75 07.03.2017

Шу ерга келганда, талоқ тизими тўғрисида ҳам икки оғиз шарҳга эҳтиёж тушади.

«Талоқ» сўзи луғатда «моддий ва маънавий тугунни ечиш» деган маънони англатади.

Шаръий истилоҳда эса «Талоқ – махсус лафз ила никоҳни кетказиш ёки ҳалоллигини нуқсонга учратишдир».

«Махсус лафз»дан мурод «талоқ» ёки унинг маъносини англатувчи лафздир.

«Никоҳни кетказиш» эса никоҳ ақдини ечиб, орадаги маънавий боғланишни йўқотиш деганидир. Бу уч талоқ ила юзага келиб, ундан сўнг талоқ қилинган аёл ўзини талоқ қилган кишига ҳалол бўлмай қолади.

«Ҳалоллигини нуқсонга учратиш» деганда, бир талоқ қўйса, уч талоқ ҳаққидан битта камайиб, хотиннинг унга ҳалоллиги нуқсонга учраши назарда тутилган.

Дунё тарихига ва ҳозирги кунга назар соладиган бўлсак, талоқ масаласида турли тушунча ва ҳукмлар мавжудлигини кўрамиз.

Баъзилар талоқ чегарасиз бўлишини хоҳлайдилар. «Эркак киши хоҳлаган пайтида, хоҳлаганича талоқ қўяверса, ҳеч кимнинг иши бўлмаса ва ҳеч қандай ҳисоб-китоб ҳам бўлмаса», деб орзу ҳам қилишади. Араб жоҳилиятида худди ана шундай ҳукм бўлган.

Албатта, бу ҳукм хусусан, аёл киши учун катта зулмдир. У бечора эрига сал ёқмай қолса, эри ҳеч қандай масъулиятни ҳис қилмай, қўйиб юбораверади. Яна хоҳлаган пайтида қайтариб олаверади. Бу нарса исталганича такрорланиши ҳам мумкин. Бунда никоҳнинг муқаддаслиги, ҳурмати мутлақо қолмайди.

Иккинчи йўл, аввал айтиб ўтилганидек, талоққа рухсат бермаслик. Бу ҳукм аввал ҳам бўлган, ҳозир ҳам бор. Баъзи масийҳий динига мансуб мазҳаблар шунга амал қиладилар. Аслида бу ҳукм яхши ният билан жорий қилинган бўлиши мумкин. Лекин бу инсон табиатини ҳисобга олмаган ҳукмдир. Инсон, нима бўлганда ҳам, инсон. Турмушда нималар бўлмайди, дейсиз. Турли сабабларга кўра, эр-хотин бир-бирига ёқмай қолиши, оилавий турмушни давом эттириш мутлақо мумкин бўлмай қолиши мумкин.

Бу турмуш тажрибаларида гувоҳи бўлиб турилган нарса. Натижада талоқни ман қилган жамиятларда кўплаб муаммолар чиқиб ётибди. Бир вақтлар никоҳдан ўтиб, эр-хотин бўлган кишилар аллақачон эр-хотинликни йиғиштирган бўлсалар-да, расмий ҳужжатларда эр-хотин ҳисобланадилар. Қайтадан оила қуришга расман рухсат йўқлиги учун иккиси ҳам зино ёки ўйнаш тутиш йўли билан жинсий ҳаёт кечирадилар. Демак, бу ҳукм ҳам тўғри эмас.

Учинчи йўл исломий йўлдир. Аллоҳнинг охирги ва мукаммал дини – Исломда бу масалада ўртача йўл тутилган ва талоққа рухсат берилган. Аммо бу нарса маълум шарт-шароит ва чегара доирасида бўлиши йўлга қўйилган. Аввало, талоқ ноилож қолганда қўлланилади. У Аллоҳ учун энг ёмон кўрилган ҳалолдир. Бу нарсалар аввало, яхшилаб тушунтирилган. Қолаверса, талоқнинг сони уч талоқ билан чегаралаб қўйилган. Уч талоқдан кейин хотин бошқа эрга тегиши лозим бўлиб қолади.

Шу ерга келганда, «Талоқ қилиш ҳаққи кимда бўлгани маъқул?» деган масала ҳам кўндаланг бўлади. Баъзилар «Талоқ қилиш ҳукми қозилик ёки суд маҳкамасининг ҳаққи бўлиши керак», дейишади. Аммо тузукроқ ўйлаб кўриладиган бўлса, никоҳни бузишдек нозик иш қозилик маҳкамасига хос иш эмас. Чунки эр-хотин орасидаги муносабатларнинг ҳаммаси ҳам бегона кишиларни орага солиб, талашиб-тортишадиган нарса бўлмайди. Бундай ҳолатда ким беҳаёроқ, ким маҳмадонароқ бўлса, ўша ютиб чиқаверади. Буни ҳаётий тажрибалар ҳам такрор-такрор кўрсатиб турибди.

