1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Васваса (1-қисм)

17:00 / 21.09.2017 4970 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Васваса[1] бандадан қачон кесилиши ҳақида сўрабсан.

Мен сенга шунга ўхшаш бир нарсанинг хабарини берурман. Токи менинг бу ҳақдаги жавобим сенинг у ҳақдаги жавобинг бўлсин.

Қачон халойиқ сенга қарши ёмонлик қилишдан ва азият етказишдан тўхтайди? Одатда, одамлардан бири қачон қаҳрга, зулмга, азиятга дуч келса, султоннинг эшигига югурмайдими?! Одамларнинг олдида обрў қозонишга уринмайдими? Султоннинг ҳузурига қайта-қайта бораверганидан у султонга ҳам танилиб қолади. Султон учун одамларга насиҳат қилишда бардавом бўлади, уларга жонини фидо қилиб, султоннинг ишлари учун жон куйдиради. Унинг қул ва хизматчиларига кўрсатмалар беради. Охири султонга мойиллиги ва хослиги билан танилади ҳамда унинг олдида обрў топади. Одамларга гапи ўтадиган бўлади. Султон ҳам унга ишларини ишониб топширадиган бўлади. Шу тариқа султон уни қабул қилиб, ўзига яқин тутади ва сарпо кийдириб, иш беради. Одамлар султоннинг унга мансаб бериб, сарпо кийдирганини кўришса, унга азият етказиш ва ёмонлик қилиш тамалари кесилади ҳамда у одамдан бутунлай рози бўладилар. 

Буни билсанг, яна билгинки, қачон банда тавба қилса, сўнгра қалби тавба эшиги олдида тўғри турса, фарзларни адо қилиш ва ҳаромлардан четланиш ила қурбат ҳосил қилишда бардавом бўлиб, бу ишда мустаҳкам бўлади. Сўнг турли василалар ила яқинлашишда бардавом бўлса, Аллоҳ таолонинг ҳузурида обрўга эришади, чунки у ўзига амр қилинганни бажарди ва зиёда ҳам қилди. Шу тариқа унга ишонилди ва омонатдор бўлди. 

Кейин унинг қалбига нурлар кетма-кет ёғилди. Унинг учун Аллоҳ азза ва жалланинг жалолидан ва азаматидан парда очилганида, унинг қалбида жалол нури порлади. Султон жалоли унинг кўксида барқ урди. Энди унга васвасачи яқинлашса, куйиб кетади. Бундан кейин қандай қилиб у унга васваса қилишга журъат этарди? Илло, чарчоқ ва ғафлат чоғида узоқдан туриб бирор нарсани отиши мумкин, холос. Бу унинг худди осмоннинг хабаридан бир парчани илиб қочганига ўхшайди. Унинг ортидан тешиб юборувчи учқун таъқиб қилиб, уни куйдириб юборади.

Худди шунга ўхшаб, у қачон одамнинг кўксидан бир нарсани олиб қочса, Султоннинг (Аллоҳнинг) нуридан бўлган тешиб юборувчи учқун таъқиб қилади ва уни куйдириб юборади.

Бу ҳақиқатни тасдиқловчи хабар Ҳафсанинг озод қилган чўриси Судайсадан ривоят қилинган.

Ҳафсанинг мавлоси Судайсадан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Шайтон қачон Умарга йўлиқса, албатта юзтубан йиқилади», дедганларини эшитдим»[2].

Шайтон оёғидан қувват кетиб бўлгани учун юзтубан йиқилади.

Бу дунёда ҳам худди шундай. Агар олдингдан мўминларнинг амири чиқиб қолса, сени қўрқув босиб, тилинг калимага келмай қолади, оёқларингда мадор қолмай, унинг наздида айбдор бўлсанг, ҳушингдан кетиб йиқиласан.

Бандалар васвасанинг кесилиши учун қўрқувга – Аллоҳнинг жазосидан эмас, У Зотнинг азаматидан қўрқишга муҳтождирлар. Ана шундан нафс даҳшатга тушади ва унинг васвасаси кесилиб, душман қочади.

