1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тасаввуф ва унинг ҳақиқати ҳақида (7)

05:00 / 01.03.2017 3197 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

КИФОЯ ТАВАККУЛ САВОБИ БОБИ

Таваккул қилувчилар уч табақа бўлади: мўминлар таваккули, хос аҳлининг тавакккули ва хослар хосининг таваккули. Бу Шиблийнинг таваккул ҳақидаги саволга берган жавобига ўхшайди. У бундай деган эди: “Сен Аллоҳ учун гўё йўқдай бўл ва сенга эса Аллоҳ азалийдир”.

Мўминлар таваккули шарти Абу Туроб Нахшабийдан[1] таваккул ҳақида сўралганида унинг берган жавоби кабидир. У айтади: “Баданни бандаликка ташлаш қалб Парвардигор улуғлигига боғланиб, бутунлай Аллоҳга берилишдир. Агар У берса шукр қилиш, агар қайтарса розилик билан сабр қилиш ва қадарга кўнишдир”.

Зуннун Мисрийдан таваккул борасида сўрашди. У бундай жавоб берди: “Нафс истагини тарк этиш ва куч-қувватга суянмаслик таваккулдир”.

Хосларнинг таваккули Абул Аббос ибн Ато айтганидек қуйидагичадир: “Ким Аллоҳга Аллоҳсиз таваккул қилса, Аллоҳга таваккул этмапти. Аллоҳга Аллоҳ билан ва Аллоҳ учунгина ҳеч бир сабабсиз таваккул қилса, шунда у Аллоҳга чин таваккул қилган бўлади”.

Абу Яъқуб Наҳаржурий[2] айтганидек: “Таваккул нафс ўлимига, дунё ва охират сабабларидан нафс насибасининг маҳрум бўлишига ўхшашдир”.

Аммо хослар хосининг таваккули бошқачароқ, у бундай таваккул ҳақида Жунайддан сўралган вақтда берган жавобига ўхшайди: “Барча ҳолатларда қалбнинг фақат Аллоҳга эътимод қилиши таваккулдир”.

Саҳл ибн Абдуллоҳ айтади: “Таваккул аҳлига уч нарса берилади: ҳақиқий ишонч, ғайб кашфи ва Парвардигор қурбати (яқинлиги)”.

Абу Бакр Қаттоний[3] бундай деди: “Ким таваккулга азм қилса, нафсига қабр кавласин ва унга нафсини дафн қилсин! Нафсини дафн этишда Аллоҳга таваккал қилади. Агар уни қабрдан чиқарса, таваккулда Аллоҳга  таваккул қилади”.

Ҳотам Асам[4]дан: “Аллоҳга таваккулда нимага эришдинг?” деб сўрашди. У бундай жавоб берди: “Тўрт хислатга эга бўлдим: билдимки, ризқимни мендан бошқа ҳеч ким емайди, шунда нафсим бундан хотиржам бўлди. Билдимки, амалимни мендан бошқа ҳеч бир киши қилмайди, шунда у билан машғул бўлдим. Билдимки, ўлим тўсатдан келади, шунда ундан олдин ўлимга тайёрландим. Билдимки, қаерда бўлсам ҳам Аллоҳ назаридан четда бўлмайман, шунда Ундан ҳаё қилдим”.

Абу Бакр Жарийнийдан таваккул ҳақида сўрашганида, у олдин жавоб бермади. Бу борада яна айтишганида у бундай жавоб қилди: “ Уйимда тўрт дона кичик тилла (дирҳамнинг олтидан бири) бор эди, уйга бориб уларни садақа қилишгача таваккул ҳақида сўзлашдан Аллоҳдан ҳаё қилдим. Уйимда тўрт кичик тилла турсаю мен қандай қилиб таваккул ҳақида сўзлайин”. У деди: “Таваккул қилувчи ўз қисматини билгани учун оний кунига аҳамият қилмайди”.

Суфёни Саврий[5] айтади: “Агар осмондан қатра ёмғир ёғмаса, ердан бирон нарса униб чиқмаса, шундан сўнг ризқимга аҳамият берсам, албатта ўзимни кофир деб гумон қиламан”.

