1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Кун ҳадиси

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади

16:35 / 11.05.2017 4257 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Ким «Аллоҳдан ўзга илоҳи маъбуд йўқ, У Ўзи ёлғиздир, Унинг шериги йўқ. Албатта, Муҳаммад Унинг бандаси ва Расулидир ва албатта, Ийсо Аллоҳнинг бандаси, Унинг Расули, Марямга ташланган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир, жаннат ҳақдир, дўзах ҳақдир», деб гувоҳлик берса, Аллоҳ уни нима амал қилган бўлса ҳам, жаннатга киритади», дедилар».

Икки шайх ривоят қилганлар.

Шарҳ: 

Убода ибн Сомит Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: 

«Қайси саҳобалар сизга яқинроқ?» деб сўрадилар. 

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Абу Бакр, Умар, Усмон, Али ва сен, эй Убода» деб, яна бир қанча улуғ саҳобаларни зикр қилдилар.

Убода ибн Сомит ҳижратнинг 34-йили Байтул Мақдисда 72 ёшларида вафот этдилар.

Ушбу ҳадисда иймон ва тавҳиднинг фазли ҳақида, яъни қуйидаги нарсаларга иймон келтиришнинг фазли ҳақида сўз кетмоқда:

1. Аллоҳдан ўзга бандалар ибодатига сазовор илоҳий маъбуд йўқлигига;

2. Аллоҳнинг ёлғиз эканига;

3. Аллоҳнинг шериги йўқлигига;

4. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига;

5. Ийсо алайҳиссалом ҳам Аллоҳнинг бандаси ва Расули эканига;

6. Ийсо алайҳиссалом Аллоҳнинг Марям онамизга ташланган калимаси эканига, яъни «Бўл!» деганида отасиз дунёга келганлигига;

7. Ийсо алайҳиссалом Аллоҳдан бўлган руҳ эканига;

8. Жаннат ҳақ эканига;

9. Дўзах ҳақ эканига иймон келтириш.

Ҳадисда ушбу нарсаларга шоҳидлик берган одамни, нима амал қилган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло жаннатга киритиши таъкидланмоқда.

Маълумки, Ислом дини янги келган пайтда дунёни ширк босиб ётар, одамлар Аллоҳ таолога ширк келтирар эдилар. Ҳатто туясини қумга соғиб, лой қилиб, ўзига «худо» ясаб оладиганлар ҳам бор эди. Ҳазрати Умар мушриклик пайтларида хурмо мевасини бир-бирига ёпиштириб, «худо» ясаб, унга ибодат қилганини, кейин қорни очиб, ўша «худо»ни еб қўйганини айтиб, жоҳилият аҳмоқлиги устидан кулиб юрар эдилар.

Ана шундай ҳолатда Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни тавҳид (яккахудолик) дини ила юборди. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўн уч йил давомида қилган ишлари кишиларни «Лаа илааҳа иллаллоҳу Муҳаммадур Расулуллоҳ»га чақириш бўлди. Ўша даврда нозил бўлган ояти карималарнинг маъноси ҳам шу эди. Айтилган ҳадиси шарифларнинг маъноси ҳам шу эди. Дарҳақиқат, ўша пайтда шаҳодат калимасини айтганлар комил мўмин бўлганлар. Чунки дастлабки пайтларда Исломнинг арконлари, ибодатлари ҳали жорий қилинмаган эди. Табиийки, ўша пайтда шаҳодат калимасини айтиб, ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсаларга гувоҳлик берганлар вафот этсалар, албатта жаннатий бўлганлар. Чунки улар ўша даврда жорий бўлиб турган Аллоҳнинг амрини тўлиқ адо этиб туриб, вафот этганлар.

Кейинчалик, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан сўнг бирин-кетин бошқа рукнлар, дин аҳкомлари жорий қилина бошлади. Энди мусулмонлар шаҳодат калимасини айтиш билан кифояланиб қолмасдан, ана шу рукнларни, аҳкомларни ҳам адо этишлари лозим бўлди. Аллоҳ таоло ояти карималарда мазкур рукн ва аҳкомларни бажармаганлар дўзахга тушишини айта бошлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларида ушбу маъноларни баён эта бошладилар. Энди «Шаҳодат калимасини айтган одам жаннатга тушади» деган гап билан кифояланилмайдиган бўлди. Бундан буён «Шаҳодат калимасини айтган, намоз ўқиб, рўза тутган, закот бериб, ҳажга борган одам жаннатга киради», дейиладиган бўлди. «Шаҳодат калимасини тасдиқ қилмаган киши дўзахга тушади», дейиш билан бирга, «намоз ўқимаган, рўза тутмаган, имкони бўла туриб, закот бермаган, ҳажга бормаган киши ҳам дўзахга тушади», дейила бошланди.