Васваса икки хил бўлади: нафснинг васвасаси ва душман васвасаси. Душман Аллоҳнинг зикри ила қочади. Нафс эса қочмайди. Аксинча, унинг васвасаси қалбда такрорланиб туради. Бу эса оғирроқдир.

Атодан шундай ривоят қилинади:

«Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Аллоҳ азза ва жалланинг қуйидаги сўзи

«...одамларнинг кўксларига васваса соладиганнинг... жинлар ва одамлардан бўлганнинг ёмонлигидан (паноҳ сўрайман)»[3] ҳақида шундай деган: 

«Васваса икки хилдир: бири душмандан, бошқаси нафсдан, «минал жиннати» дегани «одамларнинг кўзидан беркинган шайтондан» дегани, «ван-наас» дегани эса «одамларнинг нафсларидан» деганидир».

Бир куни муридлардан бири савол бериб, намозда қалби бошқа тарафга кетиб қолаётганидан шикоят қилди. Мен унга:

– Қалбинг ичингдаги бир парча гўштдир, у қаёққа кетадики, «Қалбим кетмоқда», десанг? – дедим. У ҳайрон бўлиб:

– Бу нима дегани, – деди. Мен:

– Қалб жойида. Қалбдаги ақл кетиб қолади. Қалбдан ақл кетса, эътиборсиз ва беҳуда вақт сарфловчи бўлиб қоласан, – дедим.

– Ақл қаерга кетади? – деди.

– Ватанига, – дедим.

– Ватани қаерда? – деди.

– Бош мияда. Унинг порлаши кўксда, фуоднинг[4] икки кўзи олдида бўлади. Қачон фуоднинг икки кўзи олдида порласа, малакут[5] томондан Аллоҳдан синов ўлароқ кечинмалар келади. Сўнгра кечинмалар фикрга айланади. Кейин соҳиби нурининг қувват миқдорига қараб имкон қадар олийликка – Аллоҳ азза ва жалла томон сайрга айланади. Кимнинг муайян мақоми бўлса, ўша мақомига қараб сайр қилади. 

Қачон нафс ўзининг хоҳиш-истак ва лаззатлари билан машғул ҳолда келса, кечинмаларни кўксга, фуоднинг икки кўзи олдига киритса, унда порлайдиган нур бўлмайди. Ўша кўксдаги қалбни тутун ва булутга ўхшаш нарса ўраб олади, шунда фуод зулматда қолади. Ўша ерда нафснинг ва душманнинг васвасаси бўлади. Васваса тўхтамай, изма-из келаверади.

Қачон сен Аллоҳ учун жидду жаҳд қилсанг ва дунё ишларидан фориғ бўлсанг, хотиржам бўласан. 

Агар кўксинг дунё ишлари ичида – турли ўтин, қамиш, папирус, юлғунлар бўлган чангалзор ёки қалин ўрмон каби бўлса, оёғинг остини кўришдан бошқа нимага ҳам қодир бўлардинг?! Агар ўшаларни йиғиб олишга интилиб, йиғиб олсанг ёки куйдириб юборсанг, қақроқ чўлдан бошқа нарса қолмайди. Ўшанда у ерда арслоннинг панжа изларини кўрасан ва кўксинг қўрқувга тўлади. Агар ўша ер олдиндан сайҳонга айланган бўлганида, сенга таъсир қилмас, ҳеч қандай қўрқув бўлмас эди.

Кўкс ҳам шундай. Қачон машғул қилувчи нарсалардан фориғ бўлса, унга нур келади. Шунда қалбингда малакутнинг асарларини сезасан, жаннат ва дўзахнинг асарларини сезасан. Шунда қўрқувдан уни тинглашни ва у билан бу ҳақда гаплашишни унутиб қўясан, дедим.

