74 07.03.2017

УЧИНЧИ БОБ: ЎЗИМГА НАЗАР!!!

Ривоятга ўч менинг халқим,
Ўтмишида куч менинг халқим
Ўз ҳолидан тамом қонибди,
Тарқатишга одат қилибди
Мен ҳақимда турли ривоят,
Рости анда кам эрур ғоят,
Бири ундоқ, дебон мақтайди,
Бири ҳолим базўр оқлайди,
Бири қилса тинмай маломат,
Қийин бўлар қолмоқ саломат.
Шу ҳолатни ҳисобга олиб,
Қаламимни бир ишга солиб,
Мен ўзимни танитсам сизга,
Жой қолмасди ортиқча сўзга.
Энг биринчи бобомдир Одам,
Тарқаганман Момо Ҳавводан.
Эркаласа бир еб қўйгудак
Мен ҳам сиздек бўлганман гўдак.
Беришмаса сут йиғлаганман,
Қондиришса, жим ухлаганман.
Сизга ўхшаб қадам босганман,
Мактабда ҳам сиздек ёзганман.
Ўйлаб кўрсам бир бурчакда жим
Йўқдир сиздан ҳеч қандай фарқим.
Фақатгина дастур баҳона,
Даъватга йўл олдим пинхона,
Бир-бир сўзлай бошладим ҳақни
Ажратгандек қора ва оқни.
Аммо бу иш мени сира ҳам
Бошқалардан қилмас мукаррам.
Балки оғир бир юкни юклар -
Ул ул Кунда танани буклар,
“Айтганингга қилдингми амал?”
Деган савол янграган маҳал,
Билмам ҳолим менинг қандоқдир,
Бул жавоблар роса қийноқдир.
Шу боис ҳам, биродар, зинҳор
Менга ҳавас қилманг беғубор.
Ахир Ҳақ Кун келса югуриб,
Унга Ким ҳам бергайдир туриб?..
Тоғлар юнгдек титилиб кетса,
Замин бори отилиб кетса,
Чинқириқлар жаранглаб бирдан,
Қуёш чиқса Ғарбий ўрнидан,
Одам зоти шошилиб қолса,
Бул азоблар ҳайратга солса,
Ҳолим недир, қўрқаман қаттиқ,
Қай хотима қилинар тортиқ?..
Шу сабабли, эй чин биродар,
Ўшал кунга қилмайин сафар,
Ўзимизни ўйлай бошлайлик,
Ҳолимизга кўзни ёшлайлик!
У Кун шундай оғирки, ҳатто
Пайғамбарлар йиғлар тавалло.
Ҳақ йўлини тутган кимсалар
Валий бўлиб ўтган кимсалар
Савоблари бўлса ҳам тўкин
Олмагайлар бировнинг юкин.
Ана шундай Кун келажакдир,
Ҳолини ҳар ким билажакдир.
Дод деб инграб тилайди тўзим:

«Билсам, очмас эдим-а оғзим!
Ғийбат қилган куним қурисин,
Туҳмат қилган куним қурисин,
Изга солсам нафсимни ахир,
Бугун менга бўлмасди оғир”
Деб маломат қилар Кун ўшал,
Юзларини юлар Кун ўшал.
Ҳақ буюрган амалга кўнмай,
Бировларни гапирган тинмай
Тилларини узиб ташлайди,
Минг фарсаҳга чўзиб ташлайди.
Учиб кетган олтин вақтига,
Ўз вақтида келган нақдига
Афсус чекиб қолар, албатта,
Шундан ҳасрат, надомат катта!

Кириш бироз жиддий янгради,
Инсофи бор балким тинглади,
Ҳатто таҳлил айлаб барини,
Эслагандир гуноҳларини,
Ҳаққа чорлов сабаб бўлиб ёр
Сўрагандир балки истиғфор.
Бу ҳолатдан кўзни ёшлагум
Хурсанд бўлиб ишни бошлагум.
Мен ўзимни танитмоқ учун
Ҳарижлагум жамики кучим,
Бир йиғлайман, баъзан куламан
Ҳаётимни учга бўламан:

Биринчиси, ёшлик, шубҳасиз,
У ҳамиша турар нусхасиз.
Ул онларни такрорлаб бўлмас,
Олтин онлар, ҳам ҳорлаб бўлмас…

ЎТИНЧ

Мендан ўтса неки ўтди, тинглангиз иқроримни,
Аллоҳга ҳамд, якка дедим ул Парвардигоримни,
Умр бўйи қилган бўлсам биргина савобли иш
Дуо қилиб қўйсангиз бас, падарбузрукворимни,
Жигарбандим, муштипарим ул онаизоримни...

Неки ёмонлик феълимда - кўча-кўйга бир ҳавас,
Дилозорлик кенг ховлимга зинҳор тегишли эмас.
Қай кун йўлнинг бир четидан олиб ўтгандим бир ҳас...
Дуо қилиб қўйсангиз бас, падарбузрукворимни,
Жигарбандим, муштипарим ул онаизоримни...

Эхтимол мен гоҳ суҳбатни ғийбатга бурорим бор,
Ҳар нарсани нафсим ила тинглабон кўрорим бор.
Аҳволи танг мендай ғариб сиздан бир сўрорим бор:
Дуо қилиб қўйсангиз бас, падарбузрукворимни,
Жигарбандим, муштипарим ул онаизоримни...

Ёшлигимдан ҳар кўнгилга ҳасадим йўқдир сира,
Сизда бори менинг кўнглим қилмайди асло хира
Таҳажжудга турар вақти менинг ҳақимдан кўра
Дуо қилиб қўйсангиз бас, падарбузрукворимни,
Жигарбандим, муштипарим ул онаизоримни...

Аллоҳ ҳаққи, мен улардан олгандирман андоза,
Асли ота-онамники неки бор менда тоза...
«Дин аҳкомин етказди» деб элга қилмай овоза
Дуо қилиб қўйсангиз бас, падарбузрукворимни,
Жигарбандим, муштипарим ул онаизоримни...

Элнинг оғзин ёпиб бўлмас, жуда яхши биламан,
Ўз аҳволим кўриб баъзан йиғлайман, гоҳ куламан.
Мен сизнинг ҳаққингизга тинмай дуо қиламан
Дуо қилиб қўйсангиз бас, падарбузрукворимни,
Жигарбандим, муштипарим ул онаизоримни...

ОТА!

Елкангиз ўпаркан қуёш ҳам бота,
Қаршилаб барчани бир-бир уйғота,
Болангиз кўнглига пахтадан юмшоқ,
Темирдан қаттиқроқ қалқоним, ота!

Залворли юклар-да юқтиролмас гард,
Олдингизга тушмас бирон битта мард.
Зардобга айланган ичга ютар дард
Юракдан портлаган вулқоним, ота!

Гуллар титраса ҳам бўстон ваҳмида
Эъзозлаб яшагай сизни раҳмида!
Биз дея ҳаётнинг аччиқ саҳнида
Ўзин ер айлаган осмоним, ота!

