744 07.05.2017

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Сабр ва намоз ила ёрдам сўранг. Ва албатта, у чин дилдан қўрқувчилардан бошқаларга жуда катта ишдир» (Бақара сураси, 45-оят).

Биз «ёрдам сўранг» деб таржима қилган ибора араб тилида «истаъийну» деб келган. Бу сўзнинг маъноси бир ишга уриниб туриб, яна қўшимча ёрдам сўрашни англатади.

Демак, мусулмон киши ҳар бир ишга астойдил уринади ва шу билан бирга, Аллоҳ таолодан ёрдам сўрайди. Сабр, кўпчилик хаёл қилганидек, салбий маънодаги тушунча эмас. Яъни, нима бўлса ҳам сабр қиляпман, деб ҳаракатсиз туриш сабр эмас. Аксинча, сабр – Аллоҳ таолонинг айтганини бажариш жараёнида дуч келадиган машаққатларни енгишдан иборатдир.

Энг бош сабр ҳавойи нафсни, роҳат-фароғатни, мансабни тарк қилиб, Аллоҳ таолонинг айтганига юришга чидамдир.

Намоз эса бандани Аллоҳ таолога боғлаб турувчи нарса бўлиб, инсон намоз орқали қувват, матонат, чидам ва бардошга эришади. Расулуллоҳ алайҳиссалом қачон бошларига қийин иш тушса, намоз ўқишга шошилар эдилар.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида бундай марҳамат қилади...

Аллоҳ таоло мўмин бандаларига буюради:

«Аҳлингни намозга амр эт ва ўзинг унга сабр қил. Сендан ризқ сўрамасмиз. Биз сенга ризқ берамиз. Оқибат тақвоникидир» (Тоҳа сураси, 132-оят).

Мусулмоннинг бурчи аҳлини, оиласини мусулмон қилишдир. Бу ишда намоз муҳим ўрин тутади. Шунинг учун аҳлингни, оила аъзоларингни намоз ўқишга буюр. Ўзинг ҳам сабр ила намозда бардавом бўл ва аҳлингни намозга ундашда давом эт.

Бало-синовларга сабр қилиш ҳақидаги оятлардан:

Аллоҳ таоло Муҳаммад сурасида бундай деб марҳамат қилади...

Сабр ҳақида Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримада шундай деб марҳамат қилади:

«Эй ўғилчам, намозни тўкис адо эт, маъруфга буюр, мункардан қайтар ва ўзингга етган мусибатга сабр қил. Албатта, булар азиматли ишлардандир» (Луқмон сураси, 17-оят).

Мўмин-мусулмон одам гоҳида қаршиликка учрайди. Одамлардан унга турли озорлар етади. Шундай ҳол рўй берса,

«...ўзингга етган мусибатга сабр қил».

Сабр қилмасанг, иш битмайди.

Мўмин бандага амр қилинган ишлар азму қарор билан адо этилиши лозим бўлган аҳамиятли ишлардир. Шунинг учун ҳам уларни адо этишда сабр керак бўлади.

Аллоҳ таоло сабр билан тақвони бирга зикр қилади ва сабрнинг ажри улуғ эканини алоҳида таъкидлайди:

«(Менинг номимдан) айт: «Эй иймон келтирган бандаларим, Роббингизга тақво қилинг. Бу дунёда яхшилик қилганларга яхшилик бордир. Аллоҳнинг ери кенгдир. Албатта, сабр қилувчиларга ажрлари ҳисобсиз, тўлиқ берилур» (Зумар сураси, 10-оят).

Баъзи уламоларимиз бу оятни «Сабр қилувчиларга ажрлари берилаётганда ҳисоблаб ўтирмасдан, улгуржи бериб юборилади», деб таъвил қилганлар.

Сабр Набий ва солиҳларнинг сиймосидир.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

«Ва Исмоил, Идрис ва Зулкифлни (эсла). Уларнинг ҳар бири сабр қилувчилардандир. Ва уларни Ўз раҳматимизга киритдик. Албатта, улар солиҳлардандир» (Анбиё сураси, 85-86-оятлар).

Бу ерда Исмоил алайҳиссаломнинг сабр-тоқатларига алоҳида урғу берилмоқда. Исмоил алайҳиссалом ҳақиқатан юқори даражада сабр намуналарини кўрсатганлар. У киши ўсимлик ўсмайдиган саҳроларда сабр қилиб ўсганлар. Байтуллоҳни қуришда оталари Иброҳим алайҳиссаломга сабр ва матонат билан ёрдам берганлар. Ўзларини қурбонлик учун сўйиш амри келганида ҳам чиройли сабр қилганлар.

Идрис алайҳиссалом ҳам қавмларининг кирдикорларига сабр қилганлар. Ушбу оятда ҳам у кишининг сабр сифатлари алоҳида ёд этилмоқда.

Зулкифл алайҳиссалом ҳам сабр қилувчилар қаторига қўшилмоқдалар.

Сабрлари туфайли Аллоҳ таоло уларни Ўз раҳматига киритди. Яхшиликлар ато этди. Улар аҳли солиҳлардан бўлдилар. Шунинг учун ҳам Қуръонда зикр қилинмоқдалар.

Аллоҳ таоло азму омонат соҳиби бўлган расулларнинг сабрини алоҳида зикр қилади:

«Бас, азиймат соҳиби бўлган расуллар сабр қилгандек, сабр қил, уларга (азоб етишига) ошиқма! Улар ваъда қилинган нарсани кўрганларида, худди (бу дунёда) кундуздан бир лаҳзагина турганга ўхшарлар. Бу етказишдир! Бас, фақат фосиқ қавмлар ҳалок қилинур, холос!» (Аҳқоф сураси, 35-оят).

«Улул азм», яъни азму матонат соҳиби бўлган расуллар Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Ийсо алайҳиссаломлардир. Бу буюк расулларнинг ҳар бирларининг бошларига иймон йўлида, дину диёнат йўлида қанчадан-қанча кулфатлар ёғилган. Лекин улар сабр-матонатда зарбулмасал бўлганлар.

Бу ҳақиқатни кўпчилик, жумладан, Муҳаммад алайҳиссалом ва у зотнинг умматлари ҳам яхши биладилар. Шунинг учун улар ўз даврларида Макка мушрикларининг қаршиликларига учраб, қийин ҳолга тушганларида «Улул азм» номини олган буюк расуллардан ўрнак олишга чақирилаяптилар.

«Бас, азиймат соҳиби бўлган расуллар сабр қилгандек, сабр қил, уларга (азоб етишига) ошиқма!»

Ул зоти бобаракот бу илоҳий амрга амал қилдилар ва ўзлари ҳам «Улул азм» расуллар сафидан ўрин олишга муяссар бўлдилар.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
(руҳий тарбия китобидан)