675 04.01.2017

...Намозхон инсонлар жуда эрта турадилар, ўзлари тетик, руҳлари енгил, кўнгиллари хуш юрадилар. Тавфиқсизлар эса, ухлаб-ухлаб кун оғиб, боши оғриб ўрнидан зўрға туради. Атрофдагиларга заҳрини сочади...


Аллоҳ таоло: «Кечасида таҳажжуд (намози) қил. Сенга нофила бўлур. Шоядки, Роббинг сени мақоми маҳмудда тирилтирса», деган (Исро: 79).

Шарҳ: Ушбу оят ила таҳажжуд намозига тарғиб қилиш Қуръонда келгани эслатилмоқда. Кечаси бир ухлаб туриб ўқиладиган намозни таҳажжуд намози, деб аталади. Шунингдек, бу намозни қиём намози, деб ҳам айтилади. Аввал бошида бу намоз вожиб бўлган эди. Бир йилчадан кейин вожиблиги насх қилинган.

Бу маъно «Тафсири Ҳилол»нинг «Муззаммил» сураси тафсирида батафсил баён қилинган:

«Эй, ўраниб ётувчи! Кечани озгинасидан бошқасини (ибодатда) тик туриб ўтказ!»

Албатта, бу оят ниҳоятда улкан маъно касб этади. Бу Аллоҳнинг йўлида кишиларни тўғри йўлга бошлаш учун қилинган амр эди. ўраниб ётадиган вақт ўтди, тур энди, деган Аллоҳнинг нидоси эди.

Шунинг учун ҳам Хадийжа онамиз Пайғамбар алайҳиссаломга, бир оз ухлаб олсангиз-чи, десалар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эй Хадийжа, уйқунинг вақти ўтди», дер эдилар.

«Ярмида ёки ундан бир оз қисқароғида (бедор бўл)».

Яъни, кечанинг ярмида бедор бўлиб ибодат қил ва ярмида ухла ёки ярмидан озроғида ибодат қилиб кўпроғида ухла.

«Ёки у(ярим)га яна қўш ва Қуръонни тартил билан тиловат қил!»

Яъни, кечанинг ярмидан кўпроғини ибодат билан ўтказгинда, озроғида ухлагин. Қуръонни тартил билан ўқиш деб уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади.

Қуръонни тартил билан ўқишга бўлган фармони илоҳий барча мўмин мусулмонларга оммавий фармондир. Муҳаммад алайҳиссаломга фаришта Жаброил алайҳиссалом Қуръонни тартил билан ўқиб берганлар. ўз навбатида Пайғамбар алайҳиссалом умматларига тартил билан ўқиб берганлар. Мусулмон уммати эса авлоддан авлодга ўз Пайғамбаридан қандоқ қилиб олган бўлса, шундоқ ўтказиб келмоқда. Қориларимиз Қуръон қироати қоидаларини тартибга солиб китоблар қилишган. Бу қоидаларни билиш ҳар бир мусулмон учун зарур. Шунинг учун ҳар бир мусулмон тажвид қоидалари бўйича бир китоб ўқимоғи, Қуръон тиловатини тажвид илмига эга бўлган қорилардан ўрганмоғи лозим.

Имом Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбармиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай башорат қиладилар:

«Қиёмат кунида Қуръон қорисига Аллоҳ «ўқиб кўтарилиб боравер, у дунёда қандоқ ўқиган бўлсанг, шундоқ ўқи, охирги оятни ўқиган жойинг сенинг (жаннатдаги) мартаба манзилинг бўлади, дейди».

Кечалари қоим бўлишлик, яъни, ибодат билан бедор бўлишлик ҳақида ҳам ривоятлар жуда кўп.

Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда жумладан шундай дейилади:

«...Эй мўминларнинг онаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечалари қоим бўлишлари ҳақида сўзлаб беринг», дедим.

«Йа айюҳал муззаммил» сурасини ўқиганмисан?» дедилар. Мен (Саид ибн Ҳишом):

«ўқиганман», дедим.

«Албатта, Аллоҳ таоло ушбу суранинг аввалида кечалари қоим бўлишни фарз қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалари бир йил кечалари қоим бўлдилар. Ҳатто оёқлари шишиб кетди. Суранинг охирини Аллоҳ таоло туширмай ўн икки ой ушлаб турди. Сўнгра бу суранинг охирида енгиллик тушди», дедилар».

Кечалари қоим бўлишлик фарзликдан ихтиёрий амалга айланди... Кечалари бедор бўлиб ҳатто, оёқлари шишиб кетгунча туриш, Қуръонни тартил билан тинмай тиловат қилиш катта аҳамиятга эга бўлган, оламшумул ишга тайёргарлик эди. Бу оғир ишнинг қабули келгуси оятда нозил бўлган.

«Албатта, Биз устингга оғир сўзни ташлармиз».

Яъни, Қуръонни ташлаймиз, Қуръон ўзи енгилликка барпо қилинган, лекин у ҳақиқат мезонида оғирдир. Қалбга таъсири оғир. Бошқа бир оятда: «Агар биз бу Қуръонни тоққа туширсак эди, Аллоҳдан қўрққанидан парчаланиб кетганини кўрар эдинг», дейилган.

Ҳа, масъулиятини улкан тоғлар ҳам кўтара олмайдиган улкан ишни Муҳаммад алайҳиссалом кўтарганлар.

Қуръон оятларининг тушиш жараёни ниҳоятда оғир кечарди. Ваҳий тушган пайтда, агар кунлар совуқ бўлса ҳам Пайғамбар алайҳиссалом терлаб кетардилар, нафас олишлари тезлашарди.

