1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ужбдан сақланайлик!

05:00 / 01.03.2017 4178 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ушбу мақолада ужбнинг сабаблари, кўринишлари ва ундан қутулиш йўллари ҳақида сўз юритилади. 

Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Билгинки, ужб кибрга олиб боради. Чунки ужб кибрнинг сабабларидан биридир. Шундай қилиб, ужбдан кибр туғилади. Кибрдан эса барча ёмон офатлар келиб чиқади”. 

Ужб (манманлик) кўп одамлар чалинган хатарли офатдир. Бу офат уларни Холиққа шукр қилишдан буриб юбориб, ўзларига ташаккур айтишга ундайди. Ҳамду санога лойиқ бўлган Аллоҳга сано, ҳамд айтишдан буриб, лойиқ бўлмаган ўзларига мақтов айтишга ундайди. Холиққа тавозуъ кўрсатиш, Унинг ҳузурида синиқлик билан туришдан қайтариб, такаббурликка, ғурурга, амаллари билан фахрланишга ундайди. Одамларни ҳурмат қилиш, уларнинг қадрини ўз ўрнига қўйишдан буриб, уларни ҳақорат қилиш, камситиш, ҳуқуқларини поймол қилишга ундайди. 

Ужб – ўзи билан, амаллари билан фахрланиш, амалларини кўп деб билиш ва ўша амалларига суянишдир. Амалларни неъматларни берувчи Зотга эмас, ўзига нисбат беришдир. Ужбнинг энг катта зарари – солиҳ амалларни ҳабата қилиб юборади, яхшиликларни йўқ қилиб, мазамматни пайдо қилади. 

Мовардий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ўз амалидан ужб қилиш яхшиликларни йўқ қилиб, ёмонликларни зоҳир қилади. Мазамматни пайдо қилади. Фазилатлардан тўсади. Ужбнинг ўзи келтириб чиқарадиган зарарларигина бўлиб қолмасдан, балки аввал қилинган яхши ишларни ҳам йўққа чиқаради, ёйилган фазилатларни халқ орасидан суғуриб олади. Барча яхшиликларни ҳабата қилиб, ёмонлик келтиради, барча фазилатларни вайрон қилиб, мазаммат келтиради. Ужб қилувчига нисбатан гина, адоват пайдо бўлишига сабаб бўлади”.  


Ужбнинг ҳукми


Ужб ҳаромдир. Чунки у ширкнинг бир туридир. Бир олим шундай деган экан: “Кўпинча риё билан ужб бир-бирига жуда яқин туради. Риё инсонлар билан Аллоҳга ширк келтириш бўлса, ужб ўз нафси билан Аллоҳга ширк келтириш ҳисобланади. Риёкор банда Аллоҳ таолонинг “Сенгагина ибодат қиламиз” оятини юзага чиқармаган бўлади. Ужб қилувчи эса Аллоҳ таолонинг “Сендангина ёрдам сўраймиз” оятини юзага чиқармаган бўлади. Ким Аллоҳнинг “Сенгагина ибодат қиламиз” деган сўзини рўёбга чиқарса, риёдан қутулган бўлади. Ким Аллоҳнинг “Сендангина ёрдам сўраймиз” деган сўзини рўёбга чиқарса, ужбдан қутулган бўлади”. 

Абу Ҳомид Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ айтдилар: “Билгинки, ужб Аллоҳнинг Китобида ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларида қоралангандир. 

Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳ сизларни кўп жойларда ва (хусусан) Ҳунайн кунида ғолиб этди. Ўшанда (сон жиҳатдан) кўплигингиз сизларни мағрурлантирган эди, аммо (бу) сизлардан бирор нарсани даф қила олмади ва ўзининг (шунча) кенглиги билан ер (сизларга) танглик қилиб қолди. Сўнгра ортингизга чекиндингиз” (Тавба, 25). Бу оятда ужб қилишни инкор, танбеҳ ўрнида зикр қилмоқда. 

