1446 йил 17 жумадул аввал | 2024 йил 19 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Руҳий тарбия

Тавба ҳақиқати

10:02 / 11.10.2017 5807 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Абулқосим Абдулкарим ибн Ҳавозин ал-Қушайрий

“Ар-рисалатул Қушайрия”



“Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, нажот топсангизлар” (Нур, 31).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Гуноҳдан тавба қилувчи инсон худди гуноҳи йўқ инсон кабидир. Агар Аллоҳ бандани яхши кўриб қолса, гуноҳ у бандага зарар бермайди”, деётганларини эшитдим. Сўнг “Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади” (Бақара, 222) оятини тиловат қилдилар. “Ё Расулуллоҳ, тавбанинг аломати нима?” деб сўрадилар. У зот алайҳиссалом: “Тавбанинг аломати – гуноҳларга надомат қилишдир”, дедилар” (Ибн Можжа тахриж қилган).

Ҳадисдаги  “Агар Аллоҳ бандани яхши кўриб қолса, гуноҳ у бандага зарар бермайди” жумласи шуни англатадики, банда гуноҳлардан тинимсиз ва давомий тавба қилади. Бунинг натижасида Аллоҳ таоло бандани яхши кўриб қолади. Энди банда гуноҳ содир этса ҳам, Аллоҳ унинг тавба қилишига муваффақ қилади.

“Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севади” ояти  шуни англатадики, агар банда тавба қилса, пок ҳолатда бўлади. Жаннатга эса фақат пок банда киради. Бу эса Аллоҳ муҳаббатидан далолатдир.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий алайҳиссалом: “Тавба қилувчи ёш йигитдан кўра Аллоҳга суюклироқ киши йўқдир”, дедилар” (Имом Суютий “Жомиъус соғир”да зикр қилган).

Шундай экан, тавба соликлар манзилининг аввалги манзили, Аллоҳ розилигини талаб қилувчиларнинг аввалги мақомидир.

“Тавба” луғатда “қайтмоқ” деган маънони англатади.

Тавба – шариатда мазаммат қилинган, тақиқланган нарсадан шариатда мақталган, тарғиб қилинган нарсага қайтишдир.

Аҳли Сунна уламолари айтадилар: “Тавба саҳиҳ бўлишининг учта шарти бор: Шариатга хилоф бўлган амални қилгани учун надомат қилиш; шу пайтнинг ўзида хатосини тарк этиш; содир этган гуноҳларига қайтмасликка азму-қарор қилиш”.

Ушбу уч рукн топилсагина, тавба саҳиҳ бўлади.

Уламолар айтадилар: “Ҳадисда келган “Надомат – тавбадир” ибораси тавбанинг энг улкан аркони ва асоси надомат эканидан хабар бермоқда. Бу худди бошқа бир ҳадисда келганидек: “Ҳаж – Арафадир” (Термизий ривояти) ибораси каби, яъни Ҳажнинг энг улуғ рукни – бу Арафада туришдир деган маънода. Бу Ҳажда Арафада туришдан бошқа рукн йўқ, дегани эмас, аммо унинг энг улкан ва асосий рукни Арафада турмоқ, демакдир.

Шу каби “Надомат – тавбадир” ҳадиси ҳам тавбанинг энг асосий рукни надоматдир, деганидир. Муҳаққиқ уламолар айтадилар: “Тавбанинг ҳақиқати надомат бўлгани кифоя, чунки надомат ўзидан кейинги иккита шарт (гуноҳни тарк этиш ва қайтиб ўша гуноҳни қилмаслик)ни келтириб чиқаради, яъни надомат бўлдими, ўз-ўзидан кейинги икки шарт юзага келади”. Бу тавбанинг қисқача таърифлари баёнидир.  Энди тавбанинг шарҳи ва умумий баёни ҳақида сўз юритилади.