Саҳобалардан Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қиладилар:

«Менинг соним Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сонларига тегиб турган пайтда ваҳий тушиб қолди, унинг шиддатидан соним ёрилиб кетай деди».

Агар Пайғамбаримиз алайҳиссалом туяда кетаётганларида ваҳий тушиб қолса, оғирликдан туя ҳам юра олмай қолар экан.

«Албатта, кечасиги ибодат кўпроқ мувофиқ келур ва қироати тўғрироқ бўлур».

Яъни, кечаси тинчлик ҳукм сургани учун, тирикчилик ташвишлари, кўнгилни безовта қилувчи нарсалар бўлмагани учун ибодатда ўқилган нарсалар қалбга яхшироқ ўрнашади, жимлик ҳукм сургани учун қироат ҳам тўғрироқ чиқади.

Аллоҳ таоло бу сураи каримани узун оят билан тугатади. Юқорида эслатиб ўтганимиздек, суранинг аввали тушгандан сўнг бир йил муддат ўтиб тушган оят шу оятдир:

«Албатта, Роббинг сени кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундоқ қилаётганларини) биладир. Ва Аллоҳ кечаю кундузни ўзи ўлчайдир. У сизлар ҳеч чидай олмаслигингизни билиб, Сизларга (енгилликни) қайтарди. Бас (энди), Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар. Сизлардан келажакда касаллар бўлишини ҳам билди. Бошқалар ер юзида юриб Аллоҳнинг йўлида фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини (ҳам билди). Бас, ундан муяссар бўлганича қироат қилинглар. Ва намозни қоим қилинглар, закот беринглар ва Аллоҳга яхши қарз беринглар. ўзингиз учун нима яхшилик қилган бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузурида ундан яхшироғини ва улканроқ ажрни топарсизлар. Аллоҳга истиғфор айтинглар. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмдилдир».

Бу оят билан Аллоҳ таоло суранинг аввалидаги оятларга биноан фарз қилинган кечаси қоим бўлишни бекор қилди. Шундан сўнг кечада фарз намозлардан ташқари ибодат қилиш ихтиёрийга айланди. Оятда нима учун аввалги буйруқ бекор қилинганлиги ҳам айтиб ўтилди.

Ушбу ояти кариманинг бошида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобаларига кечанинг маълум қисмини бедор бўлиб ибодат ила ўтказиши фарз қилингани очиқ-ойдин айтиб ўтилмоқда.

«Албатта, Роббинг сени кечанинг учдан биридан озроғини, ё ярмини, ё учдан бирини қоим бўлиб ўтказаётганингни ва сен билан бирга бўлганлардан ҳам бир тоифа (шундоқ қилаётганларини) биладир».

Улар кечанинг учдан биридан оз, учдан иккисидан кўп бўлмаган қисмини бедор бўлиб ўтказиш амр қилинган эди. Кечаси зикр, намоз, тиловати Қуръон каби турли ибодатлар ила қоим бўлиш мўмин мусулмон кишининг танасини бақувват, руҳини пок, қилади. Уларни турли машаққатларни осонлик билан кўтаришга ўргатади, айшу-ишрат, ҳойи-ҳавасга берилишдан сақлайди.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ўз динига хизмат қилишлари кутилаётган зотларни алоҳида руҳий, маънавий ва жисмоний тарбия қилиш учун ушбу услубни қўллаган эди.

«Ва Аллоҳ кечаю кундузни ўзи ўлчайдир. У сизлар ҳеч чидай олмаслигингизни билиб, Сизларга (енгилликни) қайтарди. Бас (энди), Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар».

Яъни, олдин сизларни чиниқтириш учун кечаси намоз ўқишни фарз қилган эди. Энди эса, У зот сизлар бу ишга ҳеч чидай олмаслигингизни билгани учун сизларга енгилликни қайтарди. Энди кечасининг маълум қисмини бедорликла ибодат қилиб ўтказиш фарз бўлмай қолди.

Ушбу оят нозил бўлгандан бошлаб, бу иш ихтиёрий бўлди. Бас, энди, Қуръондан муяссар бўлганича ўқинглар.

Оятнинг давомида эса кечасининг маълум қисмини бедор ўтказиш ҳукмини фарздан тушириб ихтиёрийга келтиришнинг сабабларидан учтаси; беморлик, Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишлик ва ер юзида юриб Аллоҳнинг фазлини ахтаришни зикр қилинади.

Ушбу уч тоифа кишиларга кечаси бедор бўлиб ибодатла машғул бўлиш оғирлик қилади. Аллоҳ эса ўз бандаларига оғир бўлишини хоҳламайди.

«Сизлардан келажакда касаллар бўлишини ҳам билди. Бошқалар ер юзида юриб Аллоҳнинг йўлида фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини (ҳам билди)».

Аллоҳ таоло ушбу оятдаги «...Бошқалар эса ер юзида юриб Аллоҳнинг фазлини ахтаришини, яна бошқалар эса Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилишларини (ҳам билди)...» жумласида Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилувчилар билан Аллоҳнинг фазлини ахтарувчилар, яъни, касбу кордагилар тенглаштирилмоқда.

Шунинг учун ҳам саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу:

«Кимки сабр қилиб, қийинчиликларга чидаб, савоб умидида мусулмонлар диёрига бирор нарсани келтириб ўша куннинг нархида сотса, Аллоҳнинг ҳузурида шаҳидлар мартабасига эришади», деганлар.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо эса:

«Мен учун Аллоҳнинг йўлида жанг қилиб ўлишдан кейинги энг яхши ўлим, ер юзида Аллоҳнинг фазлини ахтариб юриб, юкларим орасида ўлишдир», деганлар.

