1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Савдо, тижорат

Тижоратда тўғрисўзликка тарғиб

05:00 / 17.02.2017 2662 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тижорат инсониятнинг илк босқичларидан бери, дунё ва ҳаётнинг давом этиб келиши учун зарур бўлган касблардан бири экани шубҳасиз. Ана шундай улуғ мақомдаги касб ҳалол ва тўғрисўзлик ҳамда яхши ният ила адо этилса, у ибодат даражасига кўтарилади. “Тижорат ҳам ибодатдир” деганда шоир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларини назарда тутган бўлса ажаб эмас. Абу Саид разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

التاجر الصدوق الأمين مع النبيين و الصديقين و الشهداء

“Тўғрисўз, ишончли савдогар пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир!” (Имом Термизий ривояти, 3/1209).


Оламларга раҳмат қилиб юборилган Расули акрам, ҳабиби муҳтарам соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар савдогарлар ва тижорат аҳли тўғрисўз бўлсалар, савдо ишларида ўзаро ишончга эга бўлсалар, уларнинг даражалари юксак бўлишини башорат қилмоқдалар. Пайғамбарларнинг, сиддиқ ва шаҳидларнинг даражалари қиёматда нақадар улуғ бўлиши ўз-ўзидан маълум. “Эъло ус-сунан”да айтилишича, тижоратда тўғри сўз бўлишлик ва омонатдор, ишончли бўлиш пайғамбарлар, сиддиқ ва шаҳидларнинг афъолларидандир. Шунинг учун ҳам тўғрисўз ва ишончли савдогарлар улар билан бирга бўладилар. Агар тожирларнинг ниятлари холис бўлмаса, фақат ўзини ўйлаб, ўзгаларни ўйламайдиган бўлса ёки кофир ва фосиқ бўладиган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган бундай шарафга муяссар бўла олмайдилар.

Бинобарин, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам савдогарларни пайғамбарлар, сиддиқ ва шаҳидларга ҳавас қилган ҳолда тўғрисўз ва ишончли бўлишларига тарғиб қилганлар. Бу йўлда ул зот доимо тарғибот ва ташвиқот ишларини шахсан ўзлари олиб борганлар. Керак ўринларда савдо аҳлини огоҳлантириб, қўрқитиб ҳам турганлар. Жумладан, Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳайитда намозгоҳга чиқсалар, одамлар савдо-сотиқ билан шуғулланаётган эканлар. Уларга: “Эй, тижорат аҳли!” дея мурожаат қилдилар. Савдогарлар бошларини кўтариб, кўзларини Расулуллоҳ томонга қаратадилар. Шу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар:

إن التجار يبعثون يوم القيامة فجارا الا من إتقى و بر و صدق

“Қиёмат кунида савдогарлар ёлғончи гуноҳкор бўлиб тирилтириладилар. Фақат тақво қилган, яхшилик этган ва тўғри сўзлаган кимсалар бундан мустаснодир!” (Имом Термизий ривояти, 3/1210).

Савдогарлар ва тижоратчилар Аллоҳдан қўрқиб, тақво билан иш юритишлари лозим. Доим яхшиликни кўзлаб иш қилишлари, одамларга, ғариб-бечораларга яхшилик қилиб туришлари керак. Энг муҳими, савдода тўғрисўз бўлмоқлари даркор.

Абу Зарр ал-Ғифорий разийаллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар:

ثلاثة لا ينظر الله اليهم يوم القيامة و لا يزكيهم و لهم عذاب أليم. قلت من هم يا رسول الله فقد خابوا و خسروا قال: المنان، و المسبل إزاره، و المنفق سلعته بالحلف الكاذب

“Қиёмат кунида Аллоҳ уч нафар кимсага назар солмайди ҳам, уларни покламайди ҳам. Уларга аламли азоблар бор!”. Шунда “Эй, Расулуллоҳ! Адашган ва хатоликк йўл қўйиб, зиёнга учраган бу кимсалар кимлар?” деб сўрадим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Миннат қилувчи, иштонини судраб юрувчи, матосини ёғлон қасам билан берувчи” (Имом Термизий ривояти, 3/1211). 

Мазкур ҳадиси шарифда яхшилигини доим миннат қиладиган, кибру ҳаво билан кийимини ерга судраб юрадиган, нарсасини ёлғондақа қасам билан сотувчи кимсаларнинг қиёматдаги аҳволлари баён қилинмоқда. Бу йўл билан ана ўша жирканч ишлардан ҳазар қилиш лозимлиги англатилмоқда. 

Савдода тўғрисўз бўлиш жуда қийин ишдир. Бунинг учун савдогарлар доим Аллоҳни унутмасликлари, ҳамиша огоҳ туришлари, ўзларининг оғизларидан чиқаётган гап-сўзларга эътиборли бўлмоқлари лозим бўлади. Бу жиҳатни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам чуқур англаганлари боис унинг сабабларидан умматларини огоҳлантирганлар. Қайс ибн Ғараза разийаллоҳу анҳунинг айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даллол ва савдода воситачи бўлувчиларнинг олдига чиқиб, уларга қарата бундай деганлар: 

يا معشر التجار! إن الشيطان و الإثم يحضران البيع، فشوبوا بيعكم بالصدقة

“Эй, савдогарлар жамоаси! Шайтон ва гуноҳ савдо-сотиқда ҳозир бўлиб турадилар. Шунинг учун савдонгизни садақа билан аралаштириб туринглар!” (Имом Термизий ривояти, 3/1208).

Мазкур ҳадиси шарифда савдо-сотиқда шайтон ҳозир бўлиб туриши билинмоқда. Унинг савдода ҳозирлиги савдогарларни йўлдан уриш учун бўлиши ўз-ўзидан маълум. Савдогарлар шайтондан ҳазир бўлиб, унинг савдо устида бўлиши мумкинлигидан огоҳ бўлиб савдо-сотиқ ишларини юритмоқлари даркор бўларкан. Акс ҳолда, шайтоннинг гапига киргани эвазига, озгина маблағ билан бирга гуноҳни ҳам ундириши мумкин экан. “Садақа радди бало” даганларидек, савдодан орттирган бойлигидан садақа ва эҳсон қилиб туриш шайтон ва гуноҳдан сақланиш кафолати экан. Демак, саховатли бойларни шайтоннинг васвасасига йўлиқишлар ва уларни йўлдан оздириши мумкинлиги камаяр экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, тўғрисўз ва ишончли савдогар бўлиш қиёматдаги даражаларнинг юксаклигига кафолатдир!


Ҳамидуллоҳ Беруний



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Савдо борасида бўлиб ўтган жараёнлардан бири тармоқли маркетинг деб номланган савдо тури бўлди. Одамлар бу каби ишдан аввал хабардор бўлмаганлари учун алданиб давоми...

7327 16:03 / 17.10.2017
Ҳар бир жамият ва тузумнинг бойлик ҳақида ўз қараши ва тушунчаси бўлади. Аммо, динимиз Исломда бойликка муносабат қандай Шу ва шунга ўхшаш саволларга қуйида давоми...

7932 18:57 / 19.05.2018
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Одамлар миржалларга ўхшатиб бинолар қилмагунча қиёмат қойим бўлмайди,, давоми...

2931 05:00 / 17.02.2017
Сохр алҒомидий ривоят қилади Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Эй Аллоҳим, умматимнинг барвақт қилган ишларида барака бергинrdquo деб дуо қилдилар. У зот қўшинни давоми...

3856 05:00 / 17.02.2017
Аудиолар

120091 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41760 14:35 / 11.08.2021