1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Қуръон

Таҳрим сураси, 6-8

05:00 / 23.01.2017 5400 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

6. Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар.



Бу ояти каримада Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини, ўзларини ва аҳли аёлларини охират оташидан сақлашга буюрмоқда. 

«Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг».

Мазкур ўтдан сақлаш гуноҳларни тарк этиш ва тоат-ибодат қилиш билан бўлади. Охират оташ-олови бу дунёнинг оловидан фарқ қилади. Унинг ёқилғиси одамларда ва тошдан иборат бўлади. Яъни, бу дунёда иймонга келмай, гуноҳ қилиб, Аллоҳнинг амрига бўйсунмай, осий ўтган бандаларнинг жасади ўша ўтга ёқилғи бўлади. Фақат инсон танаси ўзи куйса, унга қизимай қолмасин, деб тошни ҳам қўшимча ёқилғи қилинади. Эҳтимол ушбу оятлар нозил бўлган даврда, тошнинг ёқилғи бўлиши кишиларнинг тасаввурига келмагандир. Аммо тошкўмир чиққандан кейин тош қанчалик юқори иссиқлик берувчи ёқилғи экани ҳаммага маълум бўлди.

Дўзахнинг яна бир даҳшатли томони-унинг қўриқчилари қўпол ва шафқатсиз фаришталардир. 

«Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар».

Улардан ҳеч ким қочиб қутула олмайди. Шу билан бирга мазкур фаришталар Аллоҳ таолога мутлоқ итоатдадирлар, нима амр қилса, ўшанга оғишмай амал қиладилар.

Аҳли аёлини, фарзандларини диндор қилиб тарбиялаш оила бошлиғининг Аллоҳнинг олдидаги бурчи эканлигига ушбу ояти карима ёрқин далилдир. Одамлар орасида ўзингни бил, ўзгани қўй, деган номаъқул гап юради. Лекин шариат бўйича эр хотин учун, ота болалари учун ҳам масъулдир. Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурида жавоб беради. Ушбу оят маъносида ҳадиси шарифлар ҳам бор. 

Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом, ёш болани етти ёшида намоз ўқишга буюринг, ўн ёшга етганда ҳам ўқимаса, уринг, деганлар. 

Ҳазрати Умар ушбу ояти карима нозил бўлгандан сўнг: 

«Эй Расулуллоҳ, ўз нафсимизни-ку сақлаймиз, аҳлимизни қандай сақлаймиз?» деб сўраган эканлар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: 

«Аллоҳ сизларни нимадан қайтарган бўлса, уларни ҳам қайтарасизлар. Аллоҳ сизларни нимага буюрса, уларни ҳам буюрасизлар. Ана ўша, уларни ўтдан сақлаш бўлади», деб жавоб берганлар.

Ҳазрати Али: «Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар», деб айтганлар.

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Эй аҳлим, намоз ўқинг, рўза тутинг, закот беринг, мискинларга, етимларга, қўшниларга яхшилик қилинг, шояд, Аллоҳ сизларни жаннатда бирга қилса, деган одамга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», деганлар. 

Демак, ҳар биримиз хотинимиз, ўғлимиз, қизимизни, оила аъзоларимизнинг барчаларини динга даъват қилишимиз, диний аҳкомларни доимо ўз вақтида бажаришларини қатъият билан талаб қилиб туришимиз керак. Агар юқоридаги амрларга амал қилинмаса, оқибати нима бўлишини келаси оят васфлайди.


7. Эй куфр келтирганлар! Бугунги кунда узр айтманглар, сиз ўзингиз қилган ишларнинг жазосини оляпсиз, холос.

Шундан кейин Аллоҳ таоло мўминларга дўзахдан нажот топиб, жаннат неъматларига эришиш учун қандай йўл тутиш лозимлигини баён қилади.


8. Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар! Шоядки Роббингиз гуноҳларингизни ювса ва сизни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса. Бир кундаки, унда Аллоҳ Набийни ва у билан бирга бўлган иймон келтирганларни шарманда қилмас. Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг тарафларида юриб борадир. Улар эса, Роббимиз, бизга нуримизни батамом қилиб бер, гуноҳларимизни кечир, албатта, Сен барча нарсага қодирсан, дерлар.

Бу оятда Аллоҳ таоло мўмин бандаларини «тавбатан насууҳан»га буюрмоқда.

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга холис тавба қилинглар!»