Болам деб нигоҳи ғунчадек сўлган,
Оғир синовларда не бўлса-бўлган...
Юзи қайғурса-да, кўзлари кулган
Жаннат ҳиди келар райҳоним, ота!

Бирор луғати йўқ йиғлаб нолишда,
Аста ҳордиқ олган қаттиқ болишда!
Қалбида эркалаб, йиғлаган тушда
Йилларга улғайган армоним, ота!

Сизга мен шу букун қўшиғим айтдим,
Қадрингизни ўйлаб ҳовлига қайтдим,
Меҳрингизда қолган бўлса гар қайтим,
Ман учун бир умр дармоним, ота!

БАХТСИЗ ДЕМАГИН!

Ташқи кўринишим қўрқитмасин-у,
Қандай маҳлуқ дебон ҳайҳот, кулмагин.
Юзингдан ўқидим шундай бир ёзув:
Қувончдан сакрама, айлама кулгу:
Сен мени бахтсиз деб, хурсанд бўлмагин!!!

Отамнинг қалбида нима борлигин
Билмайсан, ўзингча ўйлайсан нелар.
Турлича юриши шубҳадир, лекин
Унинг қандайлигин Ҳолиқим билар,
Сен мени бахтсиз деб, хурсанд бўлмагин!!!

Онамнинг ҳаётин тинглаб ўзингча
Қалбинг гумонлари очилар тиниқ.
Намозин у қадар комил қилмас-у,
Мени дуосида эслаши аниқ
Сен мени бахтсиз деб, хурсанд бўлмагин!!!

Дўстларим ортимдан неларни сўйлаб,
Гоҳида феълимдан бўларлар зада.
Аммо Аллоҳ учун дўст тутинган он
Сўзимни тинглашар сўнгги лаҳзада…
Сен мени бахтсиз деб, хурсанд бўлмагин!!!

Аёлим гоҳида хато қилади,
Аммо хатосини аниқ билади,
Уйдан чиқар чоғим кулиб ва мени
Аллоҳга топширдим, дея олади.
Сен мени бахтсиз деб, хурсанд бўлмагин!!!

Қавму-қариндошим аксари жоҳил,
Берилиб кетма, дўст, хулоса дея.
Эҳтимол, қалблари очилиб бир йил
Ҳидоят топарлар сўнгги сония…
Сен мени бахтсиз деб, хурсанд бўлмагин!!!

Ўзим ҳақимдаги сўнгги бир фикр:
Қорайтирдим тўғри оқ дафтаримни,
Баъзан ёт санадим қавм-жигаримни,
Аммо таниб ўсдим пайғамбаримни,
Сен мени бахтсиз деб, хурсанд бўлмагин!!!

Гарчи йўлларимда йўлдошдир гуноҳ
Аллоҳни ягона санадим илоҳ,
Ҳар ҳолда дуода бахтли бўлай, деб
Аллоҳдан ҳамиша тиларман паноҳ
Сен мени бахтсиз деб, хурсанд бўлмагин!!!

БОБОМНИНГ КАЛИМАЛАРИ

Кўрдим бу оламда турли насиҳат,
Панд берар олиму, олималарни.
Ва лекин негадир соғиндим фақат
Бобомдан тинглаган калималарни.

Соғиндим гоҳида айласам хато,
Дўстдан ҳам чиқмаса тузукроқ садо.
Тўғри йўл кўрсатган тушимда хатто
Бобомдан тинглаган калималарни.

Гўдаклик онимдан кўнглимнинг зори,
Хаёлим банд этмиш қалбим наҳори.
Соддаликда оддий, ўта тўпори
Бобомдан тинглаган калималарни.

Гулларни ҳидлашдан чарчадим рости,
Хоиндир қалбимнинг энг яқин дўсти,
Қумсадим сўйлаган фақат ер ости
Бобомдан тинглаган калималарни.

Ўткинчи дунёда ўткинчидир ғам,
Бу ғамдан айламак нечун бошни хам?!
Кўрдим даҳоларнинг хитобида ҳам
Бобомдан тинглаган калималарни.

Ёнди қурроларнинг нолишларида,
Бедилнинг илоҳий ёнишларида.
Ҳис қилдим булбуллар хонишларида
Бобомдан тинглаган калималарни.

Инсон агар қачон ўзин танийди,
Ўтган умри учун йиғлаб нолийди...
Боламга ўргатиб кетсам қанийди,
Бобомдан тинглаган калималарни.

РОЗИМАН

Ҳолимдан кимлардир эринмай кулса,
Хор ўлсам, диллари шодликка тўлса.
Мен ҳатто киприк ҳам қоқиб қўймайман
Розиман Худойим не ёзган бўлса!

Заҳар тутса ҳамки асал деб ичгум,
Жонингни тут деса, ўйланмай кечгум,
Ранжитолмас мени бу дамда ҳеч ким
Розиман Худойим не ёзган бўлса!

Камини билдирмай ортиқ этарман,
Ризолиқ кўйини тортиқ этарман.
Тошларни бошимга ёстиқ этарман
Розиман Худойим не ёзган бўлса!

Ношукрлар каби сочларни юлмай,
Кетарман индамай эртани билмай.
Шодон дамларимга ҳижолат бўлмай
Розиман Худойим не ёзган бўлса!

Ўргандим ҳар нега тилни тийишга,
Ҳаттоки бировнинг ғамин ейишга.
Тилим бормас ёмон кунлар дейишга
Розиман Худойим не ёзган бўлса!

Не фойда билмаган ишга қон ютиб,
Ё девона мисол бепарво ўтиб...
Солиҳ Одам каби натижа кутиб
Розиман Худойим не ёзган бўлса!

Шукрки, қалбимда йўқ эрур гумон,
Тақдирга терс боқмоқ ишдир энг ёмон!
Хайр бор, ёмонлик асло йўқ дебон
Розиман Худойим не ёзган бўлса!

Бошим кўтармасман оятлар тинглаб,
Оғрисам қаршилик қилмасман инграб,
Энг гўзал онларга йиғлаб ва хўнграб
Розиман Худойим не ёзган бўлса!

Росулим ўргатган буюк бир суннат,
Қалбимга ўрнашган фақат хуш ният.
Тинмайман барибир сўраб офият
Розиман Худойим не ёзган бўлса!

Пахтадек ёғилгай ёмғиру дўли,
Ўнг томон туюлгай улашган сўли!
Жаннатга киришнинг энг осон йўли
Розиман Худойим не ёзган бўлса!

ВАФОДОР ЗОТ

Заққумга айланди тутган ошлари
Энг яқин кимсалар жафодор бўлиб!
Кўзидан ёмғирдек оқиб ёшлари
Фақат онам қолди вафодор бўлиб!

Ҳиёнат қилдилар дўстларим бир кун,
Устимдан кулдилар дўстларим бир кун,
Ғирт душман бўлдилар дўстларим бир кун
Фақат онам қолди вафодор бўлиб!

