1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Усулул фиқҳ (дарслар)

Учинчи шаръиий далил. Ижмоъ

22:07 / 18.04.2017 4396 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин у зотнинг саҳобалари Қуръони Каримда ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам учрамаган масалаларга дуч келдилар. Шунда саҳобаи киромлар мазкур масалаларни ҳал қилиш учун Қуръони Карим кўрсатган йўлни – шўрони ишга солдилар.

Имом Бағавий Маймун ибн Меҳрондан қууйидагиларни ривоят қилади: «Абу Бакр олдига хусуматчилар келса, Аллоҳнинг Китобига назар солар эди. Агар ундан улар орасидаги муаммога ечим топса, ўша ила ҳукм чиқарарди. Агар Китобда бўлмаса ва ўша иш бўйича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннатни билса, ўша ила ҳукм чиқарар эди. Агар иш унга оғирлик қилса, чиқиб мусулмонлардан: «Менга бу ва бу келди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда бирор ҳукм қилганларини биласизларими?» деб сўрар эди.
Баъзида унинг ҳузурида маълум нафар одам жамланар ва уларнинг ҳар бири Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳукмни зикр қилар эди. Агар унга ўша иш бўйича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан суннатни топиш имкони бўлмаса, одамларнинг бошлиқлари ва яхшиларини жамлаб, маслаҳат қилар эди. Улар бир нарсага ижмоъ қилсалар, ўша ила ҳукм қилар эди.

Умар ҳам шундай қилар эди. Агар унга Қуръон ва Суннатдан топиш имкони бўлмаса, Абу Бакрнинг ҳукми борми-йўқлигига назар солар эди. Агар Абу Бакр бирор ҳукм ила ҳукм қилганини топса, ўша ила ҳукм қилар эди. Бўлмаса, одамларнинг бошлиқларини чақирар ва улар бир ишга ижмоъ қилсалар, ўша ила ҳукм қилар эди».
Аллоҳ таоло шўро – машварат ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг, Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир» («Оли Имрон» сураси, 159-оят).

Яъни, аҳамиятли ишларда улар билан маслаҳат – машварат қилиб иш олиб бор. Шўро мажлисида бир қарорга келиндими, ўша фикрга амал қилишга келишилдими, демак, энди азму қарорни маҳкам қилиб, қарорни ҳаётга татбиқ этишга ўтиш керак.
Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон умматнинг сифатлари ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Роббиларига ижобат қилган, намозни тўкис адо этган, ишлари ўзаро шууро ила бўлган ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қиладиганлар учундир» («Шууро» сураси, 38-оят).
«Шууро» луғатда «маслаҳат», «машварат қилиш» маъноларини англатади. Исломда мўмин-мусулмонларнинг шууро билан иш юритишларига катта эътибор берилганини биз ўрганаётган ушбу сураи кариманинг «Шууро» («Шўро») номи билан аталишидан ҳам билиб олсак бўлади.
Мусулмон инсон Аллоҳ таолонинг чақириқларига ҳар доим лаббай деб жавоб бериши, намозни ўз вақтида тўкис адо қилиши қандай лозим бўлса, шууро билан иш тутиш ҳам шунчалик лозим эканини тушуниб оламиз.
Ҳа, шууро мусулмон жамоа ҳаётида муҳим аҳамият касб этадиган омилдир. Буни ҳамма мусулмонлар, айниқса, давлат бошлиқлари ҳамда турли халқчил амал ва мансабни эгаллаб турганлар яхши тушунмоқлари ва ким бўлишларидан қатъиназар, шуурога амал қилмоқлари лозим.
Ижмоъ шариат ҳукмларининг замон ва макон шароитидан келиб чиқиб янгиланиб туришини таминловчи асосий манбаъ ҳисобланади. У билан мусулмон уммати ҳаётида пайдо бўладиган янги масалаларга ечим топиб борилади.

Ижмоънинг луғавий таърифи: 
«Ижмоъ» сўзи луғатда икки хил маънони ифода қилади.
Биринчиси – бир ишга азми қарор қилиш маъноси. Арабларда «Фалончи бир нарсага ижмоъ қилди» дейилса, ўша нарсага азму қарор қилгани тушунилади.
Шунингдек, Қуръони Карим оятида ҳам бу маъно келган. Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида айтади: «Сиз шерик келтирганларингиз билан биргаликда ўз ишингизни жамлайверинглар» (71-оят).
Яъни, азму қарор қилаверинглар.
Худди шунга ўхшаш маъно Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам келган.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким фажрдан олдин рўзани азму қарор қилмаса, унинг рўзаси йўқдир», – дедилар.
«Сунан» эгалари, Ибн Хузайма ва Ибн Ҳиббон ривоят қилишган.
Иккинчиси – иттифоқ қилиш маъноси. Арабларда «қавм бирор нарсага ижмоъ қилди», деган гап қавмнинг ўша нарсага иттифоқ қилгани маъносини билдиради.
Бу икки хил маънонинг орасидаги фарқ шуки, биринчисида иш бир тарафдан содир бўлади. Иккинчисида эса, бир неча тарафдан содир бўлади.

Ижмоънинг усулул фиқҳдаги таърифи: 
Усулийлар истилоҳида ижмоъ қуйидагича таъриф қилинади:
«Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг бирор асрда мужтаҳидларнинг шаръий ҳукмга қилган иттифоқи «Ижмоъ» дейилади».
Ушбу таърифдан Ижмоъ собит бўлиши учун зарур бўлган шартларни билиб оламиз.
1. Ижмоъ собит бўлиши, шаръий ишлардан бирор ишга иттифоқ қилиниши учун ўша иттифоқни мужтаҳидлар қилган бўлиши шарт. Шаръий аҳкомларга назар солмайдиган ва улардан аҳкомларни истинбот қилолмайдиган авомлар иттифоқида ибрат йўқ. Чунки, ундай кишиларнинг шаръий ҳукмларни идрок қилиш учун илмлари йўқ.
Мужтаҳидлар бўлмаган асрда Ижмоъ ҳам собит бўлмайди.
2. Ижмоъ мазкур даврдаги барча мужтаҳидлардан содир бўлиши лозим. Кўп мужтаҳидлар иттифоқ қилиб, озлари хилоф қилса ҳам, ижмоъ собит бўлмайди. Шунингдек, Мадийна мужтаҳидлари ижмоъси ҳам, Макка ва Мадийна мужтаҳидлари ижмоъси ҳам, Басра ва Куфа мужтаҳидлари ижмоъси ҳам, Абу Бакр ва Умар, балки тўрт рошид халийфа ижмоъси ҳам, Али, Фотима, Ҳасан ва Ҳусайн ижмоълари ҳам алоҳида ҳолда ижмоъ ҳисобланмайди.
3. Мужтаҳидлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан бўлмоғи лозим, у зотдан бошқа Набийларнинг мужтаҳидларининг иттифоқи шаръий ижмоъ бўлмайди. Чунки, шаръий далилларда ижмоъ бўлиши, уларнинг хатодан сақланиши Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидан бўлишига хослангандир.
4. Ижмоъ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин бўлиши шарт. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик чоғларида Ижмоъ собит бўлмайди. Чунки, иттифоқчиларнинг ҳукмига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мувофиқ бўлса, у иш суннат бўлади, ижмоъ эмас. Агар мухолиф бўлсалар, у ҳолда иттифоқлари соқит бўлади.
5. Ижмоъ фақатгина вожиб ёки ҳаром, саҳиҳ ёки фосид каби шаръий аҳкомларда бўлади. Луғат қоидаларида, ақлий нарсаларда, оламнинг яралиши ҳақидаги фикрлар ёки уруш тадбирлари ва маийший ишлар каби дунёвий ишларда ҳам, улар мукаллафлардан талаб қилинадиган нарса бўлмаганлиги сабабли, ижмоъ собит бўлмайди.

