1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сараланган

Тавбага шошилайлик!

05:00 / 14.03.2017 2529 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Айрим ёшлар "Мен намоз ўқимайман. Спиртли ичимликлар ичиб тураман. Яна кўплаб гуноҳ ишлар қилганман. Зинога ҳам бориб кўрганман. Дискотейкаларга борганман. Қизлар билан танишиб, кўнгилхушлик қилганман. Энди шуларнинг ҳаммасидан воз кечиб, ҳаловатли, хотиржам ҳаётга қайтмоқчиман. Тавба қилсам, тавбам қабул бўлармикин? Ахир мен жуда кўп гуноҳларни содир этганман-ку! Аслида қандай тавба қилинади?" каби саволларни бериб қолишади. Уларнинг бу ҳоллари худди қўлидан тортиб қутқаришларини сўраб ёлвораётган чўкаётган кишига ёки йўлидан адашиб, манзилига қандай етиб боришини бировлардан сўраётган одамга ўхшайди.

Ҳаммамиз ҳам гуноҳкормиз. Ҳар бир мусулмон борки, тавба қилишга муҳтождир. Тавбага фақат гуноҳи кабира қилганларгина эмас, ҳамма шошилиши керак. Яъни фақат намоз ўқимайдиганлар, кўплаб катта гуноҳларни содир этганларгина эмас, балки, солиҳ, тақволи инсонлар ҳам тавбаларини янгилаб туришлари керак.
Аллоҳ таоло Мадинада яшаётган саҳобаларни тавба қилишга буюрди. Ваҳоланки, улар ўзларини, мол-мулкларини У зот йўлида қурбон қилиб, яшаш жойларини Аллоҳ розилиги учун тарк қилиб, Мадинага кўчиб келган эдилар. Ўша Мадинада туриб, Аллоҳ йўлида жанг қилган эдилар. Аллоҳ таоло уларга қарата: "Барчангиз Аллоҳга тавба қилингиз, эй, мўминлар! Шояд, (шунда) нажот топсангиз" (Нур, 31), деб буюрган.
Тавба қилувчиларнинг имоми, истиғфор айтувчиларнинг саййиди Пайғамбар алайҳиссалом бир ҳадиси шарифда шундай марҳамат қилганлар: "Эй инсонлар, Аллоҳга тавба қилинглар. Мен бир кунда У зотга юз марта тавба қиламан". Муслим ривояти.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Биз Пайғамбар алайҳиссаломнинг бир мажлисда юз марта "Эй Роббим, мени кечиргин, тавбамни қабул қилгин. Албатта, Сен Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул қилувчи ва раҳимли зотсан" деб дуо қилишларини санар эдик". Абу Довуд, Термизий, Ибн Можжа ривояти.
Муҳтарам азизлар, ҳаммамиз гунокор, хатокор бандамиз. Гоҳида тоатларга мойиллигимиз кучайиб кетади, гоҳида эса, гуноҳу маъсиятларга кетиб қоламиз. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам "Ҳар бир инсон хато қилувчидир. Хато қилувчиларнинг энг яхшиси эса, кўп тавба қилувчилардир" деганлар. Термизий ривояти.
Аллоҳ таоло тавба қилувчиларни мақтаб шундай дейди: "Албатта, Аллоҳ чин тавба қилувчиларни ва обдон покланиб юрувчиларни севади" (Бақара, 222).
Ҳа, Аллоҳ таоло тавба қилувчи бандаларини яхши кўради. Аслида ҳаётимиз гуноҳларни содир этиш билан ўтади. Агар шундай бўлмаганида, яъни ҳеч гуноҳ содир этмаганимизда, Аллоҳ ер юзидан бизларни кетказиб, ўрнимизга гуноҳ қилиб, кейин ўша гуноҳига тавба қиладиган қавмларни келтирган бўларди. Аммо бу дегани гуноҳларни бемалол қилса бўлаверар экан-да, дегани эмас. Асло!