Тавбанинг сабаблари, тартиби ва қисмлари

Дастлаб қалбни ғафлат уйқусидан уйғотмоқ лозим бўлади. Ва ёмон ҳолатлардан иборат унга зарар етаётган нарсаларга эътибор бериши керак. Бу иккисига Аллоҳ таолони эслатиб турувчи хотирасидаги нарсага қулоқ солиши ва қалбини эшитиши орқали етишиш мумкин. Чунки хабарда: “Ҳар бир мусулмон кишининг қалбида Аллоҳнинг воизи, ваъз-насиҳат қилувчиси бордир”, – дейилган. Яъни Аллоҳни доимо эслатиб турувчи, ёмон ишларнинг хатарли эканидан огоҳлантирувчи ички овоз бўлади. Содда қилиб айтганда, виждони бўлади.

Набий алайҳиссалом айтдилар: “Албатта, баданда бир парча гўшт бор. Агар у салоҳиятли бўлса, баданнинг ҳаммаси салоҳиятли бўлади. Агар у фасод бўлса, баданнинг ҳаммаси фасод бўлади. Огоҳ бўлингки, у қалбдир”, дедилар (Бухорий ривояти).

Агар банда қилган ишининг ёмонлиги борасида қалби ила фикр қилса, қабиҳ феъл ва амалларнинг ўзига қанчалик зарар эканини кўра олса, қалбига тавба қилишга бўлган хоҳиш сизиб киради. Қалби эса қабиҳ феъллардан узоқлашади. Шундагина Аллоҳ таоло азму-қарорининг тўғрилиги, ёмонликлардан гўзал ҳолда қайта олиш ва тавба сабабларини тайёрлаб қўйиш билан унга муддат, имконият беради.

Тавба сабабларининг энг аввалида ёмон дўстлардан узоқлашиш туради. Чунки улар бандани олий мақсадларидан қайтишга ундайдилар, азимати йўлидаги уринишларини йўққа чиқарадилар.

Тавбанинг содиқлиги фақатгина тавба қилишга бўлган рағбатини оширадиган мушоҳада, азм қилган нарсанини тамомига етказишга олиб борадиган нарсаларда давомий бўлиши билан амалга ошади. Шу пайт қалбидан қайсарлик тугунлари ечилади.

Агар тавбаси бир ёки бир неча марта ноқис бўлса, иродаси эса тавбани янгилашга ундайверса, ушбу ҳолат ҳам такрорланаверса, мана шундай тавбадан ҳам умид узмаслиги лозим бўлади. Зеро, “Ҳар бир ажалнинг ўз китоби бордир”.

Шундай қилиб, банда гуноҳларни тарк этса, қалбидан қайсарлик тугунларини ечиб ташласа ва гуноҳга қайтмасликка азму қарор қилса, шу онда қалбига надоматнинг энг содиғи жойлашади. Натижада қилган ишларидан афсусланиш ҳиссини туяди, содир этган нарсаси сабабли аҳволига ачина бошлайди, қилган ишидан ўзини шармандали ҳис қилади. Шундан сўнг унинг тавбаси тамомига етган бўлади, ҳаракатлари тасдиқланади. Гуноҳларга аралашуви узлатга, ёмон дўстлари билан бўладиган суҳбатлари улардан четланишга айланади. Ибодатли тунлари тонгга уланади. Бутун вужуди ила афсус-надоматни ҳис қилади.

Тавба қилувчининг сифати ва ҳолатлари

Тавба қилувчиларнинг сифатлари ва ҳолатлари бўлиб, бу ўзларига хос ҳисобаланди. Аммо уларнинг барчаси тавба жумласига киради. Бунга тавба маъноси борасида руҳий тарбия шайхларининг гаплари ишора қилади.

Устоз Абу Али Даққоқ айтадилар: “Тавба уч қисмдир. Аввали тавба; иккинчи қисми иноба; учинчи қисми авба дейилади. Содда қилиб айтганда, бу уч нарса тавба ва тавба қилувчиларнинг даражасидир. Яъни ким Аллоҳ иқобидан қўрқиб тавба қилса, у тавба соҳиби дейилади. Ким фақатгина савобни умид қилиб тавба қилса, у иноба соҳиби дейилади. Ким иқобга ҳам, савобга ҳам эътибор бермай, мен тавба қилишга буюрилганман, дея тавба қилса, у авба соҳиби дейилади”.

