6127 22.07.2017

БИР ҚУРЪОН УСТОЗИДАН АЙРИЛДИК

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Ҳар бир жон ўлимни тотувчидир», деб марҳамат қилган. У Зот яна: «Ҳар бир уммат учун муддат бор. Бас, қачонки, уларга муддатлари келса, бирор соат орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмаслар», дея амр этади. Ҳа, вақти-соати келганда тақдир қаламига ёшу қари, соғу касал, шоҳу гадо бўйсунишга мажбурдир.  

Юртимиз қорилари, хусусан, Андижон аҳли оғир жудоликка учради. Кеча, яъни ҳижрий 1438 сана 26 шаввол, милодий 2017 йил 22 июл жума куни юртимиздаги Қуръон устозларидан, умрини Каломуллоҳ хизматига бағишлаган Қуръон ходимларидан бири Окифхон қори ака қон босими ошиши оқибатида тўсатдан вафот этди. Аллоҳ у кишини раҳмату мағфиратига олсин!

Окифхон қори ака милодий 1961 йил 20 Сентябр, ҳижрий 1381 сана 10 рабиус-сонийда Андижонда илму маърифатли оилада туғилган. Отаси Обиджон ака ҳунарманд, мухлис, ўзига яраш илмли инсон бўлган. Онаси Фотимахон (Уммухон ҳам дейишар эди) пошша эса шаҳарда Қуръон таълимида пешқадам бўлган отин ойилардан бири, ўтган асрда юртимиздаги энг катта Қуръон устозларидан Муҳаммад Мубин қори аканинг синглиси, улуғ олим Аминжон Махдум домланинг қизи бўлган.

Окифхон қори ака Обиджон ўғли дастлаб онасининг қўлида савод чиқарган. Кейин катта устоз, тоғаси Муҳаммад Мубин қорибувада Қуръондан таълим олган ва 13 ёшида Қуръони Каримни тўлиқ ёд олган. Қуръон такрорини маромига етказиб, ҳифзини мустаҳкам эгаллагач, илм олишга киришган. Араб тили ва у орқали фиқҳий-ақидавий китоблардан Муҳаммад Мубин қори даданинг кенжа ўғли Раҳматуллоҳ қори ака қўлида таълим олган.

Окифхон қори ака ҳам ҳофизи Қуръон, ҳам аҳли илм инсон бўлиб, ахлоқу одобда, билиму тақвода ҳам пешқадам кишилардан эди. Муомала маданияти, гўзал одоб борасида аждодлар изидан борган, ўша улуғ мадрасанинг кўзга кўринган вакилларидан эди. Келишган қоматли, виқорли, самимий, ғайрату шижоатли, дилкаш, яхши суҳбатдош, ширинсўз, хушмуомала, оқибатли инсон эди. Хусусан, ота-онага хизмат қилиш, волидага иззат-икром кўрсатишда жуда катта ҳиммат ва юксак намуна кўрсатган эди. Билганлар у кишини онасининг дуосини олган фарзанд деб танирди. Ибодатга полвон, ниҳоятда парҳезкор, жамоат намозига интиқ одам эди. Илм ва илм аҳлига мухлис, дин хизматига камарбаста, диний ҳамияти олий киши эди. Айниқса, улуғ устоз Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳимаҳуллоҳ ҳазратларига чексиз муҳаббатли, у кишига ўзини шогирд деб билар эди.

Окифхон қори ака ёшлигидан Қуръон хизматига бел боғлаб, юздан ортиқ ҳофизи Қуръон етиштирган. У кишидан таълим олган бир қатор қорилар юртимиздаги масжидларда халқимизга Қуръон хатм қилиб бермоқдалар. У киши бир умр Қуръонга муҳаббат, шавқу завқ билан ва Қуръон хизматида ҳаёт кечирди, десак, муболағаси йўқ. Сўнги йилларда шаҳарда энг кўзга кўринган аҳли Қуръон ва дуогўй кишилардан бўлиб фаолият олиб бораётган эдилар.

Окифхон қори акадан икки ўғил, икки қиз фарзанд қолди. Ўғиллари ҳам ҳофизи Қуръонлардан. У кишига ўзини маънавий фарзанд – шогирд деб биладиган инсонлар эса жуда ҳам кўп.

Аллоҳ таоло устоз Окифхон қори оғамизни Ўз раҳматига олсин! Қуръонга, мўмин-мусулмонларга кўрсатган хизматларининг ажру савобини кўпайтириб берсин ва Каломуллоҳ шафоатини насиб айласин!

Шу муносабат билан «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси ҳамда Ислом.уз портали юртимизда узоқ йиллар дин хизматида, Қуръон хизматида ҳаёт ўтказган устоз Окифхон қори аканинг  у кишининг оила аъзоларига, фарзандларига ва барча яқинларига чуқур таъзия изҳор қилади. Барчаларига Парвардигор сабру салвон бериб, мусибатлари ўрнини яхшилик билан тўлдирсин! Қори домламизнинг авлодларидан аждодлари сингари Қуръон ходимлари узилмай боришини Ўзи муваффақ айласин. Бир Қуръон устозининг вафот этиши юртимиздаги барча мусулмонлар, аҳли Қуръонлар учун оғир жудолик бўлди. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло мусибатимизда ажр берсин ва хайри халаф берсин!

Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз Унга қайтамиз!