Муҳаббат боғида эдим беғубор,
Оппоқ қишларни ҳам ўйлардим баҳор.
Сиримни кўчага сочганда дилдор
Фақат онам қолди вафодор бўлиб!

Қаҳрижонга дўнди ҳар меҳрибоним,
Гул тутиб ортимдан тилдилар жоним.
Ғийбатлар комига кўмилган оним
Фақат онам қолди вафодор бўлиб!

Иқрорман ҳақ сўзга гарчи аламда,
Надомат ҳислари сизар қаламда!
Бевафо аталмиш ёруғ оламда
Фақат онам қолди вафодор бўлиб!

Энди авайлагум ушбу боримни,
Шодлик кун билинмас, дарду зоримни.
Дунё, эшит манинг бу иқроримни:
Фақат онам қолди вафодор бўлиб!

ЖОНДАН АЗИЗ

Дарддан устун кулгуларим топтаманг,
Кулгу бўлган қайғуларим топтаманг,
Изн йўқдир сизга изн сўрашга,
Жондан азиз туйғуларим топтаманг!

Ундаманг сиз виждонимни хорларга,
Фахшиётнинг гирдобига чорларга!
Иймонимни алишмасман зарларга,
Жондан азиз туйғуларим топтаманг!

Гулсанамлар гул айласин хонамни,
Алишмасман уларга бир донамни -
Ҳаммасидан устун қўйгум онамни...
Жондан азиз туйғуларим топтаманг!

Енгил нафас олгум адир, қиримда,
Бул босафо ҳаво бордир теримда!
Ўз тилимда сўйланг маним еримда
Жондан азиз туйғуларим топтаманг!

Кўзларимдан дув оқизиб жоламни
Тун қўйнида дуо қилсам боламни,
Тупроқларга уриб қалбий ноламни,
Жондан азиз туйғуларим топтаманг!

Оғир дамда шилинган бир пўстимни,
Соғинганман мендан олис дўстимни,
Ёмонламанг шу бир холис дўстимни!
Жондан азиз туйғуларим топтаманг!

Ман ўзимга берилган бу ҳаётни
Ўзим яшай! Ҳеч сўраманг саботни!
Сиздан асло тиламагум нажотни
Жондан азиз туйғуларим топтаманг!

Хорламасман барибир иймонимни,
Топтамасман барибир виждонимни
Тортиб олинг майли сўнгги нонимни...
Жондан азиз туйғуларим топтаманг!

МУҲАММАДГА АЙТГАНЛАРИМ

Болам менинг, Муҳаммад ўғлим менинг,
Эртан жиддий, ҳозирча шўҳлим менинг.

Ёш бўлсанг-да насиҳатим айтайин,
Кеч бўлғайдир ўсиб қолсанг бетайин.

Душанба кун туғилдинг, меҳр туйдик,
Шул боис исмингни Муҳаммад қўйдик.

Туғилдингу, йиғладинг обдон, болам.
Эртан бизни айлагин шодон, болам.

Бугун санинг хизматингда шайдирмиз,
Эртан иззатингда ўтиргайдирмиз.

Момиққина қўлларинг қилса насиб
Чарчамагай ояту, ҳадис ёзиб.

Бугун бир нуқтага кўзларинг боққай,
Эртан гўристонда машъала ёққай.

Сани покдомон йигит этиш учун
Ота-онанг сарфлагайдир бор кучин.

Инша Аллоҳ едиргай ҳалол ризқдан,
Чиқмай Расул чизиб кетган чизиқдан.

Истарамки, эртан шодон кулгайсан:
Чап қўлинг таом ушламай улғайсанг!

Ота-онанг қалбидаги ният шу:
Худодан қўрқсанг, асли офият шу!

Яшагайсан гўзал бир ҳаловатда -
Бандасига бўлмасанг ибодатда!

Ҳақ йўлинда чекар бўлсанг, ранж нима?
Озгина қийнасак, биздан ранжима!

Ўйнаб кулишингга яратиб имкон,
Юрагингда уйғонсин дедик вулқон.

Бу вулқон отилганда бир кун келиб,
Тошбағир қалбларни титратгай тилиб...

Доғда қолдириб давр зўравонин,
Қайтиб олиб берар етимга нонин.

Бугун жажжи тилинг беҳол хансирар,
Эртан бойларни-да қўрқмай сенсирар...

Юрар бўлсанг ҳақиқатнинг устинда
Эзилмайсан ориятнинг остинда.

Бандасига таъзимдасан – барбодсан,
Аллоҳга қул бўлсанг чиндан озодсан.

Ҳаловатни изласанг ибодатдан
Сани кўрса ҳокимлар тушар отдан!

Гар юрагинг ҳақ сўзни айтиб урар -
Ризқу рўзинг ҳансираб қувлаб юрар.

Бугун югур, яхмалак от қорларда,
Аммо эртан машъала ёқ ғорларда!

Дунё бўлиб кетса-да устун-остин
Қўя олсанг Аллоҳни мендан устун!

Исмингни маъносин оқлагайсан сан,
Ўтмиш ўгитларни ёқлагайсан сан.

Санга айтиб ўтиришим шарт эмас,
Дор тагидан қайтган йигит мард эмас.

Йўлинг ёритсин, деб, буюк ақида,
Бобонг дуо қилганди дор тагида.

Шу ҳолатни унутмагин, болажон,
Акс ҳолда яшагайсан чалажон.

Дўст изласанг, худога дўстни қидир,
Таомингни рўза тутганга едир.

Ёв зарбидан қалқимасин ёшгинанг,
Етимлар пойида турсин бошгинанг!

Шуҳрат дарёсиға чўкиб бўлма ғарқ,
Ҳақ сўзни ким сўзласа, бўлмасин фарқ.

Хотиндан-да эшитсанг ҳақиқатни
Одат айла тан олишлик одатни!

Сўнгги сўзим, ўз ғамингни емагин,
Отам менга ибрат бўлар, демагин.

Мен қуролмаган иморатни битказ,
Болангга ушбу ўгитларни етказ!

Шунда шафоатга бўлмайин ўгай,
Муҳаммад пайғамбар (с.а.в) умматим, дегай.

МЕНИНГ АСЛ КУНИМ.

Нафсим, сени бошқарган куним
Мендан бахтли одам йўқ эди.
Кўзимда ёш сел бўлган туним
Мендан бахтли одам йўқ эди.

Хитоб бўлди: яша гўзал, деб
Ҳаёт асли қанду асал деб,
Ҳаёлимда кетдим азал деб...
Мендан бахтли одам йўқ эди.

Бугун ҳолим ўзимга аён,
Уни қила олмагум баён,
Қуруқ нонга тўймаган замон
Мендан бахтли одам йўқ эди.

Ўтардилар гўзаллар қатор,
Тикилишга қилардим мен ор,
Гарчи бу йўл кимларгадир тор...
Мендан бахтли одам йўқ эди.

