1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ислом адабиёти

"Умматим, денг..." (шеърлар тўплами)

05:00 / 07.03.2017 5095 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

УММАТИМ, ДЕНГ Ё РОСУЛАЛЛОҲ.

СИЗ АСЛИ ГЎЗАЛСИЗ, МАСТУРА ҚИЗЛАР!

“ТУРЛУК НАЗАРЛАР” китоби.

Ҳамду санолар Роббул ъаламийнга –
Ҳидоят нурини сочди заминга!

Росулуллоҳга салому, дурудлар,
Ҳокларига қурбон бўлсин вужудлар!

Раҳматлар ёғилсин саҳобаларга,
Жаннат кийинтирсин дуҳобаларга!

Тобеъинларга тобеъ бўлсин омад,
Улуғ кунда ҳадя бўлсин даромад!

Мазҳаб олимлари мазҳабдир ҳаққа,
Ҳақни билган ҳаргиз қарши ноҳаққа.

Олимлару, солиҳ зотларнинг бари -
Раҳматларга кўмилсин қабрлари!

Алар орқали биза етди ҳақ сўз,
Алар ноҳақ деганлар бўлди ҳақсиз.

Аллоҳ билса ҳамки ғайбу равони,
Сабабларга кўра тузди дунёни.

Зулумотдан олиб чиқди бизларни,
Ҳам ўчирди биздан қолган изларни.

Қалин-қалин бу излар ёмон эди,
Бирдан ўчиб кетиши гумон эди,

Худовандга бу ишлар осон экан,
Гулга айланди неча-неча тикан!

Тиканга қилма парво, жон тик анга,
Гўзал гулдан насиба жон тикканга!

Бунда қойил қолибдурмиз нечага –
Кеча олған уйқусини кечага!

Алар бизга демишлар эртаю кеч:
“Кеч қолмайин десанг, бугун тандин кеч!

Намозга тур кўзингда бўлса нам оз,
Намоз бирлан бўлур дунёда ғам оз!

Кўзинг ёпиб, оғзинг ёпиб гуноҳдан
Паноҳ сўра паноҳ берар Аллоҳдан!

Тавбага шошил десам, қўй «тавбанг”ни,
Аранг ҳайдаб йиқилма аравангни.

Одам Атога Худо қилди ато:
Хатодин сўнг тавба қилса, йўқ хато!

Тилинг зикр, қалбинг шукр йўлида,
Ўйнама муғомбир даврон қўлида.

Болангни ҳаром билан боқмагин сан,
Шул сабаб ёт қўлларга боқмагин сан.

Югур ҳалол томон солиб хонишлар,
Тишлар оғизга не солинса тишлар!

Тамаъ гир айланиб тамаъгир ёнин,
Қақшатиблар чиқар авом ҳамёнин.

Тамаъ бирлан унса ҳалим оғизлар,
Уч кун ўтиб номидир ялмоғизлар.

Зиёдалик истасанг юр зиёда,
Акс ҳолда, отдасан ҳам пиёда!

Баъзан бола муҳаббати балодир,
Фитна бўлиб ҳар куйларга солодир.

Ҳасаднинг ёнига ҳам йўлама сан,
Қулай жарга қул бўлсанг, қулама сан!

Санинг оч нафсинг бир-бир сўндиройин,
Бир-бир билганларим тушунтиройин.

Тингласанг фойда, шул боис тингла, санг!
Онгинг сангдан фарқ қилгайдир онгласанг!”

Ўтмишдаги боболарим сўзи шу:
Не қилдим ошириб, ахир ўзи шу!

БИРИНЧИ БОБ: ЭНГ АВВАЛО НИЯТГА НАЗАР!

Каломлар кибори – Кибор каломи,
Мусулмон зотларга бўлсин саломи!

Ҳабибин сўзлари ҳабиб сўзлардир,
Ул сўзлар охират йўлин кўзлардир!

Саҳоват пирлари – саҳобий зотлар
Бизларни энг улуғ фойдага отлар!

Бугунги бобимнинг боиси бордир:
Бул бобим барчага баб-баробардир.

Амалдан олдинги амал ҳақинда!
Ўзим ҳам ўргандим уни яқинда...

То тирик эканки бул инсоният
Ҳар бир юмуш устинда қилгай ният.

Ушбуга ҳамма жим, кулмагай ҳеч ким,
Ниятсиз амални билмагай ҳеч ким.

Ниятни билишдан бор битта ният -
Ниятни билмаслик энг катта уят!

Инсон ниятига кўра Маҳшарда
Жойи бўлур Жаннат ва ёки Жарда.

Ният шунчалар ҳам улкан иш эрур,
Биринчи давоси – ўрганиш эрур!

Кимки бул масканга келса беҳосдан,
Бошлагай ўрганиш илмин таққосдан!

Қолмасин деб кўнгилда зарра ҳадик,
Таққослаш илмига таққос топмадик.

Фосид ният ила чеккандан фироқ
Нияти пок бўлиб кулган яхшироқ.

Риёга қурилган бўлса дуоси
Жаҳаннамдан бўлак йўқ муддаоси.

Гўзал самар гўзал ният деганга -
Тикан кирмасин дер типратиканга.

Жангда ўлсин ортга қарамай ҳатто,
Бадниятни этгай нияти адо!

Ҳадис бор, тинглаган билар, албатта,
Фоҳиша ихлос-ла қолар нажотда.

Итнинг чанқоғини босгани учун
Раҳмон кўрсатажак илоҳий кучин.

Мавъиза чоғинда бадният кимса
Кўпроқ савоб олар гапирмай, жимса!

Кўчат ўтқазса гар ҳушниятли зот
Даласи ўрнида майдони ғазот.

Боласига ҳатто узатса ҳам сув,
Бошига савоблар тўкилар дув-дув.

Ёмон ният ила юрган олимлар –
Фиръавндан кўра ёмон золимлар.

Халқни Қуръон ила бузмоқ бўларлар,
Мустаҳкам арқонни узмоқ бўларлар.

Балоғат тўлса-да дилга лиммо-лим,
Бадният айласа, ўзига золим!

Ҳасад қилиш жоиз эрур ҳоқонга -
Гўзал ният ила юрган чўпонга!

Подасин етаклар яхши ният-ла
Ҳар қадамда дегай: «Шукр минг қатла!»

Риёкор саҳийнинг эҳсон матлаби -
Бавлга таҳорат қилгани каби!

Ҳавас қил яхши ният сартарошга,
Жаннат ҳаром қилинмаган фаррошга.

Ўз ишларин алар холис қилишса,
Ажабмас, Фирдавс ичинда кулишса!

Аммо дин йўлида юрган тамаъгир
Ҳолин қаттиқ сўргай Мункар ва Накир.

Ҳар нарса ниятга кўп боғлиқ экан,
Демак, соҳаларнинг фарқи йўқ экан!

Дегум, ў, йигитлар, ушбу ўгитлар
Сўнгги натижани муҳим таъкидлар.

Яқин олиб ҳатто исмингиз сўраб,
Мурожаатим сизга қилгум сенсираб:

«Қурсанг агар инсоф деган бир ин соф,
Сўзларим туюлмас санга асло лоф.

Тарихнинг зим-зиё кунларида ҳам
Яхши ниятлилар ёққандилар шам.

«Иннамал ъамалу бинния», деган
Пайғамбар умматин ғамини еган.

Чун яхши ниятга бул одамият
Улуғдир кўрсатса чин самимият.

Бухорий айтмишлар ёшлик маҳали:
«Ниятга етилмиш илм орқали!»

Илм-ла билурмиз ният қандайдур,
Илм тўғри бўлса ният қанддайдур!

Кичкинаю, аммо ҳушният амал
Каттакон нотўғри амалдан афзал.

Қиёмат ҳолатин тафаккур айла,
Ният ўргатганга ташаккур айла.

Ёмонлар ҳолига бир-бир назар сол,
Уларни нияти айлади завол.

Бад феълинг охири келиблар ғолиб
Жаҳаннам лабига келмасин олиб!

Буюк қоидани ёдингда асра -
Бадният айлагай фатҳани касра!

Йиғилар бир кун бир жойда йиғилар
Холис йиғи боис савоб туғилар.

Яхши ният ила тўккан кўз ёшинг
Сақлаб қолгай жарга йўл олган бошинг.

Ёмонлик истама асло ичингдан,
Пушаймон бўлиш бор ҳатто пичингдан!

Руҳ ва тан деб қара аслий ватанга,
Оқ бўлиб ўралгин оппоқ кафанга!

Ҳар ишга киришсанг, айла ҳуш ният,
Яхши ният асли, билсанг, офият!»

ИККИНЧИ БОБ: ЎТМИШГА НАЗАР!

Ушбу бобга қўл уриш бўлди оғир,
Шул кеча анга муддат етди охир:

Бугун муҳаррамнинг ўнинчи куни -
Яҳудлардан Мусонинг чиққан уни.

Не боис ёдима тушди ушбу кун,
Сабабким, ул катта ибрат биз учун!

Яҳудлар қавми нечун мағзуб бўлди,
Барига Роб амридан озиб бўлди.

Аҳли китоб бўлдилар такрор-такрор,
Аҳли расул бўлмоқдан этдилар ор.

Бирон марта Мусога бўлмай ҳамроҳ,
“Эй Мусо”, деб, демайин “Росулуллоҳ”.

Қуръон варақлаган инсон билади:
Ҳар пайғамбар иймон деб жанг қилади.

Ҳақиқатни устун қилгунга қадар
Хатар сўзин оддий юмуш деб атар.

Қавм гапга кирса хайр, барокат,
Бало дафдир, йўқолгайдир фалокат.

Агар қавм билмаса не итоат,
Қаҳҳор Зотдан келар мушкул бир офат.

Ани даф айламакнинг йўли бўлмас,
Қочгани йўл ўнгию, сўли бўлмас.

Балодан сўнг осмонда порлар офтоб,
Шул нуқтада кўпинча тугар китоб.

Ўтмиш бугун кўз ўнгимиздан ўтмиш
Ўтмиш баъзан эртан бизга қўл тутмиш

Нуҳ кемасин манзил этган кишилар
Оқибатда нажот билан қўшилар...

Турлук бало тарқагач ҳар томонга,
Қавм буткул ажралмиш хуш, ёмонга.

Шул ўринда ҳикоя ҳам поёндир,
Бул воқеа давоми ҳам аёндир.

Ва лекин Мусо қавми бош қашлади,
Осийлигин бало кетгач бошлади.

Мусо Нилда Фиръавндан қутулди,
Нилдан ўтиб яҳудларга тутилди.

Нил бўлинсин ҳаттоки ўртасидан
Қавм гуноҳ қилолмиш орқасидан.

Калим илгидаги аждаҳо асо
Аларни этолмади ақли расо.

Фалакдин тушса-да ризқу рўзлари
Очиқ туриб аъмо бўлди кўзлари.

Дема: “бул воқеага, тавба, қара!”
Алар боис тушди сура «Бақара”.