Аллоҳ таоло яна марҳамат қилиб айтади: “Улар ҳам ўзларининг қалъаларини Аллоҳ (азоби)дан тўсувчи деб ўйлаган эдилар. Бас, Аллоҳ(нинг азоби) улар ҳисобга олмаган томондан келди ва дилларига қўрқинч солди” (Ҳашр, 2). Бу оятда Аллоҳ таоло ўз қалъалари ва шавкатлари билан ужб қилган, мағрурланган кофирларга раддия беряпти. 

Ёки мана бу оятда: 

“Улар қилган саъй (ҳаракат)лари дунё ҳаётидаёқ йўқ бўлиб кетган-у, аммо ўзларини ишни чиройли қилаётганҳисоблайдилар” (Каҳф, 104) деган. Бу ерда ҳам ўз амали билан ғурурланиш қораланмоқда. Ваҳоланки, у амал аллақачон ҳабата бўлиб улгурган. 

Гоҳида инсон ўз амалидан ажабланади, бироқ ўша амалида хатога йўл қўйган бўлади. Гўё ўша амалини тўғри бажаргандек мағрурланади. 

Суннатда ҳам ужб қораланган. 

Набий алайҳиссалом: “Бир куни битта одам ўзи кийган кийимидан, соч турмакларидан ажабланиб, гердайиб бораётган эди, бирдан уни ер ютиб юборди. Энди у қиёматгача (қийноқ ва азоб ичра) ер ичига кириб бораверади” дедилар. Бухорий ривояти. 

Яна Набий алайҳиссалом дедилар: “Учта нарса ҳалок қилувчидир: итоат қилинадиган бахиллик, эргашиладиган ҳавойи нафс, кишининг ўз амали ила манманлик қилиши”. Байҳақий ривояти. 

Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадиларки: “Кишининг ўз амали билан ужб қилиши ўша амални мукаммал деб билиб, Аллоҳнинг неъматини унутишидир”. 


Улуғларнинг сўзларидан



Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу дедилар: “Ҳалокат икки нарсададир: умидсизлик ва ужбда”. 

Абу Ҳомид раҳимаҳуллоҳ атадиларки: “Бу ерда иккисини бирга келтирилишининг сабаби шуки, саодатга ҳаракат, талаб, жидду жаҳд билан етилади. Умидсиз одам эса ҳаракат ҳам, талаб ҳам қилмайди. Ужб қилувчи ўзини бахтга эришган, мақсадига етган деб ҳисоблайди. Шунинг учун у ҳам ҳаракат қилмайди”. 

Мутарриф раҳимаҳуллоҳ атадилар: “Кечаси ибодатга ухлаб қолиб, надомат қилишим мен учун кечасини ибодат билан ўтказиб, ўша ибодатим билан ужб қилиб тонг орттирганимдан яхшидир”. 

Оиша розияллоҳу анҳодан сўрашди: “Киши қачон ёмон бўлади?” У зот жавоб бердилар: “Қачонки ўзини яхши деб билса”. 

Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу дедилар: “Ужб тўғриликнинг зидди ва ақлларнинг офатидир”. 

Бир ривоятда: “Эгасига ҳасад қилинмайдиган неъмат тавозуъ, эгасига раҳм қилинмайдиган бало ужбдир” дейилган. 


Ужб ва куфр



Баъзан ужбнинг офати шу қадар даҳшатли бўладики, у хатто эгасини куфргача олиб бориши мумкин. Бунга Иблис ёрқин мисол бўла олади. У ўзининг асл келиб чиқиши ва ибодати билан ужб қилди. Бу ужб уни кибрга, Роббига осий бўлишга, Одамга сажда қилишдан бош тортишга ундади.

 Аҳнаф ибн Қайс айтади: “Сийдик йўлидан икки марта юрган кишининг қандай қилиб кибр қилишидан ажабланаман!” 