Бугун балки дунё пойимда,
Тилло балиқ сузар сойимда,
Лек кулбадан ҳароб жойимда
Мендан бахтли одам йўқ эди.

Ҳаёл қилсам, осмон эди кенг,
Юлдузлар нур сочар эди тенг
У кунни сиз не десангиз денг
Мендан бахтли одам йўқ эди.

Бугун менга қилганлар ҳавас
Мени яхши билгувчилармас.
Ҳақ сўз ила ютганда нафас
Мендан бахтли одам йўқ эди.

ҚУТҚАРУРМИСИЗ

Бу кунга чидам йўқ, йўқ эрур сабр,
Тушимда қийноқ бор, ўнгимда жабр.
Яқинлашмоқдадир тобора қабр,
Мени бу фурсатдан қутқарурмисиз?!

Талай одамларга йўлиқдим, улар
Катта ваъдалар-ла дўстларим бўлар,
Сўнг тинмай пинхона ғийбатим қилар,
Мени бу кулфатдан қутқарурмисиз?

Аҳлимга боқаман, нигоҳи ёмон
Қалбидан сизилиб чиққанда гумон...
Аҳдлаша олмасак, бу қандай замон,
Мени бу офатдан қутқарурмисиз?

Жужуқларим йиғлар истабон сабоқ,
Мен улар олдига қўйгум қўғирчоқ...
Шайтоннинг айтгани ғолибдир бу чоғ,
Мени бу даъватдан қутқарурмисиз?

Охират қайғуси йўқолиб қолса,
Гўзал санамчалар кўнглимни олса,
Дунёнинг ишлари ажабга солса,
Мени бу ҳайратдан қутқарурмисиз?

Энг сўнгги ишончим қайгадир ташиб,
Иймон қочиб кетса тоғлардан ошиб,
Унинг ортидан зор кетсам эргашиб,
Мени бу ғайратдан қутқарурмисиз?!

Ҳаёт давомига етмаса кўзим,
Тиғдек ботмаса гар айтилган сўзим
Бошқара олмасам ўзимни ўзим
Мени бу ҳасратдан қутқарурмисиз?

... Бу кунга чидам йўқ, йўқ эрур сабр,
Тушимда қийноқ бор, ўнгимда жабр.
Яқинлашмоқдадир тобора қабр,
Мени бу фурсатдан қутқарурмисиз?!

ИБРАТ

Ниятим - кўпларга ибратли бўлиб,
Тутмоқчи бўлгандим нурли бир ҳикмат.
Бўла олмаганим ибрат ҳеч кимга
Эхтимол кимгадир энг катта ибрат.

ОНАМНИНГ ЎГИТИ.

Айтар эди онам менга ёшлигимда:
«Шу сўзларим унутмагин жоним, болам.
Ёлғон сўзин олиб ташла луғатингдан,
Бошинг узра қилич серкаб турсалар ҳам!!!

Авваламбор, сотқин феъллар ила юрма,
Улар билан ўтирмагин, ётма, турма.
Сени сотган дўстингни ҳам сота кўрма
Пешонангга милтиқ тираб сўрсалар ҳам

Ҳақиқатни изла, болам, толиқмайин
Дўст танлашда хушёр бўлгил ховлиқмайин
Десанг, бадфеъл кишиларга йўлиқмайин
Мардларни қув, сендан юзин бурсалар ҳам.

Инсон қоча олмас экан гумроҳликдан,
Кабира-ю, ҳам сағира гуноҳликдан.
Ҳазар қилгил ҳар он ёлғон гувоҳликдан
Эритилган қўрғошин-ла урсалар ҳам!

Ҳақ йўлинда тўсиқласа минг бир ҳарсанг,
Болам, болам эмасдирсан ортга қайтсанг.
Кўзни юмгум мен ҳотиржам ҳақни айтсанг,
Суягингдан иморатлар қурсалар ҳам!

Сени боқдим, одамларга ибрат бўл, деб
Яхшига дўст, ёмонларга нафрат бўл, деб.
Ҳолид ибн Валид каби уммат бўл, деб,
Ҳузурингда мунофиқлар юрсалар ҳам!

Болажоним, бу йўлларда чарчоқ билма,
Йиғласанг ҳам, таҳажжудда йиғла, тинма!
Ўз йўлингни равон ушла, парво қилма
Карвонинг ортидан тинмай хурсалар ҳам!

Шунда рози бўлгум берган оқ сутимдан
Гўдак чоғинг чайнаб берган ҳар ютумдан...
Болам, қайтар чоғинг манзил, тобутимдан
Кулиб қўйгин, ҳайрат ила кўрсалар ҳам!

ШИОРИМ МАНИМ...

Билмам, қанча муддат турорим маним
Қай кунгача ёзуқ мадорим маним?!
Шукрки, билмади биронтаси ҳам
Аллоҳдан бошқаси асрорим маним.

Тинмасдан аҳлимни койидим, куйдим,
Яқинларимга ҳам етказиб қўйдим,
Минг хил ёқаларни тутишдан тўйдим,
Энди ўзимдандир сўрорим маним.

Ўтди қоронғуда ухламоқ пайти,
Келди қоронғуда йиғламоқ пайти,
Орзулар изига бирма-бир қайтди,
Асло ўзгармагай қарорим маним.

Жойнамоз сув бўлиб кетгунга қадар
Кўнгилдан кетмагай ҳасрат ва кадар.
Ўзга кўчаларга кирмаклик хатар,
Ул кунга йўқ ахир ярорим маним...

Ёронлар, олдимга тезроқ келинглар,
Не айб ўтган бўлса, мандан билинглар
Ҳақимга тинмасдан дуо қилинглар,
Келсин ул Соатда барорим маним.

Тунларим кунлардан фарқ қилмаса ҳам,
Гуноҳлар қалбимни тарк қилмаса ҳам
Бугун улар мени ғарқ қилмаса ҳам,
Эртага бор ахир кўрорим маним.

Онажон, отажон, мен сизни севдим,
Ҳам аёл, ҳам ўғил, ҳам қизни севдим...
Сизларни Расулдан устунроқ девдим,
«Не бўлар эртага?» – сўрорим маним!

«Не бўлар эртага?» - бу ваҳший савол
Англатди кунларим ўтганин увол.
Ёш жоним ғафлатда топмайин завол
Дунё, эшит букун иқрорим маним...

Мен иқрор бўляпман ғофиллигимга
Ислом келгунича жоҳиллигимга.
Билмай қайси жойга доҳиллигимга
Букун кўринг қандай юрорим маним!

Кўнглимга бир нарса овунчоқ паноҳ,
Қилган бўлсам ҳамки саноқсиз гуноҳ,
«Йўқ эрур Аллоҳдан бошқа бир илоҳ!»
Қандай ҳам яхшидир шиорим маним.

ҚИЗИМ!