Ҳа, Исломда ҳалол касб билан шуғулланиб ризқ рўз топиш шундоқ улуғланади.

«Бас, ундан муяссар бўлганича қироат қилинглар. Ва намозни қоим қилинглар, закот беринглар ва Аллоҳга яхши қарз беринглар. ўзингиз учун нима яхшилик қилган бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузурида ундан яхшироғини ва улканроқ ажрни топасизлар. Аллоҳга истиғфор айтинглар. Албатта, Аллоҳ мағфират қилувчи ва раҳмдилдир».

Оятда келган,

«Аллоҳга яхши қарз беринглар» жумласи ҳақида ҳам бир оз тўхталиб ўтишимиз лозим.

«Яхши қарз» – бировга қарз бериб устига устама олмаслик-яъни, судхўрлик қилмасликдир.

Оятда одамларга бериладиган қарз Аллоҳга нисбатан берилаётгани бойларга танбеҳдир. Яъни, камбағал-муҳтожга қарз берсанг, Аллоҳга қарз берганинг билан баробар. Камбағалга миннат қилмагин. Балки раҳмат айтгин, чунки у сени савобга сазовор бўлишингга сабаб бўлди, деганидир.

Ислом таълимотлари ҳар бир нарсада юксак инсоний фазилатлар ҳукм суришини йўлга қўйиб келган ва иншааллоҳ шундай бўлиб қолади.

Ушбу фаслда кечасиги намозга оид бир қанча маълумотлар билан батафсил танишиб чиқишга уринамиз.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббимиз табарока ва таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда дунё осмонига нозил бўлади ва: «Ким Менга дуо қиладики, Мен уни қабул қилсам, ким Мендан сўрайдики, Мен унга берсам, ким Менга истиғфор айтадики, Мен уни мағфират қилсам», дейди», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан таҳажжуд намозини кечанинг охирги учдан бирида бўлгани афзаллиги билинади. Чунки, ўша пайтда Аллоҳ таоло дунё осмонига тажалли қилган дуо, сўров ва истиғфорларни тўсиқсиз қабул қилаётган бўлади. Албатта, бундоқ фазилатли вақтни таҳажжуд намози ила ўтказаётган банда ғоят улуғ мақомларга эришиши турган гап. У вақтда банданинг қилган дуоси Аллоҳ таоло томонидан дарҳол қабул бўлади, сўраган нарсаси берилади, гуноҳлари кечирилади.

Шунинг учун бу амални қилишга, яъни, таҳажжуд намозини кечанинг охирги учдан бирида ўтмоғимиз, қилаётганларимиз яна ҳам мустаҳкам бўлишимиз керак.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ ҳар кечаси туннинг аввалги учдан бири ўтганда нозил бўлур ва: «Мен подшоҳман! Мен подшоҳман! Менга дуо қиладиган борми, уни қабул қилайин! Мендан сўрайдиган борми, унга берайин! Менга истиғфор айтадиган борми, уни мағфират қилайин!» дейди. Токи фажр ёришгунча шундоқ давом этади», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган.

Термизийнинг лафзида: «Кечасида бир соат бордир. Мусулмон одам Аллоҳдан дунё ва охират ишидан яхшилик сўраган ҳолида мувофиқ келиб қолса, албатта, мазкур нарсани унга беради. Ҳар кеча шундоқ», дейилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам олдинги ҳадисга жуда ҳам ўхшаб кетади. Шунинг учун фарқли жойларини бир оз шарҳ қилишга Аллоҳнинг тавфиқи ила уринамиз.

Бу ҳадисда, Аллоҳ дунё осмонига кечанинг аввалги учдан бири ўтганда нозил бўлади, дейилмоқда бу аввалги ҳадисга хилоф эмас, балки нузул бўлишининг аввали кечанинг аввалги учдан бири ўтганига тўғри келади, деганидир.

Кечасидаги дуо қабул бўладиган соат эса тайинли маълум соат эмасдир. Кечасининг иккинчи ярмида экани маълум, бошқаси номаълум. Шунинг учун бу соатни топиш учун ижтиҳод қилиш керак бўлади. Бу эса, албатта, доимий равишда таҳажжуд намози ўқиш билан бўлади.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Рамазондан кейинги энг афзал рўза, Аллоҳнинг Муҳаррам ойидир. Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз, кечасиги намоздир», дедилар». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шариф рўза китобида ҳам келади. Иншааллоҳ, ўшанда рўзага тегишли жойи кераклича шарҳ қилинади. Бу ерда эса кечасига намозга тегишли гапларни муҳокама қилинади.

Фарз намоз энг афзал намоз эканлигида ҳеч шак-шубҳа йўқ. Шу билан бирга фарз намоздан бошқа ҳам намозлар кўп, улардан баъзиларини ўргандик, баъзиларини эса, Аллоҳнинг тавфиқи ила ўрганамиз. Албатта, ҳамма намознинг фазли ҳам бир бўлмас экан. Баъзилари баъзиларидан афзал бўлар экан. Уларнинг ичида энг афзали эса кечасиги намоз экан. Чунки, кечаси тинч бўлди. Ундаги намоз риёсиз, чин дилдан ўқиладиган бўлади. Бандалар ухлаб ётганда, бандаларнинг ухламагани Роббисига муножот қилади. Шунинг учун кечасиги намоз ўқишга одатланиш керак.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сиздан бирингиз қачон ухласа шайтон унинг бошининг орқасига учта тугун тугади. Ҳар бир тугунни уриб: «Сенга узун кеча бор. Ухла!» дейди. Агар у уйғониб Аллоҳни зикр қилса, бир тугун ечилади. Агар таҳорат қилса, яна бир тугун ечилади. Агар намоз ўқиса, тугунлари ечилиб, ўзи ҳаракатчан, руҳи пок бўлади. Агар ундоқ қилмаса, руҳи чиркин, ўзи дангаса бўлиб ўрнидан туради», дедилар». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳар бир инсон учун Аллоҳнинг зикри, таҳорат, намоз қанчалар керакли экани ажойиб услуб билан васф қилинмоқда. Инсон ухлагани ётганда ҳамма нарсани унутади.

