан бўлсин. 

Чунки уларга қилинган садақа – ҳам садақа, ҳам силаи раҳмдир. Ким ушбу сифатлардан иккитасини ёки кўпроғини ўзида жамласа, унга бериш афзалдир.


ЗАКОТ ОЛУВЧИ ОДОБЛАРИ


Закотни олувчи Қуръонда зикр қилинган саккиз тоифадан бири бўлиши лозим. Унинг зиммасида бир нечта вазифа бор:

1. Аллоҳ таоло уни ғамга солган нарсани йўқ қилиш учун закотни унга беришга амр қилганини фаҳмласин ва барча ғамини йиғиб, битта ғамга – Аллоҳнинг розилигини топишга айлантирсин.

2. Берувчига ташаккур айтиб, унинг ҳақига дуо қилсин. 

Лекин бу сабабнинг шукри миқдорида бўлсин. Чунки ҳадисда келганидек, «одамларга ташаккур қилмаган, Аллоҳга шукр қилмас». Берилган нарса оз бўлса, уни оз санамаслик шукрнинг тугал бўлишидандир. Берилган нарсани ёмонламай, айбини беркитиш керак. Буларнинг ҳаммаси неъматни Аллоҳдан кўришга зид келмайди. Воситани восита, деб билмаслик жоҳилликдир. Воситани асл деб билишлик эса мункирликдир.

3. Ўзига берилган нарсага назар солсин. ҳалол бўлмаган нарса бўлса, мутлақо олмасин. 

Чунки бировнинг молидан чиқарилган закот закот эмас. Агар шубҳали нарса бўлса, ўзини олиб қочсин. Иложсиз қолганда ҳожатига ярашагина олсин.

4. Ўзига мубоҳ бўлган миқдорда олсин. ҳожатидан кўпни олмасин. Агар қарздор бўлса, қарзидан ортиғини олмасин.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Закот молга фарз бўладими ёки мол эгасининг зиммасигами Ҳанафий мазҳабида .Молга фарз бўлади,, дейилган. Моликий, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларида .Молнинг давоми...

3421 16:26 / 06.06.2018
Закотни олувчи Қуръонда зикр қилинган саккиз тоифадан бири бўлиши лозим. Унинг зиммасида бир неча вазифа бор1. Аллоҳ таоло уни ғамга солган нарсани бартараф қилиш давоми...

4386 12:52 / 12.06.2018
Фитр садақаси ва Фитр Закоти бирбирининг ўрнига садақа ва Закот сўзлари бирбирининг ўрнига ишлатилаверади.Ҳанафий мазҳабида садақаи фитр вожиб ҳисобланади. У давоми...

4741 05:00 / 16.01.2017
Аллоҳ таоло .Эй иймон келтирганлар, садақаларингизни миннат ва озор билан ботил қилманг,, деган Бақара, 264.Шарҳ Бундан садақа қилган киши берган садақаси орқасидан давоми...

4140 05:00 / 14.01.2017
Аудиолар

120319 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41960 14:35 / 11.08.2021