Хаёл сурма, хаёллар ёмон
Туйғуларга бермагин изн.
Қуръон ҳарфин ўрганиб обдон
Салим қалбга эга бўл, қизим!

Фисққа чорлов сериаллардан
Кимдир излар ёлғон Ҳизрни
Менинг мунис, муслима қизим,
Рўмолинг-ла ёп телевизорни.

Сен дунёга теран боқмоқни
Қуръон ҳамда суннат-ла изла
Дунё майда-чуйда деб куйса
Сен энг катта савдони кўзла.

Бу савдоки, латта-путтага
Алданмаган ҳаётий эртак.
Сен Ойишага, Фотималарга
Ёпишиб ол мисоли печак.

Ҳеч уларни қўйиб юборма,
Сен уларни чиндан бил она.
Бошингдаги рўмол ечилса,
Бошинг ила тушсин мардона

Қалбинг ила Ҳақни танигин
Берилмагин фалсафаларга
Заргар дунё аслида битмиш
Ёлғон яшиқ сафсаталарга.

Қизим, менинг муслима қизим,
Ақидангда ҳотиржам қолгин
Ҳатто онанг тобутин кўрсанг
Аллоҳданмиз, деб айта олгин.

Билиб қўйки, дунё бевафо,
Манзил олди насиҳат сўзим:
Мендан кўра Расулуллоҳни
Яхши кўрсанг, розиман, қизим!

КЕЧИРИНГ, ОНА!

Ёшликдан топдим мен гўзал тарбият,
Қошимда қалбингиз эрур парвона.
Афсус қилолмадим тузук бир хизмат
Хоин бўлолмадим, кечиринг, она!

Саройларда шеърлар ўқиб халқимга
Ўзимни кўрсатсам бўларди ёна.
Барига чидардим, аммо қалбимга
Хоин бўлолмадим, кечиринг, она!

Кўрдим, не хофизни ғамгин куйлатган
Шоирлар шоҳларга бўлмиш хамхона,
Лайча ит мисоли думин ўйнатган
Хоин бўлолмадим, кечиринг, она!

Тентираб бу сассиқ муҳитда сассиз
Сизга фақат ташвиш бердим мардона.
Энди қасрларда яшай олмассиз,
Хоин бўлолмадим, кечиринг, она!

Мунис қўлингизда гулмас, қадоқлар...
Мендан кўрганингиз фақат ғамхона,
Мен дея отамнинг сочида оқлар,
Хоин бўлолмадим, кечиринг, она!

Бошқалар сингари ғурурланмассиз,
Эхтимол, дардингиз тўлмиш ҳар ёна,
Бир кулинг, дўстларим ичида ёлғиз
Хоин бўлолмадим, кечиринг, она!

Қўлимдан тортқилар ўзига шуҳрат,
Зайлига юргизмоқ истар замона.
Шунда ҳам Аллоҳга ҳамд бўлсин фақат,
Хоин бўлолмадим, кечиринг, она!

Йиғламанг, сиз мағрур дунёга боқинг,
Ҳеч ким билмас ҳали кимда тантана.
Қувноқ сувратларим барини ёқинг,
Хоин бўлолмадим, кечиринг, она!

Энди воз кечолмам асло бу ҳисдан
Гарчи дунё эрур бир меҳмонхона.
Нетай, шу таълимни олганман Сиздан
Хоин бўлолмадим, кечиринг, она!

АБДУЛЛОҲГА

Калбингни банд этсин охират гами,
Ҳар лаҳза ёдингдан чиқмасин ўлим.
Надоматким, мендан олим чиқмади,
Жаннатда бошимга тож кийдир, ўғлим!

Закариё каби алам ютсанг ҳам,
Илмни чўғ каби қўлда тутсанг ҳам,
Уйи йўқ Ийсодан фақир ўтсанг ҳам
Жаннатда бошимга тож кийдир, ўғлим!

Ҳақиқий олимлар қасрлар қурмас,
қасрлар ичинда бемалол юрмас,
Фонийда қалбимга таскин зарурмас,
Жаннатда бошимга тож кийдир, ўғлим!

Чорасиз он йўқлаб келсанг, мабодо,
Отангни чин дилдан севсанг, мабодо,
«Рози бўлсин отам» десанг, мабодо
Жаннатда бошимга тож кийдир, ўғлим!

Бу йўлда машаққат, меҳнат кўринар,
Заҳматнинг остинда роҳат кўринар!
Отамнинг ҳасрати кўнглимни тирнар...
Жаннатда бошимга тож кийдир, ўғлим!

Кулгингдан айланай, ўргилсин жоним,
Сенда шиддат ила оқмоқда қоним.
Ҳажга олиб борма қариган оним,
Жаннатда бошимга тож кийдир, ўғлим!

Кимдир ўғли сабаб магрур кулади,
Кимнингдир кўз ёши жиққа тўлади.
Бу дунё ишлари бир гап бўлади,
Жаннатда бошимга тож кийдир, ўғлим!

Ҳар бир юмушимда ҳайриҳоҳ ўғлим,
Унутма қиёмат - манзилгоҳ, ўғлим.
Бугун олиб берай нени истасанг,
Бунинг эвазига бир шарт чидасанг -
Бошимга тож кийдир, Абдуллоҳ ўғлим!

ЎРИНБОСАР БЎЛ!

Кулгингдан айланай, дилбандим маним,
Азиз жигарбандим, фарзандим маним,
Унутма шул эрур дил пандим маним:
Мардликда Темурга ўринбосар бўл!

Болам, насиҳатим илгин қулоққа:
Кўнглингни бузмагил ишқий фироққа,
Элинг хизматини қўйиб дудоққа
Камида Бобурга ўринбосар бўл!

Ғазал бўстонида сайр эту, аммо,
Ҳар бир сатр дилна айласин раво!
Ёт эл даҳоларин излама асло,
Бобонг Навоийга ўринбосар бўл!

Фақат ўйлайвермай танда сиҳатни,
Ўзингда жо айла буюк сифатни:
Илм бўстонида билмай роҳатни
Имом Бухорийга ўринбосар бўл!

Унут беш кун давом этар сафони,
Куйлама, ўткинчи ёлғн навони!
Қалбингдан излагин жами давони
Ибн Синоларга ўринбосалар бўл!

Эл дарди фақат мард кўксига кирар,
Фақат шу дард учун йиғлаб ҳайқирар.
Замин остидан ҳам ўгитлар берар
Буюк Куброларга ўринбосар бўл!

Болам, фиғон чекма дил хунобига,
Номангни тўлдиргин ахд савобига!
Ҳисоб бер ҳамиша эл хитобига
Ўтмиш даҳоларга ўринбосар бўл!

ОНА.

Бизга мансаб роҳат баҳш этолмади,
Аёл завқи дилга нақш этолмади,
Дод солишда гўдак ҳам етолмади
Онажоним, сизни йиғлаб соғинсам!