Қайта уйқудан туриш, айниқса уйқу келиб туриб, ўзи хоҳламай туриш жуда ҳам қийин, Бунинг учун зарурат, кучли туртки, иймон бўлиши керак.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уйқудан туриш қийинлигини шайтон бошнинг орқасига туккан уч тугун сабабидан деб баён қилмоқдалар.

Албатта, бу моддий маънодаги нарса эмас. Ушбу кишининг шайтон таъсирида ушлаб турувчи уч тугуннинг ечилиши учун аввало Аллоҳнинг зикри, иккинчи босқичда таҳорат қилиш ва ниҳоят намоз ўқиш керак экан. Ана ўша амалларни қилган инсон руҳи енгил ва пок бўлиб, ўзи ҳаракатчан бўлар экан.

Аллоҳни зикрини қилмаган, таҳорат қилмаган ва намоз ўқимаган кишида эса бунинг тескариси бўлар экан. У фосиқ одам руҳи чиркин, ўзи дангаса бўлиб уйқудан турар экан.

Ҳақиқатда ҳам, ҳаётда худди шу ҳолни кўрамиз. Намозхон инсонлар жуда эрта турадилар, ўзлари тетик, руҳлари енгил, кўнгиллари хуш юрадилар. Тавфиқсизлар эса, ухлаб-ухлаб кун оғиб, боши оғриб ўрнидан зўрға туради. Атрофдагиларга заҳрини сочади.

Шунинг учун ҳам, ушбу ҳадиси шарифни яхши ўзлаштириб олишимиз керак. Ётаётиб таҳорат билан суннатга мувофиқ қилиб, дуоларни ўқиб ётишимиз керак.

Кечаси уйғонганда эса, дарҳол Аллоҳни зикр қилиб, уйқудан уйғонганда ўқиладиган дуони ўқимоғимиз керак. Кейин туриб, таҳорат қилиб икки ракъат намоз ўқисак шайтоннинг тугунлари батамом ечилган бўлади. Бу айниқса таҳажжуд намози ўқимоқчи бўлганимизда керак бўлади.


Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бир кишини зикр қилиниб: «Тонг отганда ухлаб ётди, намозга турмади», дейилди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Унинг қулоғига Шайтон сийди», дедилар». Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Намозга вақтида турмай ухлаб ётиш қанчалик ёмон нарса эканини шу ҳадисдан бўлиб олса бўлади. Ушбу ҳадисда келаётган гап намозга бир кун турмай ухлаб ётган киши ҳақида.


Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозда туравериб ҳаттоки қадамлари ёки болдирлари шишиб кетарди. Кейин у зотга (бу ҳақда) айтиларди. Бас, у зот, шукр қилувчи банда бўлмайманми?» дердилар». Икки шайх, Насаий ва Термизий ривоят қилган.

Термизийнинг лафзида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқийвериб икки оёқлари шишиб кетди. Шунда у зотга: «Сизнинг аввалгию охирги гуноҳингиз мағфират қилинган бўлса ҳам шунчалик такаллуф қиласизми?!» дейилди. Бас, у зот: «Шукр қилувчи банда бўлмайманми?» дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадисда зикр қилинган ҳолат кечасиги намоз туфайли бўлган эди. Сарвари олам, маъсум Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳажжуд намозини кўп ўқиганларидан, қиёмда узоқ тик турганларидан муборак оёқлари шишиб кетар эди. Бу ҳолатни билган баъзи саҳобаи киромлар, у зотга ачинишар эди. Нима дейишларини билмай охири, эй, Аллоҳнинг Расули, Аллоҳ таоло сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингизни кечириб қўйган бўлса ҳам оёғингиз шишиб кетгунча нафл намоз ўқийсизми? дейишди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг машҳур ва камтарона сўзларини айтдилар, шукр қилувчи банда бўлмайманми? дедилар.

Ё Аллоҳ! Камтарликни қаранг! Шукр қилишга бўлган интилишни қаранг! Инсониятнинг улуғи бўлмиш, Аллоҳнинг энг севикли Пайғамбари бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам маъсум – гуноҳ қилмайдиган – зот эдилар. Бунинг устига Аллоҳ таоло у зотга Қуръонда, олдинги кейинги гуноҳларини –фаразан бўлса - мағфират қилганини эълон ҳам қилган эди.

Дунёда таҳажжуд намозига эҳтиёжи йўқ битта одам бўлса, ўша одам, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эдилар. Лекин, шундоқ бўлса ҳам, таҳажжудни кўп ўқиганларидан оёқлари шишиб кетибди. Бу ҳолга етишдан мақсад битта, шукр қилувчи банда бўлиш.

Хўш, бизчи, биз нима қилмоқдамиз. Ичимизда таҳажжуд, намози борлигини биладиганлар нечта?