Сўнгра унга дедим:

«Масжидда ўтирганингда олдингдан қўлида тор ёки най кўтариб ўтиб кетаётган одам ҳақида нима дейсан? Сакраб туриб, ридосини олиб, жойингга қайтиб келдинг ва уни тагингга солиб ўтириб олдинг. Аслида у томон сакраб туриб, найини олиб синдиришинг, мункарни ўзгартиришинг керак эди. Сен эса ридога рағбатинг борлиги учун уни олдинг. Найни унутдинг ва унга эътибор бермадинг. У сенга эргашиб келиб, бошингда найи билан турди ва найни чала бошлади. Бу сенга оғир ботди ва эътироз билдириб, унга: «Аллоҳнинг уйида, бошим устида туриб най чаласанми?!» дединг. У сенга: «Ўзинг ридойимни тортиб олдинг, уни мен билан талашдинг. Сенинг олдингга ридо сабабли кирдим. Агар шундай бўлмаганда, ҳузурингга кирмаган ва сенга қарши бундай иш қилишга журъат қилмаган бўлардим. Уни менга қайтариб беришдан бош тортганингда мен хафа бўлдим ва ташвишга тушдим. Ридойим учун менга етган маҳзунлик боис тасалли топиш мақсадида баланд овозда най чаляпман. Агар буни тўхтатишимни ва олдингдан чиқиб кетишимни истасанг, ридойимни қайтариб бер. Йўқса, бу ҳол давом этаверади. Қай бирини истайсан?» деди.

Агар ўша масжидда ҳакамлик қилишга тўғри келса, иккисининг орасида қандай ҳукм чиқарасан? Унга «Ридосини қайтар, олдингдан чиқиб кетсин», демайсанми?!

Энди билки, албатта, Аллоҳ таоло кўксни қалбинг майдони қилган, қалбингга эса маърифатни солгандир. Маърифатнинг севинчлари ва султони кўксингдадир. 

У Зот демишки: 

«Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар тўплайдиган нарсалардан яхшидир», деб айт»[6].

Сен эса душманнинг Роббидан насибаси бўлмиш дунё зийнати хурсандчиликларини келтириб, кўксингдан унга жой бердинг ва қалбингга унинг ҳаловати таъмини тоттирдинг. Ҳатто сенда иймон ҳаловати бузилди ҳамда унинг покизалиги ва ҳаловати кетди. 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилинган ривоятда у зот демишлар:

«Иймон ҳаловатдир, покизадир. Уни покиза тутинглар»[7]

Аллоҳ таоло Танзилида душманига демишки:

«...Улардан кимга кучинг етса, овозинг ила қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда аскарингни торт, уларга молларда ва болаларда шерик бўл...»[8]

Яъни «Мен ким сенга қарши жиҳод қилишини ва сенга қарши мужоҳадасида Менга мурожаат қилишини, Мендан паноҳ сўрашини ва ким икки қўлини кўтариб, сенга таслим бўлишини, сенинг асирларингдан бири бўлиши ва сени Мендан устун қўйишини билиб олиш учун сенга ушбу нарсаларнинг ҳукмронлигини бердим».

У Зот душмандан ҳикоя қилган нарсалари ичида айтади:

«...мен уларга ер юзида (гуноҳларни) чиройли кўрсатаман ва албатта, уларнинг ҳаммасини йўлдан оздираман. Улардан танланган бандаларинг мустасно»[9].

Унинг мазкур зийнатлар билан уларга қилган ваъийди, яъни қўрқитиши ўзига берилган ҳукмронлик сабаблидир. Зийнатлар дўзахни ўраб турган ҳузур-ҳаловат ва шаҳватлардир.

Иймон ҳаловати ва покизалигини душман келтирган хурсандчиликлар кетказади. Бу покизаликда худди шудрингга ўхшаш тоза, ширин сувга сассиқ балчиқ аралашганига ўхшайди. У бунга аралашганидан кейин бунинг тотлилигию мусаффолигидан нима қолади?!

