1141 21.10.2017

Кузнинг айни авж палласига етиб келдик. Демак, бизни кучли ёмғирлар кутмоқда, баъзи ерларда ҳозир ҳам шаррос ёмғир қуйяпти. Одатда бундай пайтда одамлар ёмғирдан қочишга ҳаракат қилишади: кимдир соябонини очиб олади, бошқалар эса панага қочади. Ана шу оворагарчиликлар билан бўлиб, уст-бошимиз ҳўл бўлмасин деймиз-у, ёмғир Аллоҳнинг раҳмати эканлигини унутиб қўямиз.

Хўш, Аллоҳнинг раҳматини қандай қарши олиш керак? Ёмғир ёққанда мусулмонлар нима қилиши керак?

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига кўра, ёмғир ёғаётган пайтда мусулмон киши дуо қилиши керак. Сиз ўша дуони биласизми? Ёмғир ёғаётган пайтдаги дуоларимиз ижобат бўлишини-чи?

Ушбу мўъжазгина мақолада ака-укаларимиз, опа-сингилларимизга ёмғир пайтида қайси дуоларни ўқиш суннат экани ҳақида сўзлаб беришни истадик.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ёмғирни зикр қилар экан, бундан кўзланган икки мақсадни айтиб ўтади. Оятларнинг бирида шундай дейилади:

«У Ўз раҳмати (яъни ёмғир) олдидан хушхабар қилиб шамоллар юборган Зотдир» (Фурқон сураси, 48-оят).

Бошқа оятда эса шундай дейилган:

«Улар уни (азобни) ўз водийларига қараб келаётган бир қора булут ҳолида кўришгач, «Бу бизларга ёмғир келтиргувчи булутдир», – дедилар. (Ҳуд айтди)«Йўқ, у ўзларингиз шоштирган нарса – бир бўронки, унда аламли азоб бордир» (Аҳқоф сураси, 24-оят).

Икки натижа

Аллоҳ таоло барча мавжудотларни тўлиқ назорат қилади. У Зот бир зумда қувончли воқеаларни қайғуга, бало-офатларни эса хайрли ишларга айлантириб қўя олади. У Зот бир нарсани баъзи одамлар учун яхшилик қилса, худди шу нарса орқали бошқа одамларга бало юбориши ҳам мумкин.

Юқорида келтирилган икки оятда айнан шундай ҳолатни кузатамиз. Бир оятда ёмғир раҳмат дейилган бўлса, иккинчисида унинг аламли азоб бўлиб яқинлашиб келаётгани айтилмоқда.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замонларида Мадина аҳлига қурғоқчилик етди. У зот жума куни хутба қилаётган эдилар, бир киши туриб, «Эй Аллоҳнинг Расули, чорва ҳалок бўлди, қўйлар ҳалок бўлди. Аллоҳга дуо қилинг, ёмғир юборсин» деди. У зот қўлларини кўтариб, дуо қилдилар. Осмон шишадек тиниқ, мусаффо эди. Бирдан шамол туриб, булут пайдо бўлди. Булутлар тўплангач, осмон мешининг оғзини очиб юборди (шаррос ёмғир қуйиб юборди). (Масжиддан) чиқиб, уйларимизга етгунимизча сув кечиб бордик. Ёмғир кейинги жумагача тўхтамади. Ҳалиги одам яна у зотнинг ҳузурларига келиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, уйлар йиқиляпти. Аллоҳга дуо қилинг, уни (ёмғирни) тўхтатсин», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам табассум қилдилар, сўнг: «(Аллоҳим! Ёмғирни) атрофимизга (ёғдир), бизнинг устимизга эмас!» дедилар. Қарасам, булутлар Мадина атрофига тарқалиб, худди гулчамбардек бўлиб қолди», деди.

