1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Яҳудийлардан бир одам у кишига

22:02 / 20.05.2017 3858 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Яҳудийлардан бир одам у кишига: 

«Эй мўминларнинг амири, Китобларингизда бир оят бор, сизлар уни ўқийсизлар. Агар биз, яҳудийлар жамоасига нозил бўлганида эди, ўша кунни байрам қилиб олар эдик», деди. 

«Қайси оят?» деди.

«Бугунги кунда динингизни мукаммал қилдим, сизга Ўз неъматимни батамом қилдим ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим», ояти», деди. Шунда Умар: 

«Биз ўша оят Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган кун ва жойни жуда яхши биламиз. У зот жумъа куни Арафотда тик турган эдилар», деди». 

Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Эътибор бериб қарайдиган бўлсак, бу ерда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари ҳам, амаллари ҳам йўқ. Лекин у зотнинг мазкур ояти карима нозил бўлган пайтдаги ҳолларининг ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу томонидан қилинган васфи бор. Мана шу ҳам суннат ёки ҳадис деб аталаверади. Ушбу ривоятнинг мўътабар ҳадис китобларида келганлиги бунга далил.

Бу ҳадисда ҳам диннинг фазли ҳақида, мусулмонларга бошқа дин вакиллари ҳам ҳавас билан қарашлари ҳақида сўз кетмоқда. Хусусан, мусулмонларга нисбатан ашаддий душманлиги бор бўлган яҳудийлардан бундай гапнинг чиқиши алоҳида эътиборга сазовордир.

Уламоларимизнинг аниқлашларича, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик вақтларида бу гапни яҳудийларнинг машҳур дин олимларидан Каъбул Аҳбор исмли киши бир гуруҳ яҳудий ичида туриб айтган. У Қуръони Каримда бир оят борлиги, агар бу оят яҳудийларга нозил бўлганида, у нозил бўлган кунни байрам қилиб олишларини айтган. Бундан, яҳудийлар ўша оятда келган хабарнинг ғоятда улкан бир башорат эканини, бундай башорат эълон қилинган кун эса яҳудийлардек қадим миллатга, илоҳий китоб эгаси бўлган, пайғамбарлар кўп чиққан миллат учун байрам куни бўла олишини тушуниб етган кўринадилар. Бу гапни эшитган ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу «Қайси оят?» деб сўрадилар. 

Яъни, ўша сизга тушганида, унинг тушган кунини байрам қилиб олмоқчи бўлган оят қайси оят, дедилар. Каъбул Аҳбор: 

«Бугунги кунда динингизни мукаммал қилдим, сизга Ўз неъматимни батамом қилдим ва сизга Исломни дин деб рози бўлдим», ояти», деди.

Дарҳақиқат, ушбу оятда зикр қилинган улкан башорат мусулмонлардан бошқа ҳеч кимга насиб қилмаган. Ушбу оят нозил бўлгунча Аллоҳнинг дини мукаммал бўлмаган эди. Одам Атодан бошлаб, аста-секин, бирин-кетин келаётган шариатлар аҳкомлар билан ривожланиб келаётган эдию, мукаммал бўлмаган эди. Ниҳоят, Аллоҳнинг охирги Китобидаги ушбу оятнинг Аллоҳнинг охирги пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга тушиши билан дин мукаммал бўлди. Аллоҳ таолонинг Ўз бандаларига бераётган улуғ неъмати батамом бўлди. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига қиёмат қоим бўлгунча Исломни дин деб рози бўлди.

Ушбу улкан бахтга сазовор бўлишни ҳар бир халқ, ҳар бир миллат, ҳар бир қавм, жумладан, яҳудийлар ҳам орзу қилар эди. Лекин улар мазкур улуғ бахтнинг мусулмонларга, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига насиб этганини билиб, уларга ҳавас қилдилар. Бу ҳавасни Каъбул Аҳбор ўзининг юқоридаги гаплари билан баён қилди. Бунга жавобан ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу:

 «Биз ўша оят Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган кун ва жойни жуда яхши биламиз. У зот жумъа куни Арафотда тик турган эдилар», деди».

Бу жавобда катта маъно бор. Ҳазрати Умар, сиз оят тушган кунни байрам қилмоқчи экансизлар, биз сизлар қилмоқчи бўлгандан ҳам ўтказиб юборганмиз, деган маънода гапирдилар. Яъни, яҳудийлар ўша кунни хотирадан чиқармайдиган қилиш учун байрам куни деб эълон қилишлари мумкин эди. Аммо мусулмонлар мазкур оят нозил бўлган кунни ҳам, жойни ҳам, ҳолатни ҳам абадий ёдлаб қолганлар. Хотираларидан асло чиқмайди.

Ўша оят нозил бўлган кун – жумъа куни, Арафот куни эди. Бу икки куннинг бири ҳафтанинг улуғ куни бўлса, иккинчиси йилнинг улуғ кунидир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу оятни қабул қилиб олиш ҳоллари энг улуғ ҳолатдир. Арафа куни, Арафот саҳросида, ҳажнинг энг улуғ рукнини адо этиб тик турган ҳолларида бўлган эди. У зоти бобаракотнинг видолашув ҳажлари эди ўшанда. Ўша куни охирги марта Арафотда туришлари эди. Ояти карима Аср намози пайтида нозил бўлди. Эртасига Қурбон байрами бўлди. Саҳобалар динимиз мукаммал бўлса, ҳабибимизнинг боқий дунёга сафарлари яқинлашибди, деб йиғладилар.

Ўшандан саксон бир кун ўтиб, анбиёларнинг хотими фоний дунёни тарк этиб, боқий дунёга сафар қилдилар. Ислом динининг мукаммал бўлганини ўз кўзлари билан кўриб, хотиржам ҳолда, елкаларига юкланган буюк омонатни шараф билан адо қилиб кетдилар. У зотнинг саҳобалари тез орада Исломни дунёга таратдилар. Улар Аллоҳнинг мукаммал, батамом неъмати, рози бўлган дини – Исломдан бутун олам баҳраманд бўлиши учун қўл-ларидан келган барча хизматларни қилдилар.

Исломнинг қадрини билган авлодлар эса ундан ўзлари ҳам баҳраманд бўлдилар, ўзгаларни ҳам баҳраманд этдилар.

Исломнинг фазлини, Қуръони Каримдаги биргина оятнинг қадрини яҳудийлар ҳазрати Умарнинг даврида шунчалик тушуниб қадрлаган бўлсалар, бугунги кунда турли динларга мансуб одамлар Исломга кираётганлари бежиз эмас. Уларнинг Ислом туфайли икки дунё саодатини топиш мумкинлигини тушунибгина қолмай, яна ўз ичларидан чиққан уламоларнинг бу нарсани тушунтиришга киришганлари ҳам буюк Ислом ҳақиқатининг тантанасидир.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиРасулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Убай ибн Каъбга .Аллоҳ азза ва жалла сенга .Лам якуниллазийна кафару,ни ўқиб давоми...

4005 08:10 / 01.07.2018
Абу Яъло Шаддод ибн Авс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ақлли киши нафсини ҳисобкитоб қилиб ўлганидан кейин фойда берадиган давоми...

2525 09:20 / 27.12.2017
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кеча хуфтон намозини туннинг ярмига қадар кечиктирдилар. Сўнг намоз ўқиб давоми...

3056 09:05 / 27.03.2018
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хотинчалиш эркакларни ва эркаксифат аёлларни лаънатладилар ҳамда давоми...

2334 09:00 / 02.06.2022
Аудиолар

118723 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40691 14:35 / 11.08.2021