1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Тоат ва ибодат орасидаги фарқ

05:00 / 14.03.2017 6344 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибодат баркамол неъмат берувчига баркамол қуллик қилишдир. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таолодан бошқага ибодат қилиб бўлмайди. Ибодат қилинувчининг маърифати ҳосил бўлмагунича, ибодат ҳам ҳосил бўлмайди.

Тоат уни ирода қилувчининг иродасига мувофиқ воқеъ бўлган ишдир. Тоатни ирода қилувчи уни адо қилувчидан юқори мартабада бўлиши шарт. Тоат Холиққа ҳам, махлуққа ҳам бўлаверади. Тоат бировга эргашишни истамаса ҳам бўлаверади. Мисол учун, баъзилар шайтонга эргашишни истамасалар ҳам, унга тоат қилишлари мумкин.


Ибодат икки турли бўлади:

Биринчиси–беминнат хизматкор бўлиш ибодати. 

Бунда инсоният, ҳайвонот ва наботот оламлари тенгдир.

Иккинчиси–ихтиёрий ибодат.

Бунда фақат инсон қиладиган ибодат кўзда тутилади.

Ибодатнинг ҳақийқати:

Ибодат, аслида, ўзини ғоятда хокисор тутиш ва ғоятда олий даражада бўйсунишдир. Шунинг учун ҳам, шариат мукаллаф бандалардан таклиф қилган амаллар «ибодат» деб номланган.

Қуръони Каримда «ибодат» сўзи «тавҳид» ва «тоат» маъноларида келган.

Аллоҳ таоло «Заарийаат» сурасида: «Ва эслатгин. Албатта, эслатиш мўминларга манфаат берур. Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим. Мен улардан ризқ хоҳламайман ва Мени овқатлантиришларини ҳам хоҳламасман. Албатта, Аллоҳ Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир», деган (55–58-оятлар).

Ушбу қисқагина оятларда улкан ҳақийқат ўз ифодасини топган. Одамлар ва жинларнинг яратилишидан ягона мақсад Аллоҳ таолога ибодат қилиш экан. 

Кўпгина исломий тушунчалар қатори ибодат тушунчасида ҳам хатолар содир бўлган. Оқибатда, ҳозирги кунимизда «ибодат» деганда кишилар онгида намоз, рўза, қироат, зикр каби нарсаларгина намоён бўлади. Тўғри, мазкур амаллар улкан ибодатлардир, буларсиз Исломни тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо ушбу тушунча билан ҳозир тафсир қилаётган оятимизга мурожаат қиладиган бўлсак, инсонлар ва жинлар бутун умрларини намоз ўқиб, зикр қилиб ўтказмоқлари лозим бўлиб қолади. Чунки, инсу жинни Аллоҳ таоло фақат Ўзига ибодат қилиши учун яратган.

«Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим.»

Намозу рўза, зикру тиловатдан бошқа ишга қўл урган шахс, ҳалигидай тушунча бўйича, Аллоҳнинг иродасига қарши чиққан осий бўлади.

Ҳолбуки, бошқа оятларда Аллоҳ таоло бандаларини ер юзини обод қилишга, оила қуришга ва бош-қа ишларга буюрган. Инсонни Ўзининг ер юзидаги халийфаси (ўринбосари) деб эълон қилган. 

Демак, «ибодат» маъносининг бошқача талқини ҳам бўлиши керак.

Келинг, «ибодат» сўзининг луғавий ва истилоҳий маъносини ўрганиб чиқайлик-чи, қандай натижага эришар эканмиз. 

«Ибодат» сўзи араб тилида, «бўйсуниш», «ўзини паст тутиш», «итоат этиш» ва «амрни бажариш» маъноларини англатади. 

Демак, ҳар бир ишда Аллоҳ таолога бўйсуниш, итоат қилиш, Аллоҳ таолонинг амрларини бажариш, ҳузурида ўзини паст олиш Аллоҳ азза ва жаллага ибодат қилишни англатар экан. 

