1445 йил 10 шаввол | 2024 йил 19 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
islom.uz-1434

Танловга: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзалликларининг ўзига хос хусусият

15:36 / 19.04.2017 2349 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга гўзалликнинг барчаси ато қилингани ҳадисларда зикр қилинган. Фақат бу  гўзаллик иккита асосий нарсага биноан бўлган.

  • 1.                 Жалолий (буюк) ҳайбат.
  • 2.                 Порлаб турган нур.  

         Шунин учун ҳам Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрган кишилар чиройларига мафтун бўлиб қолмасди, Юсуф алайҳис саломдаги гўзалликнинг хилофича, чунки у зотга чиройнинг ярими берилган эди. Шу боис, у кишини аёллар кўрганида, чиройларига мафтун бўлиб, қўлларини кесганлар ва: “Во ажабо! Бу инсон эмас, фариштанинг ўзи-ку”, дейишган эди. Бир шоир айтади:

Гар кўрса эди Юсуфни, Зулайхонинг дугоналари

Қўлларидан кўра юракларини кесишга ҳам рози бўлар эди.

Жалолий ҳайбат

Расуллуллоҳнинг улуғворликлари, ҳайбатлари ҳақида Ҳинд ибни Абу Ҳола ул зотни сифатлаб, шундай деган: “Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўркам, юксак ҳурматли киши эдилар”.[1]

Алий розияллоҳу анҳу айтадилар: “Ким Расуллуллоҳга беҳосдан йўлиққанида, у зотнинг салобати босар эди”.[2]

Яна бошқа бир киши айтади: “Пайғамбар алайҳис салом мажлисларида инсонларнинг энг виқорлиси эдилар[3].

Бир куни Расуллуллоҳнинг ҳузурларига бир киши кириб келди. Шунда у киши Расуллуллоҳнинг ҳайбатидан ўзини йўқотаёзди. Расуллуллоҳ бу ҳолатни кўриб унга: “Тинчлан”, дедилар”. [4]

Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Ҳазрати Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида шундай дейди: “Пайғамбар алайҳис саломнинг салобатларидан  икки кўзим ила у зотни тўйиб кўролмаганман. Шунинг учун ҳам бирор киши мендан ул зотни сифатлаб беришимни сўраса, васфлаб беролмас эдим. Чунки, ул зотни икки кўзим ила тўлиқ кўролмаган эдим”.[5]

Ибн Абу Ҳола Расуллуллоҳни сифатлаб шундай деган: “Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар гапирсалар, мажлисда ўтирганларнинг барчаси худди бошларида қуш бўлгандай, жим ўтирардилар”.[6]

Ҳақиқатдан ҳам саҳобалар (розияллоҳу анҳум) Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юксак ҳайбат ва виқорлари туфайли у зотга чуқур назар сололмас эдилар. Шунинг эътибордан Пайғамбаримизни фақатгина саҳобаларнинг ёшлари ёки пайғамбарлик келишидан олдин у зотнинг қарамоғларида тарбия кўрган Ҳинд ибн Абу Ҳола, Алий розияллоҳу анҳу каби саҳобалар сифатлаб беролганлар.

Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳайбатларининг буюклиги ва виқорларининг комиллигидан ким ул зотнинг ҳузурида ўтирса, уни салобатлари босар эди. Баъзан бу Муҳаммадий ҳайбатдан бирга ўтирган кишини қаттиқ титроқ босар эди. Шунинг учун ҳам Расуллуллоҳ уларнинг қўрқувлари босилсин, деб уларга юмшоқ муомала қилиб уларга нисбатан мулойим бўлардилар.

Қойла бинти Мухримадан ривоят қилинади, у: “Мен Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламни чўккалаб ўтирганларини кўрганимда, қўрқувдан чўчиб тушдим. Шунда бир киши: “Ё Расуллуллоҳ,  бечора аёл қўрқиб кетди”, деди. Расуллуллоҳ орқаларида турган ҳолимда, менга қарамасдан: “Эй мискина! Хотиржам бўл”, дедилар. Расуллуллоҳ  шу гапларини айтганларидан сўнг, Аллоҳ таоло ичимдаги қўрқувни кетказди”, деди.  

Абу Масъуд ал-Бадрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, у киши айтади: “Кунларнинг бирида мен хизматчимни ураётганим эдим, бир пайт ортимдан: “Билиб қўй, эй, Абу Масъуд!”, деган товушни эшитдим. Шунда ғазабимдан ортимга ўгирилиб ҳам қўймасдан, давом этавердим, кейин мени бир нарса ўраб олгандек бўлди. Шундай ортимга ўгирилсам, рўпарамда Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турган эканлар. У зотни кўрганимда, ҳайбатларидан қамчим қўлимдан тушиб кетди. Менга қараб: “Аллоҳга қасамки, Аллоҳ таоло бу ишни қилишга сендан кўра ҳақлироқдир”, дедилар. Шунда мен: “Ё Расуллуллоҳ,  бундан кейин ҳеч қачон бирон бир хизматчимни урмайман”, дедим”. 