Таҳажжуд намозини ўқиш кераклигини биладиганлар нечта?

Таҳажжуд намозини ўқийдиганлар нечта?

Таҳажжуд намози ўқиб оёғи шишганлар нечта?

Бу улуғ мақомга етиш учун ҳаракат қилмоғимиз керак. Аввал бўлмаса энди қилмоғимиз зарур.


Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кеча уйғонганларида: «Субҳаналлоҳи, бу кеча қайси фитналар нозил қилинди? Хазиналардан нима нозил қилинди? Ҳужралар соҳибаларини ким уйғотади? Эй, воҳ! Қанчагина жонлар бу дунёда кийимли. У дунёда ялонғочлар», дедилар». Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Умму Салама онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз олдиларида ётган кечалардан бирида уйғонган пайтида айтган гапларини ривоят қилиб бермоқдалар:

1. «Субҳаналлоҳи».

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Умми Салама онамиз розияллоҳу анҳу эшитганларида айтган калималари «Субҳаналлоҳи» бўлган экан. Аслида эса, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйқудан уйғонганларида, Алҳамдулиллаҳиллази аҳянаа баъда маа аматанаа ва илайҳин нушуур» дейиш одатлари бор эди.

2. «Бу кеча қайси фитналар нозил қилинди?»

Демак, ҳар кеча фитналар нозил қилинар экан. Инсон ўша фитналардан паноҳ сўраб туриши, Аллоҳга сиғиниб туриши керак экан.

3. «Хазиналардан нима нозил қилинди?»

Демак, ҳар кеча Аллоҳнинг фазли раҳмати ҳам нозил бўлиб турар экан, ундан сўраб туриши керак.

4. «Ҳужралар соҳибаларини ким уйғотади?»

Бу билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам завжаи мутаҳҳаралари оналаримизни қасд қилмоқдалар. Демак, аҳли аёлни ҳам кечаси Аллоҳнинг ибодатига уйғотиш керак.

5. «Қанчалик жонлар бу дунёда кийимли, у дунёда яланғочлар».

Бу дунёдаги сиртқи кўриниш оқибатга далолат қилмас экан. Бу дунёда чиройли кийинган бўлиб кўринган жонлар, фахр билан ўзини бозорга солиб, кўз-кўз қилиб юрган жонлар, охиратда шармандаси чиқиб ялонғоч бўлиб қолиши ҳеч гап эмас экан. Уйқудан уйғонганда ана ўшаларни эслаб, ҳар ким ўзига яхшиликни сўраши керак экан.


Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга энг маҳбуб намоз, Довуд алайҳиссаломнинг намозидир. Аллоҳга энг маҳбуб рўза, Довуднинг рўзасидир. У кечанинг ярмида ухлар, учдан бирида қоим бўлиб ўтказар ва олтидан бирида ухлар эди. Бир кун рўза тутиб, бир кун оғзи очиқ бўлар эди», дедилар». Учовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Аллоҳ хоҳласа ушбу ҳадис Рўза китобида ҳам келади. Рўзага тегишли жойини ўшанда батафсил ўрганамиз.

Ҳозир эса кечасиги намозга тегишли жойини Аллоҳнинг ёрдами ила қўлдан келганича ўрганамиз.

Ушбу ҳадисдан кўриниб турибдики, кечаси таҳажжуд намоз ўқиш олдинги Пайғамбарларда ҳам бўлган қадимги ибодат. Кечаси таҳажжуд намоз ўқиш учун энг афзал услуб ва вақт тақсимлаш Довуд алайҳиссаломга оид экан. У зот алайҳиссалом аввал кечанинг ярмини ухлаб олар эканлар. Кейин туриб учдан бир қисмида таҳажжуд намоз ўқир эканлар. Кейин яна ётиб олтидан бир қисмида ухлар эканлар. Демак, вақтида ухлаб, вақтида таҳажжуд намозни ўқир эканлар. Бу ўртача иш тутишдир. Кечанинг ҳаммасини ғафлат уйқусида ҳам ўтказилмайди. Кечаси билан намоз ўқиб, уйқудан қолиб ўзи қийналмайди ҳам.

Демак, ҳаётимизда бундан ўрнак олишимиз керак. Меъёрида иш тутиб, вақтида ухлаб, вақтида таҳажжуд намозимизни ўқишимиз керак.


Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси у билан Фотиманинг эшикларини таққиллатиб: «Икковингиз намоз ўқимайсизми?!» дедилар. Мен: «Эй, Аллоҳнинг Расули, жонимиз Аллоҳнинг қўлида, қачон хоҳласа ўшанда бизни уйғотади», дедим.

У зот мен ўша гапни айтганимда, менга бирор нарса қайтармай кетдилар. Кейин, бурилиб кетаётиб, сонларига уриб:

«Ва инсон аксари ҳолда жадал қилувчидир», деяётганларини эшитдим». Икки шайх ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Аҳли аёлни, ҳатто оилали ўғил-қизларини, куёв-келинларини ҳам кечаси уйғотиб, уларни намоз ўқишга чорлаб туриш кераклиги.

2. Жонимиз Аллоҳнинг қўлида, хоҳлаган вақтида уйғотади, дейишлик нотўғри экани. Балки кечаси туриб ибодат қилиш учун тайёргарлик кўриб ётиш керак.

3. Кўп ухлаш, кечаси туриб намоз ўқишга дангасалик қилиш ёмон нарса экани.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қаттиқ ғазаблари чиққанда индамай кетиб, оятдан далил ўқиганлари.


