194 15.03.2017

Дарҳақиқат мен жинлар ва инсонлардан бўлган шайтонларнинг Умардан қочишларини кўрдим!

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам!

Термизий ривояти. Ҳадис ҳасан саҳиҳ ғарибдир!


Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг машҳур дарралари бўларди. Ислом тарихида илк бор дарра кўтариб кўчаларда, бозорларда юрган зот Умар ибн Хаттобдир. Умарнинг қўлидаги бу дарра айрим хатокорларни тарбиялаш, одоб бериб қўйиш учун хизмат қилар эди. Аллома Дамирий раҳимаҳуллоҳ ўз шайхларидан ривоят қилишича, ўша дарра Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг кавушларидан ясалган экан. 


Умар розияллоҳу анҳу уни қўлидан ҳеч қўймасди. Хатокорларни у билан урар, улар эса ўзларига келиб қоларди. Дамирий каби алломалар буни Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг кавушлари баракасидан деб айтишган. Бу фикрни қўллаб қувватлаш билан бирга, Умар розияллоҳу анҳунинг тутумида ҳам барака борлиги, айни бу тутум зарурий ишлардан эканини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Зотан халқ орасида ҳар доим хатокорлар, тўғри йўлдан оғадиган шаддодлар бўлади. Ҳатто саодат даври ҳам бундан мустасно эмас. Шундай экан, сиёсатнинг жиддий бўлиши, Умар даррасининг улус устида туриши ҳам айни бараканинг омили эди. Чунки адолат ва қатъиятли бошқарувнинг ҳукмрон бўлиши,  жиноятчи ким бўлишидан қатъий назар жазо олиши муқаррарлигини хис қилиши, бунга таниш‑билишчилик унсурларининг раҳна солмаслиги умматнинг тараққиёти гаровидир. Бу айнан Қуръон Карим таълимоти ҳисобланади. Қуръон Карим таълимотларига амал қилиш эса бараканинг манбаидир:


يَٰٓأَيُّهَا ٱلَّذِينَ ءَامَنُواْ كُونُواْ قَوَّٰمِينَ بِٱلۡقِسۡطِ شُهَدَآءَ لِلَّهِ وَلَوۡ عَلَىٰٓ أَنفُسِكُمۡ أَوِ ٱلۡوَٰلِدَيۡنِ وَٱلۡأَقۡرَبِينَۚ إِن يَكُنۡ غَنِيًّا أَوۡ فَقِيرٗا فَٱللَّهُ أَوۡلَىٰ بِهِمَاۖ فَلَا تَتَّبِعُواْ ٱلۡهَوَىٰٓ أَن تَعۡدِلُواْۚ وَإِن تَلۡوُۥٓاْ أَوۡ تُعۡرِضُواْ فَإِنَّ ٱللَّهَ كَانَ بِمَا تَعۡمَلُونَ خَبِيرٗا 

«Эй иймон келтирганлар! Адолат ила туринг ҳамда агар ўзингиз, ота-онангиз ва қариндошларингиз зиддига бўлса ҳам, Аллоҳ учун тўғри гувоҳлик берувчи бўлинг. Агар у бой бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам, Аллоҳ унга яқинроқдир. Ҳавои нафсга эргашиб, адолатсизлик қилманг. Агар тилингизни бурсангиз ёки юз ўгириб кетсангиз, албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир». (Нисо сураси, 135‑оят)


Ушбу таълимотга қатъий амал қилиш бутун инсоният учун ўрнак бўладиган шахсиятларнинг тарбия топишига, буюк жамиятнинг барпо бўлишига асос бўлди.

