1445 йил 15 шаввол | 2024 йил 24 апрель, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Исломий оила

Талоқ (рисола)

05:00 / 15.02.2017 3625 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Оламлар роббиси, шариъат, ҳукм ва намозни адо қилиш амрини қилган ягона Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Махлуқотларининг энг яхшиси Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга солавоту саломлар бўлсин. Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни инкор қилувчиларга ҳужжат, нубувват эшигини хотимаси қилиб юборди. У зотнинг улуғ аҳлига ва буюк саҳобийларига ҳамда тўғри йўл имомлари бўлмиш хусусан “Илм юлдузларда бўлса ҳам албатта форс ўғлонларидан чиққан кишилар уни олади” деб, башорати берилган Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳга саломлар бўлсин.

Биз ҳаннон ва маннон бўлган жалол эгаси бўлган Роббимизга сажда қиламиз. У мендай хом ақл эгасига (Қуръон ва ҳадис денгизи қаридан чиқариб олинган бебахо дур ва шариат хулосалари бўлмиш) фиқҳнинг бир неча бобларида қалам тебратиш тавфиқини ато этди.

Оламлар Роббиси Аллоҳ таолога ҳамд, Унинг барҳақ Расули, саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга солавоту саломлар, унинг аҳлига ва барча саҳобийларига ҳамда чиройли тарзда улар йўлини тутганларга қиёмат кунигача саломлар бўлсин.

Эй, Аллоҳим! Сенга ҳамдлар айтаман ва Сендан ушбу китобни ёзишга ёрдам, кўмак сўрайман.

 

Талоқнинг маъноси

Талоқ сўзи (насара бобидан) масдар (иш ҳаракат номи) бўлиб, луғатда қайдни кўтариш, озод қилиш, айрилиқни ихтиёр қилиш каби маъноларни англатади. Шаръий истилоҳда, тезлик билан никоҳ ришталарини узушдир. Ҳазрати мавлоно Абдулҳай Лакнавий “Ҳидоя” ҳошиясида қуйидагиларни ёзган:

Талоқ луғатда қайдни кўтариш, фақиҳлар истилоҳида, никоҳ битми(ижоб ва қабул)ни махсус лафзлар воситасида кўтариб, никоҳ риштасини тугатиш номига талоқ” дейилади[1].

 

Талоқнинг ҳақиқати

Талоқ ижоб ва қабул ёрдамида икки бегона эр ва аёл ўртасида пайдо бўлган муҳаббат ришталарини тугатувчи ҳукмлар мажмуасидир. Бир жону бир тан бўлган эр-хотин қалбида куртак ёзган орзу-истаклар талоқ орқали парча-парча бўлиб кетади. Талоқ ҳар бир қавм ва элатда мавжуддир. Лекин, бизнинг шариати исломиянинг покиза ҳаёт низоми бошқа дин кўрсатмаларидан тубдан фарқ қилади. Исломий талоқ дастурининг қадру қиммати бошқа дин ва миллатларда мавжуд талоқ низоми билан солиштириб кўришда намоён бўлади. Шу боис исломий талоқ низомига киришишдан олдин бу борада бошқа динлар тутган йўлларни кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.

 

Яҳудий динида талоқ

Мусо алайҳис саломга юборилган шариатда талоқ мубоҳ амаллардан ҳисобланган. Талоқнинг буткул тасарруфоти эркак қўлида бўлган. Бу борада аёл кишига ҳеч қандай ихтиёр берилмаган. Масалан, бир киши бир аёлга уйланса ва унга нисбатан ҳеч қандай илиқлик пайдо бўлмаса ё аёлнинг бирор айбини билиб қолса, ҳеч қандай таъаммулсиз талоқ қағозини ёзиб аёл қўлига тутқазиб, уйдан ташқарига чиқариб юборган. Аёл аввалги эри уйидан чиқиши билан бошқаларга турмушга чиқиши мумкин бўлган. Ажрашган эр-хотин умурбод бир-бирига ҳаром бўлган. У иккисини бир-бирига ҳалол қилиш чораси бўлмаган. Яҳудийларда талоқ сўз билан эмас ёозма тарзда амалга оширилган. Талоқ беришда эркак кишига ҳеч қандай монеъликлар бўлмаган. Лекин, яҳудийлар кейинчалик кўплаб монеъликларни ишлаб чиққанлар[2].