Уламолар истилоҳида эса, Аллоҳ таолога яқинлик ҳосил қилиш учун қилинадиган ҳар бир иш ибодатдир. 

Алоҳида таъкидлаб айтмоқ лозимки, намоз, рўза, ҳаж, закот каби ибодатлар Исломнинг негизини ташкил этади. Улар улкан ибодатлар, буларсиз инсон мусулмон бўлиши қийин. Бу ердаги хато «ибодат» маъносини фақат мазкур амалларга боғлаб қўйишдадир. 

Шунинг учун, одам намоз ўқиётганда ўзини Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳис қилади-ю, касб билан шуғулланаётганда Аллоҳ таолога номаъқул иш қилаётгандек туюлиши мумкин. «Ибодат» маъносини тўғри тушунадиган бўлсак, унинг жуда кенг ва комил тушунча экани маълум бўлади. Ҳар бир ишимизни шариатга мос қилиб, Аллоҳ таолонинг амрига, Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ олиб борсак, ҳар бир ишимиз ибодатга айланади, савоб ўрнига ўтади. 

Бунинг учун икки асосий шартга амал қилмоқ зарур:

–Ҳар бир иш Қуръон ёки суннатга мувофиқ бўлмоғи лозим. 

–Ҳар бир ишни қилиш ёки тарк этишда Аллоҳнинг розилигини исташ керак. 

Шунда ҳар бир ишимиз ибодатга айланади. Демак, ниятни яхшилаш лозим. 


Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, ҳар бир иш ниятга боғлиқ, ҳар бир киши нимани ният қилса, ўшанга етади...» деганларини эшитдим».

Икки Шайх ривоят қилишган.

Исломда «ибодат» маъноси кенг тушунча эканлигига Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шариф ҳам далил-ҳужжат бўлади:


Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир гуруҳ кишилар: 

«Ё Расулуллоҳ, бойлар ажру савобни олиб қўйдилар, чунки бизга ўхшаб намоз ўқишади, рўза тутишади ва яна устига ортиқча молу дунёларидан садақа қиладилар», – дейишди. Ул зот:
«Аллоҳ таоло сизларга ҳам садақа қиладиган нарсаларни бериб қўймаганми? Ҳар бир тасбиҳ садақа, ҳар бир такбир ҳам садақа, ҳар бир таҳлил ҳам садақа, амру маъруф ҳам садақа, наҳйу мункар ҳам садақа ва ҳар бирингизнинг шаҳватингизда ҳам садақа бор», – дедилар. Шунда одамлар:
«Биронтамиз шаҳватимизни қондирсак ҳам ажр оладими?» – деб сўрадилар. Расулуллоҳ алайҳиссалом:
«Айтинглар-чи, шу ишни ҳаромдан бажарса, унга гуноҳ бўлармиди? Худди шунингдек, ҳалолдан бажарса, унга ажр бўлади», – дедилар
».

 Муслим ривоят қилган.


«Мен улардан ризқ хоҳламайман ва Мени овқатлантиришларини ҳам хоҳламасман.
Албатта, Аллоҳ Ўзи ризқ берувчи, қувват эгаси, шиддатлидир
» («Заарийаат сураси, 57-, 58-оятлар).

Демак, Аллоҳ таоло инсу жиндан ризқ сўрамайди, балки уларга ризқ беради. Улардан таом сўрамайди, балки уларга таом беради. Аллоҳ таолонинг бирдан-бир ирода қилгани ибодатдир, инсу жинни яратишдан мақсади ҳам шудир. Лекин ибодатдан кимга фойда бор? Ибодат қилувчининг ўзига. Унга икки дунёнинг бахтини ибодат беради.

Аллоҳ таоло «Йаасийн» сурасида: «Мен сизларга: «Эй, одам болалари, шайтонга ибодат қилманг, албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир.

Ва Менга ибодат қилинг, мана шу тўғри йўлдир», деб амр қилмаган эдимми?!» деган (60-, 61-оятлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам ибодатнинг аҳамияти жуда равшан баён қилинган.


Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларига, Уфайр номли эшакда мингашиб борар эдим. Ул зот:
«Эй Муоз, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи нимаю, банданинг Аллоҳдаги ҳаққи нима эканини биласанми?» – дедилар.
«Аллоҳ ва Унинг Расули билувчилар», дедим.
Ул зот:
«Албатта, Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи уларнинг Аллоҳга ибодат қилишлари, Унга бирор нарсани ширк келтирмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи эса, ким Унга бирор нарсани ширк келтирмаса, ўшани азобламаслигидир», – дедилар.
«Ё Расулуллоҳ, одамларга башорат берайми?»– дедим.
Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уларга башорат берма, яна, суяниб қолмасинлар», – дедилар
».

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Мени бир амалга далолат қилингки, уни қилсам жаннатга кирай», – деди. Ул зот:
«Аллоҳга ибодат қиласан ва Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан. Фарз намозни қоим қиласан. Фарз қилинган закотни адо этасан. Рамазон(рўзаси)ни тутасан», –дедилар.
«Жоним унинг қўлида бўлган Зот билан қасамки, бундан зиёда қилмайман», – деди.
У қайтиб кетгач, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Кимни аҳли жаннатдан бир одамга назар солиш хурсанд қилса, бунга назар солсин», – дедилар
».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.


Абдуллоҳ ибн Муовия ал-Ғозирий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарса борки, ким уларни қилса, иймон таъмини тотган бўлади: ким Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилса ва албатта, «Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ», деса, молининг закотини ихлос ва чин қалбдан ҳар йили ёрдам ўлароқ берса. Қарисини, ифлосини, касалини ва сутсизини бермаса. Лекин молингизнинг ўртачасидан бўлса. Албатта, Аллоҳ сиздан яхшисини сўрагани йўқ, ёмонига амр қилгани ҳам йўқ», – дедилар
».

Абу Довуд ва Тобароний ривоят қилишган.


Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Бир куни юриб бораётганимизда у зотга яқинлашиб:
«Ё Расулуллоҳ, менга мени жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг», – дедим.
«Батаҳқиқ, буюк нарсани сўрадинг. Зотан, у Аллоҳ муяссар қилган кимса учун жуда ҳам осондир. Аллоҳга ибодат қиласан. Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайсан. Ҳамда намозни қоим қиласан. Закотни адо этасан. Рамазон (рўзаси)ни тутасан. Байтни ҳаж қиласан», – дедилар. Сўнгра:
«Сени яхшилик эшикларига далолат қилиб қўяйми? Рўза сақловчидир. Садақа, худди сув оловни ўчиргандек, хатоларни ўчиради. Кишининг тун ичида ўқиган намози солиҳларнинг шиоридир», – дедилар ва «Ёнбошлари ётар жойларидан жафода бўлурлар» оятини тиловат қилдилар. Сўнгра эса:
«Сенга ишнинг боши, умуртқа поғонаси ва ўркачининг чўққиси ҳақида хабар берайми?» – дедилар.
«Ҳа, албатта, ё Расулуллоҳ», – дедим.
«Ишнинг боши Исломдир. Унинг умуртқа поғонаси намоздир. Унинг ўркачининг чўққиси эса жиҳоддир», – дедилар. Сўнгра эса:
«Сенга ўшаларнинг ҳаммасига молик бўлган нарсанинг хабарини берайми? – дедилар. Мен:
«Ҳа, албатта, ё Набиюллоҳ», – дедим.
Бас, у зот тилларини тутдилар ва: «Мана буни тийгин!» – дедилар.
Ё Расулуллоҳ, биз гапирган нарсамиз учун албатта (иқобга) олинамизми?» – дедим.
«Онанг азангни тутсин, эй Муоз. Одамларни тилларининг маҳсули дўзахга юз тубан (ёки тумшуқлари ила) туширмаса нима туширар эди!?» – дедилар
». 