Мана шу фасоднинг хавфи бўлгани учун Аллоҳ Ўз бандаларини, пайғамбарларини ва пайғамбарларнинг омонатдор эргашувчиларини дунёга муҳаббат қўйиш ва унинг шаҳватларига берилиб кетишдан огоҳлантирди.

Иймонининг ҳаловати, зиёси ва тароватига футур етган қалбдан ҳам бузуқроқ қалб борми?! 

Дунёга муҳаббат қўйиш, иззатталаблик сабаб келиб чиқадиган ёмон ахлоқлар ва гуноҳ-маъсиятларнинг моғори қалбни эгалласа, кибр нафснинг амирига айланса, нафс эса қалбнинг амирига айланса, бундан кейин қандай солиҳликдан умид қилиш мумкин?!

Бу худди амирининг адолати, ғамхўрлиги ҳамда чиройли тадбири ила обод, яхши, покиза ва сокин бўлган шаҳарчага ўхшайди. Бу шаҳарчага ташқаридан бузғунчи, аҳмоқ, золим, саркаш одам кириб, уни эгалласа ва шаҳар амирини бир уйга қамаб қўйса, бундан кейин бу шаҳарча учун қандай яхшилик кутиш мумкин?!

Қалб ҳам худди шунга ўхшайди. У ўз адолати, ҳақчиллиги, амали ва покизалиги ила эгасининг кўксини обод қилади. Агар унга дунёнинг муҳаббати суқилиб кирса, нафс келиб, ўз шаҳватлари ва дунёга ўчлиги ила қалбни эгаллаб олади. Шунда амирлик унга ўтади. Бундан кейин банданинг Аллоҳни таниганлиги, ақли ва амалидан қалбга нима наф?! Ўша нарсаларнинг барчаси фақат унинг тилидагина қолади ва ўз зиддига Аллоҳнинг ҳужжати бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадисда айтганларидек:

«Илм икки хилдир: бири қалбдаги илм бўлиб, у манфаатли илмдир. Бошқаси тилдаги илм бўлиб, у Одам боласининг зиддига Аллоҳнинг ҳужжатидир»[10].

Унинг фақат тилда қолиб кетишининг сабаби шуки, қалбдагисини дунё ва унинг лаззатларига бўлган муҳаббат тўсиб қўйган ва порлоқлиги, нури кетган. У худди тутилган қуёш кабидир. Қуёш ўз жойида турибди, лекин тутилиши сабабли унинг зиёси, порлоқлиги, иссиғи ва манфаатлари кетган. Агар у шундай тураверса, ердаги аҳолининг зироатлари ва молу ҳоллари нобуд бўлиб, ўзлари ўладилар.

Одам қалбидаги иймон ҳам худди шундай. У ҳам нафсдан қўзғалган булутлар, ёмонлик конидан аъзоларга уфуриб чиққан гуноҳлар сабабли тутилади ва кўксдаги порлоқлиги кетади. Бу эса аъзоларнинг самаралари кетишига сабаб бўлади. Худди чўғи тугаган тандир совиганидек, қалб ҳам охиратдан совийди. Унга хамирингни ёпиштирмоқчи бўлсанг, ёпишмайди, нон пишмайди, кулга қулаб тушади.

Маърифат қуёши тутилгани учун охиратдан қалби совиган кишининг ҳоли ҳам худди шундай. Унга Луқмоннинг ва бошқа ҳаким кишиларнинг ҳикмати ила ваъз қилсанг ҳам, барибир қулаб тушади, унинг қалбига зикр қилинганлардан бирор нарса ёпишмайди. Негаки унинг кўкси дунё билан, унинг ҳузур-ҳаловати ва лаззатларига бўлган муҳаббат билан тўлиб-тошган. У нарсаларнинг тутуни ҳамда ички маъданидан кўксга отилиб чиқадиган чўғлари бор.

Сопол пишириладиган ўчоққа қара! Агар унга қуруқ ўтин ташланса, аланга олади ва унинг мўрисидан мана шу тутунга ўхшаб чиқиб кетади ҳамда ҳавода тарқалади. Қарасанг, қуёшнинг порлоқлиги хиралашган бўлади.