Омир ибн Абдул Қайс[6] айтди: “Аллоҳ таолонинг: “Ер юзидаги ҳар бир махлуқ ризқи Аллоҳ томонидан кафолатланган” (Ҳуд, 6) деган ояти каримасини ўқиганимдан бери ризқ-рўзим ҳақида бирор марта ўйламадим”.

Нукта: Аллоҳга имонда бўл! Аллоҳдан ноумид яшама! Ҳаёт тадбирингни сени яратганга ташласанг, роҳатда бўласан!

“Роҳат нима?” деб сўралди. Шунда: “Қисматда бўлмаган нарса талабини тарк этиш роҳатдир. Мутаваккил сўрамайди, қайтармайди ва сақлаб турмайди”, дейилди.

Баъзилар айтади: “Мутаваккил назарида ҳатто осмон тош бўлиб, ер темир бўлиб, осмондан бирор томчи ёғмай, ердан бирон наботот униб чиқмай турганида ҳам унинг таваккули тўғри бўлмайди. У яхши биладики, Аллоҳ таоло унга кафил бўлган ризқни беришни тўхтатмайди. Ким ўз тақдирини Аллоҳга ташласа, У икки дунё ташвишида унга кифоя қилади. Аллоҳ таоло айтади: “Биз нима учун Аллоҳга таваккул қилмас эканмиз, у бизларни тўғри йўлимизга ҳидоят қилди” (Иброҳим, 12). Бу оят маъноси ҳақида Ҳотам Асам деди: “Нима учун бизлар Аллоҳга тақво қилмас эканмиз, У бизга Ислом ва ҳидоятни ато қилди-ку!”

Иброҳим Ҳаввос айтади: “Аллоҳга чин таваккул қилган мутаваккил орқасидан шер келсаю унга ўгирилиб қараса, у таваккулидан чиққан бўлади”.

Усмон ибн Таздордан ҳикоя қилинади: “Мен Абу Саъийд Харроздан эшитган эдим. У бундай деди: “Мен бир неча бор ҳеч бир тадбирсиз саҳрони кесиб ўтдим. Орқамдан эргашганлар билан бирга бўлардим. Бир бор Аллоҳ таолога қатъий аҳд қилиб саҳро сафарига ҳеч нарса олмай чиқдим. Аллоҳдан тавфиқ тиладим. Ўзимча, ҳеч кимса билан ҳамроҳ бўлмайман, унга ҳам, гапига ҳам эътибор қилмайман, деган ният қилдим. Шу ниятда Ироқ саҳроларидан бирида сафарда бўлдим. Бир куни икки намоз ўртасида Ваҳший деб номланган ерда борардим. Шунда орқамда бир шарпани ҳис қилдим ва унга қарамоқчи бўлдим, аммо ўзим билан Аллоҳ ўртасидаги аҳдимни эслаб, қарамай кетавердим. Қўрқув кетиб, ўзимни тутиб олдим. Шарпа менга яқинлашди. Мен шернинг юришини ва бўкириш овозини эшитдим. Юришда давом этдим. Бир шер тумшуғини ўнг елкамга теккизганини ва бошқа бир шер эса чап елкамга тумшуғини теккизганини сездим. Аллоҳ таоло мени собит қилди. Улардан бири пойабзалимни ялади-да, йўлида давом этди. Мен ҳам ўз йўлимда кетавердим. Аллоҳга берган аҳдим ва ниятим тўғри бўлганига ишонч ҳосил қилдим”[7].

Машойихлардан баъзиси айтади: “Розилик белгиси ихтиёр ва орзуни Аллоҳ ҳукми ва қазоси билан кесиш ҳамда Аллоҳ муҳаббатини нафс муҳаббатидан устун қўйишдир”.

Бишр Хофий айтади: “Аллоҳдан рози бўлган кишига агар бир бало етса, у офият бўлишини севмайди, агар Аллоҳ унга офият берса то Аллоҳнинг Ўзи офиятни ўзгартиргунига қадар уни ўзгартирмайди. Агар Аллоҳ уни бой қилиб қўйса, фақир қилишини хуш кўрмайди ва агар уни камбағал этса, уни бой қилишини истамайди. Аллоҳни рози қиладиган нарсага рози бўлиб, Аллоҳ истаган нарсани хоҳлайди”.