Қошингизда гўдак бўлур ёвқур мард,
Хушбўй эди ҳатто сиздан юққан гард,
Дўстлар дийдори ҳам аритолмас дард
Онажоним, сизни йиғлаб соғинсам!

Йиғлайверар, кўзим асло ҳормайди,
Қалбим бирор зотга кўнгил ёрмайди
Сарҳил таомларга қўлим бормайди
Онажоним, сизни йиғлаб соғинсам!

Бу дам оғир, оз они ҳам чўзилар,
Охирги ришта ҳам чирт-чирт узилар...
Болам йиғласа ҳам тинчим бузилар
Онажоним, сизни йиғлаб соғинсам!

Ҳайриятки, ҳаётимнинг аҳди бор,
Девонанинг соғинч деган тахти бор,
Кўрпага беркиниб йиғлаш бахти бор
Онажоним, сизни йиғлаб соғинсам!

Рост ёлғонлар пуч тўлдирса этакни,
Қумсар бўлдим сиз сўйлаган эртакни,
Ким овутар қирққа етган гўдакни
Онажоним, сизни йиғлаб соғинсам!

ЁШЛИГИМ

Инсон гоҳо кетар ўтмишга қараб,
Мозий келажакка нола қиляпти.
Асли бу ўтинчдан бўлмаса-да наф
Ёшлигим, бағрингга киргим келяпти!

Ёшликда каттарсам, дер эди кўнгил,
Бугун ҳаловатга излаяпман йўл.
Фарзанд жавобини ўйласам буткул
Ёшлигим, бағрингга киргим келяпти!

Ўттиз йил ичинда кўп кўрдим қабр,
Аммо айлайвердим ўзимга жабр.
Қилган гуноҳларим эсласам бир-бир,
Ёшлигим, бағрингга киргим келяпти!

Отамга тик боққан кунларим бўлди,
Онамни йиғлатган тунларим бўлди,
Баъзан етти ётлар жигарим бўлди,
Ёшлигим, бағрингга киргим келяпти!

Англадим, бошланди охират фасли,
Гуноҳкор бандага бормикан Васли?
“Қарилик гаштини суриш “ не асли,
Ёшлигим, бағрингга киргим келяпти!

Гуноҳлар дастиндан беллар букилиб,
Бир тетик турсак-да, қолдим йиқилиб.
Лолалар қўйнида кўкка тикилиб
Ёшлигим, бағрингга киргим келяпти!

Бисмиллоҳни айтсам, бобом ўнглаган
Дамлар менга орзу, армон мунглаган...
Тавҳид калимасин илк бор тинглаган
Ёшлигим, бағрингга киргим келяпти!

Гуноҳга етаклар тушлар тунимда,
Бу тушлар ижросин қилар кунимда,
Минг ямоқ бўлса ҳам яшил тўнимда
Ёшлигим, бағрингга киргим келяпти!

Суянган оғалар кетганда чўқиб,
Дўстлар юрганида ривоят тўқиб,
Бу телба муҳитдан отилиб чиқиб
Ёшлигим, бағрингга киргим келяпти!

У пайтлар одамлар яхши бўларди,
Ростан йиғлашарди, ростан куларди.
Бешёғоч бозори кенг туюларди
Ёшлигим, бағрингга киргим келяпти!

Энди-чи, нафратлар оқар қонимда,
Мадор йўқ туюлар беҳол жонимда.
Боламнинг кулганин кўрган онимда
Ёшлигим, бағрингга киргим келяпти!

Гарчи тан олсак-да, келмиш-кетмишни,
Гоҳо қумсар экан инсон ўтмишни.
Кўргим келмаётир олтмиш, етмишни -
Ёшлигим, бағрингга киргим келяпти!

КЎРМАГАН ТУШИМ... БИРИНЧИ КЕЧА!

Сал телбага чиқармангиз, ошнолар,
Ўттиз ёшда топмоқчиман рўшнолар.

Гуноҳлардан кўзни ёпмоқчиман ман,
Намозда роҳатни топмоқчиман ман.

Саодатнинг йўли шунда нақд экан,
Бошни ерга қўёлиш ҳам бахт экан.

Жаҳолатдан аслимга қайтмоқчиман,
Қалбим билан тасбеҳлар айтмоқчиман.

Йиғламоқчи бўлибман ман сужудда,
Йиғламаган тер қолмасин вужудда.

Таҳажжуд бонагоҳ кўзим сўлитсин,
Майли, намозгоҳда уйқу элитсин.

Тушимда кўройин Росулуллоҳни,
Қучиб йиғлайин ул Ҳабибуллоҳни.

Уккошага ўхшаб қўйиб юбормай,
Уйғонмай ул тушни тўйиб қўйвормай.

Росулуллоҳга тушимда айтай арз,
Ва олайин шафоат лафзини қарз.

Тўйиб-тўйиб йиғлай Росулуллоҳга,
Ул босафо арзим элтсин Аллоҳга.

Абу Бакрга кўзим тушса ногоҳ,
Менга боқиб десунлар “таниш ҳамроҳ”.

Ва қўлларин узатиб қўлларимга,
Дуо қилсинлар умр йўлларимга.

Умарнинг ёнига борсам мабодо,
Ул киши ҳам кулгусин этсун ато.

Чеҳраси-ла ёриштириб қамарни,
Таништирса манга Ибни Умарни.

Яноғимла артиб кўзда ёшини,
Мусҳафдан кўтарай Усмон бошини.

Ман туфайли кўкрагин нари тортса
Қуръон саҳфидан илк бор қонни артса.

Бир умрлик ошино бўлсин учун
Али менга совға қилсин қиличин.

Қилич манга оғирлик қилса дови,
Кулиб қўйса пайғамбарнинг куёви

Мани кўрган авом ҳайрон қолсинлар -
Саҳобалар даврасига олсинлар.

Кўрай шундай гўзал манзара, чирой:
Муовия Али бирлан ичар чой.

Асҳобларга тикилиб бир сўрида,
Ўтирган бўлсам сўрининг тўрида.

Алар бу ҳолатни ҳатто сезмаса,
Арзимас иш ҳисоблаб, ҳам безмаса!

Мени тушунсин деб суннат йўлида,
Сўзласалар ҳатто ўзбек тилида.

Турли насиҳатлар беришса манга,
Таомнинг мағзини эришса манга.

Мусъабнинг қонли кўйлагин кўрсам ман,
Солмонга ўтмишим айтиб берсам ман.

Яқин бориб Билолга ҳидлай тўйиб,
Тиззасига бошимни йиғлай қўйиб.

Тополмасам оятнинг нозик сирин
Ибни Аббос айтиб берсин тафсирин.

Бунда изламак нечун бир мударрис,
Абу Ҳурайрадан тингласак ҳадис.

Майлига Абу Зар айтсин бор хатом,
Ўз қулоғим билан эшитсам дашном.

Кулманг, фақат сўзласам бир ҳавасни:
Опичласам ибни Молик Анасни.