 

Насороларда талоқ

Яҳудийларни акси ўлароқ асл исоийларнинг динида эрга ҳам, хотинга ҳам талоқ қилиш ихтиёри берилмаган. Талоқ ҳаром амал ва гуноҳи кабира деб тушунилган. Яҳудилардан бир гуруҳлари Исо алайҳис салом ҳузурига келишиб“Эркак киши ўз аёлини бирор сабабга кўра талоқ қилишга ҳаққи борми?” деб, савол бердилар. Исо алайҳис салом уларга “Аллоҳ таоло эркак ва аёлни жуфт-жуфт қилиб яратди” деган оятни ўқимаганмисизлар” деб, сўзида давом этди. Шунинг учун ҳам эр ўз ота-онасидан ажралиб, бир аёл билан ҳаёт кечиради ва у иккиси орасида муҳаббат пайдо бўлиб, ҳатто бир тана-ю бир жон бўлиб кетадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларни бирга қилди. Аллоҳ таоло уларни бирга қилгандан кейин эр-хотин бир-биридан ажрашиши мумкин эмас. Улар берган саволларига жавоб олганларидан кейин“Унда нима учун Мусо алайҳис салом ёзма талоқ беришга рухсат бердилар” деб сўрадилар. Уларга жавобан Исо алайҳис салом“Сизларнинг қалбларингизда қасоват бўлгани боис аввалда талоқ қилишга ижозат бўлмасада, Мусо алайҳис салом жазо тариқасида аёлларингизни талоқ қилинглар деб, буюрдилар” дедилар. “Фатҳул мулҳим”да Инжилдан қуйидаги Исо алайҳис саломнинг сўзлари нақл қилинган“Қайси шахс ўз аёлига талоқ қўйиб, бошқа аёлга уйланса, зино қилган бўлади ва қайси аёл талоқ қўйилиб бошқа эрга тегса, зино қилган бўлади”. Умуман олиб қаралганда Христиан динида талоқ қатъий манъ қилинган амаллардан ҳисобланган ва бошқа томондан кўпхотинлик ҳам таъқиқланган. Унинг натижаси шу бўладики, икки бир-бирига мос келмайдиган эркак ва аёл никоҳланса, у иккаласи христианлик динига кўра ажрашиши қатъий манъ қилинади ва иккалаларини ушбу ҳаёти (доимо бир-бири билан урушишлари натижасида) дўзахга айланади. Бундан бошқа ўзга хулоса қилиб бўлмайди.

Ислом дини талоқга рухсат берган эди, баъзи насронийлар унга эътироз билдириб“Бу аёлга зулм” дедилар. Қачонгача талоқга рухсат берилмайди. Чунки талоқга рухсат бермаслик ғайри фитрий иш ҳисобланади. Шунинг учун ҳам насронийлар асл китобларида келган талоқ борасидаги ҳукмга амал қилмай, аста секинлик билан талоқга доир қайтариқларни бузишга урундилар. Зино ва турли ёмон ишлар қатори талоқ ҳам черков рухсати билан амалга оша бошлади. Оммавий халқ тазйиқи остида черков талоқ бериш асосларини секин асталик билан кўпайтира бошладилар. Кейинчалик талоқ беришга қўйилган сабаблар беҳад кўпайиб кетди. Бу вақтда талоқ ихтиёри ҳали ҳам черков тасарруфида эди. Талоқ борасида эр-хотинда ҳеч қандай ихтиёр йўқ эди. Эр-хотин бир-биридан ажрашиш мақсадида черковларга мурожаат қиласалар, черков ўзи тўғри деб топган сабабларга қараб ҳукм қилар эди. Лекин, имкони борича роҳиблар Инжилда келган асл ҳукмга амал қилишга урунар эдилар. Шунинг учун улар томонидан оз сонли кишиларгагина талоқ билан ҳукм қилинар эди. Европада иккинчи уйғониш даври содир бўлгандан кейин омма халқ талоқни черков тасарруфидан ўз ихтиёрларига ўтказишга урундилар. Натижада, талоқ черков роҳиблар тасарруфидан давлат судлари ихтиёрига ўтказилди ва бениҳоя ажрашиш сабаблари кўпайиб кетди. Охир оқибат эркаклар билан бир қаторда аёллар ҳам талоқ масаласи юзасидан судларга мурожаат қила бошладилар. Эр-хот индан қайси бири бир-бирига ёқмай қолса, эр ё хотин судга бориб “эрим ё хотиним менга ёқмай қолди ажрашишни хоҳлайман” деб мурожаат қиларди. Суд эса, уларни бир-бирига ёқмай қолганини сабаб қилиб кўрсатиб ажратиб юборар эди. Натижада, ҳозирги кунга келиб европада ажрашиш миқдори жуда ошиб кетди. Шарқий давлатларда истиқомат қилувчи одамлар бу тартибда ажрашишни ҳаёлларига ҳам келтира олмайдилар. Европада никоҳ ҳали ҳануз жар ёқасида қолиб келмоқда[3].