Албатта, ҳамма гуноҳ қилувчи инсон бўлгандан кейин, инсонларнинг яхши ёмонини ўша гуноҳига тавба қилиши ёки тавба қилмаслиги билан ажратиб олинади.
Гуноҳлар ҳам касалликка ўхшайди. Уларнинг орасида кучли муолажага муҳтожлари ҳам бўлади. Энг асосийси, инсон ўз ҳолатини ўзи текшириши, ўзидаги гуноҳ деб аталмиш касалликка ўзи ташхис қўйиб, уни даволашга интилиши лозим. Ибн Қайюм раҳимаҳуллоҳ инсонлар гуноҳлар масаласида қуйидаги тўрт мартабада бўлишини айтган:
1. Гуноҳдан кейин қўрқиш ва маҳзунлик босқичи.
Яъни, инсон бу босқичда гуноҳ қилиб қўйса, юраги сиқилади, гуноҳ қилган пайтда ўзини Аллоҳдан узилган деб ҳисоблайди. Аллоҳ уни ўз ҳолига ташлаб қўйганини ўйлайди. Шу билан бирга Аллоҳ у бандага назар солиб турганини ҳам ҳис қилади. Мана шу ҳис борлиги учун ҳам бу банда қилган гуноҳининг оқибатидан жуда қўрқади. Бу мартабадаги одамнинг нажотга эришишини умид қилса бўлади. Бу ҳолат баъзи саҳобаларда ҳам содир бўлган.
Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Бир куни масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. Шунда бирдан бир одам келиб: "Эй Расулуллоҳ, мен ҳад (шаръий жазо)га лойиқ бир иш қилиб қўйдим. Менга ўша ҳадни қоим қилинг" деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сукут қилдилар. Ҳалиги одам айтган гапини яна такрорлади. У зот яна сукут қилдилар. Кейин намозга иқомат айтилди. Намоз ўқиб бўлингач, бояги одам яна Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, айтган гапини такрорлади. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: "Уйингдан чиқаётганингда чиройли тарзда таҳорат қилмаганмидинг?" деб сўрадилар. Ҳалиги одам "Ҳа, қилгандим, эй Расулуллоҳ" деди. У зот: "Биз билан бирга намоз ўқимадингми?" дедилар. Бояги киши "Ўқидим" деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Аллоҳ сенинг гуноҳингни кечирди" дедилар". Муслим ривояти.
2. Гуноҳ қилганига ҳурсанд бўлиш босқичи.
Агар инсон гуноҳларни қайта-қайта қилаверса, унда ғафлат туйғуси кучайиб кетади. Гуноҳдан қўрқиб, уни қилганига хафа бўлиш ҳисси энди гуноҳлардан ҳурсанд бўлиш ҳиссига айланади. Бу ҳурсандчилик гуноҳ қилишга рағбатнинг кучлилига, уларнинг оқибатини ва хатарли эканини, Аллоҳнинг азоби нақадар даҳшатли эканини билмасликни англатади. Кимда агар шундай ҳис пайдо бўлган бўлса, иймонини кўздан кечирсин, қалбининг ўлганидан огоҳ бўлсин, Аллоҳга шу ҳолда йўлиқишдан эҳтиёт бўлсин.
3. Гуноҳларда бардавом бўлиш босқичи.
Гуноҳни такрор-такрор қилиш гуноҳларда бардавом бўлишни келтириб чиқаради. Гуноҳларда бардавомлик эса, алоҳида улкан гуноҳдир. Шунинг учун ҳам уламолар "Бардавомлик билан гуноҳ кичик ҳолатида қолмайди, истиғфор билан эса, катта гуноҳлар қолмайди" дейишган.
4. Гуноҳларни ошкора қилиш босқичи.
Бу энг хатарли босқичдир. Бу мартабанинг эгаси иймони саломат бўлмаслигидан эҳтиёт бўлсин. Чунки Пайғамбар алайҳиссалом "Умматимнинг ҳаммаси иймонини сақлаб, азобдан қутилади, фақат гуноҳни ошкора қилувчилар бундан мустасно" деганлар.