Қачон ичда мазкур хурсандчиликлардан етган иссиқлик сабабли ўт аланга олса, унинг тутуни булут каби кўтарилади ва кўксда, фуоднинг икки кўзи олдида тўпланади. Шунда иймоннинг кўрар кўзлари кетади, Аллоҳнинг сендаги неъматлари, эҳсони ва тадбирларининг зиёси кетади.

Намозга кириб, Аллоҳ таолонинг олдида турсанг, душман келиб, нафсинг ва кўксингда муҳаббати мустаҳкам ўрнашган нарсалар ила сенга хитоб қилади. Агар у билан хусуматлашсанг, уни қувсанг ва кўксингдан ҳайдаб солишни ирода қилсанг, у сенга дейди: «Эй мўмин! Аллоҳ таоло сенга иймоннинг қувончини ва зийнатини берди. Сенга Танзилида:

 

«...Лекин Аллоҳ сизларга иймонни севимли қилди ва уни қалбларингизда зийнатлади...»[11], деди.

Яна сени бошқалардан афзал қилиб қўйган нарсаси ила қувонишга ундаб: 

«Аллоҳнинг фазли ва раҳмати ила. Бас, ана шу билан хурсанд бўлсинлар. У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир», деб айт»[12], деди.

Сени Аллоҳнинг зийнати ва раҳматидан ҳамда улар сабабли хурсанд бўлишдан юз ўгиришингга нима мажбур қилди? Сен менинг ширк ва куфр нажосатларига аралашган зийнатим ва хурсандчиликларимга юзландинг. Ҳолбуки, Роббинг сенга: «У улар жамлайдиган нарсалардан яхшидир», демиш. Роббинг сенга айтган нарсага ишонмадинг. Сен шундай қилиб, менга берилган нарсага интилганинг учун муножотинг ва намозингдаги хатти-ҳаракатларингда кўксингга ва мизожингга кирдим. Мени ва менга ато этилган нарсани устун қўйганинг сабабли жазо тариқасида сенга ҳукмрон қилиндим. Шунинг учун доимо қулоғингга хурсандчиликларим найини чалиб тураман, сени Аллоҳнинг зикридан чалғитиш учун хушнуд қилиб тураман».

Ҳалиги киши мен келтирган мисолларни фаҳмлаб, қаттиқ таъсирланди ва йиғлай бошлади. Сўнгра менга:

– Қаерда тутилишимиз кўриниб қолди. Нима қилмоқ керак? – деди.

Мен бошқа бир мисол келтирдим. Унга:

– Бир уй бўлса-ю, унинг ичи алвон куй-қўшиқлар, рақсу сурурлар билан тўлиб-тошган бўлса. У ердагилар ана шундай ҳузур-ҳаловатда эканларида бир киши кириб: «Амир келди», деса, амирнинг ташрифи ва салобатидан чўчиб, овозлар ўчмайдими?! Одамлар қилиб турган ишларидан тўхтамайдиларми?! – дедим. У:

– Ҳа, − деди. Мен дедим:

– Кўкс ҳам шунга ўхшайди. Унда дунёдан олган нарсалари сабабли турли-туман сурурлар бўлади. Истагига етгани учун унда айланиб юраверади. Қалб у билан қувончга тўлади, кўксда унинг тутуни тарқалиб, нафс ҳам унда дайдиб юради. Унда мазкур ҳодисалар бўлиши аниқ. Агар қалб малакут эшигидан кириб, Аллоҳнинг азамати, жалоли ва кибриёсини кўрса, барча шаҳватларни унутади ва заифлашади. Қалбга хушуъ кириб, у азамат ва жалолнинг оғирлигидан худди ташлаб юборилган чалажон нарсага ўхшаб қолади. Шунингдек, нафснинг сархушлик овозлари, гап-сўзлари ва васвасалари тинади.