ИЖМОЪНИНГ НАВЛАРИ

Ижмоъ ҳосил бўлиши кайфиятига кўра икки навга бўлинади: Очиқ-равшан ижмоъ ва Сукутий ижмоъ.
Очиқ-равшан ижмоъ: 
Бу навдаги Ижмоъ маълум бир замондаги мужтаҳидларнинг барчаси муайян масалада ҳар бири ўз фикрини очиқ изҳор қилиш йўли билан бир хил ҳукм чиқаришларидан иборатдир.
Мисол учун, уламолар бир мажлисга йиғилишади, улардан ҳар бири бир масалада фикрини очиқ-ойдин айтади. Натижада, уларнинг ўша масала бўйича айтган ҳукмлари бир хил бўлиб чиқади. Ёки барча мужтаҳидларнинг бир масала юзасидан берган фатволари бир хил бўлиб қолади. Бу нарса ижмоъ бўлади ва жумҳур уламолар наздида ҳужжат ҳисобланади.
Сукутий ижмоъ. 
Бу навдаги Ижмоъ бир асрдаги мужтаҳидларнинг баъзиларининг бирон масала бўйича айтган ҳукми қолган хабари мужтаҳидларга етганида, уларнинг инкор ёки тасдиқламасдан сукут қилмоғидан иборатдир.
Бу навдаги Ижмоъ борасида уламолар икки хил фикр билдирганлар:
Моликийлар ва имом Шофеъий: бу хилдаги Ижмоъ ижмоъ ҳам эмас, ҳужжат ҳам эмас, деганлар.
Ҳанафийлар ва ҳанбалийлар: бу хилдаги Ижмоъ ижмоъ ва қатъий ҳужжат ҳамдир, деганлар.

Сукутий ижмоъни инкор қилувчиларнинг далили: 
1. Мужтаҳидлардан қолганларининг ўзлари хабардор бўлган нарсага мувофиқ бўлмасдан сукут қилиши унинг ижмоъ экани белгиси эмас. Эҳтимол, ўша масала юзасидан ижтиҳод қилиш мумкин эмасдир ёки ўша ҳукмни айтган кимсанинг обрўси ва маҳобати баландлигидан қўрққандир. Шунингдек, фикрини изҳор қилса етиши мумкин бўлган зарардан қўрққан бўлиши ёки мужтаҳид тўғри топса, икки савоб, хато қилса, бир савоб олиши учун ҳам фикрини айтмаган бўлиши мумкин.
Бирон масалага бошқа мужтаҳид томонидан берилган ҳукмни эшитиб, мазкур эҳтимоллар билан сукут сақлаш эълон қилинган фикрга розилик ёки мувофиқлик белгиси эмас.
2. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўлжадан ортиб қолган моллар ҳақида саҳобаларга маслаҳат солди. Улар мазкур молларни тақсимламасдан, ҳожат тушганда ишлатиш учун сақлаб туришни маслаҳат бердилар. Али розияллоҳу анҳу сукут сақлади. Умар ундан сўраган эди, «Менимча, уни мусулмонларга тақсимлаш керак», – деди.
Умар Алининг сукутини розилик аломати деб билмади. Али эса, гапи тўғри, ҳаққ у тарафда бўлса ҳам, қаршилигини очиқ айтмади.
3. Умар розияллоҳу анҳуга эри ғойиб бўлган бир аёлнинг эркаклар мажлисида ўтириши ва улар билан гаплашиши ҳақида хабар етди. Ўша аёлни унинг ҳузурига, ўша ишдан манъ қилиши учун олиб келинди. Аёл унинг ҳайбатидан қўрқиб ҳомиласини ташлаб қўйди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу саҳобалардан ҳомиланинг туширилишининг ҳукми ҳақида маслаҳат сўради. Улар унга: «Сенга ҳеч қандай тўлов йўқ. Сен одоб бермоқчи эдинг, фақат яхшиликни истаган эдинг», – дейишди. Али розияллоҳу анҳу сукут сақлади. Умар ундан бу ҳақда сўраган эди, «Менимча, ҳомиланинг хунини тўлашинг керак», – деди. Шунда Умар: «Сен менга тўғри гапни айтдинг, ё Али!» – деди.
4. Сукут маҳобатдан ҳайиқиш ёки ўзи истамаса ҳам, хилофни юзага чиқармаслик учун жим туришдан иборат бўлиши мумкин. Меросда авлга биринчи ҳукм қилган шахс Умар розияллоҳу анҳудир. У саҳобаларга маслаҳат қилганда, улар авл қилишни айтишди. Аббос: «Фарз меросларда авл қилинглар», – деди. Ибн Аббос эса, хилоф қилди. Унга: «Авл ҳақидаги гапингни Умарга айтишингдан нима манъ қилди?» – дейилганда, «Унинг дарраси», – деди. Бошқа ривоятда «ҳайбати» дейилган. У ҳайбатли одам эди. Мана, Ибн Аббос ўзи мухолиф бўлса ҳам, ҳайбат туфайли сукут сақлаган.