Умар розияллоҳу анҳунинг фаолияти адолат устига қурилган эди. У киши инсонлар Аллоҳнинг амрида юришини таъминлаш учун қўлларига дарра олгандилар. Бу дарра билан саёқларни калтаклар, эгриларни тўғрилаб, тарбиясизларни тарбиялаб қўяр эдилар. Бу йўлда маломатчининг маломатидан қўрқмасдилар. Мана шу саботлари орқали ҳақ билан ботилни ажратиб турувчи дея «Форуқ» унвонига муносиб бўлдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Умар розияллоҳу анҳу тўғрисида ҳақли равишда шундай дегандилар:

«Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, шайтон бирор йўлда кетаётиб, сенга йўлиқса, сенинг йўлингдан бошқа йўлга юради». (Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу таърифлари бежис эмасди. Унинг баракотидан Умар розияллоҳу анҳунинг дарраси ҳеч қачон мазлумга кўтарилмасди. Бу дарранинг ҳайбати доим золим ва хатокорларни қўрқувга солар, ўзи кичик дарра бўлсада қиличлар, қуроллар қила олмаган ислоҳотни амалга оширарди. Ҳатто улуғ тобеинлардан бири имом Омир Шаъбий раҳимаҳуллоҳ бу муборак дарра ҳақида:

«Ҳажжожнинг қиличидан кўра Умарнинг дарраси анча ҳайбатли бўлган!» деган эди.

Ислом тарихида Ҳажжож ўта қаттиққўллик билан танилган инсондир. Ҳатто у қачон тилга олинса, «Золим Ҳажжож» деб эсланади. Ҳаёти мобайнида йигирма мингга яқин инсонни қатл эттирган. Саҳобаларнинг ўзидан бир қанчаларини шаҳид қилган. Ҳажжож Ироқда одамларга юзланиб илк хутба қилганида қиличини кўрсатиб шундай деган эди: «Сизларга одоб берадиган қамчимни ташлаб, ўрнига мана буни олдим. Аллоҳга қасамки, каттаю кичигингизни, ҳуру қулингизни оламан‑да, темирчининг темиридек эшиб, хамирчининг хамиридек эзиб ташлайман!»

Ҳажжож шу сиёсати билан тарихда ҳунук ном қолдирди. Шундай қаҳрли сиёсатчининг қиличидан кўра, Умар розияллоҳу анҳунинг дарраси ҳайбатли, фойдали ва залворли эди. Чунки бу дарра фақат золимларга қарши эди. Шуниси билан унинг зарбаси таъсирлироқ, шуниси билан унинг манфаати умумийроқ эди.

Золим у даррани кўрганида жазонинг аниқлигини хис қилиб, тиззаси титрар, мазлум эса адолатнинг юзага чиқишига аниқ ишониб қувонарди. Дарра шундай баракотга эга эдики, унинг олдида барча тенг, ҳеч ким ўзини айрича кўра олмас эди. Умар розияллоҳу анҳу умматнинг отаси, тарбиячиси мақомида эди. Заифларга мушфиқ ва илтифотли, ҳаддидан ошганларнинг эса адабини бериб қўядиган қаттиққўл мураббий эди. Барча унинг бу сифатини яхши билар, шунга кўра ўзини ўнглар эди. Дарра эса Умарнинг буюк ҳайбатидан бир бўлак эди холос. Улуғ саҳобалардан бири, умматнинг муфассири Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Умарнинг ҳайбати борасида: «Умар ўта ҳайбатли эди, ундан ҳайиқардим!» деган эди.

Умар розияллоҳу анҳу айрим кишиларнинг тушунчаларида ҳақдан оғишни сезса, ислоҳ учун дарров насиҳат қилар ва  даррасини ишга солар эди.

Бир куни жума намозидан кейин бир гуруҳ кишиларнинг масжид устунига суяниб ўтиришганини кўриб: «Сизлар кимсизлар?» деб сўрадилар. Улар: «Биз Аллоҳга таваккул қилганлармиз!» дея жавоб беришди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу дарраси билан уларни туртиб, масжиддан қувиб солди ва: «Сизлар ўтириб олиб: «Аллоҳим! Мени ризқлантир!» дейсизларми?! Ахир осмондан тилло‑кумуш ёғилмаслигини биласизлар‑ку! Аллоҳ таоло инсонларни бир‑бирига сабабчи қилиб ризқлантиради!» дея қуйидаги оятни тиловат қилди:


