Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим. »
Ушбу қисқагина оятда улкан ҳақиқат ўз ифодасини топгандир. Одамлар ва жинларнинг яратилишидан ягона мақсад Аллоҳга ибодат қилиш экан. Кўпгина исломий тушунчалар қатори, ибодат тушунчасида ҳам хатолар содир бўлган. Оқибатда ҳозирги кунимизда «ибодат» деганда кишилар онгида намоз, рўза, қироат, зикр каби нарсаларгина намоён бўлади. Тўғри, мазкур амаллар улкан ибодатлардир, буларсиз Исломни тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо ушбу тушунча билан ҳозир тафсир қилаётган оятимизга мурожаат қиладиган бўлсак, инсонлар ва жинлар бутун умрларини намоз ўқиб, зикр қилиб ўтказмоқлари лозим бўлиб қолади. Чунки инсу жинни Аллоҳ таоло фақат Ўзига ибодат қилишлари учун яратгандир.
«Жин ва инсни фақатгина Менга ибодат қилишлари учун яратдим».
Намозу рўза, зикру тиловатдан бошқа ишга қўл урган шахс, юқорида айтиб ўтилган тушунча бўйича, Аллоҳнинг иродасига қарши чиққан осий бўлади.
Ҳолбуки, бошқа оятларда Аллоҳ таоло бандаларини ер юзини обод қилишга, оила қуришга ва бошқа ишларга буюрган. Инсонни Ўзининг ер юзидаги халифаси (ўринбосари) деб эълон қилган.
Демак, «ибодат» маъносининг бошқача талқини ҳам бўлиши керак.
Келинг, ибодатнинг луғавий ва истилоҳий маъносини ўрганиб чиқайлик-чи, қандай натижага эришар эканмиз. «Ибодат» сўзи араб тилида «бўйсуниш», «ўзини паст тутиш», «итоат этиш» ва «амрни бажариш» деган маъноларни билдиради. Демак, ҳар бир ишда Аллоҳга бўйсуниш, итоат қилиш, Аллоҳнинг амрларини бажариш, ҳузурида ўзини паст олиш Аллоҳга ибодат қилишни англатар экан.
Уламолар истилоҳида эса Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун қилинадиган ҳар бир иш ибодатдир. Алоҳида таъкидлаб айтмоқ лозимки, намоз, рўза, ҳаж, закот каби ибодатлар Исломнинг негизини ташкил этадиган улкан ибодатлардир. Буларсиз инсон мусулмон бўлиши қийин. Бу ерда хато «ибодат» маъносини фақат мазкур амалларга боғлаб қўйишдадир. Шунинг учун одам намоз ўқиётганида ўзини Аллоҳнинг ҳузурида ҳис қилади-ю, касб билан шуғулланаётганида ўзини Аллоҳга номаъқул иш қилаётгандек ҳис қилади. Ибодат маъносини тўғри тушунадиган бўлсак, бу ҳозиргидан кенг ва комил тушунча экани маълум бўлади. Ҳар бир ишимизни шариатга мос қилиб, Аллоҳнинг амрига, Набий алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ олиб борсак, ҳар бир ишимиз ибодатга айланади, савоб ўрнига ўтади. Бунинг учун икки асосий шартга амал қилмоқ зарур:
1. Ҳар бир иш Қуръон ёки Суннатга мувофиқ бўлмоғи лозим.
2. Ҳар бир ишни қилиш ёки тарк этишда Аллоҳнинг розилигини исташ керак. Шунда ҳар бир ишимиз ибодатга айланади. Демак, ниятни яхшилаш лозим. Набий алайҳиссалом ўзларининг машҳур ҳадисларида: «Албатта, ҳар бир иш ниятга боғлиқ, ҳар бир киши нимани ният қилса, ўшанга етади», – деганлар.
Исломда ибодат тушунчаси кенг тушунча эканига Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шариф ҳам далил-ҳужжат бўлади: «Бир гуруҳ кишилар:
– Эй Аллоҳнинг Расули, бойлар ажру савобни олиб қўйдилар, чунки бизга ўхшаб намоз ўқишади, рўза тутишади ва яна устига, ортиқча молу дунёларидан садақа қиладилар, – дейишди. Ул зот:
– Аллоҳ таоло сизларга ҳам садақа қиладиган нарсаларни бериб қўймаганми? Ҳар бир тасбеҳингиз садақа, ҳар бир такбир ҳам садақа, ҳар бир таҳлил ҳам садақа, амри маъруф ҳам садақа, наҳйи мункар ҳам садақа ва ҳар бирингизнинг шаҳватингизда ҳам садақа бор, – дедилар. Шунда одамлар:
– Биронтамиз шаҳватимизни қондирсак ҳам ажр оладими? – деб сўрадилар. Набий алайҳиссалом:
– Айтинглар-чи, шу ишни ҳаромдан бажарса, унга гуноҳ бўлармиди? Худди шунингдек, ҳалолдан бажарса, унга ажр бўлади, – дедилар».
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(Тафсири ҳилол китобидан)