Сукутий ижмоъни эътироф қилувчиларнинг далиллари:
Ҳанафийлар сукутий ижмоъни баён деб эътибор қилишади. Бошқача қилиб айтганда, у зарурат баёнидир. Зотан, баёнга ҳожат бор жойда сукут сақлаш баёндир. Модомики, бир гап тарқалиб машҳур бўлса, унга раддия қилмай сукут сақлаш розилик аломати бўлади. Агар унга қарши бўлса, айтиши керак эди.
Одатда, бирон мужтаҳид айтган фатвони бошқалари эшитишлиги имкони бўлмаган. Одат шуки, бир мужтаҳиднинг бирон нарсага берган фатвоси одамлар ичида амал қилинганидан сўнг бошқалари буни эшитиб, билиб, сукут қилиб юраверганлар.
Одатда, ҳар бир асрда бир ҳодиса юзасидан ўша аср уламоларининг катталари берган фатвога кичик уламолар бўйсуниб, мувофиқлигини билдирганлар. Мана, шу сукут қилиб бўйсунишлиги уларнинг зимдан мувофиқлиги аломатидир.
Шу билан бирга, ҳанафийлар шофеъийларнинг сукутий ижмоъни инкор қилиш учун келтирган далилларига раддия ҳам берадилар.
1. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг қарши фикрда бўлса ҳам сукут сақлаши нариги тарафнинг гапи тугашини кутиб туриш учун бўлган. У киши ўша мажлиснинг ўзида қарши фикрни айтган. Буни «сукут» дейилмайди.
2. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг «дарраси манъ қилди» деган гапи бор ривоят тўғри эмас. Мазкур ривоятнинг санадида узилиш бор. Иккинчидан, саҳобалар Аллоҳ таолонинг йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмаганлар. Нотўғри гапни эшитиб, жим туриш уларнинг одати эмас.
3. Авл ҳақидаги ривоят ҳам тўғри эмас.
Зоҳир бўлган нарса шуки, сукутий ижмоъ ҳам ҳужжатдир. Қачонки розилик ва мувофиқлик аломатлари кўринса, ва ўша розилик ва мувофиқлик аломатлари юқорида санаб ўтилган эҳтимоллар йўқлигида бўлса, сукутий ижмоъ ҳам қатъий ҳужжат ҳисобланади.
Чунки, саҳобалар жамоатларида кўп ҳолларда баъзилари ўз фикрларини очиқ айтганларида, қолганлари сукут қилганлар ва у сукут қилишликлари, фикрини айтган кимсадан қўрққанларидан ёки бошқа эҳтимоллар туфайли бўлмаган.
Агар розилик аломати мукаммал бўлмаса, сукутий ижмоъ фақат зонний далил бўлиб қолади.

Сукутий ижмоънинг шартлари:
1. Сукут мувофиқлик ёки мухолифлик аломатларидан холий бўлиши шарт. Агар ҳукмга мувофиқлик аломати бўлса, ижмоъ сукутий эмас, очиқ-равшан бўлади. Агар ҳукмга мухолифлик аломати бўлса, умуман ижмоъ бўлмайди.
2. Ўша сукут масала бўйича етарли баҳс ва фикр юритиш учун кифоя қиларли муддатдан кейин бўлиши шарт.
3. Кўрилган масала ижтиҳод қилиш жоиз бўлган, яъни зонний далил келган масала бўлиши шарт.

ИЖМОЪНИНГ РУКНИ ВА ШАРТЛАРИ

Ижмоъда «рукн» калимасининг дақиқ маъносидаги биттагина рукн бўлиб, у мужтаҳидларнинг иттифоқидир.
Ижмоънинг олтита шарти бўлиб, улар қуйидагилардир:
1. Ижмоъ бир қанча мужтаҳидлар билан бўлади. Биттагина мужтаҳид билан ижмоъ бўлмайди. Чунки, иттифоқ маъноси битта одамда тасаввур қилинмайди. Балки бир қанча уламолардан тасаввур қилинади. Агар бирор асрда битта ёки иккита мужтаҳид бўлса ҳам, уларнинг иттифоқи ижмоъ бўлмайди.
2. Шаръий ҳукмга барча мужтаҳидлар иттифоқ қилишликлари шартдир. Кўпчилик мужтаҳидларнинг иттифоқи билан ижмоъ собит бўлмайди. Агар озчилиги мухолиф бўлса ҳам. Чунки, ижмоъ бўлиши учун барча ислом ўлкаларидаги мужтаҳидларнинг иттифоқи зарур. Мужтаҳид бўлмаганларнинг гапида ибрат йўқ.
3. Иттифоқ ўша ҳодиса вақтида турли исломий ўлкаларда яшаб турган мужтаҳидларнинг барчаларидан собит бўлиши лозим. Ҳижоз, Миср, Ироқ каби маълум ўлкадаги мужтаҳидларнинггина иттифоқи ижмоъ бўлмайди.
4. Иттифоқ мужтаҳидларнинг ҳар бири ўз фикрини очиқ билдирмоғи билан бўлади. Билдириш гап биланми, феъл биланми, якка тартибдами, гуруҳ бўлибми – фарқи йўқ.
5. Иттифоқ қилаётган мужтаҳидлар адолатли бўлиши ва бидъатлардан четда бўлишлиги лозим. Чунки, ижмоънинг ҳужжатлигига далолат қиладиган матнлар ана шу нарсаларга далолат қилади.
Адолатнинг шарт қилиниши, ижмоъ қилинган шаръий аҳкомга мусулмонлар амал қилиши лозимлигидан келиб чиқади. Бу эса, мужтаҳиднинг шаҳодат аҳлидан бўлишини талаб қилади. Шаҳодат аҳлидан бўлиш эса, Қуръони Каримда «Ўзингиздан икки адолатлини шоҳид қилинг» деб айтилганидек, адолат талаб қилади.
Бидъатдан четда бўлиш шарт қилинишига келсак, агар бидъат соҳибини куфрга элтувчи бўлса, унинг мусулмонлиги қолмайди. Агар унинг бидъати Исломдан чиқармайдиган бўлса ва ўзи одамларни ҳам шунга чақирадиган бўлса, ундан адолат соқит бўлади. Чунки, у ҳеч бир далили бўлмаган ботил таассубга одамларни чорлаяпти. Бундай одамнинг умматнинг ижмоъи ҳақидаги гапи эътиборга олинмайди. Шунинг учун ҳам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг халийфалигига хилоф қилган Рофизийлар ва Али розияллоҳу анҳунинг халийфалигига хилоф қилган Хаворижларнинг мухолифлиги эътиборга олинмайди.
6. Ижмоъ қилувчилар ўз ижмоъларида «матн» ёки «қиёс»дан иборат шаръий далилга суянган бўлмоқликлари лозим. Чунки, шаръий далилга суянмаган фатво хато ва дийнда илмсиз гап юритишдан иборатдир. Бу эса, Қуръондаги «Ўзинг билмаган нарсага аралашма» деган оят ила манъ қилинган. Ижмоъ қилувчилар фақат ақлнинг ўзига суянган ҳолда шаръий ҳукмларни собит қилишлари мумкин эмас.