فإذا قُضيت الصَلاةُ فانتشروا في الأرْض وابْتَغُوا مِنْ فَضْل الله واذْكُرُوا الله كثيراً لَعَلَّكُم تُفلحُون


«Бас, намоз тугагандан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ва Аллоҳни кўп эсланг, шоядки ютуққа эришсангиз». (Жума сураси, 10‑оят)

Қанийди, бугун пирининг хонақосига кириб олиб, назр қўйларни сўйиб, ош еб ўтирган, аҳлу аёлига эса қарамай, уларни Аллоҳ ризқлантиради, деяётган сохта сўфийга Умарнинг дарраси бўлса... Унинг ақлини киритиб, аслида нима иш қилиш кераклигини унга кўрсатиб қўйган бўларди.


    Бир куни Умар разияллоҳу анҳу ҳаж амалларида ўзини чарчаган, ибодатда хориган қилиб, сохта тавозеъ кўрсатаётган кишини учратиб қолди. Яна машҳур даррасини кўтардида: «Бизга динимизни ўлик қилиб кўрсатма! Исломда ғайратсизлик ва заифлик йўқ. Унда қувват ва иззат бор. Исломда бўйни букиклик ва бечораҳоллик йўқ. Балки ундаги тавозеъ, хокисорлик кучли иймон ва иззат билан ёнма‑ёндир!» дея ҳайқирди. 

    Қанийди, бугунги кунда хайрли ишлар учун сусткашлик қилаётган, ҳатто ўз ота‑онасининг хизматига эринаётган, Раббининг ибодатига дангасалик қилаётган ғайратсизларга Умарнинг дарраси бўлганида... Бу дарра ҳар кимни миллат учун фидойи, инсониятга манфаатли ишларда серғайрат бўлишига туртки бўлармиди...

    Бир куни мусибат бўлган хонадонда пулга йиғлаб берадиган хотиннинг овозини эшитиб қолган Умар разияллоҳу анҳу ёнида бир киши билан ҳовлига шиддат‑ла кириб борди‑да, ҳалиги йиғичи хотинни машҳур дарраси ила калтаклай кетди. Ҳатто ёнидаги киши йиғичининг рўмоли бошидан тушиб кетганини айтганида: «Бу йиғичи хотинни уравер! Унинг ҳурмати йўқ. У сизларнинг мусибатингиз учун эмас, балки сизлардан оладиган дирҳамлари учун кўз ёш тўкмоқда. У қабрдаги ўликларингизга, уйдаги тирикларингизга озор бермоқда. Аллоҳ сизларни сабр қилишган буюрган, бу хотин эса сизларни сабрдан қайтармоқда. Яна бу сизларни жазава қилишга чақиради, ҳолбуки, Аллоҳ таоло бундан қайтарган!» деди.

Қанийди, фитначи хотинларнинг ижтимоий тармоқларда, ўзларини илм тарқатяпмиз,  дин хизматидамиз, деган ғурур билан алдаб, Ислом уламоларини обрўсизлантиришга уринаётган, бегона эркаклар билан хиринглашиб ўтирадиган сохта тақводорларга Умарнинг дарраси бўлганида... Бир адабини бериб, кимлигини ўзига кўрсатиб қўйган бўлармиди...


    Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу олим сифатида ўзлари билмаган нарсани гапиришдан қаттиқ қўрқар эдилар. У киши илмни даъво қилиб, одамлар ичида турли масалаларни ўринсиз қўзғайдиган кимсаларга қарши турардилар. Уларни доимо таъқиб қилар эдилар.

Имом Доримий ва бошқалар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг мавлосидан қуйидагиларни ривоят қиладилар:

«Субайғ ал-Ироқий мусулмон жангчилар ичида Қуръондаги турли нарсалардан сўрай бошлади. У Мисрга келганида Амр ибн Ос уни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга юборди.

