124 19.04.2017

Вақт сен асрашинг керак бўлган  энг қимматли нарсадир. Сенда эса, у беҳуда ўтиб кеткмоқда.

Яҳё ибн Бусайра.


Фахруддин ар-Розий ўзининг “Мафотийҳ ал-ғайб” асарида “Аср” сурасининг тафсирида: “Аллоҳ таоло “Аср” (вақт) билан қасам ичди. Чунки, вақтнинг ичида яхшиликнинг барча тури мавжуд; хурсандлиг-у ҳафалик, соғлиг-у касаллик, бойлиг-у камбағаллик унинг ичида пайдо бўлади. Умрни қадр-қиммат ва нафисликда ҳеч нарса ила ўлчаб бўлмайди. Агар минг йилни беҳуда сарфлаб, сўнг тавба қилиб, сизга умрингизнинг охирида саодат насиб этса, абадул-абад жаннатда яшайсиз. Шунда (сиз учун) энг шарафли нарса охирги лаҳзадаги мана шу ҳаётингиз эканини биласиз. Вақт энг қимматли неъмат бўлгани учун Аллоҳ таоло айнан у билан қасам ичиб,  кеча ва кундуз инсон қўлдан бой бераётган фурсат эканига урғу берган. Қолаверса, замон (вақт) макондан афзалдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло вақт билан қасам ичган. Вақт энг мукаммал неъматдир. Унда ҳеч қандай айб йўқ.  Айбдор ундан фойдаланмаётган инсоннинг ўзидир”, деганлар. Шунинг учун  вақтнинг қадрига етган зоҳид тобеинлардан бири Омир ибн Абду Қайсга бир киши: “Менга бирор нарса гапириб беринг”, деганида, унга: “Қуёшни ушлаб турсанг, гапириб бераман” (яъни, вақт тўхтовсиз ўтиб кетаверади. Ҳеч ортга қайтган эмас. Уни қўлдан бой берган одам ўзидан кўрсин. Энди уни тополмайди. Чунки, ҳар бир вақт ўз ҳақига эга. Кеча қилмаган ишимни бугун қилдим-ку, деган одам ўзини алдаяпти холос. Мен вақтимга хиёнат қилмайман. Хафа бўлма, вақтим йўқ.) деган эканлар.

Машҳур  адиб Али Тантовий эса: “Вақт жуда қисқа, ҳеч нарсага улгуриб бўлмаяпти, дейдиган одамга ҳайронман. Вақтни лоқайдлик, тартибсизликдан бошқа бирор нарса қисқартадими ўзи? Вақтининг баркасизлигига ўзи айбдор эмасми? Бунга бир мисол айтиб бераман. Масалан: Талаба имтиҳон бўладиган куни кечаси қанча  китоб ўқишига бир қараб кўринг-а. Майли, ҳар куни шундай ўқисин демайман, боринг ана,  ҳеч бўлмаса, бир ҳафтада ўшанча ўқиганида эди, алломаи замон бўлмасмиди?! У ўқимаса, вақт қисқариб қолган бўладими?  Йўқ!

Эй азизлар, соғлик, вақт, ақл, буларнинг ҳаммаси  бойлик. Буларнинг барчаси бахтли бўламан деган кишиларга бахт ва саодатнинг калитидир”, деганлар.  

Аллоҳ таоло барчамизни вақтни қадрига етадиган ва ундан фойдаланадиган кишилардан қилсин. Ўз айбини вақтга тўнкайдиганлардан бўлиб қолишдан Ўзи асрасин. Омин.


Тошкент  ислом институти талабаси 

 Баҳодир  Бахромжон  ўғли 

“Қийматуз  заман  ъиндал-уламо”  ва  “Сувар ва ховатир”

китоблари асосида тайёрлади.