Унутиблар Аллоҳ деган зикрни,
Қайта-қайта суриштирган сигирни...

Яҳудларнинг дастидан Калимуллоҳ
Ёлворди бир йўлда бўлмакдин ҳамроҳ.

Лаънат айтиб алар-ла ўтган кунга
Ажратиб қўй, деди йиғлаблар Унга.

Қутулдим, деб яҳуддан бўлмай ризо,
Шукр айлаб рўза тутди ул Мусо.

Осмон йиғлар: “ҳайф бўлди пайғомлар,
Бу қавмдан безор энди пайғамбар!

Алар бузғувчи миллата мансубдир,
То қиёмат бўлғунгача мағзубдир!”

... Биз ҳам ўхшаб қолмайлик яҳудларга
Аллоҳ туриб сиғинган тоғутларга.

Гуноҳ қилган гуноҳларнинг кетидан
Охир ҳайвон ҳазар қилган бетидан.

Демасдурман, шарт эмас бўлмак офтоб,
Шояд асҳобга бўла олсак асҳоб!

Тобеъинга тобеъ тутинсак агар
Биздан рози бўлар улуғ Пайғамбар.

Қўлни бериб биродарнинг қўлига,
Тушиб олсак Росулуллоҳ йўлига.

Инша Аллоҳ одам бўлиб ўтгаймиз,
Шоядки катта ҳисобда ютгаймиз!

Шафоат бўлғувси шифоатимиз,
Яхшиликла тугар ривоятимиз.

Шунда Росул биздан умидни уза
Тутмагайлар шод бўлиб эртан рўза.

РИВОЯТ

Оламларни йўқдан бор этиб,
Ерни сокин, барқарор этиб,
Неъматларин индирган Аллоҳ,
Шаънига ҳамд юборгум ҳар гоҳ.
Қуръон, Суннат тутқизиб қўлга,
Сутдек оппоқ чароғон йўлга,
Йўллаб кетган Пайғамбарига,
Саҳобалар, издошларига,
Улар йўлин тутганларга ҳам,
Саломларим борсин дамодам.
Қардошларим, кўзим нурлари!
Юрт келгуси, дин ботирлари!
Келинг, сўйлай ажиб ҳикоят,
Ўрнак олмоқ муҳимдир ғоят.
Зулматларда одам ётганда,
Жаҳолатга олам ботганда,
Чарақлаган Нурни келтирган,
Бебаҳо бир дурни келтирган,
Пайғамбарнинг ҳаётин ўқиб,
Кўзни намлаб, дилга ўт ёқиб,
Бул чашмадан олиб баҳралар,
Диллар жўшиб, ёниб чеҳралар,
Симирайлик, қонсин юраклар,
Муҳаббатдан ёнсин юраклар...

Иброҳим алайҳиссаломнинг Маккага келишлари, Замзам суви чиқиши

Ҳақ амрила Халил пайғамбар,
Макка томон қилдилар сафар.
Ҳожар билан Исмоилни ҳам,
Бу сафарда қилдилар ҳамдам.
Боғу роғлар ташлаб кетдилар,
Охирда бир ерга етдилар..
Атроф қуруқ тоғу тош фақат,
На дарахт бор, на сув, на кўкат..
Жазирама иссиқ тафтидан,
Тоғлар қаро эди афтидан..
Ана шундоғ тоғ орасида,
Қолиб Ҳожар ва норасида,
Қўл кўтариб кўкка Иброҳим,
Дуо қилиб деди: "Аллоҳим!!
Қуп-қуруқ дашт, тоғлар ёнида,
Ўтсиз, сувсиз биёбонида,
Шонли Каъбанг ўрнида мен зор,
Зурриёдим қолдирдим бедор...
Токи Сенга қилиб ибодат,
Намоз барпо қилишсин ҳар вақт..
Бандаларинг кўриб қалбин Сен,
Каъба томон бургин, талпинсин..
Мевалардан ато эт, ё Раб,
Шукр этсалар бунга не ажаб".
Шундай қилиб Ҳақ амри бирла,
Исмоилни ташлаб Ҳожар-ла,
Келган томон йўлдан кетдилар,
Тоғ ораси, чўлдан кетдилар...

Ёлғиз қолиб Ҳожар бу ерда,
Егулиги тугаб охирда,
Сафо Марва узра етти бор,
Сув ахтариб кездилар ночор...
Ва ниҳоят, ҳолсизланиб жим,
Ўғли томон ташлади одим..
Кўрдиларки, ўғли Исмоил,
Ёнбошида турар Жаброил,
Ерни қаттиқ бир тепиб шу чоқ,
Шарақлатиб чиқарди булоқ..
Ўшал дамдан сув сероб бўлиб,
Одамлар ҳам бошлади келиб...

Иброҳим алайҳиссалом учун бўлган энг катта синов - ўғиллари ҳақида кўрган тушлари

Оиласин, ўғлин кўргали,
Иккисининг ҳолин сўргали,
Фурсат бўлган маҳалда доим,
Келиб турар эди Иброҳим..
Ўғли гўдак вақтидан ўтиб,
Оқ-қоранинг фарқига етиб,
Қараб унга тўймайдиган чоғ,
Бир воқеа юз берди мундоғ:
Кўзи илиб, ушбу улуғ зот,
Бир кун мудҳиш туш кўрди ҳайҳот!
Ўғлин ерга ётқизиб қўйиб,
Пичоқ билан турганмиш сўйиб!!
Бу не ҳолдир.. Бу не синоат?!!
Вожиб эрур қилмоқ итоат!!
Зеро Росул кўрган туш албат,
Ваҳй эрур! Аллоҳдан фақат!!
Шунинг учун қатъият ила,
Юз ризолиқ кайфият ила,
Келиб ўғли томон пайғамбар,
Бошин силаб етказди хабар:
Ўғлим! Бу кун бир туш кўрибман,
Унда сени сўйиб турибман!
Нима қилай, ўйлагин, болам!!
Жавобини сўйлагин, болам!!
Жавоб берди бирдан болакай,
Ҳеч қўрқмасдан, ҳеч иккиланмай:
Буйруғин тез қилинг, отажон!!
Пичоқ олиб келинг, отажон!!
Иншооллоҳ, сабр қиламан..
Ҳеч тўполон қилмай ўламан...

Сўйиш учун кетаркан олиб,
Шайтон келди рўбарў бўлиб..
Уни уриб уч бора йўлда,
Тўхтади тош кўтариб қўлда..
Сўнгра ўғлин ерга ётқизиб,
Кўзларидан ёшлар оқизиб,
Тортди пичоқ бўғзига эвоҳ!!
Бунга биров бўлсайди гувоҳ,
Манзаранинг даҳшатидан тез,
Ўздан кетиб, бўларди жонсиз!!
Пичоқ тортган маҳал самодан,
Нидо келди Арши Аълодан:
Эй Иброҳим!! Ташланг пичоқни!!
Ўғлингизга очинг қучоқни!!
Тушни жуда тасдиқ этдингиз!!
Имтиҳондан аъло ўтдингиз!!
Халил учун бу танлов эди,
Жуда очиқ бир синов эди..
Бундан эсон-омон ўтдилар,
Ўз севгисин исбот этдилар...

Каъба қурилиши

Кўп ойлару кўп йиллар ўтди,
Исмоил ҳам вояга етди..
Оталари бир кун келдилар,
Ниятларин баён қилдилар:
"Парвардигор менга бу ерда,
Байтуллоҳни қур, деб буюрди"..
Ота-ўғил икки пайғамбар,
Бор кучларин этиб сафарбар,
Байтуллоҳни қуриб битдилар,
Асносида дуо этдилар:
Ё Раб, бизга мададкор бўлгин,
Даргоҳингда мақбул деб билгин...
Ўшал кундан бошлаб одамлар,
Каъба сари ташлаб қадамлар,
Ибодатга сувдек оқдилар,
Дилни тавҳид бирла ёқдилар..
Сажда этиб ёлғиз Аллоҳга,
Юз бурдилар шонли даргоҳга,
Ўшал кундан бу улуғ даргоҳ,
Мўминларга бўлди қиблагоҳ...

Амр ибн Луҳайнинг Иброҳим алайҳиссалом дини бўлмиш Исломни бузиб, бутпарастликни тарқатиши

Юзлаб йиллар шу кўйда ўтди,
Ниҳоят, бу бахтга дарз етди..!
Хузоанинг боши от олмиш,
Амр ибн Луҳай аталмиш,
Кимса яшар эди Маккада,
Ошин ошар эди Маккада,
Ҳожиларга бериб сув, талқон,
Қозонганди ҳурмат, шараф-шон,
Шунинг учун ундан одамлар,
Ўрнак олиб, босар қадамлар...
Алқисса, Шом тарафга бир кун,
Сафар қилиб борди у малъун..
Ўшал жойда бутларни кўриб,
Ажабланиб, жуда ёқтириб,
Ҳубал номли битта бут олди,
Олиб бирга Маккага келди,
Деди: "Шомда кўрдим ажойиб,
Шундай бутга бошларин қўйиб,
Сажда қилиб ётар одамлар,
Кунлари шод ўтар одамлар,
Биз ҳам бунга сажда қилайлик,
Буни улуғ қурбат билайлик..."
Ана шундай қилиб ул малъун,
Халқни гумроҳ айлади бутун..
Йўлдан шундай озиб кетдилар,
Халил йўлин бузиб кетдилар...

Пайғамбаримиз келишларидан аввал дунёда ҳукм сурган жаҳолатлар баёни

Имом Муслим "саҳеҳ"ларида,
Қудсий ҳадисларнинг бирида,
Росулуллоҳ хутбада туриб,
Асҳобларга маълумот бериб,
Сўзлаб Қодир Аллоҳ номидан,
Шундай ҳадис чиқди комидан:
"Инсонларнинг барчасин мутлоқ,
Тавҳид узра яратдим. Бироқ,
Шайтон йўлдан урди уларни,
Динларидан бурди уларни,
Мен ҳалол деб айтган не ки бор,
Бандамга манъ этди бадкирдор.
Мендек Қодир Аллоҳга минглаб,
Махлуқларим, қулларим тенглаб,
Ибодатда шерик қилмоқни,
Бу иллатни қурбат билмоқни,
Нодон инсон кўнглига солди,
Жиловларин қўлига олди.."

Йиллар ўтди, шоҳлар ўтдилар,
Пайғамбарлар келиб, кетдилар,
Чақиришиб Ёлғиз Аллоҳга,
Алданманг деб, шайтон гумроҳга..
Лекин ботил тарқаб бўлганди,
Ерда қилар ишин қилганди,
Ҳатто кейин келган пайғамбар,
Исо йўлин тониб, дарбадар,
Насоролар гумроҳ бўлдилар,
Ширкка тамом ҳамроҳ бўлдилар..
Шарқда, узоқ Эрон юртида,
Ундан нари - Турон юртида,
Мажусийлар ҳукм тутарди,
Оловларга сажда этарди..
Арабистон юртига келсак,
Улар нелар қилганин билсак,
Киши бирдан ёқасин ушлаб,
Ҳайрат ила бармоғин тишлаб,
Деяр: Наҳот эс-ҳушли инсон,
Ақлига қулф урар беомон?!...

