1898 23.09.2017

Муҳаррам ойининг илк кунида, илк жумасида юртимизда Қуръони Каримга катта хизмат қилиб келаётган, қадим Мовароуннаҳр диёридаги Қуръон таълими анъанасининг муносиб давомчиларидан бўлган қадрдонимиз, устоз, шайх Алижон қори Файзуллоҳ ўғлининг волидаи меҳрибонлари Саййида она Тўхтамиш қизи оламдан ўтдилар.

Исмига монанд Саййида онамиз шамсий‑қамарий йил ҳисобида эндигина олтмиш бир ёшга тўлган эдилар. Ана шу мазмунли, ибратли умрлари мобайнида марҳума онамиз уч қиз, уч ўғилни оқ ювиб, оқ тараб, уларни дину диёнат хизматига, юл-юрт, Ватан хизматига ярайдиган, ҳусни хулқли қилиб, гўзал тарбияладилар, икки ўғил ва бир қизларини эса ҳофизи Каломуллоҳ, аҳли илм қилиб етиштирдилар. Бу шарафли мартаба, юксак мақомга эришишда нафақат фарзандларнинг хизмату илтифотларидан узоқ бўлиш, балки йиллар давомида уларнинг фироқига, соғинчига ҳам матонат билан рози бўлдилар.

Саййида онамиз фарзандларни ўзлари учун эмас, динимиз учун, халқимиз учун тарбия қилиб, эл-юртга тақдим этдилар, бу йўлда ҳар қандай меҳнат ва машаққатни зиммаларига олдилар. Бу эса бу волидаи муҳтараманинг Қуръони Каримга, илм-маърифатга ихлосу муҳаббатларининг буюклигидан эди. Ана шундайин ҳимматларининг маҳсули ўлароқ Аллоҳ йўлига тиккан фарзандлари Алижон қори тиним билмай Қуръони Каримга хизмат қилмоқдалар. Қадим Миср ўлкасида, Ватандан узоқда истиқомат қилиб,  нафақат юртимиздан, балки бутун Марказий Осиёдан борган толиби илмларга Қуръони Каримдан таълим бермоқдалар.

Шу муносабат билан «Ҳилол-нашр» ҳамда ислом.уз портали жамоаси барча аҳли Қуръонлар, аҳли илмлар номидан, бутун ўзбек халқи номидан Саййида онамизнинг фарзандларига, хонадон аҳлига, қариндошлари, яқинларига чуқур таъзия изҳор қилади.

Аллоҳ таоло Ўзининг Каломига хизмат қилаётган шундай муносиб фарзандларни дунёга келтириб, тарбиялаган мушфиқа онамизни Ўз раҳматига олсин!

Ортларидан қолган Қуръон ходиму ходималарининг хизматлари ва тиловатларидан қабрларини мунаввар қилсин, амал дафтарларига қиёматгача узлуксиз ажру савоблар бориб туришини насиб этсин!

Барча азизларимиздан бу волидаи муҳтарамамизнинг руҳи покларини тиловат ва хайрли дуолар билан ёд этишларини сўраб қоламиз.