Шунингдек, «Талоқ хотин кишининг ҳаққи бўлиши керак» деган фикр ҳам нотўғри. Аввало, хотин киши табиатан аччиғи тез, эҳтироси туфайли шошиб ҳукм чиқарувчи бўлади. Бунинг устига, у оила қуриш учун уринишда умуман ҳеч қандай қийинчилик кўрмаган ва сарф-харажат қилмаган бўлади. Никоҳнинг бузилишидан у унчалик моддий зарар тортмай, яна янгидан маҳр ва совға олиши мумкин. Гапни қисқа қилсак, агар хотин кишига талоқ қилиш ҳаққи берилса, оилалар бузилиши кўпайиб кетиши тайин.

Ислом эса талоқ ҳаққини эркак кишига берган. Чунки эркак киши оилада раҳбар ҳисобланади. Оиланинг обрўси унинг обрўси билан чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун оилани бузишдан олдин эркак киши кўп ўйлайди. Болалар ҳам отанинг номида бўладилар, бу масала ҳам эркакни иложи борича оилани сақлаб қолишга ундайди. Оила қуриш учун барча ҳаракатларни ва сарф-харажатларни ҳам эркак қилади. Хотинга маҳр беради, уй-жой ҳозирлайди, тўй қилади ва ҳоказо. Агар у хотин қўйиб, яна янгидан уйланадиган бўлса, бу савдолар ҳам янгидан бошланади.

Энг муҳими, мусулмон эр иложи борича талоқ қилмаслик руҳида тарбия топган бўлади. Умуман, Ислом жамиятида талоққа энг нохуш нарса сифатида қаралади. «Талоқ қилишдан Аллоҳнинг арши ларзага келади» деган тушунчага эга бўлган мусулмон эр ўзининг бу ҳуқуқини энг охирги чора сифатидагина қўллайди. Зеро, талоқ ҳадиси шарифда таъкидланганидек, Аллоҳ энг ёмон кўрган ҳалол нарса ҳисобланади.

Мусулмон шахснинг амалий ҳаётига оид шаръий ҳукмларни баён қилувчи фиқҳ китобларида талоқ ҳақида батафсил сўз юритилиши инсоннинг бахт-саодати учун қўшилган ҳиссадир, десак, муболаға қилмаган бўламиз.

– Хулуъ.

«Хулуъ» сўзи луғатда кўпроқ «кийимни ечиш» маъносида ишлатилади. Чунки эр-хотин Қуръон таъбирига кўра, бир-бирига кийим ўрнида бўлади.

Шариат истилоҳида «Хулуъ – хотин кишининг арз қилиб, бир нарса бериб, эри билан ажрашишидир».

Эр-хотиннинг бирга яшашга иложлари қолмаса, агар бирга турсалар, гуноҳ иш содир бўлиши муқаррар бўлиб қолса, хотиннинг эрдан кўнгли тўлмаса, ажрашишни истаб, эрига фидя (тўлов) бериб, уни рози қилиб, ажрашиб кетса бўлади.

– Жинсий ожизлик.

«Жинсий ожизлик» араб тилида «анийн» дейилади ва бу сўз аёлни истамайдиган эркакка ва эркакни истамайдиган аёлга нисбатан қўлланади.

Шаръий истилоҳда эса жинсий олати бўлса ҳам, аёлларга яқинлик қила олмайдиган ёки жувонга яқинлик қилиб, бикрга яқинлик қила олмайдиган, баъзи аёлга яқинлик қилиб, бошқасига қила олмайдиган эркак «анийн» дейилади.

Бу ожизлик унинг яратилишидаги заифлик, ёши қари бўлганлиги ёки сеҳрланган бўлиши оқибатида вужудга келади. Ана шундай одам уйланганидан кейин айби зоҳир бўлганда қандай ҳукмлар жорий бўлишини қуйида келадиган матнлар орқали ўрганамиз.

Эр яқинлик қила олмаганига иқрор бўлса, қози унга бир қамарий йил муҳлат беради. Рамазон ва аёлнинг ҳайз кунлари ҳам ҳисобланади. Икковидан бирининг беморлик муддати бунга кирмайди. Агар ўша йил давомида эр аёлга етиша олмаса, аёл талаб қилса, қози ораларини ажратиб қўяди. Шунда бир боин талоқ тушади.

– Идда.

«Идда» сўзи луғатда «санаш», «ҳисоблаш» деган маъноларни билдиради. Шариат истилоҳида эса «Идда – аёл киши эрининг вафотидан ёки у билан ажрашганидан сўнг сақлаши лозим бўлган муддатдир».

Бу ҳукмнинг шариатга киритилиши бир неча ҳикматларга эгадир:

Биринчиси – идда орқали эридан ажраган аёлнинг ҳомиладорми, йўқми экани аниқланади. Шу билан насл-насаб аралаш-қуралаш бўлиб кетишининг олди олинади.

Иккинчиси – идда орқали ўлган эрнинг ҳурмати бажо келтирилади.

Учинчиси – эр билан бирга ўтказилган оилавий ҳаётнинг ҳурмати юзасидан ҳам дарров бошқа эрга тегиб кетмай, идда ўтирилади. Яна бошқа ҳикматлари ҳам бор.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

 (мукаммал саодат йўли китобидан)