Улар турли бутлар ясашиб,
Хушбўйлатиб, ювиб, безашиб,
Уй тўрига илар эдилар,
Ҳар кун сажда қилар эдилар..
Сафарларга чиқсалар ҳар дам,
Ўзларига қилишиб ҳамдам,
"Худоларин" хуржунга солиб,
Кетардилар елкага илиб..!
Баъзи бирлар эсдан чиқариб,
Уйда қолиб кетганин кўриб,
Хурмога сут соғиб юмшатиб,
Бут шаклини ясаб, ўхшатиб,
Кейин сажда қилар эрдилар,
Сўнг очқашиб, бутни ердилар..!!
Ҳатто Каъба - муқаддас даргоҳ,
Бутларга лиқ тўлган эди, оҳ!
Ер юзини айлаб зимзиё,
Ширк ҳукмрон бўлди халқ аро..

Фақат у ёқ, бу ёқда озчил,
Ширкдан кўнгли бўлиб тунд, хижил,
Бармоқ ила санарли ёрлар,
Маскан этиб даралар, ғорлар,
Залолатдан қилишиб нафрат,
Ўзларича қилиб ибодат,
Ҳақ динидан қолмасдан асар,
Яшардилар ожиз, дарбадар...
Қўшилганда халқларга ҳар гоҳ:
"Ширк этмангиз, бўлмангиз гумроҳ",
Дер эдилар, лекин бир оғиз,
Бу қисқа сўз эди фойдасиз..
Зеро, тоғдек уюлган ширкни,
Қўрғошиндек қуйилган ширкни,
Қўпормоқ-чун фавқулодда бир,
Керак эди зўр чора, тадбир...

Пайғамбаримиз таваллуд топишлари олдидан бўлиб ўтган фил воқеаси

Бу зулматни кўриб, Қодир Зот,
Раҳми келиб, кўрсатиб имдод,
Қутқармоқ-чун элнинг барини,
Танлиб сўнгги пайғамбарини,
Исмоил бин Халил зотидан,
Сўнг Ҳошимнинг чин зурёдидан,
Муҳаммадни бутун оламга,
Барча жину барча одамга,
Охирзамон Расули қилди,
Эргашганнинг толеъси кулди..
Келмай туриб дунёга ҳали,
Энг охирги Расул бўлгали,
Туғилажак йилида муҳим,
Бир воқеа бўлди, тингла жим...:

Кўролмасдан Каъба шонини,
Тутган ўрни, зўр маконини,
Ҳожиларнинг йўлин бурмоқ-чун,
Тарихда бир ном қолдирмоқ-чун,
Абраҳа деб аталмиш подшоҳ,
Турқи ҳабаш, бир ақли кўтоҳ,
Санъо деган жойда каттакон,
Черков қурди, бир оламжаҳон..
"Қуллайс" деган ном бериб унга,
Безак берди ҳар бир устунга..
"Ҳажга бунга келишсин", деди,
"Маккани тарк қилишсин", деди..
"Кўм-кўк ўтлоқ, сўлим жойларда,
Кўркам боғлар, оқар сойларда,
Черков қурдим... Ҳожилар ёниб,
Ҳажга келар Маккани тониб..."!
Деган ўйда малъун Абраҳа,
Кутар эди очиб иштаҳа...
Лекин Аллоҳ назари етган,
Иброҳимнинг дуоси кетган,
Каъба халқлар қалбидан шундай,
Аллақачон олган эди жой..
Бу туйғуни йўқ қилмоқ учун,
Бутун олам йиғса-да кучин,
Қилча таъсир ўтказолмасди,
Қалбларидан кетказолмасди..

Шунинг учун араблардан бир,
Чапаниси туриб, ошиб қир,
"Қайдадурсан Санъо" деб кетди..
Охирда ул Қуллайсга етди..
Шиддат ила у ерга кириб,
Черковнинг қоқ белида туриб,
"Сенми ҳали атрофин созлаб,
Уй қурувчи Каъбага мослаб!"..
Дея ҳожат ушатиб кетди..!
Ичини хўп бўшатиб кетди..!
Табиий, бу иш бўлиб сабаб,
Абраҳани чулғади ғазаб!
Черик тортиб Байтуллоҳ томон,
Қасам ичди: "Қилурман яксон!
Ўшал Каъба деган бинони!
Бу иш-ла лол қилгум дунёни!"
Йўлда барча қабила, ёвни,
Шаҳар қишлоқ, билмам, нечовни,
Тор-мор қилиб келди Абраҳа,
Қўрқув солиб келди Абраҳа..!
Ўзи билан бирга муттасил,
Олиб юрар эди катта фил..
Бу баҳайбат филнинг келбати,
Оширарди унинг ҳайбатин...

Хуллас, келиб яқин Маккага,
Қўшинини қўйиб чеккага,
Деди: "Чорланг оқсоқолини,
Азмим айтай, сўрай ҳолини!"
Шунда бошлиқ Абдулмутталиб,
Кирди унга Маккадан келиб..
Бениҳоя хушрўйлигини,
Салобатли, серўйлигини,
Кўриб, жойдан турди ҳурмат-ла,
Тўрга қўйди жуда иззат-ла..
Сўнгра деди: "Недур тилагинг?
Бажаргаймиз, айтгин истагинг".
Жавоб қилди Абдулмутталиб:
"Сарбозларинг даламга келиб,
Икки юзта туямни олиб,
Олдларига кетдилар солиб..
Қайтиб берсанг менга етади,
Сенга бўлган арзим битади".
Таажжуб-ла қараб подишоҳ,
Деди унга: "Эй ақли кўтоҳ!
Энг муқаддас еринг саналган,
Халқинг қалбин эгаллаб олган,
Каъбангга азм қилган бўлсаму,
Бузиш учун келган бўлсаму,
Қай ердаги ҳайвонни сўраб,
Турибдурсан қаршимда қараб!
Кирганингда қилган ҳурматим,
Шаклинг кўриб қилган иззатим,
Тузсиз сўзинг ила йўқолди,
Ҳурмат ўрнин ирганиш олди!"
Жавоб қилиб деди: "Эй подшоҳ!
Тўғри, Каъба - муқаддас даргоҳ!
Лекин мен бир бекуч, беқувват,
Хўжайинман туяга фақат!
Каъба эса... унинг Тадбиркор,
Қўриқловчи Хўжайини бор!!"

Кейин чиқиб Маккага қайтди,
Одамларга бўлганни айтди,
Сўнгра Каъба ҳалқасин ушлаб,
Дуо қилди кўзини ёшлаб:
"Эй Аллоҳим, ўз уйин барча,
Қўриқлагай қўлдан келганча,
Ўз уйингни қўриқла, ё Раб!
Бу балодан тез сақла, ё Раб!!"
Сўнгра халққа деди: "Халойиқ!
Уйинг ташлаб, тезда четга чиқ!"
Ҳувиллатиб уйлар, йўлларни,
Қасд этдилар тоғу чўлларни..

Абраҳа ўз дабдабаси-ла,
Шону шавкат, асъасаси-ла,
Кириб келди Маккага кибор,
Юлиб, талаб, олиб неки бор..
Каъба томон қиларкан юриш,
Олазарак фил қилиб ташвиш,
Турган жойда мих каби қотди,
Каъба томон йўлдан бош тортди!
Сўл томонга йўллашса чопди!
Чўл томонга йўллашса чопди!
Буришганда орқага ҳеч ҳам,
Иккиланмай ташлади қадам..
Лек Каъбага ундашса, одим
Ташламасдан тураверди жим!!

Шу соатда бу зулм қўшини,
Тепасидан бало тошини,
Ёғдиргувчи қушлар келдилар,
Бунда қилар ишин қилдилар..
Ҳар аскарга бир қуш отиб тош,
Кичик тошга қилолмай бардош,
Кўксин ўқдек тешиб ўтдилар,
Сўнгра келган томон кетдилар..
Фурсат ўтмай бир жон қолмади,
Бир жангчи ҳам омон қолмади..

Ҳақ томондан келган бу тадбир,
Сўнгги Элчи келиш учун бир,
Кўрсатилган зўр чора эди,
Ҳурматига ишора эди...

Охирги пайғамбар бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дунёга келишлари

Ҳодисадан эллик кун ўтиб,
Саодатли фурсатлар етиб,
Ўн иккинчи рабиул аввал,
Душанба кеч, ой чиққан маҳал,
Дунёда энг покиза вужуд,
Баҳор ойи топди таваллуд..
Милодийда санасанг аниқ,
Беш юз етмиш бўлар мувофиқ..
Ҳақ таоло ҳикмати ила,
Ёзиғлиғи, қисмати ила,
Туғилмасдан олдин пайғамбар,
Оталари қилганди сафар,
Шу сафарда ажали етди,
Ўғлин кўрмай дунёдан ўтди..
Баъзи келган ривоятларда,
Нақл этилган ҳикоятларда,
Туғилганда порлаб теварак,
Улуғликдан бергандир дарак..

Келинининг туққанин билиб,
Етиб келди Абдулмутталиб,
Хурсанд бўлиб, қувониб, суйди,
"Муҳаммад" деб исмини қўйди..
Абдуллоҳдан қолди деб ёдгор,
Кўзлар тўймай, қарашиб такрор,
Амакилар хурсанд бўлдилар,
Шодликларин изҳор қилдилар..
Абу Лаҳаб бўлганидан шод,
Ўз чўрисин айлади озод..

