1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Эслатмалар

Тавба сураси, 75-77-оятлар

11:23 / 27.07.2017 8024 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уламоларимиз бу оятларнинг нузулига бевосита сабаб бўлган ҳодиса ҳақида ҳам ривоят қилганлар. Имом ибн Жарир Тобарий Абу Амома Боҳилийдан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:

«Саълаба ибн Ҳотиб Ансорий Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

Дуо қилинг, Аллоҳ менга мол-дунё берсин, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Шўринг қурисин, эй Саълаба, шукрини адо қилган оз молинг сен чидай олмайдиган кўп молдан яхшироқ, – дедилар. Саълаба яна ўз сўзларини такрорлади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: – Шўринг қурисин, эй Саълаба, Аллоҳнинг Пайғамбарига ўхшашга рози бўлмайсанми? Жоним қўлида бўлган Зот билан қасамки, агар мана шу тоғлар мен билан бирга тилла ва кумуш бўлиб юришларини хоҳласам, юрар эди, – дедилар. Саълаба:

– Сизни ҳақ ила юборган Зотга қасамки, агар Аллоҳга дуо қилсангиз, менга мол-дунё берса, ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққини берар эдим, – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Аллоҳим, Саълабага мол-дунё бергин, – деб дуо қилдилар. Саълаба қўй боқди. Қўйлари қуртдек кўпайиб кетди. Мадинага сиғмай қолди. У шаҳардан четга чиқиб, водийлардан бирига жойлашди. Пешин ва аср намозларини жамоат билан ўқиб, қолганларини ўқимай қўйди. Қўйлари эса тобора кўпайиб борарди. У жумадан бошқа намозга келмай қўйди. Қўйлари яна кўпаяверди. У жумага ҳам келмай қўйди. Жума куни отлиқларнинг олдини тўсиб, нима хабар борлигини сўрайдиган бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Саълабага нима қилди? – деб сўраб қолдилар. Одамлар:

– Эй Аллоҳнинг Расули, у қўй боққан эди. Мадина торлик қилиб қолди, деб унинг хабарини айтиб бердилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

– Саълабанинг шўри қурисин, Саълабанинг шўри қурисин! – дедилар. Кейин Аллоҳ таоло «Уларнинг молларидан садақа ол» оятини нозил қилди. Закотнинг фарзлари нозил бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки кишини мусулмонлардан закот йиғишга юбордилар. Бири Жуҳайна қабиласидан, иккинчиси Салим қабиласидан эди. Уларга мусулмонлардан закотни қандай олишларини ёздириб бердилар. Уларга:

– Саълабанинг ва Фалончининг, – деб Бану салимлик бир одамнинг исмини айтиб, – уларнинг олдиларига бориб, закотларини олинглар, – деб буюрдилар. Улар йўлга чиқиб, Саълабанинг олдига келдилар, закотни сўрадилар ва унга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ёздириб берган мактубни ўқитдилар. У эса:

Бу жизядан бошқа нарса эмас. Бу жизянинг синглисидан бошқа нарса эмас. Мен бунинг нималигини билмайман. Сизлар кетаверинглар, ишни тамом қилганларингиздан сўнг олдимга келинглар, – деди.

Силмий (Бану салимлик одам) эса закот йиғувчиларнинг келганларини эшитиб, туяларининг тишига қараб, энг яхшиларини закотга ажратиб қўйди ва икковларини хурсандлик билан кутиб олди. Улар туяларни кўрганларидан кейин:

– Сенга буларни бериш вожиб эмас, биз сендан буни олмаймиз, – дедилар. У:

– Илтимос, олинглар. Чин кўнгилдан чиқариб қўйганман. Буларнинг ҳаммасини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга олиб боринглар, – деди. Ундан қабул қилиб олдилар ва бошқа одамларнинг закотларини ҳам йиғдилар. Сўнгра икковлари Саълабанинг олдига қайтиб бордилар. У:

«Мактубингизни кўрсатинг, – деди-да, уни ўқиб кўриб: – Бу жизядан бошқа нарса эмас. Бу жизянинг синглисидан бошқа нарса эмас. Сизлар бораверинглар, мен бир ўйлаб кўрай, – деди.

Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига қайтиб бордилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вакилларини кўришлари билан, ҳали ҳеч гап сўрамай туриб:

– Саълабанинг шўри қурисин, – дедилар. Силмийга барака тилаб, дуо қилдилар. Иккала закотчи у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Саълаба нима қилганини ва Силмий нима қилганини айтиб бердилар. Аллоҳ таоло «Улардан: «Агар бизга Ўз фазлидан берса, албатта, садақа қилажакмиз...» оятларини нозил қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида Саълабанинг қариндошларидан бири турган эди. Бу гапларни эшитганидан сўнг тезлаб унинг олдига борди ва:

– Шўринг қуриди, эй Саълаба, Аллоҳ сенинг ҳақингда бундай-бундай оятларни нозил қилди, – деди. Саълаба тезда йўлга чиқди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, закотни қабул қилишларини сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Аллоҳ менга сендан закотингни қабул этишни ман қилди, – дедилар. Саълаба ўзини ҳар томон уриб, бошига тупроқ соча бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: – Ўзинг қилдинг, мен сенга буюрсам, итоат қилмадинг, – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам закотни қабул этмаганларидан кейин Саълаба манзилига қайтди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ундан ҳеч нарсани қабул қилмай, вафот этиб кетдилар. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу халифа бўлганларида, Саълаба олдиларига келиб:

– Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидаги эътиборимни биласан, Ансорийлар ичидаги обрўимни ҳам биласан, закотимни қабул қил, – деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу:

– Сенинг закотингни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабул қилмаганлар, – деб унинг закотини қайтардилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳам ундан закот қабул қилмай, вафот этиб кетдилар. Ҳазрати Умар халифа бўлганларида, Саълаба у кишининг олдиларига ҳам келди:

– Эй мўминларнинг амири, закотимни қабул қил, – деди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр қабул этмаган закотингни мен қабул қилайми? – дедилар. У кишидан сўнг ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлганларида ҳузурларига келиб:

Закотимни қабул қил, – деди. У киши:

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар қабул қилмаган закотингни мен қабул этайми? – дедилар. Саълаба ҳазрати Усмон халифалик даврларида вафот этди».

Ҳодисага диққат билан назар соладиган бўлсак, айрим мунофиқларни ҳисобга олмаганда, мусулмонлар оммаси закотни ўзларига Аллоҳ томонидан қурбат ҳосил қилиш учун яратиб берилган қулай фурсат деб тушунганлар ва доимо уни ортиғи билан адо этишга ҳаракат қилганлар.

Мунофиқлар эса аксинча тушунганлар. Мол-дунёга эга бўлгунларича, закотни ўз вақтида адо этишни қайта-қайта такрорлашдан чарчамасалар ҳам, мол-мулкка эга бўлганларидан кейин закотни худди ғайридинлардан олинадиган жизяга тенг кўрганлар.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Зинҳор бир нарсани .Буни эртага албатта қилувчиман,, ndash дема.Фақат .Аллоҳ хоҳласа,, ndash дегин. Қачонки унутсанг, Роббингни зикр қил ва .Шоядки, Роббим мени бундан давоми...

12715 10:58 / 25.08.2017
Аҳзоб сураси, 21оят

4765 17:12 / 02.02.2018
Геологиядаги .қатламланиш, ҳодисаси яқинда кашф этилган фактдир. Бу ҳодиса тоғларнинг қатламлари шаклланишини таъминлайди. Биз устида яшаб турганимиз, ер давоми...

3409 11:48 / 05.08.2017
quotРоббингиз унинг фазлидан талаб қилишингиз учун денгизда кемани юргизиб қўйган зотдир. Албатта У сизга ўта раҳмлидирquot.Исро сураси, 66оят

4992 12:32 / 01.07.2017