Сенга аён бўлдики, бандалар намозларида ва бошқа жамики ҳолатларида Аллоҳнинг барча хурсандчиликларни унуттирадиган қўрқувига муҳтождирлар. 

Дунёга қул бандаларнинг кўксларида нозу неъматлар қувончининг овози бор. Душман уларга ўша овоз орқали хитоб қилади. Булар хароба кўкслардир. Шайтонлар харобалардан жой оладилар.

Охират бандаларининг кўксларида ибодат ва тақво сабабли азиз бўлиш қувончининг овози бор. Ана шу қувонч сабабли ўзлари қилмаган ишлари учун мақталишни ва бу дунёда уларга таҳсин айтилишини яхши кўрадилар. 

Агар қалб ва кўкс обод бўлса, у фақатгина Аллоҳнинг азаматидан қўрқиш ва малакутда жавлон уриш билангина обод бўлади. Ана шунда васвасалар кесилади. Улар намозларида Роббларига муножот қилсалар, уларнинг сўзлашувлари У Зот билан бўлади. Худди У Зот уларга хитоб қилгандек ва улар У Зотга хитоб қилгандек бўлади. Агар Аллоҳ уларга намозларида юзланса, улар У Зотнинг юзланишидан ҳушёр тортадилар. Сўнгра У Зот уларнинг юзланишига қарайди. Ўшанда нима бўлишини ким ҳам васфлаб бера оларди?! Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ таоло кўз қувончимни намозда қилди», деганлар. «Намоз ила қилди» демаганлар, «намозда» деганлар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 (Cарахс аҳли сўраган масалалар китобидан)


______________________

[1] Луғатда «васваса» сўзи паст овозучун ишлатилади, «аралаш-қуралаш махфий гап» деган маънонианглатади. Бир нарсанинг қалбда қарор топмай, қайта-қайтатакрорланишига «васваса» дейилади. Истилоҳда шайтонқалбга соладиган нарса, ғулғула «васваса» дейилади.

[2] Бухорий ваИбн Асокир қилган ривоятда ҳам ушбумаъно бор.

[3] Ан-Нассураси, 5−6-оятлар.

[4] «Фуод» эскиманбаларда қалбнинг муродифи, яъни синоними ўлароқ ишлатилган. Янги кашфиётлардан кейин «фуод»ни қалбдан кўрамияга яқин нарса дея талқинқилинмоқда.

[5] Малакут – илм вафаҳм билан идрок қилинадиган нарсалар олами.

[6] Юнус сураси, 58-оят.

[7] Бумаънодаги ҳадис бошқа муҳаддисларда топилмади.

[8] Исро сураси, 64-оят.

[9] Ҳижр сураси, 39−40-оятлар.

[10] Буҳадисни Ибн Абу Шайба, Хатиб ва Доримийҳам ривоят қилишган.

[11] Ҳужурот сураси, 7-оят.

[12] Юнус сураси, 58-оят. 



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Руҳий ва асабий касаллар сони тинимсиз ўсиб бормоқда. Бу эса ушбу ҳадиси шариф ва кейинги келадиган ҳадисларнинг ҳикматига инсоният қанчалик муҳтож эканини давоми...

6062 17:52 / 08.07.2017
Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга давоми...

3382 21:04 / 18.02.2018
Ҳасад бу қадимдан бор бўлган гуноҳ, унинг бошланиши Иблисга бориб тақалади. Иблис, Одам алайҳиссаломга Аллоҳ Таоло томонидан берилган мақомга ҳасад қилди. Иблис давоми...

4174 20:51 / 10.06.2018
Қуръони каримнинг 16 ўрнида quotАллоҳ яхши кўрадиquot, деган жумла ва яна 16 ўрнида quotАллоҳ яхши кўрмайдиquot, деган жумлар келган. Уни қуйидаги тартибда давоми...

6162 16:36 / 06.02.2018
Аудиолар

120089 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41759 14:35 / 11.08.2021