ИЖМОЪНИНГ СУЯНЧИҒИ

Ижмоънинг суянчиғи мужтаҳидлар ижмоъ қилаётган нарса борасида улар эътимод қилаётган – суянаётган далилдир. Аввал айтилганидек, ижмоъ шаръий далилга асосланган бўлмоғи лозим. Агар ижмоъ бирон суянчиқсиз, асоссиз қилинган бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўнг янги шариат пайдо қилинганга ўхшаб қолади. Бу эса, ботил нарсадир. Одатда, мужтаҳидлар барчалари сабабсиз бир фикрга келиши мумкин эмас. Улар бирон сабаб ила бир фикрга келадилар ва ана шу сабаб бир фикрликни вожиб қилади. Ана шу сабаб уларнинг бир фикрлигини таъминлайди ва шариат чегарасидан чиқиб кетилишининг олдини олади.
Мазкур иш бирон нарса юзасидан келган ҳукмни яхши тушуниш ёки матнлардан қиёс воситаси билан ҳукмни истинбот қилиш билан бўлади. Ёхуд шариатнинг асосий қоидаларини татбиқ қилиб ва шариат таълимотлари асосида шаръий мақбул райъни лозим топган ҳолда бўлади. Шунингдек, истиҳсон, истисҳоб, урф, саддиз-зароиъ каби бошқа шаръий далилларга суянган ҳолда бўлади.
Илҳом шаръий далил бўлолмайди. Чунки, шариат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан олинади. Ул зот эса, шаръий нарсаларни ваҳийсиз айтмайдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан шариат борасида бир сўз айтмадиларми, уммат буни қилиши умуман тўғри эмас. Агар шундай қиладиган бўлса, ҳавойи нафс, ўз ақли, бидъат ва залолатга асосланган табиати сабабли айтилган гап бўлади.
Аксар уламолар фикрига кўра, шаръий ҳукмнинг асоси Қуръон ва мутавотир суннатдан иборат қатъий далил бўлади. Бу ҳолда ижмоъ Қуръон ёки мутавотир суннатнинг ҳукмини қувватловчи омил бўлади.
Китобдан олинган далилга суянган ижмоъга мисол мужтаҳидларнинг момога уйланиш ҳаромлигига қилган иттифоқларидир. Уларнинг ушбу ижмоълари Аллоҳ таолонинг «Сизларга оналарингиз ҳаром қилинди» деган қавлига суяниб бўлган. Ушбу матндаги «она» сўзи аслни англатади ва ундан бир кишининг бошқасига воситали ёки воситасиз мансублиги билинади. Худди шу маънода момо ҳам асл ҳисобланади.
Суннатдан олинган далилга суянган ижмоъга мисол мужтаҳидларнинг харидор савдогардан сотиб олган таомини қабз қилиб олмагунича сотиши манъ қилиниши ҳақидаги ижмоъларидир. Улар ўзларининг бу ижмоъларида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким таом сотиб олса, уни қабз қилиб олмагунича сотмасин» деган ҳадисларига суянганлар.
Аммо, бу маънолардаги ижмоъ умумий таърифдаги ижмоънинг ҳукмига тўғри келмайди. Зеро, далили қатъий бўлган ижмоъ маълум маънода ундай бўлаёзган ёки янглиш фаҳмланган ҳукмларни қайта тиклаш ва таъъкидлаш учун бўлади.
Гоҳида шаръий ҳукмнинг суянчиғи оҳод хабар ва қиёсдан иборат зонний далил бўлади. Бу ҳолда мужтаҳидлар ижмоъи билан собит бўлган ҳукм зонн мартабасидан қатъийлик ва яқийн мартабасига кўтарилади.
Бунга мисол мужтаҳидларнинг гуручда ҳам рибо жорий бўлиши ҳақида қилган ижмоъларидир. Улар ўзларининг бу ижмоъларида қиёсни ишга солганлар ва гуручни ҳадисда риболиги таъкидланган олти нарсага қиёс қилганлар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг халийфалигига ижмоъ ҳам қиёс билан бўлган. У кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик даврларида намозда имом бўлишларини амр қилганларига халийфаликлари қиёс қилинган.
Маслаҳатул мурсала ижмоъ учун санад(суянчиқ) бўла олади.
Далил – Мадийнанинг еттита фақиҳи бозордаги нархларни белгилашга фатво берганлари. Ҳолбуки, саҳобалар асрида бозордаги нархларни белгилаш йўқ эди.
Маслаҳатул мурсалага суяниб қилинган ижмоъга яна бир мисол – Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврида фатҳ қилинган ерларни тақсимлаб бермасдан, харож солишликка иттифоқ қилингани. Бунда байтул молга доимий даромад бўлиши ва унинг аскарларга, чегара қўриқлашга, анҳор қазишга, кўприк солишга, қозилар ва давлат хизматчиларига ҳамда муҳтожларга маошга сарфланиши кўзда тутилган.
Қуръоннинг саҳобалар иттифоқи билан бир мусҳафга жамъ қилиниши ҳам шу хилдаги ижмоъга киради. Усмон розияллоҳу анҳу даврларида мусулмонлар Мадийнанинг бир тарафида яшардилар. Улар, хусусан, масжиддан узоқдагилар жума намозига етиб кела олмаётгани сабабли, одамларга билдириш учун, иккинчи азоннинг зиёда қилиниши ҳам шу жумладаги ижмоълардан.
Бир воқеъа ҳукмини топишликда бўлгани сингари насснинг таъвийлида ва тафсирида ҳам ёки насс ҳукмининг иллатини топишликда ҳам ижмоъ қилинади.