Имом Термизий «Иймон боби»да ривоят қилган.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ учун Зулҳижжанинг ўн куничалик Унга ибодат қилишга маҳбуброқ кун йўқ. Уларнинг бир кунлик рўзаси бир йиллик рўзага тенгдир. Уларнинг бир кечасини бедор ўтказиш эса, Лайлатул қадрни бедор ўтказишга тенгдир
», – дедилар. 

Термизий ривоят қилган.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қул қачонки хожасига насийҳат қилса ва Роббисига ибодатни яхшилаб қилса, унинг ажри икки марта бўлгай», – дедилар
». 

Учовлари ривоят қилишган.

Ибодат ҳақидаги ҳикматли сўзлардан намуналар:

–Абу Дардо розияллоҳу анҳу Маслама ибн Махладга ёзган мактубида ёзади:

«Аммо баъду: Қачон банда Аллоҳ таолонинг тоатига амал қилса, унга Аллоҳ муҳаббат қилади. Қачон Аллоҳ муҳаббат қилса, уни ўз халқига маҳбуб қилиб қўяди.

Қачон банда Аллоҳ таолога маъсият қилса, уни Аллоҳ ёмон кўради. Қачон Аллоҳ ёмон кўрса, уни ўз халқига ёмон кўрсатиб қўяди».

–Ибн Қайюм айтади:

«Ибодатнинг мадори ўн беш асосдадир. Ким уларни мукаммал қилса, бандалик мартабаларини мукаммал қилган бўлади. Бунинг баёни қуйидагича: Ибодат қалб, тил ва аъзоларга тақсимланган. Бандалик аҳкомлари бешта: фарз, мустаҳаб, ҳаром, макруҳ, мубоҳ. Улар қалб, тил ва аъзоларнинг ҳар бирига оиддир. (Ҳаммаси ўн бешта бўлади)».


Ибодатнинг фойдаларидан:

1. Ибодат мақом ва маконни юқори қилади.

2. Ибодатда улкан савоблар бор.

3. Ибодатда Роббул оламийннинг розилиги бор.

4. Ибодатда дийннинг аломати бор.

5. Ибодатда яқийннинг далили бор.

6. Ибодатнинг мукофоти жаннатда сокин бўлишдир.

7. Ибодат таваккулнинг далилидир.

8. Ибодат оқиллик аломатидир.

9. Ибодат Аллоҳ таоло берган тавфиқнинг аломатидир.

10. Ибодат қилган одамни фаришталар қанотлари билан ўраб муҳофаза қилади.

11. Ибодат қилган одамнинг атрофига раҳмат ёғилади.

12. Ибодат банданинг ўзига берилган неъматга шукр қилиши сувратларидан биридир.

13. Яхши ибодатнинг самараси Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлишдир.

14. Ибодат қабр саволида нажот беради.

15. Ибодатнинг самараси сабрдир. Сабрнинг самараси яхши эваздир.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ўтган кишиларга сиғиниш, барча халқлар ўртасида кенг тарқалган ақидадир. Одамлар ўтиб кетганларга ўзларича худонинг сифатларини беришади. Кимки бу эътиқод давоми...

2403 05:00 / 13.03.2017
Сабр қилиш қийин ва машаққатли бўлса ҳам илм ва амал қоришмасидан унинг маъжунини тайёрласа бўлади. Зотан, қалбнинг барча хасталикларига худди шу икки нарса, илм давоми...

3506 05:00 / 14.03.2017
ТақдимҚуръон аҳлини Ўз аҳлим деб эълон қилган Аллоҳ таолога беҳисоб ҳамду санолар бўлсин. Қуръон аҳлининг пешвоси Росулимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи давоми...

2781 05:00 / 13.03.2017
Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Қадар жойида туриб, қадардан қочадиган кишига ҳайронман. Биродарининг кўзидаги ҳасни кўриб, ўзининг кўзига шохни давоми...

2442 05:00 / 13.03.2017
Аудиолар

120135 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41799 14:35 / 11.08.2021