СОҒИНЧ

Тун чоғи, энг ширин уйқу ҳоким дам
Ҳолиқ Таъолога йиғлаб сиғиндим.
Ул тенгсиз даврга арзимасам ҳам
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Дард ечилмай қолмиш дил тугунида,
Маънодан асар йўқ ўтган кунида,
Асри қабоҳатнинг совуқ тунида
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Мусулмон дўстининг ғамин еёлган,
Дунё лаззатидан ўзин тиёлган,
Ўлимни ҳақиқий ҳаёт деёлган
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Ҳа, улар жамики инсонлар тузи,
Тополмассиз чироқ ёқиб кундузи!
Одам болаларин терма юлдузи
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Ҳақиқий мўминлар ожизлигидан
Қийналар умматнинг ножинслигидан.
Ёвуз асримизнинг ёвузлигидан
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Амалсиз сўзласам, сўзим кулгили,
Сўзимдан ҳам кўра ўзим кулгили,
Кўзгуга қарасам, юзим кулгили,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Таваккул айламай баъзан Раззоққа,
Бардош беролмам нафс отлиғ тузоққа!
Ҳаёл маркабини ҳайдаб узоққа
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Истасангиз агар мен билан юринг,
Сафар мобайнида дўст бўлиб туринг,
Минг бор эшитгандан ўзингиз кўринг
Асри саодатни қаттиқ соғиндим:

Билолнинг ҳидини ҳидлаб тўяй деб,
Ётган асосини бир бор суяй деб,
Ҳолид яраларин боғлаб қўяй деб
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Кўрсаму йиғласам саҳоба зотин,
Ўрганиб ҳаётга тутсам ҳаётин,
Сийпалаб Жаъфарнинг қонли қанотин
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Умму Саламадан кўрсатма олиб
Ҳаёт жадалида югурсам ғолиб,
Уйғониш асри ҳам бир четда қолиб,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Ибни Умми Мактум тутган таёқлар
Вазнига тенг эмас бугун оёқлар.
Кўзи юмуқ, аммо қалби уйғоқлар
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Чарчаб нигоҳ ташлаб ботиналарга,
Етолмай турмушда хотималарга,
Аёлим бошлабон Фотималарга
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Лабларга озуқа илоҳий ўзан,
Бир ёнда қизимга жилмаяр Ҳусан,
Боламнинг оғзига тупурса Ҳасан
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Кунларим тунлардан фарқи йўқ, нетай,
Ўн беш аср ортга тик учиб кетай.
Ҳаёл қанотида манзилга етай:
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Ҳамзанинг соқолин бир силаш бахти
Ҳар қайси мўминнинг жаннатий аҳди.
Замонлар йиғилса, барининг тахти –
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Ваъзлар ўқиганда воизлар ёниб
Негадир бу юрак тўёлмас қониб!
Мусъаб даъватини тинглаб тўлғониб
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Ибодат лаззатин қилиб хуморлар,
Ухласа, намозда кўзни юмарлар –
Отасига тортган ибни Умарлар
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Абу Ҳирр сўзласа ҳадислар қовий,
Қарши сўзламакка топилмас ёвий.
Ўртада биронта бўлмаса ровий...
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Бугунги ҳофизлар очишса гар лаб
Турфа хил услубда ўзгаради таъб.
Қуръон ўқиб берса Убай ибн Каъб
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Бугунги ҳолатга изоҳни сўйлаб
Қолгаймиз разолат ичида бўйлаб...
Солмонга ўхшаган амирни ўйлаб
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Жами кўрсатмаси исломга зидлар
Кўнглимни эзғилар аҳли фосидлар...
Уҳуддан оғирроқ ибни Масъудлар
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Дунёлардан кўра ҳақни қучсайдим,
Охират юртига кулиб учсайдим,
Сайд ибн Омирга мурид тушсайдим...
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Сифатлардан ҳақир бўлган рақамлар,
Саройлардан гўзал томи пастқамлар,
Уйимдан ҳам сокин “дорул Арқам”лар
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Бугун қалбни тирнар ўй, эхтирослар,
Қайларгадир қочиб кетмиш ихлослар,
Жиянин опичлаб ўтган Аббослар...
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Олтиндан қурилган водийлари бор,
Аммо ҳақни излар ходийлари бор,
Хотамдан ҳам хотам Адийлари бор
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Дунёлардан тамом нигоҳ ўгириб,
Тақводан мустаҳкам арқон йигириб,
Уккоша ортидан терлаб югуриб,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Худодан устунроқ саналса мансаб,
Кўнгиллар зулмга кетганда юмшаб,
Усома ибни Зайд қўшинин қумсаб
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Қаранг, бир термулинг, дунё бандига -
Иймонин алишган қуртдек қандига!
Бугун ҳамма муҳтож Миқдод пандига,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Асрларни отиб, тезлик-ла қўпиб,
Ҳақиқат аҳлини шод бўлгум топиб,
Ибни Ҳузофанинг бошини ўпиб
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Чўлоқ оёқ билан жаннатни босган
Ибни Жамуҳларни қўл ёниб ёзган!
Қиёматдан қўрқиб намозда озган
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Умарлар соғинган Абу Убайда
Айтинг, энди, айтинг, дўстларим, қайда?
Гуноҳни демаган катта ё майда,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Бугунги ҳолимни айладим ғорат,
Йигит бошим билан йўқдир ҳарорат,
Ҳафсанинг кўзида ёнган жасорат
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Бугун фикр йўқдир, фақат иқтибос,
Тафсирлар турфа хил, баъзи раъйга мос.
Ҳаммасин ром айлар ёш ибни Аббос,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Абу Дардоларни қувган бу дунё,
Ибни Авф қалбини ювган бу дунё,
Абу Зарр остида юган бу дунё,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Ёшларнинг қалбини тутган қафаслар –
Бугун чолларни ҳам эзар ҳаваслар!
Юзга кириб ақли бутун Анаслар
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Ҳаббоб елкасида қизарган темир,
Бас, етар, бўлди қил! Тоғларни емир!
Эй кўнглим, бул оби раҳматни симир,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Ул куннинг ёниқ бир саҳифаси бор,
Жанозадан қайтган халифаси бор,
Сир билан кўмилган Ҳузайфаси бор
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Бугун юрсак ҳамки дўстларни сизлаб,
Мушкул он қўямиз уни ёлғизлаб,
Итоат бобида Муозни излаб
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Соҳталик бўлмаган шу бугунчалик –
Ёлғон саломларга ёлғондан алик!
Ростликни ўргатсин Каъб ибн Молик,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Энг буюк зотларга қилмас ҳасадлар
Росулуллоҳ суйган ўлик жасадлар
Жаннатий Фотима бинти Асадлар
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Суҳайбур Румийни елкалаш учун,
Қалбий риёларни тилкалаш учун,
Саъднинг камонини бир силаш учун
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Одамлар малакдан фарқ қилмас пайтлар
Ҳассондан таралган илоҳий байтлар,
Тўртта ёнингизда жаннатий Зайдлар,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Бир боғнинг жаннатий гул дарахти бор,
Қиёмат келмасдан кўриш нақди бор,
Талҳанинг боғида ухлаш бахти бор
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Бугуннинг кунида бечора қолиб,
Фахрланиш недир шажара солиб,
Абу Аюб уйин ижара олиб
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Ташкил этсам ҳамки кўп сайрларни,
Қайтаман тополмай бир хайрларни,
Қайдан топай бугун Зубайрларни,
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Маслаҳат бобинда дилга ҳамхонам –
Завжидан ҳадислар сўзлар кўзда нам
Онамга ҳам она Ойиша онам
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Икрима бахтидан қарз олай, дея,
Ўтган умрим учун арз олай, дея,
Ваҳшийдан мардликни дарс олай, дея
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Яҳудлар қўлида бугун мўминлар,
Юракни фалокат сари таъминлар,
Амр ибн Ос каби аҳли тамкинлар –
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Илм бўстонида бўлмайин нобуд,
Изғисам бешикдан то манзил тобут,
Қўлимдан ушласа Зайд ибн Собит
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Жавобини топган саволлар даври,
Жаҳолат тамоман заволлар даври,
Абу Суфён деган рижоллар даври
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Чарчаган онимда шеър, қофиядан
Асҳоб ўртасида ҳилофиядан...
Сўровим бор эди Муовиядан
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Диллари шод гарчи қўллар қадоқда
Завжининг меҳрига юрак дудоқда
Зайнаб бинти Жаҳшлар энди қаёқда...
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Ул давр тақдири – юрмоқ пиёда,
Ҳатто амирлари устун ҳаёда!
Қўрқмас Баролари мингдан зиёда
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Алининг ҳикматли сўзларин тинглаб,
Ўзимнинг кимлигим тополсам англаб,
Илм дарвозасин остида хўнграб
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Қонига бўялган Қуръоним, дея,
Фитналарга қарши қўрғоним, дея,
Малаклар уялган Усмоним, дея
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Умарнинг нигоҳи кўнглимни ютар,
Адолат боғида қўлимни тутар,
Шайтонлари бошқа кўчадан ўтар
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Абу Бакр бўлиб сувни тиндирган,
Қалбига ғайбларни кулиб қўндирган,
Иймони тарозни босиб синдирган
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

Буёғига қўлим қалтироқ босар,
Росулуллоҳ сўзин қанақа ёзар?
Бошқа замонларда йўқ ўринбосар
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

... Тун чоғи! Уйқуга қовушган жони
Ёмғирдек ўтмишга томон ёғилдим,
Тарих китобининг энг нурли они
Асри саодатни қаттиқ соғиндим!

САҲОБАЛАР УҚТИРАДИЛАР:

Саҳобалар бизга бермишлар дарак:
«Пайғамбардан олинг не бўлса ўрнак!
Ўткинчи дунёга силтадик этак
Қачонки кибрни синдирдик бизлар.

Биз асли дунёдан кўзни ёпгандик,
Охират манзилин кўзлаб чопгандик,
Лек Ислом шарафин аниқ топгандик
Қачонки кибрни синдирдик бизлар.

Баъзимиз ҳотиржам, кимдир ҳовлиққан,
Кўнгил сарҳуш бўлиб, ҳориб толиққан,
Иймон қалбимизда хурликка чиққан
Қачонки кибрни синдирдик бизлар.

Биз ҳам сизин каби ўйнадик, кулдик,
Баъзида шодликдан сурурга тўлдик,
Дунёнинг устига ҳукмдор бўлдик
Қачонки кибрни синдирдик бизлар.

Қалбнинг ишларига кўп қулоқ солдик,
Фақат ўзимиз-ла ўзимиз қолдик,
Амирал мўминин мақомин олдик
Қачонки кибрни синдирдик бизлар.

Бизга ҳам гуноҳлар бағрин очмишлар,
Нифоқ уруғини сўнгра сочмишлар,
Жамики гуноҳлар биздан қочмишлар
Қачонки кибрни синдирдик бизлар.

Биз ҳам кўп ҳижронда, ғафлатда қотдик,
Шайтонга юзланиб, тинмай тош отдик,
Валекин иймоннинг лаззатин тотдик
Қачонки кибрни синдирдик бизлар.

Бузилиб кетмиш бу Одамнинг насли,
Гўё ёмғир мисол саратон фасли,
Ҳазрати Одамга айландик асли
Қачонки кибрни синдирдик бизлар.

Юрардик телбавор, сокин ва маъюс,
Интихосин билмай хўп ҳайротомуз...
Қайтди кўксимизга инсоний номус
Қачонки кибрни синдирдик бизлар.

Сен ҳам охирзамон авлоди, тингла,
Бизнинг сўзимизни эшит ва англа,
Нажот юрти бўлиб кўринган қибла
Қачонки кибрни синдирдик бизлар...