ИЖМОЪНИНГ ҲУЖЖАТЛИГИ

Агар юқоридаги талаблар асосида ижмоъ қилинган бўлса, мужтаҳидларнинг барчалари бир воқеа борасида бирор ҳукмга якдил фикр билдирсалар, ана шу ижмоъ асосида қилинган ҳукмга мухолиф бўлмасдан эргашмоқлик вожибдир. Кейин ҳеч ким, ҳеч бир асрда ҳам унинг ҳукмини ўзгартира олмайди. Чунки, ижмоъ асосида собит бўлган ҳукм қатъий шаръий ҳукмга айланади ва унга мухолиф бўлишга ёки уни насх қилишга ўрин қолмайди. Ижмоъ билан ирода қилинган нарса худди Қуръон ва Суннат каби яқийн – ўта ишончли илм йўли билан собит бўлади.
Ижмоънинг далили қатъий бўлса, у ҳолда ижмоъ мустақил ҳужжат бўлмайди, бироқ ўша далилни қувватловчи бўлади. Бу каби ижмоълар ҳукми баён қилинаётганида далилининг ёрдамчиси сифатида айтилади.
Агар ижмоънинг далили зонний бўлса, бунда ижмоънинг ўзи мустақил ҳужжат сифатида далил келтирилишига кифоя қилади. Ижмоъ қилишда суянилган зонний далилини келтиришга ҳожат қолмайди. Бу вақтда «унинг ўзи янги шаръий ҳукм пайдо қилди» деган маънога борилмайди, балки ижмоъ шариат масдарларидан бир масдар ҳисобланади.
Кўпчилик уламолар наздида ижмоънинг ҳукми қатъий далилдир. Агар ижмоъ бизга мутавотир тарзда нақл қилинган бўлса, унга мухолиф бўлган кимса кофир бўлади ёки «залолатга кетган» дейилади ёхуд бидъатчи ҳисобланади.
Аммо ижмоъ оҳод йўл билан нақл қилинган бўлса, ёки сукутий бўлса, у «зон»ни ифода қилади ва бунга мухолиф бўлган кимсага куфр ёки залолат ва бидъатчи нисбати берилмайди, балки уни «фосиқ» дейиш мумкин.
Омадий, Имомул Ҳарамайн, Иснавий ва Ибн Ҳожиб каби уламолар таҳқиқи шуни кўрсатадики, ижмоъни инкор қилган одам кофир бўлмайди. Бироқ беш вақт ибодат ёки тавҳид, рисолат ва нубувват каби ақийдавий вожиб ишлардан ва дийнда зарур бўлган шу каби ишлардан иборат ижмоъларни инкор қилса, кофир бўлади.
Бир шахс ижмоъни эътироф қилиб, ижмоъ қилувчилар сидқини нақл қилиб, сўнг уни инкор қилса ва ёлғонга чиқарса, шариатни ёлғонга чиқарган бўлиб қолади. Кимки шариатни ёлғонга чиқарса, кофир бўлади.

ИЖМОЪНИНГ ҲУЖЖАТЛИГИГА ҚУРЪОН ВА СУННАТДАН ДАЛИЛЛАР

Уламолар жумҳури очиқ-равшан ижмоъ қатъий ҳужжат эканига ва унга амал қилиш вожиблигига ҳамда унга хилоф қилиш ҳаромлигига иттифоқ қилганлар. Қачон масалалардан бир масала бўйича ижмоъ ҳосил бўлса ва мазкур ижмоъ маълум бўлса, мужтаҳидлар ижмоъ қилган ҳукм қатъий собит бўлади, унга хилоф қилиш жоиз бўлмайди. Айни пайтда, мужтаҳидлар ижмоъи ила собит бўлган ҳукм ҳақида ижтиҳод ва низо қилиш ҳам жоиз эмас.

Ижмоънинг ҳужжатлигига Қуръондан далиллар: 
1. Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Набийга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Набийга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир» («Нисо» сураси, 59-оят).
Аввало Аллоҳ таолога итоат этиш керак, сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга, ундан кейин мусулмонларнинг ўзларидан бўлган ишбошиларга итоат қилиш лозим. Агар бирор нарсада ихтилоф туғилиб, тортишув чиқса, Аллоҳ таолонинг ва Набийнинг ҳукмларига қайтариш лозим.
Мусулмонлар бир ишга қўл уришдан олдин шу иш ҳақида шариати исломиянинг ҳукми нима эканини билишга киришадилар. Ҳукмни аввало Қуръони Каримдан излайдилар. Агар у ишнинг ҳукми Қуръонда мавжуд бўлса, унга амал қиладилар. Чунки, оятда аввало:
«Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг», дейилгандир. Аллоҳга итоат қилиш Унинг охирги илоҳий китоби Қуръони Каримга амал қилиш билан бўлади.
Фараз қилайлик, бўлғуси ишнинг ҳукми Қуръони Каримда зикр қилинмаган бўлса, унда Набий алайҳиссаломнинг суннатларига мурожаат этилади.
Изланган ҳукм у ердан топилса, унга амал қилинади. Чунки, ояти каримада иккинчи манбаъ сифатида Набийга итоат қилишга амр этилгандир.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётлик вақтларида бевосита у зотнинг ўзларига итоат қилинган, ҳозир эса суннатларига амал қилиш у кишининг ўзларига итоат қилиш билан баробар ҳисобланади.
«...Набийга...» итоат қилинг. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда асосий ҳукмларни баён этган ва умумий ҳукм чиқариш қоидаларига ўшаларни асос қилган. Набийнинг суннатларида эса, Қуръондаги умумий ҳукмлар батафсил баён қилинган ҳамда баъзи зикр этилмаганлари айтилган.
Замон, шароит ўзгариши билан ўзгариб турадиган қисм ҳукмлари эса, мусулмон жамоаси ижтиҳод қилиб ечиши учун қолдирилган. Бунинг ҳикматлари кўп. Аввало, бу ҳолат мусулмонларни доимо изланувчан, ҳаракатчан бўлишга ундайди. Иккинчидан, шариати исломиянинг ҳар замон, ҳар маконга салоҳияти борлигини таъминлайди. Агар Қуръонда ҳам, суннатда ҳам зикри келмаган масала кўндаланг бўлиб қолса, бу масаланинг ечилиши мусулмонларнинг ишбошиларига ҳавола қилинади. Ижтиҳод мақомига етган ишбошилар мазкур масалани Қуръон ва суннат қоидалари асосида ҳал этадилар. Мусулмон умматининг эътироф этган муждаҳидлари биргаликда ҳал этган ечим, қарор фиқҳда «ижмоъ» деб номланади. Бунга амал қилиш ҳар бир мусулмон учун вожибдир. Чунки, ушбу оятда:
«...Набийга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг», деган амр бор. Аллоҳнинг амрига бўйсуниш эса, вожибдир.
Аммо ишбошиларга бўйсунишда бир неча шартлар бор. Аввало, оятда «ўзингиздан бўлган» дейиляпти. Фиқҳ илми уламоларимиз бу оятдаги «ишбоши»ларни шундай тушунтирганлар: фиқҳда ижтиҳод даражасига етган уламоларнинг жамланиб, бирор масала бўйича иттифоқ бўлиб қарор қилишлари ишбошиликдир.