 

Ҳиндуиликда талоқ

Ҳиндиуилик динида талоқ қилишга умуман рухсат берилмайди. Ҳатто, аёлини зино устида ушлаб олса, уйидан ташқарига чиқариб қўйса қўяди. Лекин, талоқ қила олмайди. Шу боис ҳам баъзи ҳиндлар бу ҳукмни ижросида танглик ҳис қила бошладилар. Баъзи ҳиндуи динига эътиқод қилувчи қабила эркаклари зарурат юзасидан аёлига талоқ қўйиш мақсадида браҳманларга мурожаат қилардилар. Шулар сирасига жанубий Ҳиндистонда истиқомат қилувчи ҳиндуий таълимотидаги гуруҳларни келтириш мумкин. Лекин, шимолий Ҳиндистонда яшовчи сивилизациядан орқада қолган ҳиндуийлар талоқни умуман ножоиз иш деб тушунадилар[4].

 

Жоҳилият замонасидаги талоқ

Жоҳилият даври низомига кўра эр ўз аёлига 100 тагача талоқ бериши ва яна уни ўзига қайтариб олиши мумкин эди. Қози Саноуллоҳ соҳиб ўзининг “Тафсири мазҳарий” асарида Имом Бағавий Урва ибн Зубайр қилган ушбу ривоятларини нақл қилганлар“Ислом аввалида одамлар беҳисоб талоқ қўйишга одатланган эдилар. Баъзи кишилар аёлларига талоқ қўйиб, улар иддаларини тугатай деганда ўзларига қайтариб олиб, яна талоқ қўйиб юборар эдилар. Бу ҳолат аёлга зулм бериш мақсадида қайта-қайта бажарилар эди. Эркаклар ўз аёлларини жуда ёмон кўрсалар никоҳ ва талоқсиз муъаллақ ҳолатда ушлаб туришга урунар эдилар. Ислом, жоҳилият даврида аёлларга берилган бу зулм ва ситамларга чек қўйди. Бу борада, яъни аёлларга талоқ қўйиш миқдори, чегараси борасида қуйидаги оят нозил қилинди:

 “Талоқ икки мартадир” (Бақара 229-оят).

Талоқ қўйгандан кейин ортидан ражъат қилиш мумкин бўлган талоқ ҳаммаси бўлиб иккитадир. Бирор киши иккита талоқ қўйгандан кейин учинчи талоқниқўйса, талоғини берган аёлига ҳалоласиз ражъат қилиши мумкин эмас. Бундай ҳолатда никоҳ ҳам уч талоқ қилган аёлини ҳалол қилиб бермайди[5].

 

Исломда никоҳ ва талоқнинг адолатли низоми

Ислом никоҳ ва талоқга адолатли, инсофли ва пурҳикмат низомни муқаррар қилди. Ушбу низом бошқа динларда мавжуд ифрот (ҳаддан зиёд бўш қўйиш) ва тафрит (ҳаддан зиёд маҳкам тутиш)дан покдир. Ислом шариати талоқни билкул ҳаром қилиб ҳам қўймади ва ҳеч қандай сабабсиз оммавий тарзда рухсат ҳам бермади. Балки, талоқга ижозат бера туриб, шундай деб таъкидлаб қўйди:

Ибн Умардан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ азза ва жалла наздида ҳалол нарсаларнинг энг ғазаблиси талоқдир” дедилар” (Абу Довуд ва ибн Можа ривояти).