Ужбнинг кўринишлари


Ужбнинг кўринишлари жуда кўп бўлиб, жумладан: 

Ҳақни тан олмаслик, одамларни таҳқирлаш; 

Мутакаббирлик қилиш; 

Оқиллар ва фозилларни ўзидан устун қўймаслик; 

Гердайиб юриш; 

Ўз амалларини мукаммал деб билиш ва кўп санаш; 

Илми билан фахрланиш; 

Масхара қилиш, қошу лабни учириб ҳақоратомуз ишоралар қилиш;  

Келиб чиқиши билан, насаби билан, ташқи кўриниши билан фахрланиш; 

Ўзини устун билиб, атайин одамларга хилоф иш қилиш; 

Уламоларнинг шаънини ерга уриш;

Ўзини мақташ; 

Гуноҳларини унутиш ва уларни кам санаш; 

Мукофот, мағфират ва дуо ижобатининг тўхтатилиши; 

Хатоларда давом этиш; 

Ўзини камолга етган деб ҳисоблаб тоатларга бепарволик; 

Гуноҳкор ва фосиқ кимсаларни камситиш; 

Аҳли илмларнинг суҳбатига кам қулоқ солиш. 


Ужбнинг сабаблари


Жоҳиллик. Баъзи кишилар ўз илми билан, ихтилофли масалаларни ва уламоларнинг бу борадаги сўзларини билиши билан ужб (манманлик) қилади. Агар илми билан ужб қилиш жоҳилликка далолат қилишини билганда эди асло ужб қилувчилардан бўлмаган бўларди. Абу Ҳомид раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Ужбнинг сабаби очиқ-ойдин жоҳилликдир. Бунинг давоси эса маърифатдир”. 

Паҳез ва тақвонинг озлиги. 

Аллоҳ азза ва жалла билан муроқаба (мени Аллоҳ кўриб турибди деган ҳис)нинг заифлиги. 

Насиҳатнинг озлиги. 

Ниятнинг ёмонлиги. 

Кишиларнинг бир шахсни ҳадеб мақтайверишлари ўша одамнинг ужб қилишига сабаб бўлади. 

Дунё билан фитналаниш. Ҳавога ва нафси амморага эргашиш. 

Фикр қилмаслик. Агар фикр қилганда эди, қўлидаги барча неъмат Аллоҳ томонидан эканлигини биларди. 

Аллоҳга шукр қилмаслик. 

Аллоҳни зикр қилмаслик. 

Қуръонни оятларини тадаббур қилмаслик. 

Аллоҳнинг макридан омонда бўлиш. Унинг афвига, мағфиратига суяниб қолиш. 

Ужбни даволаш

Абу Ҳомид айтадиларки: “Ужбнинг муолажаси қуйидаги ишлар билан бўлади. 

Ўз баданидан ажабланганда, масалан, чиройидан, ташқи кўринишидан, соғлигидан, қувватидан, қадди қомати келишганлигидан, овози ёқимлилигидан ажабланиб, ушбу нарсаларнинг бари Аллоҳнинг неъмати эканлигини унутганда қорнининг ичи нажосатга тўлалигини, бу чиройли юзи ва бадани тупроқ остида чиришини, қабрнинг ичини жирканч ва бадбўй ҳидга тўлдириб юборишини ўйлаш. 

Ақлий қобилиятидан ажабланганда ақл неъматини берган Аллоҳга шукр қилиш. Чунки ақлга озгина футур етса, мия бирор оғир дард билан касалланса, жинни бўлади, ақли заиф бўлади, одамлар унинг устидан куладиган бир телбага айланади. Ақли билан ажабланадиган, ушбу неъматга шукр қилмайдиган киши ўша ақли ундан олиб қўйилишидан хотиржам бўлмасин. Унга берилган илм жуда оз эканлигини, билмаган нарсалари билганларидан анча кўп эканлигини ўйласин. 

