146 09.03.2017

Алиф, Лом, Мим. Жуда яқин жойда Рум мағлуб бўлди. (Лекин) улар (яъни, румликлар) бу мағлубиятларидан сўнг бир неча йил ичида албатта ғалаба қилажаклар. Аввалу охир барча иш ёлғиз Аллоҳнинг (измида)дир. Ўша кунда мўминлар Аллоҳ (румликларни) ғолиб қилгани сабабли шодланурлар

Рум сураси, 1-4-оятлар

Бу ояти карималар насроний византияликларнинг Эронда ҳукм сурган сосонийлар билан бўлган жангдаги қақшатқич мағлубиятидан етти юз йил кейин, яъни милоддан кейинги тахминан 620 йилларда нозил бўлди. Византияликлар шу қадар оғир талафот кўрдиларки, бутун Византия империясининг келажаги хавф остида қолди. Аммо ушбу оятларда византияликларнинг бир неча йиллар ичида ғалаба қозонишлари башорат қилинган эди. 

Бир пайтлар Византияга тегишли бўлган Месопотамия, Киликия, Сурия, Фаластин, Миср ва Арманистон ерлари бутпараст форслар томонидан эгаллаб олинган эди. Византия империясига тобеъ бир қатор ўлкаларнинг ҳокимлари император Ираклийга қарши ошкора исён кўтардилар. Душманлар империянинг тез кунларда шармандаларча яксон бўлишини орзиқиб кута бошладилар. Бироқ, айни шу даврда Парвардигори Олам пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) «Рум» сурасини нозил қилиб, бу оятларда орадан тўққиз йил ўтмай, Византиянинг ғалаба қозонишини ва ўзининг аввалги куч-қудратини тиклаб олишини билдирди. Бутпараст ва даҳрийлар Византиянинг ғалаба қозониши мутлақо мумкин эмаслигини айтиб, ҳатто Қуръони Карим оятлари устидан кула бошладилар.

Аммо бу оятлар, Қуръони Каримдаги барча оятлар каби, Парвардигоримизнинг ҳикмати, айни ҳақиқат эди. Рум сураси, биринчи оятлари нозил бўлган пайтдан етти йил ўтгач, милоднинг 627 йили декабр ойида, император Ираклий ўзининг кам сонли қўшинлари билан Нинова дарвозаларига кескин ҳужум қилиб, ўн икки минг кишилик сосонийлар қўшинини тор-мор қилди. Византия қўшини форс армиясига қақшатқич зарба берди, бир неча ойдан кейин сосонийлар ўзлари босиб олган ерларни Византияга қайтариб бериш тўғрисида битимга имзо чекишга мажбур бўлдилар.

Мазкур оятлардаги инсон ақли бовар қилмайдиган яна бир мўъжизалардан бири шуки, византияликларнинг форслар билан жанги бўлиб ўтадиган жойнинг аниқ географик ўрни ҳам айтиб ўтилганлигидир.

Рум сураси, учинчи оятида румликлар ернинг энг чуқур, энг паст жойида мағлуб бўладилар, деб айтилган. Араб тилидаги «аднал-ард» ибораси кўп жойларда «жуда яқин ерда» деб таржима қилинган. Аммо бу ибора араб тилидан тўғридан-тўғри эмас, балки кўчма маънода таржима қилинган бўлиб, унинг асл маъносини англатмайди. «Адна» сўзи араб тилидаги паст, қуйи маъносини англатувчи «даний» сўзининг кучайтирилган шакли бўлиб, «энг паст, энг қуйи» деган маънони билдиради. «Ард» сўзи эса ер, ер сатҳи деган маънони англатади. Бошқача қилиб айтганда, “Аднал-ард” ибораси “Ернинг энг чуқур, паст жойи” деганидир. Асосан “жуда яқин жойда” деб таржима қилинганда мазкур ўлканинг Арабистон ерларига жуда яқинлиги назарда тутилади. 

Аммо ушбу сўз бирикмаси Қуръони Карим нозил бўлган даврда ҳеч ким билиши мумкин бўлмаган муҳим бир географик далилга ишора қилади. Гап шундаки, геологлар Ер шаридаги энг чуқур пастлик нуқтаси Лут кўли атрофида жойлашганлигини аниқладилар. Бу жой Сурия, Фаластин ҳамда Иордания ерлари кесишган жойдаги Ўлик денгиздир. Дарҳақиқат, византияликлар форслар билан худди мана шу кўл атрофида жанг қилганлар. Ҳозирги замон фанига маълум бўлишича, Лут кўли атрофидаги ер сатҳи денгиз сатҳидан 395 метр пастликда жойлашган бўлиб, Ер юзидаги энг паст жой ҳисобланар экан. Бу жойларнинг дунёдаги энг паст нуқта эканлиги, яъни ояти каримада айтилганидек, “аднал-ард” эканлиги йигирманчи асрда, мана шундай ўлчашларни амалга оширишга имкон берадиган замонавий аппаратлар ёрдамида аниқланди.

Лут кўлининг Ер шаридаги энг паст, энг қуйи нуқта эканлиги еттинчи асрда бирор инсонга маълум бўлиши мумкинмиди? Бироқ, шунга қарамай, Қуръони Каримда румликлар билан форслар жанг қилган жой айнан шундай, яъни энг қуйи ва паст жой деб айтилган. 

Бу эса Қуръони Карим Аллоҳ Таолонинг ягона, ўзгармас ва ҳақ каломи эканлигига яна бир далилдир.