ТАРИХ

Ҳали ажралмайин олтин садафдан
Инсон жаҳолатдан турмаган эди.
Қуёш порлаб чиқди Макка тарафдан
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Кўзларин ишқалаб улгурмай жаҳон
Қуёшнинг нуридан тополмай имкон
Нозил бўлган эди илоҳий қуръон...
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Қавмлар бир-бирин тутганда ёвкаш,
Оддий ҳол бўлганда турлича қараш.
Аллоҳу акбар дер Билоли Ҳабаш...
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Пайғамбар ўлганда адашмай уммат,
Тўғри йўл танлади, қолди саломат
Омонатга илк бор бўлди садоқат
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али
Дунёни бошқарган ўшал маҳали
Камолотга етди башарнинг ҳоли
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Саҳобалар кетди, чиқди тобеъин
Уларнинг қўлида ривож топди дин.
Ҳадис илми боис иймон бўлди чин...
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Кейин ҳам чиқдилар олимлар қатор,
Бирида йўқ имкон бошқасида бор,
Кўтариб ташланди охирги ғубор...
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Сўнг... сўнг тилим бормас айтмоққа, ҳайҳот.
Охирга расулга бўлганлар уммат
Дунё-ю ҳавасни тутдилар фақат...
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Қуръонни Аллоҳнинг махлуқи дебон
Куфр йўлларни ҳам танлаган инсон.
Ҳанбални судраган топганда имкон...
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Қози бўласан деб Имом Аъзамга
Таклиф этмиш бир кун подшоҳ ҳарамга.
Эй, дунё бир қара, бир бор назар сол
Дарра тагида жон берган одамга.
Хали тарих буни кўрмаган эди.

Олимлар букун ҳам туғилмишлар, лек
Қийиндир бу йўлда турмоқлик тетик.
То қиёмат қадар шу бўлар кўрик.
Хали тарих буни кўрмаган эди.

ЗАМИН НИДОСИ

Охиратнинг аламли ҳоли
Берар маним кўнглимга ғашлик.
Замин букун қария каби
Изламоқда сарғайган ёшлик.

Афсус ёшлик қанчалик олис,
Қанча узоқ олган бўлса йўл.
Бугун замин шу қадар маъюс
Ортга қараб чўзаётир қўл.

Ортда қолган карвонга боқиб
Замин оғир нафас олмоқда.
Унга чиққан одамлар холин
Кўриб букун ҳайрон қолмоқда.

Пайғамбарлар хитобидаги
«Аллоҳ якка» деган нидолар
Мушрик қавмга ҳар гиз ёқмасдан
Излаб кетмиш турли худолар.

Тақдир экан, ҳар кимса ўлмиш
Бу дунёда қолмагай тирик.
Пайғамбарлар отаси бўлмиш
Иброҳимнинг отаси - мушрик.

Замин бугун либосин ечди,
Бир воқеа кетмай ҳаёлдин
Нух Аллоҳни йўлида кечди
Мушрик ўғил, мушрик аёлдин.

Тақдир экан, боқий саволнинг
Жавобига надомат тўлди:
Аллоҳ азиз қилган аёлнинг
Эри малъун Фиръавн бўлди.

Бу Аллоҳнинг хоҳиши экан,
Улар ҳадни босиб ўтишди:
«Аллоҳдан ёт илоҳ йўқ« деган
Ийсони ҳам шерик тутишди.

Замин йиғлар, беҳад алами...
Кўрмаганди бундай сабоқни:
Мусо қайтиб келганда қавми
Худо қилиб олди бузоқни.

Оҳлар урди охири замин
Ўша кундан қизиқтирмас зеб
Сўнгги расул амаки учун
Йиғлаганда иймон айтинг деб

Кўз ёшини аямай букун
Эрта учун қилолмай тоқат,
Замин тилга кириб сўзлади:
«У кун ҳали бўлгайдир даҳшат.

Қиёматда менинг қозиғим -
Тоғлар жундек титилиб кетгай.
Одам тушган кундан тўплаган
Жавҳарларим отилиб кетгай.

Бағримдаги одамлар бари
Тирилгайдир савол-жавобга
Алам бўлсин, ситамлар бўлсин
Энди йўқдир илож савобга.

Устимда не рўй берган бўлса
Ўша кунда ҳаммасин кўргум.
Яхши - ёмон ишларга бир-бир
Мен ўшанда гувоҳлик бергум,

Хафа бўлманг, эй, бағримдаги
Одам насли бўлиб ўтганлар.
Қиёматда турганда афсус
Чеккайсиз сиз - иймон ютганлар.

У кун энди Аллоҳнинг амри
Мен сизларни чиқаргум минг йил.
Қайта менга жойлашолмайсиз,
Энди ўзга тутилар манзил.

Ё жаннатни, ёки дўзахни
Уйингиз деб биласиз ул Кун.
Шунинг учун йиғлаётирман
Қалбимда дард билинг, шу учун.

Тилга кирган бўлсам мабодо.
Аллоҳ учун бир нима дедим.
Ажралишдан олдин сизларга
Бир насиҳат қилмоқчи эдим...

ҚУТҚАРУР

Гуноҳлар бир куни бўлади абас,
Ширксиз аҳволингни Раҳмон қутқарур.
Олти тарафинг ҳам туюлса қафас,
Байтуллоҳ жойлашган томон қутқарур.

Тўплаб мол-давлатин, не бўлса борин
Ислом деб халқ ишга солса-да корин.
Умматнинг шарафин, номус-у, орин
Биргина фидоий қурбон қутқарур.

Қиёмат даҳшати - энг аянчли дам,
У Кунга тараддуд кўрганлар ҳуррам...
Дунёнинг илмини тешиб ўтсанг ҳам
Шафоати билан Қуръон қутқарур.

Чиркин тарихлардан безиллаб юрак
Тингламоқ истайди яхши бир дарак.
Башар юз ўгирган ўтмишни бешак
Пайғамбар яшаган замон қутқарур.

Қиёмат олдидан ўзгарар хилқат,
Чунки дунё узра овоза: Диққат!
Ийсо тушгач, содир бўлади фақат
Йиқилган яхшини ёмон қутқарур!

Ақли борлар кўзни катта очдилар,
Хою ҳавасларни ерга сочдилар.
Энг сўнгги лаҳзада байтга қочдилар,
Уларни Нуҳ кутган тўфон қутқарур.

Биз шуни истадик, қалбда йўқ гумон,
Биргина дуо-ла ўрнатдик қўрғон:
«Ихдинас сиротол мустақийм» дебон...
Бу катта балодан тўғон қутқарур.

Холис яшашмоқдан ўзга бир матлаб,
Йўқ экан ўзга бир тариқат, мазҳаб.
Ҳаммаси кетади қалбингни ғашлаб...
Қутқарса, бир куни иймон қутқарур.

САҲОБАЛАР.

Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Ҳамза,
Муовия, Абу Суфён, ибни Умар...
Қоронғу йўл ёқасида нурли шўъла -
То Қиёмат бизга ҳужжат - саҳобалар!

Мен сизларни яхши кўрдим, яхши билдим,
Ҳаётингиз ҳаётимга ўрнак қилдим,
Расулуллоҳ манҳажига қалби салим,
Йўлларимга нури ҳиммат саҳобалар.

Сиз-ла ислом сийратини ушлаб қолди,
Мунофиқлар бармоқларин тишлаб қолди,
Сиз кетдингиз - бу умматдан нур йўқолди,
Сиз-ла бирга кетди иззат, саҳобалар!

Ғорда қолган биродарин уйғотмай деб,
Абу Бакр илон чақса, турди чидаб.
Меърож куни Сиддиқ бўлди айлаб хитоб:
«Тасдиқлайман барин фақат», саҳобалар.

Аёл ҳақ сўз айтса, уни тўғри билиб,
Умар ўтди адолатни шиор қилиб.
Бир умрга бир либосин дорга илиб
Қалби бирла кўрсатиб хад, саҳобалар.

Фаришталар ҳаё қилган Усмон ўтди,
Тиловати пайти бошдан қалқон ўтди.
Шунинг билан саодатли замон ўтди,
Шундан кейин кетди нусрат, саҳобалар.

Холид ўтди баданида тиғ емаган
Жойи қолмай, бирор жангда енгилмаган.
Зоҳид Салмон ибодат-ла тонг билмаган
Ажратмаган жиҳод, тоат, саҳобалар.

Абу Зарнинг кўзларида ёнди ёлқин,
«Ла илаҳа илла Аллоҳ»ни айтиш учун
Рози бўлди бу дунёнинг хор ва чиркин
Ҳаётига улкан жаннат, саҳобалар.

Қўлда байроқ, Маккадаги чиройли қалб,
Росулининг вафотидан қўрқиб, ё Раб,
Вафот этган юзтубан ва ерга қараб
Мусъаблардек кўнгли ҳижрат саҳобалар.

«Расулуллоҳ туясига тақлид қилган
Туям менинг маркабимдир, билсанг», деган
Абдуллоҳлар ўтди босиб минг бир тикан,
Лек оёққа етмай заҳмат, саҳобалар.

Абу Суфён, Ҳамзага бош эгмоқ зарур.
Ун-да шараф, ун-да фахр, ун-да ғурур.
Олам сизга бош эгса ҳам, қалби мағрур
Боқмадингиз бирор соат, саҳобалар.

Пойингизда олтин олтин дунё оқди,
Румдан тортиб Эронгача мамнун боқди.
Вале сизнинг пойингизда хўп улоқди
Бир қиймати йўқ салтанат, саҳобалар.

Муҳожирлик бўлди насиб сизга оғир,
Ансорий деб ном олган ҳам сизсиз, аҳир.
Қон-қонига сингиб кетган минг бир томир
Бир-бирига нур ва раҳмат, саҳобалар.

Бугун йўқсиз, сизсиз уммат ғариб ва хор.
Ўзидан кам жамоадан етиб озор.
Бугун унинг яшаш жойи кенг бир бозор
Ётар ери шум Шайтанат, саҳобалар.

Йўлимизни ёритгувчи ҳилоллар йўқ,
Ҳаромлар бор, тузатгувчи ҳалоллар йўқ.
Энди бизни уйғотувчи Билоллар йўқ.
Азонимиз бўлди ғафлат, саҳобалар.

Мўминларнинг оналари ўтдилар, бас.
Бугунгилар бу умматга она эмас.
Ҳолимизга ҳеч ким энди қилмас ҳавас,
Чунки ўлди ҳаққий тоат, саҳобалар.

Эрлар эрлик қилиб, ҳаққин қилмай адо,
Аёлларин кўйга қўймиш, бу не савдо.
Наъзу биллаҳ, даъюсликни қилар даъво,
арб қулига дўнган хилқат, саҳобалар.

Фатволар бор ҳадисларга терс юрувчи,
Имомлар бор туморларга дам урувчи,
Расулуллоҳ лаънатлаган тасҳерувчи
Шахслар динга қилар «хизмат», саҳобалар.

Ислом учун жаҳд десалар, ҳайратлар бор,
Бунда руҳ йўқ, фақатгина сувратлар бор.
Аламлар бор, ситамлар бор, ҳасратлар бор,
Бордир гина, ҳам кудурат, саҳобалар.

Илм учун рағбат ҳам йўқ, даъват ҳам йўқ,
Маишат учун тўсиқ ҳам йўқ, сарҳад ҳам йўқ.
Пайғамбарлар меросхўрин кўнгли-чи тўқ,
Оз бўлса ҳам йўқдир ҳайрат, саҳобалар.