Насаби билан манманлик қилганда унга ўша шарафли насаб ёрдам бера олмаслигини билиш. Баъзилар ўзининг шарафли насаби билан нажотга эришаман, барча одамлар бизнинг мулкимиз, қулларимиз деб ўйлайди. Агар инсон шарафли насабга эга бўлса, оталари улуғ инсонлар бўлиб ўтишган бўлишса ҳам, агар уларнинг изларидан юрмаса-ю, барибир ўша ота-боболаримга қўшиламан деб ўйласа, адашади. Унинг ота-боболари илм билан, тақво билан улуғликка эришганлар. Бу одам ҳам улар каби илм ва тақво билан улуғликка интилсин, қуруқ насабнинг ўзи билан эмас. Кишининг ота-боболари ҳар қанча улуғ зот бўлиб ўтишган бўлишса-ю, аммо ўзи Аллоҳга, охират кунига иймон келтирмаса, Аллоҳнинг наздида у итдан ҳам ёмонроқ, тўнғиздан ҳам нопокроқ мартабада бўлади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло шараф насаб билан эмас, тақво билан эканлигини баён қилиб, шундай деган: “Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир” (Ҳужурот, 13). 

Оила аъзоларининг кўплиги билан манманлик қилганда ўзининг ҳам, уларнинг ҳам заифлигини, барчалари ожиз банда эканликларини, ўзларига зарар етказишга ҳам, фойда етказишга ҳам қодир эмасликларини ўйлаш. Ўлгандан кейин унинг бир ўзини дўстсиз, боласиз, қариндошсиз, ҳимоячисиз қабрда қолдириб, ундан узоқлашиб, тарқалиб кетадиганлар билан қандай фахрланади?! 

Дин ва илмга эмас, золим султону раҳбарларга яқинлиги билан фахрланганда уларнинг халққа қиладиган зулмларига ва ер юзида, динда қиладиган фасодларида шерик эканлигини, бу ишларнинг барчасида унга ҳам гуноҳ ёзилишини ўйлаш. Улардан қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида ўч олинишини ўйлаш. Агар уларнинг дўзахда куяётганларини кўрганда, баданларидан чиққан бадбўй ҳидга чидолмай, улардан узоқлашган бўларди. 

Моли билан фахрланганда мол-дунёнинг офати кўплигини ўйлаш. Унинг ўзига яраша масъулиятлари борлигини эслаш. Фақирларнинг фазилатларини ва улар қиёмат куни аввал жаннатга киришларини билиш. Молнинг келиб-кетувчи нарса эканлигини, ҳеч қачон эгаси вафо қилмаслигини ёддан чиқармаслик”. 

Барчамиз Аллоҳдан ужб, кибр деган балолардан паноҳ беришини сўраймиз! Аллоҳ бизларни Ўзининг тавозуъли, неъматларига шукр қилувчи бандаларидан қилсин, омин! 


Нозимжон Ҳошимжон



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
давоми. ,..Аллоҳумма Ижъал лии нурон фии қолбии, важъал лии нурон фии самъии, важъал лии нурон фии басории, важъал лии нурон ъан яминии ва нурон ъан давоми...

3063 15:00 / 15.12.2018
Қуръон бахилликдан қайтарган. Чунки бахиллик кишилар ўртасидаги муҳаббатни йўқотади. Бахил киши ўзаро ёрдамни ёмон кўради, бечора, камбағал, ночор кишиларга ўз давоми...

2760 05:00 / 28.02.2017
Амалга эваз талаб қилсанг, сендан унда сидқ бўлиши талаб қилинади. Шубҳа қилувчига саломатлик мавжудлиги кифоя қилади. Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи давоми...

3546 05:00 / 06.03.2017
Аллоҳ айтади Биз омонатни осмонларга, ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик улар буни кўгаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз давоми...

7372 11:17 / 30.10.2018
Аудиолар

118719 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40688 14:35 / 11.08.2021