Ушбу ҳадиси шарифни ҳаётга татбиқ қилиб ота-оналар болалари кечасиги намозга уйғотиб туришлари керак. Болалар эса, дангасалик қилмай дарҳол туриб ибодатга киришлари лозим. Чунки, кечасида илоҳий тажаллиёт ва руҳонийликлар вақтидир.


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон эр кечаси ўз аҳлини уйғотиб, икковлари бир бўлиб намоз ўқисалар зокир ва зокиралар қаторига ёзиладилар», дедилар».

Шарҳ: Бу эса улуғ саодатдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда зокир ва зокираларга мағфират ва улуғ ажр тайёрлаб қўйганини айтгандир.

Шунинг учун ҳар бир мусулмон эр кечаси ўз хотинини уйғотиб, икковлари бир бўлиб таҳажжуд намози ўқиб туришлари керак.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кечаси туриб намоз ўқиган ва хотинини уйғотган, агар турмаса юзига сув сепган эрга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин. Кечаси туриб намоз ўқиган ва эрини уйғотган, агар турмаса юзига сув сепган хотинга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин», дедилар». Икксини Абу Довуд, Насаий ва Ибн Можа ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари мақбул эканига ҳеч шак-шубҳа йўқ. Ҳар бир мусулмон эру-хотин учун ушбу дуода сўралган Аллоҳнинг раҳматига эришиши қийин эмас. Бунинг учун кечаси қайси бири аввал уйғониб ибодатда қоим бўлса ўз жуфти ҳалолини ҳам бу улуғ ишга таклиф қилиши керак, холос. Агар уйғотилган шахс бироз қийналиб тургиси келмаса юзига сув сепиб юбориш ҳам жоиз экан. Мусулмон эру-хотинлар ана шундоқ бўлишлари керак. Ибодатга, кечалари туриб таҳажжуд намози ўқишга бир-бирлари билан мусобақа қилишлари, бир-бирларини ундашлари керак.


Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга кечанинг қиёми лозимдир. Чунки, у сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир. У Роббингизга қурбатдир. У ёмонликларга каффоротдир. У гуноҳларни қайтарувчидир», дедилар». Бошқа бир ривоятда: «У жисмдан дардни қувувчидир» ҳам деганди. Термизий, Аҳмад ва ал-Ҳоким ривоят қилган.

Шарҳ: Намознинг фойдаларини санаб саноғига етиб бўлмайди. Унинг турли фойдаларини қадимда ҳам, ҳозирда қам яхши билиб, тушунилгандир.

Ушбу ҳадисда эса, кечаси намознинг ўзига хос баъзи фойдалари зикр қилинмоқда:

1. «У сизлардан олдинги солиҳларнинг одатидир».

Ислом умматидан олдин қанча умматлар ўтган бўлса, уларнинг барчаларининг солиҳлари кечаси намоз ўқишни ўзларига одат қилиб олган эканлар. Ислом умматининг солиҳлари ҳам буни ўзларига одат қилиб олишлари лозим экан. Демак, ким кечаси таҳажжуд намози ўқишни ўзига лозим тутса, инсоният тарихида ўтган барча умматларнинг аҳли солиҳлари ибодат силсиласига қўшилар экан. Ҳар биримиз ушбу саодатга эришиш пайидан бўлишимиз керак.

2. «У Роббингизга қурбатдир».

Роббил оламийнга яқин бўлишлик ҳар-бир мўминнинг олий ғоясидир, орзу-умидидир. Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш учун ҳар қандай ишга рози бўлганлар кўп. Ана ўша қурбатга эришишнинг энг осон йўлларидан бири кечаси таҳажжуд намози ўқишдир. Ким Аллоҳга муқарраб банда бўламан деса, кечаси таҳажжуд намози ўқисин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хабар берган нарса бўлмай қолмайди. У инсон, албатта, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилади.

3. «У ёмонликларга каффоротдир».

Бандаи ожиз ёмонликларни қилиб қўйиб, уларни қандоқ қилиб ювишни ўйлаб юради. Содир этилган ёмонликларнинг энг яхши каффороти кечаси ўқиладиган таҳажжуд намози экан. Бас, шундоқ экан бу намозни ўқишга ҳар бир мусулмон банда ҳаракат қилиши керак.

4. «У гуноҳларни қайтарувчидир».

Инсон ҳал қилиш чорасини топа олмайдиган муаммолардан бири, қандоқ қилиб гуноҳ қилишдан четланиб қолишдир. Бу муаммонинг ҳал қилишнинг энг самарали чораси кечаси таҳажжуд намози ўқишдир. Бу намозни етарлича ўқиган одамда малака ҳосил бўлади. Бошқалардан кўра гуноҳлардан четланиши осон бўлиб қолади. Аллоҳга етишган, валийлик даражасига эга бўлган азизларнинг ҳаммаси кечасига таҳажжуд намозидан тўла фойдаланишгани ҳеч кимга сир эмас.

5. «У жисмдан дардни қувувчидир».

Демак, кечасиги таҳажжуд намозининг соғлик - саломатликка ҳам фойдаси бор экан. Бу ҳақиқат ҳам, тажриба ва илмий баҳс йўллари ила собит бўлган ҳақиқатдир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, кечасиги таҳажжуд намозида бу дунё яхшилигию, охират саодати мужассамдир.