Фузайл ибн Иёз[8] айтади: “Истихора қилинглар, ихтиёр қилманглар. Қанчадан-қанча бандалар ўзларига бир ишни ихтиёр қилиб, шундан ҳалокат топишган”.

Абу Сулаймон Дороний[9] айтади: “Агар қалб шаҳватлардан омонда бўлса, у розидир”.

[1] Абул Аббос Аҳмад Ибн Муҳаммад Ибн Саҳл Ибн Ато Одамий сўфийларнинг машойих ва олимларидан эди. У Иброҳим Мористоний ва Жунайд Ибн Муҳаммад билан суҳбатда бўлди. Абу Саъийд Харроз уни жуда ҳурмат қиларди. Унинг сўзларидан намуна: “Ҳақиқатга мувофиқ бўлган ақл ақлларнинг энг соғломидир. Тоатларнинг энг ёмони манманлик ва ажабланишни келтириб чиқарадиган тоатдир. Гуноҳларнинг энг яхшиси тавба ва надоматга чорловчи гуноҳдир”. Ибн Ато Одамий 309 ва 311 ҳижрий йиллар ўртасида вафот этди.

[2] Абу Яъқуб Исҳоқ Ибн Муҳаммад Ибн Аюб Наҳаржурий тасаввуф уламоларидан бири эди. У Жунайд, Амр Ибн Усмон Маккий ва бошқалар билан суҳбатда бўлган. У сўфийлик ишоралари ҳақидаги илмлар бўйича китоб ва рисолалар ёзган. У то вафотига қадар пайғамбар масжидида (Мадинада) истиқомат қилди. Унинг сўзларидан: “Дунё денгиздир, охират соҳилдир. Маркаб – қайиқ – тақводир. Одамлар йўловчидир”. Наҳаржурий 303 ҳижрий санада вафот топди.

[3] Абу Бакр Муҳаммад Ибн Али Ибн Жаъфар Қаттонийнинг лақаби Ғавс эди. Бағдоднинг улуғ сўфийларидан бўлиб, замондошлари уни Ҳарам (Макка) чироғи, деб аташарди. У тавба, зоҳидлик, эшитиш каби сўфийлик мавзуларида сўзлаган. Бу завқий илмлар ҳақида рисолалар битган. Қаттоний Қутб бошчилик қилган ботиний ҳукумат ҳақида биринчи бўлиб гапирган эди. Бу хукуматга Қутбдан кейин абдол ва нақиблар бош бўлишади. Ундан ҳикоя этилган нақллардан бири қуйидагича: бир куни у сочлари оппоқ – оқарган бир одам тиланчилик қилаётганини кўриб айтди: Бу одам ёшлигида Аллоҳ амрини йўқотган эди, Аллоҳ уни қариганида йўқотди. Абу Бакр Қаттоний 322 ҳижрий санада Маккаи-мукаррамада вафот этди.     

[4] Абу Абдурраҳмон Ҳотам Ибн Унвон Ибн Юсуф Асам Хуросоннинг қадимги машойихларидан бири бўлиб, Балхда таваллуд топди. У Бағдодга бориб у ерда фақиҳлар, муҳаддислар ва сўфий шайхлар билан суҳбатда бўлди. Бир қатор фатҳларда иштирок этди. У зуҳд ва ибодат билан танилди. Ҳотам Асам 237 ҳижрий санада вафот топди.

[5] Суфён ибн Саъийд Саврий бўлиб, куфалик сўфийларнинг биринчиларидан бўлиб, таркидунёчиликда ҳаёт кечирди. Унинг зоҳидлик ҳақида мадрасаси бор эди. У илм талабида ва сўфийлик тариқасида ер юзида саёҳат қилишда дунёдан бутунлай узилган эди. Пайғамбар алайҳиссалом ҳадисларини кенг даражада билгани учун Суфён Саврий ҳадис илмида “Амирул мўминин” лақабини олган эди. Саврий   62 йилга яқин умр кўриб, уни илм талаби ва ер юзида сафар қилишда ўтказиб, 161 ҳижрий санада Басра шаҳрида вафот топди.   