2. Аллоҳ таоло яна бундай деб марҳамат қилади: «Агар уни Набийга ва ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилганларида эди, улардан иш негизини биладиганлари уни англаб етар эдилар» («Нисо» сураси, 83-оят).
Демак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам тирикликларида, у зот бор жойларида, барча нарсани у кишининг ўзларидан сўрашгани маъқул. Шунда у зот нима қилиш кераклигини айтадилар.
Бошқа ҳолатларда эса, ўзларидан бўлган ишбошиларга ҳавола қилишлари лозим. Албатта, ишбошилар бунга нисбатан чора қўллайдилар. Чунки, уларнинг ичида шариат илмининг мутахассислари – мужтаҳидлар бор. Уларнинг ҳар бир ишнинг асл негизига етиб бориш, ҳақийқатни аниқлаш имконлари бор. Ана ўшалар янги пайдо бўлган масаланинг ҳам негизига етадилар ва тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқадилар. Натижада, мусулмонлар ичида турли тушунмовчиликлар пайдо бўлмайди. Уларнинг ичларида ихтилофлар чиқмайди. Сафлари бузилмайди ва жамиятлари заифлашмайди.
Бу ишларни кўрсатиб бергани, тўғри йўлга йўллагани ва иш услубини кўрсатгани мусулмонларга Аллоҳ таолонинг фазли ва марҳаматидир.

3. Ҳа, Аллоҳ таоло бандаларига ниҳоятда меҳрибон Зот. Аммо ҳидоятдан сўнг яна залолатни ихтиёр қилган кимсалар Унинг раҳматидан умид қилмай қўяверсинлар. Кимки Аллоҳ таолонинг йўлидан бошқа йўлни ихтиёр қилса, Унинг Расулига хилоф қилса, борар жойи жаҳаннамдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади: «Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Набийга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!» («Нисо» сураси, 115-оят).
Бу оят маъносида Аллоҳ таоло мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юришликни, Аллоҳга ва У зотнинг Расулига душманлик қилиш, деб баҳоламоқда. Уларга бир хил жазони, у ҳам бўлса, жаҳаннамга Кириши белгиланмоқда. Агар Аллоҳ ва У зотнинг Расулига душманлик ҳаром бўлса, мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юришлик ҳам ҳаром. Агар Набий алайҳиссаломга хилоф қилишлик ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга эргашишлик ҳаром бўлса, демак Набий алайҳиссаломга ва мўминнинг йўлига эргашишлик вожиб бўлиб қолади. Мана шундан ижмоънинг ҳужжатлиги лозим бўлади. Чунки, ижмоъ мўминларнинг йўли ҳисобланади. «Бир шахснинг йўли» дейилганда, ўша шахс ихтиёр қилган гап, феъл ва эътиқод тушунилади.

4. Аллоҳ таоло энг яхши бандалари ҳақида бундай деб марҳамат қилади: «Сиз одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Амру маъруф қиласиз, наҳйу мункар қиласиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз» («Нисо» сураси, 110-оят).
Бу ояти каримада Аллоҳ таоло яхшиликка амр қиладиган, ёмонликдан қайтарадиган мўминларни «умматларнинг яхшиси» деб сифатламоқда. Яхшилик ила сифатланиши уларнинг ҳаққда эканларини тақозо қилади. Бас, шундай экан, уларнинг бирор ишга иттифоқ қилишлари ўша ишнинг ҳаққ эканига далолатдир.

Ижмоънинг ҳужжатлигига Суннатдан далиллар:
Мужтаҳидлар бирон нарсага иттифоқ қилсалар, у мусулмон умматининг ҳукмига айланади. Чунки, мужтаҳидлар шаръий ихтисос бўйича умматнинг тафсирчиларидир. Ислом уммати хатодан маъсум эканлиги борасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча ҳадислар ворид бўлгандир. Бу борадаги ҳадислар лафзи мутавотир бўлмаса-да, у ворид хабарларни барчаси қўшилса, умматнинг хатодан маъсумлиги маъноси мутавотирдир. Бироқ бу маъно кўпгина хабарларда келиши билан маънавий мутавотир даражасига етган ва лафзий мутавотир сингари далолат қилаётган нарсасида илм – аниқликни ифода қилади.
Ана шундай ҳадислардан наъмуналар: Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Умматим залолатда жамъ бўлмайди», – дедилар». Ибн Можа ривоят қилган.
Ислом умматининг барча мужтаҳидлари ижмоъ қилган нарса умматнинг жамъ бўлган нарсаси ҳисобланади. Бу ҳадисга биноан, у нарса залолат, адашув бўлиши мумкин эмас.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ умматимни залолатда бирлаштирмайди», – дедилар». Ҳоким ривоят қилган.

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимдан бир тоифаси ҳатто Аллоҳнинг амри келгунига қадар ҳаққ устида очиқ бардавом бўлурлар. Уларга мухолиф бўлганлар зарар етказа олмас», – дедилар». Муслим ривоят қилган.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мусулмонлар нимани яхши деб билсалар, бас, у Аллоҳ ҳузурида ҳам яхшидир». Аҳмад ривоят қилган.
Мана шу далиллардан кўриниб турибдики, Ислом уммати мужтаҳидларининг бир ишга ижмоъи бўлса, у нарса ҳақийқат ва тўғридир. Агар шундай бўлмаса, илмий истеъдодлари ва қудратлари турлича бўла туриб, бир хил гапни айтмасдилар.

Ижмоънинг ҳужжатлигига ақлий далил: Албатта, ҳар бир шаръий ҳукм бўйича қилинадиган ижмоъ шаръий суянчиққа бино қилинган бўлади. Чунки, мусулмон мужтаҳид ҳеч қачон шаръий масалада ўзидан бирор нарсани айтмайди. Унинг ижтиҳод қилиш чегараси бор ва ўшандан чиқиши мумкин эмас. Агар оят ёки ҳадисдан бирор ҳукмга далил бўладиган очиқ-ойдин матн топа олмаса, мазкур насс тушунчасидан ва далолатидан бошқа томонга бурилмайди. Агар мужтаҳиднинг излаётган масаласи бўйича ҳеч бир матн бўлмаса, ҳукмида матн бор нарсага қиёс қилишдан бошқа ишни қилмайди. Агар қиёсга ҳам имкон топмаса, шариат қоидаларини ишга солишга ўтади.
Ёлғиз мужтаҳиднинг иши шу даражада бўлганидан кейин, барча мужтаҳидлар жамланиб ҳал қилган масаланинг ҳукми қанчалик шаръий асосга эга бўлишини тушуниб олиш мумкин.
Ислом илоҳий дийнларнинг охиргисидир. Исломдан кейин дийн келмайди. У барча замонлар ва маконларда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб бориши керак. Шунинг учун, инсонлар ҳаётининг замон ва шароит ўзгариши билан ўзгариб турадиган қисмига оид ҳукмларини мусулмон жамоаси ижтиҳод қилиб ечиши учун қолдирилган.
Бунинг ҳикматлари кўп. Аввало, бу ҳолат мусулмонларни доимо изланувчан, ҳаракатчан бўлишга ундайди. Иккинчидан, шариати исломиянинг ҳар замон, ҳар маконга салоҳияти борлигини таъминлайди. Агар Қуръонда ҳам, суннатда ҳам зикри келмаган масала кўндаланг бўлиб қолса, бу масаланинг ечилиши мусулмонларнинг ишбошиларига ҳавола қилинади. Ижтиҳод мақомига етган ишбошилар мазкур масалани Қуръон ва суннат қоидалари асосида ҳал этадилар.