Сиз ҳаром деб билган амал бугун ҳалол
Кабиралар қилинмоқда воҳ, бемалол.
Руҳим йиғлар баданимга бериб савол:
«Мўминлигинг шубҳа, ғалат...», саҳобалар.

Яхшиямки, тун бор, ухлаш бахти бордир.
Тушда сизни кўрган инсон бахтиёрдир.
Бу кенг дунё кўпчиликка балким тордир,
Аммо сиз-ла улкан сарҳад, саҳобалар.

Сўз якуни шулдир: «Сизлар ислом аҳли,
Умар ўтди, ўтди Усмон, ўтди Али.
Учрашурмиз бир кун инша Аллоҳ ҳали
Ватанимиз бўлмиш - жаннат, саҳобалар!!!

ТОБЕЪИНЛАР

Пайғамбарнинг вафотида бўлмадингиз,
Йиғладилар ҳам балиқлар, ҳам устунлар.
Шул сабабдин бу дунёда кулмадингиз,
Аллоҳ рози бўлсин сиздан, тобеъинлар.

Ҳасан Басрий ўз қавмига айлар хитоб:
«Роббингизга бермоқчисиз қандай жавоб?»
Саҳобалар йўлин тутган энг сўнгги тоб
Аллоҳ рози бўлсин сиздан, тобеъинлар.

Қози Шурайҳ халифани оддий билиб,
Ҳукм қилмиш ғайридинга фойда қилиб,
Яҳуд қайтмиш мўминликка таслим бўлиб,
Аллоҳ рози бўлсин сиздан, тобеъинлар.

Бугун ўзин тарих ичра билган тенгсиз
Дунё сизни устоз деса, арзир ҳар гиз,
Сиз сабабли кашф этилди илми ҳадис,
Аллоҳ рози бўлсин сиздан, тобеъинлар.

Тавҳид аҳли учун энг ҳақ йўл кўрсатган
Нўъмон ибн Собит бўлиб дин ўргатган,
Сизсиз ўша, халафларга нур таратган...
Аллоҳ рози бўлсин сиздан, тобеъинлар.

Бошига тош боссалар-да бўлмай таслим,
Аҳмад ибн Ҳанбал каби буюк мазлум
«Қуръон - Аллоҳ каломи», деб чеккан зулм...
Аллоҳ рози бўлсин сиздан, тобеъинлар.

Ислом учун мусибатга бериб бардош,
Саҳобийлар бахтин ўйлаб, саждадан бош
Кўтармаган то балққунча шарқдан қуёш,
Аллоҳ рози бўлсин сиздан, тобеъинлар.

Остонага киритмаган малайларни,
Нари сурган дунё-дунё чиройларни,
Тор кулбадан ҳақир кўрган саройларни...
Аллоҳ рози бўлсин сиздан, тобеъинлар.

Асҳоблардан Расул айтган ривоятлар -
Муборакдир, сизга насиб омонатлар...
Омонатга қилмадингиз ҳиёнатлар,
Аллоҳ рози бўлсин сиздан, тобеъинлар.

УМАРНИНГ ДЕГАНЛАРИ:

Ўғлим, жигарпорам, менинг дилбандим,
Дунё ташвишидан сира ҳам куйма.
Келмасидан бурун кутилмас ўлим
Ўғлим, намозингни бой бериб қўйма!

Сенга йўл кўрсатмиш илоҳий Қуръон,
Пайғамбар суннатин айлагин қўрғон.
Гўзал боғ-роғингни босса ҳам тўфон
Ўғлим, намозингни бой бериб қўйма!

Ҳар бир солиҳ ишнинг оғири бўлмиш,
Ботини, ўртаси, зоҳири бўлмиш.
Динингнинг аввали, охири бўлмиш
Ўғлим, намозингни бой бериб қўйма!

Дунё ўйин қилар сени ҳар бир дам,
Гоҳи қайғудасан, гоҳида ҳуррам
Дунё саҳнасидан мағлуб чиқсанг ҳам
Ўғлим, намозингни бой бериб қўйма!

Одамлар дунёдан кетиб, келмишлар
Баъзан Аллоҳ берган умрин емишлар.
Пайғамбар «Кўзимнинг нури» демишлар
Ўғлим, намозингни бой бериб қўйма!

Савол-жавоб асли шундан бошланур,
Инсон қилганини албатта кўрур.
Осмонда фарз бўлган ибодат эрур -
Ўғлим, намозингни бой бериб қўйма!

Дунёда турфа хил тариқат ва йўл,
Бенамозлар тутган йўлдан нари бўл!
Байъат бермоқ бўлсанг, исломга чўз қўл -
Ўғлим, намозингни бой бериб қўйма!

Иффатли ва гўзал ҳаёт истасанг,
Саодатга сари сабот истасанг,
Қиёмат кунида нажот истасанг,
Ўғлим, намозингни бой бериб қўйма!

Эртага кеч бўлур, кўнгил бузолгум,
На бир мададкор, на ҳомий тузолгум
Бугун фақат ёрдам қўлин чўзолгум,
Ўғлим, намозингни бой бериб қўйма!

Ё РАСУЛАЛЛОҲ!

Одам Ато бошлаб берган манҳажни
Айлаган қабулсиз, ё Расулуллоҳ.
Тасдиқлаб шаҳодат калимасини,
Сиз сўнгги расулсиз, ё Росулаллоҳ,
Ҳам Аллоҳга қулсиз, ё Росулаллоҳ.

Меърожга «марҳаба» деб кўтарилган,
Йиғлаган Мусони овутиб кетган,
Ийсони энг яқин биродар тутган
Сиз сўнгги расулсиз, ё Росулаллоҳ,
Ҳам Аллоҳга қулсиз, ё Росулаллоҳ.

Ҳалилуллоҳ бўлмиш Иброҳимга ҳам
Саловат айтишга ундаган одам,
«Намоз - кўзим нури» деган сўнгги дам
Сиз сўнгги расулсиз, ё Росулаллоҳ,
Ҳам Аллоҳга қулсиз, ё Росулаллоҳ.

Оғир йўлларда ҳам босиб минг тикан
Ҳар лаҳза умматнинг қайғусин еган,
Сўнгги лаҳзада ҳам «Умматим» деган
Сиз сўнгги расулсиз, ё Росулаллоҳ,
Ҳам Аллоҳга қулсиз, ё Росулаллоҳ.

Баъзилар суннатдан воз кечиб кетмиш,
Сиз айтган фирқалар бўлдилар етмиш...
Башар гарчи турли йўллар кашф этмиш,
Сиз сўнгги расулсиз, ё Росулаллоҳ,
Ҳам Аллоҳга қулсиз, ё Росулаллоҳ.

Биламан, даҳшатдир тирилгувси Кун!
Сизга изн бўлгай шафоат учун,
Тавҳидни тутганлар саломат бутун...
Сиз сўнгги расулсиз, ё Росулаллоҳ,
Ҳам Аллоҳга қулсиз, ё Росулаллоҳ.

Тинмагай умматнинг тиловатлари
Қуръон таратмиш хуш тароватларин.
Аллоҳнинг саломи, саловатлари
Сиз сўнгги расулсиз, ё Росулаллоҳ,
Ҳам Аллоҳга қулсиз, ё Росулаллоҳ.

Яшаш тарзи.

Қуръонда бизларга ўргатмиш Аллоҳ:
Шафотингизни кутиб яшаймиз.
Дунё не деса, дер, ё Росулаллоҳ,
Шариатингизни тутиб яшаймиз!

Одамлар томондан қонунлар чиқиб,
Бизни зулумотга кетганда йиқиб,
Қиёматда Аллоҳ назар солсин, деб
Шариатингизни тутиб яшаймиз!

Қалбимиз Аллоҳ деб ҳамиша тетик,
Дунё учун буткул узилди ҳадик...
Бандалар бандага қилса бандалик,
Шариатингизни тутиб яшаймиз!

Биз энг бахтли қавммиз, нечалар динда
Адашдилар қанча-қанчадан банда.
Тамом куфрларга ботган заминда
Шариатингизни тутиб яшаймиз!

Биргина йўл бўлса, шу асли талаб -
Юракни зиғирча қўймаган ғашлаб.
Минглаб куфр йўлни чангитиб ташлаб
Шариатингизни тутиб яшаймиз!

Қиёмат кунида бизни уммат деб
Аташингиз учун кетмаймиз қайтиб.
Фақат Аллоҳ - илоҳ, шиорин айтиб,
Шариатингизни тутиб яшаймиз!

Майли бу дунёдан ўтайлик кулмай,
Бир кунгина роҳат, фароғат билмай,
Дунё қонунларин писанда қилмай
Шариатингизни тутиб яшаймиз!

ИЙСО ИБН МАРЯМГА!

Сиз аслида исломни
Одамларга илинган,
Онангиз поклиги ҳам
Сиз орқали билинган,
Бугун мўминнинг қалби
Сиз учун нақд тилинган,
Асли улардан кўра,
Сиз бизларга маҳрамсиз,
Дажжолни йўқотувчи
Ийсо ибни Марямсиз.

"Муҳаммад умматиман" -
Деб овоза қилган - сиз.
Энг охирги умматни
Саодатли билган - сиз.
Қиёмат нафасида
Шу умматда ўлган - сиз,
Асли - масиҳийларнинг
Қалбидаги аламсиз,
Қуёшни уйғотувчи
Ийсо ибн Марямсиз.

Қавм адашиб кетди
"Худонинг ўғли" дея,
Парвардигор шаънига
Сўзлар айтмиш ножўя.
Бугун бу - синов учун
Энг қулай йўл, воқеа.
Асли сиз ҳам Аллоҳга
Қул, банда ва қарамсиз,
Ширк йўлларни отувчи
Ийсо ибн Марямсиз.

Хоч кўтарган инсонга
Асли шубҳа қиламан.
Чунки ўзимни ундан
Сизга яқин биламан.
Аллоҳ Росули деган,
Иймон ила ўламан
Гарчи менинг қалбимдан
Отилган дард, ноламсиз,
Исломий дард тотувчи
Ийсо ибн Марямсиз.

ЎЗБЕКНИНГ ИҚРОРИ

Дунё мени танир деган шубҳада
Юрдим, одамлардан умид-ла фақат.
Энди ноиложман, ўзимни ўзим
Таништирмоқ бўлдим, бергин ижозат!

... Ўн тўрт аср бўлди мўминлигимга
Росул келган куни одам бўлгандим.
Оловларни санам, сувни худо деб
Ўша давргача руҳсиз ўлгандим.

Тиловат нелигин билмаган қалбим
Ёввойи адирда унсиз йиғлаган.
Аллоҳнинг номисиз ўрнидан туриб
Аллоҳнинг номисиз тунда ухлаган.

Бугун тарихимни синчиклаб ўқиб,
Тўмарис номига тўхталсанг агар,
Дафтарчангга ёзиб қўй қуйидагини:
«Бу - бир туғилмасдан олдинги хабар...»

