1445 йил 9 шаввол | 2024 йил 18 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳаж

Ташриқ ва қурбонлик кунлари

16:54 / 25.08.2017 6317 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Ташриқ кунлари» луғатда «офтобда қуритиш кунлари» деган маънони билдиради. Истилоҳда Қурбон ҳайитидан кейинги уч кун «ташриқ кунлари» саналади. Илгари ўша кунлари ҳожилар Минода туриб, қурбонликлари сўйилганидан кейин гўштини қуёшга қўйиб қуритиш билан машғул бўлишган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом ташриқ кунлари рўза тутишдан қайтарганлар. 

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: 

«Аллоҳни саноқли кунларда эсланг. Бас, ким икки кундан кейин шошилиб, кетиб қолса, унга гуноҳ йўқ. Ким кечикиб қолса, унга ҳам гуноҳ йўқ. Бу – тақво қилувчилар учун. Аллоҳга тақво қилинглар ва билингларки, албатта сиз Унга тўпланурсиз» (Бақара сураси, 203-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло «ташриқ кунлари»да Ўзини кўп зикр қилишга ҳукм қилмоқда. Ташриқ кунлари намоздан кейин ташриқ такбирини айтиш вожибдир. 

Демак, юқоридаги ояти каримадан бешта ҳукм билинади:

1. Ташриқ кунлари Аллоҳнинг зикри билан банд бўлиш;

2. Ташриқ кунлари Минода туриш;

3. Қурбонлик кунидан кейинги ўн биринчи ва ўн иккинчи кунлар тошини отиш вожиб;

4. Ўн учинчи куннинг тошини отиш эса афзал ва яхши;

5. Аллоҳ таолодан хавфда туришни ихтиёр қилиш лозим ва зарурийдир.

Ташриқ кунлари зул-ҳижжанинг ўн биринчи кунидан бошлаб ўн учинчи куннинг қуёши ботгуничадир. Қурбонлик кунлари эса, ўнинчи кундан бошлаб ўн иккинчи кунгачадир. Демак, иккиси тўрт кундир. Ушбу кунлардан ўнинчиси кун қурбонликка хос кундир. Ўн учинчи кун эса ташриққа хосдир. Иккисининг орасидаги икки кун қурбонлик билан ташриқ орасида муштаракдир. «Наҳр»нинг маъноси қурбонлик қилишдир. «Ташриқ»нинг маъноси эса, гўштни қуритишдир.

Ташриқ такбирининг лафзлари қуйидагилардир:

«Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар, Аллоҳу акбар валиллаҳил ҳамд». 

Ташриқ такбири тўққизинчи зул-ҳижжа кунининг бомдод намозидан ўн учинчи куннинг асригача ҳар фарз намоздан кейин эркакларга баланд овозда, аёлларга эса паст овозда бир марта айтиш вожибдир, яъни 23 та намозда ташриқ такбирини айтиш вожибдир. Ҳайит намози билан 24 та намоз бўлади. Жамоат билан ўқиладиган намозларда имом ташриқ такбирини айтишни эсдан чиқариб қўйса, муқтадийлар имомнинг ёдига солишлари керак бўлади. 

Ташриқ такбири ҳожи, муқим, мусофир, ёлғиз намоз ўқувчи, жамоат билан намоз ўқувчи, аёлларга, шаҳарликларга, қишлоқликларга ва ҳожи бўлмаганларга вожибдир, яъни барчага баравар вожибдир.   

Қурбонлик кунлари ўнинчи зул-ҳижжадан ўн иккинчи зул-ҳижжагача, яъни уч кундир. Ушбу уч кундан аввалги кунда Жамраи Ақабага тош отиш вожибдир. Соч олдириш, қурбонлик қилиш ва тавофи зиёратни ушбу уч куннинг охирги кунигача кечиктириш мумкин. Агар охирги кун ўтиб кетса, ушбу уч ишдан бирортаси боқий қолмайди ва жаримаси учун қурбонлик қилиш лозим бўлади.  

Қypбoнлик қиблaгa қapaтилиб: «Биcмиллaҳи, вaл­лo­ҳy aкбap. Aллoҳyммa ҳазa минкa вa лaкa» дeб сўйилади.

Қуpбoнлик cўйиш Aллoҳ таолонинг aмpигa бинoaн қoн чиқариш бўлиб, бy ибoдaт фидoкopликкa тaйёpлaниш paмзидиp. Энди эҳром мaн қилгaн ҳaммa нapcaлap вa ишлap жoиз бўлaди. Фaқaт aёлигa яқинлик қилиш мyмкин бўлмaйди.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мўминнинг умр сафари китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳаж исломнинг бешта асосий рукнларидан бири бўлиб, уни эркагу хотин мусулмонлар қилиши фарз амалиётларидандир. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ мазҳабига давоми...

6513 05:00 / 16.01.2017
Сайид Абдуллоҳ алЖардоний quotФатҳул Алламquot китобида ҳаж ҳақидаги саволларни ўрганиш заруриятини шундай ёзадилар quotҲаж сафарига бормоқчи бўлган киши учун энг давоми...

4089 16:42 / 15.08.2017
Бу кун қилинган дуолар энг афзал дуодир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Дуоларнинг яхшиси арафа кунидаги, мен ва мендан олдинги набийларнинг Лаа илаҳа давоми...

7590 06:51 / 18.08.2018
Ҳаж сафарини бошлашдан олдин гуноҳлардан астойдил тавба қилиш лозим. Зеро, ҳаж сафаридан энг муҳим ва асл мақсад ҳам гуноҳларлан тавба қилишдир. Тавбанинг қабул давоми...

1093 14:00 / 19.06.2023
Аудиолар

120054 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41725 14:35 / 11.08.2021