Ҳадисдан кўзланган мақсад ўйлаб, фикр қилиб энг охирги мажбурий ҳолатда талоқ қўйишга қадам қўйиш керак деганидир. Чунки, талоқ никоҳ востиасида юзага келадиган улуғ бир риштани тугатиш ҳисобланади. Шунинг боис никоҳ битмини тугатишни арзимаган гап деб билмаслик даркор. Зеро, никоҳ бошқа муомала ва битмлар каби фақат муомала ё битмгина эмас. Балки, никоҳ бир шаръий ибодат ва Набийларнинг суннати даражасидадир. Никоҳда бошқа битмларда топилмайдиган шартлар мавжуддир. Бундан ташқари никоҳга хос қонунлардан шуки, баъзи эркаклар баъзи аёлларни ўз никоҳларига олишлари мумкин эмас. Шу билан бир қаторда никоҳдан ўзга битмларни тузиш учун гувоҳ шарт эмас. Лекин, никоҳни дуруст бўлиши учун албатта гувоҳ шарт ҳисобланади, яъни икки гувоҳ олдида ижоб (ўзимни сизга бағишладим) ва қабул (сизни танмаҳрамликга қабул қилдим) бўлмаса, никоҳ никоҳ ҳисобланмайди. Шу боис ҳам омма кўз ўнгидан никоҳдан ўтиш суннат ҳисобланади. Никоҳ умур савдоси бўлиш билан бир қаторда Аллоҳ таолонинг ажиб мўъжизасики, икки ижоб ва қабул сўзларини айтиш билан эр-хотинлик ришталари пайдо бўлиб, икки хонадон бир-бири билан лозим. Никоҳ ришталарини чиройли, пухта боғлаш учун, битм аввалида бир неча кўрсатмалар берилган. Уни сақлаб қолиш учун бир неча босқичга эга тавсиялар берилиб, охирги босқичда талоқга рухсат берилган.

 

Эр-хотинлик ришталарини мустаҳкамлаш йўллари

Эр-хотин ўртасидаги алоқаларни мустаҳкам қилиш учун шариат кўплаб кўрсатмалар берган. Улар қуйида баён қилинади:

1. Никоҳдан олдин икки ёш бир-бирини хулқ-атвори ҳақидаги маълумотларга эга бўлиши лозим. Келишмовчилик ва турли зиддият чиқмаслиги учун ойлавий муҳит, қиз ва ўғил табиати, бири икинчисини кўриб ҳотиржам бўлиб, маслаҳатлашгандан кейин истихора қиладилар;

2. Никоҳдан кейин эркак кишига қуйидагилар тушунтирилади. Аллоҳ таоло раҳмати ила никоҳ риштаси боғланди. Аллоҳ таоло томонидан боғланган ҳар бир ишда бахт ва саодат бор деб билиб, турмуш ўртоғи билан яхши муомала қилади. Аёли томонидан содир бўлган турли янглиш ишларни яхши томонини ўйлайди. Аёлига хушмуомалалик билан илтифот кўрсатади. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламўзларининг бир ҳадисларида нафсга таъсир қилувчи бир кўрсатмани берганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Мўмин мўминага ғазаб қилмайди. (Чунки) У(аёл)ни бир одатини ёмон кўрса, у(аёл)ни бошқа хулқини яхши кўради” дедилар” (Муслим ривояти)[6].

Энг яъши тавсия шуки, аёлни ёмон одатларига кўз юмиб, яъши хулқларига эътибор қаратиш лозим. Қуръони каримда ҳам бу ҳақда қуйидаги оят ворид бўлган:

 “Улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса” (Нисо 19-оят).

Шунингдек, аёллар ўз эрларига итоат қилишлари борасида бот-бот таъкидланган ҳукмлар ворид бўлган. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидаги ҳадис ривоят қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Бирор кишини бирор кишига (фаразан) сажда қилишга буюргувчи бўлсам, аёлни ўз эрига у(эр)ни ҳаққи ун(аёл)да кўп бўлгани боис сажда қилишга амр қилган бўлар эдим”, дедилар” (Байҳақий ривояти[7]).

Қуръони каримда солиҳ ва яхши аёл сифатида ўз эрига итоат қилувчи аёл зикр қилинган.

 “Аллоҳ баъзиларини баъзиларидан устун қилгани ва молларидан сарфлаганлари учун эркаклар аёлларга раҳбардирлар. Солиҳа аёллар-итоаткор ва Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояси бўйича ғойиб(эр)ларининг муҳофазасини қилувчилардир” (Нисо 34-оят).

Яхши, солиҳа аёл эри ҳокимяти ва раҳбарлигига ўзини таслим қилиб, уни фармонларига итоат қилади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз эри амрига итоат қилувчи аёлларни мақтаганлар. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламҚайси аёл ўз эрига тобеъ бўлиб, итоат қилса, ҳаводаги қушлар, денгиздаги балиқлар, самодаги фаришталар ва ўрмондаги дарандалар истиғфор айтадилар деганлар[8].