Ёмғир ёққанда ўқиладиган дуо

Ёмғир раҳмат ёки бало бўлиб келиши мумкин бўлгани сабабли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шамол бошланса, (ёмғир яқинлашиб келаётганининг аломати бўлгани учун) кайфиятлари ўзгариб, безовта бўла бошлардилар. «Нега хавотирга тушдингиз» деб сўрашса, ул зоти бобаракот: «Умматимга жазо келмадимикин деб қўрқаман», дея жавоб берардилар.

 Ёмғир ёға бошлаганда ул зот қуйидаги дуони ўқир эдилар:

«Аллоҳумма, инний ас-алука хойроҳаа ва хойро маа фииҳаа, ва хойро маа урсилат биҳ, ва аъуузу бика мин шарриҳаа ва шарри маа фииҳаа ва шарри маа урсилат биҳ».

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим, Сендан бунинг (шамолнинг) яхшисини, ундаги яхшиликни ва у билан юборилган нарсанинг (ёмғирнинг) яхшисини сўрайман. Сендан унинг ёмонидан, ундаги ёмонликдан ва у билан юборилган нарсанинг ёмонидан паноҳ сўрайман».

Шундан сўнг, агар ёмғир сокин бўлса, ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам енгил тортиб қолар эдилар, ёмғир остига чиқиб, кўкракларини очардилар. Шу тарзда ёмғир олиб келаётган раҳматдан баҳраманд бўлардилар. Бунинг сабаби ҳақида сўралганда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу ёмғир ҳозиргина Роббимнинг ҳузуридан (даргоҳидан) келди», деб жавоб берардилар («Саҳиҳи Муслим»).

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ёмғир пайтида мана бу дуони ҳам ўқирдилар: «Аллоҳумма, ҳаваалайнаа ва лаа 'алайнаа».

Дуонинг маъноси: «Аллоҳим, бу ёмғир атрофимизга ёғсин, устимизга ёғмасин» («Саҳиҳи Бухорий», «Саҳиҳи Муслим»).

 Момоқалдироқ гумбурласа, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳумма, лаа тақтулна би ғодобик, ва лаа туҳликнаа би 'азаабик, ва 'аафинаа қобла заалик» деб ҳам дуо қилардилар.

Дуонинг маъноси: « Аллоҳим, бизларни ғазабинг ила ўлдирма, азобинг билан ҳалок қилма ва бундан аввал бизни авф қилгин» («Сунани Термизий», «Муснад Аҳмад» ва «Адабул муфрад». Имом Ҳаким, Заҳабий ( Мустадрак, 2-жилд, 286-саҳифа) ҳамда Ҳофиз Ибн Ҳажар ва аллома Жазарийлар ( Ал-Футуҳат ур-Раббония, 4- жилд, 284-саҳифа) бу ҳадисни саҳиҳ дейишган).

 Ёмғир тингандан сўнг ўқиладиган дуо

«Мутирнаа бифазли-ллааҳи ва роҳматиҳ».

Дуонинг маъноси: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила ёмғир ёғди» («Саҳиҳи Бухорий» ва «Саҳиҳи Муслим»).

Келтириб ўтилган ушбу дуолар ёмғир ёғаётганда ўқиладиган кўплаб дуолардан баъзилари, холос.

Ёмғир пайтида ўқилган дуо ижобат бўлади

Ҳадислардан маълумки, ёмғир ёғаётган пайтда ўқиладиган дуолар ижобат бўлади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «...ёмғир пайтидаги дуо рад қилинмайди», дедилар.

(«Сунани Абу Довуд», 2533-ҳадис «Мустадрак» , Заҳабий ва Шавконий, «Туҳфатуз-зокирийн», 69-бет; шунингдек, имом Нававий «Ал-Азкор»).

Суннатдан бохабар мусулмонлар бу дуоларни яхши билишади. Кўпгина муслумон мамлакатларда ёмғир ёғиб қолса, кўчага чиқиб, дуо қилаётган одамларни учратишингиз мумкин.

Келинг, биз ҳам  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига мувофиқ ёмғирни дуолар билан қарши олайлик.Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Ўзининг ҳабиби соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишни насиб айласин, омин!