Пайғамбар алайҳис саломнинг порлаб турувчи нурлари

Набавий гўзаллик тўла намоён бўладиган Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нурларига келсак, юқорида шарафли юзларини сифатлаганимизда, юзларидан нур сочиб турганига далолат қиладиган бир қанча сифатларни зикр қилган эдик.

Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламдаги нур аслий ҳисобланади. Бу нур борлиқдаги бутун нурлар ичида яратилган энг биринчи нурдир. Машҳур[7] ҳадисда шундай дейилган: “Эй Жобир, Аллоҳ таоло энг биринчи бўлиб, пайғамбарингнинг нурини яратган”.

Зарқоний айтадилар: “Байҳақий ҳам мазкур ҳадисни озгина бошқачароқ зикр қилган”. Имом Термизийнинг: “Аллоҳ таоло энг биринчи яратган махлуқи қаламдир”, деб ривоят қилган ҳадиси мазкур ҳадисга зид эмас. Чунки,  бу иккала ҳадисни қуйидагича тушунсак бўлади:

Қалам биринчи бўлиб яратилган, дегани Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам нурларидан бошқа нарсаларга нисбатан биринчи яратилган, деймиз ёки баъзилар айтганларидек, барча нарсалардаги биринчилик ўз жинсига нисбатан бўлган. Шунинг эътиборидан мазкур ҳадиснинг маъноси қуйидагича бўлади: “Аллоҳ таоло нурлар (жинси)дан биринчи бўлиб менинг нуримни яратди”.

Бу Муҳаммадий нурни Алий ибн Ҳусайн оталаридан, оталари боболаридан ривоят қилган ҳадис тасдиқлайди: “Пайғамбар алайҳис салом: “Мен Роббим ҳузурида нур эдим”, дедилар”. Ушбу ҳадисни ҳофиз Абулҳасан Алий ибн Муҳаммад ибн Қаттон ўзининг “аҳком”ида зикр қилган. Ваҳоланки, Ибн Қаттон ҳадис мунаққидаридан[8] ҳамда ҳадис бобида моҳирлиги машҳур бўлган кишилардан эди. Шунингдек, ривоятга, ҳифзга ва бу борада пухта бўлишга энг кўп эътибор берадиган олимлардан эди.

Яна бу нуронийликни Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти кариманинг мазмуни ҳам тасдиқлайди:

{ قد جاءكم من الله نور وكتاب مبين } [المائدة/15]،

“Дарҳақиқат, Aллoҳдaн сизлaргa нур вa рaвшaн китoб кeлди”. Чунки кўплаб олимлар: “Ушбу оятдаги “нур”дан мурод бу Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир”, деб айтганлар. Имом Табарий, Ибн Абу Ҳотам ҳамда Қуртубийларнинг тафсирларида худди шундай тафсир қилинган.

Қатода айтади: “Ушбу оятдаги нурдан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам назарда тутиляпти”.

Пайғамбаралайҳис салом туғилган пайтларида, оналари нурни кўрганлари ва бу нур Расуллуллоҳ  билан бирга чиқиб, Шом қасрларини ёритгани ҳақида кўплаб йўллардан собит бўлган ривоятлар ҳам Пайғамбаримиз ҳақиқатдан ҳам нуроний бўлганларини қўллаб-қувватлайди.

Яна ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нуроний эканларини Табаронийнинг ҳадисида зикр қилинган жумлалар тасдиқ этади, ҳадисда шундай дейилган: “Биз Пайғамбар алайҳис салом (гапирсалар) оғизларидан худди нур чиқаётганини кўрган эдик”, дейилган. Бу ҳадисни Ибн Аббосдан ривоят қилинган ҳадис қувватлайди: “Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар гапирсалар, нур тишларининг орасидан порлаётгандек кўринар эди”. Зарқоний бу ҳадисни Имом Термизий ва Доримий ривоят қилганини айтган.

Шамоилда Имом Термизий Ибн Абу Ҳоладан ривоят қилган ҳадисда Ибн Ҳола ул зотни сифатлаб шундай деган эди: “Расуллуллоҳда ўзларини улуғвор қилиб кўрсатадиган нурлари бор эди”.

Оиша онамиз айтадилар: “Бир куни ўтирган эдим, Пайғамбар алайҳис салом эса оёқ кийимларини таъмирлаб ўтирган эдилар. Шунда пешоналари терлай бошлади, терлардан эса нур пайдо бўла бошлади. Буни кўриб ҳайратланиб қолдим. Расуллуллоҳ: “Сенга нима қилди, ҳайратланиб қолдинг?” дедилар. Мен: “Пешонангиз терлай бошлади кейин терлардан нур пайдо бўла бошлади, агар Абу Кабир Ҳузалий сизни (шу ҳолатингизда) кўрганида эди, айтган шеърига сиз ҳақлироқ эканингизни билар эди”, дедим”. Чунки, Ҳузалий ўз шеърида шундай деган эди:

У пок бўлган эди, барча аёлнинг чангидан, бузуқлигу касаллигидан

Гар боқсанг унинг юзига, порлар эди у, юзларининг чақнашидан.