Эр-хотин ўртасидаги алоқалар тўғрисида Қуръон ва ҳадисда келган кўрсатмаларнинг хулосаси шуки, никоҳ риштасини мустаҳкамлаб, илдиз оттиришга замин яратиш даркор. Шу боис одатда эр-хотин орасида ўтиб турадиган гапларга асосланиб аёлига талоқ қўйиш яхши иш эмас. Юқорида икки ёш никоҳлангандан кейин никоҳни мустаҳкамлаш учун йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берилди. Ушбу кўрсатмаларни бажаришга эр-хотиндан бирортаси лоқайтли қилса ва шу сабабли икки ёш орасида келишмовчилик ҳамда тортишув юзага келса, шариат ўзаро сулуҳ ва маслаҳат воситасида орадаги зиддиятни кетказишга буюради. Қуръони каримда эр-хотин ўртасидаги ўзаро келишмовчиликга барҳам беришни тўртта йўли айтилган. Улардан учтаси эркакга тегишли бўлиб, Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади:

 “Бош кўтаришларидан хавф қилинган аёлларга ваъз-насиҳат қилинг, ётоқларида ҳижрон қилинг ва уринг. Агар итоат қилсалар, уларга қарши бошқа йўл ахтарманг. Албатта, Аллоҳ юксак мақомли буюк зотдир” (Нисо 34-оят).

“Маҳосинут таъвийл”да оят шарҳ сифатида шундай дейилганФақиҳлар: “Аёлни уриш – уни жароҳатлаш, суякни синдириш ҳам ва бирор жойига таъсир кўрсатиш ҳам эмас. Юзга зарба беришдан сақланиш лозим, чунки у ҳусун маркази ҳисобланади. Аёл баданининг бир жойига қайта-қайта урилмайди. Балки, турли жойига уриш лозим. Чунки, бир жойга уришда зарар кўпайиб кетади”. Баъзилар ҳасса ва қамчи билан урмай, балки учи тугилган дастрўмол ё қўли билан уриш лозим деб, таъкидлаганлар. Ато эса, мисвак билан урилади деган[9].

Ушбу оятда эр-хотин ўртасини келиштиришнинг уч босқичи, яъни эркакларга боғлиқ жиҳатлари баён қилинмоқда. Улардан биринчиси, аёлга яхши насиҳат қилиб тушунтириш, аёлга тушунтиришнинг ўзи кифоя қилмаса, иккинчи босқич, ётоғини алоҳида қилиб қўйиш, бу орқали эрни норозилигини тушуниб, ўз феълига надомат қилсин. Агар ушбу чиройли огоҳлантиришлар ҳам у аёлга кор қилмаса, яъни димоғдорлиги ва қинғирлигидан қайтмаса, кейинги учинчи даража, ислоҳ мақсадида енгил уринглар. Уришнинг шаръий даражаси, суяк синадиган ё баданда асари қолиб кетадиган ҳайсиятда бўлмаслигидир. Юзга умуман уриш мумкин эмас. Чунки, у ҳусун маркази ҳисобланади.

Уриб-тепиш жазони энг охиргисидир. Арзимаган ва юзаки айблар туфайли уриш яхши эмас. Заруратсиз ё заруратдан зиёда ургувчилар ҳақида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ворид бўлган.

Иёс ибн Абдуллоҳ ибн Аби Зубобдан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳнинг чўрилари (бандалари)ни урманглар” дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу Расуллоллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдиларига келиб: “Аёллар ўз эрларига журъатли бўлиб кетдилар” дедилар. Бас, улар(аёллар)ни уришга (Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам) изн бердилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хонодони атрофида кўплаб аёллар ўз эрларидан шикоят қилиб, айланиб қолдилар. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) оиласи атрофида ўз эрларидан шикоят қилиб кўп аёллар айланиб қолди. У(ўз аёлларини заруратсиз ё заруратдан зиёда урувчи)лар сизларнинг яхшиларингиз эмас” дедилар” (Абу Довуд ривояти).

Жазодан кейин аёл тўғри йўлга келиб, муомалалари дурусланса ва ундан кейин ўзи истаган пайтда аёли ортидан тушиб уни айбларини қидириши дуруст эмас. Юқорида келтирилшган услубларни қўллаш натижасида хонадонда юзага келган келишмовчиликлар барҳам топади. Эр-хотин ўртасида келиб чиққан низо ва можороларни ислоҳ қилишда мазкур тарбиявий кўрсатмалар иш бермай қоладиган даражага етиб келиб, хонодонда содир бўлган ишлар ташқарига чиқиб кетиш хавфи бўлиб, у сабабли эр-хотин орасида уруш аланга олиб, жанжаллашиб, бир-бирини айблай бошласалар, шу ўринда ҳам Қуръони карим яраштиришнинг тўртинчи босқичини баён қилди:

 “Агар икковларининг оралари бузилишидан қўрқсангиз, эрнинг аҳлидан бир ҳакам ва хотиннинг аҳлидан бир ҳакам ажратинг. Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштиради. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир" (Нисо 35-оят).