Ерда қолдирмай илтижои фақир,
Ҳолид яраларин кўрсатса бир-бир.

Омонат, деб оёқ тираб турса ҳам
Хузайфага сир айтинг, деб ялинсам.

Оддий ўртоқ бўлиб жаноб Ҳамзага,
Икковлон йўл олсак эди Равзага.

Йўлда кўриб қолсак ибни Масъудни
Бир қалтироқ тутса шунда вужудни.

Ибни Масъуд кулиб қўйса “болам”, деб,
Охиратни бой бермагин олам деб.

Кейин йўлда йўлиқса тобеъинлар,
Мақсадлари тайин йўлда тайинлар.

Бир ҳолатни ким тингласа, йиғлагай:
Ҳасан Басрий мани ногоҳ тинглагай!

Олиб бориб аҳли байтнинг бирига
Воқиф айлар Росулуллоҳ сирига!

Додлаб йиғлар эдим, оёғим толса
Ва Бухорий узоқдан таниб қолса.

Деса шунда: йўл бўлсин, эй ватандош
Уйга кирсак, сузиб қўйилганди ош!

Уйга кирсак, тўшалган ғариб гилам
Шерик бўлсам ошда Термизий билан.

Қўлим титраб бошласа, бир даракка -
Кўзим тушса Абдуллоҳ Муборакка!

Буёғига тоқатим етмас, дўстлар,
Ҳозир тугатмасам, сўнг битмас, дўстлар.

Ваҳ, бу тушким, уйғонмасам умрбод,
Анга ўн беш кишининг умри барбод.

Давомида тўртта мазҳаб имоми,
Тушимни айласа гўзал тамоми!

Уйғонсаму, ётган бўлсам ерда бош,
Ҳўл бўлибдир жойнамоз бунга сирдош.

Англагунча қалбим сирот тўғрисин
Оёқларим зирқираблар оғрисин.

Атрофга бир назар солсам , ҳамма жим,
Кўрганларим туш бўлибдир чиппа-чин.

Тиллоларга алишмасман бу туним
Ҳисоблагум мусулмон бўлғон куним.

... Ваҳки, бугун шиддатла оқмас қонлар,
Фосиқу фожирга ҳам таниш онлар.

Юрокимда нафасдан бошқаси йўқ,
Фожиамки, бу ҳолатга кўнгил тўқ!

Дўст бўлсангиз гўзал онлар ахтаринг,
Кўрмоқчи бўлган тушимни қайтаринг!

ИККИНЧИ КЕЧА!
(Муҳаммад Юсуфона)

Тушимга киради Бухорий бобом,
Тур, дейди, намунча ухладинг, болам.

Жон тикиб тўплаган ҳадисим ўқи,
Шеър ёзсанг, тузукроқ сатрлар тўқи.

Мунча ҳам бўлмасанг аёлингга маст,
Аёлинг паст қилган хаёлингга маст.

Тур, дейди, ўрнингдан, мунча ухлайсан,
Бугун йиғламасанг, эртан йиғлайсан!

Намунча дунёнинг қулига дўндинг,
Озгина зўрласа, индамай кўндинг.

Қўй энди ёт элдан қаҳрланишни,
Бухорий бобом, деб фахрланишни.

Ундан кўра тафсир китобларни тит,
Арзимас матони эгнингдан ирғит.

Росулим, росулим, дейсану, аммо
Амалларинг риё, кўзларинг аъмо.

Қандоқ манга сирдош дегайсан Билол,
Тушингда зинолар қилсанг бемалол.

Термизий юртида туғилдим, дема,
Ғамдан ташкил дунё ғамини ема.

Агар ажратмасанг оқу, қорани,
Ёдлаб ўтирмагин ўттиз порани.

Узатганди, ушладинг ёлғон қўлин,
Ҳадис ўқиб танладинг тамаъ йўлин.

Чиройли сўзларни чиройли сўзлаб
Чирандинг чиқолмай чиройни кўзлаб...

Гулдан ҳайкал битма ўзингга ўзинг,
Қилган амалингга мос келсин сўзинг,

Иннамал ъамолу бинния, дебон
Хоҳлаган ишингга қўл урма, нодон.

Ушбу ҳадис асли маъноси ўзга,
Сира ҳам мос келмас сен айтган сўзга.

Амалга интилгин, ҳадислар ёдла,
Тунлари гуноҳим кўп дею, додла.

Кўнглинг хоҳишини хоҳиш, демагил,
Фарқи йўқ хоҳ гуноҳ, хоҳ иш, демагил.

Агар болам бўлсанг, бобонгга мос бўл,
Ёлғон тана бўлма, озгина рост бўл.

Ҳеч ким кўрмас жойда айлагин тақво,
Сукунат риёвий тақводан ақво.

Тушимга киради Бухорий бобом,
Халқимга бир сўзни етказгин, болам

Тунов кун қабримга борибди халқим,
Мақсади зиёрат қасдида балким...

Турли маросимлар уюштирибди,
Ёшимни фалон деб санаб юрибди.

Йўқ, ҳайхот, бу ҳолат динда бидъатдир,
Бидъатсиз яшамак чин саодатдир.

Қабримда муқаддас нарса йўқ асло,
Бу ҳолни ҳис қилар ҳар ақли расо.

Бу ишлар ўрнига аҳли фаросат
Гўзал ҳадислардан излар нафосат.

Росули Акрамнинг ҳар бир сўзларин
Шиор айлагай ва суртгай кўзларин.

Гарчи ул зот учун борим берганман
Пайғамбар қабрига топинмаганман.

Жами қудусият Аллоҳга мутлақ,
Бу йўлдан ўзгасин истаган – ноҳақ!

Қабримга кўзмунчоқ келганлар тақиб
Жаҳолат қаърига кетган улоқиб.

Халқим, туркий забон, истаса жавоб
Ҳадисни ўқисин, менга шу савоб!

Ўтган кунларини айлабон носиҳ,
Саҳиҳга эргашса ҳаёти саҳиҳ!!!

Тушимга киради Бухорий бобом,
Кўчада гуллабди ниҳоят бодом.

Тур дейди, болам-а, ухладинг кўпам,
Бугун ҳадисга ёт мен ўсган супам.

Бориб ул супани сидириб қайтгин,
Кам сонли мўминга саломим айтгин.

Бухоронинг номи “бу хоро”миди,
Мен кўрган шаҳар шу Бухоромиди?

Ҳадис ёдловчига сиғмаган шаҳар
Бугун бир ҳадисдан тамом бехабар.

Қизлари ялонғоч, эрлари беор,
Ё ўзгариб кетди илоҳий шиор?

Агарчи исломнинг дардин емаслар
Бухорий номига ҳақли эмаслар.

Ўзларин Бухорий юртиданмиз, деб
Таништирмасинлар ўзидан кетиб.

Ундан кўра динга бўлсинлар тобеъ,
Илоҳий амрга ҳамиша сомеъ!