Чунки мен туғилган оним дод солиб,
Дунёга теран бир нигоҳ-ла боқдим.
Ислом келган кунни туғилган кун деб
Ўша кун минг йиллик дарёдек оқдим.

Ўрмонларга ошно тарихимни ҳам
Бугун эслагим йўқ негадир, дўстим.
Чунки мен аслида Росул келгандан
Кейин бир одамга ўхшаблар ўсдим.

Қонимда оқди-ку исломнинг рухи,
Бухорий бўлиб у дунёга чиқди,
Дунё ухлоқ эди, фақат фарзандим
Росул ташлаб кетган хадисни йиғди.

Унга кўмакдош ҳам чиқди Термиздан,
Термизий номи-ла қозонди шуҳрат.
Самарқандий ила Нақшбанд чиққач,
Ислом шараф ила топди ҳақиқат.

Тинмасдан чиқдилар олимлар қатор,
Синонинг қўллари шифога туташ.
Кейин билсам менинг қоним ҳам асли
Отам Ато, Момо Ҳавога туташ.

Уларнинг ватани - жаннат ҳам менга
Асли ватан экан - бугун англадим.
Росул келган кунга қадар кунимни
Тарих қатларидан олиб ташладим.

Бугун Самарқандим, Бухороимни
Икки минг йилга ҳам қиларлар қиёс.
Шунда кўр дунёга бақиргим келар:
«Бу йиллар аслида менга эмас мос.

Дунё беланчаги атама мени,
Қора ўтмишларга тутмагин яқин.
Агар билмоқ бўлсанг менинг ёшимни
Росул келган кундан бошлаб санагин

Мен ўша кун асли одам бўлгандим!»

ЁВУЗ КУН.

Дунё бир сесканди, дунё бир тўзди,
Иймон ҳар томонга сочилган куни,
Хилқат уммонида важоҳат сузди
Аёллар аврати очилган куни.

Қаҳрдан туғилган бу ёвуз диллар
Фақат маъсиятга чўзмишлар қўллар -
Ҳамма гуноҳларга очилди йўллар
Аёллар аврати очилган куни.

Аллоҳга ҳар қанча тўкмасин кўз ашк,
Эрларнинг қалбидан кўтарилди рашк.
Куфр, ширк йўлида бошланди кураш
Аёллар аврати очилган куни.

Салтанатлар кетди, қулади юртлар,
Бўй кўрсатди кўнгли чиркин бебурдлар
Олдлар йиғладилар, чинқирди ортлар
Аёллар аврати очилган куни.

Қушлар парвозида ҳаловат йўқолди
Балиқлар овозсиз фарёдлар солди.
Кўзимиз ўнгида ғурур топталди
Аёллар аврати очилган куни.

Силкинди оғриқдан гўдак бешиги,
Ёпилди меҳрнинг сўнгги тешиги.
Ёпилди иймонинг сўнгги эшиги
Аёллар аврати очилган куни.

Энди фисқ юрмайди, унда бор қанот...
Ғурабо фахшга берилди ҳаёт.
Минг йиллик қонунга дарз кетди хайхот
Аёллар аврати очилган куни.

Бошқа амалларни қилсанг-да тинмай,
Энди гуноҳлардан кетдинг оғринмай -
Энг сўнгги фитнанинг олди олинмай
Аёллар аврати очилган куни.

Бу катта гуноҳнинг аввали қани?
Минг асрлик сибу жирканч гумроҳнинг аввали қани?
Саволлар жавобсиз қолган ҳамиша,
Жавоб излаб ҳамма толган ҳамиша.

Чунки бу саволнинг жавоби йўқдир,
Эркакларнинг кўнгли гуноҳ-ла тўқдир.
Исломга илк дафъа отилган ўқдир -
Аёллар аврати очилган куни.

УММАТ

Бир тун ухлаёлмай чекдим надомат,
Ўзимга ҳам қилдим тинмай маломат.
Тарихида ҳар не кўрсам кўрдим, лек
Умардан сўнг бирлашмади бу уммат.

Умар кетди бу умматга ишонмайин,
Чунки иймон заифлашмиш кун сайин.
Абу Зарлар ҳайқирганда тинмайин,
«Не дард бор?» деб сирлашмади бу уммат.

Кенгликлардан оқиб келди гумроҳлар,
Аста секин одат бўлди гуноҳлар.
Ҳатто Қуръон нузулига гувоҳлар
Жангга чиқиб, ярашмади бу уммат.

Қалблар сўнди, юзлар бўлмиш бедийда,
Кўнгил ўлди ибодатлар пайтида,
Али, Усмон бўғизланди байтида
Ахли байтга қарашмади бу уммат.

Бухорийнинг қонга тўлмиш яноғи,
Ўтди сарсон топилмайин ҳамроҳи,
Сон жиҳатдан ошса ошди саноғи,
Лек оз бўлсин курашмади бу уммат.

Тилаб қолди имон қалбнинг сабрини,
Вужуд эса тарк этди қалб жабрини,
Умар ибн Абдулазиз даврини
Кўтаролмай, эргашмади бу уммат.

Олимлари камайди-ю, танбаллар
Ўзларига ўрнатмишлар минбарлар.
Судралганда Аҳмад ибн Ҳанбаллар,
Отдан тушиб, энгашмади бу уммат.

«Ла илаҳа илла Аллоҳ» деб тиллари,
Даҳриёна туғён урар диллари,
Бир кун бўлсин бесаодат йиллари
Бир манзилда туташмади бу уммат.

Нурсийларин кўксида доғ кўрганда,
Имомларин дорга олиб борганда,
Қутбларин кўзига ниш урганда,
Нишонидан адашмади бу уммат.

Бири араб, бири турк-у, бири форс,
Миллат деган туйғу энди бўлди «фарз»,
Бир ёнда дард, касалликдан қолган дарз,
Ўз лойига қоришмади бу уммат.

Хорлар бўлди малъун ғарбнинг пойида,
Чидайверди энг аламли жойида,
Ҳаётига жорий бўлмиш қоида
Ила ҳеч ҳисоблашмади бу уммат.

Қуръон энди мозорларда ўқилмиш,
Турли фасод ривоятлар тўқилмиш,
Энди тўғри йўлларда ҳам қоқилмиш,
Ҳақ йўлига унашмади бу уммат.

... Шул сўзларни ўйлаб ўйлаб ухладим,
Фақатгина Аллоҳимдан тиладим.
Алам билан кўзимда ёш, йиғладим -
Умардан сўнг бирлашмади бу уммат!

НОУМИД - ШАЙТОН!

Олим эди, бир кун ул Иблис бўлди,
Нияти одамни қилмоқ беимон.
Аммо одамларга берилди имкон,
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Инсон деган сўзга қофия - исён,
Ва лекин оз бўлсин, баъзида «имон».
Биргина калима охирги замон...
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Одамлар тинмасдан ҳаддан ошдилар,
Имондан чиқдилар, ҳар ён қочдилар,
Ҳаттоки, осмонга тошлар отдилар,
Ва лекин...
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Ҳар ким турли томон нигоҳин тиккан,
Умидли кўзларда «Аллоҳ - бир» деган
Калима янграса кифоя экан...
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Баъзан қалбимизга тушар тугёнлар,
Баъзан қарши олсак оғир тўфонлар,
Ҳақни топиб келган Абу Суфёнлар...
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Кўпчилик билмайди иймон лаззатин
Умидга ишониб яшамоқ бахтин,
Асли бу энг азиз, энг яхши сокин,
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

Энг сўнгги манзилни тавба билайлик,
Аллоҳдан сўрайлик, Унга йиғлайлик.
Сўнгга лаҳзада ҳам умид қилайлик,
«Ноумид» деган ном шайтонга қолди.

МИЛЛАТ

Қоп-қора булутлар парчаланганди
Бизнинг диёрларга ислом етганда
Дунё бир бошқача ҳолга тушганди
Ўзбек исломини маҳкам тутганда!

Икки дарё аро дин елдек елди,
Бу дунё бир холис келганин билди.
Миллатлар рўйхатин бошқарган эди
Ўзбек исломини маҳкам тутганда!

Дунё Термизийни тополмас энди,
Дунё Бухорийни тополмас энди,
Бу бир маҳаллага оддий иш эди
Ўзбек исломини маҳкам тутганда!

Диннинг маркази деб сайланмиш воҳа,
Гўзал ҳазорага айланмиш воҳа,
Бормикан қўл тегмай қолган бир соҳа
Ўзбек исломини маҳкам тутганда!

Болалар йўргакда билган ўқишни,
Эмаклаганида ҳанжар суқишни...
Оналар касб қилмиш олим туғишни
Ўзбек исломини маҳкам тутганда!

Бир муддат муғулнинг байрами бўлди,
Кейин бир зот чиқди, мотами бўлди:
Темурга бу дунё бир ҳовли эди
Ўзбек исломини маҳкам тутганда!

Дунё илмин барча дин деб биларди ,
Саводсиз устидан ҳамма куларди,
Улуғбек юлдузлар сонин биларди
Ўзбек исломини маҳкам тутганда!

Бугун бу миллатдан кимки бўлса қарз,
Ҳаммаси саодат давригадир ҳос.
Навоий дунёга берар эди дарс
Ўзбек исломини маҳкам тутганда!

Юртига сиғмаган Бобурни кўринг,
Ҳиндистон зорламиш этолмай ғиринг.
Нималар рўй берди, ортга юз буринг
Ўзбек исломини маҳкам тутганда!

... Ўзбек исломини маҳкам тутганда
Ундан дунё фойда кўрибди фақат.
Эй дунё, ўтинчим, қилмайин ҳанда
Бу буюк миллатга яна бер фурсат.

РОСУЛУЛЛОҲ, СИЗНИ ҚАТТИҚ СОҒИНДИМ.

Яшашга мадор йўқ, хўп тойдим ҳолдан
Саодат даврига хосдир соғинчим.
Йўлбошчи ахтариб адашдим йўлдан,
Росулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

Насиҳат олмагач дилбандим - фарзанд,
Бирор бир гўзаллик қилолмас ҳурсанд,
Отам ҳам тузукроқ беролмади панд,
Росулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

Гала кас ичида тентираб, ҳориб,
Ўзимни сезяпман тамоман ғариб.
Ойиша онамни тушимда кўриб
Росулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

Ҳеч қандай фойда йўқ, минг бир таъмирлар,
Ҳатто тўшагимда илон ғимирлар...
Ҳиёнатнинг боши букун амирлар
Росулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

Тамом гуноҳкорман, қўйсам бир қадам,
Шаҳримда тополмам тузук бир одам
Далда бўлолмагай ҳатто волидам
Росулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

Аҳлимда кўринмас ҳақнинг талаби,
Ёпилиб, ис босган ислом мактаби...
Қучиб қўйвормаган Укоша каби
Росулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

Ўттиз йил теран бир нигоҳ-ла ўсдим,
Охир дўстлик уйин кўнглим-ла буздим,
Душманга айланди энг яқин дўстим...
Росулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

Омон-омон юртда деганлар «балли»,
Оғир кун тушганда йўқдир тасалли,
Устозлар далдага келмас ақалли...
Росулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

Сизнинг бошингизга нурин сочиб бир
Ажабки, шамс нечун йиғламаётир?
Бугунги кунимдан кетиб ҳавотир
Росулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

... Сездим, буёғига омадим кулмас,
Қолган умримдан ҳам юрагим тўлмас...
Сал тоза иймонда кетмасам бўлмас,
Росулуллоҳ, сизни қаттиқ соғиндим.