Қуръони каримнинг покиза ва шарафли кўрсатмасига биноан амал қилинса кўча ва бозорда эр-хотин жанжалини тарқалиши ўрнига хонадоннинг ўзида у ихтилофга барҳам берилади. Яқин қариндошларнинг хайрхоҳлиги сабабли эр-хотин ўртасида иттифоқлик ва аҳллик кўрини пайдо бўлади. Юқорида зикр қилинган Қуръони карим оятларидан қуйидаги фойдалар олинади:

1. Қуръони карим икки томондан эр-хотинни яраштириш учун тайин қилинган шахсларни ҳакам деб, атади. Ҳакам жанжалга чек қўя олиши ва ҳукм чиқаришга салоҳиятли бўлиши лозим. Бу салоҳиятлар илмли ва диндор шахсларда бўлади;

2. Икки ҳакамни юборишдан мақсад эр-хотин ўртасини ислоҳ қилиш бўлсин ва икки ҳакамни икки ёш мухтор (нима ҳукм чиқаришса мен унга розиман деган тарзда) ҳакам қилиб тайинлашса, яъни у иккисини учинчи шахс сифатида тайинлаб, улар чиқарган ҳукмга розимиз десалар. У икки ҳакам ушбу вазиятда мухтор ҳакам бўлиб қоладилар. Натижада, у икки ҳакам талоқга иттифоқ қилсалар, талоқ тушади. Хулуъ ё бирор суратга келишсалар эр-хотин у иккиси томондан чиқарилган ҳукмга итоат қилишлари лозим бўлиб қолади. Бу Ҳасан Басрий (р.а.) ва Абу Ҳанифа (р.а.) мазҳабларидадир;

3. Икки ҳакам яхши ниятда ва чин дилдан у икки эр-хотин ўртасини яхши бўлишини хоҳлаб ишга киришишса, албатта Аллоҳ таолонинг ғойбий мадади натижасида муваффақиятга эришадилар. Зеро, оятда “Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштиради” ғойибий мададга ишора бор. Ҳакамларда яраштириш истаги ё ихлос бўлмаса, эр-хот орасида мувофиқлашиш топилмайди. Чунки, оятда аниқ ва равшан тарзда “Агар улар ислоҳни ирода қилсалар, Аллоҳ эр-хотиннинг орасини мувофиқлаштиради” деб, таъкидланган[10];

4. Юқорида келган кўрсатмаларнинг барчаси бесамар кетса, у икки эр-хотин орасидаги жуда қаттиқ зиддият сабабли душманлик пайдо бўлади. Натижада, никоҳ риштаси самара бериш ўрнига азоб беради. Бундай ҳолатда никоҳ риштасини узмаслик зулмдир. Аксинча, бундай ўринда никоҳ риштасини тугатиш эр-хотин ва у иккиси хонадонига роҳат ҳамда саломатлик бағишлайди. Бир киши чиройли гап айтган экан:

“Афсонани охиригача етказиш мумкин бўлмаса, яхшиси уни тарк қилиш афзал”.

Тўрт босқични босиб ўтгандан кейин талоқ қўйишга рухсат берилади. Лекин, шу билан бирга эрга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламни қуйидаги ҳадисларини бот-бот эслатилади:

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол талоқдир”, дедилар” (Абу Довуд ривояти).

“Ал-Қаҳстоний”да “Таҳовий”нинг шарҳиданИкки эр-хотин орасида жанжал чиқса, суннат иккисини яраштириш учун икки томонни бир жойга жамлашдир. Шунда ҳам эр-хотин келиша олишмаса, талоқ қўйиш, хулуъ қилиш жоиз бўлади. Бу айни оятда зикр қилинган ҳукмдир” деб нақл қилиниб келтирилган [11].