Баъзи илмсизлар (мазкур ҳадислар ва маълумотларни ўқиб) Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг нур бўлганларининг маъносини ул зоту баракот нур чиқарувчи жисм эдилар, деб тушунадилар. Бу эса нотўғри тушуниш, хато ўйлашдир. Улар бу хато ўйлари билан Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламни гўёки, чироқ ёки электр лампочкасига чиқариб қўядилар. Ваҳоланки, Расуллуллоҳ бундай жисмли бўлишлари мумкин эмас, у зот юксак, буюк, улуғ мартабададирлар. Тўғри, биз ҳам нур чиқарувчи жисмлар қандай ёритадиган бўлса, худди ана шундай нур гоҳида Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламда ҳам кўринганини инкор қилмаймиз. Лекин бундай  ҳолат доимий равишда бўлмаган. Балки, қачон ўша нарсага эҳтиёжлари туғилса, шунда пайдо бўлар эди, худди бошқа ғайритабиий мўжизалари каби. Ҳолбуки, бундай ҳолатлар эса даражалари Расуллуллоҳдан пастроқ бўлганларда ҳам кузатилган. Масалан, улуғ саҳобий Усайд ибн Ҳузайрда содир бўлган воқеъа каби.     

 Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Усайд ибн Ҳузайр билан Аббод ибн Бишр қоп-қоронғу кечада Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдилар. Гаплашиб бўлганларидан кейин чиқиб кетдилар. Шунда бирларининг таёқлари чарақлаб йўлни ёриштирди. Улар таёқнинг ёруғлигида кетдилар. Бир бирларидан ажралган вақтларида, ҳар бирининг таёғи нур чиқариб атрофни ёриштирди. Шунда улар унинг ёғдусида кетдилар”. Имом Бухорий ўз саҳиҳларида зикр қилган.

Шунингдек, бундай ҳолат “Зин-нур” (яъни нур эгаси) деб аталувчи улуғ саҳобий, давслик Туфайл ибн Амрда[9] ҳам содир бўлган. У Расуллуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига ташриф буюриб келади ва (ўз юртидаги) қавмини ислом динига даъват қилмоқчи, бўлиб: “Мени уларга юборинг ва (улар  ишонишлари учун) менга бир белги қилиб беринг”, дейди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим унда нур пайдо қил”, деб дуо қиладилар. Ўшанда икки кўзи орасида нур порлайди. Туфайл ибн Амр: “Эй Роббим, қавмим мени мусла[10] бўлипти, деб ўйлаб қолишларидан қўрқаман”, деганида, шу заҳотиёқ анашу нур қамчисига кўчиб, зулматли кечада йўлни ёриштиради.


“Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ал-инсон ал-комил” (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам комил инсон) китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ таржимаси.   


[1] Имом Термизий ривояти.

[2] Имом Термизий ривояти (Шамоилда)

[3] Абу Довуд ривояти. (Насимур-риёз, яъни “Боғ шамоли” китоби, 2117)

[4] Имом Бухорий Анас розияллоҳу анҳудан муъаллақ ҳолда ривоят қилган бўлса, Ибн Можа уни муттасил ҳолатда ривоят қилган. (Насимур-риёз, яъни “Боғ шамоли” китоби 2104).

[5] Имом Муслим ривояти. (Саҳиҳларида 3/127, Нававий шарҳи).

[6] Имом Термизий (Шамоилда),  ҳамда Ибн Саъд ва Табароний ривоятлари. 

[7] Одамларнинг тилларида машҳур бўлганлиги эътиборидан.

[8] Чуқур ўрганадиган, нозик қирраларигача эътибор берадиган, керакли ўринларда танқид қиладиган киши.

[9] Ибн Ториф ибр Ос ибн Саълаба ибн Салим ибн Фаҳм ибн Ғонам ибн Давс.

[10] Инсонни таҳқирлаб аъзоларини кесиб, майиб-мажруҳ қилишга мусла дейилади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нафсинга айт эй муқтадий, ўзини тийсин.Унга фалон, фалонни олиб бераман.Тилингга ҳам айт, ширин сўзласин.Ошига наввотлар солиб, бераман.Кўзингга ҳам айт давоми...

5074 15:53 / 19.04.2017
Кимки инсонлардан келган яхшиликларга шукр килмаса у Аллохдан келган яхшиликка хам шукр килмаган булади.Мумин ndashмусулмон киши хамиша ва хар вакт Аллох таоло давоми...

6087 15:47 / 19.04.2017
Замон билан ҳамнафас яшашга интиладиган кишилар ўзларининг кимлигини унутиб бориши ва ўзига ва атрофдагиларга инсоний кўз билан бир бора боқишга жазм эта олмай давоми...

2993 15:20 / 19.04.2017
Келди ҳаёлимга бир ажиб ҳикоят,Қилган эди уни Ваҳб2 ривоят. Бани Исроилда бир осий бор эди Юз йил исён қилди, жуда зулмкор эди.Умри тугаб, жонин давоми...

2445 15:45 / 19.04.2017
Аудиолар

120098 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41766 14:35 / 11.08.2021