ИЖМОЪ СОБИТ БЎЛИШИ ИМКОНИ

Мусулмон уламолар жумҳури: ижмоъ собит бўлиши мумкин ва бўлган ҳам, дейдилар.
Наззом ва баъзи мўътазилалар ҳамда айрим шиъалар: одатда ижмоъ бўлмайди, деганлар ва фикрларига иккита далил келтирганлар:
1. Ижмоъ вужудга келиши учун бир асрдаги барча мужтаҳидларнинг иттифоқи лозим. Бу нарса икки иш билан малга ошади. Биринчиси – ҳукмида ижмоъ қилиш лозим бўлган ҳодиса вақтида исломий давлатлардаги мужтаҳидларнинг шахсини аниқ билиш. Иккинчиси – мазкур масала бўйича мазкур мужтаҳидларнинг барчаларининг фикрларини ўрганиб чиқиш. Бу икки иш ҳам узрлидир. Чунки, мужтаҳидликни чегаралайдиган қоидаларнинг ўзи ҳали мукаммал ўрганилмаган. Қолаверса, улар исломий юртларда тарқаб кетганлар. Уларни бир ерга тўплаш ёки ишончли йўллар билан фикрларини жамлаш осон нарса эмас.
2. Ижмоъ қилувчиларнинг далиллари қатъий бўлиб, таъвийлни кўтармайдиган бўлиши мумкин. Бундай вақтда ижмоънинг кераги бўлмай қолади. Яъни, ўша қатъий далилнинг ўзи кифоя қилади.
Ёки далил зонний бўлиши мумкин. Унда, одатга кўра, иттифоқ қилиш узрли бўлади. Чунки, мужтаҳидларнинг назарлари, ақлий қобилиятлари, истеъдодлари, ҳаққни тан олишлари турлича, урф-одати, зоти ва мазҳаби каби таъсир қилувчи омиллари турлилиги билан зонний далил улар орасида ихтилофни қўзийди. Бу эса, ижмоъ қилиш имконини бермайди.
Мухолифларнинг юқорида зикр қилинган далилларига жумҳур уламолари жавоб беришни ўзларига эп кўрмаганлар ва: «Бу гаплар воқеъликда бўлган қатъий собит ишларга шубҳа қилишдан ўзга нарса эмас ва шубҳаларига эътибор қилинмайди», деганлар.
Замондош уламолардан Закийуддийн Шаъбон мухолифларнинг эътирозига раддия бериш керак деб ҳисоблайди ва ўзи раддия беришга ҳаракат қилиб, жумладан, қуйидагиларни айтади:
«Биз мухолифлар келтирган далилларга назар соладиган бўлсак, уларнинг «Ижмоъ қилувчиларнинг далиллари қатъий бўлиб, таъвийлни кўтармайдиган бўлиши мумкин. Бундай вақтда ижмоънинг кераги бўлмай қолади. Яъни, ўша қатъий далилнинг ўзи кифоя қилади.
Ёки далил зонний бўлиши мумкин. Унда, одатга кўра, иттифоқ қилиш узрли бўлади...» деган иккинчи далиллари ҳақийқатга ҳам, воқеъликка ҳам ҳеч тўғри келмайди. Чунки, қандай бўлишига қарамай далилнинг бўлиши ижмоънинг юзага келиши ва амалда воқеъ бўлишини манъ қилмайди. Агар ўша далил қатъий бўлса, уни барча билиши лозим эмас. Гоҳида далил қатъий бўлса ҳам баъзи одамлар билмай қолиши оддий ҳолат. Унга мисоллар ҳам кўп.
Абул Ажфаъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Умар розияллоҳу анҳу бизга хутба қилиб:
«Огоҳ бўлинглар! Аёлларнинг маҳрини ошириб юборманглар! Агар у нарса бу дунёда ҳурмат-икром, Аллоҳнинг ҳузурида тақво бўладиган бўлса, ичингизда унга энг ҳаққли киши Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлур эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз хотинларидан бирор аёлга ўн икки увқиядан кўп маҳр берганлари йўқ. Ул зотнинг қизларидан бирортасига ҳам бундан кўп берилгани йўқ. Ким бундан бирор нарсани зиёда қилса, ўшани мусулмонларнинг байтул молига қўшаман», – деди».
Шунда бир аёл ўрнидан туриб: «эй Умар! Аллоҳ таоло:
«Ва у(аёл)лардан бирига қинтор – чексиз маҳр берсангиз ҳам», дейди-ю, сен бизга буни чегаралайсанми?!» – деди.
Ҳазрати Умардек зотда воқеъ бўлган нарса бошқаларда бўлмасмиди.
Аллоҳ таоло Ўз дийнининг қоимлиги Набийларга, ҳаттоки, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳам боғланиб қолмаганини бундай деб марҳамат қилади:

«Муҳаммад ҳам бир Набий, холос. Ундан аввал ҳам Набийлар ўтган. Агар у ўлса ёки қатл қилинса, орқангизга қайтасизми?! Кимки орқасига қайтса, Аллоҳга ҳеч зарар келтира олмас. Ва Аллоҳ шукр қилувчиларни мукофотлар» («Оли Имрон» сураси, 144-оят).
Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида, ҳеч кимнинг ишонгиси келмади. Ҳатто Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу қиличларини чиқариб: «Ким «Муҳаммад ўлди» деса, бошини узаман», – деб ҳовлида айланиб юрдилар.
Фақат Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бу ҳақийқатни тушуниб етдилар. Бу вақтда у киши шаҳардан ташқарига чиққан эдилар. Хабарни эшитиб, тезлаб келдилар. Ҳужраи Саодатга кириб, Набий алайҳиссолату вассаломни ўпдилар-да: «Тириклигингизда ҳам пок эдингиз, ўликлигингизда ҳам поксиз», – дедилар.
Сўнгра ташқарига чиқиб, баланд овоз билан: «Эй одамлар! Ким Муҳаммадга сиғинаётган бўлса, Муҳаммад вафот этди. Аммо ким Аллоҳга сиғинаётган бўлса, Аллоҳ тирик ва ўлмайди», – дедилар ва ушбу ояти каримани тиловат қилдилар. Ана ўшандагина мусулмонлар ўзларига келиб, ҳушёр тортдилар.
Шу билан бирга, бир масалада қатъий далил бўлса ва уни одамлар билса ҳам, ўша масалада содир бўлган ижмоъ мухолифлар айтаётганидек беҳуда иш бўлмайди. Балки бу каби ижмоъ фойдадан холий бўлмайди. У, далилни таъкидлайди ва келажакда келиб чиқиши мумкин хилофнинг олдини олади.
Агар масаланинг далили қиёс ёки оҳод хабар каби зонний бўладиган бўлса, у ҳақида ижмоъ қилиш мухолифлар айтаётганидек амримаҳол бўлиб қолмайди. Чунки, баъзи зоннний нарсаларнинг ҳукмга далолати равшан бўлади. Улар ҳақида ихтилоф қилишга ўрин қолмайди. Бу нарса воқеъликда ҳам кўп бўлган.
Буғдой ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини харидор савдогардан қабул қилиб олмагунча сотиши мумкин эмас. Бу ҳукм зонний далил – оҳод ҳадис билан собит бўлган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким таом сотиб олса, то уни тўлиқ олмагунча, сотмасин», – дедилар». Бешовлари ривоят қилишган.
Шундай бўлса-да, мужтаҳидлар ҳам бу масалада ижмоъ қилганлар.
Аммо мухолифларнинг «Ижмоъ вужудга келиши учун бир асрдаги барча мужтаҳидларнинг иттифоқи лозим. Бу нарса икки иш билан амалга ошади. Биринчиси – ҳукмида ижмоъ қилиш лозим бўлган ҳодиса вақтида исломий давлатлардаги мужтаҳидларнинг шахсини аниқ билиш. Иккинчиси – мазкур масала бўйича мазкур мужтаҳидларнинг барчаларининг фикрларини ўрганиб чиқиш. Бу икки иш ҳам узрлидир...» деган далиллари сиртдан қараганда тўғри ва мақбулга ўхшаб кўринади. Лекин ижтиҳоднинг барча асрлари учун тўғри келмайди.
Ўтган солиҳлар даврини икки имтиёзли асрга тақсимланади.
Биринчиси – Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумоларнинг даври.
Иккинчиси – Усмон розияллоҳу анҳунинг давридан бошлаб мужтаҳидлар инқирозга учрагунча бўлган давр.
Биринчи асрда мусулмонлар иши бир бутун эди. Мужтаҳидлар маълум ва машҳур эдилар ва уларнинг барчаси Мадийнада яшар эдилар. Эҳтиёж тушганда уларнинг ўзларини ва фикрларини ўрганиш жуда ҳам осон эди. Хусусан, Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида катта саҳобаларнинг Мадийнадан чиқишлари манъ қилинган эди.
Бундай шароитда ижмоъ собит бўлиши жуда ҳам осон ва шундай бўлган ҳам.
Аммо кейинги пайтларда ижмоъ собит бўлиши қийинлашган бўлиши мумкин.
Жумҳур уламолар ижмоънинг борлигига воқеъликда бўлган ишлардан далил келтирадилар. Саҳобалар закотни бермаган кимсаларга қарши уруш қилишган, ҳолбуки, закот бермаганлар иймонни даъво қиларди ва намоз ўқирдилар.
Саҳобалар Қуръонни бир мусҳафга жамлаганлар. Улар олти синфдаги нарсаларда рибо бўлишига ҳам ижмоъ қилганлар. Муслиманинг ғайри муслимга никоҳи ботиллиги, никоҳ вақтида маҳрни белгиламасдан никоҳ жоизлиги, бир аёлнинг устига аммасининг ёки холасининг никоҳи ҳаромлиги, бувиларнинг закотдан олтидан бир улуш олишлиги, ўғил неварани мерос олишликдан ўғил тўсиб қўйишлиги ва шу каби бир қанча нарсалар саҳобалар ижмоъи ила собит бўлгандир.
Бугунги кунда ҳам ҳукуматлар ва Ислом Фиқҳи академияси томонидан илмий анжуманлар ташкил қилиниб, шаръий қоида асосида ижтиҳод қилишга аҳл бўлган илм соҳибларининг хушомадгўйлик ва ёнбосарликни бир ёққа қўйиб ижмоъ қилиши эҳтимоли бор.
Аммо Қуръон ва Суннатда айтилмаган нарсалар борасидаги ижмоъ осонлик билан амалга ошмайдиган машаққатли ишдир. Чунки, саҳобалар ва бошқа мужтаҳидлар ораларидаги фикрлар ҳам бу каби айтилмаган масалалар юзасидан турлича бўлгандир. Агар ижмоъ бўлса ҳам, зонний бўлади, қатъий эмас.
Бу борада бирдан-бир ижмоъ музорабанинг машруъ бўлишлигидир. Уламолар музораба жоизлигига ижмоъ қилганлар. Бу борада биронта ҳам саҳиҳ насс(матн) йўқ. Бу нарсага Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида ҳам амал қилинарди, аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам буни инкор қилганлари ёки бунга иқрор бўлганлари ҳақида ҳеч бир гап бўлмаган.
Имом Шофеъий: «Хилоф бўлмаган барча нарсаларда ижмоъ бўлавермайди», деган.
Имом Аҳмад: «Ким ижмоъни даъво қилса, ёлғончидир», деган. Аммо, улар бу гапларни одамлар диққатли бўлиши ва нарсаларнинг собитлигини яхши текшириб кўриши учун айтганлар. Етиб келган барча нарсани ижмоъ қилиб олавермасинлар, балки ўша нарсанинг субутини яхшилаб ўрганишлари лозимлиги учун мана шу гапларни айтганлар. Ижмоъни инкор қилиш учун эмас.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фиқҳ илмининг асоси бўлмиш .Усулул фиқҳ, муҳим илмлардан биридир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тарийқа истинбот этганларини мазкур илм давоми...

2948 11:52 / 18.04.2017
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин у зотнинг саҳобалари Қуръони Каримда ҳам, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам давоми...

4396 22:07 / 18.04.2017
Таърифи, арконлари, ҳужжатлиги, шартлари, иллат маслаклари ва қисмлари..Қиёс, сўзи луғатда .бир нарсани бошқаси билан ўлчаш,, яъни .бирон нарсанинг ўлчовини билиш, давоми...

5267 22:06 / 18.04.2017
1. Юқорида зикр этиб ўтилган ҳукмларни .амалий ҳукмлар, деб номланади. Яъни, шариатнинг бу ҳукмлари банданинг амал қилишига оид ҳукмлардир. 2. Буларнинг муқобилида давоми...

4149 02:52 / 19.04.2017
Аудиолар

118750 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40709 14:35 / 11.08.2021