Чопар мактубни олиб кирган эди, уни ўқиб бўлиб:

«Бу одам қани?» деди.

«Юклар билан», деди у.

«Тез топ! Агар кетиб қолган бўлса, сени жазолайман!» деди.

Уни олиб келди. Умар унга:

«Одамлардан нималар ҳақида сўраяпсан?» деди. У ўзининг “тафаккурини” намойиш қилиб, турли масалаларни айта бошлади. Умар унинг барча саволларига: “Набий саллаллоҳу алайҳи васалламдан бу ҳақида мана бундай эшитганман, мана бу ҳақида эса бундай эшитганман”, деб жавоб берди. Субайғнинг саволлари тугагач менга хурмо новдасидан олиб келишимни буюрди. Олиб келган новдам билан унинг орқасига чунонам урдики, у ҳушидан айрилаёзди. Кейин уни қамаб қўйди ва тузалганидан кейин яна урди. Сўнгра яна қамаб қўйди ва тузалганидан кейин яна урди. Кейин уни яна уриш учун олдириб келди. Шунда у:

«Эй мўминларнинг амири, агар мени ўлдирмоқчи бўлсангиз, чиройли қилиб ўлдиринг. Агар даволамоқчи бўлсангиз, Аллоҳга қасамки, тузалдим», деди.

Умар унга ўз юртига кетишга изн берди ва Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга:

«Мусулмонлардан ҳеч ким у билан ўтирмасин», деб мактуб ёзди. Бу Субайғга ниҳоятда оғир бўлди. Абу Мусо Умарга:

«Унинг ҳоли яхши бўлди», деб ёзди. У ҳам ўз навбатида:

«Одамларга у билан ўтиришларига изн беравер», деб ёзди».

Бу одам Бану Тамимлик Субайғ ибн Асал бўлиб, Қуръондаги баъзи оятлардан ихтилофли муаммо чиқаришга уринар эди. Ҳазрати Умар кўрган чорадан кейин у юз кишининг олдига келиб ўтирса одамлар тарқалиб кетар эди. Авваллари у ўз қавмида ўта обрўли киши эди. Бу ҳодисадан кейин хор бўлди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу дин номидан фитна чиқаришга уринадиганларга қарши даррасини ишлатишга қониқмай, бундайларни қаттиқроқ жазолади ва ушбу кўрган чоралари жуда яхши иш берди. Ҳатто фитнанинг боши у зот шаҳид қилингунга қадар кўтарилмади.

Қанийди, бугунги кунда икки оятни тузукроқ ўқишни билмайдиган, Абу Ҳанифа ким бўлибди, биз тўғридан тўғри оят ва ҳадисларга эргашамиз, деб катта гапираётган ақли пастларни адабини бериб қўядиган Умарнинг дарраси бўлганида эди... Субайғга қилган муомаласини бу фитначи хаворижларга ҳам қўллаб, уммат орасида уларнинг сафсатасига барҳам берган бўларди...

Хузистон қироли Ҳурмизон Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларига келганида у кишини уйларидан топа олмади. Излаб, суриштириб бориб, охири масжиднинг ҳовлисида ўша машҳур даррасига суянган ҳолда ухлаётганини кўрди‑да, ўзининг тарих саҳифаларида олтин ҳарфлар билан битилишига сабаб бўлган ажойиб таърифини айтди: «Аллоҳга қасам‑ки, мана ҳақиқий қирол! Адолат қилибсанки, хотиржам бўлибсан. Бемалол ухлаб ётибсан. Аллоҳга қасам‑ки, мен тўртта тождор қиролга хизмат қилганман. Лекин уларнинг биронтасидан мана бу дарра эгасидан қўрққанчалик қўрқмаганман!»

    Қанийди Умарнинг дарраси бўлса... 

    Бу даррани золимлар устида баланд кўтарадиган умматнинг яна бир Умари бўлса...

    Қанийди...


Аброр Мухтор Алий.

20 сафар 1437 ҳижрий

02.12.15