 

Сабабсиз талоқ беришга ваъидлар ва унинг салбий натижалари

Юқоридаги кўрсатмалардан равшан бўладики, шариати исломия эр-хотин орасидаги келишмовчилик чидаб бўлмайдиган ҳолатга келиб қолганда ва ўнгланишлари мушкул бўлган ўринда талоқга ижозат беради. Аксинча, никоҳ риштасини арзимаган бахоналар билан бузиш Аллоҳ таолога номақбул бўлгани боис имкон қадар ундан сақланиш лозим. Чунки, талоқ сабабли аёлнинг дили чилпарчин бўлиб, эр-хотин обрўйига путур етиб қолмай насл, яъни фарзандларга ҳам таъсир қилиб, хонадон низомини издан чиқаради. Талоқ ортидан келадиган ёмон таъсирлар фақат эр-хотингагина таъаллуқли бўлиб қолмай, балки томонлар, қабилалар орасида низо келиб чиқишига замин бўлади. Талоқнинг салбий жиҳатлари аста-секинлик билан ривожланиб, келажакда юз берадиган мудҳиш ҳолатларга муқаддима вазифасини ўта беради.

Ришта узулишига сабаб ё восита бўладиган нарсаларни шариати исломия чиройли тарзда юганлаб, тўлиқ бир тартибга келтириб қўйган. Сабабсиз талоқ олиш ё талоқ беришга нақлларда қаттиқ ваъидлар баён қилинган. Улардан бир нечтасини қуйида келтирилади:

Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алаҳи васаллам:

“Уйланинглар!! Талоқ қўйманглар!! Зеро, талоқдан арш силкинад қимирлайди”[12].

Муъоз ибн Жабар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

“Эй, Муъоз! Аллоҳ таоло ер юзида Ўзига талоқданда ёмонроқ нарсани яратмади. Ва Аллоҳ таоло ер юзида Ўзига итоқданда яхшироқ нарсани яратмади. Бир киши ўз қулига: “Ин шаъ Аллоҳ сен ҳурсан” деса, бас у озатдир. У(итоқ) учун истисно йўқ. Аёлига: “Ин шаъ Аллоҳ сен талоқсан” деса, У (талоқ) учун истисно бор ва унга асосан талоқ бўлмайди” дедилар” (Доруқутний ривояти).

Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Қай бир аёл тангликсиз эридан талоқ сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳаром бўлади”, дедилар” (Термизий ривояти)[13].

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Аёлларни шубҳадан талоқ қилинглар. Зеро, Аллоҳ тало татигувчи (эркак)ларни ва татигувчи (аёл)ларни яхши кўрмайди”. (Баззор ва Табароний ривояти).

Ушбу ҳадисда “Аллоҳ тало татигувчи (эркак)ларни ва татигувчи (аёл)ларни яхши кўрмайди” деб келтирилган. Ундан мурод асалидан татиб кўриш мақсадида уйланувчи эркак ва тушрмушга чиқувчи аёл назарда тутилган. Улар бир аёлни ё бир эркакни татиб кўргандан кейин бошқа бир аёлни ё эркакни татиб кўришни истайдилар. Ана ўшаларни Аллоҳ таоло яхши кўрмайди. Бундай ҳолатга келиб қолишдан Алоҳ асрасин.

 

Талоқни кўпайиб кетиш сабаблари

Айни дамда талоқ қилинган аёллар сони кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқат. Шаръий фатво идоралари мавжуд давлатларда фатво сўраб келувчиларнинг эллик фоизининг сўров номаси талоқга тегишли бўлиб қолди. Бу қадар талоқни кўпйиб кетиш сабаблари қуйидагилардир:

1. Талоқ қўйишни кўпайиб кетишининг асосий сабаби диндан йироқлашиш, исломий одаб-ахлоқни билмаслик, эр-хотинлик алоқаларига беэътиборлик, уларнинг ҳақлари ва бурчларидан бехабарликдир. Бошқа сўз билан айтганда талоқни ҳаддан зиёда ортиб кетиши диний, ахлоқий ва руҳий таназзул сабабидандир. Шунинг учун биз мусулмонлар диндан бехабар инсонларга тушунтириш ишлари олиб бориб, турмуш аҳамияти, талоқ беришнинг зарарли оқибатлари ва бу борада ворид бўлган ваъидларни очиб беришимиз лозим;

2. Тажрибасиз, ҳиссиётга берилувчи, жаҳли чиққанда ақли кетадиган шахслар тушиниб-тушунмай унча, бунча талоқсан деб юбориб, афсусланиб юрадилар. Бу ҳақда ҳадисда шундай дейилади:

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ғазабнок(пайт)да талоқ ҳам итоқ ҳам қилманглар” дедилар” (Абу Довуд ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисда ғазабни босишга амр қилганлар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиндаи:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Пахлавон (бошқани) йиқитувчи эмас, пахлавон ғазаби келганда ўзини тутиб турадиган кишидир” дедилар” (Бухорий ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабни сабаби, уни келиб чиқиш манбаи ва давоси тўғрисида шундай деганлар:

Атия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Ғазаб шайтондан. Шайтон эса оловдан яратилган. Олов сув билан ўчирилади. Бас, сизлардан бирортангизга ғазаб келса, таҳорат олсин” дедилар” (Имом Аҳмад ривояти).