Инсон қандай қилиб гуноҳни ошкора қилади, ахир у Аллоҳнинг кўриб турганини билади-ку? Агар инсон Аллоҳнинг кўриб турганига иймон келтирган ҳолда, гуноҳларни ошкора қилса, бу унинг Аллоҳдан ҳаёси озлигини билдиради. Агар инсон Аллоҳнинг кўриб турганига ишонмасдан гуноҳларни ошкора қилса, бу куфр ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ошкора гуноҳ қилувчи икки ҳолатдан бирида бўлади: ё ҳаёси оз бўлади ёки куфрда бўлади. Пайғамбар алайҳиссалом бу борада шундай деганлар: "Аллоҳ таоло қайтарган мана бу ифлосликлардан сақланинглар. Ким улардан бирортасини қилиб қўйса, Аллоҳнинг тўсиғи билан тўсилсин ва Аллоҳга тавба қилсин". Молик ривояти.
Муҳтарам ўқувчилар, тавба улкан ибодатдир. Унинг қабул бўлиши учун бир қанча шартлар мавжуд. Тавбанинг шартларига амал қилинсагина у қабул бўлади. Аҳли илм наздида тавбанинг тўртта шарти бор.
1. Илм.
Яъни, гуноҳларнинг зарари жуда ҳам катта эканига ва банда билан унга маҳбуб бўлган ҳар бир нарса орасидаги тўсиқ эканига маърифат ҳосил қилишдан иборатдир.
2. Ҳол.
Мазкур илм туфайли қалбда пайдо бўлган афсус ва надоматдан иборатдир. Зотан, қалб қачон ўзи муҳаббат қўйган нарсадан маҳрум бўлса, алам чекади. Ана ўша алам надомат деб аталади. Пайғамбар алайҳиссалом "Надомат тавбадир" деганлар.
3. Амал.
Гуноҳнинг зарарини билиб, қалбда ундан алам чекилгандан кейин мазкур аламни йўқотиш учун азму қарор билан ўша гуноҳни тарк қилишдир.
4. Ҳақларни эгасига қайтариш.
Агар бир инсоннинг ҳаққига тажовуз қилинган бўлса, у ҳолда ўша банданинг розилигини олиш ҳам зарур бўлади.
Демак, ҳақиқий тавба банда қилиб турган гуноҳидан дарҳол четланиши, умрининг охиригача гуноҳ қилмасликка азму қарор қилиши ҳамда аввалги гуноҳларига каффорот бўладиган солиҳ амалларни қилиши ва ибодатларнинг қазоларини бажариши, зулм қилган кишиларидан кечирим сўраб, уларни рози қилиши билан бўлади.
Ким гуноҳ Аллоҳдан узоқлаштирувчи сабаб эканини билмаса, қилган гуноҳларига тавба қилмайди. Аламга сабаб бўлувчи гуноҳни қилаверади ва оқибатда ҳалок бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг кўп тавба қилувчи ва севимли бандаларидан қилсин. Омин!

Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўпчилик инсонлар истаган пайтимизда кулиб, истаган пайтимизда йиғлай оламиз деб ўйлайдилар. Лекин улар бу гап мутлақо нотўғрилигини, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким давоми...

4831 12:31 / 15.03.2017
Абдурроҳман ибн Авф розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Мен амакиларим билан бирга мутоййибийн шартномасига ҳозир давоми...

2584 05:00 / 14.03.2017
Аллоҳ таолонинг биз, бандаларга ато этган неъматлари беҳисоб, уларнинг саноғига етиш ҳам қийин. Аммо Парвардигорнинг бир неъмати ҳам борки, унинг нақадар давоми...

13024 19:15 / 20.06.2018
Дунёда мақтовни ёқтирмаган, ҳеч йўқ хушомадли сўзларга эътироз билдирадиган одам топилмаса керак. Ақлини энди таниган ёш болалардан тортиб ҳаётда ҳамма нарсани давоми...

4078 12:23 / 15.03.2017
Аудиолар

118788 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40738 14:35 / 11.08.2021