119 09.01.2017

Намоз ўқиш олдидан кийимларни, намоз ўқиш жойларини нажосат-ифлосликлардан тозалаш, баданни ғусл, таҳорат ёки таяммум кабилар билан поклаш намознинг асосий шартларидан ҳисобланади. Таҳоратни араблар «вузуъ» дейишади, ўзбекчада «покланиш, тозаланиш, озодалик» маъноларини билдиради. Шариатда эса намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш ва бошқа ибодатлар олдидан муайян аъзоларни сув билан ювиб тозалаш «таҳорат» дейилади. Таҳорат Қуръони карим ва суннат билан буюрилган. Таҳорат учун сув топилмаса ёки сув ишлатишнинг иложи бўлмаса, ўрнига «таяммум» қилинади.


ТАҲОРАТНИНГ ФАРЗЛАРИ

а) таҳорат қилувчи юзини бошнинг соч чиққан жойидан ияк ости билан икки қулоғи юмшоғигача ювиши;

б) икки қўлни тирсак чиғаноғи билан қўшиб ювиш;

в) бошнинг тўртдан бирига масҳ тортиш (яъни, ҳўл қўл билан сийпалаш);

г) икки оёғини ошиқлари билан қўшиб ювиш;

д) соқол устидан масҳ тортиш.


ТАҲОРАТНИНГ СУННАТЛАРИ

а) таҳоратни «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошлаш;

б) икки қўлни ошиқлари билан қўшиб уч марта ювиш;

в) оғизни уч марта чайиш;

г) бурунга уч марта сув тортиб чайиш;

д) соқол орасига ҳилол қилиш (яъни, тўрт бармоқни ҳўллаб, соқол остидан унинг орасига киритиш);

е) бармоқларга ҳилол қилиш (яъни, қўл бармоқлари устидан бир-бирига киритиш ва оёқ панжалари остки томонидан қўл жинжалоғини киритиш);

ё) аъзоларни уч мартадан ювиш;

ж) бошнинг ҳаммасига бир марта масҳ тортиш;

з) қулоқ ичи ва устига масҳ қилиш;

и) таҳорат учун ният қилиш;

к) таҳоратнинг Қуръони каримда белгиланган тартибига риоя этиш;

л) пайдар-пай (яъни, аъзоларни кетма-кет улаб) ювиш;


ТАҲОРАТНИНГ МУСТАҲАБЛАРИ

– таҳоратни ўнг аъзолардан бошлаш;

– бўйинга масҳ тортиш.


ТАҲОРАТ ОЛИШ ТАРТИБИ

 1. Таҳорат олишга ният қилиниб, сўнг «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожийм. Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», дейилади.

2. Қўллар бандигача уч марта ювилади.

3. Ўнг қўлда сув олиб, оғиз уч марта ғарғара қилиб чайилади ва мисвок (ёки тиш чўтка) билан оғиз-тишлар тозаланади.

4. Бурунга ўнг қўл билан уч марта сув тортилиб, чап қўл билан қоқиб тозаланади.

5. Юз уч марта (икки қулоқ ораси ҳамда пешонадан ияк ости билан) ювилади.

6. Аввал ўнг қўл, сўнгра чап қўл тирсаклари билан қўшиб ишқаб ювилади.

7. Ҳовучга сув олиб тўкиб ташлаб, ҳўли билан бошнинг ҳамма қисмига масҳ тортилади.

8. Кўрсаткич бармоқ билан қулоқларнинг ичи, бош бармоқлар билан эса қулоқ орқаси масҳ қилинади.

9. Иккала кафтнинг орқасидаги намлик билан бўйин масҳ қилинади. Бунда қўлни янгидан намлаш мустаҳабдир.

10. Чап қўл билан аввал ўнг оёқни ошиқ (тўпиқ) билан қўшиб  бармоқлар ораси (ишқалаб) уч марта ювилади.

11. Чап оёқ ҳам ошиқ (тўпиқ) билан қўшиб бармоқлар орасини (ишқалаб) уч марта ювилади.

Аёлларда тирноқларга сурилган лак, теридаги ҳар хил бўёқлар кетказилмасдан олинган таҳорат саҳиҳ (ҳақиқий) ҳисобланмайди.

Таҳорат олаётганда гапирмаслик, эҳтиёждан ортиқ сув ишлатмаслик, уст-бошга сув сачратмаслик керак.


ТАҲОРАТНИ СИНДИРУВЧИ (БУЗУВЧИ) АМАЛЛАР 

– олд ва орқа йўлдан келган барча нарсалар (ел, нажосат, сийдик) таҳоратни бузади;

– юқоридагилардан ташқари ўзи нажосат ҳисобланган нарсалар (масалан, қон, йиринг) бадандан чиқиб бироз оқса, таҳорат бузилади;

– тупук қизарадиган даражада қон тупурилса, таҳорат бузилади (тупук сарғимтир бўлса, таҳорат синмайди);

– оғиз тўлиб қайт қилинса, таҳорат бузилади (лекин балғам таҳоратни синдирмайди);

– бирор нарсага, агар у олиб қўйилганда йиқилиб тушгудек даражада суяниб ухлаш таҳоратни бузади;

– ҳушдан кетиш, тутқаноқ таҳоратни бузади;

– ақлдан озиш ҳам таҳоратни синдиради;

– балоғатга етган одамнинг намозда овоз чиқариб кулиши таҳоратни бузади (жаноза намозидан ташқари);

– эр хотинини яланғоч ҳолда қучоқлаши таҳоратни синдиради, олатни ушлаш таҳоратни бузмайди;

ИЗОҲ: кўз ёши (агар оғриқ туфайли бўлмаса), буруннинг суви, бадандан чиққан тер, она сути таҳоратни синдирмайди. Шунингдек, чивин ёки бурга қанча қон сўрса ҳам, таҳорат синмайди.


“Ҳилол” электрон журналидан, 4-сон