ҲОЛАТ

Ўлаётган йигит пичирлар:
«Сув келтиринг, жуда ташнаман!»
Бир хўпламай дўстига бериб,
Ул саҳобий бўлди қаҳрамон!

Бугунда ҳам бор мусулмонлар
Тотиб бўлиб жами лаззатни
Уялмайин ваъзлар айтарлар
Орзу қилиб Фирдавс жаннатни.

Мўминликнинг ҳолин кузатинг,
Тополмайсиз кўнгли ҳокимни.
Ўлаётган дўсти ҳам қўрқар
Ичиб қўймасин, деб сувимни.

ДАРУЛ АРҚАМГА

Сўнгги Расулини юборди Аллоҳ
Раҳмат бўлсин дея бутун оламга.
Барча нузулотга бўласиз гувоҳ
Ташриф буюрсангиз Дарул Арқамга!

Ҳайратга тушасиз, ҳайрон қоласиз,
Йиғлайсиз, ёш қолмас, ҳолдан толасиз...
Эҳсон босқичига чиқа оласиз
Ташриф буюрсангиз Дарул Арқамга!

«Саҳобалар нечун шошганлар у ён?»
Бир неча асрга кўз ташлаб шодон,
Англайсиз, барчасин идрок этибон
Ташриф буюрсангиз Дарул Арқамга!

Тўхтанг, вақт ўтказманг қўшиқлар айтиб,
Қуръонсизлар ичра кўчада дайдиб.
Валлоҳи, чиққингиз келмайди қайтиб
Ташриф буюрсангиз Дарул Арқамга!

Бу гўзал суҳбатда қолмайсиз ухлаб,
Ёки бирор ишга бағрингиз тиғлаб
Ҳазрати Умарни қучасиз йиғлаб
Ташриф буюрсангиз Дарул Арқамга!

Росулга берилса бирор бир савол,
Ҳовлидан нарига кетолмас ҳилол,
Тингламоқ бўлсангиз азони Билол
Ташриф буюрсангиз Дарул Арқамга!

Бир четга ирғитиб жами гуноҳни,
Талаб қилаверманг ҳадеб изоҳни,
Кўрайин десангиз Росулуллоҳни,
Ташриф буюрсангиз Дарул Арқамга...

Бу воқеага ўн тўрт асрдан ошган бўлса ҳамки, у турли хил кўринишларда давом этиб келмоқда. Қуръон ўқиган ва Аллоҳнинг муқаддас Каломини ҳаётга тадбиқ этмоқчи бўлганлар ҳудди асҳоби расулдек узлат ёқасида кун кўришга, таълим олишга ва бу таълимнинг ортидан келадиган оғир имтихонларга дуч келишга тайёр бўлиб турибдилар. Иймон калимасини қалбига жо қилиб, амали солиҳ босқичига ўтганлар қайси асрда, қай даврда ва қай тузумнинг остида яшамасинлар, ҳаққа даъват этишлари биланоқ САБР аталмиш йўлнинг ажралмас оғирликларига дуч келишмоқда.

Аллоҳнинг тақдири шундай бўлди:
... Нусрат фақат шу йўлни босиб ўтганларга берилди...
... Фатҳ шу аламли имтихоннинг аълочиларига насиб этди...
... Ислом байроғини бош узра кўтармоқ бахтига фақат ва фақат шу Олий Мактабнинг битирувчилари муяссар бўлишди.

«Арқам розияллоҳу анҳунинг ҳовлисидан бошланган таълим асҳоби киромга Маккани совға қилди, араб жазирасида қулликдан бошқа нарса билмаган Билолларга ислом давлатининг минорасида азон айтиш бахтини берди. Рум ва Эроннинг эркатой саркардалари Умарнинг адолати остида бош эгишди».

Биродар, асри саодат биздан анча олисда қолиб кетган, аммо ул мукаррамликни ортга қайтариш мушкул эмас. Арқамнинг ҳовлисида бошланган таълимни ўша йўсинда давом эттирайлик - Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолонинг Ўзи ёрдам беради.
Биродар, биламиз, ҳаяжондасиз, қўлингиз бормаяпти, кўзингиз қўрқоқлик қиляпти, чўчимасдан «Дарул Арқамнинг эшиги»ни аста қоқинг!

... Росулуллоҳнинг вафотидан сўнг такрорланмаган кулгуси ила Абу Бакр қарши олади Сизни...
Қўрқманг, Ҳазрати Умарнинг қўлидаги қилич Сиз учун аталмаган, у Сизга ҳатто чой олиб келишга ҳам тайёр...
Бошини Қуръондан кўтара олмаган ва шу ишини бажараётган пайтида қатл этилган Усмон ҳам Сиз учун Қуръондан бошини кўтаради: «Келинг, марҳабо!» деб...
Ҳамма саҳобий туради. Дарул Арқам – Арқамнинг ҳовлисида ҳамма бир жону, бир танга айланади. Қўрқманг, биродар, ташрифингизга ҳамма мунтазир!!!

БУХОРИЙ НИДОСИ

Тугаб адоғига етди дармоним,
Зўрға жон сақлаюр ҳалқумда жоним
Мен учун ерингда жой ҳам қолмади,
Мени ҳузурингга чорла, Раҳмоним!

Мадинанг томонга бурилди йўлим,
Фақат ҳадис ёзди бу икки қўлим.
Асло ниятимда йўқ эди ўлим,
Мени ҳузурингга чорла, Раҳмоним!

Инсонман, қалбимда озгина алам,
Амир ҳузурига чорлаган ул дам.
Яна ушлолмадим тилимни маҳкам...
Мени ҳузурингга чорла, Раҳмоним!

Ажиб, диндорларинг кўрдим минг талаш,
Ишлари - гўрига тинмай ўт қалаш!
Бу каслар ичида ҳайф эрур яшаш
Мени ҳузурингга чорла, Раҳмоним!

Расул ҳадисига кетиб минг хаёл
Қалбимга кирмабди бир зоти аёл.
Шунча меҳнатларим топмайин завол
Мени ҳузурингга чорла, Раҳмоним!

Тириклар ҳар куни ёқамдан тутар,
Кўнглимдан ҳар кеча ҳасрат, дард ўтар.
Ривоятда келган асҳоблар кутар
Мени ҳузурингга чорла, Раҳмоним!

Дунёга ярашар куй-қўшиқ, бахши,
Эхтимол уларга фоний ишқ яхши.
Тахирлаб бормоқда ҳаётнинг мағзи
Мени ҳузурингга чорла, Раҳмоним!

Етар, сен томонга юргим келяпти,
Отамнинг ёнида тургим келяпти,
Абу Ҳурайрани кўргим келяпти,
Мени ҳузурингга чорла, Раҳмоним!

Олтмиш учга кирдим – ортиғи мушкул!
Ўнгимни қоплаюр ваҳший бир довул
Ҳар куни тушимни банд этди Расул
Мени ҳузурингга чорла, Раҳмоним!

АБУ ҲАНИФАНИНГ СЎЗЛАРИ

Иймоним нурида турфа хил олам,
Уни асрамоқдан ҳар гиз толмадим.
Неча бор даррага ётқизсалар ҳам
Ҳақдан бошқасига кўна олмадим.

Тамом безиб кетдим ёт туйғулардан,
Дин номидан яшар ул тулкулардан.
Ҳачиримни азиз кўрдим улардан
Сассиқ давраларга кира олмадим.

Қуръонни ҳис қилдим зарур ҳаводек,
Ҳадисни бор дардга етар даводек.
Қозиликдан қочдим мисли вабодек
Хавфли шоҳчаларга қўна олмадим.

Асли ғалат экан дунё ишлари,
Баъзан қораяркан оппоқ қишлари...
Сарой вазирларин олтин тишлари
Қолдирган нонларни ея олмадим.

Менга отамдайин улуғдир устод
Унинг исми Ҳаммод, болам ҳам Ҳаммод,
Кўфа миноридан таралса фарёд
Уйимда ҳотиржам юра олмадим.

Чиқдим шариатнинг аҳкомлари деб,
Ҳар бир маслагига раъйни қилиб зеб...
Виждоним амрини қўёлмадим еб,
Кайф-у сафосини сура олмадим.

Мен ҳам билар эдим яхши яшашни,
Одамларга ўхшаб ошин ошашни,
Аммо ёниб турган чўғдек оташни
Ушлагач, дунёни кўра олмадим.

Ул оташ охират азоби эди,
Аллоҳнинг шиддатли ҳисоби эди,
Пайғамбари қилган хитоби эди,
Оҳ, бунга бепарво бўла олмадим.

Биз кўриб яшаган бу кенг оламда
Орзу-истак мавжуд ҳар бир одамда.
Лек фиқҳга эҳтиёж туғилган дамда
Бола чақамни ҳам ўйлай олмадим.

Аллоҳ гувоҳ дўстлар, мазҳаб деган сўз
Менинг даъвоимда асло кўрмас юз.
Кимки мазҳабимга бўлса агар дўст
Тақводор бўлишга чарчаб толмадим.

Савдогарлик тўнин кийдим ёшликдан
Сочларим оқарди беҳол ҳадикдан.
Этим жунжикарди етим ҳақидан
Хотиржамлик ҳиссин туя олмадим.

***

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ислом динининг моҳияти, унинг инсон ҳаётидаги ўрни ана шу дин бағридан етишиб чиққан мутафаккирлар, шайхлар, азизавлиёларнинг поклик ва камолот сари етакловчи давоми...

1635 09:49 / 09 февраль
Тўғри сўз ҳам гоҳо мисли ўқ,Теккан жойга ботади, болам.Иззатингдан аъло бойлик йўқ,Ибратингдан аълороқ гул ҳам. Чеҳрангга ким боқса ногоҳон,Истарангдан юзи давоми...

546 14:54 / 11 январь
Учинчи бобИслом давриБиринчи фаслИсломий раҳбарлик давриМусулмон раҳбарлар ва уларнинг хусусиятлариМусулмонлар пайдо бўлиб оламнинг бошқарувини қўлларига давоми...

5575 05:00 / 11.03.2017
Ҳидоят томини кўтариб турғонЧўнг аркон қулади ndash айвон қулади.Йўқ, аркон демангиз, демангиз айвон,Улкан тоғ қулади ndash осмон қулади.Наҳотки Аллоҳим нафас давоми...

2999 05:00 / 07.03.2017
Аудиолар

118742 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40702 14:35 / 11.08.2021