Тавба қисмлари борасида яна қуйидагилар айтилади:

Тавба мўминларнинг сифатидир. Бу борада Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:

“Аллоҳга барчангиз тавба қилинг, эй мўминлар. Шоядки, нажот топсангизлар” (Нур, 31).

Иноба авлиё ва муқарраб бандаларнинг сифатидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Роҳмандан ғоибдан қўрққан ва саломат қалб ила келган кимсага” (Қоф 33). Авба набий ва расулларнинг сифатидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

“Ва Биз Довудга Сулаймонни ҳадя қилдик. У қандай ҳам яхши бандадир. Албатта, у ўта қайтгувчидир” (Сод, 30).


Саҳл ибн Абдуллоҳ тавбага қуйидагича таъриф берадилар: “Тавба кечиктириш ва чўзиб юришни тарк этишдир”. Яъни бир инсон гуноҳ қилса-ю,  унга қиладиган тавбасини кечиктирмасдан, ўша заҳоти тавба қилса, шу ҳақиқий тавба бўлади, дейдилар.

Воситий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Насуҳ тавба соҳибида маъсиятдан ҳам ошкора, ҳам пинҳона бўлган бирор асар-изни қолдирмайди. Кимнинг тавбаси тавбаи насуҳ бўлса, қандай тонг оттириб, қандай тунга кирганига эътибор бермай қўяди”.

Зуннун Мисрий: “Гуноҳлардан тўлиқ узилишсиз айтилган истиғфор ёлғончиларнинг тавбасидир”, деганлар.

Ва яна: “Ҳақиқий тавба – бу сизга кенг ва бепоён ер тор бўлиб, ўзингизни қўярга жой тополмай қолишингиз ва юрагингиз сиқилиб қолишидир”, дедилар.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Ва ортда қолган уч кишига ҳам. Уларга кенг ер тор бўлиб, юраклари сиқилиб, Аллоҳдан қочиб, ўзгага бориб бўлмаслигига ишонганларидан сўнг тавба қилишлари учун тавба эшиги очилди. Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир”. (Бу уч кишининг қиссаси ҳамма тарих китобларимизда, тафсир ва ҳадис китобларимизда ривоят қилинган. Мазкур уч киши Каъб ибн Молик, Мирора ибн Робиъ ва Ҳилол ибн Умаййа ал-Воқифийлар мунофиқ эмас, балки чин мусулмон бўлганлар, лекин хато қилиб, Табук ғазотига бормай қолганлар) (Тавба, 118).

Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломга ваҳий қилди:  “Эй Одам, зурриётларингга қийинчилик ва чарчоқ ҳиссини бердим. Улардан ким Менга сенинг дуоинг билан дуо қилса, тавбангни қабул қилганимдек унга эътиборимни қаратаман. Эй Одам, тавба қилувчиларни қабрларидан башорат  берилган ва кулган ҳолларида тирилтираман ва Маҳшарга жамлайман”.


Ҳасанбой Эргашов таржимаси


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Мени ёд этингиз, мен ҳам сизларни ёд этаманhellip,Бақара сураси, 15 оят.Аллоҳ таолонинг дини шарафланган жой ва маконда осойишталик, хотиржамлик ҳукм суради. Муҳаббат давоми...

4477 14:34 / 12.08.2017
Аллоҳнинг биру борлигига ва баркамол сифатларига далолат қилувчи бошқа оятбелгилар жуда ҳам кўп..У осмондан сув туширган Зотдир. Бас, у сув ила турли набототлар давоми...

3297 18:04 / 15.04.2018
Гуноҳи кабира катта гуноҳ деган маънони англатади. Гуноҳи кабира ndash уни қилган одамга Қуръон ёки ҳадисда дўзахга кириш тайин қилинган гуноҳлар, шариатда ҳаддни давоми...

7693 19:11 / 11.07.2017
Амал қилувчилар учун мукофот ўлароқ тоатда У Зот уларнинг қалбларида очган нарса ва уларга эриштирган Ўзининг унсу улфати кифоядир.Аввалги ўтган ҳикматнинг давоми...

3494 10:19 / 04.12.2017
Аудиолар

134824 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55122 14:35 / 11.08.2021