«Шаҳодат калимасини айтса бўлди, бошқа нарсаларнинг кераги йўқ», деганларнинг бу гапида заррача ҳам мантиқ йўқ. Агар шаҳодат калимасини айтиш етарли бўлса, Аллоҳ таоло нима учун бошқа рукн ва аҳкомларни фарз қилди? Ўша мантиқсиз шахслар ўзларининг мантиқсиз гаплари билан гуноҳи азимга журъат қилган бўладилар.

Бундай ҳолларда масаланинг туб моҳиятини, ҳамма тарафни атрофлича ўрганиб, сўнгра ҳукм чиқариш керак. Мисол учун, «Рўзадор киши Райян номли эшикдан жаннатга киради», деган маънода ҳадиси шариф бор. Шу ҳадисни далил қилиб: «Мен рўза тутсам бўлди, бошқа рукнларни ва аҳкомларни адо қилмасам ҳам жаннатга кираман», дейиши мумкинми? Йўқ, албатта!

Демак, «Аллоҳ таоло ушбу ҳадисда зикр қилинган нарсаларга гувоҳлик берган одамни, у нима амал қилган бўлса ҳам, жаннатга киритади», дейиш Исломнинг дастлабки, иймондан бошқа рукн ва аҳкомлари жорий қилинмаган даврига хосдир. Кейинги даврда қайси рукн жорий қилинган бўлса, у ҳам қўшилиб кетаверган. Шунинг учун намоз фарз қилинган даврдаги ҳадисларга қарасак, уларда «Намозни вақтида адо қилган одам жаннатга тушади», дейилган. Рўза фарз қилинган вақтдаги ҳадисларда рўзани тутган одам, закот фарз бўлган даврдаги ҳадисларда закот берган одам, ҳаж фарз бўлган даврдаги ҳадисларда ҳаж қилган одам жаннатга тушади, дейилган. Ҳаммаси мукаммал бўлгандан кейин айтилган ҳадисларда эса мазкур рукнларнинг ҳаммаси қўшиб айтилгани ҳам бор.

Ислом дини таълимотлари бир соат, бир кун ёки бир йилда жорий қилингани йўқ. Балки, йигирма уч йил давомида, аста-секин жорий қилинди. Иймон масаласи мураккаб масала бўлганидан, мазкур йигирма уч йилнинг катта қисми – ўн уч йили иймонни мустаҳкамлашга қаратилди. Қолган ўн йилда бошқа рукн ва аҳкомлар аста-секин, бирин-кетин жорий қилинди. Ушбу ҳақиқатни тўғри англаб етиш юқоридагиларга ўхшаш масалаларни тушунишга ёрдам беради. Бошқа вазиятда айтилган бир ҳадисни ушлаб олиб, Исломнинг бир рукни, яъни иймон рукнидан бошқа ҳамма рукн ва аҳкомларини бекорга чиқариб юборишга ҳеч ким ҳақли эмас. Аллоҳ хоҳласа, ҳадиси шарифларни ўрганиб боришимиз давомида бунга ўхшаш масалалар яна ҳам равшан бўлиб боради. Ушбу бобда келадиган бошқа ҳадислар шу маъноларни тўлдириб келади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . .67311. Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни .Ким подшоҳини хўрласа, Аллоҳ ҳам уни хўрлайди,, деб давоми...

1649 09:19 / 15.02.2019
. ,. . 80. Абу Қатода Суламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бирортангиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракъат давоми...

1376 09:32 / 21.10.2019
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Абу Толҳа Мадинада ансорийлар ичида энг бой одам эди. Молу мулкининг ичида Байруҳо номли боғ энг севимлиси эди. давоми...

2472 10:10 / 06.07.2021
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадиНабий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, Аллоҳ рашк қиладир. Аллоҳ таолонинг рашки кишининг Аллоҳ ҳаром қилган нарсасини қилмоғидан келади,, дедилар,.Муттафақун алайҳ.

2419 09:20 / 25.12.2017
Аудиолар

120118 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41783 14:35 / 11.08.2021