3. Талоқ қўйишга олиб келадиган сабаблардан яна бири муккасидан кетгунча ичишликдир. Шароб, наша каби маст қиладиган нарсаларни истеъмол қилиш натижасида ҳис қилувчи оргинлар ишдан чиқиб, билиб-билмай аёлига талоқ бериб қўяди. Талоқга фатво сўраб келаётган шахсларнинг аксарияти араоқхўр ва нашаванд кишилардир.Биз мусулмонлар ароқ, наша каби маст қилувчи нарсалардан парҳиз қилсалар, эллик фоиз диний ва дунёвий нуқсонлардан эминда бўлган бўлардик;

4. Талоқнинг тўртинчи сабаби хонодондаги низо ва ойлавий тортишувлардир. Эр-хотиндан ташқари қайнона, қайнсингил, овсинларнинг келишмовчилиги ва жанжаллари ҳам бир ойлани бузилиб кетишига сабаб бўлади. Юқоридаги хонадон вакилларини бир жойда ушлаб туриш орқали жанжал ўчоғи келиб чиқади. “Хазинатул фиқҳ”нинг биринчи жилдида бу ҳақда батафсил маълумот келтирилиб, ҳазрат Таҳонавий раҳматуллоҳи алайҳдан қуйидаги ривоят нақл қилинган“Бошқа олвлар чиқмаслдиги учун ўчоқ алоҳида бўлиши даркор”. Эр-хотин ўртасида ҳеч қандай келишмовчилик бўлмаса, ота-она ё бирор қариндошларни келинга нисбатан адоватлари сабабли эр талоқ қўйишга мажбур қилнса, эр ота-она ё бирор қариндош-уруғнинг тазйиқига биноан аёлга талоқ қўйиш дуруст эмас. Бу шариатга хилоф.

Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ саллоллу алайҳи васаллам:

“Аллоҳ азза важллага маъсият(бўлиб қоладиган ўрин)да махлуқга итоат қилинмайди” (Аҳмад ибн Ҳанбал ривояти).

[1] Ҳидоя. Ж. II. Б. 353.

[2] Фатҳул мулҳим. Ж. I. Б. 130.

[3] Фатҳул мулҳим. Ж. I. Б. 131-132.

[4] Фатҳул мулҳим. Ж. I. Б. 132.

[5] Ат-Тафсирул мазҳарий. Ж. I. Б. 300.

[6] Мушкотул масобиҳ. Ж. II. Б. 28.

[7] Тафсири ибн Касир. Ж. I. Б. 642.

[8] Баҳрул муҳит би ҳаволаи маъорифул Қуръон. Ж. II. Б. 399.

[9] Тафсирул қосимий ал-мусаммо маҳосинут таъвил. Ж. V. Б. 287).

[10] Руҳул маъоний. Ж. IV. Б. 39-41.

[11] Шомий. Ж. V. Б. 87.

[12] Маъорифул Қуръон. Ж. VII. Б. 477.

[13] Термизий шариф. Ж. I. Б. 226.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Никоҳ, луғатда қўшилиш, жамланиш, яқинлашиш маъноларини англатади.Шариатда эса, никоҳ бир боғланиш бўлиб, у туфайли икки боғланувчига бир биридан шаръий асосда давоми...

11592 05:00 / 14.02.2017
Эру хотин бирбирлари билан яқинлик қилаётган, жимоъ қилишаётган вақтида устларини чойшаб, кўрпа ёки шунга ўхшаш нарсалар билан ёпиниб олишлари мустаҳабдир. давоми...

5169 05:00 / 15.02.2017
2012 йил юртимизда Мустаҳкам оила йилиrdquo, деб эълон қилинди. Оиланинг мустаҳкамлиги жамиятни кучли ва мустаҳкам бўлишига энг асосий сабабдир. Чунки катта жамият давоми...

7675 05:00 / 15.02.2017
Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб саловоту дурудларимиз бўлсин. Аллоҳ таоло давоми...

5372 05:00 / 07.03.2017
Аудиолар

120319 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41958 14:35 / 11.08.2021