Араб тилида «тавба» сўзи «қайтиш» маъносини англатади. Шариатда эса гуноҳдан Аллоҳга қайтишни билдиради. «Насуҳан» эса холис, жазм, содиқ насиҳат қилувчи маъноларини англатади. Демак, «тавбатан насуҳан» бирикмаси холис тавба, жазм тавба, содиқ тавба, насиҳатга тавба маъноларини англатади. Бу маъно ҳақида кўпгина фикрлар ривоят қилинган. Жумладан, ҳазрати Умардан «Тавбаи насуҳ» нима деб сўралганда, у киши: «Кишининг ёмон ишдан қайтиб, сўнг унга абадий қайтмаслигидир», деб жавоб берганлар. Ҳадислардан бирида шундай ривоят қилинади: «Ислом ўзидан аввалги гуноҳларни ювиб юборади, тавба ҳам ўзидан аввалги гувоҳларни ювиб юборади». Яъни, бир киши аввал гуноҳ ишларни қилиб юрган бўлса-ю, кейин мусулмон бўлса, мусулмон бўлишидан аввалги гуноҳлар мусулмон бўлиши билан ўз-ўзидан ювилиб кетади. Шунингдек, бир мусулмон киши билмасдан гуноҳ ишни қилиб юрса, кейин тушуниб етиб тавба қилса, яъни, чин кўнглидан надомат қилса ва қайта ўша ишни қилмасликка аҳду паймон қилса, билмасдан қилган аввалги гуноҳлари ювилиб кетади. Холис тавба эшигининг очиб қўйилиши сиз билан биз учун Аллоҳнинг катта неъматидир. Бошқа динларда тавба қилиш жуда ҳам қийин, баъзи умматларга тавба қилиш учун ўзлари бир-бирларини ўлдиришни буюрилган. Исломда эса тавба осон иш эканини ўзимиз кўрдик. Лекин, ҳозир эрта, вақти келганда тавба қилиб олармиз, деган фикр энг ёмон фикр. Аллоҳ таоло билмасдан қилинган хатоларни тавба туфайли кечиради, билиб, тушуниб, қасддан қилинганларини эмас.

Тавбаи насуҳ-холис тавбанинг самараларини оятининг давоми баён қилади.

«Шоядки Роббингиз гуноҳларингизни ювса»-биринчи самара гуноҳларнинг ювилиши. 

Асосий самара эса қиёмат кунида, дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритади. 

«ва сизни дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритса».

У кунда яна бошқа ҳолатлар бўлади. Жумладан, Аллоҳ Пайғамбар алайҳиссаломни ва у кишига эргашган мўминларни шарманда қилмайди. 

«Бир кундаки, унда Аллоҳ Набийни ва у билан бирга бўлган иймон келтирганларни шарманда қилмас».

Демак, бошқаларни шарманда қилади. Ўша кунда Пайғамбар алайҳиссалом ва у кишига эргашган мўминларнинг олдида ва ўнг тарафида йўлларини ёритиб юрадиган нур қилиб қўяди.

«Уларнинг нурлари олдиларида ва ўнг тарафларида юриб борадир. Улар эса, Роббимиз, бизга нуримизни батамом қилиб бер, гуноҳларимизни кечир, албатта, Сен барча нарсага қодирсан, дерлар».

Қиёмат кунида мўминлардан бошқалар зулматда қоладилар. Мўминлар йўлини эса нур ёритиб туради. Улар зулматда адашмайдилар, қоқилиб-сурилмайдилар ҳам. 

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалом: «Эй парвардигоро, қиёмат куни шарманда қилмагин», деб дуо қилганликлари келтирилган.

Муҳаммад ибн Наср Марвазий Абу Дардо ва Абу Заррлардан ривоят қилган ҳадисда ҳам ушбу оятдаги маъно бор. Пайғамбар алайҳиссалом марҳамат қилиб айтадиларки: «Қиёмат куни сажда қилишга биринчи изн берилган шахс мен бўламан, саждадан бош кўтариш учун изн берилган биринчи шахс ҳам мен бўламан. Бошимни кўтариб, олдимга назар солиб, умматлар ичидан ўз умматимни танийман, ўнг тарафимга назар солиб, умматлар ичидан ўз умматимни танийман, чап томонимга назар солиб, умматлар ичидан ўз умматимни танийман», дедилар. Бир киши: 

«Эй Аллоҳнинг Расули, умматлар ичидан ўз умматингизни қандоқ танийсиз?» деб сўради. У зот: 

«Таҳоратнинг сабабидан пешоналари ва оёқ-қўллари ялқираб турганидан, улардан бошқа ҳеч бир уммат бундоқ бўлмайди. Яна номаи амаллари ўнг қўлларидан берилаётганидан танийман. Сажда туфайли юзларидаги сиймодан танийман ва олдиларида йўл кўрсатиб кетаётган нурларидан танийман», дедилар.

Аллоҳ барчамизни ушбу белгилар билан ўзгалардан ажраб турадиганларидан қилсин!


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон киши доимо Қуръони Каримни тиловат қилиб туриши керак. Тиловатнинг муҳим шартларидан бири оятларнинг маъносини тадаббур қилмоқдир. Арабларда ҳам ушбу давоми...

5295 17:00 / 03.08.2021
Арабларнинг сўзга чечан халқ эканини аввал айтиб ўтдик. Хусусан, сухандонликда елкаси ерга тегмаган сўнгсиз мубоҳасаю мушоарадан қайтмайдиган шоиру ваъзхонлар давоми...

4925 14:30 / 16.07.2019
Албатта, оятларимиз ҳақида эгрилик қиладиганлар Бизга махфий бўлиб қолмаслар. Оловга ташланадиган одам яхшими ёки қиёмат куни омон ҳолида келадиган одамми давоми...

4899 16:25 / 23.03.2018
1. Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар.Ушбу оят ила Аллоҳ таоло мўминларнинг нажот топишларига очиқойдин, таъкидланган ваъда бермоқда. Аввалида давоми...

3180 05:00 / 23.01.2017
Аудиолар

120162 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41823 14:35 / 11.08.2021