КЕЧАСИГИ НАМОЗ АДАДИ ВА КАЙФИЯТИ


Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бирингиз кечаси (таҳажжудга) турса, намозини енгилгина икки ракъат билан очсин», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадисда таҳажжуд намозини енгилгина икки ракъат намоз ўқиш билан бошлаш тавсия қилинмоқда. Албатта, уйқудан туриш билан бирданига қаттиқ ҳаракат қилиш, узоқ тик туриб намоз ўқиш оғир келади. Шунинг учун аввал енгилгина икки ракъат намоз ўқилса, бу ўзига хос чигал ёзиш машқи ҳам бўлади. Инсоннинг руҳи ҳам, жисми ҳам келажакдаги намозларга яхшилаб тайёрланади. Ана ундан кейин хоҳлаганича ўқийверади.


Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши: «Эй, Аллоҳнинг Расули, кечасиги намоз қандоқ бўлади?» деди.

«Икки (ракъат), икки (ракъат). Агар тонг отиб қолишидан қўрқсанг, бир ракъат витр ўқи», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Кечаси намоз ўқиганда ҳар икки ракъатда салом бериш яхши эканлиги ушбу ҳадисдан олинган.


Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечасиги намозларидан сўралди. Бас, у киши: «Фажрнинг икки ракъатидан бошқа етти, тўққиз ва ўн бир», дедилар». Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам имкониятларига қараб, бир ракъат Витрдан бошқа олти, саккиз ёки ўн ракъат кечасиги намоз ўқир эканлар.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечасида ўн уч ракъат намоз ўқир эдилар, уларнинг ичида Витр ва фажрнинг икки ракъати ҳам бор», дедилар».

Шарҳ: Бир ракъат Витр ва икки ракъат Фажрни чиқариб ташласак, олдинги ривоятдагидек ўн ракъат қолади.


Абу Салама ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Оиша розияллоҳу анҳодан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг рамазондаги намозлари қандоқ бўлган?» деб сўралганда. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳам, ундан бошқа пайтда ҳам ўн бир ракъатдан зиёда қилмас эдилар. Аввал тўрт ракъат ўқирдилар. Уларнинг гўзаллиги ва узунлигидан асти сўрама. Кейин яна тўрт ракъат ўқир эдилар. Уларнинг гўзаллиги ва узунлигидан асти сўрама. Сўнгра уч ракъат ўқир эдилар. Мен: «Эй, Аллоҳнинг Расули, Витр ўқишдан олдин ухлайсизми?» дедим. У зот: «Эй, Оиша, албатта, менинг кўзларим ухлар, қалбим ухламас», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало ҳадис ровийси Абу Салама ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:

Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Авф Зуҳрий ал-Маданий, кунялари Абу Салама билан танилган.

Ҳадисларни оталари Абдурраҳмон ибн Авф, Усмон ибн Аффон, Толҳа ибн Убайдуллоҳ, Убода ибн Сомит, Усома ибн Зайд, Ҳассон ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Салом, Савбон, Нофеъ, Абу Ҳурайра, Оиша ва Умму Салама оналаримиз, Муовия, Муайқиб, Амр ибн Осс, Ибн Аббос, Ибн Умар, Абу Саид ал-Худрий, Анас ибн Молик ва яна бир нечта саҳоба ва тобеъийнлардан ривоят қиладилар.

Бу кишидан ўғили Умар ва бошқалар ривоят қилишади.

Абу Салама ҳижратнинг 94–йили 72 ёшларида вафот этдилар.

Ушбу ҳадиси шариф «Рўза китоби»да ҳам келади. Ана ўшанда Аллоҳнинг хоҳиши ва ёрдами ила яхшилаб ўрганамиз. Ҳозир эса кечасиги намозга тегишли маълумотларни ўрганиб турамиз:

1. Кечасиги намозни тўрт ракъатдан ўқиса ҳам жоиз.

Имом Абу Ҳанифа ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб, кечасиги намоз тўрт ракъатли бўлгани афзал, дейдилар.

2. Кечасиги намозни узун ва чиройли қилиб ўқиш кераклиги.

3. Витр намозининг уч ракъат эканлиги.

4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ухласа ҳам қалблари ухламаслиги.


Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши, бу кеча, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини кўз узмай кузатаман», деди». Бошқа бир ривоятда: «Остоналарини ёки чодирларини болиш қилиб олдим», дейилган.

Бас, енгилгина икки ракъат ўқидилар. Сўнгра узун, узун, узун икки ракъат ўқидилар. Сўнг икки ракъат ўқидилар. Бу иккови ўзларидан олдинги икки ракъатдан қисқароқ эди. Яна икки ракъат ўқидилар. Бу иккови ўзларидан олдинги икки ракъатдан қисқароқ эди. Яна икки ракъат ўқидилар. Бу иккови ўзларидан олдинги икки ракъатдан қисқароқ эди. Яна икки ракъат ўқидилар. Бу иккови ўзларидан олдинги икки ракъатда қисқароқ эди. Яна икки ракъат ўқидилар. Бу иккови ўзларидан олдинги икки ракъатдан қисқароқ эди. Сўнгра Витр ўқидилар. Ҳамаси ўн уч ракъат».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳунинг кечаси билан бошларини остонага қўйиб Пайғамбар алайҳиссаломнинг таҳажжуд намозларини ўрганиш учун пойлаб ётишлари саҳобаи киромларнинг илмга бўлган, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатлари ва сийратларини ўрганишга бўлган фидокорликларининг бир намунасидир.

Ана ўша улуғларнинг фидокорликлари туфайли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва суннатлари ўта аниқлик ва дақиқлик билан ўрганилиб сиз билан бизга етиб келган.

Ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва суннатлари ўта аниқлик ва равшан васф қилинмоқда, ҳеч қандай шарҳ ёки изоҳнинг ҳожати йўқ. Фақат, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечасиги намозларининг бир кўринишлари эканини эслаб қўйсак бўлди. Бошқа ривоятларда ракъатлар сони бошқача бўлгани, тўрт ракъатдан ўқилгани ҳам келди.


КЕЧАСИ НАМОЗ ОШКОРА БИЛАН СИР ОРАСИДА БЎЛАДИ


Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси чиқсалар, Абу Бакр паст овоз билан намоз ўқиётган экан. Умар ибн Хаттобнинг ёнидан ўтсалар, овозини кўтариб ўқиётган экан. Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида жам бўлишганда: «Эй, Абу Бакр, олдингдан ўтсам, овозингни паст қилиб намоз ўқиётган экансан», дедилар.

«Эй, Аллоҳнинг Расули, муножот қилган Зотимга эшитдирдим», деди. У зот Умарга: «Сенинг олдингдан ўтсам, овозингни кўтариб намоз ўқиётган экансан», дедилар.

«Эй, Аллоҳнинг Расули, уйқучини уйғотаман, шайтонни қуваман», деди.

Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй, Абу Бакр, сен овозингни бир оз кўтар. Эй, Умар, сен овозингни бир оз пасайтир», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:


1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечасида аҳолининг ҳолидан хабар олишлари.

2. Раҳбар ўз одамларини жамлаб уларнинг тасарруфларини муҳокама қилиш.

3. Кечасиги намозда ўртача қироат қилиш кераклиги.

4. Раҳбар ўз одамларини афзал ишга йўллаб туриши лозимлиги.


Абдуллоҳ ибн Қайс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Оишага: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечасиги қироатлари қандоқ? Қироатни махфий қилар эдиларми ёки ошкора?» дедим.

«Уни ҳаммасини ҳам қилар эдилар. Гоҳида махфий қилар эдилар, гоҳида ошкора», деди.

«Ишда кенглик қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин», дедим». Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Аввало ровий Абдуллоҳ ибн Қайс розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Абдуллоҳ ибн Қайс ибн Икрима ибн Мутталиб. Бу зот ҳадисларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилдилар.

Ҳақиқатда динимизда осонлик ва кенглик йўлини тутган Аллоҳга қанча шукр қилсак шунча оз. У зот, кечаси намозда умуман овозни чиқариш керак эмас ёки овозни ўта баланд кўтариш керак, деб қўйса ҳам ҳаққи бор эди. Лекин, бундоқ қилмади. Бу ишни бандаларнинг хоҳишига ташлаб қўйди. У зотга чексиз ҳамдлар бўлсин.


КЕЧАСИДАГИ ҚИРОАТ ВА ДУО


Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси таҳажжудга турсалар қуйидагиларни айтар эдилар:

«Эй, бор Худоё! Сенга ҳамд бўлсин. Сен осмонлару ер ва улардаги кимсаларнинг қоим қилувчисан.

Сенга ҳамд бўлсин. Осмонлару ернинг ва улардаги кимсаларнинг мулки Сеникидир.

Сенга ҳамд бўлсин. Сен, осмонлару ернинг ва улардаги кимсаларнинг нурисан.

Сенга ҳамд бўлсин. Сен ҳақдирсан. Ваъданг ҳақдир. Мулоқотинг ҳақдир. Сўзинг ҳақдир. Жаннат ҳақдир. Дўзах ҳақдир. Набийлар ҳақдир Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳақдир. (Қиёмат) соати ҳақдир.

Эй, бор Худоё! Сенга таслим бўлдим. Сенга иймон келтирдим. Сенга таваккал қилдим. Сенга қайтдим. Сен ила хусумат қилдим. (Сен берган ҳужжатлар ила душманларинг билан тортишдим). Сенинг ҳукмингга ҳавола қилдим. Бас, менинг аввалу охир, сиру ошкор қилган нарсаларимни мағфират қилгин. Муқаддам ҳам ўзингсан, охирги ҳам ўзингсан, ҳеч илоҳи маъбуд йўқ илло ўзингсан. Ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳи». Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу матн Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечаси таҳажжудга турганларида ўқийдиган дуоларидан бири эди. Бунда қанчалар улуғ маънолар ўз ифодасини топганини кўриб билиб турибмиз. Бу муборак дуони ёдлаб олиб ўқиб юриш яхши бўлади.


Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ухлаб қолганларида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам уйғониб, мисвок ва таҳорат қилиб туриб: «Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ва кечаю кундузни алмашиб туришида ақл эгаларига аломатлар бордир» дея ўша оятларни сура тугагунча ўқидилар. Сўнгра туриб икки ракъат намоз ўқидилар. Унда қиём, рукуъ ва сужудни узун қилдилар». Бошқа бир ривоятда: «Эй, бор Худоё, қалбимда нур қилгин. Тилимда нур қилгин. Қулоғимда нур қилгин. Кўзимда нур қилгин. ўнгимда нур қилгин. Чапимда нур қилгин. Олдимда нур қилгин. Ортимда нур қилгин. Менга руҳимда нур қилгин. Менга нурни улуғ қилгин», деганлар». Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси турганларида «Оли Имрон» сурасининг «Инна фии холқис самавати вал арзи вахтилафиллайли ваннаҳари лааятул лиулил албаб», деб бошланувчи ўн оятини ўқиганлари маълум ва машҳур. Бизлар ҳам ўша ояти карималарни кечаси таҳажжуд намозига турганимизда ўқиб юришимиз яхши бўлади.

Шунингдек, кейинги ривоятда келган дуони ҳам ўқиб юришни одат қилиш керак.