[6] Омир ибн Абдуллоҳ ибн Абду Қайс Басранинг илк зоҳидларидан бўлиб, ёшлигидан зоҳидлик ва таваккул  ҳаётида яшади. Унга қуйидаги сўз нисбат берилади: “Агар мендек ҳижоб кашф бўлса, ишончим зиёда бўлмайди, яъни Аллоҳ билан ўртасидаги сир махфий бўлиши, иймонимни кучайтиради”. У 60 ҳижрий санада Байтул Мақдис шаҳрида вафот этди.  

[7] Бу ҳикоя суфийлар кароматидан бўлиб, табақот китобларида бу ҳақда ёзилган. Каромат – бу одатдан ташқари ғайритабиий бир ҳол бўлиб, уни Аллоҳ таоло ўзининг валийлари таскин топиши ёки уларни имтиҳон қилиш учун кўрсатади. Бу ҳақда Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолий ўзининг “Иҳё”сида батафсил сўз юритган. Сўфийлар айтишади: “Ким авлиёлар кароматини инкор қилса, анбиёлар мўъжизаларини инкор этган бўлади. Мўъжиза – анбиёлар, каромат – авлиёлар учундир”.   

[8] Фузайл ибн Аёз ибн Масъуд ибн Бишр тамимий бўлиб, Самарқандда таваллуд топган, Абюрдда вояга етган. Калабозий уни сўфийларнинг биринчисидан деб эътибор қилган. Суламий ўз китобида уни биринчи табақа сўфийлар аввалига қўйган. Фузайл ибн Аёз вафотидан сўнг сўфийлар унинг сийратини нақл этишган. У 187 ҳижрий санада Маккаи мукаррамада вафот этган.

[9] Абу Сулаймон Абдураҳмон ибн Атийях Дороний Дорон аҳлидандир. У Исломдаги сўфийлар улуғларидандир. У дунёдан узоқлашиб, дин ишлари билан машғул бўлиб, парҳез ва зоҳидликда ҳаёт кечирди. У шундай дерди: “Ким дунё билан беллашса, дунё уни йиқитади. Ҳар бир нарсанинг маҳри бор, жаннатнинг маҳри дунёни бор-буди билан тарк этишдир”. Ҳикоя қилишларича у бир куни хилватда Аллоҳга дуо қиларди. Совуқ кучайиб кетганидан бир қўлини қўлтиғига тиқиб, иккинчи қўлини дуога чўзган ҳолда мудраб қолади. Шунда хотифдан келган овозни эшитди: “Эй Абу Сулаймон, чўзилган қўлингга шу кечада сенга етадиган энг яхши нарсаларни қўйдик, иккинчиси ҳам бўлса эди, унга ҳам қўяр эдик!”. Дороний айтди: “Шундан кейин мен иссиқ ёки совуқ бўлсин, Аллоҳга икки қўлимни чиқариб дуо қилишга аҳд қилдим”. Абу Сулаймон Дороний 215 ҳижрий санада вафот топди.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн, вассолату вассаламу алан Набиййил амийн ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн. Аммо баъд. Албатта, қалб танадаги барча аъзоларнинг давоми...

4246 05:00 / 01.03.2017
Ушбу мақолада ужбнинг сабаблари, кўринишлари ва ундан қутулиш йўллари ҳақида сўз юритилади. Ибн Қудома раҳимаҳуллоҳ айтадилар Билгинки, ужб кибрга олиб боради. давоми...

4180 05:00 / 01.03.2017
Таваккул луғатда вакил қилиш сўзидан олинган бўлиб бир ишда бошқага суянишга далолат қилади. Яъни, ўша ишда ўзи ожиз қолиб бошқага эътимод қилиш таваккал давоми...

16064 05:00 / 28.02.2017
Қуръони Каримда зикр қилинган нафс ҳолатга қараб турли сифатларга эга бўлади.1. Гоҳида .хотиржам нафс, бўлиши мумкин.Аллоҳ таоло Фажр сурасида марҳамат қилади давоми...

3845 16:30 / 07.12.2019
Аудиолар

118784 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40734 14:35 / 11.08.2021