Айтган сўзларимга болам, амал қил:
Шунда мен улардан рози бўлгум, бил!

Истасалар руҳим бўлишини шод
Ҳадисга мувофиқ кечирсин ҳаёт!!!

... Болам, болагинам, Туркистон кезгин,
Абу Абдуллоҳнинг сўзин етказгин.

КЎРГИМ КЕЛАЁТИР

Кўнгил тамомила номланди ҳирсий
Тобора ғичирлар остимда курсий,
Зуҳддан дарс беринг, Салмони Форсий
Кўргим келаётир сизни тушимда!

Кўнгил силтанмайди кўрса ҳам тобут,
Бу ҳолда эртага бўламан нобуд.
Ҳолимни изоҳланг, Зайд ибн Собит!
Кўргим келаётир сизни тушимда!

Тинмагай шайтон деб: тинмасдан сайра!
Дунё беш кунликдир, эринмай яйра...
Курашни ўргатинг, Абу Ҳурайра
Кўргим келаётир сизни тушимда!

Баъзан уйқу ғолиб, бомдод ҳам малол,
Ўрнингдан тур дебон йиғлайди ҳилол.
Азонни ҳис қилай, ўргатинг, Билол
Кўргим келаётир сизни тушимда!

Зар қадрин биладир ҳақиқий заргар,
Солиҳлар дунёдан қилдилар ҳазар.
Ўргатинг асли не тақво, Абу Зар
Кўргим келаётир сизни тушимда!

Қиёмат тонгида не эрур насаб,
У кунда дарс кетиб, портлагай асаб.
Дунёга тупуриш недир, эй Мусъаб
Кўргим келаётир сизни тушимда!

Бевафо кўнгилдан чарчадим нолий
Истадим роббимни узлатда ҳолий
Мардликни ўрганай, ҳазрати Алий,
Кўргим келаётир сизни тушимда!

Вужудим титраса ўқисам қуръон
Кўрганлар девона десинлар ҳайрон.
Бу ҳолнинг сири не, эй шаҳид Усмон
Кўргим келаётир сизни тушимда!

Қоп-қора кечалар бўлсин ёп-ёруғ,
Шайтон ҳужумидан тамоман фориғ...
Мардликни ўргатинг, Умарул форуқ
Кўргим келаётир сизни тушимда!

Нажот топган қавм бўлдилар шокир,
Бунда йўқ на нифоқ, йўқ эрур макр.
Иймондан дарс беринг, эй Абу Бакр
Кўргим келаётир сизни тушимда!

Қалбимдан ўтганин билади Аллоҳ.
Бошқаси керакмас, Аллоҳим гувоҳ
Бир бора бўлса ҳам, Ё Росулуллоҳ
Кўргим келаётир сизни тушимда!

ЭНГ ТЕНТАК ШЕЪР

Ҳиссиёт боғида кезгим келмади,
Яхши кайфиятни бузгим келмади,
Нетай, бенасибман шовқин илҳомдан
Бугун биронта шеър ёзгим келмади!

Эҳтимол тўлгандир бул ҳиссий коса,
Балким менга ётдир оддий хулоса.
Қофия базмидан чарчадим роса,
Бугун биронта шеър ёзгим келмади!

Тоққа бақирсам ҳам чиқмади садо,
Бугун ман шеърият боғинда гадо!
Қайларгадир қочмиш тўртликлар ҳатто
Бугун биронта шеър ёзгим келмади!

Шуъурга қул бўлган не маъно топмиш,
Айтганининг ярми деярли лофмиш!
Маънолар олами эшигин ёпмиш,
Бугун биронта шеър ёзгим келмади!

Илҳом, илҳом, дейман, лек кўрмас кўзим,
Қайдандир нимадир тилайди тўзим!
Алдаган кўриндим ўзимни ўзим
Бугун биронта шеър ёзгим келмади!

Битта сатр учун қийналдим ёмон,
Ёзганларим бари туюлар гумон.
Айбламанг, шунақа ҳолат ҳукмрон,
Бугун биронта шеър ёзгим келмади!

Қўлда шижоату, кўзларда намим,
Баъзида тонггача тинмас қаламим,
Нетай, баъзи пайтда ошар аламим,
Бугун биронта шеър ёзгим келмади!

Шеър ёзолмаслик ҳам пешонамикан,
Бу гапларга кимдир ишонамикан?
Билмам бу шодликдан нишонамикан,
Бугун биронта шеър ёзгим келмади!

Гарчи ҳеч ким учун бу қайғу эмас,
Ёки мухлисларга ёт туйғу эмас.
Лекин, бу ҳолатим ҳеч кулгу эмас,
Бугун биронта шеър ёзгим келмади!

Тўғрисини айтсам, ўзни қистадим,
Қофия боғинда гуллар тизмадим!
Оддий одам каби бўлмоқ истадим
Бугун биронта шеър ёзгим келмади!

Эй нафсим, бунча ҳам берма ҳисобот,
Ўзингча ҳаммага ўқима баёт!
Ахир, бу кимга ҳам қизиқ маълумот:
Бугун биронта шеър ёзгим келмади!

Яхшиям шу фикр келди дилимга,
Қаламимни дарҳол олдим қўлимга,
Хотиржам равона бўлгум йўлимга,
Бугун биронта шеър ёзгим келмади!

Эхтимол бир армон ичларимни ер,
Аммо дилгинамга хаёлотим дер:
Шу баҳона бўлиб ёзволдим бир шеър,
Бугун биронта шеър ёзгим келмади!

ТАҚДИР ЭКАН...

Баъзан қиши, ёзи бўлдик индамай,
Кўпи бўлдик, ози бўлдик индамай!
Бошқа нима қилолардик, айтинглар,
Тақдир экан, рози бўлдик индамай!

Кимдир тақдир мавзуси оғир деди,
Кимлар эса ҳар дам ўз ғамин еди,
Бақирсак ҳам нима ўзгарар эди
Тақдир экан, рози бўлдик индамай!

Манзил сари хотиржам етаяпмиз,
Қўлларини гўдакдек тутаяпмиз,
Еталашиб ортидан кетаяпмиз,
Тақдир экан, рози бўлдик индамай!

Асал берди, ялаб тўйдик гоҳида,
Гуллар тутди кулиб қўйдик гоҳида,
Азобини ҳатто суйдик гоҳида
Тақдир экан, рози бўлдик индамай!

Этолмадик оқ барибир қора не,
Қаршиликда бўлган кўнгил пора не,
Судралмадик, еталашдик, чора не,
Тақдир экан, рози бўлдик индамай!

Асосийси гуноҳларга ботмадик,
Олма пиш, деб айвонларда ётмадик,
Исён этиб осмонга тўп отмадик
Тақдир экан, рози бўлдик индамай!

Аллоҳга омонат ҳар гиз жонимиз,
Беҳудага тўкилмайди қонимиз,
Ҳазрати Алидан ўрганганимиз:
Тақдир экан, рози бўлдик индамай!